Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти. 816 10.10.2018 ВМ карори. Окоз 1
Скачать 43.34 Kb.
|
Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган ишчи гуруҳ аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш ТАРИФЛАРИ Олдинги таҳрирга қаранг.
Изоҳлар. 1. Муаллифлик табоғи — 40 000 босма белгиларга, график материални (расмлар, диаграммалар, жадваллар, мусиқа ноталари ва ҳоказолар) нашр этишда 3000 кв. сантиметрга тенг бўлган нашр этиладиган асар ҳажмини ўлчаш бирлиги. Ҳарфлар, тиниш белгилари, рақамлар ва бошқалар ҳамда сўзлар ўртасидаги ҳар бир оралиқ босма белгилар ҳисобланади. 2. Ишчи гуруҳ аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш иш тугаллангандан сўнг, нашрга тавсия этилган ҳажмдан келиб чиққан ҳолда белгиланган тарифларга мос равишда амалга оширилади. * Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган ставкалар асосида ҳақ тўлаш амалга оширилади. (2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон) Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон қарорига 3-ИЛОВА Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисида Низом 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартибини белгилайди. 2. Олий таълимнинг ўқув адабиётлари дарслик, ўқув қўлланма, услубий қўлланма, услубий кўрсатма, услубий тавсиянома, маълумотлар тўплами (банки), маърузалар курси, маърузалар тўплами, машқлар (масалалар) тўплами, луғат, дайджест каби турларидан иборатдир. 3. Олий таълим муассасалари учун ўқув адабиётларини яратиш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади. 2-боб. Ўқув адабиётларини яратиш тартиби 4. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича яратилиши зарур бўлган ўқув адабиётлари рўйхатини шакллантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади: олий таълим муассасалари давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурларига мувофиқ яратилиши зарур бўлган ўқув адабиётларининг рўйхатини шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) киритади; Марказ олий таълим муассасалари томонидан киритилган ўқув адабиётлари рўйхатларини ўқув режа ва фан дастурларига мослиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқади, билим ва таълим соҳалари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг фанлари бўйича такрорланадиган адабиётларни аниқлайди, такрорланишларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда бартараф қилади, бир хил фанлар бўйича олий таълим муассасалари томонидан рўйхатга киритилган турли ўқув адабиётларини тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда оптималлаштиради ва мақбул ҳолатга келтирилган ўқув адабиётларининг рўйхатларини тегишли олий таълим муассасаларига ўз тавсиялари билан юборади; ўқув адабиётлари рўйхатларини шакллантирган олий таълим муассасаларининг ректорлари Марказ томонидан таҳлил қилинган тегишли ўқув адабиётлари рўйхатларини Вазирлик томонидан белгиланадиган ягона шаклдаги жадвал кўринишида ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва Марказга белгиланган тартибда тақдим этади. 5. Ўқув адабиётларини яратиш учун олий таълим муассасаларида соҳанинг етакчи мутахассислари, профессор-ўқитувчилари ва олимлар таркибидан муаллиф (муаллифлар жамоаси) тайинланади. Муаллифлар таркибига турдош олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳамда хорижий олим ва мутахассислар ҳам киритилиши мумкин. 6. Зарур ҳолларда, ўқув адабиётларини яратиш учун муаллифлар танлов асосида белгиланиши мумкин. Танловда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ишлаб чиқариш, фан, таълим ва тегишли бошқа соҳаларнинг юқори малакали мутахассислари, шунингдек хорижий мамлакатлар мутахассислари ҳам иштирок этиши мумкин. 7. Ўқув адабиётлари давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, фан дастурлари ҳамда ўқув адабиётларига қўйиладиган талабларга мос ҳолда тайёрланишига тегишли таянч олий таълим муассасаси масъулдир. 8. Ўқув адабиётлари матбаа ва ноширлик меъёрларига амал қилган ҳолда тайёрланади. 