уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Юсуф»сурасиБир юз ўн бир оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлган ва пайғамбарлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи суралардан биридир. Унда асосан Аллоҳнинг пайғамбарларидан Юсуф алайҳиссалом ибн Яъқубнинг ҳаёти зикр қилиниб, у зотнинг бошига тушган балолар, оға-инилари ва бегоналардан кўрган кулфатлари – чоҳга ташланганлари; туҳматга йўлиққанлари; зиндонбанд бўлганлари… ҳақида ва бундай оғир кўргиликларга сабр- тоқат қилишлари натижасида охир-оқибат зиндон азобидан халос қилиниб, бутун Миср заминининг мулку хазинасига эга бўлганлари хусусида сўз боради. Бу сура Ҳуд сурасидан кейин – Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларининг энг қора кунларида – яқинлари Ҳадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриклар томонидан озор- азиятлар чекиб қийналиб юрган кезларида нозил бўлгандир. Гўё Аллоҳ таъоло Ўзининг суюкли пайғамбарига ва қолаверса, у зотнинг барча умматларига агар бошларига тушган бало-ю кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр- қаноат қилиб ўзларининг Ҳақ Йўлидаги курашларидан толмай, Аллоҳнинг динидан қолмай собитқадам бўлсалар, Парвардигори олам уларни зулматлардан ва тору тангликдан халос қилиб, нурли, бахт-саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек. Бу суранинг назму услубида ўзгача латофат, айрича жозиба мавжудки, Ислом оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб, шеъру достонлар битганлар, уламолар эса бу сура хусусида жилд-жилд китоблар тасниф этганлар. Шундай асарлардан бирида: «Юсуф сураси жаннат аҳллари жаннатда ҳам роҳат билан тиловат қилиб юриладиган суралардандир»,- дейилган бўлса, яна бирида: «Ҳар қандай ғам-ташвишга ботган маҳзун киши Юсуф сурасини эшитиши билан ором-осойиш топур»,- дейилади. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Алиф, лом, ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. Дарҳақиқат, Биз уни (бу Китобни) сизлар ақлларингизни юргизишингиз (маъноларини англашингиз) учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки, у (Қуръон нозил бўлиши)дан илгари, Сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз! Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш». Изоҳ:Бу тушни кўрганида Юсуф алайҳиссалом ўн икки ёшда эди. Тушидаги қуёш билан ой унинг ота-онаси, ўн бир юлдуз эса оға-инилари эди. Дарвоқеъ, унинг ота бир, она бошқа ўн оғаси ва ота ҳам, она ҳам бир Бинямин исмли бир оғаси бўлган. Юсуф алайҳиссаломнинг бу кўрган туши ўнгга айланишига ҳали қирқ сана бор эди. У (отаси) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир. Шунингдек, (яъни сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этгани каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат Соҳибидир». Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят- ибратлар бордир. Ўшанда улар (Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз бутун бир жамоат (яъни кўпчилик) бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг (туғишган) биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир». (Яна дедилар:) «Юсуфни ё ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарруъ қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар». (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин». (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳиссаломнинг олдига келиб) дедилар: «Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак- шубҳасиз, холис (яхши кўрувчи)лармиз-ку. Уни эртага биз билан (айланишга) юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилгувчилардирмиз». (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман». Изоҳ:Нақл қилишларича, Яъқуб пайғамбар Юсуф алайҳиссаломга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ундан бирон лаҳза бўлсин, ажралишга тоқат қила олмас эдилар. Юқоридаги оятда мазкур бўлган сўзлари билан у зот, бир томондан, ўғилларига узр айтган бўлсалар, иккинчи томондан ўзлари сезмаган ҳолда, уларнинг шум ниятларига баҳона топиб бердиларки, бу ҳақда кейинги оятларда зикр қилинади. Улар дедилар: «Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда (ғафлатда қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи – ҳалок бўлгувчилардирмиз». Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга (Юсуф алайҳиссаломга): «Сен албатта (вақти келиб оға- иниларингга) бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда, (сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам», деб ваҳий қилдик. 16-17. Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: «Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам, сен бизларга асло ишонмайсан»,- дедилар. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни, бир қўйни сўйишиб, ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ, сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган Зот Ёлғиз Аллоҳдир». Изоҳ:Юқоридаги оятда иймоннинг муҳим асосларидан бири бўлмиш «чиройли сабр қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзот шундай яратилганки, бошига келган бало- мусибатлардан йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста- секин келган кўргуликка кўникиб, энди сабр қилиш лозимлигини англаб етади. Аллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар Ёлғиз Унинг амри билан бўлишига сидқидилдан иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз «чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусда ўзининг еру кўкка ишонмайдиган фарзанд-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли сабр» қилишга рози бўлган Яъқуб алайҳиссалом то қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир». (Юсуф алайҳиссалом қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!»- деб юборди. Сўнг уни сотиладиган нарсалар қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини Билиб тургувчидир. (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар. Изоҳ:Карвоннинг Юсуф алайҳиссаломни арзон баҳода сотиб юборганига яна бир сабаб унинг эгаси чиқиб қолишидан қўрқишгани эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом бир балодан чоҳдан қутулиб, иккинчи балога – тутқунлик, қулликка тутилди. Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими – Қитфийр исмли) киши хотини (Зулайхо)га: «Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз»,- деди. Мана шундай қилиб (яъни, ўлимдан, чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Биз Юсуфни – унга барча тушларининг таъбирини билдириш учун – ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида Ғолибдир (яъни, уни ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар. Қачонки (Юсуф алайҳиссалом) вояга етгач, унга ҳиммат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз. У (Юсуф алайҳиссалом) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайхо, унинг ҳусну малоҳатига ошиқи беқарор бўлиб) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб: «Келақолгин»,- деганида, (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни эринг) менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта золим кимсалар (яъни зинокорлар) асло нажот топмаслар». Ҳақиқатан, (Зулайхо) унга (яъни, Юсуфнинг висолига) интилди. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам унга (Зулайхога) интилган бўлар эди. Ундан (Юсуф алайҳиссаломдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни, уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бундаларимиздандир. Иккаласи ҳам эшик томонга чопишди ва (Зулайхо Юсуфга етиб олиб) унинг кўйлагини орқа томонидан йиртиб юборди. Эшик олдида эса (Зулайхонинг) хожаси – эрига йўлиқиб қолишди. (Шунда Зулайхо эрига қараб): «Сенинг оилангга ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон ёки аламли азобдир»,- деди. (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». (Шу пайт Зулайхонинг) уруғларидлан бири гувоҳлик бериб (деди): «Агар унинг кўйлаги олд томонидан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхонинг) гапи ростдир ва (Юсуф) ёлғончилардандир. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхо)нинг гапи ёлғондир ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур. Изоҳ:Ривоят қилишларича, мазкур гувоҳлик берувчи Зулайҳонинг амакиваччаси бўлиб, бешикдаги чақалоқ эди. Не тонгки, Аллоҳ таъоло Ўзининг масъум пайғамбари Юсуф алайҳиссаломни масъум бир гўдак тили билан оқлайди. Энди қачонки (Зулайхонинг Эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: «(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр- ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир. Юсуф, сен бу (ишни) унутгин, сен эса (эй Зулайхо), қилган гуноҳингга истиғфор айт-тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг»,- деди. Изоҳ:Юқоридаги оятда кофир жамиятдаги ҳоким табақанинг қанчалик нопок, усти ялтироқ, мағзу-моҳияти эса чирик бўлиши икки оғиз сўзда Илоҳий қалам билан чизиб берилган: «Юсуф, сен бу ишни унутгин». Эр оиласидаги бевафолик, нопокликдан хабардор бўлгач, уни фақат бир нарса ташвишга солиб: «Одамлар билмасин, сен буни унут, ҳеч кимга айта кўрма»,- деди. Маънавият инқирозини бундан яққолроқ ифодалаб бўлмас. Лекин одамлар бу можародан хабардор бўлдилар ва… Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта, бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар. Энди қачонки (Зулайхо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) «Уларнинг олдига чиққин», деди. Бас, қачонки уни кўришгач, (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўллридаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: «Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар. (Шунда Зулайхо) деди: «Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўлганимда, у покдомонлик қилди – бўйсунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур». (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Парвардигорим, мен учун булар чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман». Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У зот, шак-шубҳасиз, Эшитгувчи, Билгувчидир. ўнгра уларга (яъни, Миср ҳокими ва унинг одамларига Юсуф алайҳиссалом пок эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни, гап-сўзлар тингунича) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўрилди. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири (яъни, илгари ҳокимнинг соқийси бўлган йигит): «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман», деди. Бошқаси эса (яъни илгари ҳокимнинг новвойи бўлган йигит): «Мен бошим устида нон кўтариб турганмишман. Қушлар ундан еяётган эмишлар. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб берсанг, биз сенинг чиройли амаллар қилгувчи киши эканлигингни кўриб турибмиз», деди. (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг (қандай таом эканини) таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати-динини тарк этган кишиман. Ва мен ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати-динига эргашганман. Биз (яъни, пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу (яъни, ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазлу марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар. Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ – турли-туман «худолар» яхшироқми, ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар эса у зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар – бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат тушурмаган-ку?! Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (бу зиндондан халос бўлиб) яна ҳожасига соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса дорга осилиб, (ўлаксахўр) қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сўраётган иш битди (яъни, энди бу таъбирим ҳеч қачон ўзгармайди)». (Юсуф алайҳиссалом) у икковининг ичидан «қутилиб кетади» деб ўйлаган кишига, (яъни, соқийга): «Хожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин. (Зора у мени бу зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, (Юсуф алайҳиссалом) бир неча йил зиндонда қолиб кетди. (Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи (Райён бинни-л-Валид): «Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган (етти бошоқ)ни кўрдим. (Аъёнларим), агар тушларнинг таъбирини айта олгувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар- чи», деди. Улар дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан, биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз». (Шунда) ҳалиги икки (махбус)нинг зиндондан қутилиб чиққани шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман. Фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар». (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот. Сен бизга еттита ориқ сигир еттита семиз йигитни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (еттита бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач, (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса». (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экасизлар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузулмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизнигина (янчиб оласизлар). Сўнгра ўша (серҳосил етти йил)дан кейин етти йил қҳатчилик бўлиб, ўша (йиллар) учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур. Сўнгра ўша (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар». (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: «Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки, (Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал) ундан ўз қўлларини кечган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир»,- деди. Изоҳ:Бу оятлар замирида Юсуф алайҳиссаломнинг нақадар покиза қалбли инсон эканлиги кўрсатиб турга уч нуқта бордир. Биринчидан, подшоҳ тушининг таъбри хақида сўралганда: «Агар мени бу зиндондан озод қилса, айтман», демай, батафсих таъбир қилиб бериши; иккинчидан подшоҳ уни озод килишга амр қилганида ҳам, у зиндонни дарҳол тарк эмасдан, ўзинингг бегуноҳлигини исботлаб беришларини талаб қилиши; учинчидан, ўзининг бегуноҳлигини исботлашда ҳам ўзи туз ичган ернинг ҳурматини сақлаб, «Бориб мени шундай азобга дучор қилган Зулайхо нима бўлганини билиб келган», дейман. «Қўлларини кечган аёллар нима бўлганини сўраб кел», дейиши. Бу нукталарда ақл эгалари учун ибрат бордир. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб), деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди (яъни у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?» (Аёллар) айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз». (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайхо) деди: «Мана энди ҳақиқат тантана қилди, уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир». (Элчи деди): «Буни (яъи ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида унгҳиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим)». |