мозговой штурм. АҚЛИЙ ҲУЖУМ МАҚОЛА. Алий ужум усулини дарсдан ташари машулотларда ллаш имкониятлари (тиббий кимё фани мисолида)
Скачать 30.51 Kb.
|
АҚЛИЙ ҲУЖУМ УСУЛИНИ ДАРСДАН ТАШҚАРИ МАШҒУЛОТЛАРДА ҚЎЛЛАШ ИМКОНИЯТЛАРИ (ТИББИЙ КИМЁ ФАНИ МИСОЛИДА) Сафарова Нафиса Сулаймоновна, Джумаева Махфуза Каюмовна Бухоро давлат тиббиёт институти Тиббий кимё кафедраси ассистентлари Аннотация: Мазкур мақолада “Ақлий ҳужум” техникаси ҳақида умумий маълумот, унинг қўлланилиш соҳалари, дарс турлари ва босқичларига кўра қўлланилиш самарадорлиги, ютуқлари ва камчиликлари ҳақида сўз юритилади Калит сўзлар: “Ақлий ҳужум” усули, “ғоялар генерацияси” техникаси, “365” техникаси, “Ақлий ҳужум” усулини дарс турлари ва босқичлари кесимида қўллаш. ВОЗМОЖНОСТИ ПРИМЕНЕНИЯ МЕТОДА МОЗГОВОГО ШТУРМА В ВНЕАУДИТОРНЫХ ЗАНЯТИЯХ (НА ПРИМЕРЕ МЕДИЦИНСКОЙ ХИМИИ) Сафарова Нафиса Сулаймоновна, Джумаева Махфуза Каюмовна ассистенты кафедры Медицинская химия, Бухарского государственного медицинского института Аннотация:В данной статье представлен обзор метода «Мозговой штурм», его эффективности, преимуществ и недостатков с точки зрения областей применения, видов и этапов занятий. Ключевые слова: метод «Мозговой штурм», техника «генерации идей», техника «365», метод «Мозговой штурм» на разных видах и этапах занятий. POSSIBILITIES OF APPLYING THE BRAINSTORMING METHOD IN EXTRACURRICULAR CLASSES (BY THE EXAMPLE OF MEDICAL CHEMISTRY) Safarova Nafisa Sulaymonovna, Djumayeva Makhfuza Kayumovna assistants of department Medical chemistry of the Bukhara State Medical Institute Abstract: This article provides an overview of the Brainstorming method, its effectiveness, advantages and disadvantages in terms of areas of application, types and stages of lessons. Key words: Brainstorming method, "generating ideas" technique, "365" technique, Brainstorming method in different types and stages of classes. Мақсад: Ақлий ҳужум техникасини дарс турлари кесимида қўллаш имкониятларини ўрганиш ва уни дарсдан ташқари машғулотларда самарали қўллаш йўлларини тадқиқ қилиш. Тиббиёт олийгоҳларида клиниккача бўлган фанлари сирасига кирадиган Тиббий кимё фани ҳажми ва таркиби кимё мутахасислари тайёрлайдиган олийгоҳларда ўрганиладиган кимё фанлари ҳажми ва таркибидан тубдан фарқ қилади. Тўғри фан умумий моҳияти ва принциплари ўзгармайди, лекин тиббиёт олийгоҳи талабасига келажакдаги профессионал фаолиятида зарур бўладиган кўникмаларни бера оладиган кимё фани керак. Шунинг учун бир йилда ўқиб ўзлаштиришга мўлжалланган Тиббий кимё фанида талабалар қисқа вақт ичида жуда катта материални ўрганиши керак бўлади. Шунинг учун бу фанни янада чуқурроқ ўрганиш ва тушуниш учун нафақат дарс, балки дарсдан ташқари машғулот ва тадбирларнинг имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Синфдан ташқари машғулотлар ўқув жараёнининг ажралмас қисми ва талабаларнинг бўш вақтларини ташкил этиш шаклларидан биридир. Синфдан ташқари машғулотлар - талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида дарсдан ташқари соатларда ташкил этиладиган жараёндир. Замонавий таълимнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири тарбия бўлиб, у инсон, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб амалга оширилади.