1344 Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва улар. Окоз 07. 00. 00. 00 Молия ва кредит трисидаги онунчилик. Банк фаолияти 07. 21. 00. 00 Банк фаолияти 07. 21. 07. 00 Банк карталарининг эмиссияси ва улардан фойдаланган олда операциялар тсз
Скачать 78.79 Kb.
|
[ОКОЗ: 1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.07.00 Банк карталарининг эмиссияси ва улардан фойдаланган ҳолда операциялар] [ТСЗ: 1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар] Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқарувининг Қарори ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН БАНК КАРТАЛАРИНИ ЧИҚАРИШ ВА УЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУОМАЛАДА БЎЛИШИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 30 апрелда 1344-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган] Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 3, 7, 17 ва 51-моддаларига асосан Марказий банк Бошқаруви қарор қилади: 1. «Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида низом» иловага мувофиқ тасдиқлансин. 2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан 10 кун ўтгандан сўнг кучга киритилсин. Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ Тошкент ш., 2004 йил 21 февраль, 4/20-сон Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2004 йил 21 февралдаги 4/20-сон қарори ИЛОВА Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги НИЗОМ Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Банк сири тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3724-сон «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакат ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш, улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича ҳисоб-китоблар ва хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди. I. Умумий қоидалар 1. Мазкур Низом мақсадида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади: а) банк картаси — ўз эгасига банк ҳисобварағи орқали бир неча марта операцияларни амалга ошириш, жумладан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ҳисобварағидан нақд пул ҳамда банк кредитини олиш имконини берувчи маҳаллий ва халқаро тўлов картасидир. Банк картаси эгасининг банкдаги ҳисобварағи бўйича амалга ошириш мумкин бўлган операцияларнинг турлари банк карта эгаси ва эмитенти ўртасида тузилган шартномага асосан ўрнатилади; б) банк карталари орқали нақд пулсиз чакана тўловлар тизими (бундан буён — чакана тўлов тизими) — банк карталари орқали операциялар иштирокчилари ва банк карталарини чиқаришда, уларга хизмат кўрсатишда ҳамда улар орқали операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда юзага келадиган муносабатлар мажмуидир; в) чакана тўлов тизими иштирокчиси — маълум бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталаридан фойдаланиш бўйича шартномавий муносабатларга кирувчи юридик ёки жисмоний шахс; г) банклараро чакана тўлов тизими — банк карталарини чиқарувчи банклар, товар (иш, хизмат) сотувчиларига хизмат кўрсатувчи банклар, ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ва процессинг ташкилотини ягона тизимга бирлаштирувчи нақд пулсиз тўловларни электрон шаклда амалга ошириш учун мўлжалланган, ҳуқуқий меъёрлар, меъёрий ҳужжатлар, дастурий-техник ечимлар, шунингдек, тегишли ташкилий-техник инфратузилма мажмуига асосланган ва асосий унсури банк картаси ҳисобланган ҳудудий тарқоқ тўлов тизими; д) тўлов ташкилоти — банк картасини маълум бир тўлов тизимига тегишлилигини аниқловчи товар ва (ёки) хизмат кўрсатиш белгиларига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган ва банк карталари орқали тўлов ташкилоти аъзолари ўртасида ҳисоб-китобларни ўтказишни таъминловчи ҳамда банк картаси муомаласи қоидаларини бошқа аъзолар билан биргаликда ва (ёки) мустақил ўрнатувчи юридик шахс; е) тўлов ташкилоти аъзоси — тегишли тўлов ташкилоти билан шартномага асосан банк картаси эмиссияси ва (ёки) эквайрингини амалга оширувчи банк; ж) банк карталари эмиссияси — банк карталарини муомалага чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият; з) эмитент — банк картаси эмиссиясини амалга оширувчи, ўзи эмиссия қилган банк карталарига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган ва уларнинг эгалари ва эквайерлари томонидан банк карталаридан фойдаланилган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқлари бўйича ўз номидан мажбуриятларни зиммасига олган банк. Банк картасининг эмитенти фақат банк бўлиши