QOshinlar va ular joylashgan (harakat olib boradigan) hududlarning sanitariyaepidemiologik holatini baholash mezonlari
Скачать 26.9 Kb.
|
QO‘SHINLAR VA ULAR JOYLASHGAN (HARAKAT OLIB BORADIGAN) HUDUDLARNING SANITARIYA-EPIDEMIOLOGIK HOLATINI BAHOLASH MEZONLARI Қўшинлар ва улар жойлашган (ҳаракат олиб борадиган) ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини баҳолаш мезонлари Ҳарбий эпидемиологияда қўшинлар ва улар хизмат олиб бораётган ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини баҳолашнинг қуйидаги мезонлари қабул қилинган: муваффақиятли, беқарор, нохуш ва фавқулотда ҳолатлар. Қисмнинг санитария-эпидемиологик ҳолати қуйидаги ҳолларда муваффақиятли ҳисобланади: Шахсий таркиб орасида юқумли касалликлар келиб чиқмаса, баъзи спорадик касалликлар бундан мустасно; Қўшин ичига юқумли касалликларни олиб киришнинг имконияти йўқлиги; Шахсий таркиб орасида юқумли касалликлар ўчоғини юзага келтириш ва тарқатиш учун шароит йўқлиги (қисм санитария ҳолатининг қониқарлилиги, қўшинларни эпидемиядан ҳимоя қилишнинг барча комплекс чора-тадбирларнинг сифатли ўтказилиши); Душман томонидан бактериологик қурол қўлланилганлиги ҳақида маълумотлар йўқлиги. Қўшинларнинг жойлашган (ҳаракат олиб бораётган) ҳудуди қуйидаги ҳолларда муваффақиятли ҳисобланади: Аҳоли орасида учраб турган эпизодик (экзоотик) касалликлар қўшин учун ҳавф туғдирмайди; Душман томонидан бактериологик қурол қўлланилганлиги ҳақида маълумотнинг йўқлиги; Юқумли касалликларнинг кенг тарқалиши учун шароитнинг йўқлиги (ҳудуд санитар ҳолатининг қониқарлилиги, сув таъминоти объектларининг қониқарли аҳволда эканлиги, коммунал қулайликлар). Қисмнинг санитария-эпидемиологик ҳолати қуйидаги ҳолларда беқарор ҳисобланади: Шахсий таркиб орасида алоҳида илгари қайд этилмаган юқумли касалликлар пайдо бўлади, касалликнинг спорадик даражалари бироз кўтарилиши кузатилади, алоҳида, лекин тарқалиб кетмайдиган гуруҳли касалликлар юзага келиши инфекциянинг олиб кирилганлиги ёки ички эпидемик ўчоқлар пайдо бўлаётганлигидан далолат беради; Баъзи юқумли касалликлар юзага келганда ёки ташқаридан олиб кирилганда (қисм санитария-эпидемиологик жиҳатдан ноқулай ҳудудда жойлашган бўлса) уларнинг тарқалиши учун шароит туғилади (қисмда санитария ҳолатининг қониқарсизлиги ва эпидемияга қарши ҳимояланиш ишларининг паст сифатда ўтказилганлиги), гарчи баҳолаш чоғида шахсий таркиб орасида юқумли касалликлар учрамаган бўлса ҳам. Ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолати қуйидаги ҳолларда беқарор ҳисобланади: Аҳоли орасида эпидемиялар ривожланишисиз кечувчи юқумли касалликлар ўчоқлари мавжуд бўлади. Қўшин учун хавф туғдирувчи зооноз инфекцияларнинг эпизодик (экзоотик) ўчоқлари мавжудлиги; Ҳудуд йирик эпидемик ўчоқлар мавжуд бўлган ерга ёки бактериологик қурол ўчоқларига жуда яқин жойга жойлашган; Эпидемия ўчоқларининг юзага келиши ва юқумли касалликларнинг тарқалиши учун (санитар ҳолатининг яхшимаслиги, сув таъминотининг қониқарсизлиги, эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирларнинг паст сифатда ўтказилиши) шароитлар