Главная страница
Навигация по странице:

  • ТОШКЕНТ КИМЁ-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ

  • ЁШ ФИЗИОЛОГИЯСИ ВА ГИГИЕНАСИ фаниданМаърузалар матни Тошкент–201 5

  • 1 – М

  • 3. “Ёш

  • Мавзу бўйича таянч сўзлар.

  • Мавзу бўйича фойдаланилган адабиётлар

  • Мавзу бўйича назорат саволлари.

  • Еш физиологияси. збекистон республикаси олий ва рта махсус таълим вазирлиги тошкент кимётехнология институти


    Скачать 0.9 Mb.
    Названиезбекистон республикаси олий ва рта махсус таълим вазирлиги тошкент кимётехнология институти
    АнкорЕш физиологияси
    Дата27.04.2022
    Размер0.9 Mb.
    Формат файлаdoc
    Имя файлаb3-yosh-fiziologiyasi-va-gigiyenasi-mm.doc
    ТипДокументы
    #499573
    страница1 из 8
      1   2   3   4   5   6   7   8

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
    ТОШКЕНТ КИМЁ-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ


    «ТАСДИҚЛАЙМАН»

    Ўқув ишлари бўйича ректор муовини

    _________ проф. Эминов А.М.

    «____» ____________ 2010 йил


    ЁШ ФИЗИОЛОГИЯСИ ВА ГИГИЕНАСИ
    фанидан
    Маърузалар матни

    Тошкент–2015

    «Касб таълими» кафедра мажлисида муҳокама қилинган ва тасдиқланган

    Кафедра мудири ______ доц.Канглиев Ш.Т.

    № ___________

    “ ” ______ 2015 йил.

    “Менежмент ва Касб таълими” факультети илмий-услубий кенгашида

    мухокама этилган ва тасдиқланган

    Декан ________ проф. Хамроқулов Ғ.Х.

    № - сонли баённома

    “__” ___ 2015 йил.
    ТКТИ илмий-услубий Кенгашида мухокама этилган ва тасдиқланган

    № ___ - сонли баённома

    “____” __________ 2015 йил.


    Тузувчилар: доц. Канглиев Ш.Т.

    асс. Каримова М.Р.
    Тақризчи: ТАҚИ “Касбий педагогика”

    кафедраси мудири, п.ф.н. доцент

    Абдуллаева Ш.Ш.
    Мундарижа





    Мавзулар номи

    Бети

    1

    Маъруза

    Ёш физиoлoгияси вa гигиeнaси фaнининг предмети, мақсад ва вaзифaлaри. Инсоннинг ёш даврлари босқичлари.

    4

    2

    Маъруза

    Қон системаси. Юрак-томир системаси.

    12

    3

    Маъруза

    Нафас олиш системаси.

    20

    4

    Маъруза

    Овқат ҳазм қилиш системаси.

    26

    5

    Маъруза

    Моддалар ва энергия алмашинуви. Айрув системаси.

    31

    6

    Маъруза

    Гормонал системасининг хусусиятлари.

    38

    7

    Маъруза

    Нерв ва мушаклар физиoлoгияси

    46

    8

    Маъруза

    Сезиш органларининг физиологияси ва гигиенаси.

    54

    9

    Маъруза

    Физиология ва жисмоний маданият.

    62

    1 – Мaвзу: Ёш физиoлoгияси вa гигиeнaси фaнининг предмети, мақсад ва вaзифaлaри. Инсоннинг ёш даврлари босқичлари.
    РEЖA:
    1. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг предмети, мақсад ва вазифалари.

    2. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг аҳамияти.

    3. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг ривожланиш тарихи.

    4. Инсоннинг ёш даврлари босқичлари.
    1. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг предмети, мақсад ва вазифалари.

    Физиология фани биология фанларининг муҳим тармоқларидан бўлиб, организм, ундаги аъзолар, тўқималар ҳужайралар, ва ҳужайра структураси элементларининг функцияларини ташқи муҳитга боғлаб, ҳар томонлама чуқур ўрганади.

