Главная страница
Навигация по странице:

  • Иммунитет назарияси.

  • Антитело реакциялари турлари.

  • Антитоксинлар (антизаҳарлар).

  • Балик касалликлари мажмуа. Тузувчилар


    Скачать 6.01 Mb.
    НазваниеТузувчилар
    Дата08.05.2023
    Размер6.01 Mb.
    Формат файлаdocx
    Имя файлаБалик касалликлари мажмуа.docx
    ТипДокументы
    #1114954
    страница3 из 26
    1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26

    6.Касалликка ташхис қўйиш жараёни тартиби. Касалликларни ва ушбу касалликлар билан боғлиқ ҳолатда ҳайвон организмида амалга ошувчи барча ўзгаришларни ўрганувчи фан тармоғи – патология (грек тилида «патос» – касаллик, «логос» – таълимот) ёки касалликлар ҳақидаги фан деб номланади. Касалликнинг ташқи белгилари касалликка учраган ҳайвонларни ташқи томондан текшириш давомида қайд қилиниши мумкин ва бу белгилар одатда касаллик симптомлари деб номланади.

    Бир қатор ҳолатларда касаллик таъсиридаги ўзгаришлар организм ички органларида амалга ошиши қайд қилинади. Бу кўринишдаги касаллик белгилари касал ҳайвоннинг ичини ёриб аниқланиши мумкин ва бу белгилар патологоанатомик белгилар деб номланади. Кўпинча ҳолатларда касаллик юзага келган вақтда ҳайвон организмида бир қатор органларнинг функцияси издан чиқиши кузатилади. Бунда ушбу органларнинг меъёрий функциясидаги юзага келган бузилишлар даражаси тегишли таҳлиллар орқали аниқланади. Ушбу кўринишда органларнинг меъёрий иш фаолиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ касаллик белгилари патологофизиологик белгилар деб номланади.

    Касаллик белгилари одатда касаллик юзага келган вақтда бирданига юзага келмайди, бунда белгилар касалликнинг бошланишидан кейин маълум бир даврида юзага келади. Бу кўринишдаги касаллик белгилари касаллик кечиши давомида қайд қилиб борилади ва клиник белгилар деб номланади.

    Юқумли касалликлар одатда клиник белгиларига кўра яққол намоён бўлувчи ҳолатда кузатилиб, касалликнинг давом этиш даври инкубация даври деб номланади, айрим ҳолатларда бу кўринишдаги касалликлар яширин тарзда амалга ошади, яъни касаллик мавжуд бироқ унинг белгилари яққол тарзда кузатилмайди. Ушбу кўринишда, касалликнинг инкубацион ёки яширин даври касаллик қўзғатувчисининг организмга тушиши даври оралиқларини ташкил қилиб, ушбу лаҳзадан бошлаб организмда, яъни касалланган ҳайвон танасида аста – секин касаллик белгилари намоён бўла бошлайди. Касалликнинг клиник даври касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлган вақтдан бошлаб унинг бутунлай йўқолишигача бўлган даврни ўз ичига қамраб олади.

    Айрим ҳолатларда касалликнинг инкубацион ва клиник даври продромаль давр деб белгилади ва бунда касалликнинг белгилари яққол аниқланмаслиги қайд қилинади. Касалликнинг охирги босқичи, яъни тузалиш даври – реконвалесденция деб номланади ва бу вақтда касаллик белгилари аста – секин йўқола бошлайди. Айрим ҳолатларда продромаль давр ва касалликнинг реконвалесденция даври жуда хам сезиларсиз кўринишда намоён бўлади ёки бутунлай қайд қилинмайди. Балиқлар касалликларини тавсифлашда одатда инкубацион ва клиник давр ҳисобга олинади.

