Главная страница
Навигация по странице:

  • 4.2. Бизнес-режани тайёрлаш босқичлари

  • Қадриятлар йўналишлари ва уларнинг мақсадлар билан алоқаси.

  • Корхона миссияси ва мақсадлари орасидаги фарқланиш.

  • Корхона мақсадларининг тахминий таснифи.

  • Ҳисобга олган холда белгиланади

  • 4.3-расм. Мақсадларнинг мазмуни ва шаклига қўйиладиган талаблар

  • Бизнес-режанинг тахминий тузилмаси

  • Муҳокама ва назорат саволлари

  • Асосий адабиётлар рўйхати

  • смисмси. 4-мавзу. КОРХОНАНИНГ БИЗНЕС - РЕЖАСИ. 4мавзу. Корхонанинг бизнес режаси бизнесрежанинг моияти ва вазифалари


    Скачать 80.28 Kb.
    Название4мавзу. Корхонанинг бизнес режаси бизнесрежанинг моияти ва вазифалари
    Анкорсмисмси
    Дата31.05.2022
    Размер80.28 Kb.
    Формат файлаdocx
    Имя файла4-мавзу. КОРХОНАНИНГ БИЗНЕС - РЕЖАСИ.docx
    ТипДокументы
    #559704

    4-мавзу. КОРХОНАНИНГ БИЗНЕС - РЕЖАСИ
    4.1. Бизнес-режанинг моҳияти ва вазифалари
    Иқтисодиётнинг бозор муносабатларига ўтиши билан корхоналарда ишлаб чиқилувчи олдинги техника-саноат-молия режалари, қурилиш-молия режалари, транспорт-молия режалари тармоқ хусусиятларидан келиб чиқиб ўз ўрнини бизнес-режаларга бўшатиб берди. Бизнес-режада бизнес фалсафаси, корхонанинг жорий ва истиқболдаги стратегияси акс эттирилади.

    Кўпчилик, айниқса, амалиётчилар ушбу ҳужжатни тайёрлашнинг нафақат муҳим, балки жуда мураккаб эканлигидан ҳам хабардорлар. «Бир лаҳзада тайёрланувчи бизнес-режа» китоби муаллифлари Густав Берл ва Пол Киршнернинг «бизнес-режага эга бўлиб, сиз профессионалга айланасиз, ўз бизнесингизни ривожлантиришингиз мумкин бўлади»1 деб айтганлиги бежиз эмас, албатта. Ҳақиқатдан ҳам, бизнес-режа бу бизнес уммонидаги маёқ, бизнеснинг ҳозирги ва келажакдаги ҳолатининг суратидир. У янги пайдо бўлаётган бизнеснинг юрагидир.

    Кўнгилдагидек ишлаб чиқилган бизнес-режа ишлаб чиқаришни фаол ривожлантириш ва шу билан бир пайтда унинг динамикасини назорат қилиш, инвесторлар, ҳамкорлар ва кредит ресурсларини жалб қилишни амалга оширади. Энг асосийси у ёки бу ишлаб чиқаришга пул киритиш жоизми, барча харажатларни қоплайдиган миқдорда даромад олинадими деган саволларга жавоб беради. Тўғри, бизнес-режа фақат шу билан чекланиб қолмайди, чунки у функционал вазифаларига кўра ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, техника ва технологиялар, корхонанинг молиявий режалари билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилади. Бу ҳақда биз кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз.

    Айтиш керакки, бизнес-режа хўжалик бошқаруви воситаси сифатида мамлакатимиздаги корхоналар иш амалиётига кўнгилдагидек тез киришиб кетгани йўқ. Масалан, оз фурсат давомида турли ёндашув ва нуқтаи назарларнинг мавжудлиги бизнес-режаларнинг аҳамияти ва моҳиятига ҳам, уларни ишлаб чиқиш усулларига ҳам аниқлик киритмаган. Айниқса, иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки йилларида зарур илмий-услубий адабиётларнинг етишмаслиги ўз таъсирини кўрсатди. Шу ва бошқа сабабларга кўра кўплаб корхоналарнинг бизнес-режалари юқорида даражада асосланганлик билан ажралиб турмади ва кўп ҳолларда банк муассасалари томонидан уларни молиялаштиришда инкор қилинди.

    Бизнесни режалаштириш бўйича хорижий адабиётлар оқимининг ўсиши ушбу соҳага маълум бир аниқлик киритиб, унинг илмий-услубий асосларини бойитди. Айрим муаллифлар фикр ва мулоҳазаларини келтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

    Масалан, юқорида айтиб ўтилган «Бир лаҳзада тайёрланувчи бизнес-режа» асарида бу савол асосан якка тартибда ўз бизнесини очиш ниятида бўлган шахсларга йўналтирилгандир. Унда, хусусан, «бизнес-режа корхонангиз гуллаб-яшнаши учун керакли йўлни танлаб олишингизга хизмат қилувчи ҳужжатдир. Бизнесингиз билан боғлиқ бўлган энг аҳамиятли ҳолат бу менежментдир. Қисқаси бу - сиз» деган мулоҳаза олдинга сурилади.

    Эдвард Блэквеллнинг «Қандай қилиб бизнес-режа тузиш» асарида кўрсатилишича: «Бизнес-режа банк ёки бошқа молиявий муассасалардан пул олиш керак бўлганда, шунингдек, акциялар эмиссиясида фойдаланилувчи режадир».

    1998 йилда Грузинов В.П. муҳаррирлиги остида нашр қилинган «Корхона иқтисодиёти» дарслигида қайд этилишича: «бизнес-режа бирон-бир тижорат лойиҳасини амалга ошириш ёки янги корхона яратиш учун мўлжалланган асосланган ҳатти-ҳаракатлар йиғиндисини ифодаловчи ҳужжатдир»2. 1996 йилда Горфинкель В. Л. ва Купрякова Е.М. муҳаррирлиги остида чиқарилган худди шундай китобда айтиладики «тадбиркорлик бизнесининг асосий мақсади фойда олишдир. Кўзда тутилган битимни режалаштиришда аввало қандай сумма олишга умид қилиш ва лойиҳа умуман кутилаётган миқдорда фойда келтиришга қодирлигига ишонч ҳосил қилиш лозим»3.

