Электрон укумат
Скачать 1.29 Mb.
|
Электрон ҳукумат тушунчаси, мақсад ва вазифалари. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари Режа: 1.1. Электрон ҳукумат тушунчаси, вазифа ва принциплари. 1.2. Электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари. Таянч иборалар: Электрон ҳукумат, E-Government, давлат органларининг шаффофлиг, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги; электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши; «ягона дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш; давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш; электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш; электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш; ахборот хавфсизлигини таъминлаш. 1.1. Электрон ҳукумат тушунчаси, вазифа ва принциплари Электрон ҳукумат давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимидир. Электрон ҳукуматнинг бир қанча таърифлари мавжуд. Кенг маънода, электрон ҳукуматнинг вазифалари ва хизматлар кўрсатиши ҳамда фаолиятини ривожлантириш учун АКТни қўллаш сифатида белгиланиши мумкин. Ўзига хос равишда, электрон ҳукуматни “давлат оганлари кўрсатаётган хизматларнинг шаффофлиги, самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланиш тизими” деб тушуниш мумкин. Шунингдек, электрон ҳукумат АКТни кўллаган ҳолда давлат органларининг янада самарали фаолият кўрсатиши ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизматлар кўрсатишидир. Электрон ҳукумат атамаларини қуйидаги тўртта асосий қисмлари орқали умумлаштирилади ҳамда қуйидагича тавсифланади[1]. 1. АКТ дан фойдаланиш (компютер тармоқлари, интернет, факс ва телефон). 2. Ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватлаш (ахборот билан таъминлаш, хизматлар, маҳсулотлар, маъмурий бошқарув). 3. Фуқаролар билан ҳукумат муносабатларини ривожлантириш (янги алоқа каналларини яратиш, сиёсий ёки маъмурий жараёнларига фуқароларни тарғибот ва ташвиқотлар орқали жалб қилиш) 4. Белгиланган стратегияларга мос равишда иштирокчиларни жараёнларда қатнашиш қийматини белгилаш. Жадвал Электрон ҳукумат таърифлари
Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: - давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини, шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш; - ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш; - ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш; - аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «ягона дарча» принципини жорий этиш; - тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш; - тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш; - нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш. Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: - давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги; - электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши; - «ягона дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш; - давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш; - электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш; - электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш; - ахборот хавфсизлигини таъминлаш. Электрон ҳукумат имкониятларини амалга ошириш мақсадида кўпгина давлатлар ўзларининг электрон ҳукуматни ривожлантириш сиёсий режаларига киритишмоқда. Дастлабки эътибор АКТдан фойдаланиш орқали давлат ишлари самарадорлигини оширишга қаратилди. Шу билан бирга, электрон ҳукумат хизматларига давлат томонидан чекланган инвестициялар таъсири натижасида, 2000 йилнинг ўрталарида фуқарога йўналтирилган ёндашув томон натижалар ўзгарди. Ушбу ёндашув натижасида ҳукумат хизматларини етказиб бериш жараёнида фуқароларнинг давлат хизматларига турли эхтиёжларининг мослигини таъминлаш биринчи ўринга қўйилганлиги орқали сезиларли ўзгаришларга сабабчи бўлди. Бугунги