мавжуд. Қисм (қўшилма) ёки улар ҳаракат олиб бораётган ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолати беқарор бўлган вазиятларда врач (тиббий хизмат бошлиғи) қисм бошлиғи (командир)га эпидемик вазият ҳақида ахборот беради ҳамда шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда керакли чора-тадбирларни белгилайди. Бу чора-тадбирлар эпидемик ўчоқлар пайдо бўлишига, юқумли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлувчи омилларни йўқотишга, шунингдек, инфекциянинг қисм (қўшилма) ичига олиб кирилиши ёки аксинча ташқарисига чиқиб кетишига қарши қаратилган бўлиши лозим. Қисмнинг (қўшилма) ёки улар ҳаракат олиб бораётган ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолати нохуш ҳисобланади: Кейинчалик кенгроқ тарқалиши мумкин бўлган тенденцияга эга бўлган гуруҳли юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши; Ўта хавфли юқумли касалликлардан бирортасининг пайдо бўлиши (ўлат, вабо, чечак); Душман томонидан бактериологик қурол қўлланилганда. Қисмнинг (қўшилма) санитария-эпидемиологик ҳолати фавқулотда ҳисобланади: Эпидемиялар шу даражада тус оладики, қўшинни (қўшилмани) жангавор мақсадларда ишлатиш мумкин бўлмай қолади; Ўлат, чечак ва вабо каби касалликларнинг қайтадан учраш ҳолатлари; Душман томонидан бактериологик қурол кўлланилган ҳолатларда ўта хавфли юқумли касалликлар қўзғатувчилари аниқланса. Қисмнинг (қўшилма) санитар-эпидемиологик ҳолати фавқулотда ҳолатдалиги армия (фронт) қўмондони томонидан эълон қилинади. Қисм (қўшилма) одатда карантин ҳолатига киритилади. Қўшинларни эпидемияга қарши ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг сифати ва эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш Эпидемик вазиятни қўшинларнинг хизмат, жангавор тайёргарлик ва жангавор фаолияти каби турли ҳолатларида баҳолаш, эпидемияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини ретроспектив баҳолашни, шунингдек, қўшинларни эпидемияга қарши ҳимоя қилиш чора-тадбирлари борасидаги ишларнинг сифатини ҳам назарда тутади. Қўшинларни эпидемияга қарши ҳимоялашнинг сифати худди аҳолини эпидемияга қарши ҳимоялашдаги каби ҳарбий тиббиёт амалиётидаги чора-тадбирларнинг қанчалик тўғри танланганлиги ва сифатли ўтказилганлигига боғлиқ. Эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш учун 2 та услубий ёндошиш қўлланилади: Шахсий таркиб орасидаги юқумли касалликлар даражаси ва структурасини битта ва фақат ўша қисмлардаги динамикасини таҳлил қилиш, ўтказиладиган чора-тадбирлар тўплами ва сифатини таққослаш орқали; Турли қисмлар, қўшилмалар ёки шахсий таркиб гуруҳлари орасидаги юқумли касалликлар даражаси ва структурасини таҳлил қилиш, ўтказилган чора-тадбирлар тўплами ва сифатини таҳлил қилиш орқали. У ёки бу текширишларнинг охирги натижаларини интерпретация қилишда эҳтиёткорроқ бўлмоқлик лозим. Самарадорлиги турлича бўлган бир қанча чора-тадбирлар сифатли ўтказилган бўлсада, юқори самарали бўлган чора-тадбирларни ҳисобини тўғри олмаслик ёлғон тасаввурларга олиб келиши мумкин. Юқумли касалликларнинг камайиши нафақат онгли равишда ёндошиб қилинган