Электрон укумат
Скачать 1.29 Mb.
|
2. Электрон ҳукуматни амалга оширишнинг хавф омиллари. Электрон ҳукуматни тадбиқ қилишда ҳавф омиллари[6] Кўпгина мамлакатларда электрон ҳукуматни жорий этишда кутилган натижаларга эришилмаган. Электрон ҳукуматни жорий этишдаги ҳавфлар фуқаролар ва ҳукумат томонидаги ҳавфларга бўлиниши мумкин. Умуман олганда фуқаролар томонидаги ҳавларга қуйидагилар киради: - Рақамли тенгсизлик - Билимлар етишмаслиги - Фойдаланишда қулай эмаслиги - Рағбатлантиришларнинг етишмаслиги - Ишончнинг етишмаслиги - Тушунмовчилик Ҳукумат томонидаги ҳавфларга қуйидагилар киради: - Мураккаблик - Вазирлик тизимларининг тўлиқ интеграция бўлмаганлиги - Қобилият етишмовчилиги - Инсон ресурсларининг чекланганлиги - Молиявий ресурсларнинг чекланганлиги Ўрганишлар шуни кўрсатадики, бутун дунё бўйича 35 фоиз электрон ҳукумат лойиҳалари муваффақиятсизликка учраган, 50 фоизи қисман ва фақатгина 15 фоизи эса тўлиқ муваффақиятга эришган. Ривожланаётган давлатларда электрон ҳукуматни жорий этишда муваффақиятсизликка олиб борувчи омиллар қуйидагилар ҳисобланади: - Давлат органлари билан ҳамкорликнинг етишмаслиги - Шароитга мос бўлмаган режалар ва стратегиялар - Малакали мутахассисларнинг етишмаслиги - Инвестиция режасининг йўқлиги - Янги технологиялар етишмаслиги - Тайёргарликсиз тезкорлик билан амалга ошириш. Электрон ҳукуматни тўлиқ ишга тушириш жуда мураккаб жараён, чунки янги ахборот тизимларининг тадбиқ қилиниши аҳоли учун янгилик ҳисобланади. Ҳукумат ўзининг имконият ва тайёргарликларидан келиб чиқиб электрон ҳукуматни амалга ошириш режасини тузиб чиқади. Осиё давлатлари сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқарув аппаратлари турли хил бўлишига қараб характерланади ва ҳар бир мамлакатнинг ўз вазиятидан келиб чиқиб турли хил ёндашувлар қабул қилиниши талаб этилади. Электрон ҳукуматни амалга ошириш Юқорида таъкидланганидек, электрон ҳукуматни амалга ошириш давомий жараёндир. Электрон ҳукуматни ривожлантириш босқичма-босқич амалга оширилади. Электрон ҳукумат бир нечта кетма-кет бўлмаган босқичлар тўплами ҳисобланиб, ошиб бораётган имкониятлар даражаси, билимлар ва инфратузилмага асосланган. Оммага маълум моделлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жахон Банки томонидан ишлаб чиқилган. Улар электрон ҳукуматни тадрижий жараён сифатида кўришади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тадқиқотига кўра электрон ҳукумат ўсишини аниқлашда бешта босқич мавжуд. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, электрон ҳукуматни амалга ошириш босқичлари ҳукуматнинг тайёргарлик даражаси бўлиб, асосан аниқ мақсад ва расмий веб-сайтлар орқали таъминланадиган онлайн хизматларга асосланади[7]. 1. Пайдо бўлиш: Интернетда бир нечта мустақил бўлган расмий веб-сайтлар ташкил этилади. Ахборотларнинг чекланганлиги ва асосан статик сайтлардир. 2. Кенгайтирилган: Давлат органлари веб-сайтларида маълумотлар хажмининг ошиши, ахборотлар кўпроқ динамик ҳолатда ўзгаради. 3. Интерактив: Фойдаланувчилар шаклларни юклаб олиши, интерактив хизматлардан фойдаланиши мумкин. 4. Транзакциялашган: Фойдаланувчилар хизматлар учун онлайн тарзда тўлов ва молиявий транзакцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади. 5. Ягона: Давлат органлари ахборот тизимларининг тўлиқ интеграцияси. Жахон Банки электрон ҳукуматни амалга ошириш жараёнини учта босқичга бўлади. Бу босқичлар бир-бирига мутлақо боғлиқ эмас, яъни, бир босқич тугалланмасдан иккинчи босқични бошлаш мумкин. 