Взаимодействие МЧС с Минздравом во время пандемии COVID-19. Эди. збекистон республикаси фавулодда вазиятлар вазирлиги, збекистон республикаси фавулодда вазиятлар вазирлиги узуридаги гидрометеорология хизмати маркази трисидаги низомларни тасдилаш Аида
Скачать 55.83 Kb.
|
3-боб. Вазирликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 14. Вазирлик ўз зиммасидаги вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга: ўз ваколати доирасида фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авариялар, ҳалокатлар, террористик ҳаракатлар оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш учун зарур бўлган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши шарт бўлган қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш; Вазирлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотлар ва ҳужжатларни сўраб олиш; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини, Вазирлик фаолиятига оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда текшириш, шунингдек қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш; Вазирлик фаолиятининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун идоралараро мувофиқлаштирув ва маслаҳатлашув органлари, ишчи гуруҳ, комиссия (илмий, илмий-техник, услубий ва шу кабиларни) тузиш; Олдинги таҳрирга қаранг. қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, жарима ва бошқа тушумлар ҳисобидан Вазирликнинг бюджетдан ташқари фондини белгиланган тартибда ташкил этиш, унинг маблағларини бошқариш; (14-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 декабрдаги 1002-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2018 й., 09/18/1002/2295-сон) Вазирлик ихтиёридаги давлат мулкини белгиланган тартибда бошқариш; Вазирлик хизмат мажбуриятларини бажаришда, фаолиятни ташкил этиш учун бюджет манбасидан тўғридан-тўғри олинадиган маблағлар, шунингдек давлат моддий ресурсларини янгилаш учун сотишдан келиб тушадиган маблағлар, жарималар, хайрия маблағлари, мурувват ёрдам, грант ва қонунчиликда тақиқланмаган манбалар маблағларини тасарруф этиш; Олдинги таҳрирга қаранг. авария-қутқарув техникаларини яратиш, авариялар ва ҳалокатлардан жабрланган аҳоли ва ҳудудларни реабилитация қилиш ишларини олиб боришда ишларни бажарувчилар (фирмалар), чет эллик иш бажарувчилар билан, шунингдек, Вазирлик зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш; (14-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 981-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2018 й., 09/18/981/2263-сон) махсус техник воситаларни тайёрлаш ва ушбу воситаларни тайёрлашга буюртмалар бериш, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда эҳтиёж учун зарур бўлган радиовоситалар, махсус жиҳоз ва техника, бошқа техник воситаларни олиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш; вазирлик ҳарбий хизматчилари, ходимлари ва мутахассисларини, уларнинг оила аъзоларини, шунингдек пенсионерларининг қонунчилик талаблари асосида даволаш-профилактик, санатория-курорт ва бошқа чора-тадбирлар орқали ижтимоий ҳимоясини таъминлаш; Олдинги таҳрирга қаранг. вазирлик эҳтиёжлари учун капитал қурилишлар, шу жумладан, уй-жой қурилиши, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва қайта таъмирлаш ишларини олиб бориш шунингдек, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларида; (14-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 декабрдаги 1002-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2018 й., 09/18/1002/2295-сон) белгиланган тартибда тасдиқланган махсус радиоалоқа, сигнал бериш воситалари, байроқчалар, таниш белгилари билан жиҳозланган махсус рангдаги техник воситалар, учиш воситалари, ҳаво ва сув кемаларига эгалик қилиш; қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолиятига мустақил экспертлар ва мутахассисларни жалб қилиш; Вазирлик фаолиятига доир масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишга тайёргарлик кўриш ва ижросини таъминлаш ҳақида белгиланган тартибда таклифлар киритиш; чет эл мамлакатларининг тегишли тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат ташкилотлари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилиш; белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш; маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда бошқа вилоятлардаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларига доимий шай турадиган ҳудудий куч ва воситаларни жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш; Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 15. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга. Вазирлик зарур ҳолларда бошқа давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. 16. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради. 4-боб. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш 17. Вазирликни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири (кейинги ўринларда вазир деб аталади) бошқаради. Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари бўлади. 