уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Еттинчи жузъ (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз мўъминларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Мўъминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмаслигидир. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръон)ни эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар дедилар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик бергувчилар қаторига ёзгин». Изоҳ:Ушбу оятлар ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят даражада қийинлашиб кетганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом бирқанча саҳобага ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажжоший улардан ким эканликларини ва қайси динга ишонганликларини сўраб суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссалом эканини айтдилар. Нажжоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади. У қандай пайғамбар?» деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан тиловат қиладилар. Шунда Нажжоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб оятларининг таъсиридан кўз ёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажжоший эса: «Бу китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли-манбаи биттага ўхшайди»,- дейди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришини буюради. Бу воқеалардан хабар топган ерлик яҳудийлар «Насронийлар ўз динларидан чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва роҳиблари уларга жавобан бундай дедилар: Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймизу, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини таъма қиламиз». Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир. Кофир бўлган ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир. Эй мўъминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас! Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ смизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур. Эй мўъминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз. Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди холос. Энди тўхтатарсизлар! Изоҳ:Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор… ҳақидаги охирги ҳукмдир. Мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон оятдагидек бу нарсаларни қуруқдан қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади. Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга бўйсунингиз ва (ҳаромдан) ҳазар қилингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, бизнинг пайғамбаримиз (Муҳаммад алайҳиссалом) зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор холос. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун – агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар, (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади. Эй мўъминлар, албатта Аллоҳ ким ғойибда (кўрмай) туриб Ўзидан қўрқишини билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса, (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир. Эй мўъминлар, иҳромда бўлган чоғингизда, бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат – (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тортиб кўриш учун шунинг (яъни ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган нарсаларни (яъни иҳромда бўлган ҳолда қилинган овларни) Аллоҳ афв этади. Ким яна қайтиб (иҳромда туриб ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом соҳибидир. Сизларга (иҳромда бўлган пайтингизда ҳам) ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай, ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди ва модомики, иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат куни) сизлар даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ Каъба – байтул ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) токи сизлар Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишини – Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир. Изоҳ:Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар Каъбага бирон бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича, унга тегмайдилар. Уруш ҳаром қилинган ойларда (Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар учун ҳеч қандай уруш ҳавфи йўқдир. Ёлғиз Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан силлалари қуриб қолса ҳам, у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик ҳислатларини тарбиялашга қаратилган. Албатта Аллоҳ азоби қаттиқ Зот эканини ва албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон эканини билингиз! Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор қиладиган нарсангизни ҳам, яширадиган нарсангизни ҳам билур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, эй аҳли дониш, Аллоҳдан қўрқингиз. Шояд нажот топсаларингиз! Эй мўъминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган) очилаганда сизларни ҳафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалиймдир. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор этувчиларга айландилар. Изоҳ:Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни уқтиради. Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар. Изоҳ:Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: битта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса: «Соғайиб кетсам, туямни тангри йўлида хайдаб юбораман» деб қасам ичарди, сўнг соғайгач, туясини кўчага хайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик илар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси Аллоҳнинг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси душманнинг) устида топган бўлсак, ўша етарли» дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам а?! Эй мўъминлар, ўзингизни билингиз. (Яъни гуноҳлардан сақланингиз). Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Изоҳ:Бу оятни пайғамбар алайҳиссалом шундай шарҳлаган эканлар: «Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз! Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди». Эй мўъминлар, бировингизга ўлим келганда – васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки агар бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, (қиладиган васиятларингизга) ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига (бундай) қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи (яъни меросхўр) қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз». Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни ёлғон гувоҳлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўрларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда ҳақдан) тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар. Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни, шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ (ҳукмдир). (Эй мўъминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва (Унга) қулоқ тутингиз! Зотан, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас. Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат сенинг ўзинггина ғайб илмларнинг билгувчисисан», дейдилар. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни – сени руҳул қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигида) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сени китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, менинг изн-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва менинг изним-ихтиёрим билан ўликлкарни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна бани Исроилга бу муъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дейишган эди. Яна ҳайвонларга (сен орқали): «Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик. (Эй пайғамбар), бизнинг бўйсунгувчилар эканимизга ўзинг шоҳид бўл», деганларини эслагин! Ҳаворийлар: «Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?», деган пайтларида (Ийсо уларга): «Агар мўъмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар», деб жавоб қилди. Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлагинингни аниқ билиб, (у дастурхонга) гувоҳ бўлгувчилардан бўлишни истаймиз». 114-115. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деганида, Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга тушургувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман». Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтдингми?», деганида (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган булганимда сен албатта билур эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен ўзинг ғайб илимларининг билгувчисисан. Мен уларга фақат ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳа ибодат қилингиз» ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни, Қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жанатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага Қодирдир. |