Миллий урф одатлар ва аналалар. Милий урф одатлар ва ананалар. Оилавий маросимлар
Скачать 1.92 Mb.
|
Милий урф одатлар ва ананалар ОИЛАВИЙ МАРОСИМЛАР Маросим инсон ҳаётида муҳим ҳодисалар содир бўлганида вужудга келади ва кишилар ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни (масалан, туғилиш, уйланиш, ўлим) қайд этади, расмийлаштиради. Ўзбек оилаларида ёш оилаларни тарбиялаш учун ўзига хос маънавий "зина" сифатида хизмат этадиган, чақалоқ туғилгандан, то улғайиб, янги оила қургунгача бўлган ҳаётий муҳим воқеаларни қайд қиладиган маросимлар тизими ("Чақалоқ дунёга келиши", "Исм бериш", "Чақалоқ чилла", "Бешик тўй", "Соч тўй", "Тиш тўй", Биринчи қадам", "Суннат тўй", "Мучал ёш", "Никоҳ тўй" кабилар) вужудга келган. Бешик тўй Бешик тўйи Ўзбекистонда кенг тарқалган қадимий оилавий маросимлардан бири ҳисобланади. Бу маросим бола туғилганда етти, тўққиз, ўн биринчи кунлари ёки келин-куёвнинг ота-оналарининг ўзаро келишувлари билан белгиланган кунда асосан қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар иштирокида ўтказилади. Айнан бешик тўйини бошқа оилавий маросимлардан фарқи шундаки, унда эркаклар қатнашмайди ва асосан хотин-қизлар иштирок этишади. Одатда, бешик тўйи оиладаги биринчи (тўнғич) фарзанд учун ўтказилади ва у тантанали кечади. Бешик тўйи ЎЗбекистонда умумий "Бешик тўйи" дейилсада, лекин турли минтақаларда айрим маҳаллий номларга ҳам эга бўлган. Мисол учун, Бухорода Говора бандон — бешикка боғлаш дейилса Хоразмда "Бувак йиғилиш" деб айтилган. Анъанага кўра бешик тўйи ўтказилишидан аввал қизнинг онаси бешик сотиб олади ва уни безайди ҳамда чақалоққа керакли барча буюмлар тайёрлайди. Шундан кейин безатилган дастурхонга нон, патир ва ширинликлар тугиб, ўйинчоқлар (қиз бола бўлса қўғирчоқ) қўшилган ҳолда бешик тўйи ўтказиладиган кундан бир кун аввал куёвнинг уйига юборилади. Безатилган бешик, совғалар ва дастурхонларни арава (ҳозирда машиналарда) га юклаб, кўча-кўйда кўз-кўз қилиб, карнай-сурнай ва чилдирмалар жўрлигида олиб борилган. Кўп ерларда (хусусан Тошкентда) чақалоққа атаб (агар ўғил бола бўлса) той ҳам ясатилган. Чақалоқнинг ота-онаси, бува ва бувисига сарпо ҳам қўйилган. Бешик тўйи ўтказиладигана кун чақлоқнинг она томонидан қарриндошларини кутиб олингач, ниятлари оқ бўлиши, болага бахт тилаш рамзи сифатида уларнинг юзларига ун сепилади. Меҳмонлар дастурхон тузаб безатилган хонага таклиф этилган. Шу вақт бошқа хонада бошқа урф-одатлар ижро этилиб чақалоқни бешикка белаш маросими ўтказилган. Бешик тўйи маросимида карнай сурнайлар оҳанглари остида эрталабдан то кечгача бўлган. Ҳозирда эса маълум бир куннинг белгиланган вақтида келиннинг қизлик уйида ёки куёвнинг хонодонида ўтказилади. Анъанага кўра куёвнинг энг яқин қариндош аёллари ўзига хос айтимлар айтган ҳолда боришади. Ўз навбатида дастурхончи аёл ёки қариндошлар орасидаги пири бадавлат аёллардан бири алла айтиб махсус ясатилган бешикни олиб киради. Алла айтиш тугагандан кейин куёнинг отаси пул берган ҳолда "сотиб олади". Сўнгра келган меҳмон аёллар уйга таклиф қилинади ва махсус безатилган дастурхонга ўтқазилади. Дастурхон атрофида болага бағишлаб дуолар қилинади. Айрим худудларда бешик тўйида хамирдан узун қилиб қирқилган махсус угра ош тайёрланган. Бундан кўзланган мақсад мисоли угра каби боллани умри ҳам узун бўлсин деган ният мужассамлашган. Зиёфатдан сўнг ўйин кулги ва рақс бўлади ва келин-куёвнинг яқин қариндошлари чақалоққа атаб турли совғалар беришади.