    “Физиология” сўзи грекча сўз бўлиб, “табиат” ва “билим” деган маънони англатади. Физиология анатомия фани билан чамбарчас боғлиқдир, чунки анатомия аъзоларнинг тузилишини уларнинг вазифасига боғлиқ ҳолда шаклланиб боришини ўрганса, физиология фани органлар ва организм ҳаёти жараёнларини ўрганиш билан шуғулланади. Физиология фани ҳамиша физика, кимё қонунларига таянади, организм ва ҳар бир ҳужайра фаолияти физик ва кимёвий жараёнлар асосида содир бўлади. Физиология кўп тармоқли фан бўлиб, меҳнат физиологияси, жисмоний тарбия физиологияси, овқатланиш физиологияси, ёш физиологияси ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади.

    Ёш физиологияси турли ёшдаги организмларнинг ривожланиш жараёнида органлар тизими ва бутун организмда содир бўладиган ўзгаришларни ўзига хос ёш хусусиятларини ўрганади. Бола организми катта одам организмидан тубдан фарқ қилади. Демак, бола организми фақат катта одам қолипи бўлмай, балки ҳажми, физиологик хусусиятлари ва ташқи муҳитга мослашиши билан фарқ қилади. Болалар ва ўсмирлар физиологиясининг асосий ўрганадиган объекти болалардир. Бинобарин, педагоглар таълим тарбия ишларини ёш физиологияси маълумотларига асосланган ҳолда олиб боришлари мухим аҳамиятга эга. Ўқув юртларида жисмоний тарбия, меҳнат дарсларида, ижтимоий – фойдали меҳнатда, соғломлаштириш ишларида болалар ва ўсмирларнинг анатомо-физиологик хусусиятлари албатта ҳисобга олиниши керак.

    Ўсиб ривожланиб келаётган организм саломатлигини, жисмоний ва ақлий қобилиятини баҳолаш, соғлом ҳаёт кечириш асосларини аниқлаш ёш физиологияси илми ютуқларига боғлиқ. Шунинг учун ёш физиологияси илми ижтимоий аҳамиятга эгадир.

    Ёш физиологиясининг вазифаси ўсиш ва ривожланиш қонуниятларини очиб бериш, бир бутун организм, унинг тизимлари, органлари тўқималари ва ҳужайраларини ишлаш хусусиятларини турли ёшга алоқадор даврларда аниқлашдир. Ёш физиологияси организмнинг индивидуал ривожланиш жараёнида функциялар эволюциясини кузатиб боради, физиологик жараёнларни ўзаро муносабатлари ва улар ўртасидаги боғланиш сабабларини аниқлайди. Шу билан бирга юксак даражада тузилган материя, яъни бош мия пўстлоғининг органлар ва умуман бутун организм фаолиятида етакчи роль ўйнашини тушуниб олишга ёрдам беради. Ўсиб ривожланиб келаётган бола организмининг турли даврларида, ҳар хил орган ва тизимларнинг фаолияти бир қатор ўзига хос хусусиятлар билан ҳарактерланади.

