Окоз 09. 00. 00. 00 Тадбиркорлик ва хжалик фаолияти 09. 15. 00. 00 Транспорт 09. 15. 06. 00 Автомобиль транспорти 09. 00. 00.
Скачать 382.73 Kb.
|
шлагбаум ҳолатидан қатъи назар, светофорнинг тақиқловчи ишорасида; кесишма навбатчисининг тақиқловчи ишорасида (навбатчи ҳайдовчиларга олди ёки орқаси билан туриб таёқчани, қизил чироқ ёки байроқчани юқорига кўтариб турса ёки қўлларини ёнга узатса); кесишмадан кейин ҳосил бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи кесишмада тўхташга мажбур бўладиган ҳолларда; агар кўриниш чегарасидаги масофада кесишмага поезд (локомотив, дрезина) яқинлашиб келаётган бўлса. Бундан ташқари тақиқланади: кесишма олдида турган транспорт воситаларини қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиб айланиб ўтиш; шлагбаумни ўзбошимчалик билан очиш; кесишма орқали қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши, қурилиш ва бошқа машина ҳамда механизмларни олиб ўтиш; темир йўл дистанцияси бошлиғининг рухсатисиз тезлиги соатига 8 километрдан кам бўлган транспорт воситаларини ҳаракатланиши. 119. Кесишма орқали ҳаракатланиш тақиқланган ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи, 2.5 йўл белгиси ёки светофор олдида, улар бўлмаганда шлагбаумга камида 5 метр, шлагбаум бўлмаганда эса биринчи темир йўл изига камида 10 метр қолганда тўхташи керак. 120. Темир йўл кесишмасида мажбуран тўхтаб қолган транспорт воситасининг ҳайдовчиси дарҳол одамларни тушириш ва кесишмани бўшатиш чораларини кўриши. Шу билан бир вақтда ҳайдовчи: имконияти бўлганда, яқинлашиб келаётган поезд машинистига тўхташ ишорасини бериш қоидасини тушунтириб, икки кишини темир йўл ёқаси бўйлаб иккала томонга 1000 метр масофага (агар бир киши бўлса — уни йўл яхши кўринмайдиган томонга) юбориши; транспорт воситаси ёнида қолиши ва умумий хатар ишорасини бериши; поезд кўринганда тўхташ ишорасини бериб, у келаётган томонга югуриши керак. Тўхташ ишораси қўлни (кундузи ёрқин мато парчаси ёки аниқ кўринадиган бирор нарса билан, тунда эса машъала ёки чироқ билан) гир айлантириш орқали берилади. Умумий хатар ишораси бўлиб, берилган битта узун ва учта қисқа товуш серияси хизмат қилади. XIX. Автомагистралларда ҳаракатланиш 121. Автомагистралларда қуйидагилар тақиқланади: пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзи юрар автомобиллар, техник тавсифномасига ёки ҳолатига кўра тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши; рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига биринчи ва иккинчи бўлаклардан бошқа бўлакларда ҳаракатланиш; 5.15 ёки 6.11 йўл белгилари билан белгиланган махсус тўхтаб туриш майдончаларидан бошқа жойларда тўхташ; ажратувчи бўлакнинг технологик узилиш жойларига кириш ва қайрилиб олиш; орқага ҳаракатланиш; транспорт воситасини ўрганиш учун бошқариш. 122. Ҳайдовчи қатнов қисмида мажбурий тўхтаганда, транспорт воситасини ушбу Қоидаларнинг VIII-боби талабларига мувофиқ белгилаши ва бундай ҳолатлар учун мўлжалланган бўлакка (қатнов қисмининг четини билдирувчи чизиқдан ўнг томонга) олиб чиқишнинг барча чораларини кўриши керак. XX. Турар жой даҳаларида ҳаракатланиш 123. Турар жой даҳалари (кириш ва чиқиш 5.38 ва 5.39 йўл белгилари билан белгиланган ҳудудлар)да пиёдаларга тротуарлар ҳамда қатнов қисмида ҳаракатланишга рухсат этилади. Бунда пиёдалар имтиёзга эга бўладилар, бироқ улар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига асоссиз халақит бермасликлари керак. 124. Турар жой даҳаларида қуйидагилар тақиқланади: механик транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш; двигатели ишлаб турган ҳолда тўхтаб туриш; рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг махсус ажратилган, йўл белгилари ва (ёки) йўл чизиқлари билан белгиланган жойлардан ташқарида тўхтаб туриши. 125. Турар жой даҳаларида ҳайдовчилар пиёдалар хавфсизлигини, шунингдек ушбу ҳудуддаги иншоот, қурилма ва ўсимликларнинг шикастланмаслигини таъминлаши зарур. 126. Турар жой даҳаларидан чиқишда ҳайдовчилар бошқа ҳаракат қатнашчиларига йўл беришлари керак. 127. Ушбу бўлим талаблари ҳовли ҳудудларига (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасига) ҳам тегишлидир. XXI. Тик нишаблик ва баландликларда ҳаракатланиш 128. Йўлнинг 1.13 ва 1.14 йўл белгилари билан белгиланган қияликларида, қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланишни қийинлаштирадиган бирон-бир тўсиқ бўлса, нишабликка ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл бериши керак. 129. Тик нишабликда, довонда ва 1.13 йўл белгиси ўрнатилган йўлда тўхтатиш тизими ишламай қолган транспорт воситалари ўз ҳаракатини тўхтатиш учун 5.40 йўл белгиси билан белгиланган аварияли ҳолатлар учун мўлжалланган йўлга киришлари шарт. 130. Йўлнинг 1.13 йўл белгиси билан белгиланган қисмида узатма ва ишлаш (сцепление) тишлашиш механизми ажратилган ҳолатда ҳаракатланиш тақиқланади. XXII. Йўналишли транспорт воситаларининг имтиёзлари 131. Трамвай йўли чорраҳадан ташқарида қатнов қисмини кесиб ўтадиган бўлса, трамвай рельссиз транспорт воситаларига нисбатан имтиёзга эга бўлади (деподан чиқиш жойларидан ташқари). 132. Йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун 5.9, 5.10.1 — 5.10.3 йўл белгилари билан ажратилган бўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи тақиқланади. Агар 5.9 йўл белгиси билан белгиланган бўлак қатнов қисмининг бошқа бўлакларидан узуқ-узуқ чизиқ билан ажратилган бўлса, бурилмоқчи бўлаётган транспорт воситалари бу бўлакка қайта тизилишлари керак. Шунингдек, бундай жойларда йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бермаслик шарти билан йўлга чиқиш, қатнов қисмининг четки ўнг томонида йўловчиларни чиқариш ва тушириш учун бу бўлакка ўтишга рухсат этилади. 133. Ҳайдовчилар аҳоли яшаш жойларида бекатдан ҳаракатланишни бошлаётган автобус ва троллейбусларга йўл беришлари керак. Ўз навбатида автобус ва троллейбус ҳайдовчилари ўзларига йўл берилганлигига ишонч ҳосил қилганликларидан кейингина ҳаракатланишни бошлашлари мумкин. XXIII. Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш 134. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда, шунингдек йўлнинг ёритилганлигидан қатъи назар, туннелларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларида қуйидаги ёритиш асбоблари ёқилган бўлиши керак: барча механик транспорт воситалари ва мопедларда — узоқни ёки яқинни ёритувчи чироқлар; велосипедларда — чироқлар; тиркамаларда ва шатакка олинган механик транспорт воситаларида габарит чироқлари. 135. Қуйидаги ҳолларда узоқни ёритувчи чироқлар ўрнига яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак: аҳоли яшаш жойларида йўл ёритилган бўлса; қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасига камида 150 метр масофа қолганда, шунингдек ҳайдовчи транспорт воситасининг чироқларини вақт-вақти билан ўчириб бунга зарурият борлигини билдирган ҳолларда ундан ҳам кўпроқ масофада; қарама-қарши ва бир йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кўзини қамаштириши мумкин бўлган бошқа барча ҳолатларда. Кўзи қамашган ҳайдовчи авария ишораларини ёқиши, ҳаракатланиш бўлагини ўзгартирмасдан тезликни камайтириши ва тўхташи керак. 136. Қоронғи вақтда йўлнинг ёритилмаган қисмида, шунингдек етарлича кўринмайдиган шароитда тўхтаган ёки тўхтаб турган транспорт воситасида габарит чироқлари ёқилган бўлиши керак. Етарлича кўринмайдиган шароитда габарит чироқларига қўшимча равишда яқинни ёритувчи чироқлар, туманга қарши чироқлар ва туманга қарши орқа чироқлар ёқилиши мумкин. 137. Қуйидаги ҳолларда туманга қарши чироқларни қўллаш мумкин: етарлича кўринмайдиган шароитда алоҳида, шунингдек узоқни ёритувчи ёки яқинни ёритувчи чироқлар билан; қоронғи вақтда йўлнинг ёритилмаган қисмларида узоқни ёки яқинни ёритувчи чироқлар билан бирга; ушбу Қоидаларнинг 138-бандида кўзда тутилган ҳолатларда яқинни ёритувчи чироқлар ўрнига. 138. Куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак: транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда; йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида; болалар гуруҳини ташкилий ташишда; хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда; механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида); мотоцикл ва мопедларда. 139. Прожектор чироқ ва изловчи чироқлардан фақат аҳоли яшаш жойларидан ташқарида, қарама-қарши йўналишдан келаётган транспорт воситалари бўлмаганда фойдаланиш мумкин. Аҳоли пунктларида эса бундай чироқлардан фойдаланишга фақат хизмат вазифаларини бажараётган, белгиланган тартибда ялт-ялт этувчи кўк ёки кўк ва қизил, шунингдек сариқ ёки зарғалдоқ рангли чироқ-маёқча ва махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига рухсат этилади. 140. Туманга қарши орқа чироқларни фақат етарлича кўринмайдиган шароитда қўллаш мумкин. Туманга қарши орқа чироқларни тўхташ чироқлари(стоп-сигнал)га улаш тақиқланади. 141. «Автопоезд» таниқлик белгиси автопоезд ҳаракатланаётганда, куннинг қоронғи вақтида, йўлда тўхташ ва тўхтаб туриш пайтида ҳам ёқиб қўйилиши керак. XXIV. Механик транспорт воситаларини шатакка олиш 142. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич ёрдамида шатакка олиш шатакка олинган транспорт воситасининг рул бошқарувида ҳайдовчи бўлгандагина амалга оширилиши керак, тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланганда қаттиқ улагичнинг конструкцияси шатакка олинган транспорт воситасини шатакка олган транспорт воситасининг изидан боришини таъминлайдиган ҳоллар бундан мустасно. 143. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич ёрдамида шатакка олинган автобусда, троллейбусда ва юк автомобили юкхонасида одам ташиш, қисман ортиш йўли билан шатакка олишда эса шатакка олинган транспорт воситасининг кабинасида ва юкхонасида, шунингдек шатакка олган транспорт воситасининг юкхонасида одамлар бўлиши тақиқланади. 144. Эгилувчан улагич билан шатакка олишда шатакка олган ва шатакка олинган транспорт воситалари ўртасидаги масофа 4 — 6 метр оралиғида бўлиши, қаттиқ улагич ёрдамида шатакка олишда эса 4 метрдан кўп бўлмаслиги керак. Эгилувчан улагич ушбу Қоидаларнинг 177-банди талабларига мувофиқ белгиланиши керак. 145. Шатакка олиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади: рул бошқаруви ишламаётган транспорт воситаларини (қисман ортиш йўли билан шатакка олиш бундан мустасно); икки ва ундан кўп транспорт воситаларини; шатакка олинган ва шатакка олган транспорт воситаларининг улагич билан бирга умумий узунлиги 24 метрдан ортиқ бўлса; тормоз тизими ишламаётган транспорт воситасининг ҳақиқий вазни шатакка олган транспорт воситасининг ҳақиқий вазнининг ярмидан ортиқ бўлса (ҳақиқий вазни кам бўлган бундай транспорт воситасини фақат қаттиқ улагич ёрдамида ёки қисман ортиш усули билан шатакка олишга йўл қўйилади); кажавасиз мотоцикллар билан, шунингдек бундай мотоциклларни; йўл яхмалак, сирпанчиқ бўлган ҳолларда эгилувчан улагичда. XXV. Транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш 146. Транспорт воситаларини бошқаришни дастлабки ўргатиш ёпиқ майдончаларда ёки автодромларда ўтказилиши керак. 147. Йўлларда бошқаришни ўргатиш фақат автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқариш бўйича амалий машғулотлар инструктори иштирокида, дастлабки бошқарув кўникмаларига эга бўлган ўрганувчига рухсат этилади. Ўрганувчи Қоидалар талабларини билиши ва уларга амал қилиши шарт. 148. Автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқариш бўйича амалий машғулотлар инструктори бошқаришни ўргатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга, шунингдек тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлиши керак. 149. Ўрганувчи ўқув муддати якунида «А» тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун — 16 ёшга, «В» ва «С» тоифалари учун — 18 ёшга, «D» тоифаси ҳамда трамвай ва троллейбусларни бошқариш учун 21 ёшга тўлган бўлиши керак. 150. Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситалари «Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси» таниқлик белгиси ва ўргатувчи учун улагич (сцепление) ва тормознинг қўшимча тепкилари, орқани кўрсатувчи кўзгу билан жиҳозланиши керак. 151. Бошқаришни ўргатиш йўналишлари ДЙҲХХ билан келишилиши шарт. Бошқа йўлларда бошқаришни ўргатиш тақиқланади. XXVI. Одам ташиш 152. Юк автомобилининг юкхонасида одам ташиш «С» тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган, одамлар сони кабинадаги йўловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлганда эса, «С» ва «D» тоифаларидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ва шу тоифага тааллуқли транспорт воситаларидан бирини 3 йилдан ортиқ бошқарган ҳайдовчилар томонидан амалга оширилиши керак. Ҳарбий ҳайдовчиларга юк автомобилларида одам ташишга рухсат бериш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. 153. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобили юкхонаси бортининг баландлигидан 30 сантиметр пастда жойлашган ўриндиқлар билан жиҳозланиши, икки ён ва орқа бортдаги ўриндиқлар мустаҳкам суянчиққа эга бўлиши керак. Болаларни юк автомобилларининг юкхонасида ташиш тақиқланади. 154. Юк автомобилининг юкхонасида, шунингдек шаҳарлараро, сайёҳлик, экскурсия ёки тоғли йўналишларда ва болалар гуруҳини ташкилий ташишда ташилаётган одамлар сони ўтириш учун жиҳозланган ўриндиқлар сонидан ошмаслиги керак. 155. Ҳаракатни бошлашдан олдин ҳайдовчи йўловчиларга автомобилга чиқиш, ундан тушиш ва унга жойлашиш тартиби ҳақида тушунча бериши керак. Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсиз ташиш шароити таъминланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак. 156. Одам ташишга мослаштирилмаган юк автомобилларининг юкхонасида фақат юкни олиш учун бораётган ёки уни кузатиб бораётган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилади, бунда улар бортлардан пастда жойлашган ўриндиқлар билан таъминланишлари керак. 157. Болалар гуруҳини ташкилий ташишда транспорт воситасида (салонда) катта ёшли кузатиб борувчи шахс (кузатиб борувчилар) бўлиши шарт. Бундай транспорт воситаларининг олди ва орқа томонига «Болалар гуруҳини ташиш» таниқлик белгиси ўрнатилиши керак. 158. Ҳайдовчи транспорт воситаси тўла тўхтагандан кейин одамларни тушириши ва чиқариши, эшиклар ёпилгандан сўнггина ҳаракатланишни бошлаши ва тўла тўхтамагунча уларни очмаслиги шарт. 159. Одамларни ташиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади: автомобилнинг кабинасидан ташқарида (бортли юк ёки фургон-юкхонали автомобилларда одам ташишдан ташқари); тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналар, юк ташиладиган тиркамалар, тиркама-уйча, юк мотоцикллари юкхонасида; мотоциклларнинг конструкциясида кўзда тутилган жойларидан ташқарида; 12 ёшга тўлмаган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғида, шунингдек енгил автомобилга болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган бўлса, унинг олдинги ўриндиғида; 12 ёшга тўлмаган болаларни ҳисобга олмаганда, одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлганда. Бунда транспорт воситасининг ҳақиқий вазни уни ишлаб чиқарган корхона белгилаган рухсат этилган вазндан ошмаслиги керак. XXVII. Юк ташиш 160. Ташилаётган юкнинг вазни ва ўқларга тушадиган оғирлик миқдорининг тақсимланиши ишлаб чиқарган корхона томонидан ушбу транспорт воситаси учун белгиланган миқдордан ошмаслиги керак. 161. Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин юкнинг тўғри жойлашганлигига ва маҳкамланганлигига ишонч ҳосил қилиши, ҳаракатланиш вақтида эса, юкнинг тушиб кетмаслигини ва ҳаракатланишга халақит бермаслигини таъминлаш мақсадида унинг ҳолатини кузатиб бориши керак. 