Ўз навбатида куёнинг ота онаси ҳам келган меҳмонларга махсус тайёрлаб қўйган совғаларини улашади. Хоразмда бешик тўйи учун махсус тарзда халфа аёллар таклиф қилинади. Улар ўзбек халқ достонларидан парчалар ўқиганлар ва турли ҳикоя ғамда ривоятларни йиғилганларга айтиб берган. Халфалар асосан биринчи туғилган фарзандни "бешик тўй"ларида иштирок этганлар. Аввал бешик тўйи маросими учун махсус жўхоридан тайёрланган таомлар берилган. Чунки жўхори ўзбекларда серпуштлик рамзи бўлган. Ҳозирда эса маросимга турли ширинликлар ва махсус палов тайёрланади. Бешик тўйи маросими якунида ёш онанинг чап томонига бешик қўйилиб, она болани эмизган ва унга ўзи билган аллани айтган. Ўзбеклар тасаввурига кўра болага икки нарса энг муҳим бўлган бўлиб, булардан бири она сути бўлса, иккинчиси она алласи ҳисобланган. Шу боис қизлар ёшлик вақтлардан бошлаб алла айтиш ўргатилган. Бешик тўйи билан боғлиқ барча урф одатлар бажариб бўлингандан сўнг меҳмонлар бирин-кетин кузатилади. Шу билан маросим якунланади. Суннат ёки хатна Ўзбек халқида қадимдан сақланиб келаётган маросим хатна қилиш (ўғил тўйи)дир. Ўзбекистоннинг турли худудларида бу маросим "суннат тўйи», "чукрон», "хатна тўйи", "қўлини ҳалоллаш (поклаш)" каби номлар билан юритилади. Бу маросим ҳам узоқ тарихий даврлар билан боғлиқ бўлиб, инсоният тарихининг илк даврларидаги ўғил болаларни бир ёш босқичдан иккинчисига ўтишини махсус маросим, инициация тарзда нишонлаш анъанаси асосида шаклланган. Бундай одатлар яҳудийларда ва ислом дини тарқалган мамлакатларда удумга айланган. Мусулмонларда суннат тўйини ўтказишдан мақсад «исломнинг суннатини бажариш»-дир. Ўзбекистонда ҳам мазкур амал қадимий асосга эга. Мазкур маросим ўғил болаларда 3-5-10 ёшда, айрим ҳолларда 11-12 ёшгача ўтказилган. қўни-қўшнилар ҳамда қариндош-уруғлар ҳамда жамоа иштирокида ўтказилади. Анъанага кўра суннат тўйига тайёргарлик жараёнидаги қатор удумлар (кўрпа тикиш, тўй сарполарини бичиш ва тикиш) маҳалланинг кекса ва ўрта ёшдаги серфарзанд аёлларига топширилган. Тўйгача бўлган даврда тандир қурди, сўқим сўйди, маслаҳат оши каби маросимлар ўтказилган. Бу маросимлардан кейин ҳатми қуръон маросими ўтказилади ва унга қишлоқ (маҳалла) қариятлари, имом ва қариндошлар таклиф этилади. Тўй бўладиган уйда махсус дастурхон ёзилиб, палов тайёрланади ва маросим якунида қуръон оятлари ўқилиб дуо қилинади. Шундан кейин катта тўй танътаналари бошланади. Суннат тўйида тўй болага қавм-қариндошлар ва ҳамқишлоқлар оқсоқоллар даврасида сарпо тарзда бошдан оёқ янги кийимлар кийдиришади. Сўнгра болани муборокбод этиб устига танга, ширинликлар сочадилар. Тўйдаги энг катта маросими-элга ош бериш ҳисобланади. ХХ асрнинг 80- йилларигача ошга ташриф буюрга меҳмонлар ерга, супа ва чорпояларга тўшалган гилам, шолча устига давра қуриб ўтирганлар. Ҳозирда эса махсус жойларда(ресторан, кафеларда) ўтказилади. Дастурхонга нон, ширинликлар, мевалар қўйилган. Анъанага кўра маросимга ташриф буюрган меҳмонларга чой берилгач, маросим учун махсус тайёрланган палов тортилган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг кўплаб худудларида тўйда наҳорга ош бериш одат тусига кирган. Ош бериш маросими охирида илгарилари қечқурин ҳовлига катта гулхан ёқилиб, унинг атрофида катта кураш, тортимачоқ (арқон тортиш) ва бошқа ўйинлар қилинган. Меҳмонхоналарда (аёллар ичкарида) базм, ғазалхонлик ўтказилган, бахшилар достонлардан парчалар ижро қилган. Тўйнинг эртаси куни баъзан кўпкари ва бошқа мусобоқалар уюштирилиб, ғолибларга совринлар берилган. Хусусан, Хоразмда "Олтин қовоқ", Фарғона водийсида "қулоқ чўзди", Тошкентда эса "маст бола" каби болалар ўйинлари уюштирилган. Суннат тўйи якунида тўй бола уста-сартарош томонидан хатна қилинган. Ҳозирда эса махсус врачлар ёрдамида мазкур амал бажарилади. Авваллари уста боланинг аъзоси учига ғаров (ёғочдан ясалган қисқич) қистириб, аъзонинг чилпинадиган қисмини устара тиғи билан кесиб олган. Кесиш вақтида болага умри узоқ, ризқи бутун бўлсин деган ниятда нон