18. Вазир: Вазирлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади ва Вазирликка юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради; Вазирлик ва унинг таркибида бўлган ташкилотлар ва тузилмалар фаолиятига раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари органларида, шунингдек халқаро ҳамкорлик доирасида ўтказиладиган тадбирларда Вазирлик манфаатларини ифодалайди; вазир ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Вазирликнинг алоҳида иш йўналишлари ва участкалари, шунингдек бўйсунувидаги ташкилотларга раҳбарлик қилишининг белгиланган бўйича ваколати, шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди; ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппарати штати ва таркибини тасдиқлайди, шунингдек уларнинг тасдиқланган даври ва бюджет ажратмалари доирасида харажатлар миқдорини белгилайди; буйруқлар, кўрсатмалар ва директивалар чиқаради, Вазирлик тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради; вазирликнинг олий офицерлари таркиб томонидан эгалланиши мумкин бўлган мансаблар рўйхати бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади; вазирлик ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолайди; ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритади; марказий аппарат тузилмаларининг низомларини, Вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг низом (устав) ларини тасдиқлайди; ҳарбий хизматчиларнинг лавозими, шунингдек ушбу лавозимга мувофиқ келадиган ҳарбий унвонларини белгиланган тартибда тасдиқлайди; тузилмалар шахсий таркибининг техника ва асбоб-анжомлар билан таъминланиш меъёрларини тасдиқлайди; давлат бюджети ҳисобидан ажратилган ва белгиланган хизмат ресурсини ўтаб бўлган моддий-техник воситаларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши бўйича ҳужжатларни тасдиқлайди; илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари топшириқлари, шунингдек объектларни, қутқарув тузилмалари учун янги турдаги техника ва техник воситаларни лойиҳалаштириш топшириқларини тасдиқлайди; ҳарбий хизматчиларга, полковникка қадар ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий унвонни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлар таркиби учун белгиланган тартибда ва муддатда беради; вазирлик ҳарбий хизматчиларини лавозимларга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан келишган ҳолда ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларини лавозимга тайинлайди; белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга қабул қилади; вазирлик ваколатига оид масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахслар қабулини ташкил этади; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазирлик тизимида ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади; ўз ваколатлари доирасида Вазирлик тизими ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш масалаларини ҳал этади; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оддий аскар ва офицерлар таркибидан бўлган ҳарбий хизматчиларни давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларга хизмат сафарига юборади; алоҳида хизматлари учун Вазирлик тизими ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва уларга фахрий унвонлар бериш, шунингдек идоравий мукофотларни таъсис этиш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади; Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва ходимларини белгиланган тартибда хизмат сафарларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборади; идоравий тақдирлаш белгиларини ишлаб чиқади, ушбу белгилар ва уларнинг тасвири ҳақидаги низомларни тасдиқлайди, улар билан Вазирлик шахсий таркибини, шунингдек фуқаро муҳофазаси, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишлари амалга оширилишига кўмаклашган фуқароларни тақдирлайди; Фавқулодда вазиятлар вазирлигини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг бош тасарруфчиси ҳисобланади; Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда: олий офицерлар таркибининг, улар учун белгиланган лавозимларга тайинланиши ва озод этилиши тўғрисида; олий офицерлар таркибига ҳарбий унвонлар берилиши тўғрисида; Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва қутқарувчиларининг кийим-бош намуналарини тасдиқлаш тўғрисида таклифлар киритади; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади. 19. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда фавқулодда вазиятлар бошқармалари ташкил этилади. Тоифаланган туманлар ва шаҳарларда — фавқулодда вазиятлар бўлимлари ташкил этилади. 20. Вазирликни ҳарбий хизматчилар билан жамлаш белгиланган тартибда, буюртманомалар асосида амалга оширилади. Вазирликнинг офицерлар ва сержантлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий ва махсус таълим муассасаларида ва бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида амалга оширилади. 