уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Изоҳ:Пайғамбар алайҳиссалом Уҳуд жангига минг кишилик лашкар билан чиқдилар. Душман қароргоҳига яқинлашганларида (уларнинг саноғи уч мингта эди) мусулмонлар орасига кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай отли мунофиқ уч юз нафар аскар билан жанг майдонидан қочиб кета бошлади. Буни кўрган бану Салама ва бану Ҳориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳнинг инояти билан бу қасдларидан воз кечдилар. Ахир Аллоҳ Бадр (жанги)да кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқингиз. Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилгайсиз. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Бадрда) мўъминларга айтгандингиз: «Парвардигорингиз (бу жанггоҳда) сизларга уч минг кўкдан туширилган фаришта билан мадад бериши кифоя қилмайдими?» Йўқ, (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур. Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур. Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки мағлуб қилиб, ноумид ҳолда қайтариш учун (Аллоҳ сизларни ғолиб қилди). Изоҳ:Бадр жангида номдор паҳлавонлардан етмиш киши ўлдирилиб, етмиштаси асир олинди ва мусулмонлар ғалаба билан қайтдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) сиз учун бу ишда (яъни баналарга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар, ёки золимликлари сабабли азоблар. Изоҳ:Бу оят Уҳуд жангида пайғамбар алайҳиссаломнинг тишлари синиб, юзлари ёрилганида, у зот: «ўз пайғамбарларининг юзини қонга бўяган қавм қандай нажот топсин» дея умидсизликка тушганларида нозил бўлган. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. У зот ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур ва ўзи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. Эй мўъминлар (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб (олиш билан) судхўрлик қилмангиз. Аллоҳдан қўрқмангиз. (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз. Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлгайсиз. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. У (жаннат) тақфодор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир фаҳш-гуноҳ килиб қўйсалар, ёки (қандайдир нолойиқ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳлари учун мағфират-кечирим сўрайдиган – ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр! (Эй мўъминлар), сизлардан илгари ҳам кўп суннатлар – ибратлар ўтгандир. (Яъни сизлар Уҳуд жангида мағлуб бўлган бўлсангиз, илгари ҳам бундай воқеалар – Аллоҳга иймон келтирган қавмларнинг кофирлар томонидан вақтинча мағлуб бўлган ҳолатлари ўтган. Лекин охир-оқибатда ўша кофирлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб – йўқ бўлиб кетганлар). Бас ерда айланиб юриб, Аллоҳнинг динини ёлғон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар. Бу (Қуръон) одамлар учун (тўғри йўлни) баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир. (Эй мўъминлар), куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Уҳуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз. Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар. Агар (бугун – Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиш учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсалани севмайди. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради). (Эй мўъминлар) ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (ҳақ йўлда) курашгани-у, ким сабр-токат қилганини мутлақо билмай туриб, жаннатга кирамиз деб ўйладингизми?! Ўлимга рўбарў бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингизлар. Мана энди (яъни Уҳудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз. Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса, ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди. Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан аниқ белгилар-ёзиб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса, (яъни фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унга-да истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз. Изоҳ:Ушбу сўзни шундай тушунмоқ лозим: қўрқоқлик умрни узайтирмайди. Шижоат эса уни қисқартирмайди. Ҳар қандай тадбир – эҳтиёткорлик Аллоҳнинг қозо ва қадарини ўзгартирмайди. Бас, нима сабабдан ҳақ йўлидаги курашдан қочмоқчи бўласиз?! Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар (кофирларга қарши) жанг қилганларю ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткащлик – заифлик қилмаганлар ва (кофирларга) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, Ўзинг бизнинг гуноҳлармизни ва ишлармизда ҳаддан ошиб қилган хатоларимизни мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил!» Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади. Эй мўъминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, улар сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар! Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки ёлғиз) Аллоҳ хожангиздир. Ва У Зот энг яхши ёрдамчидир. (Тангри эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, зулм қилгувчиларнинг жойлари нақадар ёмон жой! Аллоҳ сизларга берган ваъдасининг устидан чиқди – сизлар унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳиссаломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган пайтингизгача ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин, пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг устидан (ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизна афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир. Изоҳ:Уҳуд жанги бошланишидан олдин пайғамбар алайҳиссалом элликта мерганни тоғ устига қўйиб, уларга ўринлариан жилмай мусулмонларни мудофаа қилиб туришни тайинладилар. Уруш бошланиши биланоқ мусулмонларнинг қўли баланд кела бошлаб, ғалаба кўзларига кўриниб қолди. Шунда у мерганлардан айримлари ўлжасиз қолиб кетмаслик учун, айримлари ғолиб бўлдик, деб ўйлаб пайғамбар буюрган ўринларидан – тоғдан пастга утшиб кетишлари билан шу тоғнинг орқасидаги пистирмада турган душман аскарлари орқа тарафдан тўсатдан ҳужум қилдилар. Ва кутилмаган ҳужумдан таҳликага тушиб қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилдилар. Мусулмонларнинг пайғамбар фармонларини бажармаганлари уларни аниқ бўлиб қолган ғалабадан маҳрум қилди. Оятнинг сўнгида Аллоҳ уларнинг бу гуноҳини афв этганини баён қилди ва уларни ҳақ таъолонинг фазлу марҳаматидан ноумид бўлмасликка буюрди. (Эй мўъминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг. Ҳолбуки, пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас, (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа – ғамгин бўлмасликларинингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўъминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки: «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганда эди, бу ерларда ўлиб – қирилиб кетмаган бўлар эдик». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам, ўлдирилиш ёзиб қўйилган – (Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган) кишилар шубҳасиз ўз ҳалокат жойларига келган бўлар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир. Икки жамоат тўқнашган куни сизларнинг ораларингиздаги (уруш майдонидан) қочган кишиларни фақат шайтоннинг ўзи улар қилган айрим гуноҳлари сабабли йўлдан оздирди. Энди Аллоҳ уларнинг гуноҳларини афв этди. Албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир. Эй мўъминлар, куфр йўлини тутган ва (бошқа) ерларга сафар қилиб, ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида «Агар биз билан қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар» дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларни) Аллоҳ уларни дилларидаги ҳасад қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ- ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир. Қасамки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар, ёки ўлсангизлар албатта Аллоҳ томонидан бўлғуси мағфират ва раҳмат улар (яъни, мунофиқ, кофирлар) тўплайдиган дунёдан яхшироқдир. Қасамки, агар ўлсангизлар ҳам, ўлдирсангизлар ҳам, албатта Аллоҳ ҳузурига тўпланажаксиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингида эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг. Улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди, (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг – суянинг! Албатта ўзига таваккал қилгувчиларни севади. (Эй мўъминлар), агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар у зот сизларни ёрдамсиз кўйса, ундан сўнг ҳеч бир зот сизларга ёрдамчи бўлмас. Мўъминлар ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина таваккал қилсинлар – суянсинлар! Бирон пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида (Аллоҳнинг ҳузурида) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолди қилган амалларига комил жазо олғай. Аллоҳнинг ризолигини истаган киши Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, борар жойи жаҳаннам бўлган кимса каби бўладими?! Нақадар ёмон оқибат бу! Улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳар хил даража-манзилатлардан бўлурлар. Аллоҳ улар қилаётган амалларни кўргувчидир. Албатта Аллоҳ мўъминларга буюк инъом қилди – уларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборди. Зеро, улар (Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан) илгари очиқ хато – залолатда эдилар. (Эй мўъминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат етса, - ҳолбуки, сизлар (Кофирларга Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз – «Бу бало қайдан келди?» дейсизларми?