збекистон республикасининг онуни касаба уюшмалари, уларнинг уулари ва фаолиятининг кафолатлари трисида
Скачать 83.5 Kb.
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашинг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 344-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 1, 20-модда) 1-боб. Умумий қоидалар 1-модда. Касаба уюшмалари Касаба уюшмаси кўнгилли жамоат ташкилоти бўлиб, ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига қараб, ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак манфаатлар билан боғланган меҳнаткашларни бирлаштиради. 2-модда. Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи Меҳнаткашлар, шунингдек олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган шахслар1 ҳеч қандай тафовутсиз ўз хоҳишларига кўра ва олдиндан ижозат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқига, шунингдек уставларга риоя этиш шарти билан касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадирлар. Меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларида2 касаба уюшмалари тузишга ҳақлидирлар. Ишламайдиган пенсионерларнинг касаба уюшмаси аъзолигига кириш ёки ундан чиқиш тартиби касаба уюшмаларининг уставлари билан йўлга солиб борилади. Касаба уюшмалари ихтиёрийлик асосида республика ва бошқа ҳудудий ҳамда тармоқ бирлашмалари тузишлари, шунингдек уларга киришлари мумкин. Касаба уюшмаларининг уставлари "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Барча касаба уюшмалари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар. 3-модда. Касаба уюшмаларининг мустақиллиги Касаба уюшмалари ўз фаолиятида давлат бошқарув идораларидан, хўжалик идораларидан, сиёсий ва бошқа жамоат ташкилотларидан мустақилдирлар, улар олдида ҳисобдор эмаслар ва улар томонидан назорат қилинмайдилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини чеклайдиган ёки шу ҳуқуқларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган тарздаги ҳар қандай аралашув ман этилади. Касаба уюшмалари мустақил равишда ўз уставларини ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар, уюшма тузилишини белгилайдилар, раҳбар идораларини сайлайдилар, ўз фаолиятларини ташкил этадилар, йиғилишлар, конференциялар, пленумлар, қурултойлар ўтказадилар. Касаба уюшмалари ўз уставларида белгиланган мақсадларга ва вазифаларга мувофиқ равишда бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, ўз хоҳишига кўра халқаро ва бошқа касаба уюшмалари бирлашмаларига ва ташкилотларига кириш ҳуқуқига эгадирлар. 4-модда. Фуқароларни касаба уюшмаларига мансублигига қараб камситишни тақиқлаш Фуқароларнинг касаба уюшмаларига мансублиги ёки мансуб эмаслиги уларнинг қонунларда кафолат берилган меҳнат, ижтимой-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари бирон бир тарзда камситилишига сабаб бўлмайди. Меҳнаткашларни ишга қабул қилиш, хизмат поғоналарига кўтариш, шунингдек ишдан бўшатиш учун муайян касаба уюшмасига мансубликни, унга кириш ёки ундан чиқишни шарт қилиб қўйиш тақиқланади. 5-модда. Касаба уюшмалари фаолиятини тўхтатиш ёки тақиқлаш Касаба уюшмалари фаолиятини тўхтатиш унинг аъзолари қарори асосида уставда белгиланган тартибда амалга оширилади. Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлган ҳолларда бу фаолият Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан тақиқланиши мумкин. Касаба уюшмалари фаолиятини бошқа бирон бир идоранинг қарори билан тақиқлашга йўл қўйилмайди. 6-модда. Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунлар Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунлар мазкур жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий ҳолати асосларини белгилаб берадиган ушбу Қонундан, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларида, ички ишлар идораларида, миллий хавфсизлик хизматларида, ички қўшинлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларида қўлланилишининг ўзига хос хусусиятлари ана шу тузилмалар тўғрисидаги қонунларда белгилаб берилади. Қорақалпоғистон Республикасида касаба уюшмаларини тузиш, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади. П-боб. Касаба уюшмаларининг асосий ҳуқуқлари 7-модда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнатга ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнатга ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат бошқаруви, хўжалик ва кооператив идораларига тақдим этишга ҳақлидир. Давлат бошқаруви ва хўжалик идоралари меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахлдор меъёрий ҳужжатларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашини камида бир ҳафта олдин хабардор этган ҳолда қабул қиладилар. 