уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Ўн бешинчи жузъ«АлИсро»сурасиБир юз ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларида бўлгани каби эътиқод, Аллоҳ таъолонинг Якка-Ёлғизлиги, қайти тирилиш аниқ маълумотлиги борасида сўз кетса-да, ундаги энг асосий жиҳат Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ томонидан ато этилган мўъжизалар таътиф-тавсифидир. Бу сура Аллоҳ таъоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу боисдан, суранинг номи «Ал-исро – Тунги сайр» деб аталгандир. Бу сурада бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғёни ва исёнлари ҳамда Охират-оқибат топажак мусибатлари ҳақида хабар берилади. Шунинг учун айрим уламолар уни бани Исроил сураси деб атайдилар. Бу сура мўъминларга ёлғиз Аллоҳ таъологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур амал ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим-тавозуъ билан туриш, буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш эканини уқтиради. Яна бу сурада борлиқдаги жонли-жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир тартиб-интизомга сўзсиз бўйсунишлари билан уларни яратган ҳам, бошқариб турган ҳам ёлғиз Аллоҳ таъоло эканига далолат қилиб туриши таъкидланади. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни – унга оят- мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масдил-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) Пок Зотдир. Дарҳақиқат, У Эшитгувчи, Кўргувчи Зотдир. Изоҳ:Бу – меърож, яъни Аллоҳ таъоло ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлгандир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир кеча Масжид-ал- Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик, бу ердаги Масжид-ал-Ақсода икки ракаат нафл намози ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик... Еттинчи осмонга етгач, Аллоҳ таъоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса, бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни – гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур», Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим». Ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳиссалом меърожга чиқиб кетаётиб ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан. Биз Мусога китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китоб)ни бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар (Эй) Биз (ғарқ бўлишидан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (нажот берган) кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди». Шунингдек, Биз бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида жазолаш учун) куч-қувват эгалари бўлган бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ховли- жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди. Изоҳ:Муфассирлар айтишларича, бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказди. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ таъоло ваъда қилган жазо эди. Сўнгра (тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб, сон-саноқларингизни кўпайтирдик. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар – ўзларингизга яхшилик қилгун бўлурсизлар. Агар ёмон – гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз). Изоҳ:Дарҳақиқат, бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Форс мажусийларини ғолиб қилиб, улар бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан. (Агар тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнгласангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз. Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган қиладиган мўъминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам («хушхабар»ини берур). Инсон (Аллоҳ таъолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир. Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг қудрати илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят-аломат қилиб қўйдик Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб, атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқ-рўз) исташларингиз учун ёруғлик- нур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобини билишларинигиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пайғамбар келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир). Изоҳ:Табарийнинг «Жомиъул-Баён» тафсирида айтилишича, бир киши ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан:«Ойнинг юзидаги доғ нима?» деб сўраганида, у зот: «Қуръондаги: «Кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб қўйдик», деган оятни ўқимаганмисан?» деб жавоб қилган экан Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Ва Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб (кўрсатурмиз). (Ва унга дейилур): «Китобингни (яъни, номаи аъмолингни) ўқи! (Ва қанча савобинг, қанча гуноҳинг бор эканининг ҳисобини қил)! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир». Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз. Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб-муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага айлантирурмиз. Биз Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли огоҳ, кўриб тургувчидир. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда) у мазаммат-маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз. Ким охиратни истаса ва мўъмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига – мана бу (мўъмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йуқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир. Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг! (Эй инсон), Парвардигоринг наздида, сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат қилишларинингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)! Изоҳ:Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, ислом барча мўъмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшилик ёлғиз Аллоҳ таъолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўйяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўъминми, кофирми, яхшими, ёмонми, барибир фарзандлар уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини ва ҳурматини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим- тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-она ҳаққига дуо қилганида: «Ота-онам мени туққани учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб эмас, балки: «Улар мени чин инсон-мусулмон қилиб тарбиялаганлари учун уларга раҳм- шафқат қилгин», деб дуо қилиши буюрилди. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар, албатта Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этгувчи бўлган зотдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчиларга (хайру эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳуқларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қуйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорга бутунлай кофир бўлгандир. Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайру эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчиларга хайр-эҳсон қилишдан ҳозирча) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг! (Баҳиллик билан) қўлингизни бўйингизга боғлаб ҳам олманг! (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва ҳасратда қолурсиз. Шубҳасиз, Парвардигорингиз ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар – уларга ҳам, сизларга ҳам биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир. Зинога яқинлаша кўрманглар! Чунки бу бузуқликдир – энг ёмон йўлдир. |