    “Гигиена” тушунчаси грекча сўз бўлиб, “фойдали” деган маънони билдиради. У ташқи муҳит омилларининг (кимёвий, физикавий, ижтимоий ва ҳоказо) инсон саломатлигига таъсирини ўрганадиган ва олинган маълумотларга таянган ҳолда ташқи муҳитни соғломлаштириш, инсон соғлиғини мустаҳкамлашнинг меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқадиган, айниқса, юқумли касалликларнинг олдини оладиган, ишлаш қобилятини оширадиган, умрни узайтириш тадбирларини ишлаб чиқадиган фандир. Гигиена инсон билан атроф-муҳитнинг узвийлигини таъминлайди. Муҳит соғлом бўлмай туриб, тан-соғлиқни таъминлаш қийин. Шу маънода гигиена табиий-ижтимоий муҳит, борлиқнинг одам организмига ижобий ва салбий таъсирини ҳам ўрганади, тавсиялар беради. Гигиена фани тавсиялари амалиётга санитария (лотинча сўз бўлиб, “соғлиқ” деган маънони англатади) муассасаси томонидан жорий қилинади, гарчи улар орасида мустаҳкам боғланиш бўлса ҳам уларнинг вазифаларини ажрата билиш лозим. Буюк физиолог олим И.П. Павлов: “Замонавий тиббиёт касалликларнинг ҳамма сабабларини билиб олгандагина келажак тиббиётга, яъни кенг маънодаги гигиенага айланади” деб беъжиз айтмаган. Гигиена фани болалар ва ўсмирлар гигиенаси, коммунал гигиена, овқатланиш гигиенаси, меҳнат гигиенаси ва гигиенага оид бошқа фанларни ўз ичига олади.

    Болалар ва ўсмирлар гигиенаси гигиена фани соҳаларидан бири бўлиб, ташқи муҳит омилларининг бола организмига, унинг ҳаёт фаолияти, таълим тарбиясига таъсирини ўрганади ва ўсаётган авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда жисмоний ва маънавий жиҳатдан бекаму-кўст ривожланиши учун зарур бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

    Болалар ва ўсмирлар гигиенасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

    1. Болалар ва ўсмирлар соғлиғини сақлаш;

    2. Болалар ва ўсмирлар фаолияти гигиенаси;

    3. Ташқи муҳит гигиенаси;

    4. Болалар ва ўсмирлар овқатланиш гигиенаси;

    5. Болалар ва ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш;

    6. Психогигиена.

    “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг бошқа фанлар билан алоқаси.

    “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фани анатомия, гистология, цитология ва бошқа барча тиббиёт шунингдек, педагогика фанларига яқиндан боғлиқ. Иш жараёнида Ёш физиологияси ва гигиенаси умумий гигиена, умумий физиология, микробиология, эпидемиялогия, биокимё, болалар ва ўсмирлар руҳияти, педагогика тавсиялари ҳамда ютуқларидан фойдаланади.

    2. “Ёш физиологияси ва гигиенаси фанининг аҳамияти.

    Инсон соғлиғини муҳофаза қилиш ва меҳнат қобилиятини кўтариш ҳақида ғамхўрлик қилиш муҳим давлат вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу вазифаларни ҳал этишда, жумладан, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда педагоглар ҳам катта куч бўлиб хизмат қиладилар.

    Замонавий билим бериш учун аввало мураббий ўсиб, ривожланиб келаётган авлоднинг турли даврлардаги ўзгаришларини, ташқи муҳит шароитининг бола организмига таъсирининг гигиеник аҳамиятини билиб олгандагина ўқув-тарбия жараёнини тўғри ташкил эта олади.

    Авлодни жисмонан соғлом, ақлий ва рухий жиҳатдан тетик, қадди-қомати келишган қилиб тарбиялаш учун ҳар қандай ўқитиш шаклидаги билим муассасалари тарбиячи ва ўқитувчилари “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фани асослари ҳақидаги билимга эга бўлишлари керак.

    Ўқитувчи болалар ва ўсмирларнинг анатомик-физиологик хусусиятларини ўрганар экан, айрим тизим ва органларнинг (суяк-мускул, нафас олиш, қон айланиш ва нерв системаси, сезги органлари, ошқозон-ичак тракти, ички секреция безлари, айирув органлари) тузилиши, хусусиятлари ҳамда уларнинг фаолиятлари гигиенаси билан танишади. Айниқса, уйқу ва ақлий меҳнатни мақсадга мувофиқ равишда ташкил қилиш, ўқув юкламаларини ўқувчининг ёшига мос равишда белгилаш учун нерв системасининг ўзига хос ёш хусусиятларини билиш жуда муҳимдир. Ўсиб, ривожланиб келаётган болалар ва ўсмирлар анатомияси ва физиологиясини билмай туриб, ўқувчилар шахсий гигиенаси, дарсдан ташқари ишлар гигиенаси ва ўқув тарбиявий ишлар гигиенаси масалаларини ечиб бўлмайди.