9. Ўқув адабиётлари қўлёзмаларини тайёрлаш ва уларни нашр қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади: таянч олий таълим муассасаларида муаллиф (муаллифлар жамоаси) томонидан ўқув адабиётининг қўлёзмаси тайёрланади; тайёрланган қўлёзмага фаннинг етук мутахассислари, таълим йўналиши бўйича турдош олий таълим муассасалари, тегишли соҳа ташкилотларининг тақризлари олинади; таянч олий таълим муассасасининг кенгашида ўқув адабиёти қўлёзмаси атрофлича муҳокама қилинади ва нашр қилишга тавсия этиш тўғрисида олий таълим муассасаси кенгашининг баёни расмийлаштирилади; экспертизадан ўтказиш мақсадида ўқув адабиётининг қўлёзмаси тегишли таянч олий таълим муассасаси томонидан Марказга киритилади; Марказ таянч олий таълим муассасалари томонидан киритилган ўқув адабиётлари қўлёзмаларини таълим соҳалари ва йўналишларига мувофиқ жамлаб, Вазирлик ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича Ўқув-услубий бирлашма ва комиссияларга (кейинги ўринларда ўқув-услубий бирлашма ва комиссиялар деб аталади) тақдим этади; ўқув-услубий бирлашма ва комиссиялар ўқув адабиётлари қўлёзмаларини давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари ҳамда ўқув адабиётларига қўйилган талабларга мослиги, талабаларга мукаммал замонавий билим, кўникма ва малакаларни беришга хизмат қилиши юзасидан экспертизадан ўтказади, ҳар бири бўйича асосланган хулоса ҳамда унинг ўзбек, рус, қорақалпоқ тилидаги адади ва нашр этиш манбалари (марказлашган бюджет маблағлари, олий таълим муассасаларининг маблағлари ва бошқалар) юзасидан тавсия беради; ўқув-услубий бирлашма ва комиссияларнинг ўқув адабиётлари қўлёзмалари юзасидан берган хулосаси Вазирлик ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича Ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) мажлисида муҳокама қилинади; муҳокама натижасида ижобий деб топилган ўқув адабиётларнинг қўлёзмалари Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлиси баёни билан нашр этишга тавсия қилинади, салбий баҳоланган ўқув адабиётлари қўлёзмалари қайта ишлаш учун тегишли таянч олий таълим муассасаларига юборилади; Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан нашр этишга тавсия этилган ўқув адабиётлар қўлёзмаларининг рўйхати уларни тайёрлаган олий таълим муассасаси, муаллифлар фамилияси ва исми, ўқув адабиётининг тури, унинг ҳажми, адади ва молиялаштириш манбаси кўрсатилган ҳолда Вазирликка тақдим этилади; Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тавсия этилган ўқув адабиётларни Вазирлик буйруғи билан нашр этишга рухсат берилади; нашр этишга рухсат берилган ўқув адабиётлари белгиланган тартибда нашр қилинади ва эҳтиёжга мувофиқ тегишли олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларига жойлаштирилади. 10. Чоп этилган ўқув адабиётларидан талабалар фойдаланиши учун муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига ўқув адабиётларининг босма ҳамда электрон нусхалари жойлаштирилади. 11. Ўқув-услубий бирлашма ва комиссиялар томонидан ўқув адабиётлари қўлёзмаларини экспертизадан ўтказиш, муҳокама қилиш ва хулоса ишлаб чиқиш тартиби Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланади. 12. Олий таълим муассасаларида тайёрланган ўқув адабиётлари қўлёзмаларини Марказга киритиш, ушбу қўлёзмаларни ўқув-услубий бирлашма ва комиссияларга тақдим этиш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади. 13. Олий таълим муассасалари томонидан, заруратга кўра, кўзи ожиз талабалар учун ахборот-ресурс марказларига жойлаштирилган ўқув адабиётлари асосида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда тегишли ўқув адабиётларининг тинглаб ўрганадиган аудио-дарсликлари яратилади ва ахборот-ресурс марказида сақланади. 3-боб. Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш меъёри ва уларни янгилаб бориш даврийлиги 14. Ўқув адабиётларининг матбаа усулида нашр қилинган нусхалари ҳамда муаллифлар билан белгиланган тартибда келишилган ҳолда ўқув адабиётларининг электрон нусхалари сақланадиган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари таълим жараёнини ўқув адабиётлари билан таъминлайдиган асосий манба ҳисобланади. 15. Ўқув адабиётлари билан олий таълим муассасаларини таъминлаш меъёрлари муайян олий таълим муассасасининг ахборот-ресурс марказида мавжуд бўлган ўқув адабиётлари сони тегишли таълим йўналиши ёки мутахассислигида таълим олаётган талабалар сони билан нисбат кўринишида белгиланади. 