8-модда. Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан холи этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар. Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин. Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради. Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади. 9-модда. Касаба уюшмаларининг музокаралар олиб бориш ва жамоат шартномалари, битимлари тузиш ҳуқуқлари Касаба уюшмалари маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси билан жамоа музокаралари олиб боришда ва жамоа шартномалари, битимлари тузишда устивор ҳуқуққа эгадирлар, уларнинг бажарилишини назорат қиладилар. Агар касаба уюшмалари жамоа шартномаси, битими, тузишни таклиф қилса, маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси бу ҳақда музокаралар олиб бориши шарт. 10-модда. Касаба уюшмаларининг меҳнаткашларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ҳуқуқлари Касаба уюшмаларининг меҳнат шароити ва меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлашга, меҳнаткашларнинг уй-жой шароитига, уларни ижтимоий суғуртага, уларни соғлиқни сақлаш ва маданиятга тааллуқли манфаатларини ҳимоя қилиш, пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари билан тартибга солинади. Касаба уюшмаларининг республика ва ҳудудий бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида меҳнаткашларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш тадбирларини ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини, нарх-наво индекси ўзгаришига қараб товон тўлаш миқдорини аниқлашда қатнашадилар, қонунда белгилаб қўйилган кун кечиришнинг энг паст даражасига ҳамда пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорига риоя этилишини назорат қиладилар. Касаба уюшмаларининг бирлашмалари шу масалалар юзасидан тегишли давлат ва хўжалик идоралари билан битим тузиши мумкин. 11-модда. Касаба уюшмаларининг меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиш ҳуқуқлари Касаба уюшмалари маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этишларини назорат қилиб боради, аниқланган камчиликларни бартараф этишни талаб қилишга ҳақлидир. Маъмурият меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунлар бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари тўғрисида бир ой муддат ичида касаба уюшмасига хабар қилиши шарт. Касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, даъво ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Шу мақсадда касаба уюшмалари, ҳуқуқий ёрдам хизматлари ва бошқа зарур идораларга эга бўлиши мумкин. 12-модда. Меҳнат низоларини кўриб чиқишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари Касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади. Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битими шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади. 13-модда. Касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий- иқтисодий ривожланиш масалаларига доир маълумотлар олиш ҳуқуқлари Касаба уюшмалари маъмуриятдан, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви идораларидан меҳнат ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан белгилаб қўйилган статистика ҳисоботи доирасида бепул маълумотлар олишга ҳақлидир. 14-модда. Касаба уюшмаларининг маъмурият томонидан жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилиш ҳуқуқи Маъмурият жамоа шартномаси шартларини бузувчи қарор қабул қилган тақдирда касаба уюшмалари ана шу қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисида маъмуриятга тақдимнома киритишга ҳақлидир, бу тақдимнома бир ҳафта муддатда кўриб чиқилади. Маъмурият касаба уюшмаларининг бу талабини бажаришдан бош тортган ёки юқорида айтилган муддатда ўзаро битимга келишилмаган тақдирда, келишмовчиликлар жамоа меҳнат низоларини ҳал қилиш тўғрисидаги қонунларга мувофиқ кўриб чиқилади. 