кунда электрон ҳукумат нафақат давлат сектори вазифалари ва жараёнларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш учун бир муҳим восита, балки ҳукуматни ўзгартиришга ва хизмат ишлаб чиқиш ҳамда етказиб бериш учун янги ёндашувларни яратишда асосий ҳисобланади. Умуман олганда, онлайн хизматларнинг кўпайиши, ушбу хизматлардан янада кенгроқ фойдаланиш, ўз навбатида электрон ҳукумат тизимининг таъсири катта эканлигидан далолат беради. Шундай қилиб, электрон ҳукумат, ҳукумат шаффофлиги ва ички самарадорликка таъсир этиб барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун электрон фуқаролар ва электрон бизнес иштирокчиларининг муҳим оммаси мавжуд бўлишлигини талаб қилади. Электрон ҳукумат хизматлари фойдаланувчиларининг муҳим оммасининг кўпайиши, анаънавий хизмат кўрсатиш усулидан воз кечиб, электрон ҳукумат хизмати кўрсатиш усулига ўтиб кетишлари талаб этилади. ва бу жараён осонлик билан амалга ошмайди. Электрон ҳукумат тизимини жорий этиш, ишлатишда қачонки кўпчилик аҳолининг талаблари ва улар томонидан қўллаб-қувватланиши имкониятлари бўлсагина тизим мувафақиятга эришади. Аҳоли талабларининг бир қисми аҳолининг ушбу тизим ҳақидаги билимларининг етарли бўлганлиги, унинг имкониятлари ҳамда давлат хизматларини тезда ва яхши хизмат кўрсатиш орқали амалга оширилади. Фуқаро ва тадбиркорлар электрон-ҳукумати хизматларидан фойдаланишда қизиқишлари ёки мотивациялари, актуал, осон олиш мумкин бўлган рақамли контент хизматларини тақдим этишлари лозим. Булардан ташқари давлат жамоага электрон кўринишдаги хизматларга бўлган ишончни оширишида маълумотларни ҳимоялаш ва унинг конфиденциаллигини таъминлашини назарда тутиши керак. Электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш талаблари ва қўллаб қувватлаш даражасини оширишда қуйидаги ишлар амалга оширилиши лозим: - кўп каналли ягона ойна умумий хизматларни етказиб бериш инфратузилмасини, автоном равишда жамоага хизмат кўрсатиш маркази ва жойлари, жумладан телемарказлар, чақирувларни қайта ишлаш марказлари, веб ва мобил порталларини ишлаб чиқиш; - АКТ иштирок этган операцияларни ва рақамли муҳитдаги барча ўзаро муносабатларга жамоа томонидан ишонч билдирадиган чораларни амалга ошириш; - белгиланган талабларни қониқтирадиган, қулай контент ва хизматлар, шу жумладан “иловалар ишлашини тугатувчи” деб аталувчи дастурларни ишлаб чиқарувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш; - электрон хизматлар ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари Ахборот-коммуникация технологиялари ижтимоий ва иқтисодий соҳаларни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири хисобланади. Айниқса, давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш Ўзбекистоннинг истиқболдаги тараққиётини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, иқтисодиёт ва жамият фаолиятининг барча соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ҳамда телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, электрон ҳукуматини шакллантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Электрон ҳукуматни шакллантиришнинг хуқуқий асосларини мустахкамлаш мақсадида “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, "Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон хужжат айланиши тўғрисида”ги, “Электрон тўловлар тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. 