16. Олий таълимнинг бакалавриат босқичи учун ўтилаётган фанлар бўйича ҳар 6 нафар талабага камида 1 (бир) дона ўқув адабиёти тўғри келса, мазкур таълим йўналиши ўқув адабиётлари билан таъминланган ҳисобланади. Бунда таълим жараёнининг ўқув адабиётлари билан таъминланиши ахборот-ресурс марказида ўқув адабиётларининг электрон нусхалари мавжудлигини назарда тутади. 17. Нашр қилинаётган ўқув адабиётларининг адади бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўқитилаётган фанлар бўйича ҳар 6 нафар талабага камида 1 (бир) дона ҳамда ҳар 2 (икки) нафар талабага кўпи билан 1 (бир) дона ўқув адабиёти тўғри келиши миқдорлари оралиғида белгиланади. Нашр қилинадиган ўқув адабиётларининг адади ушбу меъёрларга амал қилган ҳолда, Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ўқув-услубий бирлашма ёки комиссиялар хулосаси асосида белгиланади ва Вазирликка тавсия қилинади. Вазирлик томонидан бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади. 18. Олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари фондидаги ўқув адабиётлари мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, янгиланиш, фан, техника ва технологияларнинг сўнгги ютуқлари, илғор халқаро тажриба ва тараққиёт тенденциялари, янги фанлар ва таълим йўналишлари киритилиши, давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари такомиллаштирилиши ва ўзгартирилишига мувофиқ янгиланиб борилиши лозим. 19. Ўқув адабиётларини янгилаб бориш даврийлиги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари фанларининг туркумлари (ўқув режа блоклари)дан келиб чиқиб ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ белгиланади ва тавсиявий характерга эга бўлади. 20. Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари илк бор киритилиши ёки янгиланиши, янги фанлар киритилиши ҳамда Ҳукумат қарорлари ва кўрсатмалари асосида ўқув адабиётлари тавсия этилган даврийликдан мустасно тарзда янгиланади. 21. Янгиланиши зарур бўлган ўқув адабиётлари таянч олий таълим муассасаси томонидан чоп этилиши режалаштирилаётган рўйхатга киритилади. Бунда ўқув адабиёти янгиланишининг сабаблари, мавжуд ўқув адабиёти нечанчи йилда чоп этилгани кўрсатилади. 4-боб. Якунловчи қоида 22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА Олий таълим муассасалари учун ўқув адабиётларни яратиш тартибининг СХЕМАСИ Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА Ўқув адабиётларини янгилаб бориш даврийлиги бўйича тавсиявий Кўрсаткичлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон қарорига 4-ИЛОВА Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўқув адабиётларини яратишга қўйилган ТАЛАБЛАР 1-боб. Умумий қоидалар 1. Мазкур Талаблар олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўқув адабиётларини яратишга қўйилган умумий талабларни белгилайди. 2. Талабларнинг асосий мақсади олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг барча таълим турлари учун замонавий ўқув адабиётларининг шакли, тури, функцияси, яратиш тамойиллари ва талабларини белгилаш ҳамда ўқув адабиётларини яратиш жараёнида асосий услубий ва меъёрий восита бўлиб хизмат қилишдир. 2-боб. Ўқув адабиётларининг шакли ва турлари 3. Ўқув адабиётлари олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида муайян ўқув фани бўйича зарур назарий ва амалий билимлар, ўқув материаллари, услубиёт ва дидактик маълумотлар илм-фан, маданият, техника ва технологияларнинг замонавий ютуқлари, жаҳон тажрибалари асосида тизимли баён этилган нашр бўлиб, асосан икки хил шаклда тайёрланади: анъанавий (босма) ўқув адабиётлари — таълим олувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятлари, ўқув материаллари ва маълумотлар ҳажми, шрифтлар, қоғоз сифати, муқова тури ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда матбаа усулида тайёрланиб чоп этилган нашр; электрон ўқув адабиётлари — замонавий ахборот технологиялари асосида маълумотларни жамлаш, тасвирлаш, янгилаш, сақлаш, билимларни интерактив усулда тақдим этиш ва назорат қилиш имкониятларига эга бўлган электрон мажмуа. 4. Ўқув адабиётларининг қуйидаги турлари мавжуд: дарслик; ўқув қўлланма; услубий қўлланма; услубий кўрсатма; услубий тавсиянома; маълумотлар тўплами (банки); маърузалар курси; маърузалар тўплами; машқлар (масалалар) тўплами; луғат; дайджест. 