162. Қуйидаги шартларга амал қилинганда юк ташишга йўл қўйилади: агар юк ҳайдовчига теварак-атроф кўринишини чекламаса; транспорт воситасини бошқаришни қийинлаштирмаса ва мувозанатини бузмаса; ташқи ёритиш асбоблари ва ёруғлик қайтаргичларини, рўйхатдан ўтказилганлик давлат рақам белгилари ва таниқлик белгиларини, шунингдек қўл билан бериладиган ишораларни кўришни тўсмаса; шовқин солмаса, чанг кўтармаса, йўлни ва атроф-муҳитни ифлос қилмаса. Агар юкнинг жойлашуви ва ҳолати қайд этилган талабларга жавоб бермаса, ҳайдовчи юқорида санаб ўтилган қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўриши, бунинг иложи бўлмаса, кейинги ҳаракатланишни тўхтатиши шарт. 163. Транспорт воситасининг габаритларидан олд ёки орқа томонга бир метрдан, ён томонга габарит чироқларининг четки қисмидан 0,4 метрдан ортиқ чиқиб турган юк «Катта ўлчамли юк» таниқлик белгиси билан белгиланиши, қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса бунга қўшимча равишда олд оқ чироқ ёки ёруғлик қайтаргич, орқаси эса қизил чироқ ёки ёруғлик қайтаргич билан белгиланиши керак. 164. Ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юкларни ташишда габарит ўлчамлари юкли ёки юксиз ҳолда эни бўйича 2,55 (рефрижераторлар ва изотермик кузовлар учун 2,6) метрдан ва баландлиги бўйича йўл сатҳидан 4 метрдан, узунлиги бўйича бир тиркама ёки яримтиркама билан 20 метрдан, икки ёки ундан ортиқ тиркама билан 24 метрдан ортиқ бўлган ёхуд юки транспорт воситасининг орқа нуқтасидан 2 метрдан ортиқ чиқиб турган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши белгиланган тартибда ДЙҲХХ билан келишилган бўлиши керак. Автобус ва микроавтобуслар томига юк ташиш учун мосламалар ўрнатиш, ҳамда белгиланмаган жойларда юк ташиш тақиқланади. Автомобиль транспортида мамлакатлараро юк ташиш транспорт воситаларига қўйиладиган талабларга ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилган ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. XXVIII. Велосипед, мопед ва аравалар ҳаракатланишига, шунингдек ҳайвонларни ҳайдаб ўтишга доир қўшимча талаблар 165. Йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопедни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади. 166. Велосипедлар, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади. Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, аравалар жамланмаси, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак. 167. Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак. 168. Велосипед ва мопед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади: рулни бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно); йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно); габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш; велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш; трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш; қадаб олинмаган мотошлемсиз йўлларда ҳаракатланиш (мопед ҳайдовчиларига). Велосипедларни ва мопедларни шатакка олиш, шунингдек улардан шатакка олишда фойдаланиш тақиқланади (велосипед ёки мопедга мўлжалланган тиркамаларни шатакка олиш бундан мустасно). 169. Чорраҳадан ташқаридаги тартибга солинмаган велосипед йўлкаси билан йўл кесишмасида велосипед ва мопед ҳайдовчилари йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл беришлари керак. 170. От-араваларда уни тўхтатиб турадиган мослама ва орқага тисарилиб кетишга йўл қўймайдиган тиргаклар бўлиши керак. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда ҳаракатланганда от-араванинг олд томонига оқ рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич, орқа томонига эса қизил рангли чироқ ёки иккита нур қайтаргич ўрнатилиши керак. Ёндош ҳудуддан ёки иккинчи даражали йўлдан кўриниши чекланган жойларда йўлга чиқаётган арава ҳайдовчиси ҳайвонларнинг жиловини қўйиб юбормаслиги керак. 171. Ҳайвонлар йўлда, асосан куннинг ёруғ вақтида ҳайдаб борилиши керак. Подачилар ҳайвонларни мумкин қадар йўлнинг ўнг четида олиб юришлари керак. 172. Темир йўл кесишмалари орқали ўтишда подачилар сонини ҳисобга олган ҳолда ҳайвонлар подаси хавф-хатарсиз ҳайдаб ўтилиши таъминланадиган тўдаларга бўлиниши керак. 173. Аравани бошқараётган, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни, подани ҳайдаб кетаётган шахсларга қуйидагилар тақиқланади: йўлларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш; подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунингдек рухсат этилган жойларда эса қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида ҳайдаб ўтиш; бошқа йўллар бўлганда ҳайвонларни мукаммал қопламали йўлларда ҳайдаб бориш; кўкаламзорлаштирилган жойларда (йўл, йўл ёқаси, ажратувчи бўлак ва ҳ.к.) ҳайвонларни боқиш ва боғлаб қўйиш. XXIX. Мансабдор шахсларнинг ва фуқароларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларини йўлга чиқариш, рақам ва таниқли белгиларини ўрнатиш бўйича мажбуриятлари 174. Йўл ҳаракатида иштирок этаётган транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозлари Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ бўлиши керак. Механик транспорт воситалари ва тиркамалар «Транзит» рўйхатлаш белгисининг амал қилиш вақти ичида ёки харид қилинган, шунингдек божхонада расмийлаштирилган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказилиши керак. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак. 175. Механик транспорт воситалари (трамвай, толлейбуслардан ташқари) ва тиркамаларнинг кўзда тутилган жойларида тегишли намунадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари ўрнатилган бўлиши шарт. Автомобиль ва автобусларда эса олд пешойнанинг ўнг томонидаги паст бурчагига давлат техник кўригидан ўтганлиги ҳақидаги талон ўрнатилиши керак. Юк автомобиллари, тиркамалар (енгил автомобиллар ва мотоцикллар тиркамаларидан ташқари) ва автобуслар (микроавтобуслардан ташқари) кузовининг орқа деворига унинг давлат рақам белгиси ва ҳарфлари ёзилиши керак. Рақамнинг баландлиги 300 мм, кенглиги 120 мм, чизиқнинг йўғонлиги 30 мм, ҳарфлар баландлиги эса рақам ўлчамларининг 2/3 қисмига тенг бўлиши керак. Трамвай ва троллейбусларга тегишли ташкилот томонидан рўйхатга олинган рақамлар ёзилади. 176. Транспорт воситаларига қуйидаги таниқлик белгилари ўрнатилиши керак: «Автопоезд» — юк автомобиллари ва ғилдиракли трактор (1,4 тонна ва ундан юқори) ларда тиркама бўлганда, шунингдек туташтирилган автобус ва троллейбус кабиналари томининг олд қисми ўртасига бир қатор қилиб 150 дан 300 миллиметргача оралиқда кўндаланг жойлашган учта зарғалдоқ рангли чироқ ёки ичидан ёритиладиган, томонларининг ҳар бири 250 миллиметр бўлган сариқ рангли учбурчак шаклидаги белги; «Турумланган» (тишли, шипли) — турумланган шинали механик транспорт воситасининг орқасига томонлари тенг, ичига қора рангда «Т» ҳарфи туширилган, қизил ҳошияли, оқ рангдаги учбурчак шаклидаги белги. Учбурчакнинг томонлари транспорт воситасининг турига қараб 200 — 300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак; «Болалар гуруҳини ташиш» — болалар гуруҳини ташкилий ташишда, транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига қизил ҳошияли, ичига 1.21 йўл белгисидаги болалар тимсолининг тасвири туширилган, сариқ рангдаги, томонлари тенг бўлган тўртбурчак (квадрат) кўринишидаги белги. Тўртбурчакнинг томонлари 250 — 300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги тўртбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак; «Кар ҳайдовчи» — кар-соқов ёки кар ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига ичига диаметри 40 миллиметр бўлган учта қора доира туширилган, диаметри 160 миллиметрни ташкил этадиган