1. Нашр этиш: Иложи борича кўпроқ оммага ҳукумат ҳақида ахборотни ва тарқатиш. Давлат порталлари электрон ҳукуматнинг асосий хизматчиси вазифасини ўтайди. 2. Интерактив: Интерактив электрон ҳукумат икки томонлама алоқани ўз ичига олади, мисол қилиб ҳукумат ишчилари учун e-mail контакт каби бошланғич функцияларни ёки сиёсий ва қонуний таклифларга доир фойдаланувчиларнинг фикр билдириши учун шароит яратиб бериш ҳисобланади. 3. Транзакция: фуқаролар ҳукумат интеракив хизматларидан фойдаланиши ҳамда oнлайн тўловлар ва электрон ҳисоботларни жўнатиши мумкин[8]. Электрон ҳукумат тизимини жорий этиш: тарихи, босқичлари ва тажрибаси Режа: 1.Электрон ҳукумат тарихидан. 2.Электрон хуқуматни жорий этиш босқичлари. 3.Электрон ҳукумат жорий этишнинг Жанубий Корея тажрибаси. Таянч иборалар: Электрон ҳукумат, E-Government, Электрон хуқуматни жорий этишнинг босқичлари. 1.Электрон ҳукумат тарихидан. Ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш учун янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ғояси янги давлат менежменти ғояси асосида олиб борилаётган маъмурий фаолиятда реформа ўтказиш жараёнида 1990 йилларда юзага келди. Лекин “электрон ҳукумат” ибораси кейинроқ (e-government), 1997 йили АҚШ миллий илмий фонди ташаббуси билан юзага келди. Бу ерда асосий урғу давлатнинг оммавий бошқарув органи тизимига берилган. Янги давлат менежменти асосида электрон ҳукумат дастурини амалга ошириш жараёнида маъмурий ўзгаришлар ғояси тор маънода бўлиб қолди, оммавий бошқарувнинг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ ўз ичига олмади. Шунингдек, жамият тараққиётида янги тенденциялар глобаллашув, тармоқ тузилиши, коммуникация инқилоби, билимлар жамияти юзага келди. Янги техник воситаларни бошқарув жараёнларига тадбиқ этиш 1940 йилларнинг охири ва 1950 йиллар бошларига тўғри келди. 1951 йили тижоратда фойдаланиш учун биринчи компьютер яратилган. Маълумотларга кўра, бу “First Ferranti MARKI” ва UNIVACI ҳисобланади. Бундай компьютерлар аҳолини рўйхатга олишда ишлатилган. 1950 йилларнинг биринчи ярмидан компьютерлардан илмий ва техник соҳада, қисман тижорат ва оммавий бошқарувда фойдаланилган. 1965 йилларга келиб Конгресс сиёсати ва Президент маъмуриятида маълумотларни қайта ишлашда компьютерлардан фойдалана бошланди. Асосий эътибор электрон компьютер имкониятларидан фойдаланиб, менежмент фаолияти сарф-харажатларини камайтириш ва самарадорликни оширишга қаратилган. 1966 йилги статистик маълумотларга кўра, ўша йиллари АҚШда 2600 компьютер мавжуд бўлиб, уларда 71 минг мутахассис фаолият юритган. Компьютернинг яратилиши бошқа технологиялар имкониятларига нисбатан кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Компьютернинг асосий имкониятлари жумласига: инсон ва сунъий йўлдошларнинг коинотга учиши, тиббиёт олами тадқиқотларидаги ютуқлар, солиқ тизимини бошқариш орқали давлат жамғармаларини ошириш, ижтимоий хавфсизликни бошқариш, мудофаа соҳасида логистик тизимни бошқариш, суғурта тўловларини тезлаштириш, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш, кам харажатли йўлларни лойиҳалаш ва инфраструктурани яратиш киради. Қонунчиликка асосан компьютерлардан давлат фаолиятида фойдаланиш уч ташкилот томонидан амалга оширила бошланди: Бош маъмурий хизмат, савдо вазирлиги ва Бюджет бюроси. 