Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти. 816 10.10.2018 ВМ карори. Окоз 1
Скачать 43.34 Kb.
|
[ОКОЗ: 1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.72.00 Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)] [ТСЗ: 1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш, олий таълим муассасаларини илғор жаҳон тажрибалари асосида яратиладиган янги авлод дарслик, ўқув қўлланмалари ҳамда даврий нашрлар билан тизимли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қуйидагилар: олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ; хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ; олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ; олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўқув адабиётларини яратишга қўйилган талаблар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 2. Белгилаб қўйилсинки: олий таълим тизимини ўқув адабиётлари билан таъминлаш мавжуд бўлган зарур ўқув адабиётларини харид қилиш, янгиларини яратиш ва белгиланган тартибда нашр қилиш (фойдаланилаётган адабиётларни қайта нашр қилиш) ҳамда олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига жойлаштириш йўли билан амалга оширилади; ўқув адабиётларини харид қилиш ҳамда яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш аниқ ҳисоб-китобларга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилади; ўқув адабиётларини харид қилиш, яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин. 3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига: ушбу қарорга мувофиқ тегишли буйруқ ва бошқа ички ҳужжатларни белгиланган тартибда тасдиқлаш; олий таълим муассасалари учун ўқув адабиётларини марказлашган ҳолда нашр қилиш жараёнининг белгиланган тартибда амалга оширилишини тизимли таъминлаш вазифаси юклансин. 4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга: олий таълим муассасалари ўз ихтисослигига мувофиқ етакчи хорижий ва маҳаллий даврий нашрларни (журналларни) харид қилиши ва уларга обуна бўлиши жараёнини тизимли мувофиқлаштириш; олий таълим муассасалари ушбу қарорга тўлиқ амал қилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш ва бу борада талабчанликни ошириш вазифаси юклансин. 5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2018 йил 10 октябрь, 816-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон қарорига 1-ИЛОВА Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартибини белгилайди. 2. Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва уларни харид қилиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади. 2-боб.Хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби 3. Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш вазифаси таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича қуйидаги тартибда босқичма-босқич амалга оширилади: таянч олий таълим муассасасида хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш бўйича ректор бошчилигида комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорлар, тегишли факультет деканлари, кафедра мудирлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари, олий таълим муассасасининг маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотларининг вакиллари ҳамда турдош олий таълим муассасалари мутахассислари киритилади; комиссия томонидан муайян таълим йўналиши ёки мутахассислик ўқув режасига киритилган фанлар бўйича ўн кун муддатда профессор-ўқитувчилар таркибидан мутахассислар гуруҳлари белгиланади; бир ой муддатда мутахассислар гуруҳлари мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда тегишли ўқув фанига оид замонавий, илғор назарий ва амалий билим, услубиёт, маълумот, илмий ва технологик янгиликларни ўз ичига олган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни излаб топади ва аниқлайди; фанлар бўйича мутахассислар гуруҳлари аниқлаган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар ўн беш кун муддатда комиссия томонидан жамланади, умумий рўйхатга киритилади ва белгиланган талабларга жавоб бериши таҳлил қилинади,зарур ҳолларда умумий рўйхатга ўзгартиришлар киритилади ва ректор томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади)белгиланган тартибда тақдим этилади; Марказ таянч олий таълим муассасалари томонидан киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатларини икки ой муддатда умумлаштиради, умумлаштирилган рўйхатда билим ва таълим соҳалари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг фанлари бўйича такрорланадиган хорижий адабиётларни аниқлайди, такрорланишларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда бартараф қилади, бир хил фанлар бўйича олий таълим муассасалари томонидан рўйхатга киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда оптималлаштиради ва якуний умумлаштирилган рўйхатни ҳамда таянч олий таълим муассасаларидан Марказга тақдим этилган рўйхатларни белгиланган тартибда Вазирликка тақдим этади; Вазирлик, Марказ томонидан тақдим этилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумлаштирилган рўйхатини икки ой муддатда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади. 4. Таянч олий таълим муассасаларида хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумий рўйхатини шакллантиришда унга фақат чет элдан марказлашган ҳолда харид қилиш зарур бўлган ўқув ва илмий адабиётлар киритилишини, интернет ва бошқа йўллар орқали олий таълим муассасаси томонидан харид қилинадиган, чет элдан якка тартибда олиб келинадиган,ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар умумий рўйхатга киритилмаслигини таянч олий таълим муассасасининг комиссияси назорат қилади ва бунга масъул ҳисобланади. 5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати тасдиқланган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилинади. 6. Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш жараёнида улар тижорат мақсадларида ишлатилмаслиги, улардан фақат бакалавриат ва магистратуранинг ўқув жараёнида фойдаланилиши, шунинг учун уларнинг электрон нусхаларини яратиш, уларни ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларга қисман ёки тўлиқ таржима қилиш, электрон нусхада кўпайтириш, улар асосида миллий ўқув адабиётларини яратиш ва нашр қилиш тадбирлари тўловсиз амалга оширилиши хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш шартномаси шартларида алоҳида белгиланишига эътибор қаратилади. 7. Марказлашган тартибда харид қилиниб олиб келинган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар белгиланган тартибда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига жойлаштирилади. 8. Марказлашган тартибда харид қилинган хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан фойдаланиш учун олий таълим муассасалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига мурожаат қиладилар. 9. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига марказлашган тартибда келтирилган хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан фойдаланиш бепул амалга оширилади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш шартномаси шартларидан келиб чиқиб, улардан фойдаланиш (таржима қилиш, электрон нусхаларини кўчириш, кўпайтириш, хорижий ўқув ва илмий адабиётлар асосида миллий ўқув адабиётларни яратиш) тартибини белгилайди. 10. Олий таълим муассасасининг раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, мутахассислари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан белгиланган меъёрлар ва берилган кўрсатмаларга тўлиқ амал қилган ҳолда хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан белгиланган тартибда фойдаланади. 3-боб.Якунловчи қоида 11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва уларни харид қилиш тартибининг СХЕМАСИ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон қарорига 2-ИЛОВА Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини белгилайди. 2. Олий таълим муассасаларида хориждан келтирилган ўқув ва илмий адабиётларни таржима қилиш, таҳрир қилиш ва экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашда қуйидаги маблағлардан фойдаланиш назарда тутилади: олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари; ҳомийлик хайриялари, грантлар, жумладан халқаро грантлари; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маблағлар. 2-боб. Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш 3. Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказиш мақсадида олий таълим муассасаларида ҳар бир фан бўйича профессор-ўқитувчилар таркибидан ҳамда жалб этилган мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳлар деб аталади) ташкил этилади. 4. Ишчи гуруҳлар таркибига киритиладиган мутахассисларга қўйиладиган талаблар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланади. Олдинги таҳрирга қаранг. 5. Ишчи гуруҳлар аъзолари хизматига ҳақ тўлаш тарифларини меъёрлаштириш хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг муаллифлик босма табоғи ҳажмига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан коэффициентларда таржима қилиш, таҳрир қилиш, экспертизадан ўтказиш жараёнлари учун алоҳида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланади. (5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон) 6. Ишчи гуруҳ томонидан бажариладиган хизматларга ҳақ тўлаш ишчи гуруҳ аъзолари билан тузиладиган фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида амалга оширилади. 3-боб. Якунловчи қоидалар 7. Ишчи гуруҳ аъзолари хизматига ҳақ тўлаш масалалари бўйича низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилади. 8. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган ишчи гуруҳ аъзоларига қўйиладиган ТАЛАБЛАР
|