сариқ рангли доира шаклидаги белги; «Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси» — бошқаришни ўргатишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонига ичига қора рангда «O‘» ҳарфи туширилган, томонлари 200 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган, қизил ҳошияли, оқ рангли учбурчак шаклидаги белги; «Тезлик чекланган» — ўта оғир, хавфли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, шунингдек транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезлиги ушбу Қоидаларнинг 78, 79 ва 80-бандларида белгиланган тезликдан кам бўлган ҳолларда транспорт воситаси кузови орқа деворининг чап томонига 3.24 — «Юқори тезлик чекланган» йўл белгисининг кичрайтирилган, рангли тасвири туширилган шаклидаги белги. Белгининг диаметри 160 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги белги диаметрининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак; «Хавфли юк» хавфли юкни ташиётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатилган ўлчами 690 х 300 миллиметр, ўнг қисми 400 х 300 миллиметр бўлган зарғалдоқ рангли, чап қисми эса юкнинг хавфли хусусиятини билдириб турган белгилар туширилган қора ҳошияли (кенглиги 15 миллиметр) оқ рангдаги тўртбурчак шаклидаги белги (ушбу Қоидаларга 4-илова); «Катта ўлчамли юк» — ичига кенглиги 50 миллиметрли, диагонал бўйича навбатма-навбат қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, нур қайтарадиган юзали, ўлчами 400 х 400 миллиметрли тўртбурчак шаклидаги белги; «Узун ўлчамли транспорт воситаси» — юкли ёки юксиз узунлиги 20 метрдан ошадиган транспорт воситасининг, икки ёки ундан кўпроқ тиркамали автопоездларнинг орқасига кенглиги 40 миллиметр бўлган қизил ҳошияли, ўлчами 1200 х 200 миллиметр бўлган, таркибнинг тасвири туширилган сариқ рангли тўртбурчак шаклидаги белги. Кўрсатилган ўлчамли белгини жойлаштиришнинг имконияти бўлмаса, бир хил иккита 600 х 200 миллиметр ўлчамдаги белгини транспорт воситасининг ўқига симметрик равишда ўрнатишга йўл қўйилади. «Авария сабабли тўхташ» — милтилловчи қизил чироқ ва давлат стандарти талаблари асосидаги учбурчак шаклидаги белги. Ҳайдовчиларнинг хоҳишига кўра қуйидаги таниқлик белгилари ўрнатилиши мумкин: «Шифокор» — шифокор-ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатиладиган, томонлари 140 миллиметр бўлган, кўк рангли, тўртбурчак ичида диаметри 90 миллиметрли оқ доирага қалинлиги 25 миллиметрли қизил хоч тасвири туширилган белги; «Ногирон» — биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатиладиган барча томонлари 150 миллиметр бўлган ва қора рангли 7.17 йўл белгисининг тасвири туширилган сариқ рангли тўртбурчак шаклидаги белги. 177. Механик транспорт воситаларини шатакка олишда эгилувчан улагични кўрсатадиган огоҳлантирувчи, ўлчами 200 х 200 миллиметр бўлган, диагонали бўйича кетма-кет жойлашган 50 миллиметр қалинликдаги қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали байроқчалар ёки тахтачалар шаклидаги огоҳлантирувчи қурилмалар ўрнатилиши керак. Эгилувчан улагичга камида иккита огоҳлантирувчи қурилма ўрнатилади. 178. Қаттиқ улагичли қурилманинг конструкцияси техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мос бўлиши керак. 179. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади: автомобиллар, автобуслар, автопоездлар, тиркамалар, мотоцикллар, мопедлар, тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналарнинг техник ҳолати ва жиҳозланиши транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлайдиган шартлар рўйхатининг талабларига жавоб бермаса (ушбу Қоидаларга 3-илова); троллейбус ва трамвайларда тегишли техник фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган носозликлардан бирортаси бўлса; транспорт воситалари давлат техник кўригидан ўтмаган, шунингдек тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган бўлса; транспорт воситалари ДЙҲХХ рухсатисиз милтилловчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишора билан жиҳозланган, кузовнинг ён томонига ДЙҲХХ билан келишилмасдан қия оқ чизиқ тортилган, кўзда тутилган жойларга тегишли давлат рақам белгилари ўрнатилмаган, агрегат ва қисмларининг рақамлари ёки давлат рўйхатлаш рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаштирилган, ўзгартирилган бўлса; транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги белгиланган тартибда мажбурий суғурта қилинмаган бўлса. 180. Транспорт воситаларининг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахсларга қуйидагилар тақиқланади: техник носоз, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки даврий давлат техник кўригидан ўтказилмаганлиги туфайли фойдаланиш тақиқланган транспорт воситаларини йўлга чиқариш; мастлик (гиёҳвандлик моддалар, алкоголь ва бошқалар) ҳолатида ёки сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ёки бетоблик ҳолатида, шунингдек тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган, белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтмаган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси бўлмаган шахсларни транспорт воситасини бошқаришга қўйиш; асфальт ёки цемент-бетон қопламали йўлларга занжирли трактор ва бошқа ўзиюрар механизмларни чиқариш. 181. Йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларининг ҳолатига жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар: йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларини йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги техник тартибга солиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ, ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган ҳолатда сақлашга; йўл ҳаракатига халақит берадиган ҳар қандай тўсқинлик вужудга келса, уларни ўз вақтида бартараф этиш, йўлнинг айрим қисмларида улардан фойдаланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолларда ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш чораларини кўришга мажбур. 182. Йўлларда таъмирлаш ишларини бажаришга жавобгар мансабдор ва бошқа шахслар ишлар олиб борилаётган жойда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга мажбур. Бундай жойлар, шунингдек йўлдан ташқарига олиб чиқиш имконияти бўлмаган иш бажармаётган йўл машиналари, қурилиш материаллари, қурилма ва шунга ўхшашлар тегишли йўл белгилари, йўналтирувчи ва тўсувчи мосламалар билан, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса, қўшимча қизил ёки сариқ чироқли ишоралар билан белгиланиши керак. Таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланган бўлиши керак. 183. Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда тегишли мансабдор ва бошқа шахслар томонидан ДЙҲХХ билан белгиланган тартибда қуйидагилар келишилади: шаҳарларда ва автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этишни лойиҳалаш, йўлларни ҳаракатни ташкил этувчи техник воситалар билан жиҳозлаш; йўлларни, темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларини, транспорт воситаларининг конструкцияларини қуриш, реконструкция қилиш лойиҳалари; автотранспорт воситаларининг конструкцияси ва (ёки) унинг қисми йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мос келиши ва автомототранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш; йўналишли транспорт воситалари йўналишлари ва бекатларининг жойлашиши; йўлларда оммавий спорт ва бошқа тадбирларни ўтказиш; транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш, уларга махсус ёруғлик ва товуш ишораларини ўрнатиш, транспорт воситалари кузовининг ён томонига қия оқ чизиқлар тортиш; ушбу Қоидаларнинг 164-бандида келтирилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши; бошқаришни ўргатиш рухсат этилган йўллар рўйхати ва чизмаси, ҳаракат хавфсизлиги бўйича мутахассисларни, автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқариш бўйича амалий машғулотлар инструктори ва ҳайдовчиларни тайёрлаш дастурлари; йўлларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатига хавф туғдирувчи ҳар қандай ишларни олиб бориш. 184. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб бораётган, шикастланган, носоз бўлган, шунингдек қонунда кўзда тутилган ҳолларда, бошқа транспорт воситаларини ортиш ва ташиш ишларини бажараётган, йўл ҳаракатида қатнашаётган габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган ҳамда ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юк ташиётган транспорт воситаларида ва махсус қоидалар билан белгиланган ҳолларда бундай транспорт воситаларини кузатиб келаётган транспорт воситаларида ўрнатилиши керак. 185. Барча рангдаги чироқ-маёқчалар транспорт воситасининг томига ёки устига ўрнатилади. Маҳкамлаш усуллари транспорт воситаси ҳар хил шароитларда ҳаракатланганда ҳам ўрнатилган чироқ-маёқчаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаши керак. 186. Транспорт воситаларининг барча рангдаги чироқ-маёқча ва махсус товушли ишоралар билан жиҳозланганлиги ҳақидаги маълумотлар транспорт воситасини рўйхатлаш гувоҳномасида кўрсатилган бўлиши керак. Йўл ҳаракати қоидаларига 1-ИЛОВА Йўл белгилари 1. Огоҳлантирувчи белгилар Огоҳлантирувчи белгилар ҳайдовчиларга хавфли йўл қисмига яқинлашаётганлиги ҳақида ахборот бериб, унда ҳаракатланишда шароитга қараб тегишли чора кўришни талаб қилади. 1.1. «Шлагбаумли темир йўл кесишмаси». 1.2. «Шлагбаумсиз темир йўл кесишмаси». 1.3.1. «Бир изли темир йўл». 1.3.2. «Кўп изли темир йўл». 1.3.1 — бир изли темир йўл, 1.3.2 — икки ва ундан ортиқ изли темир йўл белгилари шлагбаум билан жиҳозланмаган темир йўл кесишмаси олдида ўрнатилади. 1.4.1 — 1.4.6. «Темир йўл кесишмасига яқинлашув». Аҳоли пунктларидан ташқарида темир йўл кесишмасига яқинлашаётганлик ҳақида қўшимча огоҳлантириш беради. 1.5. «Трамвай йўли билан кесишув». 1.6. «Тенг аҳамиятли йўллар кесишуви». 1.7. «Айланма ҳаракатланиш билан кесишув». 1.8. «Светофор тартибга солади». Ҳаракат светофор орқали тартибга солинган чорраҳа, пиёдалар ўтиш жойи ёки йўл қисмини билдиради. 1.9. «Кўтарма кўприк». Кўтарма кўприк ёки солда кесиб ўтиш. 1.10. «Соҳилга чиқиш». Дарё ёки сув ҳавзаси қирғоғига чиқишни билдиради. 1.11.1, 1.11.2. «Хавфли бурилиш». 1.11.1 — ўнгга, 1.11.2 — чапга йўл белгилари йўлнинг кичик радиусли ёки кўриниши чекланган бурилиш жойини билдиради. 1.12.1, 1.12.2. «Хавфли бурилишлар». 1.12.1 — биринчи бурилиш ўнгга, 1.12.2 — биринчи бурилиш чапга йўл белгилари йўлнинг хавфли бурилишлари бўлган қисмини билдиради. 1.13. «Тик нишаблик». 1.14. «Тик баландлик». 1.15. «Сирпанчиқ йўл». Йўлнинг ўта сирпанчиқ бўлган қисмини билдиради. 1.16. «Нотекис йўл». Қатнов қисми нотекис бўлган йўл (ўнқир-чўнқир, ўйдим-чуқур жойлар, кўприкнинг йўлга нотекис туташуви ва шу кабилар) қисмини билдиради. 1.17. «Тош отилиши хавфи». Транспорт воситасининг ғилдираги остидан шағал, тош ва шунга ўхшашларнинг отилиб чиқиш эҳтимоли бўлган йўл қисмини билдиради. 1.18.1 — 1.18.3. «Йўлнинг торайиши». 1.18.1 — икки томонлама торайиш; 1.18.2 — ўнгга торайиш ва 1.18.3 — чапга торайишни билдиради. 1.19. «Икки томонлама ҳаракатланиш». Йўлнинг (қатнов қисмининг) қарама-қарши ҳаракатланишли қисми бошланишини билдиради. 1.20. «Пиёдалар ўтиш жойи». 5.16.1, 5.16.2 белгилари ва (ёки) 1.14.1-1.14.2 чизиқлари билан белгиланган пиёдалар ўтиш жойини билдиради. 1.21. «Болалар». Болалар муассасаси (мактаблар, болаларнинг дам олиш масканлари ва шунга ўхшашлар)га яқин йўлнинг қатнов қисмидан болаларнинг чиқиб қолиш эҳтимолини билдиради. 1.22. «Велосипед йўлкаси билан кесишув». 1.23. «Таъмирлаш ишлари». 1.24. «Мол ҳайдаб ўтиш». 1.25. «Ёввойи ҳайвонлар». 1.26. «Тошлар тушиши». Тош кўчиши, сурилиши ва тушиши мумкин бўлган йўл қисмини билдиради. 1.27. «Ёнлама шамол». 1.28. «Пастлаб учувчи самолётлар». 1.29. «Туннел». Сунъий равишда ёритилмаган ёки кириш пештоғининг кўриниши чекланган туннелни билдиради. 1.30. «Бошқа хавф-хатарлар». Огоҳлантирувчи белгиларда кўзда тутилмаган хавф-хатарлар бўлган йўл қисмини билдиради. 1.31.1, 1.31.2. «Бурилишнинг йўналиши». Кичик радиусли, кўриниши чекланган йўлда ҳаракатланиш йўналишини ва йўлнинг таъмирланаётган қисмини айланиб ўтиш йўналишини билдиради. 1.31.3. «Бурилишнинг йўналиши». «Т» симон чорраҳада ёки йўл айрилишларида ҳаракатланиш йўналишини, таъмирланаётган йўл қисмини айланиб ўтиш йўналишини билдиради. 1.1, 1.2, 1.5 — 1.30 огоҳлантирувчи белгилари аҳоли пунктларида хавфли жойдан 50 — 100 метр, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр олдин ўрнатилади. Зарурият бўлганда бу белгилар 7.1.1 қўшимча-ахборот белгисида кўрсатилган бошқа масофада ҳам ўрнатилиши мумкин. Агар нишаблик ва баландлик кетма-кет келадиган бўлса, 1.13 ва 1.14 белгилари бевосита нишаблик ва баландлик олдига ўрнатилиши мумкин. Аҳоли пунктларидан ташқарида 1.1, 1.2, 1.9, 1.10, 1.21 ва 1.23 белгилари такрорланади. Иккинчи белги йўлнинг хавфли қисми бошланишига камида 50 метр қолганда ўрнатилади. Агар қатнов қисмида қисқа муддатли йўл ишлари олиб борилаётган бўлса, 1.23 белгиси иш бажарилаётган жойга 10 — 15 метр масофа етмасдан (7.11 қўшимча-ахборот белгисисиз) ўрнатилиши мумкин. 1.3.1 ва 1.3.2 белгилари бевосита темир йўл кесишмасининг олдига ўрнатилади. 2. Имтиёз белгилари Имтиёз белгилари — чорраҳаларда, қатнов қисмлари кесишган жойларда, йўлнинг тор қисмларида ҳаракатланиш навбатини белгилайди. 2.1. «Асосий йўл». Ҳаракат тартибга солинмаган чорраҳаларда олдин ўтиш ҳуқуқини беради. Белги асосий йўл бошига ва кесишувларнинг бевосита олдига ўрнатилади. Белги асосий йўл бошига ва чорраҳаларнинг бевосита олдига ўрнатилади. 2.2. «Асосий йўлнинг охири». 2.3.1. «Иккинчи даражали йўл билан кесишув». 2.3.2, 2.3.3. «Иккинчи даражали йўл билан туташув». 2.3.2 — туташув ўнгдан, 2.3.3 — туташув чапдан. 2.3.1 — 2.3.3 йўл белгилари аҳоли пунктларида кесишмагача 50 — 100 метр масофада, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр масофада ўрнатилади. 2.4. «Йўл беринг!». Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши керак. 2.5. «Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган». Тўхташ чизиғи олдида, агар у бўлмаса, кесиб ўтиладиган қатнов қисмининг четида тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланади. Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак. Бу белги темир йўл кесишмаси ёки карантин масканидан олдин ўрнатилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи олдида, у бўлмаса, белги олдида тўхташи керак. 2.6. «Рўпара ҳаракатланишнинг устунлиги». Қарама-қарши ҳаракатланишни қийинлаштирадиган ҳолларда йўлнинг тор қисмига кириш тақиқланади. Ҳайдовчи йўлнинг тор қисмида бўлган ёки рўпарадан унга яқин бўлган транспорт воситасига йўл бериши керак. 2.7. «Рўпарадаги ҳаракатланишга нисбатан имтиёз». Йўлнинг тор қисмида ҳаракатланишда ҳайдовчи рўпарадан келаётган транспорт воситасига нисбатан имтиёзга эгалигини билдиради. 3. Тақиқловчи белгилар Тақиқловчи белгилар йўл ҳаракатига маълум чекланишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади. 3.1. «Кириш тақиқланган». Барча транспорт воситаларининг кириши тақиқланишини билдиради. 3.2. «Ҳаракатланиш тақиқланган». Барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.3. «Механик транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган». 3.4. «Юк автомобилларининг ҳаракатланиши тақиқланган». Тўла вазни 3,5 тоннадан (агар вазни белгида кўрсатилмаган бўлса) ёки тўла вазни белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва транспорт воситалари таркибларининг, шунингдек тракторлар, ўзиюрар мосламаларнинг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.4 йўл белгиси бортларига қия оқ чизиқ тортилган ёки одамларни ташиш учун мўлжалланган юк автомобилларининг ҳаракатланишини тақиқламайди. 