тишлатилган. Бу удумнинг ўтказилиши оғриқ пайтида болани чалғитиш учун ҳам хизмат қилган. Уста томонидан хатна қилиш амали бажариб бўлинганидан кейин, бола учун хатна чилласи бошланади. Хатна чилласи даврида бола янги туғилган чақалоқлар ва ёш келин-куёвларни кўриш каби бир қатор чеклашларга амал қилган. Хатнадан кейинги кечалари чиллали бола хонадондан ташқарига чиқарилмаган, унинг олдида доимо яқинларидан кимдир бўлиши лозим бўлган. Хатна жараёни кўпинча қариндош уруғлар, қўни-қўшнилар иштирокида тор даврада ўтказилган. Барча нарсаларни она, хотин-қизлар бажаргани ҳолда айнан хатна жараёнини эркаклар бажарганлар. Суннат қилинган бола 2-3 кундан кейин ўрнидан тургач, қавм қариндошлар ва қўшни аёллар итирокида жой йиғиш маросими ўтказилган. Мучал ёши Ўзбекларда ўғил-қизларнинг болаликдан ўсмирликка ўтиш — мучал ёшини нишонлаш анъанаси бўлган. Мучал ёшини нишонлаш умрнинг бир давридан иккинчисига ўтиш — болаликдан ўсмирликка ўтиш тантанаси сифатида байрам қилинган. Ўзбек халқи ҳам азалдан фойдаланиб келган тақвимлардан бири бу ўн икки йиллик "мучал тақвими" бўлиб, у баҳорги тенгкунликдан сўнг бошланади ва сичқон, сигир, йўлбарс(қоплон), қуён, балиқ(тимсоҳ), илон(аж¬дар), от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз йилларидан иборат. Қадимги Шарқ халқларининг фалсафий ва астрономик қарашлари, тақвимий билимлари ҳосиласи бўлган мучал тақвими ҳозирга қадар қўлланилади. Жумладан, ўзбекларда одам ёши "мучал тақвими" билан ҳисобланиб, кишилар мучал ёшига тўлганда "мучал тўйи" ўтказадилар. Анъанага кўра, мучал ёши ўн икки йиллик бир муддат тугаб, кейинги бошланиш даврида (яъни, 12-13, 24-25, 36-37... ёшда Наврўз байрами кунларида нишонланган. Айниқса, биринчи мучал алмашиши — ўн икки ёшдан ўн уч ёшгача ўтиш (бошқа мучал ёшларига қараганда) катта тантана билан нишонланган. Мучал ёшига бағишланган маросим оилада ота ва она томонидан бўлган қариндошлар иштирокида ҳамда қўни-қўшни, қариндош-уруғлар иштирокида ташкиллаштирилган. Бу маросим катта тантанага айланган ва маросим қатнашчиларига махсус зиёфат берилган. Зиёфатлар турли жойларда турлича ўтказилган. Республикамизнинг баъзи жойларида барча учун умумий дастурхон ёзилса, айрим жойларда олдин болалар, сўнг катталар ва охирида қариндош ва қўшнилар учун дастурхон тузаб, зиёфат берилган. Жумладан, Наманган вилояти 12 ёшга тўлган болаларнинг ота-оналари йиғилишиб, мактабда тантанали равишда нишонласалар, Фарғона вилояти Бостонбува қишлоғида эса бир мучал йилида туғилган тенгдошлар уюшган ҳолда барчалари бир кун бир жойда "мучал тўй"ларини ўтказадилар. Анъанага кўра мучал ёшига кирган болага махсус оқ либослар кийдирилган ёки унинг бўйи баробар оқ мато ўлчаш, турли совғалар бериш, «оқ» таом ва ширинликлар улашиш, исириқ тутатиш, дуолар ўқиш каби амаллар бажарилган. Бухорода дастурхони ёзилган уйнинг қоқ ўртасига зағома тарози (паллали тарози) остирилган (зағомалар тагига чарм қопланган бўлиб, улар тарозига палла вазифасини ўтаган). «Мучали нишонланаётган бола шу зағома, яъни палланинг бирига солиниб, тарозининг иккинчи палласига каллақанд солинган. Каллақанд солинган палла бола турган палладан оғир келгач, болани дастурхон тўрига ўтқизганлар. Унинг вазни бараварлигидаги каллақанд эса дастурхон атрофидагиларга тенг такримланиб, кулча устига қўйиб улашилган. Йиғилганлар хурсандчилик қилишган ва шу билан маросим тугаган. Ўн иккига тўлган барча ўғил-қизлар оқ либос кийишиб, бир жойга тўпланишган. Мучал ёшига тўлган ўғил-қизлар бир-бирини қутлашган. Сўнгра улар кўчаларда бирга сайр қилишган. Қадимда мучал ёшига бағишланган сайил Наврўз байрами тадбирларига қўшиб ўтказилган. «Оқ либос»ли ёшлар Наврўз ўтказилаётган жойга кириб келишганида барча уларни қутлашган. Кичик