чора-тадбирларнинг, балки, хизмат шароити, жангавор тайёргарлиги ёки жангавор фаолиятлар шароитининг ўзгариши натижасида ҳам шахсий таркиб орасида юқумли касалликларнинг юқиш ҳавфи камайишига олиб келиш мумкин. Қўшинни эпидемияга қарши ҳимоя қилиш сифати эпидемияга қарши тизимнинг 3 та ўзаро бир-бири билан боғлиқ элементларида олиб борилган ишлар сифатига боғлиқ: Эпидемиолого-диагностик; Ташкилий-бошқарув; Ижрочилик тизимларида. БАКТЕРИОЛОГИК РАЗВЕДКА Бактериологик разведка дейилганда, ҳарбий қисм қўмондонлиги ва хизматлари, ҳамда қўшин разведка ўтказиш бўлинмалари, кимёвий хизмат бўлинмалари, тиббий ва вертикал хизматларни жалб қилган ҳолда душман томонидан бактериологик воситаларни қўллаш эҳтимоли борлиги тўғрисидаги барча маълумотларни ўз вақтида тўплаш; бактериологик воситаларни қўллаш усулларини аниқлаш; ҳаво, тупроқ, сув, озиқ-овқатлар, пичанларни бактериал воситалар билан зарарланганлигини ўз вақтида аниқлаш ва қўлланилган бактериологик воситанинг турини аниқлаш учун ўтказиладиган комплекс чора-тадбирлар тушунилади. Бундай разведкани қисмларда тиббий хизмат бўлими бошқаради. Бактериологик разведканинг вазифаларини шартли равишда 3 гуруҳга бўлиш мумкин: Душман томонидан бактериологик қурол қўлланилиши хавфи туғилганда разведка хизмати томонидан олинган маълумотларни йиғиш ва умумлаштириш; Бактериологик қурол индикацияси; Қўлланилган бактериологик қурол масштабларини аниқлаш. Разведка маълумотларини йиғиш ва умумлаштириш Маълумотларни йиғиш тиббий бўлмаган хизматчилар томонидан ҳам амалга оширилади. Кўпгина йиғилган маълумотларни баҳолаш учун тиббий ходим талаб этилади. Бу эса, хусусан душман қисмларида эпидемик жараён табиий йўл билан кечиши ҳисобига баъзи бир юқумли касалликларнинг тарқалиши хавфини эътиборга олиб, ўз қисмлари ўртасида оммавий эмлаш ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни баҳолашда бактериологик қуролдан ҳимояланиш заҳираларини яратишда ва бошқаларда аҳамиятлидир. ИНДИКАЦИЯ. Бактериологик қурол индикацияси деганда душман томонидан бактериологик қурол қўлланилганлиги фактини ва бунда ишлатилган бактериал восита турини аниқлашга қаратилган барча чора-тадбирлар мажмуаси тушунилади. Душман томонидан бактериологик қурол қўлланилганлиги фактини аниқлаш махсус бўлмаган индикация дейилади ва бунда қўлланилган қўзғатувчини аниқлашни махсус индикация дейилади. Шунга кўра, махсус бўлмаган индикация бактериологик қурол қўлланилган пайтда ўтказилади, махсус индикация эса бактериологик қурол ишлатилганда уни асоратларини йўқотишда қўлланилади. Индикацияни ўтказиш учун асосан кимёвий ва тиббий хизмат куч ва воситалари ишлатилади. Махсус бўлмаган индикациянинг вазифаларини радиацион-кимёвий разведка бўлимлари ва барча ҳарбий хизматнинг кузатув постлари олиб бориши керак. Бактериологик қурол қўлланилганда шубҳа туғдирувчи ҳолатларга қуйидагилар киради: снарядларни портлатиш натижасида ва душман самолётлари кетидан аэрозоль ҳосил бўлиши, ерда суюқлик томчилари, кукунсимон моддалар ёки бўғимоёқлиларни, кемирувчиларни ғайри-табиий тўпланиши ва бошқалар. |