Еш физиологияси. збекистон республикаси олий ва рта махсус таълим вазирлиги тошкент кимётехнология институти
Скачать 0.9 Mb.
|
2. Энергия алмашинуви. Организм ҳаёт фаолияти учун муҳим моддалар. Овқат моддалари таркибига оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал тузлар, сув ва витаминлар киради. Асосан, оқсиллар, ёғлар ва углеводлар энергия ҳосил қилади, қолганлари ҳосил қилмайди. Оқсиллар, ёғлар, углеводларнинг кислород билан оксидланиб парчаланиши натижасида энергия ҳосил бўлиши энергия алмашинуви дейилади. Оқсилларнинг аҳамияти. Оқсил инсон озиқасидаги асосий қисм бўлиб, организмнинг пластик функцияси ва қувватини оширади. Оқсил ҳужайранинг асосий таркибий қисмини ва ҳужайралараро тизимини ташкил қилади. Оқсил умумий тана оғирлигининг 16-17 % ини ташкил қилиши, қурувчи қисм сифатида унинг аҳамияти биринчи даражали эканлигини кўрсатади. Асосий ҳаётий жараёнлар оқсил билан боғлиқ бўлиб, улар организмнинг кўпайиш ва ўсиш қобилияти, сезувчанлик, моддалар алмашинуви, қисқариш ҳаракатининг турли кўриниши ва бир қанча фаолиятига эгадир. Оқсил катализатор - тезлаштирувчи вазифасини бажаради. Оқсил болалар организмида иммунитет ҳосил бўлишида қатнашади. ДНК ва РНК таркиби оқсил молекулаларидан тузилганлиги ҳозирги замон генетик ахборот берилишини кўз олдимизга келтиради. Оқсил моддалар энергияси сарфланиши жараёнида ҳам қатнашади. Оқсиллар аминокислоталардан тузилган 20 та аминокислотадир. Уларни 10 таси алмаштириб бўлмайдиган - энг зарур (лизин, триптофан, гистидин, метионин, треонин, лейсин, изолейсин, валин, систоин, фенилаланин) аминокислоталардир. Қолган 10 таси алмаштириш мумкин бўлган аминокислоталардир. Оқсиллар молекуласидаги аминокислоталар сонига қараб, 2 хил бўлади: сифатли ва сифатсиз оқсиллар. Сифатли оқсиллар таркибида юқорида кўрсатилган 10 та алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар мавжуд. Оқсил таркибидаги аминокислоталар (айниқса организм синтез қилиши мумкин бўлмаган аминокислоталар) сонига қараб, биологик қиймат қўйилади. Болалар овқатида аминокислоталарни нотўғри мувозанатлаш, алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталарнинг бирор-бир таъсирининг етишмаслиги организм ривожланишига салбий натижа бериши мумкин. Ҳозирча озиқ-овқатларда 26 хил аминокислоталар учрайди. Аминокислоталарнинг биологик қийматини белгиловчи мезон - бу уларнинг бир комплексда бўлиши ва уларсиз организмда оқсил синтези бўлиши мумкин эмаслигидадир. Оқсиллар алмашинуви жараёнида оқсиллар организмда кислород иштирокида оксидланиб, парчаланади, ўзидан энергия ажратади. 1 г. оқсил парчаланганда 4.1 ккал. энергия ажратади. Гистидин - гемоглобин ҳосил бўлишида муҳим роль ўйнайди. Қон томирларини ўтказиш қобилиятига таъсир қилувчи моддаларни гистаминларни ҳосил қилади. Ёғларнинг аҳамияти. Ёғ оқсил сингари асосий озиқа моддадир, аммо унинг қуввати оқсилдан 2,5 марта кучлидир. Ёғ организмнинг меҳнат фаолиятини тўғри йўлга қўйилишида катта аҳамиятга эга. 1 г ёғ куввати 9 ккал га тенг келади, 1 г оқсил ва 1 г карбонсув фақат 4 ккал кучга эга. Ёғлар ҳужайралар таркибига киради. Ҳужайра функциясида ёғнинг аҳамияти катта. У моддалар алмашинувида қатнашиб, оқсил, минерал