    Организмдаги ҳар бир системанинг физиологияси ва гигиенаси аниқ тадбирларни бошқаришни, масалан: суяк-мускул системасининг гигиенаси, ҳаракат режимини, партада тўғри ўтириш, ишлаш жараёнида гавдани тўғри тутиш, ёзаётганда қўл бармоқларини ишлатилишини меъёрга солиш ва ҳоказоларни талаб этади. Бу тадбир чораларни йўлга қўйиш, уларга риоя қилиш, ўсиб ривожланиб келаётган болаларни саломатлигини мустаҳкамлашга, уни муҳофаза қилишга ва турли касалликларни олдини олишга имкон беради.

    “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фани талабаларга, бўлажак ўқитувчиларга ривожланаётган организм орган ва системаларининг ўзига хос ёш хусусиятлари, унинг ташқи муҳит билан ўзаро боғлиқлиги, болалар ва ўсмирларда учрайдиган турли касалликлар ва уларни олдини олиш йўлларини ўргатишда, билимга эга қилишда катта аҳамиятга эга.

    “Ёш физиологияси ва гигиенаси”нинг асосий мақсади – ёш авлоднинг зуваласини пишиқ қилиб, жисмоний ва маънавий жиҳатдан уйғун ривожланишини таъминлашдан иборат.
    3. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг ривожланиш тарихи. Одамнинг ҳаёт фаолияти эрамиздан аввал яшаб, ижод этган олимлар томонидан ўрганилган. Бундай олимлардан Букрот (Гиппократ), Арасту (Аристотел), Гален ва бошқаларни эслаш мумкин.

    Гиппократ (милоддан аввалги 460-375 й) ташқи муҳит омиллари (иқлим, тупроқ, сув)ни жисмоний ва руҳий шаклланишга таъсири тўғрисида фикр юритган. У одамнинг хулқ-атвори, ҳис-туйғуси турлича бўлишини ўрганиб, темперамент (мижоз) ҳақида асар ёзган ва одамларни тўрт хил мижозга бўлган.

    Гален (милоддан аввалги 134-211 й) маймунларда тажрибалар ўтказиб, анатомия, физиологияга катта ҳисса қўшган.

    Марказий Осиё халқларининг тиббиётга оид ёзма маълумотлари IХ-Х асрларга (бизнинг эрамизгача) тегишли. Бундай маълумотлар Эрон ва Марказий Осиё халқларининг илохий китоби бўлган “Авесто”да ҳамда лойдан ясалган жадвалда ўз ифодасини топган. Авесто марказий Осиё халқлари тиббиётига оид ёзилган биринчи маълумот бўлиб ҳисобланади. Ўрта асрлар давомида шарқ мамлакатларида илм ва фан жуда ривожланди. Шу даврда жахонга танилган кўпгина олимлар яшаб, ижод қилганлар.

    Абу Бакр ибн Ахавий Бухорий ўзининг “Хидоят” (тиббиётни ўрганувчиларга қўлланма) китобида катталар ва болаларда учрайдиган кўпгина касалликлар ва уларни даволашда қўлланиладиган дорилар хақида маълумотлар берган.

    Абу Носир Муҳаммад Ал-Форобий тиббиётга кўп янгиликлар киритган. У нервларни сезувчи ва ҳаракатланувчи нервлар бошқаради деб тахмин қилган.

    Исмоил Журжоний (1080 – 1141) моҳир табиб сифатида танилган. Унинг касалликни аниқлаш усулларига оид “Тиббиёт усуллари” каби китоблари маълум ва машхур бўлган. У одам соғлиғини сақлаш учун зарарли таъсир этувчи барча нарсаларни йўқотиш лозим деб ёзади.