2013 йил 1 июлда жорий қилинган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қанчадан-қанча аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи 267 дан ортиқ интерактив давлат хизматлари электрон шаклда кўрсатила бошланди. Ушбу хизматлар аҳамиятини ўтган давр мобайнида фойдаланувчилар томонидан порталга 564 минг мурожаат қилинганидан ҳам кўришимиз мумкин. Таълим, банк-молия, божхона, солиқ ва суд-хуқуқ тизимларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий қилиниши бугунги кунда юқори самара бермоқда. Электрон ҳукумат иштирокчиларининг муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик, давлат хизматларини сифатли кўрсатилишига хизмат қилувчи марказлашган маълумот базаларини тўлиқ шакллантириш, давлат органларининг ўз ишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини етарли даражада жорий қилиш, аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда “ягона дарча” тамойилидан тўлиқ фойдаланишдаги муаммоларни бартараф этиш учун “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистан Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади давлат хизматларини кўрсатишда аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларини кўзлаш, уларга кенг қулайликлар яратиш, уларнинг вақтларини тежаш, бехуда оворагарчиликлар ва ортиқча сарф-харажатларни камайтириш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат. Қонун электрон давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солади. Қонун 5 та боб ва 34 та моддадан иборат. Қонунда унинг мақсади ва вазифалари, асосий тушунчалари, электрон ҳукуматнинг асосий принциплари, унинг ишини ташкиллаштириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талабларга оид нормалар белгиланган. Шунингдек, Қонунда электрон ҳукумат инфратузилмаси, бу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат органларининг электрон ҳукумат доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатлар тартибга солинган. Электрон ҳукумат, давлат хизмати, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, электрон давлат хизмати, электрон давлат хизматининг регламенти, электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари каби тушунчалар қонунчиликка илк бор киритилмоқда ва уларга тегишли таъриф берилмоқда. Қонунда электрон ҳукумат тизимининг асосий принциплари мустахкамланган. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши, “ягона дарча” принципи бўйича электрон давлат хизматларини кўрсатиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принциплар шулар жумласидандир. Қонунда электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш нормалари белгиланган. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасига электрон ҳукумат соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ушбу соҳадаги давлат дастурларини тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш вазифалари юкланган. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган сифатида электрон ҳукумат принципларига мувофиқ электрон ҳукумат соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради. Давлат органлари эса электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этадилар, ахборот ресурслари ва тизимларини, шунингдек, электрон давлат хизматларини жорий қилиш, ривожлантириш ва интеграциялашувини таъминлайди. Қонунга мувофиқ фойдаланувчилар давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишлари ёки уларга интерактив давлат хизматлари кўрсатилиши мумкин. Қонунда ушбу электрон давлат хизматлари турларига талаблар, улардан фойдаланиш учун сўровлар юбориш тартиби, фойдаланувчиларнинг хуқуқлари белгилаб берилган. Қонунда белгиланганидек, ахборот давлат хизмати аҳолининг ахборотга бўлган эхтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган бўлиб, бунда давлат органлари ўз фаолиятлари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб боради. Интерактив давлат хизматининг жорий қилиниши эса, аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик сифатининг ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга, Қонунда электрон давлат хизматларининг сифатини бахолаш тартиби ҳамда баҳолаш натижаларини хисобга олган ҳолда давлат органларининг электрон давлат хизматларининг сифатини ошириш чораларини кўриш учун мажбурлиги белгиланган. Бу эса давлат хизматларини кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириш принципига мос келади Қонуннинг кўчга кириши орқали қуйидаги натижаларга эришилади: Биринчидан, мамлакатимизда "Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантиришнинг қонуний асослари яратилиб, ушбу тизимни шакллантириш, тўлақонли ишлашини таъминлаш ва тизимли ривожлантиришга замин яратилади; Иккинчидан, мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган демократик бозор ислохотларини янада чуқурлаштириш ортиқча рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-қоидаларининг янги турлари киритилишини қонун билан тақиқлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш каби вазифалар ижроси таъминланишига асос бўлади; Учинчидан, давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, жумладан бошқарув ва маъмурий иш унумдорлиги ошиб, уларнинг жамият олдидаги хисобдорлиги, очиқлиги таъминланади. Пировардида халқнинг давлат органларига ишончи янада ортади. Тўртинчидан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш қулайликлари ошади. Бинобарин, давлат органлари фаолиятига инновация ғоялари изчил жорий қилинади, бизнес соҳаси, хужжат айланиш механизмлари такомиллаштирилади, фуқароларга уйи ёки иш хонасидан туриб электрон шаклда мурожаат қилиш, маълумотнома ва бошқа хужжатларни олиш ёки тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш имкониятини берадиган интерактив хизматлар кўрсатилишини таъминлайди. "Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши юқорида санаб ўтилган натижалар билан биргаликда мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўли билан чет эл инвесторларини жалб қилишга, халқ фаровонлигини, юрт равнақини янада оширишга, мамлакатимизда барқкаpop иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. [1] e-Government Applications, by Nag Yeon Lee and Kwangsok Oh, printed in Scand-Media Corp., Ltd., Republic of Korea, in 2011, page–17 Электрон ҳукуматни амалга оширишнинг муваффақият ва хавф омиллари. Электрон ҳукуматнинг моделлари Режа: 1. Электрон ҳукуматни амалга оширишнинг муваффақияти. 2. Электрон ҳукуматни амалга оширишнинг хавф омиллари. Таянч иборалар: Электрон ҳукуматнинг принциплари, G2C, G2B, G2G, G2E, G2N, Интеграциялашган миллий молия ахборот тизими, Маҳаллий электрон ҳукумат ахборот тизими, Таълим ахборот тизими, Ҳукумат электрон хужжат алмашинуви, Бизнес жараёнларни мақбуллаштириш. 1. Электрон ҳукуматни амалга оширишнинг муваффақияти. Электрон ҳукумат тизимининг мамлакатда муваффақиятли амалга оширилганлигини қуйидаги 4 та мақсадларнинг бажарилганлиги асосида баҳо бериш мумкин: - Онлайн ҳукумат хизмати, - Қоғозсиз ҳукумат, - Билимга асосланган ҳукумат, - Шаффоф ҳукумат. Ушбу тўртта мақсадларга эришиш учун электрон ҳукумат тизими ҳукуматнинг бир неча даражаларида ташкиллаштирилган бўлиши лозим. Ҳукумат бошқарувининг ҳар бир даражасида бажариладиган 3 та асосий вазифалар мавжуд: (1) инновацион фуқаро хизматлари; (2) инновацион бизнес хизматлари; (3) инновацион ҳукумат ичидаги ишлари. Электрон ҳукуматининг бир неча қирралари мавжуд ва фойдаланувчилар ва уларнинг ўзаро муносабатлари асосида қуйидагича характерланади. - Давлатфуқароларга (G2C) фуқаролар турли маълумотлар, хизматлар ва бошқа имкониятлар билан таъминланадилар. - Давлатбизнесга (G2B) ҳукумат ва бизнес ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро бир қатор алоқаларни таъминлайди. - Давлатдавлатга (G2G) давлат ичида ёки давлат идоралари ўртасидаги турли ахборотларни алмашиш ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлашни таъминлаш. - Давлатходимларга (G2E) ички жараёнларини соддалаштириш ва фуқаролик хизмати, давлат ва унинг ходимлари ўртасидаги алоқа бошқарувини осонлаштириш орқали унумдорлигини оширади - . 