моддалар ва витаминларнинг организмга сингишига ёрдам беради. Ёғ таркибига физиологик аҳамияти юқори бўлган фосфатидлар, кўп тўйинмаган ёғ кислоталари киради. Ёғ билан бирга организм ёғда эрийдиган витаминлар билан таъминланади. Нерв тўқимаси ва бош мия ярим шарларида фосфатидларнинг кўплиги аниқланган. Фосфатидлар организмда, жигар ва қонда қисман синтезланади. Ўсимлик мойи, тухум, сариёғ каби ёғ моддалар фосфатидлар манбаи ҳисобланади. Кўп тўйинмаган ёғ кислотаси ( КТЁК) - линол, линолен, арахидон организмда синтез бўлмайдиган, ҳаёт учун зарур бўлган моддалардан бири. Бириктирувчи тўқима ва хужайра қобиғининг ҳосил бўлиши линолен моддасига боғлиқ. КТЁК қон томир деворига таъсир қилиб, унинг эластиклигини оширади, ўтказувчанлигинн камайтиради ва организмнинг ҳимоя кучини оширади. Болалардаги КТЁКга бўлган талаб катталарникига нисбатан кўп, масалан, катта ёшдагиларда КТЁК кунлик меъёри рациондаги кунлик куч қийматининг 1 фоизини ташкил қиладиган бўлса, болаларда 2 фоиздан кам бўлмаслиги зарур. Углеводларнинг аҳамияти. Углеводларнинг физиологик аҳамияти уларнинг энергетик хусусияти билан аниқланади. Ҳар қандай физиологик ҳолатда углеводларга бўлган эҳтиёж кўпроқ. Углеводлар ҳужайра ва тўқима таркибида бўлиб, пластик ва куч ролини бажаради. Ҳужайралар ва тўқималараро моддалар мураккаб углеводлардан иборат. Мия ярим шарларининг тўғри вазифа бажариши, мускул иши, жигар ва буйракда борувчи мураккаб реакциялар углеводлар ҳисобига амалга ошади. Қисқа вақт ичида оз миқдорда қон таркибидаги глюкоза миқдорининг ўзгариши нерв системасига боғлиқ бўлган организмдаги бир қанча функцияли бузилиш билан намоён бўлади. Углеводлар организмда турли кўринишда оддий моносахаридлар, дисахарид, полисахарид, эркин ҳолатда, қолаверса липид, микроэлементлар ва оқсиллар билан мураккаб комплекслар ҳосил қилган ҳолда учрайди. Углеводлар жигар ва мушакларда гликоген тўрда тўплам ҳосил қилади. Гликоген полисахаридларга киради. Дисахаридлар ва полисахаридлар ичакда моносахаридларнинг оддий бирикмаларига қадар парчаланади ва қонга сўрилади. Улар дарвоза вена бўйлаб жигарга тушади, бу ерга глюкозадан гликогенга синтезланади ва оқибат натижада моддалар алмашинувида қатнашади. Бир кунда сарфланган энергиянинг ярмидан кўпи углеводлар ҳисобига қопланади. Организм углеводларга айниқса, мушак иши пайтида эҳтиёж сезади. Углеводлар тана, юрак мушаги, шунингдек, самарали ақлий меҳнат учун зарур бўлади. Овқатланиш тўғри ташкил қилинганда, сутка мобайнида ўсмир 438-500 грамм углевод истеъмол қилиши керак. Витаминларнинг аҳамияти. Витаминлар ҳам ёғлар, оқсиллар, углеводлар, минерал тузлар, сув каби организм учун зарур бўлган озиқа моддалардан ҳисобланади. Рус олими Н.И. Лунин (1853-1938) 1880 йилда организм учун зарур бўлган моддалардан бири витаминлар эканини биринчи бўлиб исботлади. 