    Касалликларнинг инкубацион даврида касаллик қўзғатувчиларининг (масалан, бактериялар, содда ҳайвонлар, моногенетик сўрғичлилар, паразит қисқичбақасимонлар ва бошқалар) кўп миқдорда йиғилиши кузатилади, аниқроқ айтганда кўпинча ҳолатларда ушбу касаллик қўзғатувчилари томонидан ажратилувчи заҳарли моддаларнинг тўпланиши даражаси ортиб боради. Касаллик қўзғатувчилари сонининг ортиши бевосита уларнинг кўпайиши орқали амалга ошади. Ушбу кўринишда, айрим ҳолатларда касаллик қўзғатувчилари сони маълум бир миқдорга етганидан кейин улар томонидан ажратилувчи заҳарли моддалар қўзғатувчилар сонига боғлиқ бўлмаган ҳолатда жадал тарзда салбий таъсир кўрсата бошлаши қайд қилинади.

    Нисбатан йирик ўлчамдаги кўп ҳужайрали паразитлар таъсирида юзага келувчи инвазион касалликларнинг инкубацион даври давомида уларнинг кўп миқдорда йиғилиши қайд қилинмасдан, балки уларнинг тана ўлчамлари ортиши кузатилади ҳамда ушбу касаллик қўзғатувчилари томонидан ажратилувчи заҳарли моддалар миқдори ортиб боради.

    Ушбу кўринишда, биринчи ва иккинчи ҳолатларда хам якуний ҳолатда заҳарли моддаларнинг миқдорий ортиб бориши кузатилиб, бу касалликнинг инкубацион даври давомида аста – секин амалга ошади ва сўнгги босқичларда сакраш тарзида ортиб кетади, бу вақтда эса касаллик белгилари (симптомлар) яққол намоён бўла бошлайди ва сифат жиҳатидан навбатдаги клиник босқич бошланади. Қайд қилиб ўтиш керакки, бир қатор ҳолатларда касалликларнинг клиник даври амалга ошиши бевосита нафақат заҳарли моддаларнинг йиғилиши билан боғлиқ бўлиши, балки бунда паразит организмларнинг миқдорий ортиши натижасида уларнинг хўжайин ҳайвон организмида турли хил функционал жиҳатдан муҳим аҳамитга эга ҳисобланган органлар тўқималарга ёпишиши тарзидаги салбий ҳолат хам қайд қилинади (ичак деворининг петрификацияси, органлар бириктирувчи тўқималарининг бузилиши, органларнинг жароҳатланиши ва бошқа ҳолатлар кузатилади).

    Касалликларнинг инкубацион ва клиник даври давомийлигига бевосита касалланган ҳайвон организмига боғлиқ ва шунингдек ушбу ҳайвон яшовчи ташқи муҳит омиллари ўзгаришларига боғлиқ хусусиятлар катта таъсир кўрсатади.

    Ҳар бир касалликнинг ўзига хос маълум бир инкубацион даври давомийлиги қиймати мавжуд ҳисобланади. Касалликнинг инкубацион даври давомийлиги ҳақидаги билимларга эга бўлиш бевосита касалланган ҳайвонларни соғлом ҳайвонлардан алоҳида ушлаш (карантин) даврини белгилашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

    Этиология – бу касалликни бевосита қўзғатувчи сабабларни ўрганувчи фан бўлими ҳисобланади. Юқумли касалликларда этиологик омил биринчи навбатда касаллик қўзғатувчиси ва унинг хусусиятлари ҳисобланиб, юқумли бўлмаган касалликларда асосий омил касаллик сабаби сифатида белгиланади.

    Касалликнинг патологоанатомик ва патологофизиологик белгилари, симптомлари, шунингдек касаллик клиник белгилари ва унинг этиологик хусусиятлари бўйича касалликка ташхис қўйилади, яъни касаллик тури аниқланади. Касалликка ташхис қўйилиш жараёнининг амалга оширилиши бевосита касалликни тавсифловчи барча маълумотларга асосланилиб, шунингдек касалликнинг юзага келишига таъсир кўрсатувчи ташқи муҳитнинг барча омилларини ҳисобга олган ҳолатда бажарилади.