ёшли болалар уларга баҳор гуллари тақдим этишган. Қариялар уларни дуо қилишган. Мучал ёшидагилар баҳор байрамининг рамзий қаҳрамонларига айланишган. Мучал тўйининг якунида 7—8 мучал ёшини яшаган (тахминан, 70 дан ошган) қариялардан бири ўсмирларни дуо қилган.. Мустақиллик йилларида «Мучал ёши» оила аъзолари, дўстлар даврасидагина эмас, мактабларда ҳам уюштириладиган бўлди. Кейинги йилларда мучал ёши республикамизнинг кўпгина мактабларида ота-оналар иштирокида Наврўз арафасида тантанали тарзда ўтказилмоқда. Никоҳ «Никоҳ» сўзи арабча бўлиб, эр-хотинликни шариат йўли билан қонуний расмийлаштириш, оилавий иттифоқ деган маънони билдиради. Никоҳ тўйи Республикамизнинг турли жойларида «никоҳ тўйи», «ижоб тўйи», «уй туширар тўйи», «катта ялоқ қизартирар тўйи» деб номланган. Никоҳ тўйи тизимида бир қанча маросимлар мавжуд: уй кўрар (қиз кўрар), совчилик, сеп тахлар, тўққиз бериш (тўққиз тавоқ), қиз оши (қизлар мажлиси), келин тушириш, бақон тутиш, юз очди, келин салом, чорлар каби маросимлар ва улар билан боғлиқ расм-русумлар. Улар ҳозиргача сақланиб, амали қилиниб келинади. Келин тушириш дастлаб уй кўрди (қиз кўрди) маросимдидан бошланади. Маълумки ўтмишда, никоҳ тўйи фақат ота-она тавсияси ва раъига кўра ўтказилган. Бу одат айрим ерларда ҳозиргача сақланган. Ўғил балоғатга етгач муносиб қиз ахтаради. Йигитнинг онаси, аммаси, ёки холаларидан бири мўлжалланган қизларни хонодонига ташриф буюриб, «меҳмонга келдик» баҳонаси билан қиз кўрадилар, ҳовлисининг тозалиги, уйларининг тартиблилигига разм соладилар; қайси қиз мақул келса, уникига совчи юборганлар. Ўзбекларда совчилар кичик, катта совчиларга бўлинади. «Кичик совчи»лар (кўпинча аёллар) ишни битириб қайтганларидан сўнг «катта совчи»лар тўй ҳаражатларини ва айним жойларда қалин миқдорини белгилаганлар. Кўплаб ерларда совчиликка куёвнинг тоғаси ва элнинг сўзамол ҳурматли «оқсоқоли» борган. Қиз томон совчиларга турли рамзий ишораларда(ковуши ичига сув солиб қўйиш, коиушини ўнглаб қуйиш) норозилик белгисини ифодалаган бўлса, розилик аломатини совчилар олдига қўйилган ёғли, тансиқ таомларда ҳам билдирган. Никоҳ тўйи тизимидаги кўримли маросимлардан фотиҳа тўйи (кичик тўй, баъзи ерларда муборокбод тўйи) бўлган. Совчиларнинг сўнгги боришида фотиҳа куни белгиланган. Бўлажак келиннинг уйида ўтказиладиган фотиҳа тўйи даврасига жамоанинг эътиборли қариялари, оқсоқоли ҳам таклиф этилган ва бу кун «нон синдириш» маросими ўтказилади. Фотиҳа тўйи якунида ўзаро икки томоннинг ўзарпо келувига кўра тўй ва никоҳ куни белгиланган. Фотиҳа тўйидан катта тўйигача бўлган вақтда қудалар товоқ қайтариш, «кўрпа солди», тўққиз, «қиз оши (қиз мажлиси)» каби маросимлар ўтказилган. Йигит томон байрамларда келинга хайитлик совғалар юбориб турган. Никоҳ тўйи куни ёки бир кун олдин қиз томонга тўйнинг ошини пишириб ёки хомлигича юборилади. Қиз хонодонида жамоага ош тортилади. Ўша куни кўпинча куёвникида ҳам ош берилади. Тўй куни ёки тўйдан бир кун олдин қизнинг отасиникида никоҳ маросими ўтказилади. Куёв яқин жўраси, тоғаси билан бўлажак келин хонодонига борган. Имом бўлажак куёвга эр-хотинликнингн бурч ва ҳуқуқларини тушинтиргач, қизнинг янгаси орқали рухсатини олиб кейин «Хутбаи никоҳ» ўқиган. Келинни куёвникига олиб кетгунча ўтказилган «келин яширар», «тўш талашар», «ит ириллар», «чироқ айлантирар», «кампир ўлди», «кампир туш кўрди», «соч сийпатар», «ойна кўрсатар», «қўл қисар», «тўшак тўлдирар», каби қатор удумлар ўтказилган ва уларнинг айримлари ҳозир ҳам сақланиб қолган. Куёвникида келинни уч марта гулхандан айлантирилиб ичкарига олиб киришда «бўсағадан тавоб олиш», «тўй аҳлига салом бериш» одатлари бажарилган. Тўйнинг эртаси куни «бет очар», «келин салом» каби удумларнинг