уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Фотиҳа»сурасиЕтти оятдан иборат бу сура Макка шаҳрида нозил бўлган. У "Фотиҳа", яъни "Очувчи сура" деб аталади. Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида аввалги ўринда тургани ва қисқа бўлишига қарамасдан Қуръоннинг асосий маъно-моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам у Қуръон мазмунини "Очувчи" деб номланган. Бу сурада ягона Аллоҳга бўлган эътиқод, Унинг ўзигагина ибодат қилиш, охират куни борлигига ишониш, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад-ёрдам сўраш, ҳақ дин ва тўғри йўлни Унинг ўзигина кўрсата олишига иймон келтириш каби Ислом динининг асосий талаблари ўз аксини топган. Шунинг учун бу сурани "Уммул-Қуръон" - "Қуръоннинг онаси - асли" деб ҳам атайдилар. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, Меҳрибон ва раҳмли, Жазо (қиёмат) кунининг эгаси - подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир. Изоҳ:Мақтов-олқишга ҳақдор бўлиш учун башар оламига подшоҳ бўлишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки коинотдаги барча сайёралар ва улардаги бор жонли-жонсиз мавжудотнинг ҳаммаси устидан илму ҳикмат ва раҳм-шафқат билан эгалик қиладиган, бундан ташқари, охиратдаги ҳисоб-китоб кунида ҳам ягона подшоҳ бўлган Аллоҳ таолонинг Ўзигина ҳамду санога лойиқ зотдир. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Изоҳ:Яъни, Сендан ўзганинг олдида бошимизни эгмаймиз ва Сендан ўзгага ёрдам сўраб илтижо ҳам қилмаймиз. 6-7. Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш - Тўғри йўлга йўллагайсан. Изоҳ:Мазкур зотлар - барча пайғамбарлар, ҳақиқий иймон-эътиқод эгалари ва ўз ақидалари йўлида жонларини фидо қилган кишилардир. «Бақара»сурасиБу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, 286 оятдан иборат. У Қуръондаги энг узун сурадир. Бу сурада эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда ва бошқа шариат ҳукмлари борасида сўз кетади. Бу суранинг аввалида мўъминлар, кофирлар, мунофиқлар ва иймоннинг ҳақиқати, куфр ва нифоқнинг моҳияти баён қилинади. Сўнгра башарият отаси Одам алайҳиссалом қиссаси зикр қилиниб, у зот яратилган вақтда бўлиб ўтган ибратли воқеа-ҳодисалардан хабар берилади. «Бақара» оятларининг қарийб учдан бир қисмини «аҳли китоблар» (Таврот ва Инжилга иймон келтирганлар), хусусан яҳудийлар ҳақидаги маълумотлар ташкил қилади. Кейин судхўрлик жинояти тўғрисида маълумот берилиб, Аллоҳ ва пайғамбар бу жиноятга қарши уруш эълон қилганликлари уқтирилади. Суранинг хотимасида эса мўминларни Аллоҳ таъолога тавба-тазарруъ қилишга ва унинг Ўзидангина мадад тилашга чақирилади. Бу сура нима учун «Бақара – Сигир» сураси деб аталган? Қадимда бани Исроил қавмидан бўлган бир киши ўлдирилади. Аммо унинг қотилини топа олмайдилар. Шунда Аллоҳ таъоло Мусо алайҳиссаломга: «Қавмингга айтгин, бир сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар»,- деб буюради. Аллоҳнинг буйруғини бажо қилганларида ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтади. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 1. Алиф, Лом, Мим. Изоҳ:Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «Ҳуруфи муқаттаот», яъни, маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ягона Аллоҳгагина маълумдир. Лекин олимлар орасида «Алиф – Аллоҳ, Лом – Жаброил (Аллоҳ билан пайғамбар ўртасидаги фоситачи фаришта), Мим – Муҳаммад алайҳиссалом»,- деб ҳарфларга маъно берувчилар хам бор. Жаноби Ҳақ ўзининг муқаддас каломидаги айрим сураларни мана шундай, одамлар осон ўқиб-англайдиган ҳамда ўзаро мулоқот ва ёзувларида ишлатадиган оддий ҳарфлар билан бошлашида яна бир илоҳий ҳикмат зоҳирдир. Яъни масалан қора лойдан энг ҳунарманд ёки санъаткор киши ҳам нари борса бирон одамнинг ҳайкалини ясаши мумкин. Амо Аллоҳ таъоло ана ўша лойдан Одам алайҳиссаломни яратди. Худди шу янглиғ оддий ҳарфлар билан Ҳақ таъоло шундай буюк илоҳий мўъжиза – Қуръонни нозил қилдики, бундай сўзни айтиш бирон инсоннинг қўлидан келмас. 2-3. (Аллоҳ таъолонинг ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят – Тўғри Йўлдир. Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (динларга) иймон келтирадилар ва Охират Кунига аниқ ишонадилар. Парвардигорлари томонидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир. Изоҳ:Бу оятларда Аллоҳ таъоло мўминларнинг сифатини баён қилди. энди ўртадаги фарқ аниқ бўлиши учун кофирларни сифатлашга ўтилади. Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом) уларни (Аллоҳ таъолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – иймон келтирмайдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир. Изоҳ:Юқоридаги оятлар мазмунидан бизга ислом дини назарида мўмин киму, кофир ким эканлиги маълум бўлади. Яъни, ғойибга – Аллоҳ таъолога, Охират Кунига, жаннат ва дўзахнинг бор эканига, фаришталарга, мухтасар қилиб айтганда, оддий инсон кўриши-билиши мумкин бўлмаган барча нарсаларга фақат улар ҳақида Аллоҳ ва У Зотнинг пайғамбари хабар бергани учун иймон келтирадиган, намозни тўла-тўкис адо этадиган, Аллоҳ таъоло берган неъматлардан бошқаларга эҳсон-яхшилик қиладиган, Қуръон ва ундан олдин келган бошқа Илоҳий Китобларга иймон келтирадиган ва бу дунёдан бошқа яна бир дунё- Охират борлигига ишонадиган тақволи (Аллоҳан қўрқувчи, ҳаромдан парҳез қилувчи) кишиларгина мўъминлар экан. Кимда мазкур сифатлар топилмас экан, у кофир бўлади. Шу ўринда бизда ёйилган бир ақида – илгари мўъмин-мусулмонлар яшаб ўтган ватанда истиқомат қиладиганларнинг барча авлодлари у авлодлар ўз аждодларининг ақидалари бўлган дини Исломда барқарор бўладиларми, йўқми мўъмин-мусулмон ҳисобланаверадилар, деган кўз-қараш нотўғри эканлиги маълум бўлади. Демак, ҳар бир кишининг мўъмин ё кофирлиги, унинг иймон- эътиқоди ва амалда қиладиган ишига қараб белгиланиши лозим экан.Энди мунофиқлар қандай кимсалар эканини қуйидаги оятлардан билиб оламиз: Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўъмин бўлмаганлари ҳолда, «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик»,- дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз – иймонсизлик бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир. Уларга «Ер юзида бузғунчилик қилманглар»,- дейилса, «Шак-шубҳасиз, биз ислоҳ қилувчилармиз – ўнгловчилармиз»,- дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар»,- дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўъмин бўламизми?»,- дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар. Изоҳ:Исломни қабул қилган зотларнинг кўпчилиги камбағал-фақир кишилар ва ҳатто Суҳайб, Билол каби қуллар эдилар. Мунофиқлар ўзларича: «Мана шу зоти пастларга ўхшаб мўъмин бўламизми?»,- дейишарди. (Мунофиқлар) иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик»,- дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (мўъмин булдик, деб уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос»,- дейишади. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади. Улар ҳақ йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва Тўғри Йўлга юрувчилардан бўлмадилар. Улар мисоли бир олов (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Энди олов атрофини ёритганида, Аллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўра олмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради. (Улар) кар, соқов, кўрдирлар, демак, (йўлларидан) қайтмайдилар. Ёки (улар) чақмоқ, момоқалдироқ, қоронғуликлар билан осмондан қуяётган ёмғир остида яшиндан қўрққанларидан панжаларини қулоқларига тиқиб олган ҳолларида ўлим – ҳалокатдан қочмоқчи бўлиб турган кимсалар кабидирлар. Аллоҳ эса кофирларни ўраб олгувчидир. Яшин кўзларни кўр қилгудек бўлади. У (атрофни) ёритганида юрадилар, ўчганида туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Изоҳ:Мазкур оятларда мунофиқларнинг сифатлари илоҳий қалам билан чизиб берилди. Улар бир умр Аллоҳни ҳам, мўъмин-мусулмонларни ҳам алдаб кун кечирадилар, бироқ ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдайдилар ва ўзларига зиён қиладилар. Уларнинг мўъмин либосида бoришлари фақат дунёвий фойда кўриш учундир. Шу боис, қачон мўъминлар қаторида бўлиш кўзларига фойдали кўринса, обрў келтирадиган бўлса, худди яшин атрофни ёритгандек бўлади ва улар мўъминлар қаторида юриб оладилар, аммо иймон сабабли бирон мусибатга-машақатга дучор ўлинадиган бўлса, мунофиқлар назарида бутун дунё зимистонга айланади ва улар мўъминлар сафларидан чиқиб, кўзларига фойдалироқ кўринган куфр тарафга ўтиб оладилар – ҳақиқий башаралари очилади. Дарҳақиқат мунофиқлар кофирлардан ёмонроқдир. Сура аввалидан бошлаб инсоният оламининг уч тоифаси – мўъмин қандай зотлар, кофирлар кимлар ва мунофиқлар қандай кимсалар экани баён қилинганч, қуйидаги оятда Жаноби Ҳақ барча башарифтга хитоб қилади: Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун Яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин деб, мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз! Агар биз бандамизга нарсадан шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар, агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар – ҳаргиз қила олмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. |