    Касалликка ташхис қўйишда фақат касалликнинг ташқи белгилари – симптомлари асосида қарор чиқариш мумкин эмас, чунки турли хил касалликларда бутунлай ташқи намоён бўлиш хусусиятларига кўра бир хилдаги ҳолатлар кўп кузатилади. Шунингдек, касалликка фақат унинг қўзғатувчисини аниқлаш асосида, касалликнинг клиник белгиларини ҳисобга олмаган ҳолатда ташхис қўйиш хам нотўғри ҳисобланади. Албатта, касалликка ташхис қўйиш жараёнининг тўғри ҳолатда амалга оширилиши, биринчи навбатда ушбу касалликка қарши чора – тадбирларни тўғри ишлаб чиқишга ва уни йўқотишга олиб келади.

    Организмда амалга ошувчи патологик жараёнлар асосан икки хил йўналиш бўйича боради: бунда биринчи ҳолатда бу кўринишдаги жараёнлар натижасида касалликка учраган органларнинг кичрайиши, яъни регрессив жараёнлар амалга ошиши қайд қилинади, иккинчи ҳолатда эса касалликка чалинган органларнинг ҳажми ортиши – яъни прогрессив жараёнлар фаоллашиши кузатилади.

    7.Иммунитет. Иммунитет тушунчаси орқали организмнинг касаллик қўзғатувчиларига ва касалликларга қаршилик кўрсатиш хусусияти белгиланади. Келиб чиқиши ва юзага чиқиш хусусиятларига кўра иммунитет туғма (табиий) ва орттирилган иммунитетга таснифланади.

    Туғма иммунитетда ҳайвонлар касалликка туғилган даврдан бошлаб ёки маълум бир ёшдан кейин қаршилик кўрсатиш хусусиятига эга ҳисобланади. Туғма иммунитет маълум бир турдаги ҳайвонлар хусусиятлари билан бевосита боғлиқ ҳисобланиб, шу сабабли бу турдаги иммунитет айрим ҳолатларда турга оид иммунитет хам деб номланади. Бу кўринишдаги спецификлик сабаблари паразитнинг хўжайин организмида мослашиш (адаптация) хусусиятларини белгилаб беради. Паразитларда маълум бир хўжайинларга нисбатан битта тур ёки бир неча турда табиий танланиш орқали мослашиш хусусиятларининг юқори даражада юзага келиши натижасида ушбу паразитларнинг бошқа турларга нисбатан мослашувчанлигини чегаралайди ва унинг хўжайинлари доирасини белгилаб беради.

    Айрим турдаги паразитларда зарарлантириш хусусиятига эга бўлмаслик ҳолатлари бевосита ушбу паразитларнинг морфологик хусусиятларига боғлиқ ҳолатда хўжайинлари танасида яшаш муҳитига мослашиш хусусиятлари билан бизоҳланади. Масалан, ушбу кўринишда морфологик жиҳатдан адаптация механизмларининг қарор топишига зулук (Hemibdella soleae) турининг фақат камбала (қалқонбалиқ) балиғи Solea турида паразитлик қилишини кўрсатиб ўтиш мумкин. Бунда ушбу паразит зулукларнинг орқа ёпишиш сўрғичлари фақат Solea турига мансуб балиқларда кузатилувчи ктеноид тангачалар ўлчамларига мос келади ва бунда ушбу зулук тури бошқа балиқлар ва ҳатто бошқа турдаги камбала балиқларида паразитлик қилиш имкониятлари чекланган.

    Бироқ, кўпгина ҳолатларда паразитларнинг хўжайин танасига мослашиш механизмларида физик – кимёвий, биокимёвий ва физиологик жиҳатлар катта аҳамиятга эга бўлиши кузатилади. Б.Е.Быховский (1933) томонидан аниқланишича, сўрғичли Dactylogyrus авлодига мансуб паразитлар битта ёки бир нечта турдаги балиқлар жабрасида паразитлик қилиши кузатилиб, бунда турлар оралиқ шаклларини (гибрид) хосил қилиш хусусиятига эга ҳисобланади. Ушбу кўринишда, сўрғичли Dactylogyrus vastator паразити фақат карп (зоғорабалиқ), карас (товонбалиқ) балиқларида паразитлик қилиши қайд қилиниб, бошқа тур балиқларда паразитлик қилиши кузатилмайди. Бу кўринишда Б.Е.Быховский томонидан келтирилган фикрни тасдиқловчи кенг кўламдаги материаллар А.В.Гусев томонидан (1933) Амур данёси сувларида амалга оширилган тадқиқотларда тўпланган.

