Главная страница
Навигация по странице:

  • Ишлаб чиқувчилар рўйхати

  • 1. Итисодиёт Стандартлаштириш. Сертификатлаш


    Скачать 57.58 Kb.
    Название1. Итисодиёт Стандартлаштириш. Сертификатлаш
    Дата02.04.2023
    Размер57.58 Kb.
    Формат файлаdoc
    Имя файла0034-22.doc
    ТипДокументы
    #1032071

    

    [ОКОЗ:

    1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.05.00 Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология. Товарлар маркировкаси. Акцизлар (шунингдек, 09.07.00.00га қаранг);

    2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.07.00.00 Стандартлаштириш. Метрология. Сертификатлаш / 09.07.01.00 Стандартлаштириш / 09.07.01.03 Стандартлар бўйича давлат назорати;

    3.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.01.00.00 Соғлиқни сақлаш / 14.01.08.00 Аҳолининг санитария-эпидемиологик соғломлиги / 14.01.08.02 Санитария ва гигиена меъёрлари ҳамда қоидалари;

    4.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.01.00.00 Соғлиқни сақлаш / 14.01.08.00 Аҳолининг санитария-эпидемиологик соғломлиги / 14.01.08.03 Инфекцион ва оммавий касалликлар профилактикаси]

    [ТСЗ:

    1.Иқтисодиёт / Стандартлаштириш. Сертификатлаш]

    Ўзбекистон Республикаси САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК ВА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ХИЗМАТИНИНГ

    қарори

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0034-22-сон СанҚваН)ни тасдиқлаш тўғрисида

    [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 14 сентябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 109]

    Ўзбекистон Республикаси «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги ПҚ-4790-сон «Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги 912-сон «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қарор қилади:

    1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0034-22-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини одамлар учун хавфли бўлган карантинли ва бошқа юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари (0161-04-сон СанҚваН) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

    3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан келишилган.

    4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

    Бошлиқ Б. ЮСУПАЛИЕВ

    Тошкент ш.,

    2022 йил 8 сентябрь,

    25-сон

    Келишилди:

    Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Бош директори И. ЭРГАШЕВ

    2022 йил 27 август

    Давлат божхона қўмитаси раиси А. МАВЛОНОВ

    2022 йил 29 август

    Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси Б. НОРКОБИЛОВ

    2022 йил 30 август

    Транспорт вазири И. МАХКАМОВ

    2022 йил 27 август

    Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2022 йил 8 сентябрдаги 25-сон қарорига
    ИЛОВА


    Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0034-22-сон СанҚваН)

    Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария-гигиена ва эпидемияга қарши (профилактик) талабларни белгилайди.

    1-боб. Умумий қоидалар

    1. Ушбу санитария қоидаларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

    Давлат чегараси — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат;

    санитария-карантин назорати — ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан Давлат чегараси орқали келган шахслар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар;

    ўтказиш пункти — халқаро алоқалар учун очиқ бўлган чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль йўллари, дарё портлари, аэропортлар (аэродромлар)нинг ҳудуди (ҳудудининг бир қисми), шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материали, ҳайвонот ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларининг чегара, божхона ва назоратнинг бошқа турлари амалга ошириладиган ҳамда ўтказиладиган махсус жиҳозланган жой;

    санитария-карантин пунктлари — Давлат чегараларини қуруқликда (автомобиль ва темир йўллари), ҳаво ва сув йўллари орқали кесиб ўтиш жойларидаги чегара-божхона мажмуаларида ташкил этиладиган ихтисослашган профилактик муассаса.

    2. Мазкур санитария қоидалари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қуйидаги ҳолатларда татбиқ этилади:

    а) қуйида кўрсатилган инсонлар учун карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлар аниқланганда:

    чин чечак (В 03);

    ёввойи турдаги полиовирус келтириб чиқарадиган полиомиелит (А 80.1, А 80.2);

    янги турдаги грипп вируси келтириб чиқарадиган одам гриппи (J 10; J 11);

    оғир ўткир респиратор синдроми (атипик пневмония);

    вабо (А 00: А 00.0, А 00.1, А 00.9);

    ўлат (А 20: А 20.0, А 20.1, А 20.2, А 20.3, А 20.7, А 20.8, А 20.9);

    сариқ иситма (А 95: А 95.0, А 95.1, А 95.9);

    контагиозли вирусли геморрагик иситмалар (ласса (А 96.2), марбург (А 98.3), эбола (А 98.4) вирусли геморрагик иситмалари, ғарбий нил иситмаси (А 92.3), қрим-конго геморрагик иситмаси (А 98.0), денге иситмаси (А 90, А 91), рифт-валли иситмаси (А 92.4);

    безгак (В 50, В 51, В 52, В 53.0).