    Абу Бакр ар-Розий (865-925) “Органлар функциялари” номли китобида одам танасидаги барча органларни баён этади. Унинг фикрича, одамнинг касалланишига асрий сабаб ҳаво, муҳит, турмуш шароити, йил фаслларининг ўзгаришидир. Ар-Розий биринчи бўлиб беморга ташхис қўйишни таклиф этади. У биринчи бўлиб чечакни олдини олиш учун эмлаш ҳамда уни қандай ижро этиш кераклигини тўлиқ кўрсатиб берган.

    Жахон илмий тафаккури ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Али Ибн Сино (980 – 1037) жуда катта илмий мерос қолдирган. У ўзидан олдин ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон тиббий-илмий ва фалсафий меросини, хусусан, Аристотел, Эвклит, Птоломей, Гален, Гиппократ кабиларнинг асарларини қунт билан ўрганди. Ибн Синонинг “Китоб ал-қонун фиттиб” (Тиб қонунлари) китоби бешта катта китобдан иборат бўлиб, 1956-1962 йилларда рус ва ўзбек тилларида қайта нашр этилган. Бу китобларда одам анатомияси, физиологияси ва гигиенаси каби тиббиётнинг назарий фанларига ҳамда ички касалликлар, жарроҳлик, доришунослик, юқумли касалликларга тегишли билимлар баён этилган. Бу китоб 600 йил давомида бутун жахондаги шифокорлар учун асосий қўлланма бўлиб келди, ундаги кўпгина маълумотлар ҳозир ҳам аҳамиятини сақлаб келмоқда. У 36 марта қайта нашр этилган. Ибн Сино турли юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишида ифлосланган сув ва ҳавонинг роли катта эканини уқтириб, сувни қайнатиб ёки фильтрлаб истеъмол қилишни тавсия этган. У ташқи муҳитдаги турли табиий нарсалар сув, ҳаво орқали касаллик тарқатувчи кўзга кўринмайдиган “майда ҳайвонлар” яъни микроблар ҳақида Л. Пастердан 800 йил илгари ўз фикрини билдирган. Касалликларни олдини олишда ташқи муҳитни муҳофаза қилиш, шахсий ва ижтимоий гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлиги ҳақидаги фикрларни бундан 100 йил илгари баён этган. Ибн Синонинг болани тарбиялаш ва ўстириш тўғрисидаги фикрлари диққатга сазовордир.

    ХII асрда яшаб ижод қилган Исмоил Журжоний, Нажибуддин Самарқандий, XVI асрда яшаган Султон Али Табиб Хуросоний анатомия, физиология ва гигиена фанининг ривожига катта ҳисса қўшганлар.

    XVII-XVIII асрларда С.Гелс қон босимини ўлчади. В.М.Ломоносов, Л.Пастер, Р.Кох, И.И.Мечников ва бошқалар ўз кашфиётлари билан анатомия, физиология ва гигиена фанинг ривожланишига катта ҳиссаларини қўшганлар.

    XIХ асрга келиб анатомия, физиология ва гигиена фани тез ривожлана бошлади. Рус физиологларидан И.М.Сеченов, И.П.Павлов С.П.Боткинлар томонидан прогрессив таълимот яратилди.

    И.М. Сеченов 1862 йили “Бош мия рефлекслари” номли асарини нашр қилган ва ушбу асарида марказий нерв системасидаги тормозланиш жараёнини очиб берган. Физиология фанининг ривожланишида И.П. Павловнинг ҳиссаси жуда катта. У рефлекслар назариясини ривожлантирди.