    Бизнес-режа қуйида келтирилган учта асосий функцияларни бажаришга боғлиқ деган фикр ҳам мавжуд:

    • бизнес юритиш концепциясини ишлаб чиқиш;

    • корхона фаолиятининг амалдаги натижаларини баҳолаш;

    • пул маблағларини жалб қилиш зарурлигини асослаб бериш.

    Юқорида келтирилган шарҳдан кўриниб турибдики, бизнес-режани тузиш зарурати айрим ҳолларда ўз бизнесини яратиш билан, иккинчи ҳолда банк ёки бошқа молиявий муассасадан пул олиш нияти билан, учинчидан эса тижорат лойиҳасини амалга ошириш, янги корхона яратиш зарурати билан асосланади.

    Ғарблик иқтисодчи олимларнинг ўз мамлакатлари ҳукуматлари билан биргаликда жамиятда тадбиркорлик руҳини яратишга ҳаракат қилаётганликларини тушуниш мумкин (Америкаликлар шиорини эслайлик «бизнесмен – миллатнинг олтин фонди»). Шу сабабли улар ўз тавсияларининг аксари қисмини янги иш очиш, ўз бизнеси билан шуғулланиш ниятида бўлган шахсларга йўналтирадилар.

    Бироқ оддий, айтайлик, нон ва нон маҳсулотлари, лок-бўёқ материаллари ёки оёқ кийими ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ҳамда янги қурилиш ёки янги лойиҳани амалга оширишни ҳаёлига ҳам келтирмайдиган корхоналар билан нима бўлади? Бу ҳолда бизнес-режа керак бўладими ёки корхона ишлаб чиқариш-хўжалик ва иқтисодий фаолият учун оддий режа тузиш билан чекланиб қолаверадими?

    Бизнес-режаларнинг аҳамияти ва зарурлигини шубҳа остига қўймаган ҳолда айтиш жоизки, бу ҳужжатни ишлаб чиқиш хорижда кенг қўлланиши сабаблигина урф-одатга айланиб қолмаслиги лозим. Шунингдек у бошқа корхоналар ҳам шундай қилаётганлиги учунгина ишлаб чиқилмаслиги керак. Бизнес-режани тайёрлаш, унинг мақсад ва вазифаларида аниқлик бўлиши зарур. Бусиз юқорида эслаб ўтилган В.П. Грузиновнинг «Корхона иқтисодиёти» дарслигида кўрсатилган ҳолат келиб чиқиши мумкин: «Корхона бизнес-режаси – янги корхона яратишни кўзда тутувчи ҳужжатдир»4.

    Ўзбекистон шароитларида корхоналарнинг катта қисми (80% атрофида) ходимлар сони 10 кишидан 100 кишигача бўлган кичик корхона ва микрофирмалардан иборатлиги билан боғлиқ хусусиятни ҳисобга олиш зарур. Айнан улар бизнес ва тадбиркорликнинг ташкилий шакллари ҳисобланади. Шу муносабат билан табиий савол туғилади: бундай корхоналарга замонавий дарсликлар ва ғарб адабиётларида таклиф қилинаётган ҳамдаги ва тузилмавий мазмунли бизнес-режалар керакми? Кичик корхоналар йирик корхоналарнинг бизнес-режаларнидан нусха кўчириб олмайдиларми?

    Бизнингча, бизнес-режа ҳам йирик корхоналарда, ҳам кичик корхоналарда ишлаб чиқилиши лозим. Бунда уни ишлаб чиқиш корхонани ривожлантириш стратегиясидан ташқари, уларни амалга ошириш учун айни пайтда корхонадан қўшимча молиявий ресурслар талаб қилувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта таъмирлаш ва техник жиҳозлаш, маҳсулот диверсификацияси, ички ва ташқи бозорларга кириб бориш билан боғлиқ бўлиши лозим. Чунки бизнес-режа корхонанинг кундалик фаолиятидан ташқари, банк муассасалари томонидан юқорида кўрсатилган ва шунга ўхшаш тадбирларни молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бошқа ҳолларда эса корхона ўз бизнес-режасини нима деб аташининг унчалик аҳамияти бўлмайди, бу корхонанинг ўз ихтиёрида бўлади.

    Гап шундаки бизнес-режа ҳар қандай муаммолардан ҳимоя қилувчи восита бўла олмайди, у корхонанинг ўзи бажариши лозим бўлган вазифаларни ўзидан-ўзи ҳал қилмайди. Амалиётнинг гувоҳлик беришича, режа жуда яхши ишлаб чиқилган бўлсада, ундан нотўғри фойдаланишда корхона зарар кўриши мумкин. Бироқ бу бизнес-режа умуман керак эмас деган фикрга олиб келмаслиги керак. Масалан, банклар, инвестиция фирмалари ва бошқа муассасалар аниқ ва тўғри тузилган бизнес-режани олмагунча корхоналардан молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилмасликка ҳаракат қиладилар.

    Бизнес-режа биринчидан, корхонанинг барча бўлим ва хизматлари мажбуриятлари ва жавобгарлигини аниқлашга имкон беради, иккинчидан, уларни корхона истиқболи билан шуғулланиш ҳамда корхона мақсадларини ва уларга эришиш йўлларини аниқлашга мажбур қилади, учинчидан, корхона фаолиятининг муҳим йўналишлари бўйича кўрсаткичларни белгилаб беради, тўртинчидан эса, корхонанинг бозордаги кутилмаган ўзгаришларга янада мослашувчан ва тайёр қилиб қўяди.