мумкин; и) эквайринг — банк карталари орқали товар (иш, хизмат) сотувчилари билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, банк картаси эгасига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш; к) эквайер — эквайрингни амалга оширувчи банк; л) процессинг — тўлов ташкилоти аъзолари ўртасида ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш, шунингдек, тўлов ташкилоти аъзолари томонидан амалга ошириладиган эмиссия ва (ёки) эквайрингга техник хизмат кўрсатишни таъминлаш; м) процессинг ташкилоти (процессор) — процессингни амалга оширувчи юридик шахс; н) товарлар (иш, хизмат) сотувчиси — эквайер билан тузилган шартномага асосан банк карталари орқали товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчи хўжалик (юридик ва (ёки) юридик мақомга эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс) субъекти; о) банк картаси эгаси — эмитент ёки банк карталарини тарқатувчи банк билан мижоз ўртасидаги шартномага асосан банк картасидан фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан вакил этиб тайинланган шахс; п) мижоз — эмитент ёки банк карталарини тарқатувчи банк билан банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномани тузган жисмоний ёки юридик шахс; р) карта ҳисобварағи — банк картаси орқали пул маблағларини тасарруф этиш мумкин бўлган банк ҳисобварағи; с) тўлов операцияси — банк картаси орқали товарлар (иш, хизмат) тўлови; т) касса аванси — эквайер томонидан банк картаси эгасига бевосита касса ёки банкомат орқали бериладиган нақд пуллар; у) терминал — банк картаси эгасига тўлов операцияларини амалга ошириш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича «слип»ларни шакллантирувчи қурилма; ф) банкомат — банк картаси эгасига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тартибида касса авансларини олиш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича «слип»ларни шакллантирувчи қурилма; х) авторизация — тўлов ташкилоти томонидан кўзда тутилган қоидаларга асосан телефон, электрон ёки алоқанинг бошқа турлари бўйича банк картаси билан операцияларни амалга ошириш учун банк картаси эмитентининг рухсатини олиш жараёни; ц) слип — банк картаси орқали амалга оширилган операцияларни тасдиқловчи, операциянинг миқдори, тури, амалга оширилган санаси тўғрисидаги маълумотларни ва ушбу «слип»ни шакллантирган банк картаси, ҳамда терминал ёки банкоматни тўғри аниқлай билиш имкониятини берувчи ахборотни ўзида мужассамлаштирган терминал ёки банкомат квитанцияси; ч) ШИР-код — банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини, ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг эгаси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди. ш) виртуал карта — интернет тармоғи орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган электрон шаклдаги карта. Виртуал карта асосий картага ёки ҳисобвараққа боғланган бўлиб, тўловларни амалга оширишда зарур бўлган банк картаси реквизитлари (карта эгаси исми шарифи, карта рақами, муддати ва бошқалар) бўлиши лозим. э) CVV (CVC) код — банк картасининг махфий рақами бўлиб, интернет орқали тўловларни амалга оширишда ишлатилади; ю) антифрод тизим — банк карталари ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларини олдини олишга қаратилган жараёнлар йиғиндиси. 2. Банк картаси эгасининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас. Банк картаси карта эмитенти бўлган банкнинг мулки ҳисобланади. Банк картаси қалбакилаштиришдан ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа турларидан ҳимоя қилиниши зарур. Банк картасининг амал қилиш муддати банк карта эгаси ва эмитенти ўртасида тузилган шартнома ёки банк карталари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов тизими ва банклараро тўлов тизими томонидан ўрнатиладиган қоидаларга асосан белгиланади. II. Банк карталардан фойдаланишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши 3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк картасини муомалага чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек тўлов ташкилотлари томонидан ўрнатилган қоидалар, ҳамда банклараро тўлов тизими иштирокчилари ўртасида тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади. 4. Тўлов тизими ва банклараро тўлов тизими иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари мазкур Низом, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари ҳамда уларга асосан тузилган шартномалар ва ўрнатилган қоидаларга биноан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси резидент банклари маҳаллий, хорижий ва халқаро тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимларига аъзо бўлиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси резидент банклари — тўлов ташкилотларининг аъзолари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида бошқаси ўрнатилмаган бўлса, банк карталари эмиссияси, уларга хизмат кўрсатиш ва операцияларни амалга оширишда тегишли тўлов ташкилоти томонидан қабул қилинган стандартлардан фойдаланади. III. Тўлов тизими иштирокчиларининг мажбуриятлари 5. Тўлов тизими иштирокчилари қуйидагиларга амал қилишлари шарт: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк картаси эмиссияси, хизмат кўрсатиш, улар орқали ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишнинг ўрнатилган тартиб ва қоидасига риоя қилиш; банк карталаридан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш учун хавфсизлик чора-тадбирларини таъминлаш; улар ихтиёрида мавжуд бўлган ва узатиладиган банк карталари, тўлов тизими иштирокчилари, фойдаланиладиган технология ва дастурий-техник воситалар, тўлов ташкилоти томонидан ўрнатилган иш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги тижорат ва банк сири ҳисобланган маълумотларни ошкора қилмасликни таъминлаш; банк картаси эгалари ҳамда улар томонидан банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисида сирни сақлаш. IV. Банк карталарининг турлари 6. Банк карталари карта ҳисобварағи эгаси, амал қилиш тартиби ва маълум бир тўлов тизимига тегишлилигига қараб ҳар хил турларга бўлинади. 7. Карта ҳисобварағининг эгасига қараб банк карталари: шахсий ва корпоративларга бўлинади: а) шахсий банк картаси ўз эгасига жисмоний шахс (эгаси)нинг карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида)ги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Шахсий банк карталари, шахсий банк карточка эгасининг ишончномасига асосан бошқа шахслар (оила аъзолари, дўстлари ва бошқалар) томонидан фойдаланилиши мумкин; б) корпоратив банк картаси ўз эгасига — яъни, юридик шахснинг ваколатига эга ходим ёки якка тартибдаги тадбиркорга, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Корпоратив банк картаси фақат нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган бўлиб, ойлик иш ҳақини ва бошқа ижтимоий характердаги тўловлар, ҳамда нақд пул маблағларини тўлаш учун ишлатилиши мумкин эмас. 8. Банк карталари амал қилиш тартибига кўра қуйидаги турларга бўлинади: а) дебет банк картаси ўз эгасига, банк картасининг эмитенти ва эгаси ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан, тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағларининг қолдиғи доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карталари бундан мустасно) олиш учун тасарруф этиш имконини беради; б) кредит банк картаси ўз эгасига, банк картасининг эмитенти ва эгаси ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карточкалар бундан мустасно) олиш учун тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғидан ортиқ операцияларни амалга ошириш имконини беради. 9. Амалдаги тўлов ташкилоти доирасида ёки унинг ташқарисида банк карточкаси эмиссиясига қараб, банк картаси: тизимли, шахсий ва кобейжинг турларга бўлинади. Тизимли банк картаси икки ва ундан ортиқ эмитентларни бирлаштирувчи, тегишли тўлов ташкилоти томонидан ўрнатиладиган қоидалар доирасида, амалдаги тўлов ташкилоти битимига асосан чиқарилади. Шахсий банк картаси амалдаги тўлов ташкилотлари битимидан ташқари эмитент томонидан бевосита ўрнатиладиган қоидалар доирасида чиқарилади. Кобейжинг банк карталари картанинг олд томонида логотиплари жойлаштирилган бир неча тўлов тизимларида фаолият юритувчи банк картаси ҳисобланади. V. Банк карталарининг мажбурий реквизитлари 10. Банк карталарининг мажбурий реквизитлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: банк карта эгасининг исми ва шарифи (тўлиқ ва қисқартирилган); карта (корпоратив карталар учун) ҳисобварағи эгаси бўлган юридик шахснинг ўз фирмаси (расмий) номланиши ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами; банк карта эгасининг имзо намунаси ва (ёки) унинг шахсий рақами; банк картаси эмитентининг тўлиқ расмий номи; банк картасининг амал қилиш муддати. 11. Мажбурий реквизитлар банк картасига давлат тилида киритилади. 12. Тўлов тизими ва (ёки) банклараро тўлов тизими доирасида чиқариладиган банк карталарида, идентификация белгилари ва банк карталарининг унсурлари бўлган бошқа мажбурий реквизитлар мазкур тизим қоидалари бўйича ўрнатилиши мумкин. VI. Банк карталари эмиссияси 13. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталари эмиссияси Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади. 14. Бирон бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталари эмиссияси, сертификатланган дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда, тегишли тўлов ташкилоти томонидан ўрнатилган стандарт ва қоидаларга асосан, эмитент томонидан амалга оширилади. 15. Шахсий банк карталари эмиссияси бевосита эмитент томонидан ўрнатилган стандарт ва қоидаларга асосан амалга оширилади. 16. Тўлов тизими иштирокчиси бўлмаган тижорат банки, тўлов тизими иштирокчиси бўлган банк томонидан муомалага чиқарилган банк карталарини, у билан тузилган шартномага асосан тарқатиш ҳуқуқига эга. 17. Бир карта ҳисобварағига бир неча қўшимча банк карталари ва виртуал карталарни боғлаш мумкин. VII. Банк картасини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома 18. Банк карталарини фойдаланиш (тарқатиш)га тақдим этиш, банк карталарини тарқатувчи тижорат банки ҳамда унинг мижозлари ўртасида тузилган шартномага асосан ёзма шаклда ёхуд масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида жойлаштирилган оферта шартномаси шаклида амалга оширилади. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги ёзма ёки оферта шартнома тўлов ташкилоти қоидаларига мос келиши зарур. 19. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома, агар унинг шартларида мижознинг кредит мажбуриятларини пайдо бўлиши кўзда тутилмаган бўлса, оммавий шартнома бўлиб ҳисобланади. 20. Банк карточка эгаси томонидан картадан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин бўлган операцияларнинг турлари, ҳамда уларни амалга ошириш қоидалари, «банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисида»ги шартнома билан белгиланган бўлиши зарур. 21. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома қуйидагиларни мажбурий равишда ўз ичига олиши зарур: шартнома мазмуни; банк картаси эмитентининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; банк карточка эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; ҳисоб-китобларни амалга ошириш шартлари; шартноманинг амал қилиш муддати. 22. Банк карталарини тарқатувчисининг ўз номидан, аммо мижоз ҳисобига, банк карточкаси эгасининг ваколатига эга мижозларнинг топшириғига биноан, ҳисоб-китоб ҳужжатларини ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш бўйича мажбуриятлари банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномада кўзда тутилган бўлиши мумкин. Банк карталари тарқатувчисининг кўрсатиб ўтилган мажбуриятлари тўлов тизими қоидаларига мувофиқ ҳам пайдо бўлиши мумкин. 23. Банк карталарини тарқатувчиси ўз номидан ва мижоз ҳисобига, тўлов тизими иштирокчиси билан амалга оширилган битим бўйича, ҳуқуқларни қўлга киритади ва банк карталарининг мажбурий тарқатувчисига айланади. 24. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномада, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини, имзо, код, парол ва бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда тасарруф этиш ҳуқуқи, айнан ваколатли шахс томонидан берилганлигига ишонч ҳосил қилиш тартиби кўзда тутилган бўлиши керак. 25. Банк кредит карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартнома, мижознинг кредит мажбуриятлари вужудга келган ҳолатда, эмитентнинг ички кредит сиёсати қоидаларига асосан тузилади. VIII. Банк картаси билан операцияларни амалга оширишни тўхтатиш ва банк картасини муомаладан чиқариш 26. Бевосита карточка эгаси ёки мижоздан банк картасининг йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида ариза олинганда, ҳамда банк карталарини тарқатувчи банкдан шу каби ариза келиб тушганда, эмитент банк карточкаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиши, ҳамда банк карточкасини муомаладан чиқариш чораларини кўриши зарур. 27. Тўлов ташкилоти, тўлов тизими қоидаларига мувофиқ айрим эмитентлар томонидан муомалага чиқарилган банк карталари орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ҳақлидир. 28. Эмитент қуйидаги ҳолатларда банк картаси орқали операциялар ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш, ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин: банк картаси ёки унинг реквизитларидан ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи ҳолатларни мавжудлигида; банк картаси, ундан фойдаланиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан ишлатилганда; банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган бошқа ҳолатларда. 