уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Изоҳ:Аллоҳ таъоло Тавротда Муҳаммад пайғамбар ҳақида ҳақ сўзларни нозил қилган эди. Яҳудийлар бўлса, одамлар Муҳаммадга оғиб кетиб, бизлар ҳурмат-эътибордан ва келаётган ҳадялар – даромадлардан маҳрум бўлиб қолмайлик, дейишиб мана шу ҳақиқатни яширганлари учун дўзах азобига дучор бўлдилар. Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларга бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар (яхши кишилардир). Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар. Эй мўъминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бироз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва унга чиройли суратда (товон) тўлаш лозимдир. Бу (ҳукм) Парвардигорингиз томонидан (берилган) енгиллик ва раҳм-шавқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлагандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир. Изоҳ:Яъни қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар. Изоҳ:Яъни, ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади. Бировингизга ўлим келган пайтида агар у (ўзидан кейин) мол-дунё қолдираётган бўлса, адолат-тўғрилик билан ота-онага, қариндош-уруғга васият қилиши фарз этилди. (Бундай васият қилиш) Аллоҳдан қўрқувчилар устидаги бурчидир. Изоҳ:Васият хусусида келган бу буйруқ «Нисо» сурасидаги мерос ояти нозил бўлишидан илгари буюрилган муваққат буйруқ эди. Кейинчалик мерос ҳақида оят келгач, кимга қанча мерос тегиши аниқ бўлди. Энди васият қилиш бурч ҳисобланмай ихтиёрий ишга айланган ва агар биров ўз ихтиёри билан васият қиладиган бўлса, унинг васияти қолдираётган меросининг учдан биригагина нуфуз қилиши пайғамбар алайҳиссалом томонидан белгилар қўйилган. Ким уни (васиятни) эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг бўйнида. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. Энди ким васият қилгувчи томонидан бирон тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса ва (васият қилгувчи билан меросхўрнинг) ораларини ислоҳ қилиб қўйса, (яъни, қилинаётган васиятни шариатга мувофиқ қилиб ўзгартириб қўйса), гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир. 183-184. Эй мўъминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирон киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларнинг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин бечоранинг (бир кунлик) таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса, (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа) ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолларда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз, (яъни эр-хотин бир-бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар). Аллоҳ сзлар ўзларингизга хиёнат қилаётганларингизни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқоридаги ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ҳаром ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади. Изоҳ:Рўза тутиш фарз қилинган биринчи даврда мусулмонларга бутун рамазон ойи мобайнида хотинлари билан яқинлашмаслик вожиб қилинган эди. Лекин айрим кишилар ўзларини тута олмай, рўза кечаларида бу удумни бузар эдилар. Ушбу оят нозил бўлиши билан муаммо ҳал бўлди. Эътикоф – маълум муддатни ният қилиб, масжиддан чиқмай рўза тутиб ибодат қилиш. Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ-ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ-ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (Ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшиклардан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Шояд нажот топсангиз. Изоҳ:«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади», яъни «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?»- деб сўрашади. Ойнинг ўзгариб-янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларининг вақтларини аниқлайдилар. «Уйларингизга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир». Мусулмонлар ҳаж сафаридан қайтганларида уйларига эшикдан кирмай, орқа тарафдан келиш одатлари бўлиб, бу уларга Исломдан олдинги даврлардан мерос бўлиб қолган эди. Ушбу оят бунинг бефойда одатлигини, ҳақиқий яхши амал Аллоҳдан қўрқиш эканини ифода қилди. Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди. Изоҳ:Биринчидан, урушни сизлар аввал бошламанг. Иккинчидан, уруш конун- қоидаларига риоя қилинг: тажовузкор, динсиз кимсаларнинг қулоқ-бурнини кесиш, қуролсиз кишиларни, аёллар, гўдаклар ва қариларни ўлдириш каби одатларни қилманг! Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни Макка)дан уларни ҳам (қувиб) чиқарингиз! (Одамларни) алдаш – фитнага солиш ўлдиришдан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжид-ал-Ҳаром олдида урушмангиз! Энди агар уларнинг ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади. Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, исломга кирсалар), бас, албатта Аллоҳ Кечиргувчи, Раҳмлидир То фитна тугаб, (бутун) дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, (у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз!) Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин. Уруш ҳаром қилинган ой уруш ҳаром қилинган ой муқобилида бўлади. Ҳурматлар (бузилса, роия қилинмаса) қасос (олинади). Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг. Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир. Изоҳ:Уруш ҳаром қилинган ойда кофирлар сизларга қарши урушар эканлар, сизлар ҳам бу ойда уларга қарши урушишингиз мумкин. Аслида «шаҳри ҳаром» – уруш ҳаром қилинган ойда қеч қандай уруш-жанжал бўлмаслиги лозим. Аммо, модомики, қарши тараф бу қоидага риоа қилмас экан, демак, сизлар ҳам риоя қилишингиз шарт эмас. Аллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади. Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг! Агар (касаллик ёки йўлтўсарлар сабабли) йўлингиз тўсилиб қолса, муяссар бўлган бирон ҳадя юборинг ва токи ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунича бошларингизни (сочларингизни) қирқманг! Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса, (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёҳуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин! Қачонки, (йўл тўсарлардан ёки бошқа ҳар қандай монеъдан) хотиржам бўлсангиз, (ораларингиздан) ким ҳам (йўлида) умрадан фойдаланган бўлса, (яъни, ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, эҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга эҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган ҳадяни юборсин! Ким (ҳадя қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кундан қайтганларингиздан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли оиласи Масжид-ал-Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир. – У ернинг аҳолиси учун бундай ҳуқуқ ва бурчлар йўқ. Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ – азоби қаттиқ зотдир! Изоҳ:Ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни ният қилган киши аввало эҳром (махсус кийим) кияди. Шундан кейин то ҳаж маросимларини тўла адо килгунича, унинг учун соч-соқолига тиғ теккизиш, тирноқ олиш, жуфти билан яқинлашиш, бировга, ҳатто энг майда ҳашаротга ҳам озор бериш каби феъллар ҳаром бўлади. Ҳаж амалларини адо қилиб бўлгач, сочни қириш, ёки қисқартириш билан эҳромдан чиқилади. Энди бирор ҳожининг йўли тўсилиб, қандайдир сабаб билан ҳаж амалларини охирига етказа олмаса, бир туя, мол ёки қўйни ўз тарафида Аллоҳ йўлига ҳадя қилиб жўнатиши лозим. Бу ҳадя жойига – Маккага етиб боргач, йўлда қолган ҳожи сочни қириши – яъни, эҳромдан чиқиши мумкин бўлади. Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни, шаввол, зул-қаъда ва зулҳижжа ойининг ўн куни ҳаж учун сафар қилинадиган ойлардир, лекин ҳажнинг фарзлари эҳром боғлаш, зул-ҳижжа ойининг 9-куни Арофат тоғида туриш ва қурбон ҳайити кунлари Байтуллоҳни тавоф қилиш билан адо топади). Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта, энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар! (Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин, Машъар-ул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У Зот сизларни – гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да – Ҳақ Йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам У Зотни эсланг – зикр қилинг!» Изоҳ:Ҳожилар Зул-ҳижжа ойининг тўққизинчи кунидаги иккинчи ярмида Арафот тоғида тўпланиб, Парвардигорга дуо ва тавбалар қилиб турганларидан кейин тушиб Муздалифа тоғининг этагида Машъар-ул-Ҳаром деган жойда кун бўйи дуо-такбир, тавба-тазаррулар билан Аллоҳ таъолога муножотлар қиладилар, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани учун шукроналар айтадилар. Сўнга одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар. Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, раҳмлидир. Энди маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин»,- дейди. Ҳолбуки, унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар. Ана ўша зотлар қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатиб Минодан тушса) унга гуноҳ йўқ. Ким кейинда (учинчи кунда ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўкдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз, унинг ҳузурида тўпланажаксиз. Изоҳ:«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» - Зул-ҳижжа ойининг 11, 12, 13- кунлари назарда тутилади. Бу кунларда ҳожилар Мино деган жойда туриб, Аллоҳни зикр қилиб, дуою саловатлар айтадилар ва шайтонга лаънат тошларини отадилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг ҳаёти дунё ҳақида гапирган гапи сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин»,- дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади – етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а! Изоҳ:Юқоридаги уч оят Анас ибн Шарийқ исмли бир мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ҳақиқий мўъмин эканлиги ҳақида ёлғон қасамлар ичиш билан пайғамбар алайҳиссаломнинг кўнгилларини ўзига хайрихоҳ қилишга уринганида, мазкур оятлар билан Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарини огоҳлантиради ва у мунофиқнинг мўъминларга етказаётган зиёнларини элга ошкор қилади. Одамлар орасида Аллоҳ ризолигини истаб ўз жонини сотадиган (яъни Аллоҳ учун жонини фидо қиладиган) зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига ғамхўр – меҳрибондир. Эй мўъминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиганлардан бўлмангиз) ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз у сизларнинг очиқ душманингиздир. Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир. Улар (Ҳақ Йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, маган уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади. (Яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бани Исроилдан сўранг, уларга қанчалаб очиқ мўъжизалар бердик экан! Ким Аллоҳнинг неъматини келганидан сўнг, уни ўзгартирар экан, бас, албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир. Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё зийнатлаб қўйилди. Улар иймон эгаларининг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Аллоҳ ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради. Одамлар бир миллат (бир дин устида иттифоқ яшар) эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчилдиклар пайдао бўлгач) Аллоҳ (мўъминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди. Ва у (пайғамбарлар) билан одамлар орасид чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин деб ҳақ китобни (Таврот, Инжилни) нозил қилди. Энди очиқ оятлар келганидан кейин фақат шу китбол берилган кимсалар ҳадларидан ошиб, (Муҳаммад алайҳиссалом хусусида ва у зотга нозил бўлган китоб ҳақида) талашиб-тортишдилар. Сўнгра Аллоҳ ўз изни билан мўъминларни улар (китоб берилган кимсалар) ихтилоф қилган (лекин ета олмаган) ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади. Ёки (эй мўъминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли – ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма- уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва имонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз! Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни Билгувчидир». (Эй мўъминлар, гарчи) сизларга ёқмаса-да, (кофирларга қарши) жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан,) сизлар ўзингиз учун ёмон бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан «шаҳри ҳаром» - уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У (ойда) жанг қилиш катта гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса, то динингиздан қайтаргунларича, сизлар билан урушаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсалар қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Албатта иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. 219-220. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Уларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир». Яна сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар, «(ўзингиздан) ортганини» деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади. Яна сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз, зарари йўқ. Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи – ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир. Изоҳ:Ислом келган даврда ичикилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятнинг ҳаётига синггиб кетган оддий ишлар эди. Шунинг учун Қуръон буларни дафъатан ҳаром қилмади. Зотан, бундай иллатларни фақат юқорининг буйруғи билан йўқотиш имконсиздир – балки аввало бу ишлардан келадиган фойда-зарарларни кўрсатиш ва одамларнинг буларга бўлган муносабатларини ўзгартириш йўлини тутди. Яъни, бу ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлларидан тортиб олишдан илгари кўнгилларидан тортиб олди. Шу боисдан кейинроқ келган «Ароқ, қимор… шайтон амалидан бўлган ҳаром нарсалардир» деган оят нозил бўлиши билан мусулмонлар бу иллатлардан бир йўла қутилдилар. Ислом дини етим-есирларни оталиққа олишни