Главная страница

уръони карим


Скачать 1.49 Mb.
Названиеуръони карим
Дата05.03.2022
Размер1.49 Mb.
Формат файлаdocx
Имя файлаQURON.docx
ТипДокументы
#383717
страница46 из 119
1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   119

«Қасас»сураси



Қуръони Карим матнида йигирма саккизинчи тартибда келган бу сура Макка сураларидан бўлиб, саксон саккиз оятни ташкил этади.

Сура ўз маъно-моҳияти эътибори билан "Шуаро" ва "Намл" сураларининг давомидир. Бу сурада инсонлар ибрат олишлари учун икки золим кимсанинг қилган кирдикорлари ва топган оқибат-ҳалокатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бири қўл остидиги ҳукму-салтанат сабабли ўзидан кетиб, ҳатто ўзини худо деб аташгача бориб етган золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн бўлса, иккинчиси топган молу давлатига маст бўлиб, дину диёнатни унутган Қорундир, Қуръон улардан бирини сув, иккинчисини эса ер ютгани ҳақида хабар беради.

Бу сурада Аллоҳ таъолонинг суюкли пайғамбаридан Мусо алайҳиссаломнинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган-кечирган ибратли саргузаштлари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал сўйлангани сабабли уни "Қасас - Қисса" деб аталгандир. Сура икки дунё саодати бўлмиш иймон-эътиқодга даъват қилиш билан хотималанади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).


  1. То, Син, Мим.

  2. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.

  3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирадиган қавм (ўқиб, ибрат олишлари) учун Сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳаққи-рост тиловат қилиб (сўйлаб) берурмиз.

  4. Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни, бани Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди.

  5. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдак чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиршни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз.

  6. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни, мулку-давлитлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз).

  7. Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидаи қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: "Уни эмизавергин. Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга (яна тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз".

  8. Бас, уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач), ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар.

  9. Фиръавнинг хотини (унга): "(Бу бола) мен учун ҳам, сиз учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак",

деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида

(уни бола қилиб олдилар).

  1. Мусо (даёрга оқиб кетгач), онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди.— Агар Биз ("Мусони ўзнгга қайтарурмиз", деган ваъдамизга) иймон келтиргувилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта у (Мусо ўзининг ўғли эканини) очиб қўйган бўлур эди —

  2. Ва (Мусонинг онаси) унинг опасига: "Унинг (ортидан) тушгин", деди. Бас, у

(Фиръавн хонадонидагилар) сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди.

  1. Биз аввал (Мусога барча) эмизгувчи аёлларни ҳаром қилдик (бас, у бирон аёлни эммади), шунла (унинг опаси келиб): "Мен сизларга унга кафил бўлиб, (эҳмизадиган) ва унга холис (тарибия берадиган) бир оилани кўрсатайми?", деди.

  2. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар.

  3. Қачонки у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлармиз.

  4. (Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки киши урушаётганини кўрди. (Улирдан) бири ўзнинг жамоатидан (яъни бани Исроил қавмидан) ва бири душманидан (яънч, Қибтийлардан) эди. (Бас, Мусонинг) жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб қўйди. (Сўнг қилиб кўйган ишидан пушаймон бўлиб), деди: "Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан ургувчи очиқ душмандир".

  5. (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: "Парвардигорим, дарҳақиқат, мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин". Бас, (Аллоҳ) уни мағфират қилди. Албатта Унинг Ўзигина Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.

  6. У (яна) деди: "Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман".

  7. Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, (бирон кори ҳолга) кўз тутган ҳолда кетаётган эди, баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган (бани Исроил қавмидан бўлган) кимса яна (бир қибтий билан урушаётганини ва яна) уни ёрдамга чақираётганини (кўрди). Мусо унга деди: "Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан".

  8. Энди у ўзларига душман бўлган кимсани (яъни, қибтийни) ушламоқчи бўлган эди, (Мусо энди мени урмоқчи шекилли, деб гумон қилган бани Исроилдан бўлган кимса): "Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат ер юзида жабру зулм қилгувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан", деди.


Изоҳ:Нақл қилинишича, Мусо алайҳиссалом ўртага тушиб қибтий билан исроилийни ажратиб кўйгач, бир кун илгари ўлдирилган қабиладошининг қотили Мусо эканидан хабар топган қибтий бориб Фиръави ва унинг одамларига бу ҳақда сўзлаб беради. Шунда Фиръавн Мусо алийҳиссаломни қатл қилишга амр қилиб, уни топиб келиш учун одамларни юборади. Лекин қибтийлар орасидаги бир диёнатли киши келиб, Мусони бу ҳақда огоҳлантириб қўяди. Қуйидаги оятда шу тўғрисида ҳикоя қилинади.

