уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
«Ҳужурот»сурасиБу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, ўн саккиз оятдир. У нисбатан қисқа сура бўлишига қарамасдан, ўз ичига Исломий одоб-ахлоққа оид жуда кўп қонун-қоидаларни қамраб олгандир. Сура дастлаб мўъминларни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари изни-рухсатисиз бирон иш ё сўз қилмасликка буюриш билан бошланиб, сўнгра Пайғамбарга нисбатан муомала одоби баён этилади. Шунингдек, бу сурада жамият интизомини сақлаш учун зарур бўлган кўпдан-кўп йўл-йўриқлар кўрсатилади. Сура мўъминларни бировларни масхара қилиб кулишдан, бир-бирларига турли лақаблар тақишдан, ғийбат, айғоқчилик қилиш ва асоссиз ўзгалардан бадгумон бўлиш каби иллатлардан сақланишга чақиради. Сура ниҳоясида тилларида иймон келтирдик, дейдиган, аммо дилларига иймон нури кирмаган кимсалар тўғрисида хабар берилиб, ҳақиқий мўъминлар эга бўлиши лозим бўлган сифат-фазилатлар баён этилади. Бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш оналаримиз истиқомат қиладиган ҳужралар ҳақида зикр қилинган ояти карима ҳам мавжуд бўлгани сабабли у "Ҳужурот — Ҳужралар" деб номлангандир. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Эй мўъминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида (яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир. Эй мўъминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (Пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни, тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта (Сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб Сизни (бақириб) чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунинггизча (Сизни чақириб безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир. Эй мўъминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар! Ва билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бор. Агар у кўп иш(лар)да сизларга (иймони комил бўлмаган жоҳил кимсаларга) бўйсунса, (яъни, Аллоҳ томонидан ваҳий нозил бўлишини кутмасдан сизлар келтирган хабарларга ишонадиган бўлса), албатта сизлар бало-мусибатларга дучор бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга) иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва Пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина (яъни, иймон йўлида собитқадам) бўлиб, куфр-исённи ёмон кўрган кишиларгина) Тўғри Йўлга юргувчи зотлардир. (Бу) Аллоҳ томонидан бўлган фазлу марҳамат ва неъматдир. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир. (Эй мўъминлар), агар мўъминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол сизлар уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовузкорлик қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Мўъминлар ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У Зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар. Эй мўъминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўъмин) қавм устидан масхара қилиб кулмасин — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўъмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир- бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўъмин кишининг юқорида манъ қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир. Эй мўъминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейпшни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. Изоҳ:Мазкур ояти каримада мўъминлар жамиятдаги тартиб-интизомни издан чиқарадиган ва меҳр-оқибат йўқолиб кетишига сабаб бўладиган уч иллатдан қайтарилдилар. Булардан биринчиси, ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, иқкинчиси, бировларнинг айбларини ахтариб топиш учун орқаларидан жосуслик-айғоқчилик қилиб юришдир. Шариати Исломийяда шахснинг зоҳирда қилаётган иш-амали ва айтган сўзи мўътабардир. Яъни, масалан бир кишининг муайян бир айб ё жиноятга дахлдор эканлигига аниқ ҳужжат бўлмас экан, унинг ўша айб ё жиноятда гумон қилиниши ҳаромдир. Фақат унинг мунофиқлиги ёки хоинлиги аниқ бўлиб қолган тақдирдагина у ҳақда ёмон гумон қилиш ва ундан хазар қилиш вожибдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: "Мўъмин киши бир тешикдан (яъни, унда яшириниб ётган илон ё чаёндан) икки марта чиқилмайди". Юқоридаги оятда яна ғийбатдан қайтирилди. Ғийбат ўзи нима? Бу тўғрида Пайғамбаримиз шундай деганлар: "Ғийбат — биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир". Демак, бир мўъминнинг ортидан унда бўлмаган айбларни унга нисбат бериш айрим билимсиз киштилар ўйлаганидек ғийбат эмас, балки унинг ҳақига бўҳтон ва туҳмат бўлар экан, унда бўлган айбларни ортиҳдан айтиш эса уни сифатлаш эмас, балки ғийбат қилиш бўлар экан. Энди ғийбатнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги хусусида мазкур оятда Аллоҳ таъоло томонидин келтирилган мисол ибратлидир. Чунки ақл-хуши жойида бўлган бирон инсон бошқа бир инсоннинг гўштини ейишни истамайди. Энди агар ўша инсон ўзининг биродари бўлса-чи, яна камига ўлган ҳолда бўлса-чи! Унинг гўштини ейиш дунёдаги энг ваҳший ҳайвон ҳам хазар қиладиган бир жиноятдир! Бир мўъминнинг ортидан ғийбат қилиш ана ўшандан-да оғирроқ жиноятдир! Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом: "Ғийбат қилиш (бировни ноҳақ) ўлдиришдан-да ёмонроқдир", деганлар. Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишувинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир. Изоҳ:Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: биринчидан, барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан, инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир. Ва ниҳоят учинчидан, одамларнинг Аллоҳ таъоло ҳузурида обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Аллоҳдан қўрқиш ва У Зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлур. Аъробийлар: "Иймон келтирдик", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар "Бўйсундик", денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир. Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этсангизлар, У Зот сизларга (қилган яхши) амалларингиздан (яъни, уларнинг савобидан) бирон нарсани камитмас. Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир". Изоҳ:Муфассирларнинг айтишларичи, бу ва қуйидаги оятлар бани Асад номли қибиладан бўлган бир гуруҳ аъробийлар ҳақида нозил бўлгандир. Улар қаҳатчилик йилида Мадинага тушиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ўзларининг мўъмин бўлганларини пеш қилиб, у зотдан мусулмонларга тегишли бўлган ўлжалардан уларга ҳам беришларини талаб қилишади. Лекин Куръон уларнинг дилларига иймон кирмаганини, улар фақат ўлжага эга бўлиш учун зоҳирда Исломга кириб турганларини ошкор қилади ва агар улар сидқидилдан иймон келтириб, Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этсалар, Аллоҳ таъоло уларни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кам қилмаслигини уқтиради. Ҳақиқий мўъминлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ Йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у аъробийларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳга динингларни (иймонларингни ҳақиқий эканлигини) билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир!" Улар Сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: "Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, (яъни, агар ростдан ҳам иймон келтирган бўлсангизлар) Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур. Албатта Аллоҳ осмонлар ва ердаги ғайб-сирларни билур. Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир." |