    б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига инсонлар учун карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлар мавжуд бўлган транспорт воситалари, товарлар ва юкларнинг кириши билан боғлиқ ҳолатларда.

    2-боб. Ўтказиш пунктларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талаблар

    3. Ўтказиш пунктларида санитария талабларига жавоб берадиган ичимлик суви, овқатланиш объектлари ҳамда жамоат ҳожатхоналари бўлиши лозим.

    4. Ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг (бундан буён матнда Санитария-эпидемиология хизмати деб юритилади) туман (шаҳар) бўлимлари ёки унинг таркибидаги санитария-карантин пунктлари (бундан буён матнда санитария-карантин пунктлари деб юритилади) томонидан режали профилактик ёки эпидемик кўрсатмаларга асосланган ҳолда, дезинфекция, дезинсекция ҳамда дератизация тадбирлари ўтказилиши лозим.

    5. Ўтказиш пунктида санитария-карантин пунктлари томонидан аҳоли учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш, шунингдек инсон учун хавф туғдирувчи товарлар, кимёвий, биологик ва радиоактив моддалар ҳамда юклар олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган санитария-карантин назорати ўтказилади.

    6. Санитария-карантин пунктларида навбатчи мутахассис хонаси, изолятор хонаси, маиший хона, дезинфекцияловчи моддалар ва ускуналарни сақлаш хонаси ҳамда санитария тўхташ жойи ёки майдончаси бўлиши лозим.

    7. Санитария-карантин пунктлари ходимлари юқумли касалликка гумон қилинган беморларни текширишда ёки эпидемияга қарши бирламчи чора-тадбирлар ўтказишда комбинизон, резина этик, тиббий қалпоқ (капюшон), тиббий ниқоб, резина қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги кабиларда бўлиши талаб этилади.

    3-боб. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш чора-тадбирлари

    8. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда, транспорт воситалари, товарлар ёки юкларда мазкур санитария қоидаларида кўзда тутилган тегишли касаллик белгиларининг мавжудлиги юқумли касалликка гумон қилиш ва эпидемияга қарши бирламчи чора-тадбирлар ўтказиш учун асос бўлади.

    9. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда тана ҳароратининг кўтарилиши, тошмалар тошиши, қалтираш, бош оғриғи, ҳолсизлик, бел, баъзида қорин соҳасида қаттиқ оғриқ ва қусиш каби касаллик белгиларининг кузатилиши чин чечак касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади. Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача ўн тўрт кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    10. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, бош оғриғи, қусиш, бўйин мускулларининг тиришиши, қўл ва оёқларнинг қуйи қисмларида оғриқ каби касаллик белгиларининг кузатилиши ёввойи турдаги полиовирус келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади. Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача йигирма бир кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    11. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда ҳароратнинг бирдан кўтарилиши, бош ва мушакларнинг оғриши, кучли ҳолсизлик, томоқ оғриғи, ринит аломатлари, қуруқ йўтал, конъюнктива ва шиллиқ қаватларнинг қизариши каби касаллик белгиларининг кузатилиши янги турдаги грипп вируси келтириб чиқарадиган грипп касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади. Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача етти кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    12. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, нафас олишининг қисқа (юзаки) бўлиши ва қийинлашуви каби касаллик белгиларининг кузатилиши оғир ўткир респиратор синдроми касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади. Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача ўн кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    13. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда қуйидаги касаллик белгиларининг кузатилиши ўлат касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади:

    ўткир респиратор синдромлар (касалликнинг йўтал билан ўткир, тўсатдан бошланиши, ўпка етишмовчилиги, тана ҳароратининг кўтарилиши (3800С ва ундан юқори) билан кечадиган иситма);

    лимфаденит синдромлари (регионал лимфа тугунларининг катталашуви (тугунлар кучли оғриқли, қизарган, консистенцияси қаттиқлашган ва ҳаракатсиз).

    Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача олти кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    14. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда ўлат касаллигининг ўпка етишмовчилиги тури аниқланганда, ушбу шахслар ҳамда улар билан мулоқотда бўлганлар ҳақидаги тезкор маълумот тиббий-санитария назоратини ўтказган санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан дарҳол Санитария-эпидемиология хизматининг марказий аппаратига ва ҳудудий бўлинмаларига етказилади.

    15. Ўтказиш пункти орқали олиб ўтилаётган транспорт воситалари қуйидаги ҳолларда ўлат касаллиги билан зарарланмаган деб ҳисобланади:

    транспорт воситалари ўлат касаллиги бўйича нохуш мамлакатлардан келган бўлса-да, улар йўлга чиққан санада, кейинги олти кун давомида ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган вақтида ҳайдовчилар ва йўловчилар орасида ўлат касаллиги аниқланмаган бўлса;

    транспорт воситасида ўлган кемирувчилар ва уларнинг эктопаразитлари аниқланмаса.

    16. Санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан санитария назорати ўтказилаётган вақтда транспорт воситаларида ўлган кемирувчилар аниқланса, улар йиғилиб, махсус контейнерларга жойлаштирилган ҳолда лаборатория таҳлиллари ўтказилиши учун Республика ўлат профилактика марказига, унинг филиалларига ёки филиаллар бўлинмаларига юборилади.

    17. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда ўткир диарея синдромлари, ўткир диарея белгиларининг (қусиш, ич кетиш) кучли намоён бўлиши, организмнинг сувсизланиши каби белгиларнинг кузатилиши вабо касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади. Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача беш кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    18. Ўтказиш пунктидан ўтаётган транспорт воситасида вабо касаллиги белгилари аниқланса, ундаги сув, озиқ-овқат маҳсулотлари (юклардан ташқари), нажас, оқава сувлар каби зарарланган деб ҳисобланган барча ташқи муҳит объектлари ва маиший чиқиндилар зарарсизлантирилиши ва утилизация қилиниши лозим.

    Шунингдек, вабо касаллиги белгилари аниқланган дарё кемасидаги сув ҳамда балиқ маҳсулотлари сақланадиган идишлар, озиқ-овқатларни сақлаш ва қайта ишлашда фойдаланиладиган жиҳозлар дезинфекция қилиниши лозим.

    19. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда қуйидаги касаллик белгиларининг кузатилиши сариқ иситма касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади:

    бош оғриғи, энса соҳасида ва орқа мушаклардаги оғриқ;

    кўнгил айниши ва аксарият ҳолларда қон аралаш қусиш;

    юз, бўйин, кўкракнинг юқори қисмлари терисининг қизариши;

    конъюнктива ва шиллиқ қаватларнинг қизариши;

    касалликнинг 3 ва 4 куни тана ҳароратининг бирданига кўтарилиши (39 °С гача ва ундан юқори);

    кўз шох пардасининг сарғайиши;

    милк ва бурунлардан қон кетиши.

    20. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда қуйидаги касаллик белгиларининг кузатилиши контагиозли вирусли геморрагик иситмалар касаллигига гумон қилиш учун асос бўлади:

    ўткир иситма билан бошланиб, уч ҳафтадан кам давом этади;

    геморрагик тошма ёки геморрагик пурпура;

    умумий интоксикация;

    балғам ва нажасда қон бўлиши;

    бошқа геморрагик симптомлар.

    Бунда, санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан ушбу касалликнинг яширин даври ўртача олти кунни ташкил этиши инобатга олиниши лозим.