бажарилган. Палов маданияти ва анъаналари Палов-ош ўзбекларнинг энг севимли таоми ҳисобланиб, у ўзбекларнинг бутун хаёти давомида йўлдоши бўлади, десак хато бўлмайди. Фарзанд туғилганда ақиқа оши, суннат тўйи муносабати билан тўй оши, қудачилик бошланиши муносабати билан фотиҳа оши, қизларни узатиш муносабати билан қиз оши, никоҳ тўйи муносабати билан никоҳ оши, куёвликни нишонлаш муносабати билан куёв оши, ҳар битта тадбирдаги аёллар йиғинида эса хотин оши, эркакларнинг чойхона оши, ўтганларни эслаб тайёрланадиган эҳсон оши ва бошқа кўринишларда энг муҳим таом сифатида палов-ош инсонларни яқинлаштиради. Палов-ош даврлар силсиласида инсонларни яқинлаштирадиган, бирлаштирадиган ижтимоий ҳодисага айланган. Ҳар бир оилада жуда бўлмаганда ҳафтасига бир (одатда пайшанба куни) ёки бир неча марта ушбу таом тайёрланади ва ушбу таомга алоҳида ҳурмат билдирилиб, оиланинг барча аъзолари жаму-жамликда ейилишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбек хонадонига келган меҳмонни албатта ош билан сийланади, яқин дўстлар йиғиладиган бўлса ҳам албатта ош пиширилади. Оилада ўтказиладиган барча тадбирларда, хашар, байрам ва сайилларда ҳам албатта ош пиширилади. Ош қаерда ва қандай хажмда тайёрланмасин уни тайёрлашда кўпчилик иштирок этади. Хонадонда кимдир пиёз артади, кимдир гуруч тозалайди, кимдир шакароб тайёрлайди. Тўйлар ва катта сайилларда тайёрланадиган ошлар учун эса махсус сабзи артиш йиғинлари ҳам ўтказилиб, у ҳам катта тадбирга айланиб кетади. Одатда катта ошлар эркаклар, оилавий ошлар эса аёллар томонидан тайёрланади. Ошни махсус тайёрлайдиган мутахассисларни эса ошпаз деб аташади ва бу касб устоздан шогирдга, авлоддан-авлодга узатилади. Таомни тановул қилиш ҳам ўз анъаналарига эга. Бунда ёши улуғ кишилар тановулни бошлаб, кейин бошқалар ҳам ейишга киришади. Юз очди маросими Ўзбекистонда никоҳ тўйи маросимидан кейинги куёвнинг хонодонида яқин қариндошлар ва қўни қўшнилар иштирокида ўтказилдиган маросим "юз очди" дейилади. Маросимда йиғилганлар ўзлари билан олиб келган сов0аларини келинга беришади. Бу маросим Ўзбекистоннинг турли минтақаларида "Юз очди", "Юз кўрсатар", "Юз кўрсатар", "Бет очар" ёки рўкушон" (тожикча рў - юз, кушон – очар) каби номлар билан юритилади. "Юз очди" маросимида келинни янгалари ёрдамида юзига оқ рўмол ташлаган ҳолда йиғилганлар ҳузурига олиб чиқилган. Шундан сўнг хонадоннинг ёш боласи томонидан унинг юзидаги рўмол ёки оқ харир парда ўқлов ёки мевали дараҳтнинг шохи билан очилган ва узоқроқ жойга олиб қочилган. Авваллари келин юзи очгандан сўнг у ўзи тўқиган рўмолчаларни куёв томондаги болалларга тарқатган. Келиннинг юзини очишда мевали дарахтнинг шохидан фойдаланилади. Бунда мевали дарахтнинг серпуштлик хусусияти келинга ҳам ўтсин, серфарзанд бўлсин, деган ният мужассамлашган. Қолаверса, ёш бола томонидан келиннинг юзини очилиши ҳам ушбу удумнинг бўлғуси оила серфарзанд бўлсин деган ниятда амалга оширилади. "Юз очди" маросимида "Супра солди" одати бажарилган. Бу одат Республиканинг барча худудлари бўйлаб кенг тарқалган. Фарғона водийсида маросимда қатнашганлар даврасига супра ёзиб бир товоқ ун солинади. Қайнона супрадаги ундан бир ҳовуч олиб, келиннинг қўлига тўкади. Келин эса унни супрага тўкади. Бу ҳол уч марта такрорланади. Бунинг сабаби ўзбекларда ун оқли, ёруғлик ҳисобланади. Шу сабабдан "супра солди" удумида яхши ният билан келин-куёвнинг ҳаёти ёрқин бўлсин, мўл кўлчиликда рўзғор тутсин деган тилакда ўтказилади. Андижон вилояти Шаҳрихон туманида келин элайдиган унга пиширилган гўшт ва конфетлар қўшиб қўйилган. Бу билан келинимиз рисқли ва тили ширин бўлсин, деган ният мужассамлашган. "Юз очди" маросимига келиннинг вакил отаси ва тоғаси маросимий палов тайёрлаб қозони билан