    Шунингдек, паразитлар билан тўлиқ ҳолатда зарарланмаслик хусусиятига эга бўлиш билан бир қаторда нисбий даражадаги зарарланмаслик кузатилади, яъни паразит таъсирида хўжайин организмининг қисман зарарланиши кузатилади ёки айрим паразитлар маълум бир турдаги хўжайинлари танасида тўлиқ ҳолатда жинсий жиҳатдан вояга етмаслиги, ёки серпуштлилик хусусияти сезиларли даражада чекланиши қайд қилинади.

    Табиий ҳолатдаги ёшга боғлиқ иммунитетнинг юзага чиқишида ушбу кўринишдаги паразитларга қарши ҳимояланиш хусусиятлари қайд қилиниб, бу балиқларда маълум бир ёшдан кейин намоён бўлади. Балиқларда бу шаклдаги иммунитет айрим касалликлардан кейин хам юзага келади.

    Орттирилган иммунитет одам иштирокисиз, табиий шароитда касалланган ҳайвонларда инфекция ва инвазия таъсирида юзага келади. Бу турдаги иимунитет қуйидаги кўринишларда кузатилади:

    1. организмда паразитлар мавжуд ҳолатда янги зарарланишларга нисбатан мойиллик кузатилмаслиги (суперинвазия ёки суперинфекция) (бу шаклдаги иммунитет гижжа билан касалланган одамда хам қайд қилинади);

    2. хўжайиннинг паразитдан холи бўлишида (организмдан паразитларнинг чиқариб ташланиши, паразитларнинг хўжайин организми томонидан ўзлаштирилиши ёки унинг петрификацияси, яъни зарарсизлантирилиши);

    3. организм томонидан ажратиб чиқарилувчи айрим моддалар таъсирида паразитларнинг ҳаёт давомийлиги сезиларли даражада қисқаришида:

    4. паразитларнинг хўжайин организмида миграцияланиши (кўчиши) жараёнининг сусайишида, масалан паразитларнинг жигар тўқималарида миграцияси сусайишида (органларнинг тўсиқ сифатидаги аҳамияти), паразитлар билан зарарланиш даражасининг ва уларнинг ривожланишиниинг секинланишида.

    Бундан ташқари, зарарланган шароитда ҳайвонларда орттирилган иммунитет одамнинг билвосита иштирокида юзага келиб, эмлаш (вакцинация) таъсирида сунъий равишда юзага келтирилиши мумкин. Г.Д.Гончарев (1959) томонидан лаборатория шароитида карп балиқларини қизилчага қарши эмлаш амалиёти самарали натижаларга олиб келиши исботланган.

    Паразитнинг хўжайин организми билан ўзаро алоқалар натижасида балиқларда айрим турдаги касалликларга нисбатан мойиллик хусусияти сезиларли даражада йўқолиши қайд қилинади. Организмда иммунитетнинг ишлаб чиқарилииш механизмлари турли хил сабабларга боғлиқ ҳисобланади (балиқлар организмининг физиологик ҳолати, озуқанинг миқдори ва таркиби, атроф муҳит шароитлари, паразитнинг вирулентлик (касаллик туғдириш) хусусияти ва бошқалар).

    Иммунитет назарияси. И.И.Мечников томонидан иммунитет назарияси ишлаб чиқилган бўлиб, бу жараён фагоцитоз механизмига асосланилади. Фагоцитлар оқ қон таначалари ҳисобланиб, қон оқими таркибида циркуляцияланади, тўқималар оралиғида мавжуд ҳисобланади ва шунингдек бунда кўпгина ўтроқ ҳолатдаги, купфер ҳужайралар деб аталувчи ҳужайралар хам иштирок этиши қайд қилинади. Бу барча ҳужайралар нафақат бактерияларнинг сўрилишини таъминлаши, балки организмга тушувчи бегона, ёт моддаларни хам йўқ қилиш хусусиятига эга ҳисобланади.