  1. Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: "Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган киилардандирман", деди.

  2. Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб келишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: "Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин".

  3. Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: "Шояд Парвардигорим мени Тўғри Йўлга ҳидоят қилса".

  4. Қачонки у Мадяннинг суви — қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини сувдан) тўсиб турганларини кўриб: "Сизларга не бўлди (яъни, нега қўйларингизни суғормай турибсизлар)?", деди. Улар: "Биз то подачилар (молларини) қайтармагунча суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол (яъни, қўйларимизни суғоргани кела олмас)", дедилар.

  5. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб), деди: "Парвардигорим, мен Ўзинг (ҳузурингдан) мен учун нима яхшилик (яъни, ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман".

Изоҳ:Муфассирлар ёзишларича ҳазрати Мусо алайҳиссалом Фиръавн қавмидан ёлғиз, бечора, оч ва даҳшатга тушган ҳолда қочиб чиқанларида айтдиларки: "Парвардигор, ёлғизман, хастаман, бечораман!" Шунда у кишига жавоб бўлди: "Эй Мусо, Мендек дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, Мендек табиби бўлмаган одам хастадир. Мен билан алоқасини узган кимса бечорадир!" Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло Ўз дўстларини ёлғизлатиб кўймаслиги ҳақида куйидаги оятларда ҳикоя қилинади. Мусо алайҳиссалом қўйларини суғориб берган икки қиз Шуайб пайғамбарнииг қизлари эди. Кексайиб қолган Шуайб алайҳиссалом қизларининг ҳар кунги одатларидан эртароқ қайтиб келганларидин ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини сўраганларида улар бир нотаниш йигит кўйларини суғориб берганини айтдилар. Шунда у зот қизларидан бирини Мусони чақириб келиш учун юборадилар.

  1. Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: "Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда", деди. Бас, қачонки (Мусо Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: "Қўрқмагин. Сен у золим қавмдан нажот топдинг", деди.

  2. (Қизларидан) бири: "Эй ота, уни (чорваларингни боқишга ишга) ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишоичли кишидир", деди.

  3. (Шуайб) айтди: "(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг (яъни, тўла ўн йил ишлаб берсанг) сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншаоллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан".

  4. (Мусо) деди: "Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга Вакил

  • Гувоҳдир".

  1. Энди қачонки Мусо (келишилган ўн йил) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: "Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга ундан бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам", деди.

  2. Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан — дарахтдан унга нидо қилинди: "Эй Мусо, албатта Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман.

  3. Асоингни ерга ташлагин!" Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. "Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан.

  4. Қўлингни чўнтагингга солгил, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни қўлингни) қўрқувдан (яъни агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар".

  5. (Мусо) деди: "Парвардогорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, улар мени ўлдиришларидан қўрқурман.




  1. Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман".

  2. (Аллоҳ) айтди: "Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат (яъни, ғалаба ато) қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар. Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар ҳам ғолиб бўлгувчидирлар".

  3. Энди қачонки Мусо уларга Бизнинг аниқ-равшан оят-мўъжизаларимизни келтиргач, улар: "Бу ҳеч нарса эмас, магар уйдирма-сеҳрдир. Бизлар бу нарсани ўтган ота- боболаримиз (замони)да (бўлганини) ҳам эшитган эмасмиз", дедилар.

  4. Мусо айтди: "Парвардигорим ким Ўзининг ҳузуридан ҳидоят келтирганини ҳам, (Охират) диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини ҳам жуда яхши Билгувчидир. Албатта золим кимсалар нажот топмас".

  5. Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғнчи кимсалардан деб ўиламоқдадирман", деди.

  6. У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари ҳам (Мусо даъват қилгаи Ҳақ Динга иймон келтирмасдан) ер юзида ноҳақ кибру ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизга қайтарнлмайдилар, деб гумон қилдилар.

  7. Бас, Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик ғарқ қилиб юбордик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энди Сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.

  8. Ва уларни, (ўзларига эргашган динсиз кимсаларни) дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат Кунида ҳам уларга ёрдам берилмас.

  9. Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат Кунида ҳам улар (Бизнинг раҳматимиздан) йироқ қилингувчи кимсалардандирлар.

  10. Аниқки, Биз аввалги аср-авлодларни (кофирликлари сабабли) ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд улар эслатма-ибрат олсалар.

  11. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Мусога ишни (яъни, пайғамбарликни) ҳукм қилган пайтда Сиз (Тур тоғининг) ғарб томонида (Биз Мусо билан ваъдалашган жойда турган) эмас эдингиз ва гувоҳлардан ҳам бўлган эмас эдингиз.