    Бироқ шундай бўлсада, бизнес-режани банк ёки бошқа муассасалар томонидан корхонанинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш ва унинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумлироқ фойдаланиш ташланган қутқариш воситаси деб тушунмаслик керак. Гап шундаки, турли маслаҳатчилар, банкирлар, ҳуқуқшунослар, молия хизматчилари, бухгалтерлар ва бошқалар режада бизнесни кўрсатиш учун турли нуқтаи назарга эга бўладилар. Айнан шу жиҳат бизнес-режани корхонанинг оддий режаларидан фарқли қилиб қўяди. Шу сабабли бизнес-режани ишлаб чиқиш биринчидан, қоғозда қолиб кетмасдан амалиётда қўлланиши, иккинчидан, экспертиза томонидан рад қилинмаслиги ва учинчидан, фойданинг ўсиши ва корхонанинг умумий молиявий ҳолати яхшиланишига хизмат қилиши мақсадида ўзига алоҳида эътибор ва чуқур ўйлаб чиқилган ёндашув талаб қилади.
    4.2. Бизнес-режани тайёрлаш босқичлари
    Мавжуд илмий ва услубий адабиётлар бизнес-режани ишлаб чиқиш учун ягона тўғри йўл йўқлигига алоҳида эътибор қаратади. Бизнес-режанинг таркиби, тузилмаси, кўрсаткичлари ва бошқа жиҳатлари одатда корхонанинг ҳажми (қуввати), йўналиши, иқтисодий ва молиявий ҳолати, шунингдек, гап ўз ишини энди бошлаётган тадбиркор ёки фаолият юритаётган корхона ҳақида бораётганлигига боғлиқ бўлади. Агар гап барча ташвишлар ўз ишини бошлаш ва бунинг учун зарур бўлган бошланғич капитални, жумладан, банк кердитлари ҳисобига шакллантириш билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик ҳақида борса, бизнес-режанинг мазмуни ва уни тайёрлаш босқичлари маълум бир (умумий) кўринишга эга бўлиши, янгиликлар киритиш ёки банкротлик ёқасида турган корхона ҳақида борадиган бўлса бошқа кўринишга эга бўлади. Шундай бўлсада, ҳар қандай бизнес-режада танланган бизнес концепцияси очиб берилувчи, таклиф қилинаётган маҳсулот, иш ёки хизматларниг ўзига хослигини тавсифловчи, шунингдек, истиқболда олиниши лозим бўлган фойда (даромад) ва бизнесни кенгайтириш акс эттирилувчи бўлимлар мавжуд бўлади.

    Хўжалик амалиётининг далолат беришича, умуман режалаштириш, ва хусусан бизнесни режалаштириш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда бизнес-режанинг лойиҳа варианти ишлаб чиқилиб, унда ўтган йилда эришилган натижалар таҳлили ва келгуси йиллар учун ўз имкониятларини баҳолаш ҳисобига дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Бизнес-режа барча ҳисоб-китобларда белгиланган технологик жараёнларга, ички заҳиралардан тўлиқ фойдаланишга асосланиши ҳамда зарур ҳолларда ташкилий ва техник-иқтисодий тадбирлар билан мустаҳкамланиши лозим.

    Ушбу босқичда чиқариладиган маҳсулотга жамият эҳтиёжлари ва бозор талабини аниқлаш катта аҳамиятга эга. Гап шундаки, жамиятнинг аниқланган эҳтиёжларидан ташқари, истеъмолчилар маҳсулотни харид қилиш учун сарфлайдиган ва корхона ушбу эҳтиёжларни қондириш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга сарфловчи ресурсларнинг чекланганлиги ҳам мавжуд. Шунинг учун «эҳтиёж - ресурслар» боғлиқлиги бизнес-режанинг асосий бўғини ҳисобланади. Эҳтиёжларни аниқлаш корхонани истеъмолчилик талабига эга бўлмаган маҳсулот чиқариш учун харажатлар сарфлашининг олдини олади, талаб қилинувчи ресурслар ҳисоб-китоби эса хато ва камчиликларга йўл қўймайди.

    Иккинчи босқич бу бизнес-режани якуний ишлаб чиқиш ва уни корхонанинг расмий ҳужжати сифатида тасдиқлашдир. Айнан шу сифатда бизнес-режа ҳуқуқий кучга эга бўлиб, турли идора ва муассасаларга, хусусан, банклардан молиявий ресурслар олиш учун тақдим этилиши мумкин. Агар уни ишлаб чиқиш ўз навбатида корхонанинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий (молиявий) стратегиясини ишлаб чиқишга имкон берувчи маркетинг тадқиқотлари ва бозор таҳлилига асосланса тўғри бўлур эди.

    Айрим мутахассислар битта бизнес-режанинг икки хил кўринишга эга бўлишини – ҳамкорлар, инвесторлар, акциядорларга тақдим этилувчи расмий бизнес-режа ва корхона раҳбарияти ва унинг командаси учун тузилган ишчи бизнес-режани тавсия қиладилар.

    Ишчи бизнес-режа худди расмий бизнес-режа каби тартибда ва худди шу бўлим ва номлардан иборат бўлиб, тавсия қилувчиларнинг фикрича, қуйидаги вазифаларни бажаришга хизмат қилиши лозим:

    • Расмий бизнес-режанинг муҳимлигини тушуниш.

    • Янги тадбиркорлик ишини бошлашдан анча аввал бажарилувчи ҳатти-ҳаракатлар дастурини аниқлаш.

    • Юзага келиши мумкин бўлган муаммолар вариантларини деталли кўриб чиқиш.

    • Ички ва ташқи таваккалчиликларни баҳолаш.

    • Бозор муҳитидаги доимий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда иш ҳолати назоратини амалга ошириш.

    Бугунги кунда корхоналар турли хил ҳисобот, режа, статистика, норматив ва бошқа материаллардан фойдаланадилар. Агар «битта ҳужжат кам, битта ҳужжат кўп» тамойилига риоя қилинадиган бўлса берилаётган тавсия эътироз уйғотмаслиги мумкин. Бироқ маълумки, гап сонда эмас, балки бизнес-режаларнинг амалга ошиши, уларнинг реал воқеликка мос келишидадир. Корхона иккита (расмий ва ишчи) бизнес-режага эга бўлсада, бироқ муваффақиятга эришмаслиги ҳам мумкин. Битта, лекин корхона фаолиятининг кучли ва заиф томонларини ҳисобга олувчи, мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан энг самарали фойдаланиш ва кутилаётган миқдорда фойда (даромад) олишга йўналтирилган реал бизнес-режа кўпроқ муваффқаиятга эришиши мумкин.