1912 йилда К. Функ томонидан улар витаминлар деб номланди (вита-ҳаёт деган маънони англатади). Витаминларнинг 40 дан ортиқ тури бўлиб, улар организмнинг ўсишига, модда алмашинувига, иммун ҳолатига, юрак ва қон-томир, нерв тизимининг иш фаолиятига таъсир кўрсатади. Агар бирор витамин организмга мутлақо кирмаса авитаминоз, етишмаса гиповитаминоз, меъёридан ортиб кетса гипервитаминоз дейилади. Ҳар бир витамин турли хил вазифани бажаради. Ўсмирнинг овқатланиши витаминлар жиҳатидан ҳам тўла сифатли бўлмоғи керак. Витаминлар организмнинг нормал ўсиши, ривожланиши ва ҳаёт фаолияти учун зарур. Улар алмашинув жараёнларини рағбатлантирувчи ва бошқарувчилар сифатида, айниқса, ассимиляция жараёнида катта аҳамиятга эга. Витаминлар меҳнат қобилиятини ва организмнинг турли касалликларга ва ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига нисбатан чидамлилигини оширади. Организм учун айниқса, витамин А, В1 В2 РР, В6, С ларнинг аҳамияти жуда муҳим. Овқатда витаминлар етарли бўлмаганда, одам жуда жаҳлдор бўлиб қолади, салга чарчайди, иштаҳаси ва меҳнат қобилияти пасаяди, баъзан оғир касалликлар келиб чиқади. Бироқ, шуни билиш керакки, витаминларни, айниқса, витамин препаратларини ортиқча миқдорда истеъмол қилиш ҳам жуда зарарли. Витамин А- организмнинг ўсиш ва ривожланиш витамини. Ўсмир овқати таркибида витамин А ёкикаротиннинг бўлмаслиги (у овқат билан организмга тушиб, жигарда витамин А га айланади), кўз касаллиги - шапкўрлик пайдо қилади, организмнинг юқумли касалликларга нисбатан қаршилигини сусайтиради, бу витаминсиз юз ва қўл териси ғадир-будир бўлиб қолади, дағаллашади, сочлар хиралашиб, тўкилади. Витамин А сут ёғларида, сариёғда, тухум сариғида, сутда, балиқ мойида, жигарда, сабзида, помидорда, қовоқда, ўрикда, хурмода, салатда, исмалоқ ва наъматакда кўп бўлади. Минерал моддалар.Минерал моддаларсиз организм яшай олмайди. Улар худди оқсиллар каби муҳим қурилиш материали ҳисобланади, скелет суякларининг тузилишида, тиш тўқималарининг шаклланишида иштирок этади. Минерал тузлар организмдаги биологик суюқликлар осмотик босимини маълум даражада тутиб туриш, организмда кислота-ишқор мувозанатини бошқариш учун зарур бўлади. Бир қатор ҳаётий жараёнлар фақат минерал моддалар иштирокида содир бўлади. Ўсмирлик ёшидаги организмнинг минерал тузларга бўлган эҳтиёжи катта ёшлиларга нисбатан катта. Бунга организмнинг тез ўсиши ва шаклланиши, шунингдек, моддалар алмашинувининг жуда жадал кечиши имкон беради. Минерал тузлар иккига: макроэлементлар ва микроэлементларга бўлинади. Макроэлементларга - натрий, хлор, кальций, фосфор, калий, темир киради. Булар қон, ҳужайра, айниқса, суяклар таркибида кўп миқдорда бўлади. Микроэлементларга - рух, марганец, кобальт, мис, алюминий, фтор, йод киради. Булар қон, ҳужайра ва суяклар таркибида оз микдорда бўлади. Йод - микроэлементлари етишмаслигидан эндемик касалликлари келиб чиқади. Йоднинг физиологик аҳамияти қалқонсимон без фаолиятига бўлган ижобий ва салбий таъсири билан характерланади. Организмда йод етишмаслиги қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши ва бўқоқ пайдо бўлишига сабаб бўлади. 