Главная страница

уръони карим


Скачать 1.49 Mb.
Названиеуръони карим
Дата05.03.2022
Размер1.49 Mb.
Формат файлаdocx
Имя файлаQURON.docx
ТипДокументы
#383717
страница39 из 119
1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   119

«Ҳаж»сураси



Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, етмиш саккиз оятдир.

Сура диллар даҳшатга тушиб, ақллар адашадиган; она эмизаётган гўдагини унутиб, ҳомиладор аёл ҳомиласини ташлаб юборадиган Қиёмат олди даҳшатларини тасвирлаш билан бошланади ва ўз ҳаётларини Аллоҳ таъоло буюрган дини Ислом аҳкомларига амал қилиш билан ўтказган кишилар учун ўша Кунда ҳам ҳеч қандай хавф-хатар бўлмаслиги, дину иймонсиз тирикчилик қилиб ўтган кимсалар эса У Кунда хору расво бўлишлари таъкидланади.

Маълумки, агар Маккада нозил қилинган сураларда сўз асосан иймон, эътиқод ҳақида кетса, Мадинада инган сураларда ғолибан Шариати Исломиядаги қонун-қоидалар зикр қилинади. Инчунун ушбу сура ҳам бундан мустасно эмас. Бу сурада Ислом динининг беш асосий рукнидан бири бўлмиш Ҳаж ибодати ва Одам алайҳиссаломдан қолган "Эски Уй — Байтуллоҳ" хусусида анча батафсил баён қилинадики, суранинг "Ҳаж" деб номланишига ҳам сабаб шудир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).


  1. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, (Қиёмат) Соати (олдидаги)

зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир.

  1. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар; одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки, улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

  2. Одамлар орасида ўзи билмаган ҳолида Аллоҳ хусусида мужодала қиладнган ва ҳар бир итоатсиз шайтонга эргашиб кетаверадиган кимсалар ҳам бордир.

  3. У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани албатта йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилгандир - ҳукм қилингандир.

  4. Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг кудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни, инсон суратида шаклланиб битган, ёки битмаган) тишлам гўштдан яратдик. Биз (сизларни) ўзимиз хоҳлаганимизча муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар ҳам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни, қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) — сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув- ёмғир ёғдирсак, у харакатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур.

  5. Бунга сабаб, Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга хаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир.

  6. Яна аниқки, (Қиёмат) Соати шак-шубҳасиз, келгувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур.

8-9. Одамлар орасида ўзи билмаган ва (Ҳақ Йўлига) ҳидоят топмаган ҳолида, бирон нурли Китобсиз (яъни, аниқ хужжатсиз, Тўғри Йўлдан) бўйин буриб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ Йўлидан оздириш учун Аллоҳ хусусида мужодала қиладиган кимсалар ҳам бордир. У (кимсалар) учун бу дунёда расволик-шармандалик бўлур, Қиёмат Кунида эса унга ўт азобини тотдирурмиз.

  1. (Ва унга дермиз): "Бу (азоб) ўз қўлларинг (билан) қилган гуноҳинг сабаблидир. Зеро, Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир".

  2. Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур. У дунё-ю Охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир.

  3. У Аллоҳни қўйиб ўзига зиён ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган бутларга илтижо қилур. Бу — йўлдан қаттиқ озишнинг ўзидир.

  4. У шак-шубҳасиз, зиёни фойдасидан яқинроқ бўлган бутларга илтижо қилур. (Лекин у бутлар) нақадар ёмон «хожа»дир ва нақадар ёмон «ошно»дир!

  5. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта Аллоҳ Ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур.

  6. (Албатта Аллоҳ Ўз Пайғаймбари Муҳаммад алайҳиссаломга ёрдаш берур, энди) кимда-ким: "Аллоҳ на дунёда ва на Охиратда харгиз унга ёрдам қилмас", деб гумон қилгувчи бўлса, у ҳолда бир арқон билан осмонга-шифтга осилиб, (ўзини Ердан) узсин (яъни, ўзи учун дор ясаб, унга осилсин), сўнг қарасин бу найранги ғазабини кетказармикан.

Изоҳ:Бу оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таъоло Ўз Пайрамбари Муҳаммад алаҳиссаломга ва Ислом динига ёрдам-ғалаба бермайди, деб ўйлаб юрадиган кимсалар яхшиси бир дор ясаб ўзларини осганлари маъқул. Акс ҳолда Аллоҳ таъолонинг мусулмонларга берадиган ғалабасини кўриб у кимсаларнинг бошлари хафачиликдан чиқмай қолур. Демак, уларни ғазаб-хафачилшдан халос қиладиган бирдан-бир Тўғри Йўл ўз ихтиёрлари билан Исломни қабул қилиш, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишдир. Чунки Аллоҳ таъоло албатта бу дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам Ўзининг суюкли Пайғамбарига ёрдам ва ғалаба ато этади.