1-расм. Электрон ҳукумат. Электрон ҳукуматда ҳамкорлик икки турда бўлиши мумкин: ички ва ташқи ҳамкорлик (2.2-расм). Ички ҳамкорлик давлат органлари идоралар ўртасидаги муносабатлар ҳисобланади. Ташқи ҳамкорлик давлат органлари билан фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва нотижорат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар ҳисобланади[1]. 2-расм. Электрон ҳукуматда ҳамкорлик Government-to-Government (G2G) модели “Электрон ҳукумат” тизими, хусусан, унинг G2G модели тўғрисида сўз юритганда, барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг бошқарув жараёнларини ахборотлаштириш, бу органларни аҳоли ва бизнес субъектлари билан ўзаро муносабат функцияларини қўллаб-қувватловчи компьютер тизимларини яратиш тушунилади. Агар идораларда ушбу жараёнлар автоматлаштирилмаган бўлса ёки электрон ҳужжат айланиши мавжуд бўлмаса, давлатнинг ички транзакциялари амалга оширилган ва қоғозсиз иш юритиш режими жорий этилган деб бўлмайди. Бу борада фақат алоҳида жорий қилинган амалиётлар, масалан, электрон почта орқали маълумот жўнатиб, қоғозга чоп этиб, мансабдор шахсга қўл қўйдириш жараёни электрон ҳукумат тизимидан йироқдир. Ахборот технологияларини жорий этиш ва ахборот ресурсларини шакллантиришдан ташқари электрон ҳукумат норматив-ҳуқуқий база қабул қилишни ҳам талаб этади. Яъни, ҳужжат электрон кўринишининг қоғоздаги кўриниши билан ҳуқуқий жиҳатдан тенг кучга эга эканлиги ва у билан асосий бош ҳужжат кўринишида иш юритиш мумкинлигига асос бўла оладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар зарур бўлади. Буларга “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунларни мисол қилиш мумкин. Муносабат ва алоқаларнинг ушбу модул ёрдамида ҳал этиладиган асосий вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин: - давлат бошқарув органлари ва давлат муассасаларининг ахборот массивлари, банклари ва маълумот базаларини ягона тизимга интеграциялаш; - барча давлат тузилмаларини электрон ҳужжат айланишига ўтказиш ва уни оптималлаштириш; - давлат қарорларини ишлаб чиқишни, узатиш ва ижросини назорат қилишни оптималлаштириш; - ҳукумат ресурсларидан фойдаланиш тезлигини ошириш мақсадида ягона давлат порталини яратиш; - давлат хизматчилари ўртасида рақобат муҳитини кучайтириш ва уларнинг малакасини ошириш. Government to Business (G2B) модели Иқтисодиёт соҳасидаги давлат бошқарувининг амалдаги тизимини давлат ва бизнес тузилмаларининг умумий иши йўлида – тадбиркорлик субъектларидан ҳар бирининг, бинобарин, мамлакатнинг равнақ топиши учун уларнинг тадрижий ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмига айлантиришдан иборатдир. Муносабатларнинг ушбу модулида куйидагилар асосий субъект ҳисобланади: бюджет ва солиқларни тартибга солиш, давлат органлари ва тижорат тузилмаларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги, кредитлар, инвестициялар ва бошқа молиявий ресурсларни бошқариш, тижорат фаолиятини лицензиялаш ва бошқалар. G2В модули қуйидагиларни таъминлаши лозим: - бизнес тузилмалари олдида турган қоғозбозлик ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш; - давлат бошқарувининг ортиқча бўғинларини қисқартириш, тартибга солиш ва ҳужжатлар айланишининг рақамли технологияларини кенг жорий этиш йўли билан бизнес жараёнларини ва транзакцияларни тезлаштириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш; - қонунлар ва бозор талабларидан келиб чиқиб, ресурсларни мақсадга йўналтириб, эркин бошқариш. Ушбу модул вазифаларини ҳал этиш учун бизнес субъектларига қуйидаги хизматларни кўрсатишни назарда тутади: - компанияларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш; - ваколатли ташкилотлардан лойиҳа ҳужжатларига рухсатномалар олиш ва улар билан келишиш (экология, қурилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш); - лицензиялар олиш ва улар муддатини узайтириш; - юридик