1970-80 йилларга келиб маълумотларни узатиш ва қайта ишлаш технологияси асосида коммуникацион тармоқлар юзага кела бошлади. Шахсий компьютерларнинг ва уларга мос равишда дастурий воситаларнинг яратилиши бутунжаҳон ахборот тармоғи ва Интернет юзага келишига сабаб бўлди. Икки йўналиш – АКТнинг ривожланиши ва оммавий бошқарув модели 1990 йилларда маъмурий ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этди. Натижада АҚШда «ҳукуматни янгилаш» (Reinventing government) дастури ишлаб чиқилди. Буюк Британияда 1994-96 йилларда электрон ҳукуматни жорий этиш стратегияси ишлаб чиқилди. 1997 йилга келиб, Британияда консерватив ҳукумат томонидан электрон ҳукумат хизматларини жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ҳукуматнинг 1999 йилга келиб лейбористлар қўлига ўтиши билан ҳукуматни модернизациялаш дастурига бир қатор янги ғоялар киритилиб, 2000 йил уни жорий этиш дастури - «Электрон ҳукумат»: ахборот асосида оммавий хизмат учун стратегик асос қабул қилинди. 1990 йилларга келиб, бошқа давлатлар ҳам ҳукуматни электронлаштириш дастурини қабул қила бошлади. 1999 йил Европа комиссияси «Электрон Европа яратиш инициативаси (ташаббуси)» дастурини ишлаб чиқди. “Электрон ҳукумат” қуйидаги йўналишларда ишларни амалга оширишни кўзда тутади: - давлат бошқарувида АКТдан фойдаланиш соҳасида стандартлар ва таклифларни шакллантириш: - ҳукумат ахборот тизими интеграцияси ва АКТ асосида ташкилотлараро ахборот алмашинуви самарадорлигини таъминлаш; - АКТ ёрдамида аҳоли ва давлат бошқарув органлари орасидаги ўзаро боғланиш самарадорлигини таъминлаш; - давлат бошқарув органлари фаолиятида ахборот бошқарув тизимини жорий этиш; - давлат бошқарув органлари фаолиятини таъминлаш учун намунавий дастурий-техник ечимларни топиш; - чора-тадбирлар дастурларини амалга ошириш жараёнларини бошқариш. Шундай қилиб, янги асрда “электрон ҳукумат” тизимининг яратилиши муҳим воқеа бўлиб, барча давлатларни қамраб олган. Электрон ҳукуматнинг назарий жиҳатлари унинг амалий тадбиқи билан бирга, ҳар бир мамлакатнинг миллий ва ўзига хос ҳусусиятларини инобатга олган ҳолда ривожланиб боришида намоён бўлмоқда. Ахборот, дастурий ва электрон техник воситаларнинг ривожланиши давлат бошқарув жараёнлари ҳамда тузилмасига сезиларли таъсир кўрсатди. Аввалига бу қарорлар қабул қилиш жараёнида маълумотлардан фойдаланиш, йиғиш ва қайта ишлаш самарадорлигини оширишда, кейинчалик барча давлат бошқарув тизимларини ташкил этиш усуллари ва институтлари трансформациясида намоён бўлмоқда. Умуман олганда, электрон ҳукумат ривожланиши электрон бизнес ва электрон тижоратнинг ривожланиши билан характерланади. Давлат электрон воситаларига асосланиб, аҳоли ва тижорат ташкилотларига хизмат кўрсатиб келади, ҳукумат тузилмалари орасидаги ўзаро боғланишни такомиллаштиради. Бунда давлат фаолиятида умумий мақсадга эришилади: - давлат ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик шакллари кенгаяди ҳамда мустаҳкамланади; - ташкилот ва фуқароларнинг ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланишига эришилади; - фаолиятнинг шароитлари ўзгаришларига тез ва самарали мослашади; - аҳоли ва тижорат тузилмаларига хизмат кўрсатиш такомиллашади, хизмат кўрсатиш турлари ошиб, нархи пасаяди; - давлат бошқарувида ташкилотлараро муносабатларда самарадорлик ошади; - давлат бошқарувида кадрлар самарадорлиги ошади; - давлат бошқарувида шаффофлик даражаси ва давлат хизматчилари масъулияти ошади, хизматчилар ташаббуслари рағбатлантирилади. 