уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Нисо»сурасиБу сура ҳам Мадинада нозил бўлган узун суралардан бўлиб, 176 оятдан ташкил топган. У мусулмонларнинг ички ва ташқи иш фаолиятларига доир шариат аҳкомлари билан тўла бир сурадир. Унда аёл, уй, оила, давлат, жамиятга алоқадор бўлган муҳим масалаларга жавоб берилади ҳаида бировларнинг қарамоғидаги етим-есирлар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида сўз боради. Бу сурада шунингдек мерос ҳукмлари ҳам батафсил баён қилинади. Булардан ташқари эр-хотин ўртасидаги алоқалар – уларнинг бир-бирлари олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда эр оилада бошлиқ экани ва бу ҳуқуқдан у қандай фойдаланиши лозимлиги ҳақида йўл-йўриқлар берилади. Сўнгра оила доирасидан жамият миқиёсига чиқиб, жамият мустаҳкам бўлиши учун кишилар ўртасида бирдамлик ва меҳр-шафқат, хослик ва бағрикенглик барқарор бўлиши зарурлиги ўзига хос услубда уқтирилади. Бу сурада бошқалардагига нисабатан аёлларга оид шариат ҳукмлари кўп ва батафсил баён этилганлиги сабабли унга «Нисо – аёллар» номи берилган. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир. (Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва (етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз. Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз. Зеро бу катта гуноҳ бўлган ишдир. Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир. Изоҳ:Уламолар мазкур оятни қуйидагича тафсир қиладилар: Шариат ҳукмича, ота- онадан ажраб етим бўлиб қолган қизни ўз қарамоғига олган одам у қизга уйланишга ҳаққи бор. Лекин одатда бундай ҳолларда кўпинча қизнинг ҳаққи – маҳрини тўла-тўкис қилиб бермай, арзон-гаров уйланиб олиш пайига тушилади. Шунинг учун Қуръон: «Етим қизларнинг ҳаққини адо қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинг» деб рухсат беради ва дархол бу хотинлар ўртасида адолат қилиш шарт эканини таъкидлайди. Қолаверса, исломдаги бу қонун Қуръон нозил бўлган даврда кенг тарқалган кўпхотинликни тартибга солиш учун жорий қилингандир. Чунки ислом келишидан илгари бир эркак қўл остида ўнлаб аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ, адолат ва ҳурмат-эътибордан маҳрум бўлган ҳолда кун кўрар эдилар. Ислом келгач, бу саноқ энг кўпи билан тўртта бўлиши маълумлиги ва албатта ўртада адолат барқарор бўлиши шарт эканлиги қонун қилинди. Лекин барибир ҳақли суратда шундай савол туғилади: Модомики, адолат мурод экан, нима сабабдан бир эркакка фақат биргина аёл билан турмуш қилиш амр этилмади? Ислом уламолари бу саволга шундай жавоб қиладилар: Маълумки ислом – воқеий диндир. Яъни у инсонларни покиза ҳаёт кечиришган даъват қилишда ғайривоқеий йўлларни тутмайди. Бинобарин, бу қонунда ҳам воқеий-инсоний ҳаёт назарда тутилган. Биринчидан, асрлар давомидаги тажрибалар кўрсатишича, ўғил боладан кура қиз бола кўпроқ туғилади. Иккинчидан, аёл киши эркак кишидан кўра узунроқ умр кўриши ҳам воқеий ҳақиқатдир. Учинчидан, турли фожеалар, хусусан, уруш ва тўқнашувларда асосан эркаклар ҳалок бўладилар. Мана шу ва бошқа кўп сабаблар натижасида инсоният оламида мудом аёлларнинг саноғи эркакларникидан ортиқ бўлади. Демак, бир эркак фақат бир аёлга уйланиши мумкин, дейилса, эркаклар саноғидан ортиб қолган аёлларга адолат қилинмаган, балки уларга зулм қилинган бўлур эди. Яъни бу аёллар ўзларининг турмуш қуриш ва она бўлиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолар эдилар. Натижада жамиятда нопоклик ва маиший бузуқликлар юзага келади. Шунинг учун ислом моддий имкониятлари бўлган кишиларга, агар адолат қила олишнинг уддасидан чиқсалар, бирдан ортиқ аёл билан турмуш қуришга рухсат беради ва шу билан бирга аёллар ўртасида адолат қилмай, фақат шаҳвоний нафсини қондириш учунгина кўп хотин олишга ружуъ қўйган кимсалар учун охиратда ашаддий азоб борлиги ҳақида огоҳлантиради. Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз. Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб, еяверинглар. (Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган моларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг! Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир. Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош уруғлари қолдириб кетган нарсадан – меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган нарсадар – меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир. (Мерос) тақсимида (узоқ) қариндошлар, етим ва мискинлар ҳам ҳозир бўлсалар, уларни ҳам шу (меросдан) баҳраманд қилиб, уларга яхши сўзлар айтинглар. (Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқин, (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар. Изоҳ:Бу оят ўлим соатлари яқинлашиб қолган пайтида топган мол-мулкини фарзандларига қолдирмасдан, бегоналарга хайр-эҳсон қилиб юборишни, ёки шаръан мерос олиш ҳуқуқи бўлмаган кимсаларга васият қилиб кетишни мўлжаллаган кишиларнинг бундай номаъқул ниятларидан хабардор бўлиб қолган одамлар ҳақида нозил қилинган бўлиб, уларга етимларнинг ҳақларидан қўрқиш ва ўлим олдидаги кишига тўғри сўзларни айтиб, уни бу адолатсиз ишдан қайтариш буюрилади. Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига оловни еган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар. Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ қиз бўлса уларга (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар (марҳумнинг) фарзанди (ва ота-онаси қолган) бўлса, қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур (Қолгани фарзандига қолур). Энди агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси унга меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бири тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бири тегур (қолган қисми отасига тегади, зеро марҳумнинг ака- укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар хотинларингиз) қилган васият ва қарзлари адо этилганидан кейин бўлар. Ота- оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан хал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта Аллоҳ билим ва хикмат эгаси бўлган зотдир. Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан – агар улардан фарзанд қолмаган бўлса – ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўслса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар хотинларингиз) қилган васият ва қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан – агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса – тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилинганидан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган сўққабош эркак ёки аёлнинг на ота-онаси ва на боласи бўлмас, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёҳуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар меросхўрларга) зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо қилинганидан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ томонидан бўлган амр-фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир. Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (Аллоҳ) уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда адабий (ҳаёт бахш этар). Ва бу буюк саодатдир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбаринга итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадлаидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир. Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу аёлларга ўлим келгунча, ёки Аллоҳ бирон йўлга солгунча уларни уйларида (ҳибсда) сақлангиз. Изоҳ:Бу ва қуйидаги оятдаги ҳукмлар зинокор аёллар ва баччавоз эркаклар учун буюрилган муваққат жазо эди. Кейинроқ нозил бўлган «Нур» сурасида бу мавзуга кенг ўрин берилган ва зино қилувчи эркак ва аёлни агар оиласиз бўлса юз дарра уриш, оиласи бўлса тошбўрон қилиш ҳукми қатъий, доимий қилиб белгилаб қўйилган. Сизлардан икки эркак шундай қилса (яъни баччавозлик ёки фоҳишабозлик қилса) уларни (уриб-сўкиш билан) таъзирларини берингиз. Агар улар тавба қилиб, ўзларини тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир. Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим келганида: «Энди тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Эй мўъминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин. Изоҳ:Ислом келишидан илгари бирон аёлнинг эри ўлса, марҳумнинг эгаларидан бири у аёлни мажбурий ҳолда хотин қилиб олиши лозим эди. Ислом бу номақбул одатни манъ қилди. Исломдан илгари бирон аёлнинг эри ёмон кўриб, кўнгилсиз бўлиб қолса, у аёлга турли тазйиқлар ўтказиб, жонидан тўйғизар, лекин талоғини бермас эди. Қачонки у эридан олган маҳрини - ё ҳаммасини, ёки бир қисмини қайтариб берсагина талоқ қилар эди. Шариати исломийя бу қабих одатга ҳам барҳам берди. Шунингдек, Қуръон эрларга агар аёлларни яхши кўрмасалар улар билан хушмуомалада ҳаёт кечиришларини буюради ва бундан Ислом динининг аёлларга нақадар ҳурмат кўрсатиши маълум бўлади. Бу хусусда биз мусулмонларга пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва саллам гўзал намунадирлар. У зоти бобаракот шундай марҳамат қилганлар: «Сизларнинг энг яхшингиз ўз оиласига яхши муомала қилгувчиларингиздир. Мен сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилгувчи кишиман. Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар. Уни олиш бўхтон ва очиқ гуноҳ бўлган ҳолида оласизларми? Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни хотинларингиз) сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш, ёки чиройли суратда ажрашиш ҳақида) қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг, қандай қилиб уни (яъни маҳрни) қайтариб оласиз? Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг. Магар илгари ўтган бўлса, (ислом динига киришдан аввал уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака- укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу юқорида санаб ўтилган аёлларга уйланиш) сизлар учун ҳаром қилинди – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа- сингилни жамлашларингиз (яъни бирини талоқ қилмай туриб, бошқасига уйланишларингиз ҳам сизлар учун ҳаром қилинди). Магар илгари (исломга киришингиздан аввал) ўтган бўлса, (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. |