маслаҳатлар, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида ўз вақтида ва тўлиқ ахборот олиш; - бюджетга (даромад, фойда, қўшилган қиймат, йўл, ер солиқлари ва бошқалар) ва бюджетдан ташқари фондларга мажбурий корпоратив тўловларни амалга ошириш; - бухгалтерия, молия, солиқ ва статистика ҳисоботларини расмийлаштириш ва бошқалар. G2B хизматлари турли ижтимоий гуруҳ вакилларига йўналтирилган бўлиб, бу хизматларнинг асосий мақсади давлат билан боғлиқ ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жараёнларни оптимал бошқаришдан иборат. Government to Citizens (G2C) модули Давлат бошқарувининг ахборот-коммуникация тизимлари бугунги кунда кўплаб мамлакатлар аҳолиси кундалик ҳаётига тобора кенгроқ жорий этилмоқда. Давлат томонидан хизмат кўрсатишда бу хизмат қайси муассаса томонидан ва қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, энг асосийси фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлишларига барҳам беришдан иборат. Бу хизматларга қуйидагиларни назарда тутмоқ жоиз: - солиқ декларацияларини тақдим этиш ва шахсий тўловлар: даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ҳ.к.ларни амалга ошириш; - ижтимоий таъминот хизматларидан фойдаланиш, грантлар ва қарзлар олиш; - шахсий ҳужжатлар – паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш; - фуқароларни доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш, манзил ўзгарганлиги тўғрисида билдиришнома бериш; - шикоят ва аризаларни қабул қилиш, юридик масалаҳат бериш хизматлари; - иш излаш ва мутахассисларнинг касб даражасини электрон тест синовидан ўтказиш бўйича меҳнат биржалари хизматлари; - соғлиқни сақлаш тизими хизматлари (интерактив маслаҳатлар, қабулга ёзиш ва бошқалар); - олий ўқув юртларига кириш тест синовлари, масофадан туриб ўқитиш усули билан давлат таълим муассасаларида малака ошириш ва бошқалар; - даромадлар, дивидендлар тўғрисида ахборот ва маслаҳатлар олиш; - кредитлар, имтиёзлар ва лицензияларни онлайн тизимида расмийлаштириш; - турли бадаллар, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш ва шуларга ўхшаш бошқа хизматлар. Электрон ҳукуматнинг фуқаролар учун йўналтирилганлигини бир муҳим жиҳати ҳукумат сайтларида фуқароларнинг мурожаатлари ахборот ёки хизматлари фойдаланишини осон бўлиши учун ва нима қидирсангиз топиш учун қулайликлар яратилмоқда. Шу муносабат билан, фуқаролар кўп давлат органлари порталларига киришни осон ва муаммосиз мулоқот қилиш имконини таъминлаш мақсадида ягона нуқта орқали кириш имкони яратилади. Ягонда ҳукумат портали ахборот ва хизматлар порталлари, идоралараро маълумотлар алмашинувини енгиллаштирувчи фойдали хизмат канали ҳисобланади. Бундан ташқари, ягона ҳукумат портали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги жуда муҳим алоқа воситасидир. Фуқаролар билан ўзаро муносабати нуқтаи назаридан ва кўрсатилаётган хизматлар кўриниши жиҳатидан электрон ҳукумат тизими хизматларини кўрсатиш бўйича мантиқан икки қисмга ажратилиши мумкин: офис-олди ва офис-орқаси. Электрон ҳукумат тизими турли хизматларни кўрсатишнинг офис-олди кўринишида хизматларни етказиб бериш, ахборот ва хизматларини етказиб берувчиларни кўриши, давлат билан фуқаро ва бизнес ўзаро муносабатларини кўриш ва бошқаришни англатади. G2B ҳукумат ва бизнес ўртасида турли операцияларни ўз ичига олади, G2C эса, фуқароларга ахборот тарқатишни ва давлат хизматларини етказиб беришни ўз ичига олади. АКТ асосида фаоллаштирилган G2C хизматлар ҳукумат томонидан ахборот алмашиш тизими ва фуқаролар учун бир-ойна онлайн портали орқали ахборот ва бошқа хизматлардан фойдаланиш учун имконият яратувчи иловалар орқали етказиб беради. Бундай портал фуқаролар учун қуйидаги хизматларни тақдим этиши мумкин[2]: - Турли рухсатномалар/лицензиялар ва сертификатлар бериш; - Қонун/маъмурий огоҳлантиришлар ва тегишли