2.Электрон хуқуматни жорий этиш босқичлари. АКТни давлат бошқарувида жорий этиш бир неча босқичдан иборат. Биринчи босқич – веб порталларнинг яратилиши ҳукуматни электрон тармоқ тузилмасига чиқиши билан характерланади. Бу босқичда ҳукумат бир ёки бир неча сайтга эга бўлиб, ахборот билан таъминлаш вазифасини бажаради. Сайт орқали аҳолига ҳукумат таркиби, унинг вазирлари, агентликлари ва бошқалар ҳақида маълумот беради. Шунингдек, телефонлар, манзиллар, қабул вақтлари ва бошқалар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади. Сайтда фуқаролар ва ташкилотлар томонидан бериб бориладиган саволларга жавоблар ҳам мунтазам равишда жойлаштириб борилиши мумкин. Иккинчи босқич –веб портал иштирокида ҳукумат сайтлари орқали фойдаланувчиларга махсус ва янги маълумотларни кўплаб тақдим этиш мумкин. Бу маълумотлар ҳукумат нашрлари, ҳуқуқий ҳужжатлар, янги ахборотлардан иборат бўлиши мумкин. Тармоқда ҳукумат агентликлари сони ошиб боради ва ҳар бири билан боғланиш мумкин бўлади. Электрон манзил, қидирув тизими, бирон бир изоҳ ёки таклиф юбориш имконияти юзага келади. Учинчи босқич – интерактив веб порталлар аҳолига хизмат кўрсатиш билан бирга, давлат тузилмалари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг изчиллигини ҳам оширади. Миллий ҳукумат веб-сайтлари фойдаланувчини веб портал кўринишида тўғридан-тўғри вазирликлар, департамент ва агентликлар билан боғлайди. Фуқаролар ва провайдерлар хизматлари ўртасидаги ўзаро боғланиш тармоқ фойдаланувчиларига ўзларини қизиқтирган маълумотлар билан танишиш имконини беради. Фойдаланувчи махсус маълумотларни олиши, турли шакл ва бланкаларни тармоқ орқали тўлдириши, раҳбарлар билан битимга келишиши, электрон мажлисларда қатнашишлари мумкин. Бу ерда фойдаланувчи учун сайт хавфсизлиги ва пароли юзага келади. Тўртинчи босқич –фойдаланувчи учун ахборот оқими веб портали тармоқ орқали ҳужжатларни олиш ва келишувларга эришишни таъминлайди. Фуқаролар визалар, паспорт, туғилганлик ёки ўлганлик ҳақида гувоҳнома, лицензия, рухсатнома ва бошқа ахборот хизматларидан фойдаланади. Ҳукумат веб-сайти портал ҳисобланади, фуқароларга ҳукумат тузилмалари ва хизматига тўғридан-тўғри мурожаат этишни таъминлайди. Бундай порталлар ҳукумат тузилмаси ва вазифасидан кўра, асосан, аҳолининг талаб ва эътирозларини инобатга олишга қаратилган. Фуқаролар, шунингдек, солиқ ва коммунал тўловларини тармоқ орқали амалга оширишлари мумкин. Бу босқичда электрон рақамли имзодан фойдаланиш мумкин. Бешинчи босқич – тўлиқ интеграллашган веб портал ҳукумат портали тармоғи орқали хизмат кўрсатиш ва боғланишни таъминлайди, тармоқ фойдаланувчисига ихтиёрий хизматни ўз вақтида олишини таъминлайди. Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимини яратиш борасида ишлар жадал олиб борилмоқда, унинг амалий тадбиқи ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий ривожланишни таъминлашга хизмат қилади, аҳолининг турмуш тарзи ўсади, халқнинг давлат бошқарувидаги иштироки изчиллиги ошади, давлат бошқарув органлари хизматчиларининг раҳбарлик фаолиятидаги масъулияти ошиб, мукаммал қарорлар қабул қилинишига эришилади. “Электрон ҳукумат” шаклланган давлат хизматлари турлари ҳақидаги маълумот ва хизматларни