    Кўпгина купфер ҳужайралари жигарда жойлашган. Жигарнинг «тўсиқ» сифатидаги функцияси, яъни умуртқали ҳайвонлар организмида ичак девори орқали тушувчи кўпгина заҳарли моддаларни зарарсизлантириш функцияси ушбу моддаларнинг жигарда ушланиб қолиши ва ушбу типдаги ҳужайралар томонидан зарарсизлантирилиши билан боғлиқ ҳолатда изоҳланади. Ушбу кўринишдаги ҳужайралар талоқда, суяк илигида ва лимфа тугунлари таркибида хам кўплаб миқдорда мавжуд ҳисобланади. Фагоцитоз хусусияти шунингдек, қон томирларнинг эндотелий қавати ҳужайраларида хам қайд қилинади. Бу барча ҳужайралар биргаликда реткуло-эндотелиал тизим ҳужайраларини ташкил қилиб, улар организмнинг зарарли моддаларга нисбатан ҳимоя механизмлари амалга ошишида катта аҳамиятига эга ҳисобланади. Фагоцитлар нафақат организмни турли хил бактериялар ва бошқа касаллик туғдирувчи қўзғатувчилар таъсиридан ҳимоя қилиши, балки организмга тушувчи кўпгина бошқа ёт моддаларни хам йўқ қилиши кузатилади. Реткуло-эндотелиал тизим таркибига кирувчи ҳужайралар ва фагоцитлар кўпгина ҳолатларда овқат хазм қилиш тизим орқали организмга (қон таркибига) тушувчи микроорганизмлар ва оқсил таркибли моддаларни ўзлаштирилишини таъминлайди. Шамоллаш жараёни давомида тўқималарнинг зарарланган соҳаси хам ушбу ҳужайралар воситасида фагоцитозга учрайди.

    Бироқ, фагоцитлар ҳар доим ҳам патоген микоорганизмларни йўқ қилиш хусусиятини яққол намоён қилиши кузатилмайди, айрим ҳолатларда улар фақат касаллик қўзғатувчиларини фақат таниш ва маълум бир соҳада алоҳидалаш вазифасини бажаради. Ретикуло-эндотелиал тизим таркибида ҳужайралар фагоцитоз жараёнини амалга оширишидан ташқари секретор функцияни хам бажариши қайд қилинган. Бу ҳужайралар томонидан қон ва лимфага ажратилувчи махсус таркибга эга бўлган моддалар таъсирида касаллик қўзғатувчилари нобуд қилинади ёки уларнинг салбий таъсири, паразитлар ажратувчи заҳарли моддалар (токсинлар) нейтралланади (зарарсизлантирилади). Бу кўринишдаги ҳимоя функцияси умумий ном билан антителолар деб номланувчи тизим орқали бажарилади. Организмга тушганда антитело хосил бўлишига олиб келувчи бактериялар ва бошқа ёт, бегона моддалар антиген деб номланади. Антителоларнинг хосил бўлиши бутун ретикуло-эндотелиал тизим бўйлаб ва шунингдек қон таркибидаги лейкоцитлар ва фагоцитлар томонидан таъминланади.

    Бир қатор тадқиқотчилар томонидан таъкидланишича, фагоцитоз жараёни организмда иммунитет таъминланишида иккиламчи ўрин тутади, бунда бирламчи ўринда организм суюқликларининг бактерицид хусусиятлари, жумладан қон зардобининг ушбу кўринишдаги таъсири ўрин тутиши таъкидланади. Бу назария гуморал (лотин тилида «гумор» – суюқлик деган маънони англатади) ҳимоя тизими деб номланади. Ҳозирги вақтда антителолар бир қисми фагоцитлар томонидан ва бир қисми эса ретикуло-эндотелиал тизим ҳужайралари томонидан ишлаб чиқилиши таҳмин қилинади. Бундан ташқари, опсонинлар ҳам антитело ҳисобланиб, қон плазмаси таркибида (зардоб) фагоцитоз хусусиятини намоён қилиши кузатилади. Ушбу кўринишда, иммунитет ҳақидаги бу иккала назария бир – бирини инкор қилмасдан, балки бир – бирини таркибий жиҳатдан тўлдириши кузатилади.