3.5. «Мотоцикллар ҳаракатланиши тақиқланган». 3.6. «Тракторлар ҳаракатланиши тақиқланган». Тракторлар, ўзиюрар мосламаларнинг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.7. «Тиркама билан ҳаракатланиш тақиқланади». Юк ташувчи транспорт воситалари, тракторларнинг барча турдаги тиркамалар билан ҳаракатланиши, шунингдек механик транспорт воситаларини ҳар қандай усулда шатакка олиш тақиқланишини билдиради. 3.8. «От-арава ҳаракатланиши тақиқланган». От-арава (чана), отлиқлар, юк ортилган ҳайвонларнинг ҳаракатланиши, шунингдек мол (пода) ҳайдаб ўтиш тақиқланишини билдиради. 3.9. «Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган». Велосипед ва мопедларнинг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.10. «Пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланган». 3.11. «Вазн чекланган». Ҳақиқий умумий вазни белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг, шунингдек транспорт воситалари таркибларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.12. «Ўққа тушадиган оғирлик чекланган». Бирорта ўқига тушадиган ҳақиқий оғирлиги белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.13. «Чекланган баландлик». Габарит баландлиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.14. «Чекланган кенглик». Габарит кенглиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.15. «Чекланган узунлик». Габарит узунлиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситалари (транспорт воситалари таркиблари)нинг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.16. «Энг кам оралиқ». Белгида кўрсатилганидан кам оралиқ масофада ҳаракатланиш тақиқланишини билдиради. 3.17.1. «Божхона». Божхона (текширув маскани) олдида тўхтамасдан ўтиш тақиқланишини билдиради. 3.17.2. «Хавф-хатар». Йўл-транспорт ҳодисаси ёки бошқа хавфли вазиятлар туфайли, истисносиз, барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 3.18.1. «Ўнгга бурилиш тақиқланган». 3.18.2. «Чапга бурилиш тақиқланади». 3.19. «Қайрилиш тақиқланган». 3.20. «Қувиб ўтиш тақиқланган». Соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган якка транспорт воситасидан бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланишини билдиради. 3.21. «Қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири». 3.22. «Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган». Тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларида барча транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланишини билдиради. (соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаси, трактор, от-арава, велосипед бундан мустасно). 3.23. «Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири». 3.24. «Юқори тезлик чекланган». Белгида кўрсатилганидан ортиқ тезликда (км/с) ҳаракатланиш тақиқланишини билдиради. 3.25. «Юқори тезлик чекланган ҳудуднинг охири». 3.26. «Товуш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланган». Йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш ҳолларидан бошқа вазиятларда товуш мосламасидан фойдаланиш тақиқланишини билдиради. 3.27. «Тўхташ тақиқланган». Транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши тақиқланишини билдиради. 3.28. «Тўхтаб туриш тақиқланган». Транспорт воситаларининг тўхтаб туриши тақиқланишини билдиради. 3.29. «Ойнинг тоқ кунларида тўхтаб туриш тақиқланган». 3.30. «Ойнинг жуфт кунларида тўхтаб туриш тақиқланган». 3.31. «Барча чекловларнинг охири». 3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 — 3.30 белгиларидан бир нечтасига бир вақтда амал қиладиган оралиқларнинг охирини билдиради. 3.1 — 3.3, 3.18.1, 3.18.2, 3.19, 3.27 белгиларининг йўналишли транспорт воситаларига, 3.2 — 3.8 белгилари таъсир оралиғида яшовчи ёки ишловчи фуқароларга ёхуд уларга ва корхоналарга хизмат қилувчи транспорт воситаларига дахли йўқ. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак. Ушбу Қоидаларнинг 176-бандига биноан «Ногирон» таниқлик белгиси билан белгиланган автомобиллар ва кажавали мотоциклларни бошқараётган ногиронлар ҳайдовчилар 3.2, 3.3 ва 3.28 белгилари талабларидан четга чиқишлари мумкин. 7.18 белги бўлганда 3.27 белгисининг таъсир доирасида тўташга рухсат этилади. 3.28 — 3.30 белгиларининг таксометри ишлаб турган таксиларга дахли йўқ. 3.18.1 ва 3.18.2 белгилари қатнов қисмларининг қайси кесишмаси олдига ўрнатилса, шу кесишмага татбиқ этилади. 3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 — 3.30 белгилари белги ўрнатилган жойдан кейинги энг яқин чорраҳагача, чорраҳаси бўлмаган аҳоли пунктларида аҳоли яшайдиган ҳудуднинг охиригача таъсир қилади. Йўлга ёндош ҳудудлардан дала ва ўрмонларнинг йўл билан туташган ҳамда иккинчи даражали йўллардан чиқиш жойларида, уларнинг олдида тегишли белгилар ўрнатилмаган бўлса, бу белгиларнинг таъсири йўқолмайди. Аҳоли пунктларига етмай ўрнатилган 3.24 белгисининг таъсири 5.22 белгисигача кучини сақлайди. Белгиларнинг таъсир доираси аниқлаштирилиши мумкин: 3.16 ва 3.26 белгилари 7.2.1 қўшимча-ахборот белгиси орқали; 3.20, 3.22, 3.24 белгилари 3.21, 3.23, 3.25 белгилари ва 7.2.1 қўшимча-ахборот белгиси орқали; 3.27 — 3.30 белгиларининг амал қилиш оралиғи охирига 3.27 — 3.30 белгилари 7.2.3 қўшимча-ахборот белгиси билан бирга такрор ўрнатилади ёки 7.2.2 қўшимча-ахборот белгиси билан қўлланилади. 3.27 белгиси 1.4 ётиқ чизиғи билан биргаликда, 3.28 белгиси эса 1.10 ётиқ чизиғи билан биргаликда қўлланиши мумкин, бунда белгиларга амал қилиш чизиқлар узунлиги билан аниқланади. 3.10, 3.27 — 3.30 белгилари йўлнинг қайси томонига ўрнатилган бўлса, уларга фақат ўша томонда амал қилинади. 4. Буюрувчи белгилар 4.1.1. «Ҳаракатланиш тўғрига». 4.1.2. «Ҳаракатланиш ўнгга». 4.1.3. «Ҳаракатланиш чапга». 4.1.4. «Ҳаракатланиш тўғрига ёки ўнгга». 4.1.5. «Ҳаракатланиш тўғрига ёки чапга». 4.1.6. «Ҳаракатланиш ўнгга ёки чапга». Ушбу белгиларнинг таъсир оралиғида фақат йўналтиргичлар буюрган томонга ҳаракатланишга рухсат этилади. Чапга бурилишга рухсат этувчи белги қайрилишга ҳам рухсат беради. (Муайян кесишмада талаб этилган ҳаракат йўналишига тегишли йўналтиргичнинг шакли туширилган 4.1.1 — 4.1.6 белгиларини қўллаш мумкин). 4.1.1 — 4.1.6 белгилари йўналишли транспорт воситаларига таъсир қилмайди. 4.1.1 — 4.1.6 йўл белгилари қатнов қисмларининг қайси кесишмаси олдига ўрнатилса, шу кесишмага таъсир этади. 4.1.1 белгиси йўлнинг қисми бошланишига ўрнатилса, унга яқин чорраҳагача амал қилинади. Белги ўнг томонда жойлашган ҳовли ва бошқа ёндош ҳудудларга бурилишни тақиқламайди. 4.2.1. «Тўсиқни ўнгдан четлаб ўтиш». 4.2.2. «Тўсиқни чапдан четлаб ўтиш». Тўсиқни кўрсатилган йўналиш бўйича четлаб ўтишга рухсат этилишини билдиради. 4.2.3. «Тўсиқни ўнгдан ёки чапдан четлаб ўтиш». Тўсиқни ҳар томонидан четлаб ўтишга рухсат этилишини билдиради. 4.3. «Айланма ҳаракатланиш». Йўналтиргичларда кўрсатилган йўналишларда ҳаракатланишга рухсат этилишини билдиради. 4.4. «Енгил автомобиллар ҳаракати». Енгил автомобиллар, автобус, мотоцикллар, белгиланган йўналишли транспорт воситалари ва рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари ҳаракатланишига рухсат этилишини билдиради. Белгининг таъсир оралиғида яшовчи ва ишловчи фуқароларга тегишли, уларга ва корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларига бу белги татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга энг яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак. 4.5. «Велосипед йўлкаси». Фақат велосипед ва мопедларда ҳаракатланишга рухсат этилишини билдиради. Тротуар ёки пиёдалар йўлкаси бўлмаса, велосипед йўлкасидан пиёдалар ҳам юришлари мумкин. 4.6. «Пиёдалар йўлкаси». Фақат пиёдалар юришига рухсат этилади. 