[1] Синфдан ташқари машғулотларнинг тўғри ташкил этилган тизимини ташкил қилиш учун ўқитувчи эркин шахсни тарбиялаши, ҳар бир талабанинг когнитив эҳтиёжлари ва қобилиятларини муваффақиятли ривожланиши самарали шароит яратишга интилиши зарур. Кимё тўгараклари, викториналар, конференциялар, заковат беллашувлари каби дарсдан ташқари амалга ошириладиган ишлар бу борада жуда катта самара беради. Синфдан ташқари машғулотлар нафақат талабани бўш вақтини қизиқарли ўтказишига хизмат қилиши, балки унда ижодий ва интелектуал қобилиятларни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак. “Ақлий ҳужум” технологияси эса бу талабларнинг барчасига тўлиқ жавоб бера олади. Бу усул ва атама америкалик олим ва тадбиркор, машҳур реклама агентлиги директори А.Ф.Осборн томонидан таклиф қилинган. У бу усулдан 1930 йиллардаёқ фойдалана бошлаган ва 1953 йилда “Бошқариладиган тасаввур: ижодий фикрлаш тамойиллари ва тартиблари” китобида унинг самарадорилиги ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган. Лекин мазкур усул педагогик усул сифатида фақатгина 1960 йилларга келибгина қўлланила бошлаган ва ривожлантирилган. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари мавжуд. Педагог талабага янги билимларни берар экан, уларни талаба онгида мустаҳкамлашни, унга асосан кўникма ва компетенцияларини ривожлантиришни асосий мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун талабанинг эркин фикрлашига қаршилик қиладиган психологик, ижтимоий ва педагогик тўсиқларни олиб ташлаш керак бўлади. Чунки бошқарувдаги қаттиққўллик, хато ва танқиддан қўрқиш, муаммога нисбатан ўта жиддий ёндашув, тенгдошлари босимидан ҳадиксираш каби тўсиқлар эркин ва креатив фикрлаш кушандаларидир. Мана шуларга қарши курашиш йўлида “ақлий ҳужум” усули педагогикага ҳам кириб кела бошлади. Кириб келганда ҳам шундай ўрнашдики, дарс жараёнининг турли босқичларида, турли шаклларида муваффақиятли қўлланила бошланди. Афсуски, бизнинг юртимизда бу усул анча кеч қўлланила бошланди, баъзан шундай ҳолатлар кузатилдики усулнинг асл моҳияти бир четда қолиб, шу номдаги лекин моҳияти бутунлай бошқа бўлган усуллар қўлланила бошланди. Юртимизда сўнгги йилларда олий таълимда ҳам таълимни ислоҳ қилиш инновацион методларни кўплаб жорий этишга олиб келди. Чунки олий ўқув юртларида қўлланиладиган таълим воситалари ва технологиялари юқори даражада назарий билимларга эга, танқидий фикрлай оладиган, мустақил ўқиб ўргана оладиган битирувчиларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ақлий ҳужум усули олий ўқув юртларида қўлланиладиган юқори самарадорликка эга таълим усулларидан биридир. Сўнгги йилларда ақлий ҳужум усулини олий ўқув юртларида қўлланилиши тўғрисида қатор изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Э.А. Измаилова, Ю.А. Кузнецоваларнинг фикрича [2] ақлий ҳужум усули таълим тизимида жуда катта аҳамиятга эга, чунки у муаммоларнинг нафақат оптимал ечимини биргалашиб топишда ёрдам беради, балки талабаларнинг ижодий қобилиятларини ҳам ривожлантиради. Бу усул самарали тинглаш ҳамда гапириш кўникмаларини ривожлантиради ва кенг доирадаги муаммоларни, инсон фаолияти соҳасидаги ҳар қандай муаммоларини кўриб чиқиш имконини беради [3]. Ю.