Окоз 09. 00. 00. 00 Тадбиркорлик ва хжалик фаолияти 09. 15. 00. 00 Транспорт 09. 15. 06. 00 Автомобиль транспорти 09. 00. 00.
Скачать 382.73 Kb.
|
[ОКОЗ: 1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.06.00 Автомобиль транспорти; 2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.13.00 Аварияга қарши кураш. Йўл ҳаракати хавфсизлиги. Техник кўрик (шунингдек, 16.04.02.00га қаранг)] [ТСЗ: 1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бажариш юзасидан, шунингдек йўл ҳаракати қоидаларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва улар 2016 йил 1 мартдан бошлаб амалга киритилсин. 2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги: Йўл ҳаракати қоидаларининг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ташкил этилишини; Йўл ҳаракати қоидаларининг манфаатдор шахслар эътиборига, шу жумладан Қоидаларни расмий веб-сайтда эълон қилиш йўли билан етказилишини; манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилишини таъминласин. 3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Йўл ҳаракати қоидаларини нашр этсин. 4. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин. 5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ баъзи қарорлари 2016 йил 1 мартдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А.А. Ахмедбаев зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ Тошкент ш., 2015 йил 24 декабрь, 370-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарорига 1-ИЛОВА Йўл ҳаракати қоидалари I. Умумий қоидалар 1. Ушбу Йўл ҳаракати қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракатининг ягона тартибини белгилайди. 2. Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиш тартиби белгиланган. 3. Йўл ҳаракати қатнашчилари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, ушбу Қоидаларни ва унда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (ушбу қоидаларга 1-илова), йўл чизиқларининг (ушбу қоидаларга 2-илова) талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт. 4. Йўл ҳаракати қатнашчилари бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатланишига хавф туғдирмасликлари керак. Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш ёки ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш тақиқланади. Ҳаракатга тўсқинлик туғдирган шахс уни тезда бартараф қилиш учун имконияти даражасида барча чораларни кўриши, агар бунинг иложи бўлмаса, мавжуд барча воситалар билан хавф-хатар ҳақида ҳаракат қатнашчиларини огоҳлантириши ва ички ишлар органларига (кейинги ўринларда ИИО) хабар бериши шарт. 5. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар. 6. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади: Автомагистрал — 5.1. йўл белгиси билан белгиланган, ҳар бир йўналишнинг қатнов қисмлари ажратувчи бўлак билан ажратилган (у бўлмаганда йўл тўсиқлари билан) ҳамда бошқа йўллар, трамвай ва темир йўллари, пиёда ва велосипед йўлкалари билан бир сатҳда кесишмайдиган йўл. Автопоезд — улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби. Йўл ҳаракати хавфсизлиги — йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати. Велосипед — одам кучи билан ҳаракатлантириладиган (ногиронлар аравачасидан ташқари) икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси. Транспорт воситасининг эгаси — транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс. [СПиТ: 1.Транспорт / Ҳайдовчи] Ҳайдовчи — йўлларда транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс. Бошқаришни ўргатувчи, от аравани бошқараётган, ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган ёки уларни етаклаб бораётган, чорва моллари (пода)ни ҳайдаб бораётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади. Мажбурий тўхташ — техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Асосий йўл — тупроқли йўлга нисбатан қаттиқ қопламали (асфальт ва цемент-бетонли, тош ва шунга ўхшашлар ётқизилган), кесишаётган ёки туташган йўлга нисбатан 2.1, 2.3.1 — 2.3.3 ёки 5.1 йўл белгилари билан белгиланган ёхуд ёндош ҳудуддан чиқадиган йўлга нисбатан ҳар қандай йўл. Иккинчи даражали йўлнинг бевосита чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди. Арава — от (ёки бошқа ҳайвонлар)га қўшиб тортиладиган ёки одам мушак кучи билан ҳаракатга келтириладиган двигатель билан жиҳозланмаган, юк ташишга мўлжалланган қурилма. [СПиТ: 1.