    Болалар ва ўсмирлар гигиенаси мустақил фан сифатида XIХ асрнинг ўрталарида шакллана бошлади. Рус гигиенист олимлари А.П. Доброславин ва Ф.Ф. Эрисманннинг узлуксиз тажрибалар олиб боришлари натижасида гигиена экспериментал фан босқичига кўтарилди ва тез ривожлана бошлади.

    Эрисман (1842-1915) кўплаб ўқув қўлланмаларини яратди, барча гигиеник талабларга жавоб бера оладиган синф хоналарининг модели, ўқувчиларнинг бўйига мос жиҳозларнинг турларини, ўқувчиларни партада тўғри ўтириш йўлларини ишлаб чиқди.

    Н.Р. Гундобин соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялашда гигиена муҳим роль ўйнайди деб ўқитган ва уни педиатриянинг ажралмас бир қисми деб ҳисоблаган. У ёшлик даврлари тизимини тузган. В.М.Бонч-Бруевич, И.А.Семашко, В.И.Молчанов, П.Н.Сперанскийлар болалар ва ўсмирлар гигиенаси соҳасига катта ҳиссаларини қўшганлар.

    1918 йилда Тошкентда Туркистон дорилфунунининг ташкил топиши Ўзбекистонда физиология ва гигиена фанларининг ривожланишига асос бўлди. Физиологияга оид дастлабки илмий тадқиқот изланишлар Туркистон дорилфунунининг профессорлари Е.Ғ.Поляков ва И.П.Михайловскийлар томонидан олиб борилган. Кейинчалик профессорлар А.С.Шаталина, Н.В.Данилов ва А.И.Изаиллар илмий тадқиқот ишлари физиология фанининг ривожига катта ҳиссаларини қўшганлар.

    Ҳозирги даврда ҳам биология ва тиббиёт соҳасида кўпгина таниқли олимлар етишиб чиқдилар, жумладан А.Ю.Юнусов физиология фанининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. У юқори ҳароратни организмнинг қон, туз, сув алмашинуви, энергия алмашинуви, ҳазм функцияларига таъсири хақида бир неча илмий асарлар яратди. “Одам физиологияси” дарслиги, физиологик луғатни яратди. Ё.Х.Тўрақулов қалқонсимон без касаллигини ўрганиш ва даволашга доир олиб борган илмий ишлари учун Давлат мукофотининг совриндори бўлган, И.К.Мусабоев юқумли касалликларниг тарқалиш сабабларини, У.Орипов жарроҳлик соҳасида, К.А.Зуфаров турли касалликлар туфайли ҳужайраларда кечадиган ўзгаришларни, Ш.С.Шамсиев болалар касалликларини ўрганиш ва даволашга доир салмоқли илмий ишлар олиб борган. Булардан ташқари, кўплаб замондош олимларимиз биология ва тиббиёт фанининг турли соҳаларини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
    4. Инсоннинг ёш даврлари босқичлари.

    Болалар ва ўсмирларни тўғри тарбиялаш учун улар организмининг ўсиши ва ривожланиши каби асосий хусусиятларини билиш зарур. Ўсиш ва ривожланиш барча тирик организмлар каби одам организмига хос хусусиятдир. Организмнинг ҳар томонлама ўсиши ва ривожланиши унинг пайдо бўлган вақтидан бошланади. Бу икки жараён мураккаб ҳисобланиб, бир бутун ва бир-бирига боғлангандир.

    Ўсиш деганда, тана ҳужайраларининг кўпайиши натижасида тирик организм ўлчамларининг ортиши, яъни бўйнинг чўзилиши, оғирликнинг ортиши тушунилади. Бола маълум ёшгача тўхтовсиз, аммо ўсиш даврида айрим тана қисмларининг номуносиб ўсиши (бош, оёқ, қўл суяклари, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи ички органлари) турли ёшда ҳар хил жадалликда бўлиши мумкин, шунга қарамасдан барча тўқима ва ҳужайларда яъни органларда ўсиш бир вақтда аёлларда ўртача 18-19 ёшгача, йигитларда 19-20 ёшгача тугалланади.

