Главная страница

Қиёмат ва охират. Бисмиллаир Романир Роийм. Алло таолога битмастуганмас амду санолар блсин


Скачать 64.34 Kb.
НазваниеБисмиллаир Романир Роийм. Алло таолога битмастуганмас амду санолар блсин
Дата05.03.2022
Размер64.34 Kb.
Формат файлаdocx
Имя файлаҚиёмат ва охират.docx
ТипДокументы
#383668
страница6 из 10
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10

Қиёмат қоим бўлишига далиллар


Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб ибора ва жумлаларни ишга солган. Уларда ўша кундан огоҳлантириш ҳам, унга ишора қилиш ҳам, ундан қўрқитиш ҳам, унинг улкан даҳшатлари васфи ҳам ва бошқа ҳолатлар ҳам бор. Келинг, ўша ояти карималардан баъзилари билан танишайлик. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!» (87 - оят) Яъни, ягона Аллоҳнинг Ўзигина бандаларининг ибодатига лойиқ зотдир. Ким Аллоҳни ибодатга сазовор ягона зот, деб эътиқод қилса ва ҳаёти давомида фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшаса, унинг кўрсатмасидан чиқмаса, тавҳидга амал қилган бўлади. Ҳамда қиёмат куни мукофотини олади. Ким бунга амал қилмаса, жазосини олади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки «У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир». Бу гап чин ҳақиқат. Чунки бу гап Аллоҳдан келмоқда. «Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!» Ҳеч ким! Аллоҳ таоло «Назиат» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир. У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббинггагина хос. Албатта сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос. У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар», (42- 46 - оятлар). Яъни, Эй, Пайғамбарим, одамлар сендан қиёмат қачон бўлади? деб сўрарлар. Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, сен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими? қабилида савол бермоқдалар. «У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг». Яъни, қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ҳам билар эдинг. «Унинг интиҳоси Роббинггагина хос». Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. «Албатта, сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос».

Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга тайёрланишга ундаш, холос.

«У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар».

Яъни, улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаётлари бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади. Қиёмат қандай қоим бўлади.

Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган.

Биз йиғинчоқ тасаввур «Зумар» сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик:

«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар» (68 - оят).

Қиёматни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун қийин иш эмас. У зотнинг Ўзи бунга бевосита аралашиб юрмайди ҳам. Фақат иродаси кетса бўлди. «Ва сурга пуфланди». Сур ичига пуфланса овоз чиқарадиган асбоблиги маълум. Унга фаришта Исрофил алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила пуфлайди. Қиёмат қоим бўлиши учун аввало сурга бир марта пуфланади. Мана, Аллоҳнинг иродаси кетди. «Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди». Буниси биринчи пуфлаш бўлиб, «саъқ пуфлаши» дейилади. «Саъқ» чақмоқ уриб, йиқилиб ўлганга нисбатан айтилади. Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»-«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади. «Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди».

Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун У зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ-пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади. «Сўнгра унга яна бир бор пуфланди». Яъни, Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди. «Бас, тўсатдан улар туриб, интизор бўлурлар».

Яъни, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини интизор бўлиб кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.

«Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди.

Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади» (Зумар: 69).

Бу ояти каримада қиёмат куни ҳодисаларининг васфи давом этмоқда. Иккинчи пуфлашдан кейин барча халойиқ қабридан дарҳол туриб, нима бўлишини кутаёгган эди.

Энди сурга учинчи марта пуфланади. Бу пуфлашга «ҳашр (жамлаш) пуфлаши» дейилади. Чунки бу пуфлашдан кейин ҳамма ҳашр майдонига йиғилади. Ана ўшанда бандалар орасида ажрим чиқариш учун Аллоҳ таоло тажаллий қилади. «Ва ер Робби нури ила ёришди».

Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди. «Китоб қўйилди».

Бандаларнинг номаи аъмоллари - бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди. «Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди».

Ҳар бир банданинг ҳар бир иши ўз лаҳзасида ёзилганига қарамай, яна ҳам таъкидлаш учун ва умматларга Аллоҳнинг амрини етказганликларини айтиш учун Пайғамбарлар келтирилдилар. Ҳар бир жоннинг ишларига гувоҳ бўлганлар, хусусан, бу дунёда унга бириктирилган фаришталар ҳам келтирилади. Демак, ўта аниқлик билан ҳукм чиқарилишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. «Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди». Бандалар орасида ҳақ-адолат ила ҳукм чиқарилди. «Уларга зулм қилинмади».