аҳолига, тижорат ва давлат органлари шахобчаларига, ташкилот раҳбарларига етказади, ахборот технологияларидан юқори даражада фойдаланиб, буюртмачи ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар масофасини мумкин қадар қисқартиради. “Электрон ҳукумат” давлат бошқарувида электрон ҳужжат айланиши тизими ҳисобланиб, мамлакат миқёсида барча бошқарув жараёнларини автоматлаштиришга асосланган ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир жамият аъзоси учун ижтимоий коммуникация кечикишларини қисқартиришга қаратилган. Электрон ҳукуматнинг яратилиши жамият бошқарувининг умумдавлат тармоқланган ҳужжатларни бошқариш ва қайта ишлаш жараёнларига боғлиқ бир қатор масалаларни ечишга қаратилган тизимни шакллантиришни тақозо этади. Электрон ҳукумат амалдаги ҳукуматга қўшимча бўлмай, балки ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида давлат хизматлари самарадорлигини оширишдан иборат. Хозирги кунда “электрон ҳукумат” “ягона ойна” сифатида бугунги кунга нисбатан янада долзарб бўлиши муқаррар. Бу жараён ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланиши билан бевосита боғлиқ. Бундай технологиялар ижтимоий-сиёсий коммуникация имкониятлари даражасини янада ошириб, ҳукумат, тижорат ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро интеграциянинг янги шакллари яратилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда “электрон ҳукумат”нинг ягона концепцияси яратилган, фақат ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусият ва шароитидан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат фуқаролар ва тижорат соҳаси хизматчиларининг керакли маълумотларни олиб ишлатишига бўлган талаблари мажмуаси яратилган. Турли даража ва тоифадаги фойдаланувчиларни ягона мақсад бирлаштиради, уларнинг қисқа вақтда, кам сарф-харажатда, энг яқин йўл орқали маълумот олиш учун самарали воситага эга бўлишлари, давлат органлари билан ўзаро муносабатларининг содда, тезкор ва қулай кечишини таъминлайди. Шундай қилиб, “электрон ҳукумат” яратишдан кўзланган мақсад: - аҳоли ва тижоратга ҳукумат томонидан кўрсатилаётган хизматларни оптималлаштириш; - барча сайловчиларнинг давлатни бошқариш ва раҳбарлик жараёнларидаги иштироки даражасини ошириш; - фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатишлари имкониятлари даражасини ошириш ва қувватлаш; - фуқароларнинг савияси ва технологик таъминланганлик даражасини ошириш; - ўзароахборот алмашинув жараёнларида географик жиҳатдан жойлашиш факторларига боғлиқ таъсирлар даражасини камайтириш; - давлат бошқарувида сарф-харажатларни камайтириш, самарадорликни ошириш, рақобатбардошликни таъминлаш ва ҳ.з. "Электрон ҳукумат” маъмурият бошқаруви самарадорлиги ва унга боғлиқ сарф-харажатларни камайтирибгина қолмай, балки жамият ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатларни тубдан ўзгартиради. Бу ўз навбатида демократик жамиятнинг такомиллашуви ва давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини янада оширади. “Электрон ҳукумат”нинг жорий этилиши давлат ва аҳоли муносабатларини мувофиқлаштиради, ҳукуматга бўлган халқ норозилигини камайтиради, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро электрон мулоқот ва келишувлар туфайли сиёсий қарама-қаршиликлар барҳам топади. Натижада, янгича барча жамият институтлари ва тузилмаларини: давлат хизматчилари, тижоратни, ташаббускор