    Ўсиш қаторида ҳужайрада уларнинг бажарадиган вазифасининг ортиши жараёни кузатилади. Бу ривожланиш жараёнидир. Ривожланиш деганда, ўсаётган организм тўқима, ҳужайра ва органларининг шаклланиши, яъни бола организми ҳужайраларининг такомиллашиб, ўсмирлик ва етук ёшдаги одамларга хос бўлган бир мунча мураккаб тизимларга эга бўлишига айтилади.

    Организм ўсиши ва ривожланишида барча этапларни болалик, ўсмирлик, ёшлик, етуклик даврларини босиб ўтади. Ўсиш бу организмнинг миқдор кўрсаткичи, ривожланиш эса сифат кўрсаткичи, бу икки жараён нотекислик, яъни гетерохрония, узлуксизлик ва акселерация жараёнлари асосида юзага чиқади. Ривожланишдаги акселерация (лотинча acceles-тезлаштириш) ёки тезлашган ривожланиш муаммоси бутун дунё биологлари, тиббиётчилари ва социологлари диққатини жалб қилган.

    Одам организмини ривожланиши узлуксиз жараён сифатида инсон ҳаётининг барча даврида давом этади. Одам ҳаётининг ҳар бир даврида шу даврнинг характерли хусусиятлари, олдинги даврнинг қолдиқлари ва келгуси даврнинг куртаклари пайдо бўлади. Бу даврларда организм кетма-кет морфологик биокимёвий ва физиологик ўзгаришларга учрайди. Бу ўзгаришлар ўсиш ва ривожланиш босқичларини юзага келтирувчи ирсий факторларга боғланган.

    Боланинг ривожланиш даврлари тана ва аьзолар оғирлиги ва катталиги, скелет суякларини қотиш даражаси, тишларни пайдо бўлиши, ички секреция безларидаги бирлаштирувчи тўқималарни ривожланиши, кортикал фаолият тавсифи ва бошқа белгилар асосида аниқланади. Лекин, ҳозирги давргача ёшга оид даврларни тизимлаштириш учун асос бўладиган универсал умумий биологик, функционал ва морфологик белгиларнинг тўлиқ рўйхати аниқлангани йўқ.

    Ёшга оид даврлар тизими Н.П.Гундобин томонидан тавсия қилинган бўлиб, тизимлаштиришда бир томондан организмнинг асосий ривожланиш қонуниятлари, иккинчи томондан, болалик ва ўсмирлик даврида тарбиялашни ташкил қилиш масалалари ҳисобга олинган. Шунинг учун қуйидаги: ясли, боғча, бошланғич, ўрта ва юқори мактаб ёш даврларини педагогик даврлар деб ҳам юритса бўлади. Болалик даврининг тизими қуйидагича тавсия этилган:
    1. Она қорнидаги ривожланиш даври.

    2. Янги туғилган даври. Бу давр 2-3 хафтани ташкил қилади.

    3. Чақалоклик даври. Бу давр бир йилгача давом этади.

    4. Ясли ёш даври. Бу даврда 1 ёшдан то 3 ёшгача давом етади.

    5. Мактабгача ёш даври. Бу давр 3 ёшдан то 7 ёшгача давом этади.

    6. Кичик мактаб ёши даври. Бу давр 7 ёшдан то 12 ёшгача давом этади.

    7. Ўрта мактаб ёш даври. Бу давр 12 ёшдан то 15 ёшгача давом этади.