  1. Биз (Қуръонни) мана шундай ашиқ-равшан оятлар(дан иборат) ҳолида нозил қилдик. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилур.

  2. Дарҳақиқат, (Аллоҳга ва Муҳаммад алайҳиссаломга) иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлган кимсалар, (Аллоҳга ишонадиган, аммо бирон шариатга амал қилмайдиган тоифа бўлган) собиийлар, насронийлар, мажусийлар (оташпарастлар) ва мушрик бўлган кимсалар — аниқки, Аллоҳ Қиёмат Кунида уларнинг ўртасини ажрим қилур (яъни, мўминларни жаннатга дохил қилур, кофирларни дўзахга гирифтор қилур). Албатта Аллоҳ барча нарсага Гувоҳдир.

  3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар хамда кўпдан-кўп инсонлар (Ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир

бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур.

Изоҳ:Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир.

  1. Мана шу икки ғаним (яъни, мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг Ҳақ Дини) хусусида талашдилар (яъни, мўъминлар Аллоҳинг Ҳақ Дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу Динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуйилиб;

  2. У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур.

  3. Улар учун темир гурзилар бордир.

  4. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): "Ўт азобини тотиб кўрингиз", (дейилур).

  5. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур;

  6. Улар (бу дунёда) Хуш — Ҳақ Сўзга (яъни, "Аллоҳ Якка-Ягонадир", деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду сано Эгаси Аллоҳнинг Йўлига ҳидоят қилинурлар.

  7. Албатта ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ Йўлидан тўсадиган, ҳамда Биз (Маккада) тургувчи учун ҳам, (бошқа юртлардан) келгувчи учун ҳам баробар қилиб қўйган Масжид ал-Ҳаромдан (тўсадиган) кимсалар ва кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўюрмиз.




  1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша Уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): "Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф килгувчилар қиём (яъни, намозда тик — ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!

Изоҳ:Ушбу оятдаги "Байтуллоҳинг ўрнини" шундай тушунмоқ лозим: Одам алайҳиссалом жаннатдан Ерга тушганларида Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи бино қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган экан (шунинг учун ҳам қуйидаги оятларда уни "Эски Уй", деб ҳам аталади). Лекин Нуҳ пайғамбар замонларида бўлган тўфон балосида Аллоҳ таъолонинг фармони билан фаришталар у Уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган экан. Ҳадиси шарифда айтилишича, ўша даврдан буён самодаги Байтуллоҳни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилар, аммо Аллоҳнинг лашкари бўлмиш фаришталарнинг саноғи шу қадар беадад эканки, ҳанузгача бир фаришта икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Ана ўша самога олиб чиқиб кетилган Байтуллоҳнинг ўрнини Ҳақ таъоло Иброҳим алайҳиссаломга билдириб, ўша жойга барча мусулмонлар учун қибла бўлган Байтуллоҳ бино қилишни буюрган.

  1. Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни, сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва барча йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар.

  2. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни, Курбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари(ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар.

  3. Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни, зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!

30-31. (Иш) шудир. Ким Аллоҳ харом қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди. Бас, сизлар Аллоҳ учун Ҳақ Йўлдан юрмаган (мусулмон) бўлган ҳолларингизда ва У Зотга ширк келтиргувчи бўлмаган ҳолларингизда бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз! Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир.

  1. (Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур.

  2. Сизлар учун уларда (яъни, Байтуллоҳда қурбон қилиш учун олиб кетаётган кўй, мол, туяларингизда) маълум муддатгача фойда-манфаатлар бордир (яъни, йўлда уларни қўзилатиб, соғиб, миниб фойдаланиб кетишларингиз жоиздир). Сўнгра Эски Уйга (етгач), уларни сўйиш (вожибдир).

  3. Биз (сизлардан аввал ўтган мўъмин миллатлардан) барча миллатга ҳам — (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун — қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйсунингиз! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ором ва тавозу билан итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!

  4. Улар Аллоҳ зикр қилинганида қалблари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр-тоқат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган зотлардир.

  5. (Ҳаж мавсумида) туя-молларни (сўйиб қурбон қилишни) Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун улар(ни қурбон қилиш)да яхшилик бордир. Бас, улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни, жон таслим қилганларида) улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни, туя- молларни) сизларга бўйсундирдик.