фуқароларни, таълим тизими ва тадқиқотчилик институтлари, жамоа гуруҳлари ва фуқаролик жамиятини боғловчи Интернетга асосланган давлат бошқаруви тузилмаси шаклланади. Одатда, “электрон ҳукумат”ни жорий этиш жараёни уч босқични ўз ичига олади: Биринчи босқичда АКТ воситаси давлат органлари ахборотларига ташкилот, корхона ва фуқароларнинг мурожаатини тезлаштиради, аниқ манзилини белгилайди. Бу босқични амалга ошириш учун давлат органлари ўзларининг веб-сайтларини яратадилар, уларга қонунчилик ва бошқа меёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг керакли шакллари, статистик ва иқтисодий маълумотлар киритилади. Бу босқичнинг асосий элементи - маълумотларнинг тез янгиланиши, барча давлат ахборот ресурсларини жамловчи ва “ягона ойна орқали” мурожаатни таъминловчи давлат веб-порталининг мавжудлиги. Иккинчи босқичда давлат хизматлари (кўчмас мулк ва ер майдонларини рўйхатга олиш, солиқ деклорацияларини тўлдириш, рухсатнома олиш учун аризалар бериш) online режимида тақдим этилади. Бу босқичга ўтиш бюрократик тўсиқларга барҳам беради, мураккаб жараёнлар камаяди, бевосита ташкилот раҳбарлари билан мулоқот кескин камаяди. Бу босқичнинг амалда жорий этилиши ҳукумат органларига электрон шаклда (e-servises) “ягона ойна” орқали ҳафтанинг 7 куни ва куннинг 24 соати мобайнида хизмат кўрсатади. Учинчи босқичда давлат бошқарувининг барча босқичларида ҳукумат сиёсати ишлаб чиқишнинг жараёнларида фуқаролар ва фирмаларнинг сиёсатчилар ва раҳбарлар билан интерактив муносабатлари орқали иштироки таъминланади. Бу ишлар асосан веб-форумлар орқали амалга оширилиб, қонунчилик далолатномалари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, таклиф ва тавсиялар жамланаиб, муҳокама этилади. Янги технологияларнинг жорий этилиши ҳукуматдан вақт категорияларига нисбатан жуда эътиборли бўлишни тақозо этади. Маъмурий органлар томонидан келажакни ўйлаб қабул қилинган қарорлар технологиянинг ривожланиши билан тезда ўзгармоқда. “Электрон ҳукумат”ни жорий этишда йўл қўйилган хатолар молиявий жиҳатдан қимматга тушади, айниқса, фуқаролар ва тижорат соҳаси ходимларининг ишончини йўқотишдан эҳтиёткор бўлишни талаб этади. Мамлакатнинг электрон ҳукуматга ўтиши ҳукуматнинг янги шароитга мослашиш қобилияти қай даражада шаклланганлигини намойиш этиш имконини беради. Рақобатли, жаҳонда юз бераётган изчил ўзгаришлар даврида электрон ҳукуматни жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлардаги кечикиш мамлакат иқтисодий ривожланишида қимматга тушади. Электрон хизматнинг кенг жорий этилиши учун уни қоғоздаги жараёнлар каби тан олиниши ва қувватланиши лозим. Шунингдек, online режимида хизмат кўрсатишни муваффақиятли ривожланиши ахборотларнинг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашга бевосита боғлиқ. Электрон технологиянинг шаклланиши ҳукумат фаолиятида бошқарув характери ўзгаришини тақозо этади. Ахборот жамиятида амалдагидан фарқли ўлароқ ҳукумат бошқарув органлари ваколатларидан келиб чиққан ҳолда янги тузилма ва бошқарув тамойилларига ўтилади. Одатдаги ҳукумат билан янги электрон ҳукумат бошқарув мезонлари орасидаги фарқни келтириб ўтамиз. Амалдаги қарор қабул қилиш жараёнлари назоратда ва буйруқни бажаришга асосланган бўлса, янги усулда асосий параметр сифатида розилик ва келишув ишлатилади. Амалдаги бошқарувда асосий эътибор ҳуқуқ ва вақтга қаратилган бўлса, замонавийда