уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Наҳл»сурасиБу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма саккиз оятдир. У қиёмат соати яқинлашиб қолгани қида хабар бериш билан бошланади. Сўнгра Аллоҳ таъоло Ўзининг Якка-Ёлғиз экани, ердаги жонли-жонсиз бутлар Унга шерик бўлолмасликлари хусусида огоҳлантиради ва еру осмонлар, денгизлар, тоғлар, водий ва воҳалар, осмондан тушиб ерни кўкартираётган ёмғир, ердан униб чиқиб, осмонга иштилаётган наботот, денгизларда сузиб бораётган кемалар, кечаларда йўловчи мусофирлар учун маёқ бўлган юлдузлар ва хусусан бир томчи сувдан яралиб бутун борлиқдан азиз ва мукаррам бўлган инсон – буларнинг барчаси бир донно ва билимдон яратгувчи зот борлигига дал қилиб туриши тўғрисида уқтирилади. Сўнгра Аллоҳ таъоло ато этган беҳисоб неъматларнинг шукрини адо қилиш лозимлиги, куфрони неъмат қилган кўрнамак кимсаларнинг оқибати ҳалокат эканлигини баён қилувчи оятлар келтирилади. Сура ниҳоясида пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг умматларига Аллоҳнинг динига илму ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат қилиш билан даъват этиш ҳамда бу даъват йўлида чекиладиган жабру жафоларга сабр-тоқат қилиш амр этилади. Бу сурада Ҳақ таъолонинг ожиз ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асалари хусусида, унинг ибратли ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қиладиган оятлар ҳам ўрин олгани учун у «Наҳл – Асалари» сураси деб аталгандир. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Аллоҳнинг фармони (яъни, Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар. (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир. Изоҳ:Мазкур оят Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломни масхара қилишиб: «Эй Муҳаммад, сен бизларни қўрқитаётган Қиёмат рост бўлса, келсин-чи, кўрайлик», деганларида нозил бўлган. (Аллоҳ) Ў замри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантирингларки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!» У осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратди. У (мушрикларнинг) ширкларидан юксакдир. У инсонни нутфадан – бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб қолди. Изоҳ:Бу оятда қайта тирилиш ҳақ эканлиги очиқ мантиқ билан исботланмоқда – яъни, бир томчи сувдан шундай гўзал ҳилқатли инсонни яратишга Қодир бўлган Аллоҳ таъоло унинг жонсиз жасадига қайтадан жон ато этишга қодир эмасми?! Инсон эса ўзининг нимадан яратилганини унутиб, Яратганига қарши хусумат қилиб юрибди. У Зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлур. Яна сизлар учун уларни кечқурун ўтлоқдан қайтараётган ва тонгда ўтлоққа ҳайдаётган пайтингизда бир чирой – файз бордир. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр-базўр (машаққат билан) етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта Парвардигорингиз Меҳрибон ва Раҳмлидир. У Зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур. Изоҳ:Бизга замондош муфассирлар ушбу оятдаги: «…сизлар билмайдиган нарсаларни ҳам яратур» жумласини Қуръон нозил бўлган даврда мавжуд бўлмай, кейин илм-фан тараққий этиши билан кашф қилинган сайёра – машина, қитор – поезд, тайёра – самолёт ва бошқа бизлар ҳам билмайдиган, бундан кейин кашф қилинадиган нақлиёт – транспорт воситалари, деб тафсир қиладилар. Тўғри йўлга (ҳидоят қилиш) Ёлғиз Аллоҳ измидадир. (Зотан, йўллар) орасида эгриси ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида сизларнинг барчангизни (тўғри йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди. (Лекин у Зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди ва ақл-идрок билан тўғри йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз хоҳиш-иродаси билан ўша Ҳақ Йўлга ҳидоят этишини ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса ҳар икки дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди). У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган Зотдир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша (сувдан ичар). У Зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни, бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир У Зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз – сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир Яна У Зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйсунтирди). Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир. У сизлар янги гўшт (яъни, балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйсундириб қўйган зотдир. Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У Зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз ва (берган неъматларига) шукр қилишингиз учун (сизларга денгизларни бўйсундириб қўйди). У Зот ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ўзларингиз учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда адашмасдан) йўл топишларингиз учун йўлларни (пайдо қилди). Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар. (Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) Яратгувчи Зот – Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?! Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир. Аллоҳ яширадиган нарсаларингизни ҳам, ошкор қиладиган нарсаларингизни ҳам билур. (Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва Улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар. Тангрингиз Ягона Тангридир. Бас, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг кўнгиллари (Аллоҳнинг Якка-Ягона эканлигини) инкор қилур, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билур. Албатта У Зо мутакаббир кимсаларни севмас. Қачон уларга: «Парвардигорингиз (Муҳаммад алайҳиссаломга) қандай нарса нозил қилди?», дейилса, улар (масхара қилишиб): «Аввал ўтганларнинг афсоналарини», дейдилар. Улар (бу ёлғон сўзларни, бошқа одамларни йўлдан оздириш учун ва оқибатида) Қиёмат Кунида, ўзларининг барча угноҳларига ҳамда ўзлари жаҳолат билан йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисмига) жавобгар бўлиш учун (айтгандирлар). Огоҳ бўлингиз, улар жуда ёмон юкни (яъни, гуноҳларни) орқалаб юрибдилар. Улардан аввалги (кофир) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларига мана шунга ўхшаш) макр-ҳийлалар қилган эдилар. Шунда Аллоҳ, улар (қурган макр-ҳийла) биноларини таг-туги билан емириб ташлади, бас, улар (тўқиб олган ёлғон бино – тузумлари)нинг томи ўзларининг устига қулади ва уларга ўзлари сезмаган – кутмаган тарафдан азоб- ҳалокат келди Кейин – Қиёмат Кунида (Аллоҳ) уларни яна расво қилур ва айтур: «Менинг «шерик» ларим қаерда қолишди?! (Ахир) сизлар (Менинг пайғамбарларим билан) ўшалар тўғрисида талашиб-тортишар эдинглар-ку?!» (Шунда) илм берилган зотлар (яъни, пайғамбарлар ва уламолар) дерлар: «Дарҳақиқат, бугун бутун расволик ва азоб- уқубат кофирлар устига (тушар)». Улар (кофир йўлини танлашлари сабабли) ўз жонларига жабр қилган онларида (ўлим) фаришталари уларнинг жонларини олурлар. Шунда улар (тақдирга) тан беришиб – (бўйинларини қисишиб): «Бизлар бирон ёмонлик – гуноҳ қилган эмасмиз» (дерлар). Йўқ, шак-шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни билгувчидир. Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон. Тақводор зотларга: «Парвардигорингиз (ўз пайғамбарига) қандай нарсани нозил қилди?» дейилганида, улар: «Яхшиликни» дерлар. Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Лекин шак-шубҳа йўқки, охират диёрни янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг турар жойлари нақадар яхши. Улар остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бўлур. Аллоҳ тақводор зотларни мана шундай мукофотлар. Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар. (Кофирлар эса) фақат ўзларига (ўлим) фаришталари келишини ёки Парвардигорингизнинг амри-азоби келишини кутарлар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, ҳалокатга дучор бўлган эдилар). Уларга Аллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар. Бас, қилган ёмонликлари (уларнинг) ўзларига етди ва кулиб-масхара қилган нарсалари ўзларини тутди. Мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам) ота-боболаримиз (ҳам) ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган ва у(нинг ҳукми)сиз бирон нарсани ҳаром қилган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра:«Бизларнинг кофирлигимизга Аллоҳнинг Ўзи сабаб», деб Аллоҳ таъоло шаънига тухмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир. Аниқки, биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, ер юзида сайру-саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз-да, билингки, Аллоҳ ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас. Улар: «Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига жон- жаҳдлари билан қасам ичдилар. Йўқ, (албатта тирилтирур!) Бу – у зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплари (бу олам имтиҳон олами эканини, асл абадий ҳаёт қайта тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар. Уларга ўзлари ихтилоф қилаётган нараларини баён қилиб (кўрсатиб) бериш учун ҳамда кофир бўлган кимсалар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам (албатта Аллоҳ барча халойиқни қайта тирилтирур). Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл!» демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур. Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди. Улар (мушриклар етказган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина суянган зотлардир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сиздан (яъни сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (сиз каби) кишиларни- инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй, мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар! Изоҳ:Бу оят Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларини инкор қилишиб: «Аллоҳ одамзотни Ўзининг элчиси қилиб юбормайди. Агар фаришта келиб, мен Аллоҳнинг элчисиман, деганида, иймон келтирган бўлур эдик», деганларида нозил бўлган. (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик. (Муҳаммад алайҳиссаломни қатл этиш учун) энг ёмон макру ҳийлаларини қилган кимсалар Аллоҳ ўзларини ерга ютдиришидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган тарафларидан (Аллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?! Ёки сафар-саёҳатларда айланиб юрган чоғларида уларни (бало-офатлар) ушлаб, ҳеч қаёққа қочиб қутила олмай қолишларидан (қўрмадиларми)? Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан ўзлари) қўрқиб-пусиб юрган пайтларида, уларни (Аллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! (Эй инсонлар), дарҳақиқат Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир. Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга сажда қилган ҳолларида эгилаётганини – улар (барчаси Аллоҳга) бўйсунувчи эканликларини кўрмадилари?! Осмонлар ва ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. Улар устларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар. Изоҳ:Юқоридаги икки оят сажда оятларидир. Уларда барча нарса ёлғиз Аллоҳга сажда қилиши таъкидланар экан, бир гўзал мисол келтирилади: тоғ-тош ва дов-дарахт каби эгила олмайдиган нарсалар ҳам яратганга сажда қилмасдан тура олмайдилар. Улардан соялари ажралиб, ўнгу-сўлга эгилиб сажда қиладилар – ҳақ таъолога арзи бандалик қиладилар! Ўзларига ўхшаган бандаларга эгилиб-букилиб юрган, лекин Яратганга сажда қилишдан ор қиладиган кимсалар ўша тоғлардан ибрат олсалар эди! Бу Қуръондаги сажда оятларининг «Аъроф» сурасидаги 205-оят ва «Раъд» сурасидаги 15- оятларидан кейинги учинчисидир. Аллоҳ: «Икки худога бандалик қилманглар! Фақат Биргина Илоҳ (яъни, ёлғиз Аллоҳ таъологина) бордир, холос. Бас, Мендангина қўрқингиз!» деди. Осмонлардаги ва ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Тоат-ибодат мудом Ёлғиз Унга (бўлмоғи лозимдир). Аллоҳдан ўзгалардан (яъни, жонсиз бутлардан ёки ўзларингизга ўхшаган одамлардан) қўрқурмисизлар?! Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат унгагина илтижо қилурсизлар. 54-55. Сўнг у зот сизлардан балони аритганида эса баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар. Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (яъни, Қиёмат кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Улар биз ризқ қилиб берган неъматлардан ўзлари билмайдиган (яъни, жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли Худо деб ўйлаган) бутлари учун насиба ажратурлар. (Эй мушриклар), Аллоҳ номига қасамки, албатта сизлар ўзларингиз тўқиб- бичиб олган бутларингиз тўғрисида (қиёмат кунида) масъул бўлурсизлар. Улар: («Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейшиб) у «қизлар»ни Аллоҳники қилишади – у зот (бу бўҳтондан) покдир – ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди). Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган холида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суришиб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизки, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар. Изоҳ:Ислом дини келишидан илгари араблардан ваҳший бир одат бор эди, улар қиз фарзанд кўришни ўзлари учун ор деб билишар ва кўплари қизларини тириклай ерга кўмиб юборар эдилар. Бунга сабаб, динсиз, иймонсиз кимсаларнинг жаҳолат ва кибр- ҳаволари бўлиб, айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлайдилар: узоқ ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм- қабилалар унга бож тўлар эканлар. Бир йили қабилалардан бири зиммаларидаги солиқни тўлашдан бош тортганларида, подшоҳ аскарлари бостириб келишиб, у қабиланинг ҳамма хотин-халаж, ўғил-қизларини асир қилиб олиб кетишган ва уларни ўз қабилаларига қайтариш учун бож тўланишини шарт қилишган экан. Бу талаб бажарилгунча орадан ўтган фурсат ичида қабила бошлиғининг қизи билан подшоҳнинг ўғли бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишган экан. Шунинг учун қиз бошқалар сафида ўз юртига қайтиб кетишдан бош тортади. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси – қабила бошлиғи душманига кўнгил қўйиб, ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз кўрса, албатта тириклай ерга кўмишга қасам ичади. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан- авлодга ўтиб, тарқаб кетаверади ва қачонки ислом дини келгач, Қуръон бу ярамас одатни манъ этади. Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар энг ёмон сифат эгаларидир. Аллоҳ эса энг юксак ҳислатлар соҳибидир. У қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Агар Аллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм зўравонликлари билан ушлаганида (азоблаганида), ер юзида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин у зот уларни маълум муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар. Улар ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларни (яъни, қиз болаларни) Аллоҳники дейишиб, яна (уларнинг) тиллари ўзлари учун чиройли мукофот – жаннат бўлиши ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайди. Шак-шубҳа йўқки, улар дўзах эгаларидир ва албатта улар (дўзахга) биринчилар (қаторида ташланурлар). (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат биз сиздан илгари ўтган умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда шайтон уларга ҳам ўзларининг (қабиҳ) амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. Чунки у бугун (бу дунёда) уларнинг «дўсти»дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир. Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу китобни – Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, унинг ёрдамида ўлик ерни тирилтирди. Албатта, бу ишда (ваъз-насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун оят-ибрат бордир. Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам бир ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан ичувчилар учун ўтимли – таъмли бўлиб чиққан нарса – тоза сут билан суғорурмиз. Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам гўзал-ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам ҳурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар. Албатта, бунда ҳам нақл юритдиган қавм учун оят-ибрат бордир. Изоҳ:Ушбу сура нозил қилинган пайтда хали ароқ ҳаром қилинмаган эди. Чунки ароқ Мадинада нозил бўлган «Моида» сурасининг 90-оятида ҳаром қилинган. Бу сура эса ҳижратдан илгари нозил бўлган эди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз асаларига ваҳий-амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик асал чиқур. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бу ишда (яъни, шу митти жониворнинг ҳам одамлар учун хизматкор қилиб қўйилишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир. Сизларни Аллоҳ яратгандир. Сўнгра (ажалларингиз битгач) унинг ўзи сизларни вафот қилдирур. Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал тотли ҳаётдан, кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг барчасини унутиб юборадиган (яъни, ўта кексайиб, вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва қудратлидир. Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди. Бас, бу (ризқда) устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остидаги қулларига қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай бўлгач, қандоқ қилиб барчага ризқу рўз ато этгувчи Аллоҳ таъолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларни баробар қиладилар). Аллоҳнинг неъматини инкор қилурларми?! (Яъни, яратганнинг ўзи ато этган ризқу рўзни инкор қилишиб, бу неъматларни ўша жонсиз бутлар берган деб ўйлайдиларми?) Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, набиралар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди. Бас, улар ботил (бутлар)га иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига кофир бўлурларми?! Ва Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва ердан бирон нарсани ризқ килиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?! Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли-ўхшаши йўқдир). Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз. Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик (бировга қарам) қул билан биз ўз тарафимиздан чиройли – мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг эгаси бўлган ва уни ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таъолога тенг шерик деб биладилар.) Ҳамду сано Аллоҳникидир (яъни, ўша зотгина ҳаду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар. Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур. Улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб, эгаси қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлган ҳолда (ўзгаларни ҳам) адолат ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! (Ҳеч қачон баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни тўғри йўлга юришга буюрадиган Аллоҳ таъолога тенг шерик деб биладилар?!) Осмонлар ва ердаги ғайб-сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир. Соат-қиёмат амри (яъни қиёматнинг қофим бўлиши) кўз очиб юмгунча, ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолларингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди Осмони фалакда (учиш учун) бўйсунтирилган қушларга боқмайдиларми?! Уларнинг ёлғиз Аллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта, бу ишда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунларингизда ва қўнадиган кунларингизда енгил кўтариб кета оладиган уй-ўтовлар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан, (туяларнинг) юнгларидан ва (эчкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матолар (яратди). Аллоҳ сизлар учун ўзи яратган нарсалардан соя-салқин жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан ғор-бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманнинг) зиён етказишидан сақлайдиган совутлар (яратди). У Зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга ўз неъматини мана шундай комил қилиб берур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар энди ҳам улар (сиздан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни мана шундай) очиқ-ойдин қилиб етказиш бор, холос Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир (яъни, ҳеч қачон Аллоҳга иймон келтирмайдилар). (Қиёмат) куни ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, ўша умматнинг пайғамбарини) келтириб қўюрмиз. Сўнгра кофир бўлган кимсаларга (тавба-тазарруъ қилиш учун) изн берилмас ҳамда улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас. Золим (кофир) бўлган кимсалар азобни кўрган вақтларида (яъни, қиёмат кунида) улардан (у азоб) енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас (яъни, яхши амалларни ҳаёт вақтларида ўз ихтиёрлари билан қилган кишиларгина савоб олурлар). (У кунда) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг бутларини кўрган вақтларида: «Парвардигоро, бизлар сени қўйиб, анави бутларимизга илтижо қилар эдик», деганларида, у (бутлар бунга жавобан): «Сизлар шак-шубҳасиз ёлғончидирсизлар», деб гап қотарлар. Улар у кунда ёлғиз Аллоҳга бўйсунурлар. Ўзлари тўқиб олган «худо»лари эса улардан ғойиб бўлур. Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганлари сабабли азоб устига азобни заёда қилурмиз. (Қиёмат куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга – ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган китобни – Қуръонни нозил қилдик. Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон иллатлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма олурсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. Аҳд-паймон берган вақтларингизда Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур. Ва сизлар бир жамоат бошқа бир жамоатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (ўзларингиз аҳдлашган кишиларга нисбатан) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз,аввалги қавм билан қилган аҳд-паймонларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз. Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур. Изоҳ:Маккада бир телба Хотин бор бўлиб, у кун бўйи турли нарсаларни тўқир, кечга бориб эса тўқиган нарсаларини бузиб-чуватиб ташлар экан. Мазкур оятда биров билан аҳдлашиб, сўнгра аҳдларини бузиб, қасамхўрлик қиладиган кимсаларни ўша телбага ташбеҳ қилинмоқда. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин у Зот ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур, ўзи хоҳлаган кишиларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Ва албатта сизлар қилиб ўтган амалларингизга масъул бўлурсизлар. Қасамларингизни алдов воситаси қилиб олмангиз. У ҳолда (ислом йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар исломга интилиш ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингиз сабаб бўлур) ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда охиратда сизлар учун улуғ азоб бўлур. Аллоҳга берилган аҳд-паймонни озгина қийматга алмашиб юбормангиз! Агар билсангизлар албатта Аллоҳ даргоҳидаги нарса (яъни, ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоларидан) яхшироқдир. Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз албатта (мушрикларнинг азиятларига ва дин йўлидаги машаққатларга) сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз. Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўъмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз. (Эй мўъмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган-малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир. Қачон биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак – ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларни яхшироқ билгувчидир – улар (пайғамбар алайҳиссаломга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан!», дейдилар. Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул Қудус (яъни,Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб, ҳаққи-рост нозил қилинганини айтинг! Аниқки, биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганиларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсаларнинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ- равшан арабийдир. Изоҳ:Саҳобалардан ибн Аббос (розиаллоҳу анҳу) антадилар: «Маккада Қурайш қабиласига мансуб кишилардан бирининг ажам қули бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом баъзан у билан гаплашиб, унга ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап тарқатганларида юқоридаги оят нозил бўлди. Албатта Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни Аллоҳ ҳидоят қилмас. Улар учун аламли азоб бордир. Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшалар ёлғончилардир. Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун улуғ азоб бордир. Изоҳ:Муфассирлар айтишларича, бу оят Аммор ибн Ёсир (розиаллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган. Мушриклар у зотни ҳибс қилишиб, ислом динидан чиқишни талаб этадилар ва даҳшатли азоблар билан қийнайдилар. Ночор-ноилож қолгач мажбур ҳолда уларнинг бутларидан бирини тилга олганларидан кейингина у кишини қўйиб юборадилар. Одамлар орасида эса «Аммор диндан чиқди» деган гап тарқаб кетади. У зот пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига йиғлаб, айтган сўзларидан изтиробга тушиб келганларида, пайғамбар алайҳиссалом: «Қалбинг нима дейди?» деб сўрайдилар. У: «Қалбим фақат иймон билан ором олади», деб жавоб беради. Шунда пайғамбар алайҳиссалом: «Сенга неча марта мажбурлаб куфр калимасини айттирсалар ҳам, ҳаргиз иймондан ажраб қолмайсан», деганлар. Демак, шарийяти исломиянинг ҳукмига кўра, фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаб олган кимсаларгина кофир бўлурлар ва улар учун охиратда энг қаттиқ азоб-уқубатлар бўлур. Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб шуки, улар ҳаёти дунёни Охиратдан афзал билдилар. Аллоҳ эса кофир қавмни ҳидоят қилмас. (Бас, улар кофир бўлганлари сабабли Ҳақ Йўлни топа олмай ўлиб кетурлар). Аллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир. Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда зиён кўргувчилардир. Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳиссалом, билинки), албатта Парвардигорингиз, (Макка мушриклари томонидан азобланиш, куфрга мажбур қилиниш билан) фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккайи мукаррамадан Мадинаи мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ Йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига) сабр-тоқат қилган зотлар учун (Мададкор, Ёрдамчидир). Албатта Парвардигорингиз у (меҳнат-машаққатларни кўтарганларидан) кейин (улар учун) Маърифат қилгувчи, Меҳрибондир. Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб – ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўлиқ оладиган, уларга зулм қилинмайдиган кунни (яъни, қиёматни) эсланг! Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу-рўзи бекаму-кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки), у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тоттириб қўйди. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар (яъни, ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом) келганида, уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади. Бас, (эй мўъминлар) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, у зотнинг неъматларига шукр қилинглар! У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошгувчи бўлмаган ҳолимда ночор вазиятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир. Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), яҳудий бўлган кимсаларга илгари («Анъом» сурасининг 146-оятида) сизга сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга жабр қилмадик, балки улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар. Сўнгра (билингки), албатта Парвардигорингиз, билмаган ҳолда ёмонлик-гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун шак-шубҳасиз ўша (тавба-тазарруларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир. Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво- имом эди. У мушриклардан эмас эди У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилди. Биз унга бу дунёда чиройли (обрў-эътибор) ато этдик. (Зеро, барча динларнинг аҳллари Иброҳим алайҳиссаломнинг номларини ҳурмат билан тилга оладилар). Албатта, у охиратда ҳам солиҳ – яқинларимиздандир. Сўнгра биз (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик «Шанба» (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган кимсаларнинг (яъни, яҳудийларнинг) устига (фарз) қилингандир. Албатта, Парвардигорингиз қиёмат кунида уларнинг ўртасида ўзлари ихтилоф қилиб ўтган нарсалар тўғрисида ҳукм қилур. Изоҳ:Яҳудийлар: «Муҳаммад Иброҳимнинг динига қарши чиқди. Иброҳим шанба кунини улуғлар эди. Муҳаммад эса жума кунини улуғ кун дейди», дедилар. Шунда шанба кунини улуғлаш Иброҳим алайҳиссаломнинг динларида бўлмаганини таъкидлаб, ушбу оят нозил бўлди. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг йўлига – динига донолик – ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб- тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кимсаларни ҳам жуда яхши билур. (Эй мўъминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта, сабр қилгувчи кишилар учун бу (интиқом олмоқдан) яхшироқдир. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр- тоқат қилинг! Ёлғиз Аллоҳ (ёрдами) билангина сабр қила олурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг! Уларнинг макру- ҳийлаларидан сиқилманг ҳам. Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир. |