    Ҳар қандай истиқболли ҳужжат каби, бизнес-режа ҳам истеъмол бозорида ва умуман иқтисодиётда рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда вазиятга кўра қайта кўриб чиқилиши, зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Энг асосийси у корхонанинг бозордаги улушини сақлаб қолишга кўмаклашиши, келгусида ишлаб чиқариш ва сотиш бизнес-режанинг асосий қисмидан ўрин эгалловчи маҳсулотнинг ҳаётийлик даврини узайтиришга хизмат қилиши лозим. Бизнес-режани ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичи ҳам, якуний босқичи ҳам «бир гап бўлар» қабилида бажарилиши мумкин эмас. Бозор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва режалаштиришда хатоларни, ўйланмай қилинган ҳатти-ҳаракатларни кечирмайди.

    Якуний мақсаднинг битталигига қарамай, бизнес-режани ишлаб чиқишнинг ҳар бир босқичи бажариши лозим бўлган белгиланган вазифалар доираси мавжуд. Биринчи босқичда асосан корхонанинг истеъмолчиларга таклиф қилиши мўлжалланаётган товар ва хизматлар таркибини танлаш (янги маҳсулот, модификацияланган ёки анъанавий маҳсулот), ишлаб чиқариш дастурини бажарувчи бўйича тақсимлаш, талаб қилинадиган хом-ашё, материал ва бошқа зарур воситалар ҳажмини, шунингдек, тайёр маҳсулотни сотиш каналларини аниқлаш, маҳсулот таннархи, кутилаётган фойда ва ҳоказоларни ҳисоб-китоб қилиш вазифалари бажарилса, иккинчи босқичда барча дастлабки ҳисоб-китоблар бирлаштирилади ва корхона бизнес-режасини шакллантириш якунланади.

    Бизнес-режани ишлаб чиқишнинг биринчи босқичидаги ҳисоб-китоблар қанчалик аниқ ва бехато бажарилган бўлса, унинг бошқарув ҳужжати ва хўжалик юритиш воситаси сифатидаги ишончлилиги шунчалик юқори бўлади. Бизнес-режа босқичларини ишлаб чиқиш ўртасида узоқ танаффус бўлмаслиги ва ортиқча ахборот билан тўлдириб ташланмаслиги лозим. Амалиётнинг кўрсатишича, катта ҳажмди тузилган бизнес-режа ҳали тўлиқлик ва юқори сифатлиликни англатмайди. Масалан, банк хизматчиси корхона икки юз ёки беш юз минг сўм кредит олиш учун юз варақдан ортиқ бизнес-режа олиб келган тақдирда уни ўқиб ҳам ўтирмайди. Унга юз миллион сўм кредит олиш учун тайёрланган бизнес-режа бир неча варақдан иборат бўлиб, асосий мазмун бир нечта гап билан ифодаланган бўлиши ҳам катта таъсир кўрсатмайди.

    Тўлиқ бизнес-режанинг компьютерда терилган матни эллик варақдан ошмаслиги лозим. Бироқ сўнгги йилларда, хусусан, рақобат кучли бўлган соҳа ва тармоқларда қисқартирилган бизнес-режалар кенг қўлланаётган бўлиб, уларнинг ҳажми 10-15 варақдан ортмаяпти. Шундай бўлсада, бизнес-режа ҳар қандай вариантида корхона миссиясини бажариш ва унинг пировард мақсадларига эришишни таъминлашга хизмат қилиши лозим.

    Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда бевосита бизнес-режани ишлаб чиқиш ва расмийлаштириш босқичларига муфассал тўхталиб ўтамиз.

    Бизнес режани шакллантиришни янги корхонани ташкил этиш ёки корхона фаолиятига муҳим ўзгартириш киритиш ғояси бир неча босқичларда амалга оширилади5. Уларни турли даражада йириклаштириш ёки деталлаштириш мумкин (4.1-расм):


    Лойиҳа мақсад ва вазифаларни ифодалаш

    Бизнес-режани умумий тузилмасини белгилаш

    Миссияни белгилаш

    (фирма фалсафаси)






    Зарурий ахборотларни тыплаш меъёрларини ишлаб чиқиш

    Бизнес-режани тузиш (режалаштириш жараёни)




    4.1-расм. Бизнес-режани ишлаб чиқиш босқичлари.

    Бизнес-режани тайёрлашнинг биринчи босқичида корхона миссияси (корхона фалсафаси) – хўжалик субъектининг қисқача таърифи, унинг мақсадлари, бурчи, фаолият соҳалари, ҳаражат меъёрлари ва минтақа, жамиятнинг ижтимоий вазифаларини хал этишдаги ўрни аниқланади.

    Кўпинча корхоналир ўз миссияси максимум фойда олиш, деб хато қиладилар. Истеъмолчилар учун корхонанинг қанча фойда олиши қизиқарли эмасдир. Фойда олиш корхонанинг ички муаммоси бўлиб, уни ҳаммага эълон қилиш, таъсис хужжатларига киритиб қўйишни маълум маънода ўринсиз деб ҳисоблаш мумкин. Ҳар қандай корхона очиқ тизим бўлиб, унинг муваффақияти ташқи мухитдаги истеъмолчиларнинг маълум бир талабларини қондириш билан боғлиқдир. Агар корхона шундай миссияни амалга оширишга имконият топа олмаса, бир вақтнинг ўзида кам фойда олади. Шунинг учун фақатгина ташқи мухитдан корхонанинг мақсади ва миссиянинг топиш мумкин. Фойда мақсад эмас, балки мақсадга эришиш воситасидир.