4.7. «Энг кам тезлик». Фақат белгида кўрсатилган ёки ундан юқори тезликда (км/соат) ҳаракатланишга рухсат этилишини билдиради. 4.8. «Энг кам тезлик белгиланган йўлнинг охири». 5. Ахборот-кўрсатгич белгилари Ахборот-кўрсатгич белгилари маълум ҳаракат тартибларини киритади ёки уларни бекор қилади, ҳамда аҳоли пунктлари ва бошқа манзилларнинг жойлашуви ҳақида маълумот беради. 5.1. «Автомагистрал». Йўл ҳаракати қоидаларининг автомагистралларда ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўлни билдиради. 5.2. «Автомагистралнинг охири». 5.3. «Автомобиллар учун мўлжалланган йўл». Фақат автомобиллар, автобус ва мотоциклларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўлни билдиради. 5.4. «Автомобиллар учун мўлжалланган йўлнинг охири». 5.5. «Бир томонлама ҳаракатли йўл». Транспорт воситалари бутун кенглик бўйича бир йўналишда ҳаракатланадиган йўл ёки қатнов қисмини билдиради. 5.6. «Бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири». 5.7.1, 5.7.2. «Бир томонлама ҳаракатли йўлга чиқиш». Ҳаракатланиш бир томонлама бўлган йўлга ёки қатнов қисмига чиқишни билдиради. 5.8.1. «Бўлаклар бўйича ҳаракат йўналиши». Бўлаклар сони ва ҳар бири бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишини билдиради. 5.8.2. «Бўлак бўйича ҳаракатланиш йўналиши». Бўлак бўйича рухсат этилган ҳаракат йўналишини билдиради. Йўлнинг четки чап бўлагидан чапга бурилишга рухсат берувчи 5.8.1 ва 5.8.2 белгилари шу бўлакдан қайрилишга ҳам рухсат беради. Чорраҳадан олдин ўрнатилган 5.8.1 ва 5.8.2 белгиларининг таъсири, агар шу туркумдаги бошқа белгилар ўрнатилмаган бўлса, бутун чорраҳага татбиқ этилади. 5.8.3. «Бўлакнинг бошланиши». Йўлнинг секинлашиш бўлаги ёки баландликка кўтарилишдаги қўшимча бўлакнинг бошланиш жойини билдиради. Агар белгига 4.7 «Энг кам тезлик» белгисининг тасвири тушган бўлса, кўрсатилган ёки ундан каттароқ тезликда ҳаракатлана олмайдиган транспорт воситасининг ҳайдовчиси асосий бўлакдан қўшимча бўлакка қайта тизилиши керак. 5.8.4. «Бўлакнинг бошланиши». Уч бўлакли йўлларда шу йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган ўрта бўлак қисмининг бошланишини билдиради. 5.8.5. «Бўлак охири». Баландликка кўтарилишдаги қўшимча бўлакнинг ёки тезланиш бўлагининг охирини билдиради. 5.8.6. «Бўлак охири». Уч бўлакли йўлларда шу йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган ўрта бўлак қисмининг охирини билдиради. 5.8.7, 5.8.8. «Бўлаклар бўйича ҳаракатланиш йўналиши». Агар 5.8.7 белгисида бирор транспорт воситасининг ҳаракатланишини тақиқловчи белги тасвирланган бўлса, унда бу тур транспорт воситасининг тегишли бўлакда ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради. 5.8.7 ва 5.8.8 белгилари йўналишлар сонига кўра тўрт ва ундан ортиқ бўлакли йўлларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Тасвири алмашадиган 5.8.7, 5.8.8 белгилари ёрдамида реверсив ҳаракат ташкил этилиши мумкин. 5.9. «Йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлак». Транспорт воситалари йўналишида ҳаракатланадиган йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлакни билдиради. Белги қайси бўлак устида жойлашган бўлса, шу бўлакка татбиқ этилади. Йўлнинг ўнг томонига ўрнатилган белгининг таъсири ўнг бўлакка татбиқ этилади. 5.10.1. «Йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўл». Йўналишли транспорт воситаларининг умумий оқимга қарши ҳаракатланиши учун ажратилган бўлакни билдиради. 5.10.2, 5.10.3. «Йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўлга чиқиш». 5.10.4. «Йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўлнинг охири». 5.11.1. «Қайрилиб олиш жойи». Чапга бурилиш тақиқланади. 5.11.2. «Қайрилиб олиш оралиғи». Қайрилиб олиш оралиғининг узунлигини билдиради. Чапга бурилиш тақиқланади. 5.12. «Автобус ва (ёки) троллейбус тўхташ жойи». 5.13. «Трамвай тўхташ жойи». 5.14. «Енгил таксилар тўхтаб туриш жойи». 5.15. «Тўхтаб туриш жойи». 5.16.1, 5.16.2. «Пиёдалар ўтиш жойи». Ўтиш жойи олдида 1.14.1-1.14.2 ётиқ чизиғи бўлмаганда 5.16.2 белгиси йўлдан ўнг томонга ўтиш жойининг олд чегарасига, 5.16.1 белгиси эса чап томонга ўтиш жойининг орқа чегарасига ўрнатилади. 5.17.1, 5.17.2. «Пиёдаларнинг ер остидан ўтиш жойи». 5.17.3, 5.17.4. «Пиёдаларнинг ер устидан ўтиш жойи». 5.18. «Тавсия этилган тезлик». Йўлнинг шу қисмида тавсия этилган ҳаракатланиш тезлигини билдиради. Белгига энг яқин чорраҳагача амал қилинади. 5.18 белгиси огоҳлантирувчи белги билан бирга қўлланса, унинг таъсир оралиғи хавфли қисмнинг узунлиги билан аниқланади. 5.19.1 — 5.19.3. «Охири берк йўл». Йўлнинг кўрсатилган йўналишда охири берклигини билдиради. 5.20.1, 5.20.2. «Йўналишларнинг дастлабки кўрсаткичи». Белгида кўрсатилган аҳоли пункти ва бошқа манзилларга ҳаракатланиш йўналишини билдиради. Белгида 5.29.1 белгисининг ҳамда автомагистраль, аэропорт ва бошқа рамзий белгилар тасвири туширилган бўлиши мумкин. 5.20.1 белгисида ҳаракатланиш тартибининг хусусиятлари тўғрисида ахборот берувчи бошқа белгиларнинг тасвири ҳам тушган бўлиши мумкин. 5.20.1 белгисининг паст қисмида белги ўрнатилган жойдан чорраҳагача бўлган масофа кўрсатилади. 5.20.1 белгиси йўлнинг 3.11 — 3.15 тақиқловчи белгиларидан бири ўрнатилган қисмларини айланиб ўтиш йўналишини кўрсатиш учун ҳам қўлланилади. 5.20.3. «Ҳаракатланиш схемаси». Чорраҳада айрим йўналишларда ҳаракатланиш тақиқланган бўлса ҳаракатланиш йўналиши ёки мураккаб чорраҳаларда рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишини билдиради. 5.21.1. «Йўналиш кўрсаткичи». 5.21.2. «Йўналишлар кўрсаткичи». Кўрсатилган манзилларга ҳаракатланиш йўналишларини билдиради. Белгиларда манзилларгача бўлган масофа (км) кўрсатилиши, автомагистраллар, аэропортлар ва бошқа рамзий белгилар тасвирланган бўлиши мумкин. 5.22. «Аҳоли пунктининг бошланиши». Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинадиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланишини билдиради. 5.23. «Аҳоли пунктининг охири». Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартиб-талаблари бекор қилинган жойни билдиради. 5.24. «Аҳоли пунктининг бошланиши». Ушбу Қоидаларнинг аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинмайдиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланишини билдиради. 5.25. «Аҳоли пунктининг охири». 5.24 йўл белгиси билан кўрсатилган аҳоли пунктининг охирини билдиради. 5.26. «Манзил номи». Аҳоли пунктларидан бошқа манзилларнинг номини билдиради. (дарё, кўл, довон, хушманзара жой ва ҳ. к.). 5.27. «Масофалар кўрсаткичи». Йўналиш бўйича жойлашган аҳоли пунктларигача бўлган масофани билдиради. (км). 5.28. «Километр белгиси». Йўлнинг боши ёки охиригача бўлган масофани билдиради. (км). 5.29.1, 5.29.2. «Йўл рақами». 5.29.1 — йўлга берилган рақам, 5.29.2 — йўлнинг рақами ва йўналишини билдиради. 5.30.1 — 5.30.3. «Юк автомобиллари учун ҳаракатланиш йўналиши». Чорраҳада юк автомобиллари, тракторлар ва ўзиюрар мосламаларга бирор йўналишда ҳаракатланиш тақиқланган бўлса, бундай транспорт воситаларига тавсия этилган ҳаракатланиш йўналишлари кўрсатади. 5.31. «Айланиб ўтиш тасвири». Ҳаракатланиш учун вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш чизмасини билдиради. 5.32.1 — 5.32.3. «Четлаб ўтиш йўналиши». Ҳаракатланиш вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш йўналишини билдиради. 5.33. «Тўхташ чизиғи». Светофорнинг (тартибга солувчининг) тақиқловчи ишорасида транспорт воситалари тўхтайдиган жойни билдиради. 5.34.1, 5.34.2. «Бошқа қатнов қисмига қайта тизилишнинг бошланғич кўрсаткичи». Ажратувчи бўлаги бўлган йўлнинг ҳаракатланиш учун ёпиқ ҳудудини айланиб ўтиш ёки ўнг томондаги қатнов қисмига қайтиш учун ҳаракатланиш йўналишини билдиради. 5.35. «Реверсив ҳаракатланиш». Бир ёки бир неча бўлакларда ҳаракатланиш йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган йўл қисмининг бошланишини билдиради. 