21. Вазирликда вазир (ҳайъат раиси), лавозими бўйича вазир ўринбосарлари, Вазирликнинг ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг, шунингдек бошқа вазирликлар ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат таркибдаги ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби ва сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади: Вазирлик фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш; аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш; Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда Вазирлик раҳбарияти ва бошқа мансабдор шахсларнинг ижро интизоми ва шахсий жавобгарлигини оширишни мустаҳкамлаш. Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. Ҳайъат қарорлари Вазир буйруқлари билан амалга оширилади. 22. Вазирлик ваколати доирасидаги муҳим муаммоларни кўриб чиқиш, тавсиялар ишлаб чиқиш учун илмий-техник кенгаш ташкил этилади, унинг таркибига тегишли давлат ижро ҳокимияти органлари, илмий ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг вакиллари кириши мумкин. Илмий-техник кенгаши таркиби ва унинг тўғрисидаги Низом Вазир томонидан тасдиқланади. Илмий-техник кенгаш ўз фаолиятини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар билан яқин ҳамкорликда ташкил этади. 23. Вазирликнинг шахсий таркиби ҳарбий ва махсус кийим-бош формасига, рамзга ва фарқловчи нишонларга эга бўлади, уларнинг намуна-эталонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Вазирлик техникалари ва транспорт воситалари унинг рамзи тасвири туширилган махсус рангга бўялади. 5-боб. Моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари 24. Вазирлик шахсий таркибини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. 25. Вазирликнинг ҳарбий хизматчилари ва хизматчилари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминоти меъёрлари, улардан фойдаланиш муддати Вазир томонидан белгиланади. 6-боб. Якунловчи қоида 26. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 августдаги 606-сон қарорига 2-ИЛОВА Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг(кейинги ўринларда Ўзгидромет деб аталади) мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. 2. Ўзгидромет Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология соҳасидаги масалаларни ҳал қилувчи махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади. 3. Ўзгидромет ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) бўйсунади ва ҳисобот беради. 4. Марказий аппарат, ҳудудий гидрометеорология бошқармалари, «Гидрометприбор» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, «Метеоинфосистем» ахборот-техник бошқармаси, Гидрометеорология илмий-текшириш институти, Тошкент гидрометеорология касб-ҳунар коллежи, шунингдек идоравий бўйсунувдаги бошқа ташкилотлар»Ўзгидромет»нинг ягона тизимини ташкил қилади. 5. Ўзгидромет ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири (кейинги ўринларда Вазир деб аталади) буйруқларига ва мазкур Низомга амал қилади. 6. Ўзгидромет ўз фаолиятини Вазирлик раҳбарлигида, шунингдек бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. 7. Ўзгидромет ва унинг идоравий ташкилотлари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади. 8. Ўзгидромет Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Бодомзор йўли 1-тор кўча, 72-уй, 100052 манзилида (почта манзилида) жойлашган. 2-боб. Ўзгидрометнинг асосий вазифалари ва функциялари 9. Қуйидагилар Ўзгидрометнинг асосий вазифалари ҳисобланади: гидрометеорологик кузатувлар давлат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, гидрометеорологик тармоқни модернизациялаш ва техник жиҳатдан янгилаш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва республика Қуролли Кучларини ўз вақтида ва сифатли гидрометеорологик таъминлаш; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларини, шунингдек фуқароларни мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар, хавфли ва табиий гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши тўғрисидаги тезкор маълумотлар билан таъминлаш; қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйлов ўсимликларининг ҳолати, табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг юзага келиши ва ривожланиши, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва юза сувлар ифлосланиши, стратосферадаги озон умумий таркибининг тизимли кузатувларини амалга ошириш; гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳит ифлосланиши соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш; кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш ва уни босқичма-босқич такомиллаштириш, гидрометеорология соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш; гидрометеорологик кузатувлар тизимининг илғор технологияларини такомиллаштириш ва жорий этиш, шунингдек тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида хорижий гидрометеорологик хизматлар билан ҳамкорликни ривожлантириш. 