қонунлар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаш; - Тўлов хизматлари, солиқларни қайтариш ва ижтимоий коммунал тўловлар; - Электрон маслаҳат, электрон мухокама, электрон сайлов орқали давлат ишларида иштирок этиш имкониятларини бериш. Фуқарога йўналтирилган портални ва жамоат маълумотларини алмашиш тизимини, жамоатни бошқариш, яшовчиларни хисобга олиш, кўчмас мулк хисоби, автомашиналарни рўйхатга олиш, солиқ ва суғурталар каби маълумотларни ўз ичига олган асосий маълумотлар базасини яратиш ва уларни бир-бирига боғлаш ишларини амалга ошириш. Электрон G2B хизматлар корпоратив фуқаролик маъмурий ишлар, саноат ахборот таъминланиши ва турли солиқ ва давлат тўловлари учун харидлар, таклиф ва мукофотлар, тўлов хизматлар, электрон операция хизматларини ўз ичига олади. Бошқа хизматлардан фарқли, қуйидаги АКТ иловалар самарали электрон G2B хизматини етказиб бериш учун талаб этилади: - Интеграциялашган электрон харидлар тизимида рўйхатга олиш, тендер, шартнома ва барча харидлари билан боғлиқ жараёнлар, ягона-ойна давлат харидлари тизими орқали амалга оширилади. - Электрон божхона тизими - импорт ва экспорт жараёнларидаги божхона бошқарувини қоғозсиз амалга ошириш ҳамда божхона томонидан ноқонуний хизматларни кўрсатишга қарши восита деб белгилаб берадиган тизим. - Электрон савдо тизими товарлар ва хизматлар савдосини қўллаб-қувватловчи онлайн тизим. Офис-орти хизматлари. Асосан хукумат асосий жараёнларини, жамоатчилик учун кўринмаслиги ва бир давлатнинг ички жараёнларини ўз ичига олади. Давлатларда электрон ҳукуматни амалга ошириш бир неча офис-орти тизимлари ислоҳотлари билан ҳамоҳанг равишда олиб борилиши лозим. Электрон ҳукуматда бундай ислоҳотлар электрон ҳукумат тизими муваффақиятли бўлиши учун зарур омиллар хисобланади. Электрон G2G ички хизматларни етказиб бериш жараёнларини соддалаштириш ва самарадорликни ошириш учун хизмат қилади. Мос равишда АКТдан фойдаланиш орқали давлат иш жараёнлари қуйидаги натижаларга эга бўлиши кутилади: - Марказий ва махаллий давлат ташкилотлари хисобот тизимларининг боғланганлиги тизимнинг тўғри ва аниқ равишда сўровларни қабул қилишига олиб келади; - Маълумотлар базасидаги маълумотларнинг аламашиши хизмат кўрсатувчи тизим самарадорлигини ошишига сабабчи бўлади; - Давлат органлари орасидаги ғоя ва ресурсларни ўзаро ишлатиш; - Онлайн ҳамкорлик тизими орқали қарор қабул қилишда ҳамкорлик қилиш[3]. Давлат идораларида ҳужжат айланишини электронлаштириш ва ҳукуматнинг қоғозсиз амалиётлар томон ҳаракати G2Gнинг асосий ташаббуси хисобланади. Электрон хужжат алмашинувини киритиш маълумортларни тезроқ, кўпроқ, самарали, хавфсиз ва ишончли бошқаруви асосида амалларни бажаришга олиб келиши кутилмоқда. Қуйида Корея Республикасида G2G хизматларига мисол келтириш мумкин. Интеграциялашган миллий молия ахборот тизими: Турли давлат идораларида реал вақтда бошқарилувчи молия сохасига тегишли бўлган тизимлар бир-бирига ўзаро боғлаш орқали ташкил қилинган. Таъкидлаш жоизки аввал ушбу тизимлар алоҳида бўлган. Маҳаллий электрон ҳукумат ахборот тизими:21 та маъмурий ишларни стандартлаштириш ва ахборотлаштириш орқали 244 та маҳаллий ҳукумат бошқаруви тизимига хизматлар киритилган:истиқомат қилувчини рўйхатдан ўтказиш, кўчмас мулк, молия ва солиқ солиш мамлакат ва туманлар даражасида ташкил этилди. Таълим ахборот тизими ва электрон ўрганиш: Мактаблар, таълим вилоят офислари ва уларнинг туман идоралари, Таълим вазирлиги ва инсон ресурсларини ривожлантириш муассасалари ўртасида умуммиллий ахборот тармоғи. Ҳукумат электрон хужжат алмашинуви: электрон қайта ишлаш, барча давлат ҳужжатларини тайёрлаш, тасдиқлаш, сақлаш ва тарқатиш. G2G тизимлар қуйидагиларни талаб қилади: - иш жараёнларини электрон кўринишда бажарилишини ташкил этиш; - Электрон ҳужжатларни қайта ишлаш; - Билимларни бошқариш