  12. Лекин Биз (Мусо замонидан сўнг, кўп) асрларни пайдо қилдик, бас, уларга умр- замон чўзилиб кетди (ва улар Мусога юборилган ҳукмларни унутиб юбордилар. Шунда Биз ҳукму фармонларимизни одамларга ҳаққи-рост етказишингиз учун Сизни пайғамбар қилиб юбордик). Сиз Мадян аҳли орасида тургувчи ҳам, уларга Бизнинг оятларимизни тиловат қилгувчи ҳам бўлган эмасдингиз. Лекин Биз (Сизни) Пайғамбар қилиб юборгувчи бўлдик (бас, Сиз Бизнинг ваҳийларимиз воситасида Мусо тўғрисида ҳам, Мадян шаҳрининг аҳли ҳақида ҳам хабардор бўлдингиз).

  13. Биз (Мусога) нидо қилган пайтда Сиз Турнинг ёнида бўлган эмас эдингиз. Лекин (Сиз) Парвардигорингиз томонидан раҳмат бўлиб, Сиздан илгари бирон огоҳлантиргувчи келмаган бир қавмни огоҳлантириш учун (Пайғамбар қилиндингиз). Шояд улар эслатма-ибрат олсалар.

  14. Агар уларга ўз қилмишлари сабабли бирон мусибат бало етганида: "Парвардигоро, бизларга пайғамбар юборганингда эди, Сенинг оятларингга эргашар ва иймон келтиргувчилардан бўлур эдик, дейишмаса эди (Биз сизни уларга пайғамбар қилиб юбормас эдик).

  15. Энди қачонки уларга бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбар) келгач эса улар: "Унга (яъни, Муҳаммадга) ҳам Мусога берилган мўъжизалар берилганида эди (бизлар унга эргашган бўлардик)", дедилар. Ахир улар илгари Мусога берилган мўъжизаларга ҳам кофир бўлмаганмидилар?! Улар: "(Таврот ва Қуръон) бир-бирини қўллаб- қувватлайдиган икки сеҳрдир", дедилар, ва: "Бизлар (бу икки Китобдан) ҳар бирига кофирдирмиз", дедилар.

  16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "У ҳолда агар ростгўй бўлсанглар сизлар Аллоҳ хузуридан у икки (Китобдан) кўра тўғрироқ бўлган бирон китоб келтиринглар, мен унга эргашурман".

  17. Энди агар улар Сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат хавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган холда ўз хавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас

  18. Аниқки, Биз эслатма-ибрат олишлари учун уларга Сўзни Қуръонни улаб (яъни,

пайдар-пай нозил қилдик).

  1. Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни, яҳудий ва насронийлар орасидаги мўъминлар) унга (яъни, Куръонга) иймон келтирурлар.

  2. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: "Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиз томонидан бўлган ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни, Аллоҳни Ягона билиб бўйсунувчилар) эдик", дерлар.

  3. Ана ўша зотларга (дину иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр- мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни, сабр-тоқат) билан ёмонликни (яъни, кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эхсон қилурлар.

  4. Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: "Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз", дерлар.

  5. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир.

Изоҳ:Ушбу оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳиссаломни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача энди у зотга ҳомийлик қилган бўлса- да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидаи ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳим Абу Толибга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳиссалом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: "Эй амаки, "Ла илаҳа илла Аллоҳ" денг, мен Қиёмат Кунида сизни мўъмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай", деганларида, у: "Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: "Абу Толиб ўлимдан кўрқиб иймон келтирди", дейишларини хоҳламайман", деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган Пайғамбарига ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган

  1. Улар (яъни, Қурайш кофирлари: "Эй Муҳаммад), агар бизлар сен билан бирга Тўғри Йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз (яъни, бошқа араблар бизларга душман бўлиб қолиб, ўз юртимиздан кувиб чиқарурлар)", дедилар. Ахир Биз уларга тинч- осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар.

  2. Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Мана ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларни мулку диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик.

  3. Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шахарларнинг маркази (Маккайи мукаррама)да Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир пайғамбарни юбормагунича у (қишлоқ-шаҳарларии) ҳалок қилгувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шахарларни фақат уларнинг аҳолиси золим кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик.

  4. Сизларга берилган нарсалар фақат (ўткинчи) ҳаёти дунёнинг мато ва зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (ажру-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!

  5. Ахир Биз гўзал ваъда (жаннат) ваъда қилган, бас, унга эришган киши, Биз (ўткинчи) хаёти дунё матосидан (озгина) фойдалантириб, сўнгра Қиёмат Кунида (мангу азобга) дучор қилингувчилардан бўлган кимса каби бўлурми?!