15-модда. Маъмурият ва меҳнат жамоаси ўртасидаги низоларни қараб чиқиш ва ҳал этиш Меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда маъмурият билан меҳнат жамоаси ёки касаба уюшмалари ўртасида келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга доир масалалар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига тўла мувофиқ ҳолда қараб чиқилади. 16-модда. Касаба уюшмаларининг давлатлараро битимлар тузилиши ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви идоралари шакллантирилишидаги иштироки Касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда аҳолининг кўчиб юриши, иш билан таъминланиши, меҳнат, нарх-наво белгилаш ва ижтимоий таъминот масалаларига доир давлатлараро битимлар тузилишида, халқ депутатлигига номзодлар кўрсатилишда, сайлов мавсумида уларни қўллаб-қувватлашда иштирок этишлари мумкин. Ш-боб. Касаба уюшмалари ҳуқуқларининг кафолатлари 17-модда. Маъмурият, давлат ва хўжалик идоралари, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шасхларнинг касаба уюшмаларига нисбатан мажбуриятлари Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этишлари, уларнинг фаолият кўрсатишларига кўмаклашишлари шарт. Бу идоралар ва шахслар касаба уюшмалари ҳуқуқларини бузганликлари ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликлари учун қонунларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас. 18-модда. Ишлаб чиқаришдаги асосий ишидан озод қилинмаган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун бериладиган кафолатлар Қуйидагиларга интизомий жазо берилиши мумкин эмас: ишлаб чиқаришдаги ишидан озод қилинмаган ҳолда касаба уюшмалари идоралари таркибига сайланган ходимлар шу идоранинг розилиги олинмасдан туриб; корхона бўлинмаларидаги касаба уюшмалари идораларининг раҳбарлари - тегишли касаба уюшмаси идорасининг розилиги олинмасдан туриб; корхонадаги касаба уюшмаси идораларининг раҳбарлари, касаба уюшмаси ташкилотчилари - тегишли касаба уюшмаси бирлашмасининг розилиги олинмасдан туриб. Ишлаб чиқаришдаги асосий ишидан озод қилинмаган ҳолда касаба уюшмаси идоралари таркибига сайланган шахсларни маъмурият ташаббуси билан ишдан бўшатишга ишдан бўшатишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, улар аъзо бўлган касаба уюшмаси идорасининг розилиги олингандан кейингина, корхонадаги касаба уюшмаси идораларининг раислари ва аъзоларини маъмуриятнинг ташаббуси билан ишдан бўшатишга эса, юқоридагилардан ташқари, фақат тегишли касаба уюшмаси бирлашмасининг розилиги олинганидан кейингина йўл қўйилади. Касаба уюшмаси ташкилотчилари ва касаба уюшмаси гуруҳлари ташкилотчиларини маъмурият ташаббуси билан ишдан бўшатишга тегишли касаба уюшмаси бирлашмаси идорасининг розилиги олинган тақдирдагина йўл қўйилади. Касаба уюшмалари сайлаб қўйиладиган идораларининг ишлаб чиқаришда ўзининг асосий ишидан озод қилинмаган аъзоларига жамоат шартномаси, битимида белгилаб қўйиладиган шартларга мувофиқ, жамоа манфаатлари йўлида жамоатчилик вазифаларини бажаришлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан бўш вақт берилади, шунингдек қисқа муддатли касаба уюшмаси ўқувига қатнаган вақтларида уларнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Касаба уюшмаларининг сайлаб қўйиладиган идоралари аъзолари делегат сифатида касаба уюшмалари томонидан чақириладиган қурултойларда, конференцияларда, шунингдек, касаба уюшмаларининг пленумлари ва раёсатлари ишида қатнашган вақтлари учун касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиб, ишлаб чиқаришдаги ишларидан озод қилинадилар. 19-модда. Ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилинган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун кафолатлар Касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги ўз иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) бўлмаган тақдирда ўша корхонада ёки ходимнинг розилиги билан бошқа корхонада аввалгисига тенг келадиган бошқа иш (лавозим) берилади. Тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилади. 20-модда. Касаба уюшмаси идораларига сайланган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари Касаба уюшмаси идоралари таркибига сайланган ходимларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг икки йил давомида маъмурият ташаббуси билан ишдан бўшатилишига йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиши ёки ходимнинг қонунга мувофиқ ишдан бўшатилишига олиб келадиган хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳоллари бундан мустаснодир. Бундай ҳолларда ишдан бўшатиш 18-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. 