уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Изоҳ:Ушбу оятнинг Нуҳ пайғамбар ҳақидаги қисса ўртасида келишига сабаб – Қурайш кофирлари билан Нуҳ қавмидаги кофирларнинг бир тоифа эканидан огоҳлантиришдир. 36-37. Нуҳга ваҳий қилиндики, «Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи ҳимоямизда) ва бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида (яъни уларга нажот беришни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар». У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва (кимнинг) устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз». Энди қачон (кофирларни ҳалок қилиш ҳақида) бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яъни иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга (ёлғиз Аллоҳга) иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. У деди: «(Аллоҳнинг номи билан) кемага мининглар! (Чунки) унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Кема) уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга қолмагин! У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг (кофирларни ҳалок қилиш ҳақидаги) амридан бирон сақлагувчи йўқдир. Магар ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)», (шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. (Сўнгра): «Эй ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгил (яъни ёғишни бас қил)», дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб деди: «Парвардигорим, албатта ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан». (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали – куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло мендан сўрамагин! Албатта мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман». (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман. Энди агар мени мағфират қилиб, ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман» (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, биз томонимиздан бўлган омонлик билан ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган умматларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан ерга) тушинг. (Яъни сен ва сенга иймон келтирган кишиларга биз томондан тинчлик-омондик ва файзу баракотлар етар). Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам (келурки), биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз. Сўнгра эса уларни биз томондан бўлган аламли азоб тутар». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), булар биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта оқибат-натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир. Од (қабиласига) ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос. (Улар ҳеч қандай илоҳ эмасдирлар). Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?! Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг унга тавба-тазарруъ қилингиз. Шунда у Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган бўлган ҳолингизда (менинг даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!» Изоҳ:Ривоят қилинадики, Од қавми ерлариги уч йил ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлиб, уларнинг қирилиб кетишига оз қолган эди. Фақат жисмонан кучли қавм бўлганлари сабаблигина зўр-базўр кун кечирар эканлар. Бунинг устига улар бепуштлик дардига дучор бўлган эдилар. Юқоридаги оят уларга: «Агар Парвардигорга тавба-тазарруъ қилсангизлар, осмондан тўхтаб қолган ёмғирни қуйдириб, ерларингизни серсув, унумдор қилур ҳамда куч-қувватларингизни янада зиёда этиб, авлодларингизга янги янги авлолдар қўшур», деб уқтиради. Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг (қуруқ) гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз. 54-55. Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири бир бало (яъни мажнун) қилиб қўйган» деймиз холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман. Яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (унга сохта ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб менга қарши билган ҳийлаларингизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар (яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол кечиктирмай қилаверинглар). Мен фақат менинг ҳам Парвардигорим бўлган, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, у зот унинг пешонасидан олгувчидир (яъни, барчаси у зотнинг қўл остидадир). Парвардигорим шак-шубҳасиз тўғри йўлдадир. Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим. Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб) ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) у зотга бирон зиён етказа олмассиз. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани Кузатиб тургувчидир». Қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганда, Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён қилган ва барча қайсар золимлар амру-фармонига бўйсунган Од (қабиласи) ана ўшалардир. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи – Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради. Самуд (қабиласига) ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз, сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди. Бас, ундан мағфират сўранглар, сўнгра унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта, Парвардигорим Яқин ва (дуоларни ижобат қилгувчидир)». Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку, энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак- шубҳадамиз». У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзининг раҳмати – пайғамбарликни ато этган бўлсаю, (шундан кейин) мен У Зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) менга зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар! Эй қавмим, мана бу Аллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар. Акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар». Изоҳ:Солиҳ пайғамбарнинг қавмлари у зотдан ҳақ пайғамбар эканини тасдиқлайдилан бирон мўъжиза кўрсатишини талаб қилганларида, пайғамбар уларнинг кўз ўнгиларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўйядилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида огоҳлантирадилар. Улар эса (туяни) сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган (яъни, чин) ваъдадир». Энди қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни Биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта Парвардигорингиз ҳақиқий куч- қудрат эгасидир. 