3. Айрув органларининг ички муҳит организм фаолиятидаги аҳамияти ва хусусиятлари. Тирик организм ички муҳит барқарорлигини сақлаш учун, организмга кирган озиқа моддалар, сув, ҳаво ва бошқа моддаларнинг алмашиниш қолдиқларини ташқи муҳитга чиқариб туриши шарт. Чунки моддалар алмашинуви қолдиқлари сийдикчил, сийдик кислота, креотинин ва шунга ўхшаш моддалар бўлиб, миқдори қонда ортиб кетса, организм заҳарланади. Организмдан ташқарига ажралувчи чиқинди моддаларни экскретлар деб аталади. Ажратувчи органларни экскретор дейилади. Экскретор органларга нафас йўли, тери, ичак йўли ва буйрак киради. Ўпка орқали карбонат ангидрид, қисман сув, эфир, хлороформ ва енгил учувчи газлар ажралади. Тери орқали қисман сув, тузлар, микроэлементлар, азот алмашиниш қолдиқлари ва сийдикчил моддалар ажралади. Тери одам танасини ташқаридан қоплаган аъзо бўлиб, у организмни ҳимоя қилади ва турли физиологик фаолиятларни бажаради. Терининг сатҳи одамнинг ёши, жинсига қараб 1,5-2,0 м2 чамасида ўрта ҳисобда 1,73 м2 бўлади. У эпидермис, дерма ва тери ости, ёғ қатламларидан иборат. Тери қон, лимфа томирлари ва нерв учларига бой. Организмнинг баъзи аъзо ва тизимлари билан алоқадор. Тери ҳимоя, сезувчи, нафас, сўриш, тана ҳароратини идора этиш, алмашиниш, қоннинг қайта тақсимланиши жараёнларида иштирок этади. Ҳазм йўли орқали эса, ҳазм бўлмаган озиқа моддалардан ташқари, оғир метал тузлари, қисман сув, баъзи дориларнинг ва органик бўёқларнинг қолдиқлари ажралади. Буйрак орқали эса организмдан, ортиқча сув, тузлар, минерал моддалар, тўқима ва ҳужайраларда модда алмашиниш қолдиқлари, сийдик кислотаси, мочевина, креотинин ва истеъмол қилинган дори қолдиқлари ажралади. 4. Буйракнинг тузилиши ва функционал аҳамияти. Буйрак фаолияти фақат қолдиқ моддаларни ташқарига чиқариб ташлашдан иборат эмас. Бундан ташқари бир неча ҳаётий муҳим вазифаларни бажаришда иштирок этади: қон ва бошқа ички муҳит суюқликларининг ҳажм мувозанатини сақлашда; бу суюқликларни осматик мувозанатини сақлашда; кислота - асос мувозанатини сақлашда; қонда микдори ортиб кетган органик моддаларнинг ортиқчасини чиқариб ташлашда; оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинувида; қон босими, эритроцитларнинг ҳосил бўлиши, қоннинг ивиши ва бошқа жараёнларда иштирок этади. Буйрак болаларда катталардагига қараганда пастроқда туради, шунда ҳам ўнг буйрак чап буйракка қараганда сал пастроқда жойлашган. Буйрак тузилишига кўра ловияга ўхшайди. Буйрак кесиб кўриладиган бўлса, унда икки қават борлиги кўзга ташланади: ташқи - пўстлоқ қавати ва ички - мия (мағиз) қавати борлиги кўзга ташланади. Буйрак структураси нефронлар деб аталадиган жуда майда, микроскоп тузилишига эга бўлган, сийдик ҳосил бўлишида мустақил қатнашувчи мураккаб тузилмалардан иборат. Нефрон буйрак тузилишининг функционал бирлиги бўлиб, бир неча қисмдан иборат бўлади. Буйракнинг пўст қаватида Шумлянский капсуласи бўлади. Бу капсула қўшалоқ деворли ниҳоятда кичик (микроскопик) косачадан иборат. Косача деворлари бир қават ҳужайралардан тузилган. Капсуладан каналча бошланади, бу каналча буралиб-буралиб, мағиз қаватига тушади. Каналчанинг мана шу қисми, бирламчи буралма каналча дейилади. Буйракнинг пўст қаватида каналча тўғриланиб, Генли қовузлоғини ҳосил қилади, сўнгра мағиз қаватидан яна пўст қаватига қайтади. Пўст қаватида яна каналча буралиб-буралиб, иккиламчи бурама каналчани ҳосил қилади, бу каналча чиқариш йўлига қуйилади. Чиқариш йўллари пўст ва мағиз қаватлари орқали ўтиб, буйрак жомларига йиғилади. Буйрак жомлари эса сийдик йўлларига, сийдик йўллари эса қовуққа қуйилади. Шумлянский капсуласига артериал томирча