уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Изоҳ:Ушбу оятда куфр аҳли учун тайёрлаб қўйилган дўзах зикр қилинганидан кейин, аҳли иймон учун мукофот қилиб бериладиган жаннат таърифланади. Зотан, Қуръоннинг услуби шундай: ёмон билан яхши, дўзах билан жаннат, роҳат билан азоб, хитоб билан итоб (танбеҳ) аксар ҳолларда ёнма-ён зикр этилади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирон мевасидан баҳраманд бўлсалар «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку»,- дейишади. Зеро уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолувчилардир. Изоҳ:Бу оятда дунё бахт-саодати билан охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири – унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир. 26-27. Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатдан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи»,- дейдилар. Бу масал сабаб Аллоҳ кўпларни адаштиради ва кўпларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилади. Бу (масал) фақат Аллоҳнинг аниқ кўрсатмаларини бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар, шубҳасиз, зиён кўргувчилардир. Изоҳ:Қуръонда асалари, чивин, ўргимчак, чумоли каби майда жониворларнинг ибратли томонларини кўрсатиб берадиган масаллар келаганида, баъзи бировлар: «Бу китоб илоҳий китоб бўлганида бундай майда-чуйда ҳашоратлар ҳақида гапирилмаган бўларди»,- дейишди. Шунда Аллоҳ таъоло ўша ҳашоратларни яратишга уялмагани, бинобарин, уларни мисол қилишдан ҳам қеч қачон ор қилмаслигини баён этиб, мазкур оятларни нозил қилди. «Аллоҳнинг аниқ курсатмалари» - Муҳаммад пайғамбарнинг келиши ва унга иймон келтириш лозимлиги Таврот, Инжил ва бошқа самовий Китобларда ҳам аниқ кўрсатилган эди. «У боғланишига буюрган нарсалар» - ота-онага оқ бўлмасдан, уларнинг розилигини олиш, қариндош-уруғчилик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўъмин- мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлиш кабилардир. «Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш» - одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон- эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш, деган маънoни англатади. Ўлик танангизга жон берган, кейин ўлим берадиган, яўнгра яна тирилтирганидан кейин Ўзига қайтажагингиз – Аллоҳга кофир бўласизлар-а?! У шундай Зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»,- деганида, улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиламанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни мудом) пок тутамиз. (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмайдиган нарсаларни биламан». Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў килиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар! Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан». (Аллоҳ:) «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмини билдир»,- деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз Фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди. Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан ҳоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар». Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар – инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунича) Ерда маскан тутиб яшайсиз». Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир. «У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида, кимлар менинг ҳидоятимга эргашса, ана ўшалрга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар». Аммо ўзлари кофир бўлишиб, Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар. Изоҳ:Юқоридаги оятлардан бизга одамзот Аллоҳ таъолонинг ердаги халифаси экани ва ҳатто бегуноҳ фаришталар ҳам унга таъзим қилишлари муълум бўлгани каби, шайтоннинг сўзига кириш уни жаннатдан маҳрум қилгани, энди ерда тинч, осойишта яшаш учун шайтони лаъиннинг васвасаларига учмаслик зарурлиги уқтирилади. Энди одамзотнинг коитондаги энг азиз ва мукаррам зот экани баён қилинганидан кейин сўз бани Исроил (Исроил – Яъқуб пайғамбарнинг номларидан бири, бани Исроил – Исрол болалари дейилганида яҳудийлар тушунилади) ҳақида кетади. Уларнинг ким эканликлари, қилмишлари ва топажак оқибатлари ҳақидаги батафсил ҳикояда (40-141 оятлар) ақл эгалари учун ибратлар бордир. Эй бани Исроил, сизларга инъом қилинган неъматимни эсланг ва Менга берган ваъда – аҳдга вафо қилинг. (Яъни, Менинг нозил қилган китобларимга ва барча пайғамбарларимга иймон келтирингиз қамда буюрган шариатимга амал қилингиз) Шунда мен ҳам ўз аҳдимга вафо қиламан (яъни сизларга бу дунёда ўз фазлу марҳаматимни кўрсатаман, охиратда нажот ато қиламан). Ва Мендангина қўрқинглар. Сизлардаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этган ҳолда нозил қилган Нарсам (Қуръон)га иймон келтирингиз. Унга (аҳли китоблар орасидан) биринчи бўлиб куфр келтирувчи бўлмангиз! Ва менинг оятларимни (дунё матоларидан бўлган) озгина қийматга алмаштирманглар ва Мендангина эҳтиёт бўлинглар. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар. Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинглар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки ўзларингиз Китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми? 45-46. Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтувчи эканликларини биладиган шикаста нафс зотларига (оғир эмасдир). Эй бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматларимни ва сизларни бутун оламдан афзал қилган пайтимни эсланглар! Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан шафоат – қўллов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз олинмайдиган – ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар! Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар! Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир. Денгизни ўртасидан бўлиб, сизларни қутқариб, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ этганимизни эсланглар! Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимиз, (У Бизнинг ҳузуримизга) кетганидан кейин сизлар ўзингизга зулм қилган ҳолингизда бузоққа ибодат қилганингизни эсланглар! Сўнгра ўша ишлардан кейин ҳам шояд шукр қиларсизлар, деб сизларни афв этгандик. Сизлар Ҳақ Йўлни топишингиз учун Мусога китоб ва Фурқонни (яъни Тавротни) берганимизни эсланглар. Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: «Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилгувчи Зотга тавба қиласиз. Бор қилувчи Зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқир». Бас, (қачонки сизлар ушбу илоҳий фармонга бўйсуниб, бир- бирларингизни ўлдирганингиздан сўнггина) Аллоҳ таъоло тавбангизни қабул қилди, албатта у кечиримли, меҳрибондир. Изоҳ:Абу Жаъфар Табарийнинг «Жомеъул Баён» тафсирларида зикр қилинишича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъолонинг амри билан қирқ кечаю кундузга Тур тоғига кетганидан кейин бани Исроил қавмидан Сомири номли сеҳргар ясаган бир бузоққа сиғина бошлаганлар. Мусо қайтиб келгач, ўз қавмининг бу хиёнатини кўриб, ниҳоятда ғазабланади ва энди тавбалари қабул бўлиши учун фақат бир-бирларини ўлдиришлари зарур эканини уларга етказади. Ўшанда ўлдирилганларнинг сони етмиш мингга етганидан кейингина уларнинг тавбалари қабул бўлган экан. Яҳудийларнинг қонларида бўлган хиёнаткорлик ўша тарихий воқеада етмиш минг кишининг ҳаётига зомин бўлган экан. Қуйидаги оятларда уларнинг шакл-шамойилларидан яна бир қирраси фош қилинади: (Эй бани Исроил), сизлар: «Эй Мусо, то Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сен(инг пайғамбар эканинг)га иймон келтирмаймиз»,- дейишингиз билан кўз ўнгингизда сизларни чақмоқ урганини ҳам эслангиз! Сўнгра шукр қилишингиз учун ўлганингиздан кейин Биз сизларни қайта тирилтирдик. Ва булутни устингизга соябон қилдик ҳамда (осмондан) устингизга ширинлик ва беданалар ёғдириб, «Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар» (дедик). (Бани Исроил бизнинг неъматларимизга шукр қилмасликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар. «Ушбу қишлоққа (Қуддусга) киринглар-да, ундан ҳоҳлаган жойларингизда бемалол еб, таомланинглар. Давозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «Афв эт» денглар, Биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз», деганимизни эсланглар! Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Бас, биз – қилган итоатсизликлари сабабли бу золимлар устига осмондан бало ёғдирдик. Эсланг, (Эй бани Исроил), Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: «Асоингни тошга ургин», дедик. Бас, ундан 12 чашма отилиб чиқди – ҳар бир қабилага (улар 12 уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди. (Ва уларга дейилди:) «Аллоҳ берган ризқдан еб- ичинлар. Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар». Эсланг: «Эй Мусо, Биз бир хил таомга ҳеч қаноат қилмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга ерда униб ўсадиган савзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин»,- деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку!», деди. (Бу ношукрликлари сабаб), уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва улар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ оятларига кофир бўлганлари ва пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб, итоат қилмай, тажовузкор бўлганларидир. Албатта иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронйлар ва (Аллоҳга ишонадиган, аммо бирон шариатга амал килмайдиган тоифа бўлган) собиийлар – (улардан) қайсилари (аввал қайси динда бўлганларидан қатъий назар, иймонга келиб, ёлғиз) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир. Эсланг, (эй бани Исроил), Биз сизларнинг аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни (яъни Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг – шояд тақво эгаларидан бўлсангиз, дегандик. Кейин – ўша аҳду паймондан кейин, яна (Ҳақ Йўлдан) юз ўгирдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу карами ва марҳамати бўлмаганида эди, (дунё ва охиратда) зиён кўргувчилардан бўлиб қолар эдингизлар. Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, биз уларга: «Бадбахт маймунларга айлангиз»,- дедик. Биз бу (уқубат)ни ўша вақт ва кейинги даврлар учун ибрат, тақволи кишилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик. Изоҳ:Яҳудийларга шанба куни балиқ овлаш ман қилинган эди. Улардан баъзилари шанба кунлари балиқларни қамаб, қоронғу тушиши билан тутиб оладиган бўлдилар. Мана шу жиноятлари – ўзлари учун улуғ кун ҳисобланган шанба кунида ҳаддан ошганлари сабабли мазкур жазога мустаҳиқ бўлдилар – бадбахт маймунларга айланиб қолдилар. Ушбу муборак оятларни ўқиганда киши дафъатан кейинги асрларда чиққан яҳудий даҳоларнинг: «Биз маймундан тарқаганмиз»,- деган даъволарини эслайди. Дарвоқе, улар ўзларининг даҳрий сиёсатлари билан бошқаларни ҳам исломдан – инсонликдан чиқариб, маймунларга айлантирмоқчи бўлган эдилар, бироқ шукрки, яратганнинг марҳамати билан ўша маймундан тарқаганларнинг ўзлари йўқ бўлдилар. Эсланг! Мусо ўз қавмига: «Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишларингизни буюради»,- деганида, улар: «Устимиздан кулаяпсанми?»- дедилар. (Мусо) деди: «Ундай жоҳиллардан бўлиб колишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман» Улар дедилар: «Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг (ўша сўйиладиган сигирнинг) қандайлигини баён қилсин». (Мусо) деди: «У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар». Улар дедилар: «Парвардигорга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин». (Мусо) айтди: «У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади». Улар айтдилар: «Парвардигорга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга иштибоҳли бўлиб қолди. Иншаоллоҳ энди йўлимизни топиб оламиз». (Мусо) айтди: «У Зотнинг айтишича, у шандай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан (сув ташиб) экин суғормайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг- бўёқ ҳам йўқ». Улар: «Энди ҳақиқатни айтдинг»,- дедилар-да, узоқ машаққатлар чекиб, (ўша айтилган сифатларга эга бўлган сигирни топиб) сўйдилар. Изоҳ:Мазкур оятлар мазмунидан бир ҳикматни англаш мумкин: одам бировга ишониб эътиқод қўйганидан кейин унинг амр-фармонини дарҳол бажариши лозим. Акс ҳолда унинг ўзига зарар бўлиши мумкин. Юқоридаги оятларда зикр қилинган кишилар кетма- кет берган саволлари натижасида шундай сифатли сигир сўйиш лозим бўлдики, улар бундай сигирни топиш учун озмунча қийналмадилар. Охири топганларида унинг эгаси бўлган кампир сигир учун жуда қиммат нарх – ўша сигирнинг териси тўла тилла талаб қилди ва улар бу нархга кўнишга мажбур бўлдилар. Агар фармон бўлиши билан дарҳол бир сигирни олиб, қурбон килганларида, ўзларига осон бўлур эди. 72-73. Эсланг, (эй бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили ким экани) ҳақида жанжаллашиб қолганингизда – ҳолбуки Аллоҳ яришган нарсаларингизни (юзага) чиқаргувчидир – «Уни (мақтулни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни юритишингзи учун ўз оятларини кўрсатади. Изоҳ:Дарҳақиқат шундай қилингач, ҳалиги жасадга жон кириб, ўзининг қотили ким эканлигини айтади. (Эй, бани Исроил), сўнгра (шундай мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам (иймонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (диллар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. (Эй мўъминлар), мана шулар сизлар(нинг динингиз)га иймон келтиришларига орзуманд бўласизми? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар- да, сўнгра уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартириб юбораверадилар. Улар иймонли кишиларга йўлиққанларида: «Иймон келтирдик»,- дейдилар. Бир- бировлари билан ёлғиз қолганларида эса, «Уларга (мусулмонларга) Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида гапираяпсизларми? Ўша ҳужжат билан Парвардигорингиз ҳузурида ҳужжатлашишлари учун-а? Ақлингизни ишлатмайсизми»,- дейишади. Изоҳ:Яъни мусулмонларга «Таврот китобида келган Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги гапларни гапираяпсизми? Бу ахир охиратда ўзингизнинг зарарингизга ҳужжат бўлади- ку!» дейишади. Ахир улар Аллоҳ шубҳасиз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларина ҳам Билгувчи эканини билмайдиларми? Уларнинг орасида китобдан бехабар, фақат хомхаёлларнигина биладиган, омийлари ҳам борки, улар фақат турли гумонлар қиладилар холос. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра уни озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳнинг ҳузуридан (келган)»,- дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай. Бас, ёзган нарсалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай. Топган фойдалари сабабли уларга фалокат бўлғай. (Яҳудийлар): «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади»,- дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом уларга) айтинг: «Аллоҳдан аҳду-паймон олдингизми – зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди – ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтаяпсизларми?» Йўқ! Кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда абадий қолажаклар. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир. «Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тукис адо қилинг, закотни беринг»,- деб бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар! Кейин эса, (эй бани Исроил), озгина кишидан ташқари ҳаммангиз юз ўгирган ҳолда кетдингиз. Эсланг, «Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, бир-бирларингизни диёрларингиздан ҳайдамайсиз»,- деб аҳду паймонингизни олгандик, сўнгра (Ислом келган даврда) ўзингиз гувоҳ бўлганингиз ҳолда бунга иқрор бўлгандингиз. Кейин эса сизларнинг ўзингиз бир-бирингизни ўлдирмоқдасиз, ўз тоифангиздан бўлган бир гуруҳни диёрларингидан ҳайдаб, уларга қарши гуноҳ ва тажофузкорлик билан ҳамкорлик қилмоқдасиз (яъни ўз диндошларингизга қарши душманларингиз билан ҳамкорлик қилмоқдасиз). Агар улар сизларга асир ҳолда келишса, товон тўлаб қутқариб ҳам оласиз. Ҳолбуки уларни ҳайдаш сизларга ҳаром қилинган эди. Ё Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизларми? Ораларингиздан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир. Ана ўшалар охирит ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблар енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди. Изоҳ:Яҳудий қабилаларидан Бану Қурайза Авс номли араб қабиласи билан, Бану Назир деган яҳудий қабиласи эса Авснинг душмани бўлган Ҳазраж деб аталадиган араб қабиласи билан иттифоқдош эди. Қачон Авс билан Ҳазраж ўртасида уруш бўлса, яҳудийлар ҳам иттифоқдошлари билан урушга чиқиб, ўз диндошларининг қонини тўкиб, мол-мулкларини талашар эди. Ҳолбуки, диндошлар бир-бири билан уришиб қон тўкишлар Тавротда ҳаром қилинганди. Энди уруш тўхтаганидан кейин эса бир қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлар иккинчи қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлардан асир тушганлар бўлса, товон тўлаб қутқариб ҳам олардилар. Шунинг учун юқоридаги оятда: «Ё Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизларми?» дейилди. Ҳақиқатан, биз Мусога китоб (Таврот) ато этдик. Унинг ортидан ҳам пайғамбарлар юбордик. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар (очиқ мўжизалар) бердик ва уни Руҳул Қудус (Жаброил) ила қувватлантирдик. (Эй бани Исроил), ҳар қачон бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) билан келса, (унга бўйсунишдан) кибр-ҳаво қилиб, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми Улар «Дилларимиз берк» дедилар. Йўқ, аксинча, куфрлари сабабли уларни Аллоҳ лаънатлаган. Бас, улар камдан-кам иймон келтирадилар. Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганида (яъни, ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга Қуръон нозил бўлиб, у зот пайғамбар бўлганларида) – ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша пайғамбардан) ёрдам кутадилар – бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлғай. Аллоҳ бандаларидан ҳоҳлаган зотга (ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга) ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига ҳасад қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар (яҳудийлар) ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. (Яъни иймон ўрнига куфрни сотиб олдилар). Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. (Яъни Тавротни бузганлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишган эди, энди Муҳаммад алайҳиссаломга кофир бўлишлари сабабли яна бир ғазабга гирифтор бўлдилар). Кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг»,- дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз»,- дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи бўлган ҳақ (китоб – Kуръон)га кофир бўладилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Агар мўъмин бўлган бўлсангизлар, нима сабабдан илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?» Мусо сизларга очиқ ҳужжатлар келтирганидан кейин (ўзларингизга) зулм қилган ҳолингизда унинг кетидан бузоққа сиғиндингиз. Эсланг, (эй бани Исроил), Биз аҳду паймонингизни олгач, устингизда Тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни (динимизни) маҳкам ушланг ва қулоқ солинг»,- деганимизда: «Эшитдик ва бўйсунмадик»,- дедилар. Кофирликлари сабаб фақат бузоққа (ибодат қилиш билан) кўнгиллари тўлади. Айтинг: «Агар сиз мўъмин бўлсангиз, иймонингиз сизларни мунча ярамас нарсага буюради?» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлишни орзу қилинглар-чи». Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қила олмайдилар. Аллоҳ золимларни Билгувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўзроқ кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларни Кўриб тургувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги Китобларни тасдиқ этадиган ва мўъминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган (Қуръон)ни нозил қилди. Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир. Ҳақиқатан, Биз сизга очиқ оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар. (Бани Исроил қавми) ҳар қачон бирор аҳдга аҳдлашсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими? Ҳақиқатан, уларнинг кўпи иймонсизлардир. Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиҳ этувчи пайғамбар келса, Китоб (Таврот) берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг Китобини (Яъни Тавротни, ундаги Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида келган оятларни ҳеч нарса) билмагандек орқаларига отдилар. Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эди. Яна улар Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). – Ҳолбуки у фариталар: «Биз фақатгина финтамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. – Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни, Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди. Агар улар иймонга келиб Аллоҳдан қўрқсалар, Аллоҳ тарафидан бўладиган савоб албатта яхшироқ бўлишини билсалар эди. Изоҳ:Фаришталар одамларга сеҳр ўргатишларининг ўз ҳикмати бор. Ривоят қилишларича, ўша даврда сеҳргарлик жуда ривожланган экан. Сеҳргарлар кўпайиб, уларнинг айримлари ҳатто ўзларини пайғамбар деб эълон қилишгача боради. Шунда Аллоҳ таъоло икки фариштасини юборади. Улар одамларга турли сеҳрларни ўргатишиб, сеҳргарлик ўрганиш мумкин бўлган нарса экани, пайғамбарлик эса ёлғиз Аллоҳ тарафидан берилишини англатадилар. Эй мўъминлар, «Роино» деманглар, «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий фармон таъқиқларига) қулоқ солинглар! Кофирлар учун аламли азоб бордир. Изоҳ:Араб тилида ҳар икки сўз «Бизга боққин, қарагин» деган маънони англатади. Пайғамбар алайҳиссалом Қуръон оятларини тиловат қилиб бераётганларида мўъминлар у кишига: «Бизларнинг ҳолимизни риоя қилгин ва оятларни шошмасдан қайта-қайта ўқигин» деган маънода «роино» дер эдилар. Лекин яҳудийлар «рионо» сўзининг риоя қилмоқ, боқмоқ деган ўзакдан чиққанини билганлари ҳолда кўнгиллари бузуқлиги сабабли «руунат – енгилтак бўлмоқ» деган ўзакдан чиқадиган сўзга ўхшатиб таллафуз қилдилар. Шунинг учун Аллоҳ таъоло мўъминларга бу сўзни ишлатмасликни амр қилди. На аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизларга Парвардигорингиз тарафидан бирон яхшилик тушишини истамайдилар. Аллоҳ эса раҳмат-марҳаматини ўзи ҳоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, агар) Биз бирон оятни бекор қилсак, ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини, ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми? Осмонлар ҳам, замин ҳам ёлғиз Аллоҳнинг мулки эканини ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ёки ёрдамчи йўқ эканини билмадингизми? (Эй мўъминлар), ёки сизлар ҳам ўз пайғамбарингиздан, илгари Мусодан сўралган нарсаларни сўрашни истайсизми? Ким иймонга куфрни алмаштирса, албатта тўғри йўлдан адашади. Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир) уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ-равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилингиз ва кечирингиз! Албатта Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир! Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! Ўзингиз учун қандай яхшиликни (охират диёрига) тақдим қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни кўриб тургувчидир. Улар: «Жаннатга фақат яҳудий ва насроний бўлганлар киради»,- дейишди. (Яъни, яҳудийлар: «Биз кирамиз»,- дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди). Бу уларинг хомхаёлларидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!» Йўқ, ким чиройли қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар. Яҳудийлар: «Насронийлар бирон (арзигулик) нарса – дин устида эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса – дин устида эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) Китоб (яъни Таврот, Инжил) тиловат қиладилар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Энди уларнинг ўртасида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳукм қилади. Изоҳ:«Шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар». Яъни Маккадаги мушриклар: «Муҳаммад ҳақ дин устида эмас»,- дейишди. Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни xароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларида кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, охиратда эса буюк азоб бордир. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз, Аллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи билимдондир. «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси унга бўсинади. (У) Еру осмонларни пайдо қилгувчидир. Бирон ишни ҳукм қилса, унга фақатгина «Бўл» дейди холос. Бас, у иш бўлади. Билмайдиган кимсалар: (Муҳаммад алайҳиссаломга) «Аллоҳ бизга (сенинг ҳақ пайғамбар эканингни) айтса эди ёки бирон аломат келса эди»,- дедилар. Улардан илгаригилар ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтишган эди. Диллари бир- бирига ўхшайди. Биз аниқ ишонадиган қавм учун оятларни баён қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта биз сизни ҳақ (дин) билан хушхабар этувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзахилар хусусида Сиз масъул эмассиз. Яҳудий ва насронийлар то сиз уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди. Биз Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган Зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўрувчилардир. Эй бани Исроил, сизларга инъом қилинган неъматимни ва сизларни бутун оламга афзал қилган пайтимни эсланг! Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган ва ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайдиган, шафоат-қўллов фойда бермайдиган, ёрдам ҳам беролмайдиган кундан қўрқингиз! Эсланг, Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қиланида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таъоло): «Албатта мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?» деб сўради у. (Аллоҳ таъоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди». Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилувчилар (ўша ерда ибодат қилиб) турувчилар, рукуъ, сужуд эгалари учун пок тутинг»,- деб буюрдик. Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва Охират кунига ишонувчиларни турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таъоло: «кофирларни ҳам бироз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир», деди. Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгучи, билгувчисан! Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунгувчилардан қилгин ва зурриётимдан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишиларни (чиқаргин). Ва бизга (қиладиган) ибодатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни Қабул қилгувчи, Раҳмлисан. Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, Сен Қудрат ва ҳикмат Соҳибисан». Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз, солиҳ (яқинларимиздан)дир. Эсланг, Парвардигори унга: «Бўйсун!», деганида: «Бутун оламлар Эгасига бўйсундим», деди. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу Динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас мусулмон бўлган ҳолингиздагина ҳаётдан ўтинг!» (Эй яҳудийлар), ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?»- деганида: «Сенинг тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат унинг ўнигагина бўйсунгувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар? Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз сизлар учун. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз. Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди. Айтинг эй Муҳаммад алайҳиссалом), балки биз ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим миллатига – Динига (эргашамиз). (Эй мўъминлар), айтингиз: «Биз Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан биронтасини ажратиб қўймаймиз ва биз фақат У Зотга (Аллоҳ таъолога) бўйсунгувчилармиз». Энди агар улар (яъни аҳли китоблар) сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Агар юз угирсалар, у ҳолда шубҳасиз, (сизларга нисбатан) гина ва адоватлари бордир. Улар(нинг ёмонлиги)дан сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳнинг ўзи етарлидир. У эшитувчи, билгувчидир. Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар унгагина ибодат қилгувчилармиз. Изоҳ:Бу оятдаги Аллоҳнинг рангидан мурод – Аллоҳнинг динидир. Зеро худди кийимнинг устида ранги кўрингани каби, мўъмин-мусулмонларда ҳам дин аломатлари кўриниб туради. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизми. Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат унганига ихлос қўювчилармиз Ёки Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлод яҳудий ёки насроний бўлган дейсизми?» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) айтинг: «(Уларнинг динларини) сизлар яхшироқ биласизми, ёки Аллоҳми? Аллоҳ томонидан бўлган гувоҳликни яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмас. Изоҳ:Таврот ва Инжилда юқорида мазкур бўлган пайғамбарларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганликлари очиқ-равшан айтилган экан. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам мана шу ҳақиқатни билиб туриб, яширганлари учун юқоридаги оят нозил бўлди. Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз. |