мажбурланмаган меёрларга, жамоанинг таклиф ва тавсияларига, келишувларга асосланган. Амалдаги давлат ҳукумат ва парламент, тармоқли жамиятда янги бошқарув оммавий давлат шаклини: комиссия, форум, демократик ташкилий гуруҳларни ўз ичига олади. Аввал ахборот бошқарув учун марказлашган ва махфий бўлса, энди ахборот тарқалган, очиқ тармоқли бўлиб, тармоқли форум, таълим ва бошқаларни ўз ичига олади, ахборот жараёнлари эса интерфейс ва протоколлар билан боғланган. Одатда “электрон ҳукумат”нинг учта асосий элементи ажратилади: 1. Электрон воситалар ёрдамида омманинг фикрини (фуқаролар тармоғи, овоз бериш ва бошқалар) шакллантириш ва қарорлар қабул қилишга асосланган электрон демократия ҳамда иштирок (e-democracy and participation); 2. Электрон воситалар ёрдамида ўзаро оммавий, хусусий ва оммавий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик шакли электрон фойдаланиш тармоғи (electronic production network) ҳисобланади; 3. Фойдаланувчиларга, хусусий шахс ёки жамоага маҳаллий, ҳудудий ёки миллий портал орқали хизматни тақдим этишга асосланган оммавий электрон хизмат (electronic public services). Ушбу элементлар у ёки бу маънода сиёсий тизимга алоқаси бор. Шунинг учун ҳам “электрон ҳукумат” сиёсий маъмурий тизимда амалга оширилаётган ўзгаришларни ўрганиш имкониятини беради. “Электрон ҳукумат”ни икки маънода талқин қилиш мумкин: Биринчиси – янги ахборот технологиялари асосида давлат бошқарув фаолиятини такомиллаштириш маъносини англатиб, охир-оқибатда аҳолига самарали хизмат кўрсатишни таъминлайди. Иккинчиси – фақат ташкилотлараро муносабатлар характерини янгилабгина қолмай, балки, давлат бошқарувининг жамият билан ўзаро муносабатларини тўлиқ йўлга қўяди. Шундай қилиб, “ҳукумат электрон” воситалар ёрдамида аҳолига, бизнес-ташкилотларга самарали хизмат кўрсатади, ҳукумат тузилмалари ўртасидаги муносабатларни ҳам такомиллаштиради. Бунда қуйидаги натижаларга эришиш мумкин: - ҳукумат ва жамият ўртасидаги ҳамкорлик шаклларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш; - фуқаролар ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига эришиш; - иш ва бошқарув фаолияти шароитининг ўзгаришига мувофиқ равишда тез ва самарали мослашиш; - аҳоли ва бизнес-тузилмаларга интерактив хизмат турларини кенгайтириш ва оптималлаштириш, хизмат тўловлари миқдорини мунтазам камайтириб бориш; - давлат бошқарувида ташкилотлараро ўзаро муносабатлар самарадорлигини ошириш; - давлат бошқарув тизимида етук мутахассислар салоҳияти ва савиясини ошириш; - аҳолига ва бизнес-тузилмаларга хизмат кўрсатишда давлат хизматчилари масъулиятини ошириш, давлат бошқаруви фаолияти шаффофлиги даражасини ошириш. Иқтисодий бошқариш субъекти сифатида “электрон ҳукумат”нинг вазифалари: 1. Мақсадли – асосий миллий иқтисодий ривожланиш йўналишлари ва приоритетларини, мақсадини аниқлаш. 2. Меъёрийлаштирувчи – ҳукумат қонунчилик, меъёрий - ҳуқуқий базаларига асосланиб, иқтисодиёт субъектлари учун фаолият қоидаларини белгилайди, фаолият доираси ҳуқуқларини аниқлайди. 3. Мувофиқлаштирувчи – жамиятнинг яшаш шароитини ижтимоий - иқтисодий жиҳатдан мўътадиллигини таъминлаш ва салбий оқибатларга олиб келишини бартараф этиш, такомиллашув жараёнларини ривожлантириш мақсадида иқтисодда ресурсларни тақсимлаш. 4. Ижтимоий – ҳукумат томонидан ижтимоий - иқтисодий муносабатларни мувофиқлаштириш, фойдани тақсимлаш, ижтимоий ҳимояни, ижтимоий ҳуқуқ ва кафолатни таъминлаш. - Электрон хуқумат структураси. 