  6. Аллоҳга (қилган курбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У Зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У Зотни улуғлашларингиз учун (яъни, қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг.

  7. Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа — ҳимоя қилур. Албатта Аллоҳ барча хоин ва куфрони неъмат қилгувчиларни суймас.

  8. Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга Қодирдир.

Изоҳ:Муфассирлар айтишларича, ушбу оят мусулмонларга жиҳод қилиш учун берилган биринчи рухсатдир. Пайғамбар алайҳиссалом Маккада турган пайтларида ҳам саҳобалар у кишининг ҳузурларига кўп марта мушрикларнинг қилаётган ҳужумларидан шикоят қилиб келар эдилар. Лекин у зот: "Сабр қилинглар, менга ҳали Парвардигорим томонидан жанг қилишга рухсат берилгани йўқ", деб қайтарардилар. Дарҳақиқат, Қуръони Каримдаги етмишдан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилгандир. Мадинага ҳижрат қилинганидан кейин Ислом давлати барпо бўлгач, мазлум мусулмонларга золим кофирларга қарши жиҳод қилиш изни берилди ва бу жангда албатта Аллоҳ Йўлида курашган зотлар ғолиб бўлиши башорат қилинди.

  1. Улар ўз диёрларидан ноҳақ, фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (Ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига (яъни, Динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир.

Изоҳ:Бу оятдаги бир нукта айрича эътиборга лойиқдир. Мусулмонларнинг муқаддас Китоби бўлмиш Қуръонда мисжидлар ўзга диндаги кишиларнинг ибодатхонларидан кейин — тўртинчи ўринда зикр қилинди. Бундан маълум бўладики, Ислом дивлатида ўзга дин аҳллари ҳам мусулмонлар билан баб-баробар ҳуқуққа эга бўлар эканлар.

  1. Уларни (яъни, мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак, улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир).

  2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар (яъни, Макка мушриклари) Сизни ёлғончи қилсалар, (билингки), улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар.

43-44. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян (шаҳрининг) аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган кофирларга қарши) инкорим қандай бўлди?!

  1. Зотан, қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Биз ҳалок қилган, бас, томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир.

  2. Ахир улар (яъни, Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлур.

  3. Улар Сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) азобни тезлатишингизни талаб қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур.

  4. Қанчадан-қанча золим-кофир қишлоқ-шаҳарлар бўлгандирки, Мен уларга (ҳалок қилмай) мухлат бериб қўйиб, сўнгра (азобим билан) ушлаганман. Ёлғиз Менгагина қатиш(ингиз) бордир.

  5. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Эй инсонлар, мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос".

  6. Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ бўлур.

  7. Бизнинг оятларимизга қарши ҳаракат қилиб олишишга уринган кимсалар — ана ўшалар дўзах эгаларидир.

  8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган хар бир элчи ва пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса шайтон унинг қироатига (асли оятдан бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ Билгувчи ва ҳикмат Эгасидир.

  9. (Аллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида мараз бўлган (мунофиқлар) ва тошдил кимсалар (яъни, кофирлар) учун фитна-синов қилиш учун (пайдо қилур). — Дарҳақиқат, золим-кофирлар мангу ихтилофдадирлар. —

  10. Ва илм ато этилган кишилар у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқат эканини билиб, унга иймон келтиришлари, бас, диллари у сабабли таскин топиши учун (Аллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат, Аллоҳ иймон келтирган зотларни Тўғри Йўлга Ҳидоят қилгувчидир.

Изоҳ:Ривоят қилинишича, юқоридаги уч оятнинг нозил бўлишига ушбу воқеа сабаб бўлган экан: Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Қуръон сураларидан "Ван-Нажми"ни қироат қилаётганларида шайтон васвасаси билан адашиб, Қуръонда бўлмаган сўзларни ҳам қўшиб юборадилар. Бундан шу ерда ҳозир бўлган мунофиқ ва кофирлар шодланиб хурсанд бўлишади. Лекин Аллоҳ таъоло дарҳол Ўз пайғамбарини бу хатодан огоҳ қилади ва мазкур оятларни нозил қилиб, бу иш беҳуда бўлмаганини, балки муиофиқ ва кофирларни яна бир бор синаш ҳамда мўъминларнинг иймонларини янада зиёда қилиш учун бўлганини уқтиради.

  1. Кофир бўлган кимсалар то уларга тўсатдан (Қиёмат) Соати келгунича ёки туғмас

(яъни, эртаси бўлмаган) Куннинг азоби келгунича (Қуръон)дан шак-шубҳададирлар.

  1. У Кунда подшоҳлик (Ёлғиз) Аллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи улар ўртасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар ноз-неъматларга (тўла) жаннатлардадирлар.