А. Филонова ақлий ҳужумни бадиий асарни ўрганишнинг самарали усули деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича бу усул талабаларнинг ўз фикрини ҳимоя қилиш, ўз нуқтаи назарини илгари суриш ва асослаш каби бир қатор кўникмаларни ривожлантиради [4]. Е.Н. Дронова талабаларнинг ўқиш қобилиятининг ривожланишига ҳисса қўшадиган энг самарали ўқитиш усулларидан бири бу ақлий ҳужум усулидир деб ҳисоблайди [5]. Яна бир гуруҳ тадқиқотчилар тиббиёт олийгоҳи ўқитувчисга энг самарали айни бир таълим методини танлаш анча мураккаб деб ҳисоблайди. Чунки тиббиёт олийгоҳининг ўзига хос тизими, жуда катта ўқув материалини қисқа вақтда ўзлаштириш лозимлиги буни қийинлаштиради. Шунинг учун бир неча усулни комплекс ҳолда, масалан ақлий ҳужум усулини кейс усули билан қўлласа, таълим самарадорлиги анча ошади деган ҳулосага келишган [6]. “Ақлий ҳужум” методи юртимиз олий ўқув юртларида энг кам ўрганилган усуллардан биридир. Бу методнинг кам ишлатилиши ва кам ўрганилганлиги билан бир вақтда уни нотўғри қўллаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Масалан, уни “талабаларни тезкор саволлар оқимига кўмиб ташлаб, уларга жавоб олиш” ёки “оғзаки назорат” усуллари сифатида қўллаш ҳолатлари бўлган. “Ақлий ҳужум” усули янги ғоялар генерацияси усулидир. “Ақлий ҳужум” технологияси ўзининг соддалиги, фойдаланишга қулайлиги билан бошқа усуллардан фарқ қилади. Талабаларнинг ностандарт фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Шифокорларнинг “Консилиум1” жараёнини эслатадиган бу технология қисқа вақт ичида тез ва тўғри қарорга келишни ўргатади. Ақлий ҳужум технологияси жуда катта тарбиявий таъсир ҳам эга. Маълумки, ақлий ҳужум усулининг бир неча техникаси мавжуд: “Ғоялар оқими” техникаси, “635” техникаси, “Тескари ақлий ҳужум”, “Сояли ақлий ҳужум” ва ҳ.к. Бу техникаларнинг умумий маъноси ўзаро уйғун бўлса-да, ҳар бирининг алоҳида самарадорлиги ва ўзига хослиги мавжуд. Биргина мисол: “Ғоялар оқими техникаси” ва “Сояли ақлий ҳужум” техникаларини ўзаро солиштирадиган бўлсак, 1 - усулда ғояларини таклиф эта оладиган талабалар орасида уни айтишга, танқид остида қолишга қўрқадиган талабалар қолиб кетаверади. 2 - усулда эса синчков педагог бундай талабаларни “соялар” гуруҳига бириктиради ва фикрларини ёзма равишда беришга жалб қилади. Қарабсизки, янада кўп янги ғоялар таклиф этилаверади. Ўтказиш шаклига кўра эса оффлайн (аудиторияда) ва онлайн (ижтимоий тармоқлар, Zoom программаси) орқали олиб борилиши мумкин. Лекин жуда кўп адабиётлар таҳлили жараёнида олий ўқув юртларининг кимё дарсларида ақлий ҳужум технологиясининг қўлланилиши, апробациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар деярли йўқ. Фақатгина дарсларда интерактив усулларнинг қўлланилиши ҳақидаги мақолаларда қисман эслатиб ўтилган холос [5]. Бунга кимё фанининг ўзига хос структурасини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Чунки кимё фанида ўрганиладиган билимлар асосан табиатнинг ўзгармас қонунлари доирасидадир. Ақлий ҳужум технологияси эса янги ғоялар туғилишига олиб келадиган усулдир. Педагогларнинг олдида бу усулни кимё дарсларида қўллаш технологияларини ишлаб чиқишдек масъулиятли вазифа