5. Бозор сектори бўлмаган иқтисодий бошқариш - иқтисоднинг давлат секторини мувофиқлаштириш, ижтимоий жамият маҳсулотлари ва хизматларини яратиш. 6. Рағбатлантирувчи – фаолият юритувчи хўжалик субъектларига самарали таъсир кўрсатиш ва жамият йўналишлари учун маъқул бўлган иқтисодий жараёнларни рағбатлантириш. 7. Назорат қилувчи – давлат назорати ва қонунлар меъёрий - ҳуқуқий ҳужжатлар, белгиланган иқтисодий, экологик ва ижтимоий стандартлар ижросини назорат қилиш. “Электрон ҳукумат”да иқтисодий вазифаларнинг бажарилиши бюджет, молиявий-кредит, тузулмавий, инвестицион, баҳолаш, ижтимоий, ташқи иқтисодий ва бошқа ижтимоий-иқтисодий сиёсат йўналишлари механизмларини яратиш орқали амалга оширилади. Давлат бошқарув қарорларининг ижросини таъминлашда салбий таъсир кўрсатувчи омиллар тўрт гуруҳга бўлинади: 1. Ахборотнинг чекланганлиги. 2. Ҳукуматнинг қабул қилган бошқарув қарорларига жамият муносабатини тўлиқ назорат қила олмаслиги. (Жамиятнинг қизиқиш эҳтиёжлари ва имкониятларини инобатга олмаган ҳолда бир томонлама бошқарув қарорлари қабул қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин). 3. Сиёсий жараёнларнинг такомиллашмаганлиги (сайловчилар таъсирида, ижтимоий гуруҳ қизиқиши, айрим давлат органлари томонидан нотўғри сиёсат юритиш ва бошқарувнинг мувофиқ усулларини қўлламаслик ҳолатлари ва ҳоказо. 4. Давлат аппаратини назорат қилишнинг чекланганлиги (бошқарув ходимлари сонини ошириб юбориш, бюджет сарф-харажатининг ошиб кетиши). Иқтисодий қарорлар қабул қилишда бозор ва ҳукумат камчиликларининг таъсири натижасини таққослаган ҳолда давлат бошқарувининг оптимал шакли ва чегараларини аниқлаш мумкин. Одатда, давлат бошқарувининг тўртта модели амалда кенг тадбиқ этилади. 1. Америка модели. Либераллашган миллий иқтисодни бошқариш тизимида иқтисодий жараёнларда бозор муносабатларини мувофиқлаштиришга асосий эътибор қаратилади. Давлат бошқарувида ҳуқуқий базалардан фойдаланиш усулига асосланиб, жамиятнинг ривожланиши учун қулай шароит яратишга қаратилади. Америка моделида жамият ва иқтисодни бошқаришда ҳукуматнинг аралашуви жуда кам. Бу ўз самарасини бермоқда. Олимларнинг таъкидлашларича, демократик давлат бошқаруви жамият ва иқтисодни динамик равишда ривожланишини таъминламоқда. 2. Япон модели. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини иқтисодий ва шаклланмаган давлат бошқарув турли усулларидан фойдаланиб, марказий мувофиқлаштириш. Япония иқтисодиёти ривожланишининг ўзига хос хусусияти бозор муносабатларини шакллантириш механизми асосида давлат корпоратив тузилмаси ётади. Бунда жамоанинг дунёқараши, ҳамжиҳатлилиги, шахснинг қизиқиши, жамоа ва давлат сиёсатига тобелиги асосий мезон ҳисобланади. 3. Немис модели. Миллий иқтисодий-ижтимоий бошқарув тизими асосида бозор муносабатлари (асосан рақобат) ва давлат даражасида фуқароларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини яратиш ётади. 4. Швед модели. Давлат ижтимоий-иқтисодий бошқарувида ҳукуматнинг бевосита иштирок этиши асосий ҳолат ҳисобланади. Бунда асосий фактор тенглик ва ҳамжиҳатлилик ҳисобланади, халқни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини яратиш, миллий даромадни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш жараёнида ҳукуматнинг бевосита иштирок этиши кўзда тутилади. |