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга: «Бу (мусибат – мағлубият) ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир! 166-167. Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни- иродаси билан ва ҳақиқий мўъминларни билиш учун ҳамда мунофиқлик қилган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар»,- дейилса, улар: «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку, сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизларида кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир. 168. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўша ўзлари (жангдан қочиб) ўтириб олиб, (жангда шаҳид бўлган) дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб, (жанг қилишдан бош тортганларида), ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи!»- деб айтинг! 169-170. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг. Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан уларга берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай ҳавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. 171-172. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат-мусибат етканидан кейин ҳам Аллоҳ ва пайғамбарга бўйсунган мўъминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Улар орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр- мукофот бордир. Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга карши (саноқсиз) лашкар тўплаган. Бас, улардан қўрқингиз!»- деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!»- дедилар. Бас, (у юришдан) бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг розилигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир. Изоҳ:Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Уҳуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Мушриклар Уҳудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: «Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?» деб надомат қилдилар. Бу гап Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламга етиб келганида, у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларининг ҳали куч-қувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирдилар. Мусулмонлар Уҳуд жангида кўп талафот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига «лаббай!», деб жавоб бердилар ва баъзи бир «шайтон»ларнинг «Қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор», деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар пайғамбар алайҳиссалом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб, Хамро-ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Аллоҳ таъоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди. Ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга журъат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар. Албатта, ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўъмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), куфр – динсизликка шошаётган кимсалар сизни ғамгин қилмасин. Албатта улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос). Албатта, куфрни иймонга алмаштириб олган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир. Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки, биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир. Аллоҳ мўъминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўъмину, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўйгувчи эмас. Хали у (Уҳудда мунофиқларни мўъминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабрдор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғайбдан хабардор, огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр – мукофот бордир. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлари ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Албатта Аллоҳ «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз» деган (яҳудий) кимсаларнинг сўзини эшитди. Уларниг айтган гапларини ва пайғамбарларини ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўюрмиз ва (қиёмат куни) уларга: «Куйдиргувчи – дўзахнинг азобини татиб кўрингиз» деб айтурмиз. Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Аллоҳ (ўз) қулларига зулм қилгувчи эмасдир. У кимсалар: «Албатта Аллоҳ бизларга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган» дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатларни ва сизлар айтган нарсани (яъни қурбонликларни) келтирганлар. Энди агар шу айтган гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сизни ёлғончи қилишган бўлса, (асло ғамгин бўлманг, чунки) сиздан илгари ҳам очиқ ҳужжатларни, битиклар ва нурли китоб келтирган кўп пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир. (Эй мўъминлар), албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Аллоҳ таъоло мол ва жонларингизга хилма хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ китоб берилган кимсалардан «Албатта у (китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар» деб аҳд- паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз ҳаргиз қилган ишларни (яъни одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтов эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар деб ўйламанг. Улар учун аламли азоб бордир. Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир ва Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. Албатта осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратгувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам, Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб, (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ. Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан. Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил. Парвардигоро, албатта сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилибсан ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир. Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаётган жангчи (Муҳаммад алайҳиссаломнинг нидоларини) эшитдиг-у, иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин. Қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир! Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизларни қиёмат кунида расво қилмагил. Албатта сен ваъдангга хилоф қилмагайсан. Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, (ватанларидан) ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритгайман. Бу Аллоҳ ҳузуридан бўлган савоб – мукофот бўлади. зеро энг гўзал савоб – мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари (яъни уларнинг ҳар жойда керилиб юришлари) алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай. Нақадар ёмон жой у! Аммо Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордики, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) авзалроқдир. албатта аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган нарсага - (Қуръонга) ҳам ўзларига нозил қилинган нарсага (Тавротга, Инжилга) ҳам иймон келтирадиган, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юборадиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта Аллоҳ тезда ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. Эй мўъминлар сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доим (кураш-жиҳод учун) белингиз боғлиқ (ҳолда ҳозир) бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар! |