    Мос келувчи миссияни танлаб олиш учун камида иккита саволга жавоб топиш керак: ''корхона мижозлари, истеъмолчилари ким?'', Корхона қандай талабларни қондириши мумкин?''. Масалан, фойданинг аҳамиятини яхши билган Генри Форд ўз компанияси миссиясини қуйидагча таърифлаган: ''Биз одамларга арзон машиналарни хавола этамиз '' Шу билан бирга у доимо ушбу ишни ким амалга оширса, уни фойда четлаб ўтмайди деб таъкидлаб келган.

    Миссия корхонанинг ўзи учун белгилаб олинади, лекин доимо харидорга, жамиятга йўналтирилган бўлади. Машҳур ''Сони'' фирмасининг миссияси қуйидагича таърифланади: ''Тараққиётни амалга ошириш орқали жамиятга хизмат қилиш''. Шу каби қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:

    • Халқаро савдо орқали тинчлик сари.

    • Мамлакат учун нима яхши бўлса, фирма учун ҳам яхшидир.

    • Бизнинг маҳсулотлар дунёни ҳаёт учун янада қулай қилади.

    • Истеъмолчилар ташкилотимиз хаётий кучининг манбаи.

    Корхона миссиясининг фундаментал асослари бўлиб унинг тамойиллари ва этикаси ҳисобланади. Улар фирма ходимлари хатти-ҳаракатларига қўйиладиган универсал ижтимоий талаблар мажмуини ифодаловчи фаолиятнинг асосий қоидалари сифатида юзага чиқади.

    Корхона тамойиллари ўз ичига оладиган талаблар қуйидагилар:

    • маҳсулот (иш, хизматлар) ва бозорга талаблар;

    • бошқарувга талаблар - мотивация тизими, қарорлар қабул қилиш, назорат, ютуқларни баҳолаш ва х.к.;

    • ходимларга талаблар - ижодий фикрлаш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, мотивлар, унумдорликни баҳолаш ва х.к.;

    • ташқи муҳитга талаблар - харидорлар, таъминотчилар, инвесторлар, рақобатчилар, жамият, давлат.

    Тамойилларни шундай таърифлаш керакки, бир томондан, рақобатчилар корхонанинг хўжалик юритишдаги ниятларидан фойдалана олмасликлари учун имкон қадар умумлашган холда, иккинчи томондан, харидорлар ва хамкорлар ҳамда бошқа иштирокчилар уларни яхши тушуниши учун етарлича аниқ бўлиши лозим.

    Корхона этикаси (ёки ўзаро алоқаларнинг маънавий жихатлари) бизнесменнинг виждони ёрдамида тадбиркорлик фаолияти жараёнида фирма ходимлари хатти-ҳаракатларига (ҳулқига) бўлган энг юқори талабларга амал қилишга имкон яратади. Корхонанинг бозордаги ҳамкорларига нисбатан амал қилиши лозим бўлган маънавий қадриятлари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин: алдашдан воз кечиш, ҳалоллик, ҳамкорликдаги ишда ишонч, инновацион ғоялар соҳибининг тадбиркорлик манфатига ҳурмат.

    Миссияни белгилашда корхона танлаб олган қадриятлар йўналиши ҳам аҳамиятга эга бўлиб, улар раҳбарлар ва барча ходимларнинг стратегик хатти-ҳаракатларига жиддий таъсир ўтказади. Назария ва амалиётда қадриятлар йўналишининг олтита турини ажратиб кўрсатиш мумкин (4.1-жадвал)6.

    4.1-жадвал.

    Қадриятлар йўналишлари ва уларнинг мақсадлар билан алоқаси.

    Йўналиш тури

    Қадриятлар категорияси

    Корхона кўзлаётган мақсадлар тоифалари (типлари)

    Назарий

    • Ҳақиқат

    • Билим

    • Оқилона фикрлаш

    Узоқ муддатли тадқиқотлар ва ишланмалар

    Иқтисодий

    • Қулайлик

    • Фойдалилик

    • Бойлик жамғариш

    • Ўсиш

    • Фойда олиш

    • Натижалар

    Сиёсий

    • Хокимият

    • Ҳурмат қозониш

    • Капитал ва сотишнинг умумий хажми, ишловчилар сони

    Ижтимоий

    • Яхши муносабатлар

    • Садоқат

    • Низоларнинг бўлмаслиги

    • Фойдалиликдан ижтимоий масъулиятнинг юқори туриши

    • Билвосита рақобат

    • Ташкилотдаги яхши мухит

    Эстетик

    • Бадиий мувофиқлик

    • Шакл ва ўлчамлар мослиги

    • Таркиб

    • Маҳсулот дизайни

    • Сифат

    • Фойдани камайиши ҳисобига бўлса ҳам кўркамликни таъминлаш.

    Диний

    Борлиқ билан мувофиқлик, келишув.

    • Этика

    • Маънавий муаммолар

    Корхона миссияси унинг маданияти - корхона обърўсини (марка, имидж) шакллантирувчи корхона қадриятлари, меъёр ва ғоялари мажмуаси билан чамбарчас боғлиқдир. У ҳаётда қуйидагиларда ўз аксини топади:

    • корхонанинг хатти-ҳаракатларида - барча ходимлар учун ягона бўлган тамойилларда;

    • фирма коммуникацияларида - ахборотни узатиш усулларида;

    • корхонани кўргазмали тақдим этиш воситаларида - фирма белгиси, маҳсулотни безалиши, маросимлар, ташқи кўриниши ва х.к.

    Корхона имиджи фирманинг истеъмолчилар, ҳамкорлар, жамият олдидаги масъулиятини билдиради. Бундай ҳолатда миссия корхонанинг ташқи мухитда керакли таассурот уйғотишга интилишини акс эттиради.

    Иккинчи босқич – бизнес-режа мақсадларини ишлаб чиқиш. Мақсад- бу корхонанинг келгусидаги кўзда тутилган, исталган холати.

    Бизнес тизимида мақсад бешта функцияни бажаради.

    • ташаббус - фирманинг хозирги ва кўзда тутилган, исталган холатини, ҳаракатлар мотивларини таққослаш, солиштириш.