62-63. (Эсланг, Аллоҳ Қиёмат) Кунида уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон қилгувчи бўлган "шерикларим" қаерда қолишди?!", деганида, устларига Сўз — азоб тушиши хақ-муқаррар бўлган кимсалар (яъни, одамларни Хақ Йўлдан оздирган доҳийлар):"Парвардигоро, ана у бизлар йўлдан оздирган кимсаларни ҳам ҳудди ўзимиз йўлдан озган каби йўлдаи оздиргандирмиз (яъни, бизлар ҳам, барчамиз ўз ихтиёримиз билан озгандирмиз). Бизлар Сенга оқдирмиз (яъни, уларчнинг йўлдан озишларига айбдор эмасмиз). Улар бизларга ибодат қилгувчи бўлмаганлар, (балки ўз ҳавойи нифслирига ибодат қилганлар)", дерлар.

  1. Уларга: "Бутларингизга дуо-илтижо қилинглар, (мана энди сизларга ёрдам берсинлар)", дейилиб, уларга дуо-илтижо қилганларида (бутлар) жавоб қилмаслар ва улар азобни кўрурлар. Агар улар ҳидоят топсалар эди (бундай азобни кўрмаган бўлур эдилар).

  2. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: "Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?", дейдиган Кунда

  3. Ўша Кунда уларга хабарлар (яъни, ўзларини оқлайдиган баҳонаю сабаблар) кўринмай қолур, бас, (даҳшат ва қўрқувга тушиб) бир-бирларидан ҳам сўраша олмаслар.

  4. Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки, ана ўша (киши) нажот топгувчилардан бўлур.

  5. Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.

  6. Парвардигорингиз уларининг диллари яширган нарсаларини — сирларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини — сўзларини ҳам билур.

  7. У (Ёлғиз) Аллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Аввалу охирда (яъни, Дунею охиратда) ҳамду сано (Ёлғиз) Унинг учундир. Ҳукм Унинг (ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.




  1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Хабар берингизчи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат Кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?!"

  2. Айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни Қиёмат Кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?!

  3. (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни — унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат — марҳаматидандир.

  4. (Эсланг, Аллоҳ Қиёмат) Кунида уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон қилгувчи бўлган "шерикларим" қаерда қолишди?", дер.

  5. Биз (у Кунда) ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) чиқариб, (уларга "Аллоҳ ёлғиз эмас", деб келтирган ширкларингиз ҳақ бўлса, қани) ҳужжат- далилларингизни келтиринглар-чи", дедик. Бас, улар (худолик) ҳаққи-хуқуқи (Ёлғиз) Аллоҳники эканини билдилар ва ўзлари тўқиб олган "худолари" эса улардан ғойиб бўлди.

76-77. Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: "Ховлиқмагин. Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) Охират диёрини (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас", деганларида;

  1. У: "Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас"), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар- авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!

  2. Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: "Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди?! Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир", дедилар.

  3. Илм маъфират ато этилган кишилар эса: "Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У (савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эргашурлар", дедилар.

  4. Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади.

  5. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилган кимсалар: "Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб (Ўзи хоҳлаган бандаларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) ютдирган бўлур эди. Воажаб, кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да", деб қолдилар.

  6. Биз ўша Охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир.

  7. Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун (қилган яхшилигадн) яхшироқ (мукофот бўлур). Ким ёмонлик билан келса, бас, ёмонликлар қилган кимсалар фақат ўзлари қилган ёмонликлари билангина жазоланадилар.

  8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Сизга (ушбу) Қуръонни (яъни, уни тиловат қилишни, унга амал қилишни ва уни умматларингизга етказишни) фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни бир қайтадиган жойга (Маккага) қайтаргувчидир. (Мушрикларга) айтинг: "Парвардигорим Тўғри Йўл (Ҳақ Дин) билан келган кишини ҳам, очиқ-равшан залолатдаги кимсани ҳам жуда яхши Билгувчидир".

Изоҳ:Муфассирлар ёзишларича, ушбу оят Пайғамбар алийҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, йўлда Жуҳфа дқган жойга қўниб, ўзлари ташлаб чиқиб кетаётган ватанлари Маккани кўмсаган вақтларида нозил бўлган экан.

  1. Сиз ўзингизга Китоб — Қуръон туширилишидан умидвор ҳам бўлган эмасдингиз. Фақат Парвардигорингиз томонидан раҳмат-марҳамат бўлиб (Сизга Қуръон нозил қилинди). Бас, Сиз ҳаргиз кофир кимсаларга ёрдамчи бўлманг!

  2. Ва Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан сўнг ҳаргиз улар Сизни оятларга амал қилишингиздан) тўсмасинлар! Сиз (одамларни ҳам Ёлғиз) Парвардигорингизга (ибодат қилишга) чорланг ва ҳаргиз мушрик кимсалардан бўлманг!

  3. Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Юзи — Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.



  1. 1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   119


написать администратору сайта