уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Муҳаммад»сурасиМадинада нозил бўлган бу сура ўттиз саккиз оятдан ташкил топган. Унда сўз асосан Аллоҳ Йўлида жиҳод қилиш ва у жангда риоя қилиниши лозим бўлган тартиб-интизом ва конун-қоидалар ҳақида боради. Шунинг учун уни "Жанг" сураси деб ҳам атайдилар. Бу сурада мўъминларга агар улар Аллоҳнинг Динига ёрдам берсалар, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг ёрдамида бўлиши таъкидланади. Шунингдек рўбарўдаги душманга қарши жанг қилиш билан бирга, ораларидаги мунофиқлардан ҳам огоҳ-эҳтёт бўлиб туриш лозимлиги уқтирилади ва уларнинг айрим сифат-кирдикорлари анча батафсил баён қилинади. Сура ниҳоясида Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонларга Ўзи улар билан бирга эканлигини уқтириб, уларни Ҳақ Йўлида сустлашмай-оғишмай саъй-ҳаракат қилаверишга даъват этади. Бу сура Пайғамбар алайҳиссалом номлари билан "Муҳаммад" деб аталгандир. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ Йўлидан тўсган кимсаларнинг амалларини (Аллоҳ) зоеъ кетказур. Изоҳ:Ушбу оятда ўзлари иймонсиз бўлиб, бошқаларни ҳам Дин-иймон Йўлидан тўсадиган кимсалар агар яхши амлларни қилсалар ҳам уларга ҳеч қандай ажр-савоб берилмаслиги баён этилди. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (алайҳиссаломга нозил қилинган Нарсага (Қуръонга) — ҳолбуки, у Парвардигорлари томонидан келган Ҳақиқатдир — иймон келтирган зотларнинг эса ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва ишларини ўнглар. Бунга (яъни, кофирларнинг амаллари зоеъ бўлиши ва мўъминларнинг гуноҳлари ўчирилишига) сабаб, кофир бўлган кимсаларнинг ботил (йўл)га эргашганлари, иймон келтирган зотларнинг эса Парвардигорлари томонидан бўлган Ҳақ (Қуръон Йўли)га эргашганларидир. Аллоҳ инсонларга уларнинг мисолларини мана шундай баён қилиб берур. Бас, (эй мўъминлар), қачон сизлар (жанг майдонида) кофир бўлган кимсалар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз — ўлдирингиз! Энди қачон уларни(нг кўпларини) қириб (мағлуб қилганингиздан кейин уларни асир олиб) арқонлар билан боғлангиз! Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ва ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар. Токи уруш юкларини қўйгунича (яъни, тўхтагунича сизларга буюрилган иш) мана шудир. Агар Аллоҳ хоҳласа, улардан (жанг-жадалсиз ҳам) Ғолиб бўлур (яъни, уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У Зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди. Аллоҳ Йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур. Эй мўъминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Унинг Йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур. Кофир бўлгаи кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зоеъ кетказур. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукумларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (Пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Аллоҳ уларнинг устига ҳалокат юбориб (бутунлай йўқ бўлиб кетдилар-ку)! Бу кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат- ҳалокат)ларнинг ўхшаши бўлур. Бунга (яъни, Аллоҳ мўъминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб, Аллоҳ иймон келтирган зотларнинг Дўсти-Ҳомийси эканлиги, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканлигидир. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек, еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизни ҳайдаб чиқарган қишлоқ (яъни, Макка аҳли)дан кўра (аҳолиси) кучли-қувватлироқ бўлган қанчадан-қанча қишлоқни ҳалок қилганмиз. Бас, улар учун бирон ёрдамчи бўлмаган. Ахир Парвардигори томонидан аниқ-равшан Ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (яъни, Расулуллоҳ алайҳиссалом ва мўлминлар), қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатиб қўйилган ва ҳавойи нафсига эргашган (кофир) кимсалар каби бўлурми?! Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): "Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақо эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?! Изоҳ:Юқоридаги оятларда Аллоҳ таъоло мўъминлар билан кофирлар ҳеч қачон баробар бўлмасликларини аниқ далиллар билан баён этди ва тақводор мўъминларнинг борар жойларини ҳам, кофирларнинг топажак оқибатларини ҳам жонли лавҳалар билан тасвирлаб берди. Энди қуйидаги оятларда сўз мунофиқлар ва уларнинг кирдикорлари ҳақида боради. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг (мунофиқларнинг орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар Сизга қулоқ солиб турадилар-да ҳузурингиздан чиққан вақтларида эса илм ато этилган зотлардан (масхара қилишиб): "Ҳозиргина (Муҳаммад) нима девди?", деб сўрарлар. Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган ва ўзларининг хавойи нафсларига эргашган кимсалардир. Ҳидоят топган — Тўғри Йўлга юрган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур, (яъни, уларга ҳаромдан парҳез қилиш йўлларини кўрсатур). Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди улар фақат тўсатдан (Қиёмат) Соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқеъ, унинг шартлари — аломатлари келди. Бас, уларга (Қиёмат Соати) келган вақтида уларнинг эслатма-ибрат олишлари (учун) қандай (имкон) бўлур?! Изоҳ:Яъни, Аллоҳ таолонинг оят-мўъжизаларидан панд-насиҳат олиб Тўғри Йўлда юришни истаган киши Қиёмат Соати келиб колишидан илгири панд-насиҳат олсин. Чунки у Соат келиб колгач, қилинган тавба-тазарруънинг ҳеч қандай фойдаси йўқдир. Дарвоқеъ, Қиёмат яқинлигининг аломатлари кўриниб қолди. ўзлар ётга, оғайнилар ёвга айланиши, улуғлар камайиб, пасткаш-тубан кимсалар кўпайиши ана шундай аломатлардандир. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўъмин-мўъминалар(нинг гунохлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (Охиратда) борар жойларингизни ҳам билур. 20-21. Иймон келтирган зотлар: "(Кофирларга қарши жанг қилишга буюрилган) бирон сура нозил қилинганида эди", дерлар. Энди қачон аниқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр этилса, дилларида мараз бўлган кимсаларни, Сизга худди (келиб қолган) ўлимдан (қўрқиб) беҳуш бўлиб қолган кимсанинг қараши билан қарашаётганини кўрурсиз. (Ҳолбуки), улар учун (Сизга) итоат этиш ва яхши сўз (сўзлаш) лойиқроқ эди. Энди иш — жанг муқаррар бўлган вақтда эса, агар улар Аллоҳга (иймон келтириш ва Унинг жанг қилиш ҳақидаги амрига итоат этишда) содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғлариигиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд- насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри Йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?! Албатта ўзларига Ҳидоят (Йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларини) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-аёлларни) узун қилиб қўйди. Бунга (яъни, мунофиқирнииг куфрга қайтиб кетишларига) сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган Нарсани (Қуръонни) ёмон кўрган кимсаларга: "Биз айрим ишларда сизларга итоат этамиз", деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширган (сирлари)ни билур. Изоҳ:Мунофиқлар яҳудийлар билан мусушонларга қарши баъзи бир режаларни хуфёна тузиб юрар эдилар. Мазкур оятда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига уларнинг сирларини ошкор қилди. Энди — фаришталар уларнинг юзлари ва кетларига уриб, жонларини олар вақтида, (уларнинг ҳоллари) қандай бўлур?! Бунга (яъни, ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни, мунофиқлик йўлига) эргашиб, У Зотнинг ризолигини (яъни, мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг (қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди. Балки дилларида мараз-нифоқ бўлган кимсалар Аллоҳ уларнинг (дилларидаги мўъминларга нисбатшҳ бўлган) адоватларини ошкор қилмас, деб ўнлагандирлар?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Биз хоҳласак, албатта Сизга уларни (мунофиқларни) кўрсатиб-танитиб қўйган бўлур эдик, у ҳолда Сиз уларни (Биз белгилаб қўйган) белги-аломатларидан таниб олган бўлур эдингиз. (Қасамки, энди) албатта Сиз уларни (улар сўзлаётган — зоҳири иймонга далолат қиладиган, ботини эса куфр бўлгин) сўз оҳанг — услубидан таниб олурсиз. Аллоҳ сизлариииг (барча) амалларингизни билиб турур. Албатта биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг Йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз. Албатта кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг Йўлидан тўсган ҳамда ўзларига Ҳидоят (Йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна Пайғамбарга қаршилик қилган кимсалар, Аллоҳга бирон зиён етказа олмаслар ва (Аллоҳ) уларнинг (Пайғамбарга қаршилик қилиш йўлидаги барча) амалларини беҳуда кетказур. Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр ё мунофиқлик йўлига кириш билан, қилган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар! Албатта кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ Йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолларида ўлган кимсаларни ҳаргиз Аллоҳ мағфират қилмас! Бас, (эй мўъминлар), сизлар (у кофирларга қарши жанг қилаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз ва ўзларингиз устун-ғолиб бўлган ҳолларингизда (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизни(нг савоб-мукофотини) камайтирмас. Албатта бу ҳаёти дунё фақат бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар сизлар иймон келтирсангизлар ва тақво эгалари бўлсангизлар, У Зот сизларга ажр- мукофотларингизни берур ва сизлардан мол-дунёларингизни(нг барчасини Аллоҳ Йўлида сарф қилиб юборишни) сўрамас, (балки фақат мол-дунёларингиздан қирқдан бирини закот қилиб беришларингизни буюрар). Агар (Аллоҳ) сизлардан (мол-дунёларингизнинг барчасини) сўраб, сизларни қийнайдиган бўлса, сизлар бахиллик қилурсизлар ва У сизларнинг (дилларингиздаги) кек-адоватларингизни ошкор қилур. (Эй мўъминлар), мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ Йўлида инфоқ- эҳсон қилиш учун даъват қилинурсизлар. Бас, (аниқи), сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар хам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур. (Чунки у ажр-савобдан махрум бўлур). Аллоҳ (сизларнинг хайр- эхсонларингиздан) Бой-Беҳожат, сизлар эса (У Зотнинг ажр-савобига) фақир- муҳтождирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга тоат-ибодат қилурлар). |