5.36. «Реверсив ҳаракатланишнинг охири». 5.37. «Реверсив ҳаракатланиш йўлига чиқиш». 5.38. «Турар жой даҳаси». Йўл ҳаракати қоидаларининг турар жой даҳаларида ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўлни билдиради. 5.39. «Турар жой даҳасининг охири». 5.40. «Фалокатли ҳолатлар учун кириш йўли». Йўл ҳаракати ушбу Қоидаларидаги 128-бандда кўрсатилган ҳолатларда фойдаланиладиган йўлни билдиради. 5.41. «Фото- ва видео қайд этиш» Аҳоли пунктларидан ташқарида ўрнатилган 5.20.1, 5.20.2, 5.21.1 ва 5.21.2 йўл белгиларида яшил ёки кўк асосда кўрсатилган аҳоли пунктларига тегишли автомагистрал ёки бошқа йўллар орқали борилади. Оқ асосда кўрсатилган манзил шу аҳоли пунктида жойлашганлигини билдиради. Аҳоли пунктларида ўрнатилган 5.20.1, 5.20.2, 5.21.1 ва 5.21.2 йўл белгиларида оқ асосдаги яшил, кўк рангли қўшимчалар кўрсатилган аҳоли пунктига ёки тегишли манзилларга ҳаракатланиш ана шу аҳоли пунктидан чиқилгандан сўнг, автомагистрал ёки бошқа йўллар орқали амалга оширилишини билдиради. 6. Сервис белгилари Сервис белгилари тегишли объектлар жойлашуви ҳақида маълумот беради. 6.1. «Тиббий ёрдам кўрсатиш жойи». 6.2. «Шифохона». 6.3. «Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси». 6.4. «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш жойи». 6.5. «Автомобилларни ювиш жойи». 6.6. «Телефон». 6.7. «Ошхона». 6.8. «Ичимлик суви». 6.9. «Меҳмонхона». 6.10. «Кемпинг». 6.11. «Дам олиш жойи». 6.12. «ЙПХ маскани». 7. Қўшимча ахборот белгилари Қўшимча ахборот белгилари улар билан биргаликда қўлланган белгиларга аниқлик киритиш ёки уларнинг таъсирини чеклаш учун қўлланилади. 7.1.1. «Объектгача бўлган масофа». Белгидан йўлнинг хавфли жойи, йўл ҳаракатига тегишли чекловлар киритиладиган жойи ёки ҳаракат йўналиши бўйича олдиндаги муайян жойгача бўлган масофани кўрсатади. 7.1.2. «Объектгача бўлган масофа». Аҳоли пунктларидан ташқарида чорраҳа олдига 2.5. йўл белгиси ўрнатилган бўлса, 2.4. йўл белгиси билан ўрнатилиб, чорраҳагача бўлган масофани кўрсатади. 7.1.3, 7.1.4. «Объектгача бўлган масофа». Йўлдан четда жойлашган манзилгача бўлган масофани билдиради. 7.2.1. «Таъсир оралиғи». Огоҳлантирувчи белгилар билан белгиланган хавфли жойнинг узунлигини ёки тақиқловчи ва ахборот-кўрсаткич белгиларининг таъсир оралиғини кўрсатади. 7.2.2 — 7.2.6. «Таъсир оралиғи». 7.2.2 — 3.27 — 3.30 тақиқловчи белгиларининг таъсири сақланган оралиқни кўрсатади. 7.2.3 — 3.27 — 3.30 тақиқловчи белгиларининг таъсир оралиғи охирини кўрсатади. 7.2.4 — ҳайдовчиларга уларнинг 3.27 — 3.30 йўл белгилари таъсир доирасида эканликлари ҳақида ахборот беради. 7.2.5, 7.2.6 — майдон, бинолар олди ва шунга ўхшаш жойлар четида тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланганда 3.27 — 3.30 белгиларининг таъсир оралиғи ва йўналишини кўрсатади. 7.3.1 — 7.3.3. «Таъсир йўналишлари». Чорраҳа олдида ўрнатилган белгиларнинг таъсир йўналишини ёки бевосита йўл яқинида жойлашган манзилларга ҳаракатланиш йўналишини кўрсатади. 7.4.1 — 7.4.7. «Транспорт воситасининг тури». Белгининг таъсири жорий этилган транспорт воситалари турини кўрсатади. 7.4.1 белги билан ўрнатилган йўл белгисининг таъсири юк ташувчи, шу жумладан, тиркамали, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситаларига, 7.4.3 белги билан ўрнатилган йўл белгисининг таъсири енгил автомобилларга, шунингдек тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган юк ташувчи транспорт воситаларига татбиқ этилади. 7.5.1. «Шанба, якшанба ва байрам кунлари». 7.5.2. «Иш кунлари». 7.5.3. «Ҳафта кунлари». Белгига ҳафтанинг қайси кунлари амал қилиниши кўрсатилган. 7.5.4. «Амал қилиш вақти». Белгига куннинг қайси вақтида амал қилишни кўрсатади. 7.5.5 — 7.5.7. «Амал қилиш вақти». Белгига ҳафтанинг қайси куни ва қайси соатларида амал қилишни кўрсатади. 7.6.1 — 7.6.9. «Транспорт воситасини тўхтаб туриш жойига қўйиш усули». 7.6.1 барча турдаги транспорт воситаларини тўхтаб туриши учун йўлнинг қатнов қисмида, тротуар ёнига қўйиш усулини, 7.6.2 — 7.6.9 тротуар ёнидаги тўхтаб туриш жойига енгил автомобиллар ва мотоциклларни қўйиш усулини билдиради. 7.7. «Двигателни ишлатмасдан тўхтаб туриш жойи». 5.15 белгиси билан белгиланган тўхтаб туриш жойида транспорт воситаларининг двигателини ишлатмасдан тўхтаб туришига рухсат этилганлигини кўрсатади. 7.8. «Пуллик хизмат кўрсатиш жойи». Тўлов асосида хизмат кўрсатилишини билдиради. 7.9. «Тўхтаб туриш муддати чекланган». 5.15 белгиси ўрнатилган тўхтаб туриш жойида транспорт воситалари тўхтаб туришининг энг кўп муддатини кўрсатади. 7.10. «Автомобилларни кўрикдан ўтказиш жойи». 5.15 ёки 6.11 белгиси билан кўрсатилган майдонларда эстакада ёки кўздан кечириш чуқурчалари борлигини билдиради. 7.11. «Рухсат этилган тўла вазни чекланган». Белгининг таъсири рухсат этилган тўла вазни қўшимча-ахборот йўл белгисида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлган транспорт воситаларига тааллуқли эканлигини кўрсатади. 7.12. «Хавфли йўл ёқаси». Йўл ишлари бажарилаётгани сабабли йўл ёқасига чиқиш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиради. 1.23 белгиси билан қўлланилади. 7.13. «Асосий йўлнинг йўналиши». Чорраҳада асосий йўлнинг йўналишини кўрсатади. 7.14. «Ҳаракатланиш бўлаги». Белги ёки светофор таъсиридаги ҳаракатланиш бўлагини кўрсатади. 7.15. «Кўзи ожиз пиёдалар». 1.20, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ҳамда светофор билан бирга қўлланилади, пиёдалар ўтиш жойидан кўзи ожиз пиёдалар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. 7.16. «Нам қоплама». Белги қатнов қисмининг қопламаси нам бўлган вақтда таъсир этишини кўрсатади. Олдинги таҳрирга қаранг. 7.17. «Ногиронлар». 5.15 белгиси билан қўлланилади. Тўхтаб туриш жойи (ёки унинг бир қисми) ушбу Қоидаларнинг 176-бандига мувофиқ «Ногирон» таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситалари учун ажратилганлигини кўрсатади. (ўттизинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 321-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2018 й., 09/18/321/1154-сон) 7.18. «Ногиронлар мустасно». Белгиларнинг таъсири ушбу Қоидаларнинг 175-бандига мувофиқ «Ногирон» таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситаларига жорий этилмайди. 7.19. «Фото- ва видео қайд этиш». Йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатлари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилаётганлигини билдиради. Огоҳлантирувчи, имтиёз, тақиқловчи, буюрувчи ва ахборот ишора белгилари билан биргаликда қўлланилади. Қўшимча-ахборот белгилари қайси белги билан бирга жорий этилса, бевосита шу белги тагига жойлаштирилади. 7.2.2 — 7.2.4, 7.13 қўшимча-ахборот белгилари қатнов қисмининг, йўл ёқасининг, тротуарнинг тепасига ўрнатилган белгиларининг ёнига жойлаштирилади. Вақтинчалик (кўчма тиргакдаги) ва доимий белгилари маъно жиҳатидан бир-бирига зид келган ҳолларда ҳайдовчилар вақтинча ўрнатилган белгиларга амал қилишлари керак. Транспорт светофорлари Қуйидаги транспорт светофорларидан фойдаланилади: ишоралар тик жойлашган; ишоралар ётиқ жойлашган; қўшимча қисмли; ҳаракатни маълум йўналишларда тартибга солувчи; реверсив; трамвай ва бошқа йўналишли транспорт воситаларини ҳаракатини тартибга солувчи; темир йўл кесишмаларда ҳаракатни тартибга солувчи; тартибга солинмаган чорраҳа ва пиёдалар ўтиш жойларини белгилайдиган; корхона, ташкилот ва қатнов қисми торайган жойларда ҳаракатни тартибга солувчи. Пиёдалар светофорлари Қуйидаги пиёдалар светофорларидан фойдаланилади: ишоралар тик жойлашган; товуш ишорали; қўл билан бошқариладиган; пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи. ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ ОГОҲЛАНТИРУВЧИ БЕЛГИЛАР |