    Айрим инфекциялардан кейин организмда барқарор ҳолатдаги иммунитетнинг юзага келиши организмнинг ушбу антиген билан такрорий тўқнашишида тезкор тарзда жавоб реакциясини намоён қилиши билан белгиланади. Антителолар спецификлик хусусиятига эга бўлиб, яъни ушбу организмда маълум бир антигенга нисбатан хосил бўлган иммунитет шароитида яққол фаолликка эга ҳисобланади.

    Иммунитет механизмларининг кўпгина ҳодисалари физик – кимёвий назария орқали изоҳланиб, бунга кўра иммунитетнинг моҳияти организмда ҳужайралар коллоид ҳолатларининг қайта ташкилланишлари асосида тушинтирилади. Одамнинг қон зардобини агар микроскоп остида кузатиладиган бўлса, у ҳолатда бу бир жинсли суюқлик эмаслигига ишонч хосил қилиш мумкин, яъни ушбу таркиб коллоид субстанциядан ташкил топган ва унинг таркиби маълум бир зонани эгаллаб олувчи кўп сондаги заррачалардан иборатлиги қайд қилинади. Агар бу заррачалар оқсил молекулаларидан ташкил топган бўлса, у ҳолатда уларнинг хосил қилган зонаси хам оқсилли таркибдан ташкил топган.

    Ушбу заррачалар оралиғидаги бўшлиқларда эритувчи модда – сув молекулалари жойлашади. Заррачалар маълум бир шароитларда электр заряди қийматига эга бўлиб, шунингдек суюқликларнинг итарилиш ва тортишиш кучлари таъсирида ўзаро таъсирлашиши қайд қилинади. Таркибга тузлар эритмаларининг қўшилиши шароитида эса дастлабки мувозанат ҳолати бузилади ва муҳитда чўкма хосил бўлиши кузатилади. Бу кўринишда маълум бир ҳолатга эга эритма зол деб номланиб, хосил бўлган қаттиқ чўкма эса гел деб номланади. Бунда чўкма эритманинг узоқ вақт давомида сақланиши таъсирида ва шунингдек ҳарорат ўзгаришлари натижасида хам юзага келиши мумкин. Барча коллоид реакцияларда ва барча физик – кимёвий шароитларда коллоид заррачаларнинг юза майдони қиймати сезиларли даражада катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Агар ҳамма томонлари 1 см га тенг бўлган куб шакли мавжудлигини тассавур қилсак, у ҳолатда бу кубнинг юзаси 6 см2 га тенг ҳисобланади. Агар бу куб шакли коллоид эритма билан тўлдирилса ва уни 1,01 мк3 ҳажмдаги кўп сонли қисмларга ажратиб чиқилса, кейин эса барча кубчалар юзасини бир бирига қўшиб чиқилса, у ҳолатда суюқликда таҳминан 600 м2 га тенг юза хосил бўлади. Бунда жуда катта қийматлардаги юзада таъсирлашишлар юзага келади ва бу ҳажмда турли хил газсимон ва эриган холатдаги моддаларнинг ўзаро таъсирлашишлари қайд қилинади.

    Одатдаги кимёвий реакциялар ўзининг амалга ошиши хусусиятларига кўра, коллоид тизимлардан фарқ қилади. Қандайдир зол таркибида чўкма хосил қилиш учун унинг таркибига қўшимча модданинг бирданига қўшилиши ёки аста – секин қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Агар коллоид эритмага чўкмага тушувчи модда аста – секин қўшилса, у ҳолатда тезда ва бир неча марта қўшишда чўкма хосил бўлмаслиги мумкин. Чўкманинг хосил бўлишида чўкмага тушувчи модданинг концентрацияси хам аҳамиятга эга ҳисобланади. Колоид реакцияларда битта колоид моддаларнинг ортиқча таркибга қўшилиши натижасида дастлабки чўкмага тушган модданинг яна қайтадан эритма муҳитига ўтиши кузатилиши мумкин.