    21. Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларда қуйидаги касаллик белгиларининг кузатилиши чивинлар орқали юқадиган безгак ва бошқа юқумли касалликларга гумон қилиш учун асос бўлади:

    безгак касаллигига гумон қилинишига асос бўладиган иситмали синдромлар:

    тез кўтариладиган иситма хуружи, қалтираш, бош оғриғи, мушакларда оғриқ, уларнинг 5 — 7 соат давом этиши ва ҳар куни ёки кунора (уч кунлик безгак) ёки ҳар икки кундан кейин (тўрт кунлик безгак) қайталаниб туриши;

    тўсатдан иситмалаш, оғир интоксикация, бош оғриғи, алаҳсираш, қалтираш, коллапс ёки тери ости геморрагияси, ўпка, ошқозон-ичакдан қон кетиши билан кечиши (тропик безгак);

    беморни безгак касаллиги тарқалган ҳудуддан келганлиги.

    Санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан Давлат чегарасидан ўтаётган шахслар безгак ва бошқа юқумли касалликларга чалинган деб гумон қилинган ҳолларда мазкур санитария қоидаларининг 25-бандида қайд этилган чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим.

    22. Зарарланган ҳудудлардан келган барча транспорт воситаларида чивиннинг (Aedes aegypti, Aedes-A.Leucocelaceus, Aedes-A.аffricanus, Aedes-A.Simpsoni ва бошқа турлари) борлиги тўғрисида маълумот бўлса, ушбу транспорт воситаларида дезинсекция тадбирлари ўтказилиши лозим.

    23. Санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан безгак касаллиги тарқалган ҳудудларда бўлган ва Ўзбекистон Республикасига келган ёки ўша ҳудудлардан қайтган транспорт воситалари безгак касаллиги қўзғатувчисини ташувчи чивинлар (анофелес) мавжудлигига текширилиши, агарда чивинлар аниқланса, уларнинг сонидан ва туридан қатъи назар дезинсекция ўтказилиши лозим.

    24. Ўтказиш пунктидан ўтаётган йўловчилар оқимида мазкур санитария қоидаларининг 2-бандида назарда тутилган касалликлар белгилари аниқланганда қуйидаги чора-тадбирлар қўлланилади:

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги 912-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда назарда тутилган чоралар кўрилади;

    санитария-карантин пункти ходимлари касалликка гумон қилинган шахслар билан мулоқотда бўлган, зарарланиш хавфи кам деб ҳисобланган қолган барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳақида Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмаларига, ҳудудий бўлинмалар эса ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларига хабар беради;

    Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ҳудудий даволаш-профилактика муассасалари томонидан зарарланиш хавфи кам деб ҳисобланган қолган барча йўловчилар ва экипаж аъзолари касалликларнинг яширин даври муддатларини инобатга олган ҳолда (касаллик аниқланган кундан бошлаб) тиббий кузатувга олинади.

    25. Чегара-божхона пунктидан (пости) ўтаётган транспорт воситалари ва йўловчилар оқимида ушбу санитария қоидаларида кўрсатилмаган бошқа касаллик белгилари бўлган шахслар аниқланса, ушбу касаллик шахсларнинг ҳаётига хавф туғдириш хусусиятига эга, транспорт воситасида бирга келган йўловчиларга ва бошқа шахсларга юқиши мумкин ёки халқаро аҳамиятга эга касаллик бўлса, бу ҳақда санитария-карантин пунктлари ходимлари томонидан Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмаларига хабар берилади.

    Санитария-эпидемиология хизмати томонидан дарҳол касаллик ўчоғини бартараф этиш бўйича эпидемияга қарши ва профилактик тадбирлар амалга оширилиши лозим.

    26. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати иловада келтирилган.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантинли, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари ва нормаларига
    ИЛОВА


    Ишлаб чиқувчилар рўйхати:

    Саидалиев С.С.



    Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Республика ўлат профилактика маркази директори, т.ф.н.;

    Мирзабаев Д.С.



    Республика ўлат профилактика маркази директорининг эпидемиология масалалари бўйича ўринбосари, т.ф.н.;

    Қурбонбеков Ф.Б.



    Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи, олий тоифали эпидемиолог;

    Турдиева Л.Р.



    Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Стандартлаш ва метрология бўлими бошлиғи;

    Тақризчилар:

    Атабеков Н.С.



    Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари, т.ф.д.;

    Искандарова Г.Т.



    Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг «Эпидемиология» кафедраси мудири, т.ф.д., профессор.


    написать администратору сайта