уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Ўн олтинчи жузъ У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!» (Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)». Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб унинг аҳлидан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди». У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди. Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўъмин кишилар эдилар. Бас, Биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик. Шу сабабдан, улар Парвардигорлари (бу бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигорнинг улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг бирортасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир». Изоҳ:Мазкур Илоҳий қиссадан олинадиган ибрат Оллаҳ таоло томонидан бандаларга берилган илимнинг нақадар чекланган эканлигина билишдир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо алайҳиссалом «Каломуллоҳ – Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан савол-жавоб қилганларида, ўртада хатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган – бор ҳақиқатни Ҳақ таолонинг Ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам илимлироқ, одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўулиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнингбилимини ҳам ато этгандирман – яъни, сен ўз илм- маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг: «Ҳар бир билим соҳиби устида ундан-да билимлироқ биров бордир», деган ояти каримасининг ҳақ эканини яна бир карра исбот этади. Энди қуйидаги оятларда Зул-қарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу буюк шоҳнинг нима сабабдан Зул-қарнайн – икки шоҳ эгаси деб аталиши хусусида хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шохи бўлган, десалар, бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир муътабар манбаъда эса ернинг шарқу ғарбига ҳукмронлик қилгани учун ҳам икки шоҳ эгаси деган ном олган, дейилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлагн бандасининг ер юзида ҳақни қарор топтириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), яна Сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қилурман». Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-Қарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукумронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, сен ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомилада бўлурсан», дедик. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, униг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз». Сўнгра у (Шарққа қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, унинг (қуёш) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдик, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик. Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишидаги қавмга қилган муомилани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан Хабардормиз – (уни) Иҳота қилиб олгандирмиз. Сўнгра у яна йўл олди. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) ҳаражат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?», дедилар. У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар. То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди: «Менга эритилган мисс (ҳам) келтиринглар, у (темир парчаларнинг) устидан қуюрман. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у. У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик. У кунда жаҳаннамни кофирларга кўндаланг қилиб қўйдик. Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар (Менинг панд-насиҳатларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар. Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст тутишни (ўзим яратган фаришталар ёки Ийсо каби пайғамбарни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?! Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб тайёрлаб қўйгандирмиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли – яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» Улар Парвардигорларининг оятларини ва (Қиёмат Кунида) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз! Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир! Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. Улар, у жойларда мангу қолур эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)». Ўн олтинчи жузъ |