    8. Юқори мактаб ёки ўспиринлик ёш даври. Бу давр қиз болада 13 ёшдан то 18 ёшгача, ўғил болада 15-16 ёшдан то 19-20 ёшгача давом этади.
    Москвада ёш физиологияси ва жисмоний тарбия институти томонидан 1965 йилда ёшга оид даврийлик муаммоларига бағишлаб ўтказилган симпозиум барча илмий, таьлим, даволаш ва бошқа ташкилотларга қуйидаги ёшга оид даврийлик схемасидан фойдаланишни тавсия қилган:
    1. Янгитуғилган - биринчи 10 кун;

    2. Гўдакликёши- 1 ёшга қадар;

    3. Илк болалик - 1 ёшдан то 3 ёшгача қадар;

    4. Биринчи болалик - 4 ёшдан то 7 ёшга қадар;

    5. Иккинчи болалик - ўғил болалар 8 дан 12 ёшга қадар,

    қиз болалар 8 дан 11 ёшга қадар;

    6. Ўспиринлик ёши - ўғил болалар13 дан 16 ёшга қадар,

    қиз болалар 12 дан 15 ёшга қадар;

    7. Навқиронлик ёши - ўғил болалар 17 дан 21 ёшга қадар,

    қиз болалар 16 дан 20 ёшга қадар;

    8. Етуклик ёши - биринчи давр: эркаклар 35 ёшга қадар,

    аёллар 21 дан 35 ёшга қадар;

    иккинчи давр: эркаклар 36 дан 60 ёшга қадар,

    аёллар 36 дан 55 ёшга қадар;

    9. Қарилик ёши - эркаклар 61 дан 71ёшга қадар,

    аёллар 56 дан 74 ёшга қадар;

    10. Кексалик ёши - эркаклар ва аёллар 90 ёшга қадар;

    11. Узоқ умр кўрувчилар - эркаклар ва аёллар 90 ёш ва ундан юқори.

    Кейинчалик ҳар бир ёшга оид даврни экспериментал асослаш пайтида ушбу даврийликка аниқлик киритилиши мумкин.

    Мавзу бўйича таянч сўзлар.

    Физиология, гигиена, санитария, ўсиш, ривожланиш, акселерация, жисмонан соғлом, ёш даврлари, тарбия, ирсий белгилар.
    Мавзу бўйича фойдаланилган адабиётлар.

    1. Клемешева Л.С. “Возрастная физиология и гигиена”. Учеб. пособие. Тошкент. “Ўқитувчи”, 1991г.

    2. Клемешева Л.С., Эргашев М.С. “Ёшга оид физиология”. Ўқув қўлланма. Тошкент. “Ўқитувчи”, 1991 й.

    3. Махмудов Э. “Ўсмирлар физиологияси”. Ўқув қўлланма. Тошкент. 1985 й.

    4. Содиқов Қ., Арипов С.Х., Шахмурова Г.А. “Ёш физиологияси ва гигиенаси”. Дарслик. Тошкент, “Янги аср авлоди”. 2009 й.

    5. Содиков К.С. “Ўқувчилар физиологияси ва гигиенаси” Тошкент. “Ўқитувчи”. 1992 й.

    6. Хрипкова А.Г., Антропова М.В., Фарбер Д.А. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” М. Просвешение 1990 г.

    7. Интернет сайти: www.ziyo.net.uz

    8. Интернет сайти: www.FIZIOLOGIYA.ru



    Мавзу бўйича назорат саволлари.

    1. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг предмети ва мақсади.

    2. Физиология фанининг вазифалари нималардан иборат?

    3. Гигиена фанининг вазифалари нималардан иборат?

    4. Болалар ва ўсмирлар гигиенасининг асосий вазифалари.

    5. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг аҳамияти.

    6. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанининг ривожланиш тарихини қисқача сўзлаб беринг.

    7. “Ёш физиологияси ва гигиенаси” фанини ривожига ҳисса қўшган олимлардан кимларни биласиз?

    8. Буюк аллома Абу Али Ибн Синонинг фанга қўшган улкан ҳиссаси.

    9. Ўсиш ва ривожланиш ўртасидаги тафовут.

    10. Н.П. Гундобин томонидан тавсия қилинган тизимлаштирилган ёш даврлари босқичлари.


      1   2   3   4   5   6   7   8


    написать администратору сайта