  2. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар — улар учун хор қилгувчи азоб бордир.

  3. Аллоҳ Йўлида ҳижрат қилган, сўнгра қатл қилинган ёки вафот топган зотларни албатта Аллоҳ гўзал ризқ (яъни, мангу жаннат) билан ризқлантирур. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Ўзигина энг яхши Ризқ бергувчидир.

  4. Албатта (Аллоҳ) уларни ўзлари рози бўладиган жойга — жаннатга дохил қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалимдир.

  5. (Иш) шудир. Ким ўзига берилган азоб-уқубат баробарида ўч олса, сўнгра яна унга зулм-зўравонлик қилинса, албатта Аллоҳ у (мазлумга) ёрдам қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ Афв қилгувчи, Кечиргувчидир.

  6. Бунга (яъни, Аллоҳ мазлумга ёрдам қила олишиги ва ҳар бир ишда адолатли ҳукм қилишига) сабаб, Аллоҳ кечани кундузга киритиши (яъни, кечани қисқартириб, кундузни узайтириши) ва (аксинча) кундузни эса кечага киритиши (яъни, У Зот Ўзи хоҳлаган нарсага Қодир экани) ва шак-шубҳасиз, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчи эканлигидир.

  7. Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир.

  8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (бутун) ер кўм- кўк бўлишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ Мехрибон ва Огоҳ Зотдир.

  9. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Ўзигина Беҳожат ва ҳамду сано Соҳибидир.

  10. Аллоҳ сизларга ердаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузиб кетаётган кемаларни бўйсундириб қўйганини хамда ўзи осмонни ерга қулаб тушишдан тутиб туришини, магар (осмон) Унинг изни-иродаси билангина (қулаши мумкинлигини) кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга Меҳрибон ва Раҳмлидир.

  11. У сизларга ҳаёт берган, сўнгра (ажалларингиз етганида) ўлим берадиган, сўнгра (Қиёмат Қойим бўлганида яна) ҳаёт берадиган Зотдир. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир.

  12. Биз барча миллатга қурбонлик қилиш (қонунини) буюрганмиз улар ўша (қонунга) амал қилиб қурбонлик қилурлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар Сиз билан (қурбонлик) иши хусусида ҳаргиз талашмасинлар! Сиз (одамларни) Парвардигорингизга даъват қилинг! Албатта Сиз Тўғри Йўл устидадирсиз.

  13. Агар улар Сиз билан мужодала қилсалар, у холда айтинг: "Аллоҳ сизлар қилаётган

(ёмон) ишларни жуда яхши Билгувчидир".

  1. Аллоҳ Қиёмат Кунида сизлар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар хақида ўртангизда ҳукм қилур.

  2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта бу Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда ёзиб кўйилгандир). Албатта бу Аллоҳга осондир.

  3. Улар (яъни, Қурайш кофирлари) Аллоҳни қўйиб У Зот (илоҳ эканига) бирон ҳужжат туширмаган ва ўзлари ҳам билмаган нарсаларга ибодат қиларлар. Бу золимлар учун бирон ёрдамчи йўқдир.

  4. Қачонки уларга Бизнинг очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсаларнинг юзларида инкор (аломатини) сезурсиз. Улар, ўзларига Бизнинг оятларимизни тиловат қилаётган зотларга чанг солишга яқин бўлурлар. (Сиз уларга) айтинг: "Энди мен сизларга бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? (У) Аллоҳ кофир бўлган кимсаларга ваъда қилган дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!"

  5. Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас, унга қулоқ тутингиз! — аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам хатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор- нотавондир.

  6. Улар Аллоҳнинг ҳақиқий қадри — улуғлигини билмадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир.

  7. Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир.

  8. У Зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидагн нарсаларни билур. Ва (барча) ишлар Ёлғиз Аллоҳга қайтарилур.

  9. Эй мўъминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз — шоядки нажот топсангизлар.

  10. Ва Аллоҳ (Йўлида) ҳақ жиҳод-ла жиҳод қилингиз! Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас Дин учун) сайлади ва бу Динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг Динини (яъни, Исломни ушлангиз)! Токи (Қиёмат Кунида) Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас Китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни, Ўзининг Динига бўйинсунувчилар) деб атади. Бас, сизлар намозни тўкис адо этингиз, закотни (ҳакдорларги) ато этингиз ва Аллоҳга боғланиигиз! У сизларнинг Хожангиздир. Бас, У Зот нақадар яхши Хожа ва нақадар яхши Мададкордир.



  1. 1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   119


написать администратору сайта