29. Юқорида кўрсатилган ҳолатлар юзага келганда, банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ёки банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби тўлов ташкилоти қоидаларига асосан ўрнатилади. 30. Банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш, ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш ва бу ҳақда мижозга хабар бериш тартиби тўлов ташкилоти қоидаларига ва банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномага асосан ўрнатилади. IХ. Банк картаси эмитентининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 31. Банк картаси эмитенти қуйидаги ҳуқуқларга эга: банк картасини жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг аризалари ва тузилган шартномаларга ёхуд масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида жойлаштирилган оферта шартномаси ва электрон аризаларига асосан бериш; Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (23 май 2017 йил, рўйхат рақами 2886) мувофиқ мижозни идентификациялаган ҳолда банк курери томонидан етказиб бериш; агарда тўлов ташкилоти қоидаларида бошқаси кўзда тутилмаган бўлса, банк картаси орқали амалга оширилган дебет операциялари учун комиссион мукофот ундириш. 32. Банк картасининг эмитенти қуйидагиларга амал қилишлари шарт: банк картасини олиш тўғрисида эмитентга мурожаат қилган шахснинг аризасини кўриб чиқиш; карточкадан фойдаланиш қоидалари, ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк карта эгаси ва эмитентининг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни банк карта эгасига тақдим этиш; банк картаси эмитенти ва эгаси ўртасида тузилган шартномада ўрнатилган тартибга асосан, банк картасини бериш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича эмитент тарифларининг ўзгарганлиги, ҳамда банк картасини амал қилиш муддатидан аввал тўхтатиш тўғрисида банк картаси эгаларини хабардор қилиш; карта ҳисобварағи ёпилганда, қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктирмаган ҳолда, ҳисоб рақамда мавжуд бўлган пул маблағларини қайтариш; пластик карталари орқали операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва унинг тўғрилигини таъминлаш. Х. Банк картаси эмитентининг жавобгарлиги 33. Банк карта эгасидан карточканинг йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида ариза ёки масофадан хизмат кўрсатиш тизими орқали қабул қилингандан сўнг, эмитент йўқотилган ёки ўғирланган банк картаси орқали бажарилган барча операциялар бўйича тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Эмитент қалбаки банк картаси орқали бажарилган барча операциялар бўйича тўлиқ жавобгар ҳисобланади. 34. Эмитент банк картаси эгаси олдида қуйидаги ҳолатларда жавобгар ҳисобланмайди: агар банк карта эгаси улар ўртасида тузилган шартномада кўзда тутилган қоида ва тартибларни бузган бўлса; банк карта эгаси томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир қилинган ҳолатда; агар банк картаси ва (ёки) ПИН, CVV (CVC) — кодлар йўқолиши банк карта эгасининг карточкага бўлган қўпол эҳтиётсизлиги ёки эътиборсизлиги оқибатида вужудга келган бўлса. 35. Тўлов тизими иштирокчиси бўлмаган банклар томонидан тарқатилган банк карталари орқали бажарилган операциялар бўйича, тўлов тизими аъзолари олдида банк карталарини муомалага чиқарган тўлов тизими иштирокчиси жавобгар ҳисобланади. ХI. Банк карталари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 36. Банк карта эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга: тўлов ташкилоти қоидалари ва эмитент билан тузилган шартномада кўзда тутилган шароит ва тартибга асосан банк картаси орқали операцияларни амалга ошириш; банк картаси эмитентидан карточкадан фойдаланиш қоидалари, ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк карта эгаси ва эмитентининг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни олиш; банк картаси эмитентидан амалга оширилган операциялар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш; эмитентлар томонидан ўз мажбуриятларини нотўғри бажариш натижасида етказилган зарарларни қоплашни, тузилган шартномаларга асосан банк картаси эмитентидан талаб қилиш; ўз розилигига кўра, унинг карта ҳисобварағини тасарруф этиш имкониятини беруви қўшимча банк карталарини чиқариш ва расмийлаштиришни эмитентдан сўраш; карта ҳисобварағини келгусида ёпиш шарти билан банк карточкаларидан фойдаланишни