ПФ-4947 07.02.2017. 1. Давлат ва жамият урилиши Давлат дастурлари, концепциялари ва бошалар
Скачать 1.49 Mb.
|
[ОКОЗ: 1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.01.00 Давлат дастурлари, концепциялар ва бошқалар; 2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.10.00 Иқтисодий ислоҳотлар соҳасида давлат бошқаруви; 3.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.11.00 Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари. Моддий баланслар] [ТСЗ: 1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат дастурлари, концепциялари ва бошқалар; 3.Иқтисодиёт / Умумий масалалар] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолишни таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди. Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида: 1. Аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда — Ҳаракатлар стратегияси) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин: давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш; қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш; иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш; ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш; хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш. 2. Қуйидагилар: 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия 2-иловага мувофиқ; Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар 3 — 7-иловаларга мувофиқ тузилсин. 3. Белгилаб қўйилсинки: Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва бош устувор йўналиши ҳисобланади; Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади. 4. 2017 йил Ўзбекистон Республикасида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани маълумот учун қабул қилинсин. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 5. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар зиммасига Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек Ҳаракатлар стратегиясини 2018 — 2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклансин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолияти мувофиқлаштириб борилишини, шунингдек унинг жойларда ижро этилиши устидан тизимли назоратни таъминласин. Белгилаб қўйилсинки, Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар томонидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига тақдим этиб борилади. 6. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлар қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин: жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга; жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқ ва ғовлар яратилишига, аҳоли билан мулоқот жараёнини кампаниябозликка айланишига йўл қўймасликка; Давлат дастури доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг очиқлиги, уларда фуқаролар, барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, ижодий ва илмий муассасалар вакилларининг кенг иштирок этишига. 7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг қилиш ҳамда унинг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот бериб боришни таъминласин. Олдинги таҳрирга қаранг. 8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда: (8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 декабрдаги ПФ-5892-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон) мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет тармоғида кенг шарҳлаб борилишини, унинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни қарор топтириш мақсадида давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтиришга йўналтирилганини жамоатчиликка тушунтирилишини; Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис, тўлиқ маълумот аҳолига тезлик билан етказилишини таъминласин. 9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссияларга ривожланган хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёт тажрибасини, зарур бўлганда, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда, ўрганишда кўмаклашсин. 10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ Тошкент ш., 2017 йил 7 февраль, ПФ-4947-сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармонига 1-ИЛОВА 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ I. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари 1.1. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш: давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш; қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш; сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш. 1.2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш: давлат бошқарувини марказлаштиришдан чиқариш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш ҳамда иқтисодиётни тартибга солишда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш; мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарасини оширишга қаратилган давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш; «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси, сифатини юксалтириш ва бу хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини ошириш. 1.3. Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш: халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий этиш; жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш; фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш; маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш; оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш. II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари 2.1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш: судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш; судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш; суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш; «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш; судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш; судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш. 2.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш: фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш; суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш; фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш; фуқароларнинг одил судловга тўсқинликсиз эришишини таъминлаш; суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш. 2.3. Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш: жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш; одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик суд иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш; жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш; электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш. |