куёвнинг уйига олиб келади. Айнан мазкур таом билан маросимга ташриф буюрганлар зиёфат қилинади. Зиёфатдан сўнг хизмат қилиб юрган кайвони –дастурхончи, аёллар ва янгалар иштирокида "Келин салом маросими" ўтказилади. Айнан бу маросим орқали келинни куёвнинг энг яқин қариндошлари билан таништирилади ва уларнинг келинга атаб олиб келган совғалари бирма бир қабул қилинади. Элликқалъада қайнона тўртта нон, новвотни келин қўлтиғига қистириб у билан кўришса, Қаршида икк қўлтиғига тўртта нон қистириб кўришади. Ўзбекларда нон рисқ бутунлик, тўқли рамзи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам келин билан кўришаётганда нон танланади. Маросимни ўтказиш учун махсус "келин салом " айтувчи лапарчилар аёллар таклиф қилинади. Ўз навбатида лапарчи аёллар куёвнинг ота-онаси, қариндошлари ва бошқа куёвга алоқадор бўлган кишиларни лапарга, ёр-ёрга солиб куйлайди. МАВСУМИЙ МАРОСИМЛАР Ўзбек мавсумий маросим фольклори йил фаслларида ўтказиладиган маросимлардан иборат. Баҳорги мавсум маросимлари лой тутиш, шох мойлаш, Наврўз, ёмғир чақириш, дарвишона; ёзги маросимлар чой момо; кузги маросимлар шамол чақириш; қишки маросимлар яс-юсунлардан иборатдир. Юқорида қайд этилганлардан ташқари ёзги тўқсон, чилла, қишки тўқсон, чилла, аямажуз, ҳут-ют деб номланадиган ўнлаб удумли муддатлар ҳам маълум даражада маросим қўринишларига эга. Масалан, лой тутиш маросимида муайян ҳудудда яшайдиган аҳоли ариқларни тозалаш, далага сув чиқаришни осонлаштириш учун ҳашарга чиқади. Шох мойлар маросими баҳорда қўш чиқариш билан боғлиқ бўлган. Деҳқонлар йил давомида экин-тикин мўл-ҳосил беришига умид қилиб биринчи қўш ҳайдайдиган ҳўкиз шохига зиғир мойи сурганлар. Маросимда деҳқончилик пири – бободеҳқондан мўл ҳосил бўлишини тилаб ният қилишган. Ёмғир чақириш маросими, асосан, баҳорда ёмғир ёғмаган йилларда "Суст хотин" маросими ўтказилган. Бу маросим бир жойда аёллар, бир жойда эркаклар иштирокида ўтказилган. Одатда, рамазон ойи рамазон ҳайити билан якунланган. Аммо йил давомида рамазон айтувчилар ҳам бўлган. Тошкент вилояти Ангрен туманида яшаган марҳум Олтивой ота йил – ўн икки ой отда қишлоқма-қишлоқ рамазон айтган. Маросимлар халқ ҳаётининг таркибий қисми сифатида миллий урф-одатлар каби қадрланади. Наврўз Наврўз - янги кун, улуснинг улуғ куни, байрам, шамсия (қуёш) йил ҳисобида йилнинг биринчи куни. Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг энг қадимий анъанавий байрами. Баҳорги тенг кунликка (21 ёки 22 март), яъни Қуёшнинг Ҳамал буржига киришига тўғри келади. Наврўз деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам ҳисобланади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган. Дастлаб, Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган. Тарихий манбаларга кўра, Наврўзни байрам қилиш туркий халқларда энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Наврўзга бағишланган кўплаб халқ қўшиқлари келтирилган. Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома»сида, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа алломаларнинг асарларида учрайди. Ўрта Осиё ҳудудида Наврўз байрами янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан кутиб олинган. Бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдойни ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан сумалак тайёрланган, кўкат чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор ҳақида қўшиқлар, бахшиларнинг терма, достонлари куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқ айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Болалар егуликларнинг бир қисмини қишлокдаги бева-бечораларга улашишган. Бу удум ҳозир ҳам Самарканд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган. Наврўз янги йил байрамигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам ҳисобланган. Шўро тузуми даврида асоссиз равишда Наврўз диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Ўзбекистан мустақилликка эришгач, бошқа кадриятлар каторида Наврўз байрами яна тикланди, янгича мазмун ва моҳят кашф этди. Ўзбекистонда ҳам Наврўз халқимизнинг энг севимли байрамларидан бири сифатида нишонланади, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, консертлар берилади. Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳаллаларнинг фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари — меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади. Наврўз қўшиқлари, таомлари, сумалак сайли, лола, гул сайллари, томошо санъати, шох-мойлар, кўпкари, халқ ўйинлари, кураш, беллашувлар, бойчечак маросими каби урф ва анъаналари ушбу байрамнинг узвий таркибий қисм ҳисобланади. Наврўз номодддий-маданий мерос намануларидан бири сифатида халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатидан жой олган. Халқимиз тарихи ва мадниятининг бир бўлаги бўлган наврўз ҳам қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб, англаниб бораётган улуғ ва навқирон бир байрамдир. Сумалак сайли Сумалак сайли - Наврўз байрамининг узвий бир қисми, миллий ва умуминсоний қадриятларга эш бўлган тадбир, НММнинг ёрқин намунаси. Сумалак наврўзнинг шоҳ таоми ҳисобланиб, хушхўр ва тансиқ таом ҳисобланади. Баъзи маълумотига кўра сумалакнинг тарихи 3000 йилдан ошиқ бўлиб, баҳор пайтида, Наврўзнинг бошланишида тайёрланиб келинади. Амир Темур даврига оида тарихий, адабий манбаларда ҳам сумалак сайли билан боғлиқ анъаналар наврўз байрамининг таркибий қисмларидан бири сифатида келиши урғуланади. Бундай сайллар қир-адирларда, боғларда, шаҳарларнинг катта майдонларида, регистонларда, чорсу ва расталард, муқаддас қадамжоларда, маҳалла, гўзарларда ўтказилиб, бир ҳафтадан бир ойгача давом этган. Бутун маҳалла иштирокида тайёрланган сумалак кўпчиликка улашиб чиқилган. Одамлар сумалакни татиб кўриш арафасида, баҳорга етганига шукр қилиб, йилнинг яхши, хайрли, баракали келишини тилаб дуолар қилишган. Сумалак сайли, турли томошо базмлар, куй-қўщиқларга уланиб кетган. Сумалак сайлининг ўтказилиш тартибиди ўхшашликлар бўлиши билан бирга, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида турлича фарқликларга ҳам эга. Мисол учун республикамизнинг жанубий ҳудуларида сумалак сайли қадимда тоғ-ёнбағрида, кенг даштликларда ўтказилган бўлса, катта шаҳарларда улар одамлар йиғилиб, тўпланадиган катта майдонларда ўтказилган. Сумалак сайли баҳонасида сайилгоҳларда ошхона, чойхона, нонвойхоналар қурилган, мева-чева, атторлик, баққоллик дўконлари ишга тушган. Кўпкари-улоқ, кураш мусобақалари уюштирилган, бахшилар терма, достон куйлаган, туя, қўчқор, хўроз уриштириш, дорбозлик томошалари намойиш этилган. Инсоният тафаккури ўз тарихига эга.Унинг қатламларида шу кунгача бўлган онгнинг эврилишлар жараёни ўз ифодасини топган. Наврўз байрамига хос урф-одатлар, сайлларда ҳам биз бу жараённинг бадиий кўриниш олганини кўрамиз. Ҳар бир маросимда бўлгани каби Наврўзнинг ҳам ўзига хос, шаҳона таоми ҳисобланган сумалак ана шундай маросим таоми ҳисобланади.