киради, қон келтирувчи томирча деб аталадиган бу томир капсула бўшлиғида капилярларга бўлиниб, Мальпигий коптокчасини ҳосил қилади. Мальпигий коптокчасида босим ортиқроқ бўлади. Шунинг натижасида, қон таркибидаги сув, минерал тузлар, айрим оқсил бирикмалари капсула деворидан силқиб ўтади. Бу жараённи фильтрланиш жараёни дейилади. Фильтрланиш натижасида ҳосил бўлган суюқликни дастлабки сийдик дейилади. Дастлабки сийдик таркибий қисмига кўра қон плазмасига яқин туради. Шунинг учун дастлабки сийдик бирламча иккаламчи бурама найлардан ўтиш жараёнида, най деворларидаги қон капиллярларига организмга зарур бўлган моддалар (сув, аминокислоталар, минерал тузлар ва бошқа моддалар) қайтадан сўрилади. Бу жараённи реабсорбция жараёни (қайта сўрилиш) дейилади. Шу йўл билан қон осматик босими ва таркибий қисми мувозанати сақланади. Ҳаётни биринчи йили мобайнида, сийдик ажралиш ғайри ихтиёрий суратда бўлса, кейинчалик эса, бошқарувчи нерв механизмлари етилиб, тарбия берилган сайин, сийдик чиқариш акти ихтиёрий бўлиб қолади. Бироқ, тунда сийдикни тута олмаслик одати баъзи болаларда сақланиб қолади. Болаларда сийдик тута олмаслик касалини эниурез касаллиги дейилади. Эниурез касаллиги туғма ёки ҳаётда орттирилган бўлиши мумкин. Ҳаётда орттирилганларига сабаб, кўпинча буйракни, қовуқни ва сийдик йўлларини шамоллаши билан боғлиқ бўлади. Шунинг учун, болани йўргаклаганда, белаганда тагини хўл бўлиб қолмаслик эҳтиёт чораларини кўриш зарур. Мавзу бўйича таянч сўзлар. Моддалар алмашинуви, энергия алмашинуви, ассимиляция ва диссимиляция жараёни, оқсиллар, углеводлар, ёғлар, витаминлар, минерал моддалар, экскретлар, нафас йўли, тери, ичак йўли ва буйрак, ташқи-пўстлоқ, ички-мия, нефронлар, Мальпигий коптокчаси, реабсорбция, эниурез. Мавзу бўйича фойдаланилган адабиётлар. Клемешева Л.С. “Возрастная физиология и гигиена”. Учеб. пособие. Тошкент. “Ўқитувчи”, 1991 г. Клемешева Л.С., Эргашев М.С. “Ёшга оид физиология”. Ўқув қўлланма. Тошкент. “Ўқитувчи”, 1991 й. Махмудов Э. “Ўсмирлар физиологияси”. Ўқув қўлланма. Тошкент. 1985 й. Содиқов Қ., Арипов С.Х., Шахмурова Г.А. “Ёш физиологияси ва гигиенаси”. Дарслик. Тошкент, “Янги аср авлоди”. 2009 й. Содиқов Қ.С. “Ўқувчилар физиологияси ва гигиенаси” Тошкент. “Ўқитувчи” 1992 й. Хрипкова А.Г., Антропова М.В., Фарбер Д.А. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” М. Просвешение 1990 г. Аминов Б., Тиловов Т. “Одам ва унинг саломатлиги”. Ўқув қўлланма. Тошкент. 1995 й. Антропова М.В. “Болалар ва ўсмирлар гигиенаси”. М.Медицина. 2002 й. Интернет сайти: www.ziyo.net.uz Интернет сайти: www.FIZIOLOGIYA.ru Мавзу бўйича назорат саволлари. Моддалар алмашинуви деганда нимани тушунасиз? Ассимиляция ва диссимиляция жараёнига изоҳ беринг. Энергия алмашинуви деб нимага айтилади? Организм ҳаёт фаолияти учун муҳим моддалар. Оқсиллар ва ёғларнинг аҳамияти. Углеводларнинг аҳамияти. Витаминлар ва минерал моддалар аҳамияти. Айрув органларининг ички муҳит организм фаолиятидаги аҳамияти ва хусусиятлари. Айрув органларига нималар киради? Буйракнинг тузилиши ва функционал аҳамияти. Дастлабки сийдик ҳосил бўлиш жараёнини тушунтиринг. Эниурез касаллигини келиб чиқиш сабабларини тушунтиринг. |