уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Луқмон»сурасиЎттиз тўрт оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлгандир. Сура Қуръони Каримнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам Аллоҳ таъолонинг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган турли оят-аломатлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг катта сайёраларгача барча мавжудот Ягона Яратган томонидан белгиланган тартиб- интизомга бўйсуниши уқтирилади. Бу сурада тўрт кунлик дунё матоларига алданиб қолган мушриклар ва уларнинг топажак оқибатлари тўғрисида ҳам, Ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб ҳаётларини яхши амаллар билан ўтказаётган иймон эгалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилади ва сура ниҳоясида барча инсонларни бола-чақа ҳам, мол-дунё ҳам фойда бермайдиган ҳисоб- китоб Куни — Қиёмат ҳақ эканлиги хусусида огоҳлантирилади. Бу сурадан Луқмони ҳаким тўғрисидаги хабар ва унинг ўз фарзандига қилган ўгитлари ҳам ўрин олгани сабабли у "Луқмон" сураси деб номлангандир. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Алиф, Лом, Мим. Ушбу (оятлар) ҳикматли Китоб оятларидир. 3-4. У — намозни тўкис адо этадиган, закотни (хақдорларга) ато этадиган ва Охиратга аниқ ишонадиган чиройли амал қилгувчи зотлар учун ҳидоят — Тўғри Йўл ва Раҳмат бўлган (Китоб)дир. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг Йўлидан оздириш учун ва у (Йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида "хушхабар" бериб қўйинг! Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун ноз-неъмат боғлари бордир. Улар у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир. У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди. Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (ерда) ҳар турли фойдали (ўсимликларни) ўстириб қўйдик. Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар), сизлар Менга Ундан ўзга "худолар" нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, демак) у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар. Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): "Аллоҳга шукр қилгин! Ким шукр қилса, фақат ўз фойдаси учун шукр қилур (яъни, қилган шукрининг фойдаси ўзига бўлур). Ким ношукурлик қилса, бас, албатта Аллоҳ (унинг ва барча оламларнинг шукр қилишидан) Беҳожат ва ҳамду санога Лойиқ Зотдир. Изоҳ:Нақл қилишларича, Луқмони ҳаким минг йил умр кўрган бўлиб, Аллоҳ таъоло у зотга нарса ва воқеа-ҳодисанинг моҳият-ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри хукмни чиқара олиш неъматини — яъни, ҳикматни ато этган экан. Шу боисдан ҳам у кишидан инсон шуурининг қоронғу йўлакларини ёритиб юборадиган минглаб ибратли ҳикматлар асар бўлиб қолгандир. Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: "Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир". Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), "Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!" Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман". (Луқмон деди): "Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса-ю, ана ўша (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ Сергак ва Огоҳдир. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиқдир. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас. Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир". (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва нурли китоб-ҳужжатга эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мужодала қилурлар. Қачон уларга: "Аллоҳ нозил килган нарсага эргашинглар", дейилса, улар: "Йўқ, бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, (ана ўшанга эргашурмиз", дейишади. Агар шайтон уларни ўт-дўзах азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?! Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда Ёлғиз Аллоҳга борур. Ким кофир бўлса, бас, Сизни (эй Муҳаммад алайҳиссалом), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас, Сиз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро, Аллоҳ диллардаги сирларни Билгувчидир. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз! Қасамки, агар улардан "Осмонлар ва Ерни ким яратган?", деб сўрасангиз, албатта "Аллоҳ", дерлар. Сиз: "Аллоҳга ҳамду сано бўлсин", денг! Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Аллоҳганига ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина Беҳожат ва ҳамду санога Лойиқ Зотдир. Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир. (Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини ҳамда қуёш ва ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатгача жорий бўладиган қилиб бўйсундириб қўйганини ва Аллоҳ шак-шубҳасиз, қилаётган амалларингиздан Огоҳ эканини кўрмадингизми?! Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (Илоҳ) экани, улар (яъни, мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир. Кемалар сизларга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатиш учун У Зотнинг неъмати — марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта бунда барча (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчилар учун оят- ибратлар бордир. Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар Аллоҳга Динни холис қилиш билан (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) Тўғри Йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва ношукр кимсаларгина (инкор қилурлар). Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна бир Кундан (яъни, Қиёматдан) қўрқингизким, (у Кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси тимонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни алдагувчи (яъни, шайтон) Аллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечаверади, дегап алдов) билан алдаб қўймасин! Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, рисоми- нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина Билгувчи ва Огоҳдир. |