21-модда. Касаба уюшмалари ва уларга қарашли корхоналарнинг мулкий ва молиявий ҳуқуқлари Касаба уюшмалари ва уларнинг идоралари қонунларга мувофиқ юридик шахс ҳисобланадилар. Касаба уюшмалари мулкка эгалик ҳуқуқи асосида ўзларига қарашли бўлган мол-мулк ва пулларга эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар ва уларни тасарруф этадилар. Касаба уюшмалари давлат, хўжалик, кооператив ва бошқа жамоат ташкилотларининг мажбуриятлари учун жавоб бермайдилар, ўз навбатида улар ҳам касаба уюшмаларининг мажбуриятлари учун жавоб бермайдилар. Касаба уюшмаси бюджети маблағининг манбалари, маблағни шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби касаба уюшмалари уставида белгилаб берилади. Касаба уюшмаларининг молиявий фаолияти уларнинг ўз уставларига мувофиқ амалга оширилади. Касаба уюшмаларига қарашли корхоналар ва ташкилотлар даромадларининг манбалари, улар олган маблағ миқдори ва тўлаган солиқ миқдори давлат молия идоралари ва солиқ инспекциялари томонидан қонунларга мувофиқ равишда назорат қилинади. Касаба уюшмалари ўз уставларида қайд этилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ равишда белгилаб қўйилган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, касаба уюшмаларининг банкларини, суғурта ва акционерлик жамиятларини, қўшма тижорат корхоналарини барпо этиш, ноширлик фаолияти билан шуғулланиш, турли фондлар тузиш ҳуқуқига эгадирлар. 22-модда. Корхонанинг касаба уюшмалари фаолияти учун моддий шароитлар яратиш борасидаги вазифалари Корхона маъмурияти касаба уюшмаларига уларнинг фаолияти учун зарур бўлган жиҳозланган биноларни фойдаланиш учун текинга беради, биноларни бериш шартлари маъмурият ва касаба уюшмалари иштирокида меҳнат жамоасининг қарори билан белгиланади. Жамоа шартномаси тузиш чоғида қабул қилинган қарорга мувофиқ корхона касаба уюшмаларига ўз балансида турган ёки ўзи ижарага олган бинолар, хоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни, шунингдек дам олишни ташкил этиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари билан маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун зарур бўлган дам олиш масканларини, болалар-ўсмирлар лагерлари ва бошқа соғломлаштириш лагерларини бепул фойдаланиш учун беради. Корхона касаба уюшмаларига жамоа шартномасида белгиланган мақсадлар учун қонунларда белгилаб қўйилган миқдорда маблағ ўтказади. Корхонада иш олиб борадиган касаба уюшмаларининг фаолияти учун бошқа моддий шароитларни яратиш жамоа шартномаси (битими) билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.КАРИМОВ Тошкент шаҳри, 1992 йил 2 июль, № 638-ХП . ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашинг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 345-модда) Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ: 1. "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинган пайтдан бошлаб амалга киритилсин. 2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мувофиқлаштирилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонун ҳужжатларининг ушбу Қонунга зид бўлмаган қисмлари қўлланилаверади. З. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддат ичида: Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига таклифлар киритсин; Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларини "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин; Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, концернлари ўзларининг ушбу Қонунга зид бўлган меъёрий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин. 4. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига мазкур Қарорнинг З-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилган топшириқлар бажарилишида иштирок этиш тавсия қилинсин. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш.ЙЎЛДОШЕВ Тошкент шаҳри, 1992 йил 2 июль, № 639-ХП. 1 Бундан буён - меҳнаткашлар деб юритилади. 2 Мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхоналар, (бирлашмалар) муассасалар, ташкилотлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари бундан буён корхоналар деб, уларнинг бошқарув идоралари эса маъмурият деб юритилади. Бошқа иш жойлари деганда якка тартибдаги ва бошқа йўсиндаги меҳнат фаолияти назарда тутилади. |