тизимлари; - Бек-офисларнинг интеграцияси. Электрон ҳукуматнинг муваффақият омиллари бешта асосий гуруҳларга бўлинади: Келажакни кўриш қобилияти, стратегия ва аниқ мақсадлар Электрон ҳукуматни муваффақиятли амалга оширилишида аниқ мақсад ва АКТ стратегиясига асосланиб режа тузилади. Электрон ҳукуматни яратишда амалга ошириш босқич кўникмаларини билиш керак бўлади. Электрон ҳукумат стратегиясидаги муҳим ғоя бу “яхлит ҳокимият” ёндашувидир. Бу ёндашув фуқароларнинг ва тадбиркорларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил қилинади. Яхлит ҳокимият ёндашуви фуқаро ва тадбиркорлар билан ишлашда инфратузилмага ортиқча сарф қилинадиган кераксиз инвестицияларни олдини олади[4]. Қисқача айтганда, муваффақиятли электрон ҳукумат қуйидагиларни талаб қилади: - Етакчиларнинг келажакни аниқ кўриши; - Фуқаролар томонидан кучли қўллаб-қувватлаш; - Ресурсларга асосланган ҳолда тузилган яхши стратегия; Қонун ва йўриқномалар Ҳукумат лойиҳаларини яратишда қонунчилик ёки тартибга солувчи меъёри-хуқуқий асослар талаб қилинади, чунки бир қанча йил олдин яратилган қонунлар янги электрон хизматларни тадбиқ қилишда тўғри келмайди. Электрон ҳужжатлар ва транзакцияларни расмий тан олиш учун қонунларни янгилаш ёки янги қонунларни қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. Қонун ва йўриқномаларни ташкил қилишда аниқ мақсадлар зарурдир, чунки аниқ режалар электрон ҳукуматни қўллаб қувватлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Янги лойиҳалар учун янги қонуний ўзгартириш киритишнинг режасини тузиш хам кўп вақтни талаб қилади. Шунинг учун электрон ҳукумат муваффақиятга эришишида қуйидаги қонунлар қабул қилиниши керак: - Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун; - Маҳфийлик ва унга доир муаммолар тўғрисидаги қонун; - Ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун; - Ахборот тизимлари ва бизнесс жараёнлардаги ўзгаришларга доир қонун; - Ҳукумат АКТ инфраструктураси ва интеграциялашган маълумотлар марказига асос солиш тўғрисидаги қонун; Ташкилотлараро келишув Ташкилотлараро келишув структураси маълум йўналишдаги ташкилотларга йўл кўрсатувчи механизмдир. Бу келишув жуда ҳам муҳимдир чунки ҳукумат билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бу келишув ҳамкорлик ва тезкор амалга оширишни таъминлашни талаб этади. Ташкил этувчилик характерига эга бўлган келишувни режалаштириш учун қуйидагилар муҳимдир: - Мажбуриятга асосланиб мустаҳкам ҳамкорликни химоя қилиш; - Ахборот технологиялар бошқарувини режалаштириш ва менежментини ўзгартириш; - Бюджетни шакллантириш ва уни амалга ошириш; - Мувофиқлик ва ҳамкорлик; - Мониторинг ва ишнинг сифатини баҳолаш; - Технологияни етказиб берувчи ташкилотни бошқариш; - Ҳукумат хусусий сектори ва фуқаролар ҳамкорлиги. BPR - Бизнес жараёнларни мақбуллаштириш[5] Электрон ҳукуматнинг асосий вазифаси ҳукуматни янгидан тузиш ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам, муваффақиятли электрон ҳукумат бизнес жараёнларга асосланади. Бизнес жараёнидаги инновация бу BPR (Business Process Reengineering)дир. BPR бу - ишни олиб бориш жараёни оқими ёки поғоналараро оқимини қайта ишлаб чиқиш билан жараённинг самарадорлигини ошириш тушунилади (расм 2.3). Расм - 3. Бизнес жараёнлари мақбуллаштирилиши методикаси Давлат хизматларини ягона портал орқали интерактив шаклга ўтказиш баробарида хизмат кўрсатиш жараёнларини мақбуллаштириш устувор ва бирламчи вазифа ҳисобланади. Давлат ва хўжалик хизматларини кўрсатишда инсон омили аралашувини, бюрократик тўсиқларни кескин камайтириш, меъёрий хужжатлардаги номутаноссибликларни бартараф этиш тушунилади. Хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш, нархларини арзонлаштириш ва тартиботларини соддалаштириш чора тадбирларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш саналади. |