    • қарорлар қабул қилиш мезонлари - ахборотлар ва муқобилларни танлаш, бизнесдаги устивор йўналишларни баҳолаш;

    • бошқариш воситалари - ҳаракатларни бошқарувчи талаблар, бизнес йўналишларини аниқлаш;

    • мувофиқлаштириш - қарорлар қабул қилувчи шахслар ўртасида низосиз муносабатларни таъминлаш, махсуслаштирилган бўлинмалар ишларини мослаштириш, мувофиқлаштириш.

    • Назорат - бу хўжалик фаолиятининг жорий ҳолати кўрсаткичларини мақсадлар билан таққослаш, солиштириш.

    Миссиядан фарқли равишда мақсадлар корхона фаолиятининг бир мунча аниқ йўналишларини акс эттиради (4.2-жадвал).

    4.2-жадвал

    Корхона миссияси ва мақсадлари орасидаги фарқланиш.

    Кўрсаткичлар

    Миссия

    Мақсадлар

    1. Вақт мезони

    Келажакда интилиш мавжуд, лекин вақт бўйича чекланишлар йўқ ва жорий ҳолатга боғлиқ эмас.

    Доимо амалга ошириш муддатларини кўзда тутади.

    2.Ахборотни йўналтирилганлиги

    Корхонанинг ташқи мухитга - истеъмолчилар, жамият, минтақа, манфаатлари қадриятлари ва устуворликларига йўналтирилган.

    Кўпинча фирманинг ички мухитига йўналтирилган ва ресурслар, заҳиралардан фойдаланишни яхшилашга йўналтирилган бўлади.

    3.Таърифланиш хусусиятлари

    Умумий атамаларда ифодаланади ва корхона образини, унинг маркасини, иш усулларини ёритиб беради.

    Кўпинча фаолият натижаларининг аниқ натижаларини акс эттиради.

    4.Ўлчовлилиги

    Сифат жихатидан таснифланади, натижаларни нисбий акс эттириш устун туради

    Асосан миқдорий ўлчовга эга бўлади, бирликда ва кўпликда ифодаланиши мумкин.

    Ҳар қандай корхона мураккаб ижтимоий-иқтисодий тизим сифатида кўп мақсадли характерга эга.

    Корхонани фаолияти давомида стратегик мақсадларни амалга ошириш билан бир вақтда кўплаб тактик ва тезкор мақсадларни ҳам ҳал этади. Соф иқтисодий мақсадлар билан ижтимоий, техникавий ва ташкилий вазифалар чамбарчас боғлиқдир. Мақсадларни тузилмаларга ажратиш турли хил жихатлар бўйича амалга ошириш мумкин (4.3-жадвал).

    4.3-жадвал.

    Корхона мақсадларининг тахминий таснифи.



    Таснифлаш белгилари

    Мақсадлар гуруҳлари

    1

    Мазмуни (предмети)

    Иқтисодий

    Ташкилий

    Сиёсий

    Ишлаб чиқариш

    Ижтимоий

    Технологик

    Илмий

    Эстетик

    Психологик

    2

    Ўлчами

    Максимум

    Кўп эмас

    Минимум

    Кам эмас

    3

    Режалаштириш миқёслари

    Узоқ муддатли (стратегик)

    Ўрта муддатли (тактик)

    Қисқа муддатли (тезкор)

    4

    Ҳаракатлар соҳаси

    Глобал

    Регионал

    Олий

    Оралиқ

    Миллий

    Локал (маҳаллий)

    Йўлдош(қўшимча)

    Қуйи

    5

    Иерархия даражаси

    Корхона

    Тузилмавий бўлинма

    6

    Ўзаро муносабатлар

    Комплементар

    Индеферент

    Рақобатли

    7

    Ўлчамлилик

    Миқдорий

    Сифат жихатдан (ўлчовсиз)

    8

    Йўналтирилганлилик

    Тижорат

    Нотижорат (ижтимоий)

    9

    Мухит

    Ички

    Ташқи

    10

    Субъект

    Индивидуал (шахсга йўналтирилган)

    Гуруҳга (коллективга) йўналтирилган

    Мақсадлар аниқ тушунарли бир маънода тушуниладиган бўлиши ва корхонанинг келажакдаги холатини акс эттирувчи атамалар орқали таърифланиши керак. Шунинг учун мақсадларни ишлаб чиқаришда унинг мазмуни ва шаклига қўйиладиган талабларни эътиборга олиш лозим (4.3-расм).


    Ҳисобга олган холда белгиланади

    -иш хажмини;

    -ишлар муддатини;

    -мавжуд ва кутилаётган имкониятларни;

    -кутилаётган натижаларни;

    -ходимлар бўйича тақсимланишни;

    -мослашувчанлик ва тўғрилашлар киритиш имкониятларини;

    -бошқарувнинг барча даражаларида таққослаш, солиштириш, имкониятларини;

    -ишловчилар малакасининг ошишини;






    Корхона мақсадла

    ри
    Бўлиши керак

    -ҳақиқатга яқин (реал) ва амалга ошириш имконияти;


    Мазмуни ва акс эттириш шакли
    -қонунларга зид келмаслиги;

    -бажарувчиларга тушунарли;

    -ўлчов имконияти;


    Хохиш ирода ва келишув
    -тузилмавий бўлинмалар ва функционал хизматлар бўйича тақсимланган;

    -барча ишловчилар ва цехлар кучларини бирлаштириш;

    4.3-расм. Мақсадларнинг мазмуни ва шаклига қўйиладиган талаблар



    Маълумки мақсадлар доимо маълум бир чекланишлар асосида амалга оширилади. Улар корхона ичидаги ва ташқаридан қўйиладиган чекланишлар (чегараланишлар) бўлиши мумкин. Ташқи чекланишлар қаторига қонун меъёрлари, инфляция, рақобатчилар, иқтисодий устуворликни ўзгариши, аҳоли даромадларини ўзгариши, қарздорларнинг молиявий ҳолати ва бошқалар киритилиши мумкин. Ички чекланишларга эса фирма тамойиллари, харажатлар даражаси, ишлаб чиқариш қувватлари, маркетинг ва бошқарувнинг ҳолати, турли даражадаги номувофиқликлар ва бошқалар киради. Шунинг учун корхона миссияси, мақсади ва вазифаларини ишлаб чиқиш жараёнида унинг фаолиятига таъсир қилувчи кўп сонли омилларни баҳолаш зарурияти туғилади.