67-68. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради. Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз – фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай қовурилган бир бузоқни келтирди. Энди қачонки у (меҳмонларнинг) қўллари овқатга бормаётганини кўргач, уларни танимай қолди (яъни, улардан шубҳаланди) ва улардан ҳавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин, бизлар (фаришталармиз – таом емаймиз). Лут қавмига (уларни ҳалок қилиш учун) юборилганмиз»,- дедилар. (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лутнинг кофир қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди – хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли фарзанд кўриши) ҳақида хушхабар бердик. У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!». Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланаяпсанми? Эй, хонадон эгалари сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлғай. Албатта, У ҳамду сано Эгаси ва Буюкдир». 74-75. Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз (яъни фаришталаримиз) билан Лут қавми (уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади. Зотан, Иброҳим ҳалим-кўнгилчан ва ибодатли кишидир. Изоҳ:Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳиссалом фаришталардан Лут қавмининг ҳалок қилиниши ҳақида эшитганида уларга: «Агар у жойда кофирлар орасида элликта мусулмон ҳам бўлса, барибир ҳалок қилаверасизларми?» деган экан. Улар: «Йўқ», деб жавоб қилишгач, «Агар қирқта мусулмон бўлса-чи?», деб сўрайди. Улар: «Йўқ, ҳалок қилмаймиз», дейишади. Ниҳоят Иброҳим: «Агар у жойда битта мусулмон бўлса-чи?»- деганида, улар яна: «Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон бўлса ҳам уларни ҳалок этмаймиз»,- деб жавоб беришгач, Иброҳим: «Ахир у ерда Лут бор-ку?!» дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Аллоҳ таъоло нажот беришини айтадилар. (Фаришталар айтадилар): «Эй Иброҳим, бу (баҳс)ни қўй! Чунки Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир». Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида у бундан ёмон ҳолатга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилиб деди: «Бу кун оғир кундир». Изоҳ:Фаришталар келишидан Лутнинг сиқилишига сабаб улар ё шва хушрўй йигитлар суратида келишган эди. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса баччабозлик дардига мубтало эдилар. Шунинг учун Лут пайғамбар бу йигитларнинг келганини пайқаб қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди. (Дарҳақиқат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар – баччабозлик қилар эдилар. У айтди: «Эй қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни, ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон Тўғри Йўлга юргувчи киши йўқми?!» Улар дедилар: «Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан». (Лут) деди: «Қани эди, сизларга кучим етса, ёки кучли бир таянчим бўлса эди». (Шунда фаришталар) айтдилар: «Эй Лут, биз Парвардигорингизнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан ҳеч ким атрофга алангламасин! Фақат хотининг… Зотан, унга (хотинигга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» Изоҳ:Лут ва ҳамроҳларига чиқиб кетаётганлари атрофга алангламаслик буюрилишининг сабаби улар қолганларнинг бошига келган бало-офатни кўриб қийналмасликлари учундир. Лутининг хотини эса ўша кофирлар гуруҳдан эди. Шу боисдан Эри билан қишлоқдан чиқиб кетар экан, атрофга аланглаб, қолаётган дўстларининг бошларига тушаётган балони кўргач, «Эй қавмим-а!» дейиши билан, бир тош келиб тегиб, кетаётган жойида тил тортмай ўлди. Лут алайҳиссалом қавмининг куфридан шу қадар ғазабланган эдики, уларнинг дарҳол ҳалок бўлишларини истаган ва субҳгача ҳаёт бўлишларини ҳам узоқ деб билган эди. Шу сабабдан фаришталар унга: «Субҳ яқин эмасми?» деб хитоб қиладилар. 82-83. Энди қачонки бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!) Изоҳ:«Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошлар»нинг маъноси шуки, ҳар бир тошга у кимга бориб тегиши ёзиб қўйилган эди. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар! Мен сизларнинг яхшиликдан (яъни, тўкин- сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар), сизларнинг устингизга ўраб олгувчи Кун – қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман. Эй қавмим, ўлчов ва тарозуни адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва ерда бузғунчилик билан санқиб юрмангиз! Агар мўъмин бўлсангизлар (ҳаром-ҳариш йўллар билан бой бадавлат бўлгандан кўра) Аллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман». Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини, ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигими кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан, ҳалим ва рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисан-да!» У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва у Зот мени ўз томонидан ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга алмаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалолни ҳаромга алмаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман холос. Ва (бунга) Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман. Эй қавмим, тағин менга бўйсунмасликларингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин. Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир. Парвардигорингизда мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилингиз! Албатта, Парвардигорим (тавба қилгувчиларга) Марҳамат қилгувчи ва (уларни) Дўст тутгувчидир». Улар дедилар: «Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаётурмиз ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму- қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар учун азиз-мўътабар киши эмассан». У айтди: «Эй қавмим, менинг қавму-қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз? (Яъни сизлар менинг қавму- қариндошимни эмас, балки Аллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб-иҳота қилиб тургувчидир. Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг. Мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман». 94-95. Қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида Шуайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон (дунёда) яшамагандек ўз диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, худди Самуд (қабиласи) ҳалокатга учрагани каби, Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради. 96-97. Дарҳақиқат, биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн ва унинг одамларига (пайғамбар қилиб) юборганимизда, улар Фиръавннинг амрига бўйсундилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг амри тўғри эмасдир У (Фиръавн) Қиёмат кунида ўз қавмини бошлаб бориб, дўзахга туширур. У тушиладиган энг ёмон жойдир! Уларга бу (дунёда) ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. У (жазо) бериладиган энг ёмон «ёрдам»дир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мана шу биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб битганлари (ҳалок бўлиб йўқолиб кетганлари) ҳам бордир. Уларга биз зулм қилмадик, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни, азоби) келганида, улар Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади. Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир. Албатта бу (қиссаларда) охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган Кундир, ҳозир бўлинадиган Кундир. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб – кечиктириб турамиз, холос. У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлган)лар орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Сўнг бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фраёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва ер тургунича қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилгувчи Зотдир! Изоҳ:Исломий ақидага кўра, Аллоҳ таъоло икки олам подшоҳи бўлгани учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам барча ишлар фақат унинг истак-хоҳишига мавқуфдир. Бинобарин, мўминлар: «Биз жаннатимиз», деб ўзларидан кетмасликлари, гуноҳкорлар эса: «Бизнинг дўзахга тушишимиз аниқ»,- деб ноумидликка берилмай, ўзларини ўнглаб, Ҳақ Йўлга интилишлари лозимдир. Бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва ер тургунича турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир. Бас, сиз (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана улар (яъни мушриклар) ибодат қилаётган нарсадан шак-шубҳада бўлманг! (Яъни уларнинг ноҳақ йўлда экани аниқдир). Улар ҳам худди аввалги ота-боболари каби ибодат қилмоқдалар (бутга сиғинмоқдалар), холос. (Демак, уларни ҳам ота-боболарини ҳалок қилганимиз каби ҳалок қилурмиз). Албатта, Биз уларнинг насибаларини (яъни жазоларини) тўла-тўкис қилиб берурмиз. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (яъни Таврот) берганимизда, у ҳақда ихтилоф қилинган эди (яъни, айрим кишилар унга иймон келтирган бўлсалар, айримлари уни инкор қилдилар). Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб қиёмат кунида бўлади, деган) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида (шу дунёдаёқ ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги ҳақида) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улар (яъни Макка мушриклари) у ҳақда (яъни Қуръон хусусида) шак-шубҳа остидадирлар Қасамки, албатта барча (халойиққа) қилган амалларининг (жазосини) Парвардигорингиз комил қилиб берур. Албатта У Зот уларнинг қилаётган амалларидан Хабардор – огоҳдир. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ва Сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилган янглиғ тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У Зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. Изоҳ:Ривоят қилинишича, Қуръон оятларидан бирон оят Муҳаммад алайҳиссаломга юқоридаги оятчалик қийин-оғир кўринмаган экан. Зеро, у киши пайғамбар бўлганликлари учун ҳам тўғри йўлда Аллоҳ буюрганича яшаб ўтиш нақадар қийин эканлигини ҳаммадан яхшироқ англар эдилар. Шунинг учун ҳам у зот мана шу оят нозил бўлганида «Шайябатний Ҳуд», яъни «Ҳуд мени қаритди», деган эканлар. Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (эргашманглар)! Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни золимларга эргашсангиз), сизларга ёрдам берилмас. Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида номозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, бу эслатма олгувчилар учун бир эслатмадир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, машаққат ва озорларга) сабр қилинг! Зотан, Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотларини Зое этмас. Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар. Парвардигорингиз у шаҳарларнинг ўзларини тузатиб (Ҳақ Йўлга юрган) аҳолисини зулм билан ҳалок қилган эмасдир. (Балки улар бузғунчи, золим бўлганлари сабабли ҳалок қилингандирлар). 118-119. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (Ҳақ Йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари Ҳақ Йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб- тортишишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг «Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман»,- деган Сўзи тўла-ҳақ бўлди. 120. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўъминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди 121-122. Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз, ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз хам кутгувчилармиз». 123. Осмонлар ва ернинг сирлари ёлғиз Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. |