рад этиш. 38. Банк карта эгаси қуйидагиларга амал қилиши шарт: шартнома шартларини, банк картасидан фойдаланиш қоида ва йўриқномаларини бажариш; тўлов ташкилоти томонидан ўрнатилган, банк картасидан фойдаланиш қоида ва тартибларини бажариш; банк картаси йўқолганлиги ва банк картасидан берухсат фойдаланилганлиги тўғрисида маълум бўлган барча ҳодисалар ҳақида эмитентга қисқа муддат ичида хабар бериш. ХII. Товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 40. Товарлар (иш, хизмат) сотувчиси қуйидагиларга амал қилиши шарт: ҳисоб-китоб қилиш хизмати учун нақд пулда ўрнатилган нархдан ошмайдиган нарх бўйича банк карта эгасига хизмат кўрсатиш; шартнома муносабатлари билан боғлиқ бўлган тўлов тизими номи ва (ёки) логотипи кўрсатган ҳолда, банк картасига хизмат кўрсатиш тўғрисида, мижозларни хабардор қилиш; товарлар (иш, хизмат) сотувчиси ва эквайер ўртасида тузилган шартномада кўзда тутилган шартларга асосан ушбу тўлов тизимига тегишли бўлган барча банк карталарига хизмат кўрсатиш; бажарилаётган операциялар суммаси, эквайер билан тузилган шартномада ўрнатилган суммадан ортиқ бўлган барча ҳолатларда банк картаси бўйича авторизация ўтказиш; Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва унинг эквайер билан тузган шартномаларига асосан, банк картаси орқали амалга оширилган операциялар бўйича ахборот тақдим этиш; банк карта эгалари тўғрисида маълумотни учинчи шахсдан сир сақлаш; банк карта эгасига (унинг вакилига) битим шартларида белгиланган муддатда, тўловлари банк картаси орқали амалга оширилган, товарларни бериш, хизматларни кўрсатиш ёки ишларни бажариш. ХIII. Банк карталари эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 41. Корпоратив банк картаси эмитенти бўлган банк, карта ҳисобварағи эгасига банк картасидан фойдаланмаган ҳолда, карта ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш имкониятини таъминлаши зарур. 42. Эквайер, банк карта эгасидан банкоматдан фойдалангани учун тўлов ташкилотининг қоидаларида ўрнатилгандан юқори бўлган қўшимча тўлов олишга ҳақли эмас. 43. Банк карта эгалари ва уларнинг банк карточкалари орқали амалга оширилган операциялари тўғрисида ахборот, ҳамда банк карточкаларининг ўзи ҳақидаги маълумот банк сири бўлиб ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида ўрнатилган тартибда тақдим этилади. ХIV. Банк карталари орқали ҳисоб-китобларни ўтказиш 44. Тўлов ташкилоти иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китоблар тўлов ташкилоти ёки тўлов ташкилоти аъзосининг топшириғи бўйича вакиллик ҳисобварағи орқали ўтказилади. 45. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эквайринг Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади. ХV. Эквайернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 46. Эквайер қуйидаги ҳуқуқларга эга: Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (23 май 2017 йил, рўйхат рақами 2886) мувофиқ банк картаси эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, касса авансини бериш операциясини амалга оширишда банк карта эгасидан комиссион мукофотлар ундириш; товар (иш, хизмат) сотувчилари билан ҳисоб-китоб операцияларини ўтказиш учун шартномада кўзда тутилган фоизларни бевосита келиб тушадиган сумма ҳисобидан ушлаб қолиш; тўлов ташкилоти томонидан банк карта эгасига тақдим этилган ваколатларга зид бўлмаган шароитда, уларга хизмат кўрсатиш бўйича товар (иш, хизмат) сотувчилари билан шартномалар тузиш. 47. Эквайер қуйидагиларга амал қилиши шарт: касса авансларини бериш бўйича эквайер тарифларини ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни банк карта эгаларига етказиш; товар (иш, хизмат) сотувчиларига пластик карточкалар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китоблар бажарилишини ва унинг тўғрилигини таъминлаш. ўзи аъзо бўлган тўлов ташкилотининг барча банк карталарига хизмат кўрсатиш; товарлар (иш, хизмат) сотувчисини, улар ўртасида тузилган шартномада белгиланган шароитлар асосида банк карталари эгаларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган материал ва ускуналар билан таъминлаш; банк карталари орқали операциялар бўйича товар (иш, хизмат) сотувчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни вақтида ва тўғри амалга оширилишини таъминлаш. ХVI. Эквайернинг товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиси олдидаги жавобгарлиги 48. Эквайер товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиси олдида банк картаси орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳолларда жавобгарликни ўз зиммасига олмайди: агар товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиси, банк карталари орқали операцияларни амалга оширишда тузилган шартномаларда ўрнатилган қоида ва тартибни бузганда; агар товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиси томонидан ўтказилган тўлов операцияси тўғрисида ҳужжат ёки ахборотлар йўқлигида; товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганда. ХVII. Банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ҳимоя қилиш 49. Эмитентлар, эквайерлар, процессинг ташкилотлари, товарлар (иш, хизмат) сотувчилари, банк карта эгалари ахборотларни ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларга риоя қилишлари шарт. 50. Ахборотларни, банк карталарини ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ҳамда тўлов ташкилотининг қоида ва йўриқномаларига асосан ўрнатилади. ХVIII. Процессинг ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 51. Процессинг ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга: тўлов тизими (ва (ёки) банклараро тўлов тизими) иштирокчилари учун банк карталари орқали операцияларни амалга ошириш ва бунга рухсат бериш; процессинг ташкилоти билан эмитент ўртасида тузилган шартноманинг, ҳамда тўлов тизими ва (ёки) банклараро тўлов тизимининг бошқа иштирокчилари ўртасида тузилган шартнома шартларини эмитент томонидан бажармаслик ҳолларида, эмитентнинг банк карталари бўйича операциялари тўхтатилади. 52. Процессинг ташкилоти қуйидагиларга амал қилиши шарт: тўлов тизими ва (ёки) банклараро тўлов тизими иштирокчилари томонидан чиқарилган банк карталари орқали операцияларини амалга ошириш имкониятлари билан таъминлаш; банк картасига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисидаги эмитентнинг ёзма қарори олингандан сўнг, банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш (алоҳида турдаги операцияларни тўхтатиш); эмитент-банкнинг банк операцияларини амалга ошириш лицензияси чақириб олингандан сўнг, унинг банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш; тўлов тизими ва (ёки) банклараро тўлов тизими иштирокчиларининг операциялари тўғрисидаги сирни сақлашни таъминлаш; банк карталари ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларининг олини олиш учун антифрод тизими билан таъминлаш зарур. ХIХ. Процессинг ташкилотининг жавобгарлиги 53. Эмитент томонидан банк карталарига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳамда эмитент томонидан банк карталари орқали амалга оширилиши тақиқланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган айрим операцияларни бажариш бўйича тўлиқ жавобгарликни процессинг ташкилоти ўз зиммасига олади. ХХ. Тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар фаолияти устидан назорат ўрнатиш 54. Банк карталари эмиссиясини ва (ёки) эквайрингини амалга ошириш тўғрисида, банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва процессинг марказига ўрнатилган тартибда хабар беради. Хабарномада банк карталари эмиссияси, кўлами ва улар орқали амалга оширилиши режалаштирилаётган операцияларнинг тури тўғрисида маълумотлар кўрсатилади. 55. Тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар фаолияти устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тўлов ташкилоти қоидаларига асосан ўрнатилган тартибда амалга оширилади. ХХI. Банк карталари эмитентларининг реестри 56. Процессинг ташкилоти банк карталари эмитентларининг реестрини олиб боради. 57. Банк карталари эмитентларининг реестридаги ахборот очиқ бўлиб, доимий равишда чоп этилиши лозим. ХХII. Тўлов тизими иштирокчиларининг жавобгарлиги 58. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталари эмиссиясининг ўрнатилган тартибини, банк карталари орқали хизмат кўрсатиш ва операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказиш қоидаларини бузганликлари учун қонунда ўрнатилган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик тўловлар тизими иштирокчилари зиммасида бўлади. ХХIII. Банк карталаридан фойдаланишда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш 59. Банк карталари эмиссияси, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ низолар қонунчиликда ўрнатилган тартибда суд орқали ҳал қилинади. (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 17-сон, 203-модда; 2006 й., 48-50-сон, 497-модда; 2011 й., 28-сон, 298-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.04.2019 й., 10/19/1344-6/2944-сон) |