уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Шўро»сурасиБу сура эллик уч оятдан ибрат бўлиб, Маккада нозил қилинган. У Қуръони каримнинг Аллоҳ таъоло томонидан туширилган илоҳий ваҳий эканлигини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра аввалу охири барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти жаҳатидан бир бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таъологагина сиғиниб ибодат қилишга буюргани ҳақида хабар беради. Бу сурада ҳам Макка сураларидаги каби мўъминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар эса инкор этаётган қиёмат кунинг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади ва барча инсонларни ўша кун келиб қолишидан илгари Парвардигорга иймон келтириб, ёлғиз унинг амр-фармонига итоат этишга буюрилади. Сура ниҳоясида ушбу Қуръон мўъминларни ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир илоҳий нур эканлиги уқтирилади. Бу сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш – ҳар бир ишда маслаҳат- кенгаш билан иш тутиш ҳислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у «Шўро – Маслаҳат» сураси деб номланган. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Ҳо. Мим. Айн. Син. Қоф. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Қудратли ва ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан аввалги (пайғамбарлар)га мана шундай ваҳий қилур. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар уникидир. У юксак ва улуғдир. (Мушрик жамоаларнинг ширк келтиришлари сабабли) устидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур. Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг Ўзигина мағфират қилгувчи, меҳрибондир. (Аллоҳ)ни қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаган (яъни, ўшаларга сиғинаётган) кимсалар устида Аллоҳ кузатиб тургувчидир. (Эй муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларнинг усида вакил-қўриқчи эсмассиз. (Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси – пойтахти (Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (келишида) шак-шубҳа бўлмаган тўпланиш кунидан огоҳлантиришингиз учун биз сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни, барча инсонларни) бир миллат (бир динда – Исломда) қилган бўлур эди. Лекин У ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига (жаннатига) доҳил қилур. Золим-кофирлар учун эса бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир. Ёки улар (Аллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар» ни ушлаб олдиларми (яъни, ўшаларга сиғинмоқдаларми)?! (Йўқ) Аллоҳнинг Ўзигина Дўстдир. У ўликларга ҳаёт берур ва У барчага Қодирдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган хар бир нарсанмнг ҳукми (Қиёмат Кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Мана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман». (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк Яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўша (жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир. Осмонлар ва Ер (хазиналарининг) очқичлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир. (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам Нуҳга буюрган нарсани ва Биз Сизга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) ваҳий қлиган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани - Шариат (қонун) қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди – оғирлик қилди. Аллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур. Изоҳ:Ушбу ояти каримада Аллоҳ барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни,Ёлғиз Аллоҳнинг Динини барпо қилишни ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда. Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли фирқаларга бўлинмаслиги зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар). Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва нсронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом) мана шунинг учун (яъни аввалги қавмлар фирқа- фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун – сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилган янглиғ Тўғри Йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат этишга амр этилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Аллоҳдир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир. Аллоҳ (Дини – Ислом) ҳақида у (одамлар томонидан) қабул қилинганидан сўнг (ўша одамларни Исломдан чиқариш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг ҳужжатлари (яъни, талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилган Зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Аллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир). (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эканлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) Соати ҳақида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У Кучли, Қудратлидир. Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас! Изоҳ:Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат Охиратдаги мукофотни кўзлаб қилинсагина Аллоҳ таоло унинг ажру савобини комил бериши, аммо агар мол-дунё ва шон-шуҳратга етишиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса Охиратда ҳеч қандай савоб йўқлиги уқдирилмоқда. Балки улар (Макка мушриклари) учун диндан Аллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби) нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари – бутлари бордир?! Агар яхши (яхши-ёмон амаллар фақат Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир. (Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) қўрқиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларга тушгувчидир. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта фазлу марҳаматнинг ўзидир! Мана шу Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабаридир! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушрикларига ) айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг ўша (чиройли амал) га яна зиёда чирой бахш этурмиз (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ Мағфират қилгувчи, яхшиликни Билгувчидир. Ёки улар: «(Муҳаммад, Қуръон Аллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Аллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил- ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур – рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир. У бандаларидан тавба-тазарруъни қабул қиладиган, ёмонликни афв этадиган ва қиладиган ишланрингизни биладиган Зотдир. У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуоларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, ва) Ўз фазлу карамидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир. Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Огоҳ ва Кўриб тургувчидир. У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-баракотини кенг ёядиган Зотдир. У ҳамду сано Эгаси бўлган Дўстдир. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга Қодирдир. (Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур. Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутилгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир. Денгиз-дарёлардаги тошлар янглиғ сузиб юрган (кема) лар ҳам Унинг (қудрати Илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар (Аллоҳ) хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр, бас, улар (денгиз) устида (ҳеч қаёққа сузолмай) туриб қолурлар – Аллоҳ бунда ҳар бир (балога) сабр қигувчи, (Аллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-иборалар бордир; - Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни (ҳалокатдан қутқариб) афв этур. (Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар! Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган ҳамда Ёлғиз Парвардигорларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари – дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир. Изоҳ:Ушбу ва қуйдаги оятларда Аллоҳ таоло Охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятда умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилади. Улар Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам боласи хатокордир. У хатокорларнинг яхшироғи – қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладиган кишилардир». Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки масалан динга тош отиган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки мунофиқ бўлади. Фазилат ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф билан иш юритмоқдир. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Улар ўзларига зулм этган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир. Изоҳ:Агар бошқа динларда «ўнг юзинга урсалар, чап юзингни ҳам тутиб бер» қабилида золмларга мутълик тарғиб қилинса, Ислом дини назарида ҳақиқий мўмин зулму зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиб ғолиб бўладиган кишидир. Зотан, золимнинг зулмидан қўрқиб ҳақсизлик, адолатсизликка қарши тура олмаган одамнинг иймони комил иймон эмасдир! Зеро… (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир).Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса,бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас. Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир. Фақат одамларга зулм қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар (ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир. Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир, Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри Йўл кўрсатгувчи) дўст йўқдир. Ундай золимларнинг (Қиёмат Кунида) азобни кўрган вақтларида «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўлбормикан?» деяётганларини кўрурсиз. Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга қўрқа-писа) кўз қирлари билан қараган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрурсиз. Иймон келтирган зотлар: «Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да) Қиёмат Кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар. Улар учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай «дўстлар» бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон (Тўғри) Йўл йўқдир. (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан, ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир Кун (Қиёмат)келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У Кунда сизлар учун бирон қочадиган жой ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (мушриклар) энди ҳам (Ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз Сизга нозил қилган ваҳийни) етгазиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат-неъматни тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчидир—кўрнамакдир! Осмонлар ва ерлар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни хадя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини—туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдир. Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изн- ихтиёри билан У хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У Юксак ва ҳикмат Эгасидир. Изоҳ:Мазкур оятдан пайғамбарлар Аллоҳ таъоло билан уч восита орқали боғланганлари маълум бўлди: биринчиси ғойибдан келган ваҳий—илҳом ёки ўнгидан келадиган туш орқали. Чунки пайғамбар алайҳиссалом: «Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир», деганлар. Бунга мисол, Иброҳим Халилуллоҳга тушларида ўз ўғиллари Исмоил Забиҳуллоҳни Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилинишига буюрилишидир. Иккинчиси бирон парда-тўсиқ ортидан Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга мисол Тур тоғида Аллоҳ таъоло Мусо пайғамбарга бевосита сўзлаганидир. Учинчиси эса Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарларига фаришталар ваҳий юбориши бўлиб, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таъолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи фариштадир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шундай қилиб (ҳудди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амиримиз билан Сизга Руҳни—Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни—Қуръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри Йўлга етаклайсиз. Изоҳ:Бу ўринда Аллоҳ таъоло томонидан Қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб, жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи—жони Қуръондир. У (Йўл) осмонлардаги ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зот—Аллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар Ёлғиз Аллоҳга қайтур! |