    Бизнес-режани ишлаб чиқишнинг учинчи босқичида бизнес-режанинг тузилмаси белгилаб олинади.

    Тўртинчи босқичда бизнес-режанинг ҳар бир бўлимини ишлаб чиқиш учун зарурий ахборотларни тўплаш амалга оширилади. Бу режалаштиришнинг энг муҳим сермеҳнат қисми ҳисобланади. Ахборотлар манбаи сифатида тармоқнинг махсус ахборотномаларидан, лойиҳа ташкилотлари меъёрларидан, таҳлил билан шуғулланувчи махсус фирма хизматларидан, статистика идоралари материалларидан, махсус тадқиқотлар ва кузатишлардан, юқори малакали иқтисодчилардан, маслаҳатчилардан ҳамда корхонанинг ички муҳити ва ўз ишини яхши биладиган корхона ходимларидан фойдаланиш мумкин.

    Режалаштиришнинг бешинчи босқичи - бевосита бизнес-режа бўлимларини ишлаб чиқиш ва уни ягона хужжат сифатида расмийлаштириш.
    4.3. Бизнес-режа тузилмаси
    Бундан олдинги материаллар шундан далолат берадики, бизнес-режа бу оддий бир ҳужжат эмас. У корхонанинг конституцион асосини ташкил этиб, унинг ишлаб чиқариш фаолиятини, келгусидаги ривожланиш стратегиясини белгилаб беради. Корхона стратегияси эса, маълумки, турли хил бўлади: кимдир маҳсулдор, яъни ишлаб чиқариш стратегиясини афзал кўрса, бошқаларга молиявий стратегия кўпроқ тўғри келади. Бозорга янги маҳсулдор ғоя билан киришга ҳаракат қилаётган янги корхона ва фирмалар одатда молиявий стратегияга катта эътибор қаратадилар. Бозорда маълум маънода барқарор ўринга эга бўлган бошқа корхоналар эса асосий эътиборни ишлаб чиқариш стратегиясига қаратадилар.

    Ҳамма корхоналар бир хил эмаслиги сабабли уларнинг ҳар бири учун бизнес-режани ишлаб чиқиш бўйича деталли тавсия беришнинг имкони йўқ. Шундай бўлсада, замонавий иқтисодиёт фанида бизнес-режанинг тахминий тузилмаси ишлаб чиқилган бўлиб, қуйида унинг айрим вариантлари келтирилган (4.4-жадвал).

    4-жадвал

    Бизнес-режанинг тахминий тузилмаси

    I вариант

    II вариант

    III вариант

    IV вариант

    V вариант

    1. Бўлажак бизнесни қисқача таърифлаш.

    2. Бозор.

    3. Ходимлар малакаси ва тажрибаси, мавжуд молиявий воситалар.

    4. Таклиф қилинаётган маҳсулотнинг устунликлари.

    5. Бўлажак бизнесни ташкил қилиш.

    6. Келажакка назар.

    7. Молиявий вазифалар.

    8. Пул маблағларидан фойдаланиш.

    9. Илова.

    10. Бизнес тарихи.

    1. Бизнес-режага кириш.

    2. Бизнесни идентификация-лаш.

    3. Мақсад.

    4. Бизнесни таърифлаш.

    5. Бозор.

    6. Рақобат.

    7. Менежмент.

    8. Ходимлар.

    9. Жойлашув.

    10. Молиявий маълумотлар.

    11. Ҳисобот .

    12. Қисқача мазмун (резюме).




    • Танланган бизнес концепцияси.

    • Айни пайтдаги вазият.

    • Яратилаётган корхона тавсифномаси.

    • Бошқарув.

    • Бозор таҳлили ва тадқиқотлари.

    • Маркетинг ҳаракатлари режаси.

    • Ишлаб чиқариш режаси.

    • Таваккалчи

    ликни баҳолаш.

    • Молиявий режа.

    • Кириш.

    • Корхонани таърифлаш.

    • Маҳсулотни таърифлаш.

    • Маркетинг режаси.

    • Ишлаб чиқариш режаси.

    • Ташкилий режа ва менежмент.

    • Молиявий режа.

    • Лойиҳа самарадорлиги.

    • Илова.

    • Фирма имкониятлари (резюме).

    • Товар (хизмат) турлари.

    • Товар (хизмат) сотув бозори.

    • Сотув бозорида рақобат.

    • Маркетинг режаси.

    • Ишлаб чиқариш режаси.

    • Ташкилий режа.

    • Фирма фаолиятининг ҳуқуқий таъминоти.

    • Таваккалчиликни баҳолаш ва суғурталаш.

    • Молиявий режа.

    • Молиялаш

    тириш стратегияси.


    Келтирилган вариантлардан кўриниб турибдики, бизнес-режанинг қатъий тартибга солинган тузилмаси мавжуд эмас. Бироқ бизнес-режаларнинг ҳар бир тури учун характерли бўлимлар мавжуд бўлиб, уларда танланган бизнес (ишлаб чиқариш) концепцияси, таклиф қилинаётган маҳсулот ёки хизматнинг ўзига хосликлари, маркетинг ва менежмент, таваккалчиликни баҳолаш, молиявий таъминот ва натижалар акс эттирилади. Қабул қилинган ҳар бир бизнес-режа тузилмаси қуйидаги саволларга жавоб бериши лозим: ишлаб чиқаришни нимадан ёки қандай бошлаш керак, ишлаб чиқаришни қай тарзда самарали ташкил қилиш мумкин, илк даромад (фойда) қачон олинади, инвесторлар ва кредиторлар билан қанчалик тез ҳисоб-китоб қилиш мумкин, таваккалчилик даражаси ва уни камайтириш имкониятлари қандай.