10. Ўзгидромет ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади: а) гидрометеорологик кузатувлар давлат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, гидрометеорологик тармоқни модернизациялаш ва техник жиҳатдан янгилаш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва республика Қуролли Кучларини ўз вақтида ва сифатли гидрометеорологик таъминлаш соҳасида: гидрометеорология соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича Вазирликка таклифлар киритади; ўз ваколатлари доирасида гидрометеорологик кузатувлар, гидрометеорология маълумотларини, шунингдек атроф табиий муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш, уларга ишлов бериш, уларни таҳлил қилиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш ва модернизация қилишни таъминлайди; Ўзгидромет ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади; б) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларини, шунингдек фуқароларни мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар, хавфли ва табиий гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши тўғрисидаги тезкор маълумотлар билан таъминлаш соҳасида: қишлоқ хўжалиги, авиация, мудофаа ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун махсус тезкор гидрометереологик хизмат кўрсатади; аҳолига мунтазам равишда, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали кутилаётган ва рўй бераётган об-ҳаво шароитлари, табиий гидрометеорологик ҳодисалар, атроф табиий муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотларни етказиб беради; давлат гидрометеорологик маълумотлар фонди ва табиий муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотлар давлат фондини шакллантиради ва юритади; белгиланган тартибда ер усти сувлари бўйича Давлат сув кадастрини, шунингдек хавфли гидрометеорологик ҳодисалар бўйича юқори табиий хавфли зоналар давлат кадастрини юритади; иқлимий маълумотлар миллий базасини шакллантиради; қонунчиликда белгиланган тартибда метеорологик, гидрологик ва агрометеорологик асбоб-ускуна ва қурилмаларни текширади ҳамда аттестациядан ўтказади; в) қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйлов ўсимликларининг ҳолати, табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг юзага келиши ва ривожланиши, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва юза сувлар ифлосланиши, стратосферадаги озон умумий таркибининг тизимли кузатувларини амалга ошириш соҳасида: тезкор гидрометеорологик, иқлимий ва уларга боғлиқ атроф муҳитга тегишли хизматлар кўрсатиш мақсадида кузатув маълумотларини йиғиш, уларга ишлов бериш ва сифатини назорат қилиш тизимини яратади ва уни ишчи ҳолатда сақлаб туради; гидрометеорологик прогнозлаш моделлари ва тизимини яратади ва улардан фойдаланади; гидрометеорологик маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва уларни умумлаштиради; иқлим ўзгариши мониторингини таъминлайди ва унинг тахминий прогнозларини тақдим этади, шунингдек иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди; атмосфера, ер усти сувлари (табиий сув оқимлари), тупроқ ва фон мониторинги (маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, ахборот тайёрлаш)ни амалга оширади, атмосферанинг ифлосланиш даражасини прогноз қилади; гидрометеорологик кузатувлар тармоғи, шунингдек атроф табиий муҳит ифлосланишини кузатиш тармоғини юқори техник даражада сақлаб туради ва ундан фойдаланади; г) гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳит ифлосланиши соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш соҳасида: миллий ва халқаро миқёсда гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳит ифлосланиши соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этади ва амалга оширади; замонавий технологияларга асосланиб гидрометеорология фанини ривожлантириш чораларини кўради; д) кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш ва уни босқичма-босқич такомиллаштириш, гидрометеорология соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш соҳасида: гидрометеорология ва унга боғлиқ соҳалар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади; гидрометеорология соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади; е) гидрометеорологик кузатувлар тизимининг илғор технологияларини такомиллаштириш ва жорий этиш, шунингдек тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида хорижий гидрометеорологик хизматлар билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида: дастурлар ва халқаро фаолиятда иштирок этиш орқали миллий манфаатларга кўмаклашувчи тегишли халқаро мажбуриятларни, шу жумладан, Бутунжаҳон Метеорология Ташкилоти Конвенцияси, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Конвенцияси, БМТнинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш Конвенцияси, ЮНЕСКО Халқаро гидрологик дастурлари доирасидаги мажбуриятларни бажаради; белгиланган тартибда халқаро иқлимий молиялаштириш жамғармалари, Иқлим ўзгариши бўйича Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (МГЭИК) фаолиятида иштирок этади, Ўзбекистон Республикасининг Яшил иқлимий жамғарма билан ишлаш учун миллий ваколатли органи функцияларини бажаради; Бутунжаҳон Метеорология Ташкилотининг Жаҳон об-ҳаво хизмати тизимида Минтақавий метеорологик марказ функцияларини бажаради; Халқаро Фуқаро авиацияси ташкилотида (ИКАО) Ўзбекистон Республикасининг ваколатли метеорологик органи вазифаларини бажаради. 11. Ўзгидромет ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий гидрометеорология бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар орқали ҳал этади. |