Йўл / Йўл] Йўл — транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган ер бўлаги ёхуд сунъий иншоот юзаси. Йўл автомобиль ва шаҳар электр транспорти йўлларини ҳамда тротуарларни ўз ичига олади. Йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиши жараёнида рўй берган, фуқароларнинг ҳалок бўлишига ёки соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юкларнинг шикастланиши ёхуд бошқа моддий зарар етишига сабаб бўлган ҳодиса. Йўл ҳаракати — одамлар ва юкларнинг транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуи. Темир йўл кесишмаси — йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи. Йўналишли транспорт воситаси — белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умум фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, трамвай, автобус, йўналишли такси). Механик транспорт воситаси — двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси (мопеддан ташқари). Бу атама барча трактор ва ўзиюрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир. Мопед — иш ҳажми 50 см3 гача, юқори тезлиги соатига 50 километрдан ошмайдиган двигатель билан ҳаракатга келтириладиган икки ёки уч ғилдиракли транспорт воситаси. Осма двигателли велосипедлар ва юқоридаги таърифга эга бўлган бошқа транспорт воситалари ҳам мопедларга тенглаштирилади. Мотоцикл — кажавали ёки кажавасиз икки ғилдиракли механик транспорт воситаси. Аслаҳаланган ҳолатдаги вазни 400 килограммдан ошмайдиган уч ва тўрт ғилдиракли механик транспорт воситалари, шунингдек двигателининг иш ҳажми 50 см3 дан ёки энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан ортиқ бўлган скутер, квадроцикл, электроскутерлар ҳам мотоциклларга тенглаштирилади. Аҳоли пункти — кириш ва чиқиш йўллари 5.22 — 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд. Етарлича кўринмаслик — ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш шароитларда, шунингдек куннинг ғира-шира вақтида йўлнинг кўриниш масофаси 300 метрдан кам бўлиши. Қувиб ўтиш — эгаллаган ҳаракатланиш бўлагидан чиқиб, олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситасидан ўзиб кетиш. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларини олдини олишга, уларнинг оғир оқибатларини камайтиришга қаратилган фаолият. Йўл ёқаси — йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки 1.1 йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги. Йўл ҳаракатини ташкил этиш — йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ҳуқуқий, ташкилий-техникавий тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи. Пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси — Қоидаларнинг 16-банди талабларига мувофиқ, йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи. Транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси — олдида ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ маёқчаси ёқилган транспорт воситаси кузатиб бораётган, бевосита бир-бирининг кетидан, битта ҳаракатланиш бўлагида, чироқларини доимий ёқиб келаётган, уч ва ундан ортиқ механик транспорт воситалари гуруҳи. Болалар гуруҳини ташкилий ташиш — йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда саккиз ва ундан ортиқ болаларнинг ташкилий ташилиши. Тўхташ — транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш). Йўловчи — транспорт воситасидаги (ҳайдовчидан ташқари) шахс. Чорраҳа — йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишадиган, туташадиган ва айриладиган жойи. Чорраҳа чегараси унинг марказидан қатнов қисмлари охиридаги қарама-қарши томонларнинг энг узоқ бурила бошлаган жойларини туташтирувчи тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланади. Ёндош ҳудудлардан чиқиш жойлари чорраҳа ҳисобланмайди. Огоҳлантирувчи ишоралар — авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек ҳаракат йўналишини ўзгартиришда қўлланиладиган ишоралар. Пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Велосипед, мопед, мотоцикл, чана, аравача ва болалар ҳамда ногиронлар аравачасини етаклаган, ногиронларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган шахслар ҳам пиёда ҳисобланадилар. Пиёдалар ўтиш жойи — йўл қатнов қисмининг пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган, 5.16.1, 5.16.2 йўл белгилари ва 1.14.1 — 1.14.3 йўл чизиқлари билан ажратилган бўлаги. Йўл чизиқлари бўлмаса, пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгилари орасидаги масофа билан аниқланади. Пиёдалар йўлкаси — йўлнинг пиёдалар ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми. Ёндош ҳудуд — бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, турар жой даҳалари, автомобиль тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, корхона ва шунга ўхшашлар). Имтиёз — мўлжалланган йўналишда бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи. Тиркама — механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган, двигатель билан жиҳозланмаган транспорт воситаси. Бу атама ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамаларга ҳам тааллуқлидир. Қатнов қисми — йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган қисми. Ҳаракатланиш бўлаги — автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама бўлаги. Ажратувчи бўлак — йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ва (ёки) 1.1 ётиқ чизиғи билан белгиланган қисми. Рухсат этилган тўла вазн — аслаҳаланган транспорт воситасининг ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган, юк, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги энг юқори вазни (ўлчови). Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва ҳ. к.) транспорт воситаларининг рухсат этилган тўла вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўла вазнлари йиғиндиси киради. Реверсив ҳаракат — йўл қатнов қисмининг махсус ажратилган, 5.35 — 5.37 йўл белгилари, 1.9 йўл чизиғи билан белгиланган ва устида реверсив светофор ўрнатилган бўлагида ҳаракат йўналишининг қарама-қарши томонга ўзгариши. Тартибга солувчи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ), ҳарбий автомобиль назорати органлари ходими, ўз хизмат вазифаларини бажараётган, ушбу Қоидаларда кўзда тутилган ишоралар ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш ваколатига эга бўлган ва уни бевосита амалга ошираётган, йўлдан фойдаланиш хизмати ходимлари, темир йўл кесишмаси ва сол кечувларидаги навбатчилар. Тартибга солувчи махсус кийим ва (ёки) таниқлик белгиси (қўл боғичи, жезл, қизил ишорали ёруғлик қайтаргич, қизил чироқ ёки байроқча)га эга бўлиши шарт. Йўл бериш — йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳаракат йўналиши ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирор-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб. Йўл ҳаракати қатнашчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда тариқасида бевосита иштирок этаётган шахс. Транспорт воситаси — одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма. Тротуар — қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл қисми. Тўхтаб туриш — транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатини 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш. Қоронғи вақт — кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланишигача бўлган оралиқдаги вақт. Ҳақиқий вазн — транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни. Фото ва видео қайд этиш — йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари ёрдамида қайд этиш. II. Ҳайдовчиларнинг умумий мажбуриятлари 7. Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шарт: ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини ёки транспорт воситасини вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талонни, ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган бўлса, унинг талонини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони олиб қўйилган ҳолларда вақтинчалик рухсатномани; вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талон ёки вақтинчалик рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни; транспорт воситаси ёки тиркамани қайд қилиш гувоҳномасини, транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса умумий эгалик ҳуқуқини ёки тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни; транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини; қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда йўл варақаси ва ташилаётган юкнинг ҳужжатларини. Олдинги таҳрирга қаранг. қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда — ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификати. (7-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 139-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2018 й., 09/18/139/0818-сон) 8. Тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига, унинг талонига, вақтинчалик рухсатномага эга бўлган шахс, ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини, унинг эгаси ёнида бўлганида ёхуд тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи ёки эгалик қилишга, фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган шахс иштирокидагина (уларнинг розилиги билан) бошқариши мумкин, агар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ёки транспорт воситасини бошқараётган шахс суғурта полисида кўрсатилган бўлса. 9. Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситаси ҳаракатланиб бораётганда ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиб олиши шарт. Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади: автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (ушбу Қоидаларнинг 159-бандига мувофиқ); транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори; ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган бемор йўловчилар; орқага ҳаракатни амалга ошираётган ҳайдовчилар; аҳоли пунктларида ҳаракатланишда — йўналишли такси ҳайдовчилари, таксининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар; аҳоли пунктларида ташқи қисмига махсус рангли график чизмалар чизилган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари. Мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт. 10. Халқаро йўл ҳаракатида иштирок этаётган механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида йўл ҳаракати ҳақидаги Конвенция талабларига мос келадиган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасининг (тиркама бўлса унга ҳам) рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат, транспорт воситасида (тиркама бўлса унда ҳам) рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ва у рўйхатдан ўтган давлатнинг таниқлик белгиси бўлиши шарт. 11. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларга мажбурдир: а) йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши; б) ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши; в) ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк автомобилларида йўловчилар ташиётганда, Қоидаларнинг 24-банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши; г) ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши; д) йўловчиларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантириши: ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги; транспорт воситаси ҳаракатланишни бошланишидан олдин хавфсизлик камарини тақиш (Ушбу Қоидаларнинг 9-бандида назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётганда эса махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарурлиги; е) сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари); ж) ИИО ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширувдан ўтиши; з) қуйидаги ҳолларда транспорт воситасини фойдаланиш учун тақдим этиши: ИИО ходимларига қонунда белгиланган холларда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш учун, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган ёки носоз транспорт воситаларини олиб кетиш (шатакка олиш) учун (фақат юк автомобилидан); йўлакай йўналишда тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига ҳамда зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун. Транспорт воситасини фойдаланиш учун тақдим этиш талаби фуқароларга тегишли (тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатидан ташқари)транспорт воситаларига тааллуқли эмас. Транспорт воситасидан фойдаланган шахс ҳайдовчи талаб қилганда йўл варақасига юрилган вақтни, босиб ўтилган масофани, ўз исми-шарифи, мансаби, иш жойи номини, йўл варақаси бўлмаган тақдирда тегишли намунадаги маълумотномани ёзиб бериши керак. Транспорт воситаларини текшириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳайдовчининг талабига мувофиқ ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт. 12. Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади: транспорт воситасини мастлик ҳолатида (алкоголь, гиёҳванд моддалар истеъмол қилган ва ҳ. к.), сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш; ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлган, шунингдек тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, йўл варақасида ёки транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида исм-шарифи кўрсатилмаган (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳоллардан ташқари) шахсларга транспорт воситасини бошқариш учун топшириш; тормоз тизими, рул бошқаруви ишламаётган, улагич мосламаси (автопоезд таркибида) носоз бўлган, қоронғи вақтда ёки етарлича кўринмайдиган шароитда — олд чироқлар ва орқа габарит чироқлари бўлмаган ёки ёнмаётган, ёмғир, қор ёғаётган вақтда ҳайдовчи томонидаги ойна тозалагич ишламаётган транспорт воситаларини бошқариш; тегишли рухсатсиз транспорт воситаларига махсус техник жиҳоз (рация, сирена ва шу кабилар)лар ўрнатиш; транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси, шу жумладан пиёдалар жамланмалари ҳаракатига халақит бериш ва улар орасига кириш; транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан, транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган теле-, видеомонитордан теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш; транспорт воситаси салонининг олд қисмига, шу жумладан, приборлар панелига, қуёш соябонига ва орқа томонни кўриш кўзгусига (фақат ташқи кўринишни тасвирга оладиган видеокамера, навигатор, видеорегистраторлардан ташқари, агар улар ҳайдовчига кўринишни чекламаса) теле, видео мониторлар ўрнатиш. Ҳаракатланиш вақтида ушбу Қоидаларнинг 3-иловасида кўрсатилган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар юзага келганда, ҳайдовчи уларни бартараф этиши, агар бунинг иложи бўлмаса, зарур бўлган эҳтиёт чораларини кўриб, таъмирлаш ёки тўхтаб туриш жойига етиб олиш учун ҳаракатланиши мумкин. III. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчининг мажбуриятлари 13. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда унга дахлдор ҳайдовчилар қуйидагиларни бажаришлари шарт: транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши, авария ишораларини ёқиши ва авария сабабли тўхташ белгисини ўрнатиши, транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги; шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши, шошилинч ҳолларда эса шикастланганларни яқин орадаги даволаш-профилактика муассасасига йўлакай транспорт воситасида жўнатиши, бунинг имкони бўлмаган ҳолларда ўз транспорт воситасида олиб бориши, у ерда ўз исми-шарифи, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ҳақида ахборот бериши (ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини ва транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик ҳужжатини кўрсатиши) ва ҳодиса рўй берган жойга қайтиб келиши; агар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилса қатнов қисмини бўшатиши. Қатнов қисмини бўшатиш ёки шикастланганларни ўз транспорт воситасида даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш зарур бўлганда, йўл-транспорт ҳодисасига дахлдор ҳайдовчилар аввало транспорт воситаси, ҳодисага алоқадор буюмлар ва изларнинг ҳолатини гувоҳлар иштирокида дастлабки қайд этишни амалга ошириш, уларнинг йўқолмаслиги ва ҳодиса рўй берган жойни айланиб ўтишни ташкил қилишнинг барча чораларни кўриши; ҳодиса ҳақида ИИОга хабар бериши, гувоҳларнинг исм-шарифини ва яшаш манзилини ёзиб олиб, ИИО ходимларининг келишини кутиши. 14. Агар йўл-транспорт ҳодисасида шикастланганлар бўлмаса ва ҳайдовчилар ҳодисага баҳо беришда ўзаро келиша олсалар, дастлабки ҳодиса чизмасини чизиб, уни имзолаб, яқин орадаги ДЙҲҲХ маскани ёки ИИОга боришлари мумкин. IV. Пиёдаларнинг мажбуриятлари 15. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан юришлари керак. Ҳажми катта юкларни олиб кетаётган пиёдалар, шунингдек ногиронларнинг двигателсиз кажавасида ҳаракатланаётган шахсларнинг тротуар ёки пиёдалар йўлкасидан ҳаракатланиши бошқа пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит бераётган бўлса, улар қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишлари мумкин. Тротуар, пиёдалар йўлкаси, йўл ёқаси бўлмаса ёки улардан юришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда пиёдалар велосипед йўлкасидан ёки қатнов қисмининг четидан (ажратувчи бўлаги бор йўлларда қатнов қисмининг ташқи четидан) бир қатор бўлиб юришлари мумкин. Қатнов қисмининг четида ҳаракатланаётган пиёдалар транспорт воситаларининг ҳаракатига қарама-қарши йўналишда юришлари керак. Ногиронларнинг двигателсиз кажавасида ҳаракатланаётган, мотоцикл, мопед, велосипед етаклаб кетаётган шахслар эса бундай ҳолларда транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб юришлари керак. Пиёдалар йўлкасида, тротуарда, йўл ёқасида пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берадиган қурилма ва тўсиқлар ўрнатиш тақиқланади. 16. Пиёдаларнинг ташкилий жамланмасига йўлнинг қатнов қисмида бир қаторда тўрт кишидан ортиқ бўлмасдан, фақат транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб ўнг томондан юришга рухсат этилади. Жамланманинг олди ва орқасида чап томондан қизил байроқча, қоронғи вақтда ёки етарлича кўринмаслик шароитида эса олдинда оқ, орқада қизил рангли чироқ кўтарган кузатувчилар бўлиши керак. Болалар гуруҳини тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларидангина, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан фақат кундузи ва катта ёшдагилар кузатувида олиб юришга рухсат этилади. 17. Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак. Пиёдаларга кўринадиган оралиқда ўтиш жойи ёки чорраҳа бўлмаса, ажратувчи бўлаксиз ва тўсиқсиз йўллардан йўлнинг икки томони яхши кўринадиган жойидан, қатнов қисмининг четига нисбатан тўғри бурчак остида кесиб ўтишларига рухсат этилади. 18. Йўл ҳаракати тартибга солинган жойларда пиёдалар тартибга солувчининг ёки пиёдалар светофорларининг, улар бўлмаганда эса транспорт светофорларининг ишораларига амал қилишлари керак. 19. Ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашиб келаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишларига рухсат этилади. Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермасликлари, яқинлашиб келаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи, тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак. Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио-аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади. Пиёдалар тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтишлари шарт. 20. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса йўлнинг қатнов қисмига чиққан пиёдалар ушланиб қолмасликлари ва тўхтамасликлари керак. Ўтишга улгурмаган пиёдалар қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари лозим. Кейинги ҳаракатланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ва светофор ёки тартибга солувчининг ишораларини ҳисобга олган ҳолда ўтишни давом эттиришлари мумкин. 21. Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса, бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак. 22. Йўналишли транспорт воситаларини фақат қатнов қисмидан баланд жойлашган кутиш майдончаларида, улар бўлмаганда эса, тротуар ёки йўл ёқасида кутишлари керак. Қатнов қисмидан баланд жойлашган майдончалар билан жиҳозланмаган бекатларда йўналишли транспорт воситалари тўла тўхтагандан сўнг унга чиқиш учун қатнов қисмига чиқишга рухсат этилади. Ундан тушгандан кейин ушланиб қолмасдан қатнов қисмини бўшатишлари шарт. Қатнов қисми бўйлаб бекатларга бораётган ёки ундан қайтаётган пиёдалар ушбу Қоидаларнинг 18 — 21-бандлари талабларига амал қилишлари керак. V. Йўловчиларнинг мажбуриятлари 23. Йўловчилар транспорт воситасига фақат у тўла тўхтагандан сўнг тротуар ёки йўл ёқаси томондан чиқишга ва тушишга мажбурдирлар. Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан тротуар ёки йўл ёқаси томондан тушиши ёки уларга чиқишининг иложи бўлмаган ҳолларда, агар бу ҳаракат хавф туғдирмаса ёки бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаса йўлнинг қатнов қисми томонидан амалга оширилиши мумкин. 24. Йўловчиларга қуйидагилар тақиқланади: транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчини бошқаришдан чалғитиш ва унга халақит бериш; ҳаракатланаётган бортли юк автомобилларида тик туриш, бортларда ёки ундан юқоридаги юк устида ўтириш; транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда унинг эшикларини очиш; транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш. VI. Махсус транспорт воситаларининг имтиёзлари 25. Кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчаси ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг VII боб (38-бандидан ташқари), IX — XVI, XIX–XX боблари, 1 ва 2-иловалари талабларидан четга чиқишлари мумкин. Бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлишлари учун бундай транспорт воситаларида кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин. Ушбу имтиёздан кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчалар ва махсус товушли ишоралари ёқилган транспорт воситалар томонидан кузатиб келаётган транспорт воситалари ҳам фойдаланадилар. Кузатиб келинаётган транспорт воситаларида яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган бўлиши шарт. 26. Ҳайдовчилар кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг кузатувидаги, яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл беришлари шарт. 27. Кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчасини ёқиб тўхтаб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчилар зарур бўлган ҳолларда ҳаракатланиш тезлигини дарҳол тўхташ имкониятини берадиган даражада камайтиришлари шарт. 28. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб борилаётганда, шунингдек техник шикастланган, носоз бўлган ва бошқа транспорт воситаларини қонунда кўзда тутилган ҳолларда ортишда, ташишда, йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, шунингдек ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юк ташиётган транспорт воситаларида ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда бундай транспорт воситаларини кузатиб келаётган транспорт воситаларида ёқилиши керак. Зарғалдоқ ва сариқ рангли чироқ-маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларини фақат хавф борлигидан огоҳлантиради. 29. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли чироқ-маёқчаси ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари йўл қурилиши, таъмирланиши ва тозаланиши жараёнида ҳамда техник шикастланган, носоз бўлган, шунингдек қонунда кўзда тутилган ҳолларда бошқа транспорт воситаларини ортишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг йўл белгилари (2.2, 2.4 — 2.6, 3.11 — 3.14,3.17.2, 3.20 йўл белгиларидан ташқари), йўл чизиқлари ҳамда 67 — 71 ва 121-бандлари талабларидан четга чиқишлари мумкин. Йўл ҳаракатида қатнашаётган, габарит ўлчамлари ушбу Қоидаларнинг 164-бандида белгилангандан ортиқ бўлган, катта ўлчамли ва (ёки) ўта оғир юк ташиётган транспорт воситаларининг ҳамда уларни кузатиб келаётган зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқчаси ёқилган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл чизиқлари талабларидан четга чиқишлари мумкин. VII. Светофор ва тартибга солувчининг ишоралари 30. Светофорларда яшил, сариқ, қизил ва оқ рангли ёруғлик ишоралари қўлланилади. Светофор ишоралари вазифасига боғлиқ равишда доирасимон, йўналтиргич, пиёда тасвири туширилган ва Х-симон кўринишда бўлиши мумкин (ушбу Қоидаларга 1-илова). Ишораси доира шаклидаги светофорларда яшил ишоралар билан бир сатҳда жойлашган ишоралари яшил йўналтиргич кўринишидаги битта ёки иккита қўшимча тармоқ бўлиши мумкин. 31. Светофорнинг доирали ишоралари қуйидаги маънони билдиради: яшил ишора ҳаракатланишга рухсат беради; милтилловчи яшил ишора ҳам ҳаракатланишга рухсат беради ва унинг таъсир вақти тугаётганлиги ҳамда кўп ўтмай тақиқловчи ишора ёниши ҳақида ахборот беради; яшил ишора ўчишига сонияларда қанча вақт қолганлиги ҳақида ахборот бериш учун рақамли табло қўлланилиши мумкин; сариқ ишора ҳаракатни тақиқлайди, ушбу Қоидаларнинг 42-бандида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ва ишоралар алмашуви ҳақида огоҳлантиради; милтилловчи сариқ ишора ҳаракатланишга рухсат беради ва тартибга солинмаган чорраҳа ёки пиёдалар ўтиш жойи борлигидан хабардор қилади, хавф-хатар ҳақида огоҳлантиради; қизил ишора, шунингдек милтилловчи қизил ишора ҳаракатланишни тақиқлайди; қизил ва сариқ ишораларнинг бир вақтда ёниши ҳаракатланишни тақиқлайди ва кўп ўтмай яшил ишора ёниши ҳақида ахборот беради. 32. Йўналтиргич кўринишидаги қизил, сариқ ва яшил рангли светофор ишоралари ҳам доира шаклидаги светофор ишоралари билан бир хил маънога эга бўлади. Улар фақат кўрсатилган йўналишга таъсир этади. Агар тегишли йўл белгиси билан қайрилиб олиш тақиқланмаган бўлса, чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич қайрилиб олишга ҳам рухсат беради. Қўшимча тармоқдаги яшил йўналтиргич ҳам худди шу маънони билдиради. Қўшимча тармоқдаги ишора ўчирилган бўлса, шу тармоқ тартибга солаётган йўналишда ҳаракатланиш тақиқланганлигини билдиради. 33. Светофорнинг асосий яшил ишорасига қора йўналтиргич (йўналтиргичлар)нинг шакли туширилган бўлса, у ҳайдовчиларга светофорнинг қўшимча тармоғи борлиги ҳақида ахборот беради ва асосий яшил ишора ёнганда ҳаракатланишга рухсат берилган йўналишларни кўрсатади. 34. Агар светофор ишораси пиёда тасвири кўринишида бўлса, у фақат пиёдаларнинг ҳаракатига таъсир кўрсатади. Бунда яшил ишора пиёдаларнинг ҳаракатланишига рухсат беради, қизил ишора эса тақиқлайди. Кўзи ожиз пиёдаларга қатнов қисмини кесиб ўтишлари мумкинлигини билдириш учун светофорнинг ёруғлик ишораларига товушли ишора ҳам қўшилиши мумкин. 35. Қатнов қисмидаги ҳаракат йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган бўлакларида транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш учун Х-симон қизил ишорали ва пастга йўналган йўналтиргич кўринишидаги яшил ишорали реверсив светофорлар қўлланилади. Бу ишоралар қайси бўлак устига ўрнатилган бўлса, унда ҳаракатланишни тақиқлайди ёки рухсат беради. Икки томони 1.9 чизиғи билан белгиланган бўлак устига ўрнатилган ишоралари ўчирилган реверсив светофор шу бўлакка киришни тақиқлайди. 36. Трамвайларнинг ҳамда махсус ажратилган бўлак бўйлаб ҳаракатланаётган йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тартибга солиш учун «Т» — ҳарфи кўринишида жойлашган тўртта доирасимон оқ ранг ишорали светофорлар қўлланилиши мумкин. Юқоридаги бир ёки бир нечта ва пастки ишора бир вақтнинг ўзида ёнганда, ҳаракатланишга рухсат этилади. Улардан чапдагиси чапга, ўнгдагиси ўнг томонга бурилишга, ўртадагиси тўғрига юришга рухсат беради. Агар юқоридаги учта ишора бир вақтда ёнса, ҳаракатланиш тақиқланади. 37. Темир йўл кесишмаларида ўрнатилган доирасимон оқ рангли милтилловчи ишора транспорт воситаларининг кесишма орқали ҳаракатланишига рухсат беради. Кўриниш чегарасида яқинлашиб келаётган поезд (локомотив, дрезина) бўлмаса, ўчирилган оқ ва қизил ишораларда ҳам ҳаракатланишга рухсат берилади. Темир йўл кесишмаларида светофорнинг милтилловчи қизил ишораси билан бир вақтда ҳаракат қатнашчиларининг кесишма орқали ҳаракатланиши тақиқланганлиги тўғрисида қўшимча ахборот сифатида, товушли ишора ҳам берилиши мумкин. 38. Тартибга солувчининг ишоралари қуйидаги маънони билдиради: |