5. Ўқув адабиётларининг турлари қуйидагича ифодаланади: дарслик — муайян ўқув фанининг мавзулари тизимли, чуқур ва тўлиқ ёритилган, тегишли фан мазмунини белгиланган ҳажмда мукаммал ўзлаштиришга қаратилган, мазмунан ва шаклан таълим турларига (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим (бакалавриат, магистратура)) мослаштирилган, ўқувчи ва талабаларда фанга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига, ижодий қобилиятлар ривожланишига хизмат қиладиган, расмий тасдиқланадиган асосий ўқув нашридир; ўқув қўлланма — дарсликни қисман тўлдирувчи, муайян фан дастури бўйича тузилган ва мавзуларни зарурий ҳажмда тизимли ёритиб берадиган, фан асосларининг мукаммал ўзлаштирилишини таъминловчи, мазмунан ва шаклан таълим турларига (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим (бакалавриат, магистратура)) мослаштирилган, назарий ёки амалий машқ ва машғулотларга мўлжалланган, ўқувчи ва талабаларда фанга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига хизмат қиладиган, расмий тасдиқланадиган ўқув нашридир; услубий қўлланма — профессор-ўқитувчилар ва билим олувчилар учун мўлжалланган бўлиб, унда бир дарснинг мақсади, дарс ўтиш воситалари ва улардан фойдаланиш усуллари, дарснинг мазмуни, амалий машғулотлар, қўшимча топшириқлар ва бошқалар ҳақида тавсиялар баён қилинадиган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган нашр; услубий кўрсатма — муайян фаннинг ўқув дастури бўйича курс ишлари (лойиҳалари), лаборатория ва амалий ишларни, шунингдек битирувчиларнинг битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертацияларини бажариш тартиби аниқ ва батафсил ифодаланган ҳамда ушбу фан бўйича билим олувчиларда зарур амалий кўникмалар ҳосил қилишга мўлжалланган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган кичик ададли нашр; услубий тавсиянома — муайян фаннинг ўқув дастури бўйича мавзуларнинг асосий мазмунини ёки айрим мураккаб мавзулар ва масалаларни ўзлаштириш, назарий ва амалий вазифалар, топшириқларни бажариш бўйича услубий ёрдам кўрсатиш ва педагогик тавсия беришга қаратилган ёрдамчи ўқув адабиёти ҳисобланадиган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган кичик ададли нашр; маълумотлар тўплами (банки) — фойдаланишга қулай шаклда яратилган, муайян фанни ёки таълим йўналишини ўзлаштириш учун зарур бўлган, исбот талаб қилмайдиган маълумотлар, илмий кўрсаткич ва ўлчамлар, турли белги ва рақамлардан, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ишлаб чиқариш, техника, маданий ва бошқа соҳалардаги қисқа илмий, амалий, маълумотлардан ташкил топган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган нашр; маърузалар курси — фаннинг ўқув дастури бўйича маърузалар курсининг номи тегишли фан номи билан аталган, ундаги барча мавзуларнинг асосий мазмуни қисқа ёритилган, бирламчи янги билимларни олишга қаратилган, фойдаланиладиган асосий ва қўшимча ўқув адабиётлари кўрсатилган, ўзини ўзи назорат қилишга оид саволлар туркуми, мавзуга тегишли таянч атама ва иборалар келтирилган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган нашр; маърузалар тўплами — муайян фаннинг ўқув дастури бўйича ундаги айрим мавзуларнинг асосий мазмуни қисқа ёритилган, бирламчи янги билимларни олишга қаратилган, фойдаланиладиган асосий ва қўшимча ўқув адабиётлари кўрсатилган, ўзини ўзи назорат қилишга оид саволлар туркуми, мавзуга тегишли таянч атама ва иборалар келтирилган, илмий-тадқиқот изланишлари асосида мунтазам янгиланиб туриладиган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган кичик ададли нашр; машқлар (масалалар) тўплами — муайян фаннинг мавзулари бўйича амалий машқлар, масалалар, шунингдек таърифлаш, ифодалаш, шакллантириш, ҳисоблаш, ишлаб чиқиш бўйича мисоллар келтирилган, мавзуларга оид меъёрий, услубий, сонли ва таянч маълумотлар билан тўлдирилган, ўқувчи ва талабаларда амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этиладиган нашр. луғат — аниқ бир тартибда жойлашган сўзлар (ёки сўз бирикмаси ва ҳоказо) тўплами, уларнинг мазмуни, ишлатилиши, келиб чиқиши, бошқа тилдаги таржимаси тўғрисида маълумот берувчи ёки сўзнинг тушунчаси, у билан белгиланувчи предметлар ҳақида ахборот берувчи, таълим муассасаларининг кенгаши (педагогика кенгаши) тавсияси асосида чоп этилган нашр; дайджест — илмий, илмий-услубий, ўқув, даврий адабиётлар, қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунининг қисқача баёни ва шарҳи келтирилган, соҳаларга оид маълумотлар тўплами сифатида фойдаланиладиган нашр. |