буюради. Бу оят уларнинг ота- оналаридан мерос бўлиб қолган молларига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидадир. Мусулмонлар ўз оталиқларидаги етимлар молларини қандай сарф қилаётганларига кўз-қулоқ бўлиб туришларини Қуръон «ислоҳ» деб атаб, шундай қилишга буюради ва уларнинг молларини ўз молларига қўшиб ишлатишларига ҳам рухсат беради. Фақат бу иш билан етимларнинг манфаатларини кўзлаганларни ҳам, ўз фойдаларини ўйлаганларни ҳам, Аллоҳ албатта билиши таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ истаса, мусулмонларни бундай қулайликлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин эканлиги уқтирилади. (Эй мўъминлар), то иймонга келмагунларича, мушрика аёлларга уйланмангиз. Шубҳасиз, озод мушрика аёллардан – гарчи у сизга ёқса-да, иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрика эрларни (қизларингизга) уйламангиз. Шубҳасиз, озод мушрикдан – гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади. Сиздан қайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз – нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин, уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз. Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади». Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорларингизга ҳоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун (яхши амаллар) тақдим қилинг. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини беринг. Изоҳ:«Хотинларингиз сизлар учун экинзордир» - Бу сўзлар билан Қуръон эр- хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао – фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда. Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсадиган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз. Изоҳ:Баъзи кишиларга бирон яхши амални қилиш ҳақида гапирилса: «Бажонудил қилардим-ку, шу ишни қилмаслик ҳақида Аллоҳ номига қасам ичган эдим-да!» деб баҳона кўрсатишади. Юқоридаги ва қуйидаги оятлар шундай кишиларга жавобдир. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз учун жазоламайди. Балки, дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир. Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар тўрт ой кутиш муҳлати бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар, (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. Изоҳ:Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичган кишилар тўрт ой ичида уларга яқинлашишлари мумкин. Бу ҳолда никоҳ боқий ҳисобланиб, қасамларини бузганлари учун муайян каффорат (эваз, жарима) тўлайдилар. Агар шу муддат ичида хотинларига яқинлашмасалар, муддат тугагач, никоҳ ўз-ўзидан бузилиб, талоқ тушади. Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатда ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги (эрлари олдидаги) бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир. Изоҳ:Ислом талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслиги учун, уч ҳайз мобайнида ўзини кузатиб, бошқа турмуш қурмай туришни буюради. Шу муддат ўтгач, ҳомила йўқлиги равшан бўлади ва у аёл эрга тегиши жоиздир. Агар ҳомиладор эканлиги маълум бўлса, бола туғилиб, нифос муддати ўтганидан кейин бошқа турмуш қуруши мумкин. Мана шу кутиш вақтини «идда» деб аталади. Шу идда асонисида эр қилган ишидан пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, бунга унинг ҳаққи бор. Энди эр хотинининг оилавий ҳаётдаги бурчи ва ҳуқуқлари тенг бўлиб, фақат эрнинг имтиёзи унинг оила бошлиғи эканлигидадир. (Эр хотинини қайта никоҳга олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнга (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим) ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсангиздан (уларнинг маҳрларидан) бирон нарса қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эрдан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсадан (яъни хотиннинг эваз беришида, эрининг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир. Изоҳ:Шариат ҳукмига кўра, оила никоҳ билан тузилиб, агар эр-хотиндан биронтасининг вафот қилишидан бошқа қандайдир саба билан ажралишга тўғри келса, талоқ қилиш билан бузилади. Лекин исломда талоқни – оилани бузишни Аллоҳ таъоло суймаслиги таъкидланади ва бу талоқ қилиш ҳуқуқи эркакка берилган. Чунки табиатан эркаклар аёлларга нисбатан оғир-босиқ, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб қиладиган ва оилани оғир-енгил кунларида сабр-тоқат билан бошқариб борадиган кишилардир. Бундан ташқари икки мартагача қайта ярашишга рухсат берилган, чунки гоҳо аччиқ устида ўйланмасдан қилинган талоқдан кейин эр ҳам, хотин ҳам надомат қилиб қолишлари мумкинки, мазкур рухсат шундай пушаймон ҳолатида ёрдамга келади. Лекин ажрашиш аниқ бўлган ҳолда ҳам ислом «чиройли суратда ажрашиш»га, яъни эр- хотин бир-бирини беҳурмат қилмай, хусусан аёл кишини бошқалар назарида қора қилмай (унга кейин бошқа эр xаридор бўлиши мумкинлигини назардан қочирмаслик лозим) ва унга никоҳ сабабли берилган маҳр – ўзини эрига бағишлагани учун берилган эваздан бирон нарса олиб қолмай ажрашишга буюради. Юқоридаги оятда шариатдаги яна бир ҳукм – агар хотин эри билан яшай олишига кўзи етмасдан, ундан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун муайян миқдорда эваз тўлашини айтса, эр бу эвазни қабул қилиши жоиз экани ҳам баён қилинади. Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилганидан кейин эса то у аёл бошка эр билан турмуш қурмагунича, (аввалги эрига) ҳалол бўлмайди. Сўнг агар (кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, (яъни қайта турмуш қуришларининг) гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади. Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битаб қолса, бас уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг! Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил деб билманглар! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат этиб нозил қилган китоб ва (у китобдаги) ҳикматлардан иборат нарсани ёдингизда тутингиз! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир. Изоҳ:Маълумки, талоқ қилинган аёл иддаси битиши билан бошқа эрга тегишга ҳаққи бор. Шунинг учун хотинларини талоқ қилган эркаклар уларнинг иддалари битмай яна қайтадан никоҳларига олишлари мумкин. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Айрим кишилар хотинлари билан бирга яшаш учун қайта никоҳларига олсалар, баъзи бир кимсалар уларни бошқа турмуш қуришидан тўсиш учун никоҳларига оладилар ва шу йўл билан хотинларини талоқ олиш учун эваз тўлашга мажбур қиладилар. Мазкур оят бундай кимсаларни ўзларига зулм қилувчилар деб атайди. Қачон хотинларингизни талоқ қилснгизлар ва уларниг идда муддатлари битиб қолса, бас (эй ота-оналар) уларни ўзаро яхшилик билан келишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг. Бу ҳукмлардан сизларнинг ораларингиздаги Аллоҳ ва Охират кунига ишонадиган зотлар ваъз насиҳат оладилар. Бу ҳукм (яъни эр-хотиннинг ярашиб олишларидан тўсмаслик) сизлар учун энг тоза ва покловчи ҳукмдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз! Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб кийдириш отанинг зммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли ота ҳам, она ҳам зарар топмасин. Меросхўр – ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор. Агар (ота-она) ўзаро келишиб, маслаҳат билан (болани сутдан) ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни (эмизувчи энагага) эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиган ҳақни яхшилик билан тўла-тўкис тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Аллоҳан қўрқингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир. Изоҳ:Шариат ҳукмига кўра она агар ўзи истамаса, боласини эмизишга мажбур қилинмайди. Балки эр бирор эмизувчи энагага ҳақ тўлаб эмизиши лозим бўлади. Юқоридаги «боласи сабабли она зарар топмасин» деган гапнинг маъноси – онани, ўзи хоҳламаса, эмизишга мажбур қилинмайди деганидир. Энди «бола сабабли ота зарар кўрмасин» дегани – унга хотин томонидан тоқатидан ташқари талаблар қўйилмасин деганидир. Боланинг отаси ўлса, меросхўр бўлган шахс зиммасида вафот қилган отанинг зиммасида бўлган боланинг онасини едириб-кийдириш, болани эмизувчи энагага ҳақ тўлаш каби вазифалар қолади. Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ой ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар. Энди қачон (идда) муддатлари битса, улар ўз хусусларида яхшилик билан қилган (бошқа турмуш қуриш хусусидаги) ишларида сизлар (яъни ўлган эрнинг уруғлари) учун гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. У аёлларга (яъни эрлари ўлиб идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ сизлар у аёлларга (совчилик ҳақида) зикр қилишингизни билди. Лекин улар билан ҳуфёна ваъдалашмангиз! Фақат яхши гаплар гапиришингиз (жоиздир). То буюрилган идда муддати битмагунича никоҳ боғлашга қасд қилманг ва билингизки, албатта Аллоҳ ичларингиздаги нарсани билади. Бас, унинг (азобидан) эҳтиёт бўлинг ва билингизки, албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалимдир. Агар хотинларингизни уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва (бу ҳолда) уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик қилиш билан фойдалантиринг! (Бу ҳукм) яхшилик қулгувчилар зиммсига бурч бўлди. Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда қўл теккизишингиздан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (ярим маҳрни олишдан) кечиб юборса, ёки никоҳ битими қўлида бўлган зот (яъни эр ўзига қайтган ярим маҳрдан) кечса, (яъни, бутун маҳрни тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир. Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир. Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар – ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар! Энди агар (душман ҳужумидан) ҳавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (ибодат қилаверингиз)! Қачон хотиржам бўлганингизда, билмаган вақтингизда Аллоҳ сизларга қандай ўргатган бўлса, шундай ҳолда (яъни намознинг барча арконларини ўрнига қўйиб) Аллоҳни зикр қилингиз! Сизлардан вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар (ўлимидан олдин), хотинларига бир йилгача (эрининг уйидан) чиқарилмай, фойдаланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари чиқиб кетсалар, сизлар (эрнинг уруғлари) учун у хотинлар ўз хусусларида қилган яхши амаллари сабабли гуноҳ йўқдир. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматли Зотдир! Талоқ қилинган аёлларни (идда муддатида) яхшилик билан фойдалантириш тақводор эрларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз ўлимдан (яъни вабога йўлиқишдан) қочиб, ўз диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарини билмадингизми? Бас, Аллоҳ уларга «ўлинглар!» деди. (Ва улар ўлдилар. Яъни ўлимнинг сабаби касаллик эмас, балки Аллоҳнинг амридир). Сўнгра уларга ҳаёт ато қилди. Албатта Аллоҳ одамларга фазлу карам қилгувчидир. Лекин жуда кўп одам шукр қилмайдилар. Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир! Аллоҳга қарзи ҳасана (савобга эришиш ниятида ихтиёрий қарз) берадиган киши борми? (Агар бўлса, албатта Аллоҳ) унга бир неча баравар қилиб қайтарур. Зотан, (ризқингизни) тор ва кенг қиладиган Аллоҳдир ва ёлғиз унга қайтарилажаксиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз бани Исроилдан бўлган Мусодан кейинги бир жамоанинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики улар ўзларининг (Шаъмун исмли) пайғамбарларига: «Биз учун бир подшоҳ тайёрлагин. Биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик» дейишди. «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?»,- деди (пайғамбар). Улар айтдилар: «Диёримиздан хайдалиб, болаларимиздан (ажралиб) турибмиз-ку. Нега Аллоҳ йўлида урушмаси эканмиз?» Энди қачонки уларга уруш фарз қилинганида озгина кишидан бошқа ҳаммалари бош тортдилар. Аллоҳ (ўз аҳди- паймонларидан қайтиш билан ўзларига) зулм қилгувчиларни Билгувчидир. Пайғамбарлар уларга айтди: «Албатта Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади». «У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин? Ахир биз ундан подшоҳликка ҳақлироқмиз-ку! (Қолаверса), унга кенг катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса»,- дейишди. Пайғамбар айтди: «Албатта Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга илмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкни ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) Кенг Билгувчидир. Пайғамбарлар уларга айтди: «Унинг подшоҳ бўлиб сайланганлигининг аломати, сизларга бир сандиқ келтиришадики, унда Парвардигорингиз томонидан хотиржамлик ва Мусо ва Ҳорун оилаларидан қолган мерос жо қилинган бўлиб, уни фаришталар кўтариб турадилар. Агар чиндан иймон эгалари бўлсангиз, бу (воқеада) сизлар учун оят-аломат бордир. Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: «Албатта Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса, менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, мендандир. Магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса, (жоиздир)». Бас у дарёдан озгинадларидан бошқа ҳаммалари ичдилар. Энди қачонки у иймон келтирган кишилар билан дарёдан ўтгач, (аскарлар) айтдилар: «Энди бу кун Жолуд ва унинг лашкарларига кучимиз етмайди». (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир»,- дедилар. Қачонки Жолуд ва унинг лашкарларига кўрингаларида, айтдилар: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргил. Қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устидан ғолиб қил!» Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолудни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик – пайғамбарлик ато қилди ва Ўзи ҳоҳлаган нарсалардан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади. лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Соҳибидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сизга ҳақ рост тиловат қилмоқдамиз. Ва Сиз шак-шубҳасиз пайғамбарлардандирсиз. |