Сумалак пиширишнинг ўзи қатъий анъалар асосида маълум тартиб қоидаларга амал қилинган ҳолда бажарилади. Сумалак муқаддас таом сифатида қадрланади, алқанади. Сумалак ҳақида қўшиқлар ана шу алқов, олқишлар натижасида пайдо бўлган. Баҳорнинг сен элчиси, Яхшиликнинг белгиси, Наврўзнинг сен синглиси, Сумалакжон, сумалак. Қўшиқ давомида сумалак пишириш жараёнива ундаги кўтаринки кайфият тараннум этилади. Иримга кўра ҳар бир киши яхши ният билан сумалак пишаётган дошқозонни ковлаши шарт. Кимда-ким қозон ковлаш бахтидан бенасиб қолса, у ўзини камситилган санайди. Айни пайтда Наврўз арафаси, сумалак пишаётган вақтлар жамики эски гина-қудратлар унутилиб, аразли кишилар ярашган ва бу ҳолатларнинг бари йилбоши – Наврўз, сумалак шарофати, деб англанган. Сумалак пишириш шунчаки йиғилиб бир таом пишириш эмас, ёшу қари йиғилиб бир кечаю, бир кундуз давомида катта гулхан ёқиб, ўйин – кулгу қилиш, турли қўшиқларни айтиш, халқ ўйинларини ўйнаш демак. Сумалак билан бир қаторда Наврўз кунларида ҳалим, наврўз гўжа каби танисқ таомлар ҳам пиширилган. Асрлар оша яшаб келаётган сумалак сайли каби миллий қадрият ва анъаналаримиз халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларда табиатдаги ўзгаришлар, фасллар алмашинуви ўз аксини топган эътиқодий қарашлар ва аждоларимиз кўнглидан кечувчи некбин ҳис туйғулар ўзининг бадиий ифодасини топганлигини кўрамиз. Сумалак сайли билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар халқимиз орасида бугунги кунгача кенг нишонланиб келинади. Бойчечак маросими Бойчечак маросими - Туркий халқларда кўклам келиб, бойчечак чиққанда ўтувчи маросим, баҳорнинг илк гулига бағишлаб ўтказиладиган сайл. Баҳор билан боғлиқ «Лола», «Гул» каби кўплаб сайлларнинг ибтидосида «Бойчечак» маросими туради. Бойчечак маросими таҳлили шуни кўрсатадики, қадимда бу маросим қиш ва кўкламнинг курашини ифодалаган. Тилшунос аллома Маҳмуд Кошғарий ўзининг «Девону луғотит турк» асарида қиш ва кўклам мунозараси ҳақидаги сатрларни келтириб ўтади. Бу сатрлар биринчидан қиш ва кўклам кураши ҳақидаги тасаввурлар акс этган қадимий қўшиқлар Кошғарий замонида мавжуд эканлигидан далолат берса, иккинчи томондан у «Бойчечак» маросим қўшиғига уйғун эканлиги билан ҳам эътиборга моликдир. Бундай маросим ва байрамлар тоғ бағрида, қир-адирларда, боғларда ўтказилган. Бу маросим улус ҳаётида муҳим саналган ва унга махсус тайёргарлик кўрилган. Маросимда сўз компонентининг нисбатан тугал ҳолатда сақланиб қолганлиги шундан дарак беради. Даставвал катталар ижросида ўтказилган бу маросим кейинчалик болалар фольклори кўринишини олган. Зеро, унитилган кўпгина маросимларнинг излари айнан болалар фольклори таркибида сақланиб қолади. Бойчечак тутган болалар уйма –уй юриб, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Маросим қанчлик тантанали ўтса, унда куйланган кўкламни улуғловчи қўшиқлар қанчалик баланд куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этган. Кўклам чечаги Бойчечак эса хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади деб тасаввур қилинган. Хонадон эгалари бойчечак келтирган болаларга қишни қувиб ҳайдаб, уйига кўкламни олиб келгани учун совға салом улашган. Бойчечакни кўриб қувониш, уни кўзига суртиш кўклам-бойчечакнинг ғалабасини, қиш тугаб, баҳор бошланганини англатган. Бугунги кунда Бойчечак маросими болалар ижросида сақланган бўлиб, улар энди чиққан бойчечакни тутиб худди рамозон қўшиқларини ижро этилишига уйғун ҳолатда хонадонма-ханодон "Бойчечак" қўшиғини ижро этиб, махсус тортиқлар олишади. Рамозон мавсумида ижро этилувчи "Рамозон" қўшиқлари бевосита "Бойчечак" маросими ўзанида шаклланган. Хоразимда ўтувчи "Ашадарози" маросимда эса сомон қўғирчоқ шакли сақланган. Маълумки табиатни жонланитириб тасаввур қилиш, бутун борлиқ қиш пайти ўлиб, кўклам келгач қайта тирилади деб тушуниш айни жараён қиш ва ёзнинг аёвсиз кўрашида ўтади деб талқин этиш дунёнинг барча халқлари тажрибасида учрайди. Шу асосида кўпчилик халқлар қиш ва кўклам курашини махсус театрлаштирилган ҳолда тасвир этувчи магик мазмунли маросимлар уюштиришган. Келаётган кўкламнинг бу курашда қишни енгиши табиатга таъсир қилади, деб тушинилган. «Бойчечак» маросими ва у билан боғлиқ қўшиқлар республкамизнинг турли ҳудудларида бугунги кунгача ижро этилиб келинади. |