    Таҳмин қилинишича, иммунитет тизимининг кўпгина реакциялари амалга ошиши коллоид типидаги реакциялардан ташкил топган бўлиб, бунда антитело, масалан антитоксин ўз юза майдонига токсиннинг ультрамикроскопик заррачаларини йиғиб олиши амалга ошади.

    Антитело реакциялари турлари. Касаллик қўзғатувчиларининг қон таркибида эриши лизис (грек тилида «лизис» – эриш) деб номланади. Бу кўринишдаги қоннинг лизисга олиб келувчи, яъни литик таъсири организмда касаллик қўзғатувчиларига қарши курашиш хусусияти механизмларидан бири ҳисобланади. Лизис жараёни шунингдек қон таркибига тушувчи бегона оқсил моддалари шароитида хам қайд қилинади.

    Айрим ҳолатларда организмда патоген микроорганизмлар билан курашишда бошқа усуллардан хам фойдаланилади. Масалан, қон таркибига тушувчи патоген бактериялар пачка ҳолатида ёпишиш хосил қилади. Бу ҳодиса агглютинация деб аталади. Бегона оқсиллар таъсирида антитело хосил бўлиши натижасида чўкма тушиши ҳодисаси преципитация деб номланади. Агглютинация ва преципитацияга учраган микроорганизмлар бир бутунлигини йўқотади ва оқибатда нобуд бўлади.

    Антитоксинлар (антизаҳарлар). Антитоксинлар – бу ҳайвон тўқималарига тушган заҳарли моддаларни зарарсизлантириш хусусиятига эга бўлган моддалар ҳисобланади. Эрлихнинг иммунитет ҳақидаги назариясига кўра, организмда ҳар бир ҳужайра таркибида маълум бир гуруҳ молекулалар мавжуд бўлиб, улар зарарли моддаларни ўраб олиш хусусиятига эга ҳисобланади. Бу молекулалар гуруҳи рецепторлар деб аталади. Айрим ҳолатларда токсинлар маълум бир ҳужайра рецепторлари билан таъсирлашиши натижасида боғланиш хосил қилади, бошқа ҳолатда эса боғланиш хосил бўлмаслиги мумкин. Таҳмин қилайлик, токсин (заҳар) кўплаб рецепторлар билан боғланиш хосил қила олади. Ҳужайрада жадал тарзда янги рецепторлар хосил бўлиш жараёни фаоллашади ва натижада уларнинг сони тушган токсинларни боғлаб олиш сонидан ортиб кетади ва бу ҳолатда уларнинг ҳужайрадан ажралиши ва қон таркибига тушиши кузатилади (ушбу кўринишда антителолар хосил бўлиши изоҳланади). Қон таркибида улар циркуляцияланиб мавжуд токсин молекулаларини боғлаб олади ва заҳарли модданинг ҳужайраларга таъсир кўрсатишига йўл қўйилмайди.

    Ҳозирги кунда бу иммунитет ҳақидаги назария кучли танқидга учраган.

    Эрлихнинг иммунитет ҳақидаги назарияси билан биргаликда бир қатор бошқа назариялар хам мавжуд ҳисобланади (Н.Ф.Гамелейнинг бармоқ излари назарияси – 1928 йил, Брейл ва Хауровицнинг назарияси – 1930 йил, Полин назарияси – 1940 йил). Брейль, Хауровиц ва Полинг томонидан келтирилишича антитело – бу глобулиндан ташкил топган бўлиб, бироқ унинг хусусиятлари меъёрий ҳолатдаги қон зардоби глобулинларидан фарқ қилади, улар фақат организмга антиген кириши вақтида хосил бўлади. Грини ва Энкер (1954 йил) томонидан аниқликдаги изотоп усули ёрдамида антителонинг гамма-глобулин молекуласининг ўзгаришлари натижасида юзага келмаслиги, балки аминокислоталардан синтезланиши аниқланган. Ҳозирги вақтда тасдиқланишича, коллоидлар ўртасидаги реакциялар кимёвий қонуниятлар асосида амалга ошиб, кимёвий ва адсорбцион жараёнларни ўзаро қарама – қарши қўйиш мумкин эмас ва бу ҳолат Эрлих даврида алоҳида таъкидланган. Кимёвий жараён турли хил моддаларнинг юзаси бўйлаб а шунингдек эритма муҳитида хам кузатилиши қайд қилинади. Антиген хусусиятларига боғлиқ ҳолатда биринчи ўринда адсорбцион ёки кимёвий ҳодисалар қараб чиқилиши мумкин.