ётади. Бунинг учун педагоглар жамоаси биргаликда ишлаб, унинг концепциясини ишлаб чиқса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Юқорида кўриб ўтилган муаммо ва тўсиқлар ақлий ҳужум техникасининг дарсларда қўлланилишини асло чеклаши керак эмас. Чунки бу усулнинг талабалар онгида янги ғояларни шакллантиришидан ташқари жуда кўп аҳамиятли томонлари мавжудки, биз қуйида уларни батафсил кўриб ўтамиз. “Ақлий ҳужум” – бу янги ғояларни излаш ва ижодкорликни рағбатлантиришга асосланган муаммо ёки вазифани ҳал қилиш усули. Ақлий ҳужум пайтида талабалар кўп сонли ғояларни ўртага ташлайди, сўнг айтилган фикрларнинг энг истиқболли, муваффақиятли ва амалий аҳамиятга эга бўлганлари танлаб олинади [2; 4; 5]. Ақлий ҳужум усули ўзининг ривожланиш босқичларида бир неча янги техникаларга эга бўлди. Бу асосан ўрганилаётган муаммо тури (назарий, илмий, бизнес, иқтисодий ва ҳ.к.), аудитория таркиби (боғча, мактаб, олий ўқув юрти ва аралаш ёшдаги), машғулот жараёнида бир ўзини ёки бошқа усуллар билан комплекс тарзда қўлланилиши, дарс турлари (маъруза, семинар, дарсдан ташқари машғулотлар), дарс босқичлари (кириш қисми, асосий қисм, мустаҳкамлаш қисми) кабиларларнинг турличалиги асосида содир бўлди. Бу техникалар ғоялар генерацияси, “635” техникаси, тескари ақлий ҳужум, юлдузлар туркуми кабилардир. Ўтказилиш техникаси, вақти ва аудиториясидан қатъи назар “Ақлий ҳужум” усулининг ўтказилиш босқичлари умумийдир: 1.Ақлий ҳужумга тайёргарлик босқичи. Бу босқичда мавзу эълон қилинади. Ақлий ҳужумнинг олиб бориш шарт-шароитлари тушунтирилади. Талабаларнинг фикрларини йиғиб олиш, ўзаро тўсиқларни йўқотиш учун саволлар берилади, турли ўйинлар ўтказилади. 2.Талабаларни гуруҳларга ажратиш босқичи. Бунда ақлий ҳужумнинг танланган техникаси асосида талабалар гуруҳларга ажратилади. Масалан, “635” техникасида 6 тадан ажратилади, ғоялар генерацияси усулида “ғояларни таклиф қилувчилар”, “таҳлилчилар”, “экспертлар” гуруҳларига бўлинади ва ҳ.к. 3.Асосий босқич. Бу босқич 3 асосий бўлимдан иборат: 3.1.Ғоялар банкини ҳосил қилиш. Ўтказиш вақти 10-15 минут. Бунда барча ўз фикри, ғоясини қанчалик ишонарсиз ёки фантастик бўлса-да қўрқмай баён қилади. Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Танқид ёки изоҳга йўл қўйилмайди. Фақатгина ўқитувчи томонидан вазиятга қараб мавзудан четлашишлар бўлса тузатилади, ёки ғояларни баён этишда сусткашликлар кузатилса, уларни руҳлантиради. Чунки ҳар бир талаба ғоялар банкига ўз ҳиссасини қўша олишига ишониши керак. 3.2.Ғоялар таҳлили. Бу дарснинг асосий қисмини эгаллайди. Ғоялар жамоавий мунозарада таҳлил ва танқид қилинади. Ҳар бир ғоянинг мусбат томонларини излаш, унга тузатиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. 3.3.Ғояларни қайта ишлаш. Бу босқичда энг қизиқарли ва амалий аҳамиятга эга бўлган ғоялар танлаб олинади. Ғоя муаллифлари баҳоланади ва рағбатлантирилади.