    Бизнес-режанинг ҳар бир бўлими ўз мазмунига, кўрсаткичлар тизими ва уларни ҳисоб-китоб қилиш усулларига эга бўлади. Бироқ, бу бизнес-режанинг яхлит ва тўлиқлигига путур етказмайди. Барча бўлимлар ўзаро боғлиқ бўлиши ҳамда корхонанинг потенциал ишлаб чиқариш имкониятларини амалга оширишга хизмат қилиши лозим. Бизнес-режанинг бўлимларини мазкур қўлланманинг мос келувчи бобларида алоҳида кўриб чиқамиз. Бозор муносабатлари шароитларида бизнес-режа қонун мақомига эга бўлмаслиги ҳамда бозордаги вазиятга боғлиқ бўлган ҳолда турли ўзгаришларга учраши, истеъмолчиларнинг ҳали қондирилмаган эҳтиёжларига мослаштирилиши лозим. Бироқ бундай тарзда қайта кўриб чиқиш ҳар бир ҳолатда жиддий равишда етарлича асослаб берилиши зарур.
    Қисқа хулосалар

    Иқтисодиётнинг бозор муносабатларига ўтиши билан аввалги техник, саноат, молиявий режалар ўрнига бизнес-режалар вужудга келган бўлиб, корхона фаолиятининг жорий ва истиқболдаги стратегиялари белгилаб берилувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

    Бизнес-режа учта асосий функцияни бажаришга имкон беради: биринчидан, бизнес концепцисини ишлаб чиқиш, иккинчидан, бизнес-режани амалга ошириш учун зарур бўлган пул маблағлари миқдорини аниқлаш ва учинчидан, корхонанинг жорий фаолиятини бошқариш воситаси ҳисобланади.

    Бизнес-режа бир нечта бўлим ва кўрсаткичлардан иборат бўлиб, уларнинг сони корхонанинг ҳажми, ўзига хосликлари ва бошқа хусусиятларига боғлиқ бўлади. Илмий адабиётларда 8 - 12 бўлимдан иборат бўлган бизнес-режалар тавсия қилинади.

    Бизнес-режа амалиётда асосан икки босқичда тайёрланиб,бу босқичларнинг ҳар бирида мос келувчи вазифалар бажарилади. Бизнес-режанинг ҳаётийлиги кўп жиҳатдан уни тайёрловчилар, биринчи навбатда иқтисодчиларнинг малакаси ва тажрибасига боғлиқ бўлади.
    Муҳокама ва назорат саволлари

    • Бизнес-режанинг мазмуни ва моҳияти нимада?

    • Корхона миссияси нма ва у қандай ишлаб чиқилади?

    • Мақсадлар қандай аниқланади ва унинг миссиядан фарқи нимада?

    • Бизнес-режа қандай маълумотлардан иборат бўлади?

    • Бизнес-режани тузиш учун маълумотларни қайси кетма-кетликда тайёрлаш керак?

    • Бизнес-режани тузиш босқичлари ва уларнинг фарқи нимада?

    • Ишчи бизнес-режа қандай вазифаларни бажаришга қаратилган?

    • Бизнес-режанинг асосий бўлимларини санаб беринг?

    • Бизнес-режа қандай талабларга жавоб бериши лозим?

    • Бизнес-режани ишлаб чиқиш учун жавобгарлик кимнинг масъулиятида бўлади?


    Асосий адабиётлар рўйхати

    1. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий корхоналар тўғрисида”ги Қонуни. Қонун ва қарорлар. Т., “Ўзбекистон”, 2004., №3

    2. Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 1996 йил 26 апрель // Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари тўплами. 1 том. - Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2002.

    3. Ўзбекистон Республикасининг «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуни 2001 йил 6 декабрь // Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари тўплами. 1 том. - Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2002.

    4. Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонуни 2001 йил 6 декабрь // Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари тўплами. 1 том. - Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2002.

    5. Махмудов Э.Х., Исоқов М.Ю., Нажимадинов Р.Д. Бизнес - режалаштириш. Маърузалар матни. - Т.: ТДИУ, 2005.

    6. «Ўз Ишингизни яратинг ёки тадбиркор нималарни билиши лозим» - Тошкент шаҳри, ЮНИДО, «Бизнес маслаҳат маркази» лойиҳаси, 2003й

    7. Махмудов Э.Х., Исаков М.Ю. Бизнес планирование. Учебное пособие. – Т.: Издательство Литературного фонда Союза писателей Узбекистана, 2004. - 160 с.

    8. Махмудов Э.Х. Корхона иқтисодиёти: Ўқув.қўлл. –Т.: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. - 208 б.

    9. Экономика предприятия. Ғ Под ред. проф. Грузинова В.П.- М.: «ЮНИТИ», 1998

    10. Экономика предприятия. Под ред. проф. Горфинкеля В.Я., Купрякова Е.М. –М.: «ЮНИТИ», 1996

    11. Густав Берл, Пол Киршнер. Мгновеннўй бизнес-план.- М.: ИНФРА –М, 2001

    12. Бринк И.Ю., Савельева Н.А. Бизнес-план предприятия. Теория и практика / Серия «Учебники и учебные пособия» - Ростов н/Д. «Феникс», 2003. -384 с.




    1 Густав Берл, Пол Киршнер. МгновеннЎй бизнес-план.- М.: ИНФРА –М, 2001

    2 Экономика предприятия. Под ред. проф. Грузинова В.П.- М.: «ЮНИТИ», 1998

    3 Экономика предприятия. Под ред. проф. Горфинкеля В.Я., Купрякова Е.М. –М.: «ЮНИТИ», 1996

    4 Экономика предприятия. Под ред. проф. Грузинова В.П.- М.: «ЮНИТИ», 1998



    5 Қаранг, Горемыкин В.А., Нестерова Н.В. Энциклопедия бизнес – планов: Методика разработки. 75 реальных образцов бизнес – планов. - М.: «Ось-89», 2003. –18 бет.

    6 Горемыкин В.А., Нестерова Н.В. Энциклопедия бизнес – планов: Методика разработки. 75 реальных образцов бизнес – планов. - М.: «Ось-89», 2003. – 20 бет


    написать администратору сайта