Ҳеч кимга амалидан ортиқча ёки кам жазо берилмади.

«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир». Қиёматдаги ҳисоб-китоб ўта аниқлик билан амалга оширилди. Аввало, бу дунёда қилган ишлари ўта аниқлик билан ёзиб юрилган номаи аъмол китоблари олиб келинди. Аниқ ҳукм чиқариш учун шунинг ўзи етар эди. Аммо Пайғамбарлар ҳам гувоҳликка келтирилдилар. Улар кишиларга Аллоҳнинг амрини, таълимотини, ваҳийни, китоби ва аҳкомларини қандай етказганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Ҳеч ким, мен билмай қолибман, дин ҳақида, шариат ҳақида тириклик чоғимда хабар эшитмаган эдим, дея олмайдиган бўлди. Шунингдек, гувоҳлар ҳам келтирилди. Улар банда қачон, қаерда, қай тарзда нима қилган бўлса, очиқ-ойдин гувоҳлик бердилар. Ана ўшалар асосида:

«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди».

Зарра миқдорича ҳам камайтирилмади. «У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир».

Юқорида айтилган ҳужжат-далил ва гувоҳлар устига энг катта ҳужжат шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билгувчи зотдир. Ана энди маҳшарда ҳисоб-китоб тугади. Ҳар кимга амалига яраша жазо ёки мукофот тайинланди.

«Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми?

Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар» (Зумар: 71). Ажойиб бир манзара. Ҳукм чиққанидан кейин кофирлар жамланиб жаҳаннам томон ҳайдаб кетилдилар. Ҳаммаёқ жим-жит. Кофирлар жаҳаннамга етиб келган пайтида ҳеч қандай шовқин-суронсиз унинг эшиклари очилди.

Ҳамма даҳшатда. Жаҳаннам нелигини ва у ерда нималарга дучор бўлишларини ҳам билдилар. Шунинг учун ҳам бошларини эгиб, паришон ҳолда кетмоқдалар. Шунда бирдан уларга жаҳаннамнинг қўриқчилиги вазифасини адо этувчи фаришталар қуйидаги саволни берадилар:

«Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми?» Эй, шўри қуриганлар, нимага бу томон келяпсизлар?! Нима бўлди сизларга?! Нима, у дунёда сизларга ўзингиздан бўлган, оддий инсон Пайғамбарлар келмадими?! Улар сизларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бермадими?! Ахир Пайғамбарлар сизни бундан огоҳлантирган бўлишлари керак-ку!!! Улар сизга бу ҳақдаги оятларни тиловат қилиб берган бўлишлари керак-ку!!! Ёки улар:

«Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар».

Кофирлар нима ҳам жавоб қила олардилар. Кўп гапира ҳам олмайдилар.

«Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар».

«Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар. Ортидан эса тан олиб; «Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», деб ўзларининг кофирликларини эътироф этадилар.

Шунда уларга: «Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди» (Зумар: 72).

Ҳалиги жаҳаннам қўриқчилари билан бўлган савол-жавобдан кейин кофирларга:

«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди».

Бир йўла уларга жаҳаннамда абадий қолишлари ҳам айтиб қўйилди. Жаҳаннам бу дунёда иймонга киришдан бош тортиб, кофир бўлиб ўтган мутакаббирларга жой бўлди.

«Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди».

Жаҳаннамга ҳукм қилинганларнинг ҳоли шундай бўлди. Энди эса жаннатга ҳукм этилганларнинг ҳоли васф қилинади: «Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.

Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!» (Зумар: 73-74).

Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсандлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!

«Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар». Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннати бўлишларининг асосий боиси Роббиларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам, қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.

Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келинди. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатиларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.

«Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».

Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббиларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:

«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатиларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун: «Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар».

Ҳа, жаннатга доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.

Жаннатилар жаннат эшик оғаларининг бундоқ илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар. «Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин». Оҳ! Бу нақадар юксак одоб. Ўзини билиш, Роббисини таниш қандоқ ҳам яхши. Жаннати бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан дарҳол Ўз Роббиларига, уларга берган ваъдасига амал қилиб уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!

Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал Аллоҳнинг ваъдасига биноан ундан қандоқ жой олишларини билиб, «Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар». Ана, кўрдингизми, бу қандоқ ҳам яхши! Қандоқ ҳам гўзал! «Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!»
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10


написать администратору сайта