Шуни айтиб ўтиш керакки, тиббий кимё курсида мазкур усулни қўллашда курснинг ўзига хосликларини ҳам эътиборга олиш лозим: Ушбу усулни тиббий кимё курсининг шундай мавзуларида қўллаш керакки, унда ҳали ечимини кутаётган масалалар мавжуд бўлсин (янги ғояларни таклиф қилиш учун). Тиббий кимё курси 1-курс талабаларига ўтилишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг олийгоҳда адаптация даври эканлигини эътиборга олиш. Муаммо ва вазиятларни танлашда олдинни кўра билиш ва уларнинг муҳокамаси вақтида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни бартараф этиш учун психологик тайёргарлик кўриш. Бунинг учун ўқитувчилар жамоаси биргаликда ҳаракат қилишлари керак бўлади. Ақлий ҳужум усулининг қатор афзалликлари мавжуд. У қуйидаги кўрсаткичларнинг ривожланишига олиб келади: Ижодий ва таҳлилий фикрлаш; Ўзаро муносабат ўрнатиш маҳорати. Талабалар нафақат ўз фикрларини аниқ ва равон баён қилишига, балки гуруҳдошлари фикрини (уни бўлмай) тинглаш ва маъносини мушоҳада қилиши. Тасаввур ва фантазия. Ижобий, адекват танқид қилиш кўникмалари – ўз фикрини билдириш ва ўзгаларни тинглай олиш ва фикрини қабул қилиш. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, талабалар жамоасининг олдиндан тайёргарлик кўриши шарт эмас. Усулнинг камчиликларига: уни жуда мураккаб мунозараларда қўллашнинг имкони йўқ. Шунингдек, жараённи бошқаришда педагогдан жуда катта ҳушёрлик талаб этилади, чунки кўпинча мавзу ва муаммо бир четда қолиб йўналиш бутунлай бошқа томонга қараб кетиши мумкин. Баъзан энг яхши ғояларни танлаб олишда мураккабликлар туғилиб қолиши мумкин. Агар гуруҳда 1-2 та фаол талаба бўлса, бошқа пассив талабалар устунлигини кўз-кўз қилиши мумкин. Ақлий ҳужум усулини дарс турларига кўра қўллаш Ақлий ҳужум усулини дарс босқичларига кўра қўллаш Хулоса: “Ақлий ҳужум” интерактив таълим усули сифатида жуда кўп соҳаларда (чет тили, информатика, биология, тарих, адабиёт фанлари) қўлланилиб, самарадорлиги ўз исботини топган. Уни тиббий кимё курси талабалари фаолиятида етказишда ҳам қўллаш, амалиётга киргизиш муҳим аҳамиятга эга. Адабиётлар: 1. Niyazov L.N., Nikolayev Y.L., Safarova N.S. “Oliy tibbiyot ta’limida kimyo fanlarini o‘qitishda keys usulini qo‘llash masalalari” (monografiya). “Durdona” nashriyoti. Buxoro - 2020 2. Измаилова Эльвира Асиятовна, Кузнецова Юлия Александровна Метод мозгового штурма // Модели, системы, сети в экономике, технике, природе и обществе. 2013. №2 (6). 3. Панфилова, А. П. Мозговые штурмы в коллективном принятии решений : учеб. пособие / А. П. Панфилова .— 3-е изд., стер. — Москва : ФЛИНТА, 2012 .— 318 с. — (Экономика и управление) .— ISBN 978-5-9765-0174-4. 4. Филонова Юлия Александровна «Мозговой штурм» как метод изучения литературного произведения // Ярославский педагогический вестник. 2018. №6. 5.Дронова Е. Н. Мозговой штурм как эффективный интерактивный метод обучения студентов в педагогическом вузе //Вестник Алтайского государственного педагогического университета. – 2018. – №. 36. – С. 27-30. 6. Коваленко И. В., Колесниченко П. Д., Лаптева В. И. Использование методов case-study и «мозгового штурма» при обучении в высших медицинских учебных заведениях //Личность, семья и общество: вопросы педагогики и психологии. – 2014. – №. 39-1. 1 Консилиум – оғир беморлар билан бўлган мураккаб ҳолатларда шифокорларнинг ўзаро умумий келишган ҳолда бир қарорга келиши, агар қарорларнинг барчаси ёмон оқибатларга олиб келиши маълум бўлса улар ичидан энг кам риск талаб қилинадигани танлаб олинади. |