    Опсонинлар. Агар бактериялар колонияси таркибига лейкоцитларни қўшиб, аралашма микроскоп остида кузатилса, у ҳолатда фогоцитоз жараёни амалга ошишини кўриш мумкин. Бактериялар бу ҳолатда лейкоцитлар орқали фагоцитланиши қайд қилинади. Агар бир хил миқдорда бактериялар ва лейкоцитларни олиб, шунингдек қон зардоби шароитига қўшилса, у ҳолатда фагоцитоз олдингига кўра жадалроқ тарзда амалга ошишини кузатиш мумкин, бу ҳолатда бактериялар лейкоцитлар томонидан нисбатан фаол тарзда боғлаб олинади. Қон зардобининг бу кўринишда фагоцитозни фаоллаштирувчи таъсир кўрсатиши опсоник таъсир деб аталади. Дастлаб тадқиқотларда қон зардоби ўзига хос хусусиятларга эга эканлиги таҳмин қилиниб, унинг таъсирида бактериялар лейкоцитлар томонидан осон боғлаб олинадиган ҳолатга ўтиши қайд қилинган, ва лейкоцитлар қон зардоби муҳитида фаоллиги ортиши ушбу ҳолат билан изоҳланган. Ҳақиқатдан ҳам қон зардоби бактерияларга нисбатан фаоллигини сусайтирувчи таъсир хусусиятига эга ҳисобланади. Ўзининг физик – кимёвий хусусиятлари ўзгаришга учраган бактериялар лейкоцитлар томонидан осонлик билан боғлаб олинади. Меъёрий ҳолатдаги қон зардобининг опсоник хусусияти иммунитет юзага келмаган ҳайвонларда хам фагоцитоз жараёни фаоллашишга олиб келади. Иммун қон зардоби таркибида опсонинлар меъёрий ҳолатдаги қон зардобидаги опсонинлардан фарқ қилиб, қўшимча тарзда бактериотроп таъсир хусусиятини хам намоён қилиши кузатилади. Бунда қон зардобининг опсоник таъсир хусусияти касаллик вақтида иммунитет шаклланиши давомида янада кучайиши таҳмин қилинади.

    Иммунобиологик реакциялар қон таркибига тушувчи мироорганизмлар ва бегона оқсил моддаларига нисбатан юқори даражада спецификлик хусусиятига эга ҳисобланади. Бу реакциялар кўпгина ҳолатларда организмларнинг зоологик жиҳатдан синфлари ва авлодларини таснифлашга ёрдам беради. Иммунобиологик реакциялар шунингдек касалликлага ташхис қўйиш давомида хам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга ҳисобланади.

    Ҳайвонларнинг касалликларга қаршилик хусусияти уларнинг тўла қимматли таркибли озуқа билан озиқлантирилган ҳолатларда юқори бўлиши кузатилади. Тўла қимматли бўлмаган озуқалар билан озиқланиш ва шунингдек озуқа таркибида витаминлар етишмовчилиги шароитида ҳайвонлар организмда иммунитет даражасининг кескин сусайиши ва касалликлага мойиллик даражаси ортиши қайд қилинади. Шунингдек, кўпгина ҳолатларда ҳайвонларга касалланган шароитда озуқа режимини қайта ишлаб чиқиш, жумладан озуқа таркибини витаминлар билан бойитиш орқали айрим паразитлар таъсирида юзага келувчи инвазияни бутунлай йўқ қилиш ёки уларнинг касаллик қўзғатиш хусусиятини сусайтириш, паразитларнинг ўсиши ва ривожланишини чеклашга, бундан ташқари уларнинг жинсий жиҳатдан вояга етиши тўхтатилишига эришиш мумкинлиги тасдиқланган.
    1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26


    написать администратору сайта