фонетика. ФОНЕТИКА. М. Сапарниязова, Х.одирова, Ш. Наралиева озирги збек тили фонетикаси
Скачать 0.98 Mb.
|
5-§. Ҳозирги ўзбек тилининг функционал стиллари (вазифавий услублари) 1. Расмий иш услуби. Бу услуб қонунлар, фармонлар ва турли маъмурий-идоравий ҳужжатлар (қарорлар, буйруқлар, ариза, билдиришнома, низом, тилхат, ишончнома, йўриқнома, шартнома, фармойиш каби иш қоғозлари ) тилига хосдир. Расмий услубда аввалдан шаклланиб, маълум қолипга тушган конструксиялар, формулировка ва сўз бирикмаларидан (… жорий этилсин, …амалга оширилсин, … чора кўрилсин,… эътборга олинсин, …ни ҳисобга олиб буюраман, … маълум қиламан, … ни сўрайман, …га тақдим этиш учун берилди каби қурилмалардан) фойдаланилади. Бу услубда тузилган матнларда эмотсионал-экспрэессивлик, сўз ўйини, маъжозийлик кабиларга йўл қўйилмайди. Намуналар: Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида: 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ҳамда ижтимоий нафақалар, стипендиялар миқдори ўрта ҳисобда 1,2 баравар оширилсин… (Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонидан). Меҳнат таътилим тугаб, шу йил 26 августдан ишга тушганлигимни маълум қиламан (Билдиришномадан). Вилоятдан келганлигимни ва қатнаб ўқишга имкониятим йўқлигини эътиборга олиб, менга талабалар уйидан жой беришингизни сўрайман (Аризадан). 2. Илмий услуб. Бу услубда илмий асарлар тили,илмий нутқ шакллантирилади: матндаги аниқлик, турли экспрессиядан, бўёқдорликдан, полисемиядан холислик, соҳа терминларининг фаол иштироки каби ҳолатлар илмий услуб талабларидан келиб чиқади. Ун-да сўзлашув услубига хос эркинлик, тасвирийлик ва образлилик учрамайди, адабий тилнинг орфоэпик (тўғри талаффуз) ва орфографик (тўғри ёзиш) меъёрларига ҳам тўла риоя қилинади; гап қурилиши мукаммаллиги ва мураккаблиги билан ажралиб туради; қўшма гаплар, кесими феълнинг мажҳуллик нисбатидаги формалари билан ифодаланган гап турлари, гап бўлаклари деярли тушириб қолдирилмайди, йиғиқ ва тўлиқсиз гаплар кам ишлатилади. Нутқ, асосан, монологик характерда бўлади. Масалан, “Дала шароитида ишлаш усулидан фойдаланиб тўпланган бирмунча мукаммал маълумотлар Ургут тумани микротопонимлари, улар ясалишининг регионал хусусиятлари ҳақида чиқарилган илмий хулосалар ва бу хулосалар асосида ўзбек ономастикаси, хусусан, топоономастикасида мавжуд бўлган қарашларга муайян даражада киритилган аниқликлар ишнинг назарий аҳамиятини белгилайди”. Микротопонимларнинг лексик-семантик таҳлилига оид диссертатсия авторефератидан кўчирилган мазкур гапда илмий услубга хос қуйидаги белгилар кўзга ташланади: 1)гап қурилиши мукаммал ва мураккаб; 2)гап таркибида топонимика ва ономастикага оид терминлар (туман, микротопоним, ономастика, топоономастика, регион атамалари фаол қатнашган); 3) гапда маъжозий маъноли ёки услубий бўёқдор сўзлар қўлланмаган. 3. Публицистик услуб. Бу услуб оммабоп асарлар, оммабоп маърузалар, матбуот воситаларидаги бош мақолалар, ахборотлар, фелетонлар, мурожаатнома ва чақириқлар, очерк ва репортажлар тилини қолиплайди, шу сабабдан у оммабоп услубдеб ҳам номланади. Публитсистик услубда нутқнинг бир йўла бир неча вазифаси - информатив функция (хабар, маълумот бериш), агитацион функция (тарғиб қилиш, ундаш) ва, заруратга қараб, эмоционал-экспрессив функция мужассамлашган бўлади. Шунинг учун мазкур услуб асосида шакллантирилган матн (нутқ)да илмий, сўзлашув, бадиий ва расмий услубларга хос элементлар аралаш ҳолда қўлланиши мумкин. Бундай пайтда эмоционал бўёқдор сўзларга, фразеема, афоризм ва идиомаларга, турли эмфатик қўлланишларга кенг ўрин берилади. Қуйидаги икки матнни кўздан кечирайлик: 1.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2021- йил 21-23-июль кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф доирасида икки давлат ўртасида бўлиб ўтган расмий учрашув чоғида Ўзбекистон томонига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия томонига Ражаб Тойиб Эрдўған раҳбарлик қиилди. Дўстона, ўзаро ҳамкорлик ва англашув руҳида бўлиб ўтган расмий музокараларда давлатлараро алоқалар юзасидан фикр алмашилди…(“Тошкент оқшоми” газетаси, 2021 йил, 23 июль). 2. Биз тушган “УАЗ” қуриб қолган сой ёқалаб аста юқориламоқда. Машина деразасидан сурув кўринди. Ҳозир у каттакон пўстакка ўхшайди. Лаҳзадан кейин пўстак гўё йиртилиб, бўлак-бўлак бўлиб кетди. Бир чўпон таёғини силтаб ташлаб, сурувни кесиб ўтди. Қудуқ бошида тўхтаб, машинадан тушганимизда, чўпон ҳам яқин келиб қолган эди. Унинг шахдам қадам ташлаши, алпдай келишган қоматига қараб ёш деб ўйлагандим, йўқ… - Отахон чўпон,-деди Ҳаким Худойбердиев қўлини олдинга чўзиб,- сардор десак ҳам бўлади, Умар ака Тошниёзов… - Уялтирманг-эй …- Умар аканинг от жағли чўзинчоқ юзи янада чўзилиб, дўнг пешанасини қат-қат ажин қоплади. У кулар экан, ўзига ярашган қирқма мўйловини, худди тушиб қоладигандай, бармоғининг орқаси билан босиб қўярди.- Сардорингиз нимаси? - Сардор бўлмай кимсиз? Минг бир юз қўй ихтиёрингизда. Қанча-қанча чўпонлар таълимингизни олган. Бу киши,-Ҳаким Худойбердиев Умар аканинг тирсагидан тутганча менга юзланди,-совхоз ташкил бўлмасидан илгари, “Қизил чорвадор” колхози вақтида, отасидан кейин узоқ вақт фермага бошчилик ҳам қилган. Ҳа, бу жиҳатдан ҳам сардор! (С. Анорбоевнинг “Қарноб чўлларида” очеркидан). Кўриниб турибдики, расмий баёнотдан олинган биринчи матн мазмуни информатив характерда бўлиб, услубий жиҳатдан бетарафдир. Очеркдан келтирилган матн парчасининг стилида эса метафорик охшатишлар (“каттакон пўстакка ўхшайди”, “от жағли чўзинчоқ юзи”), кўчма маъноли сўзлар (“сой ёқасида”, “сурувни кесиб”), ҳурмат маъносини берувчи лексик бирликлар (“отахон”, “сардор”), услубий бўёқдор сўзлар ва элементлар (“жилмайганича”, “уялтирманг-ей”), диалектал қўлланишлар (“бова”) бор. Буларнинг барчаси очеркка хос белгиларни - пейзаж тасвири, қаҳрамоннинг портрети, маънавий қиёфаси, психологик ва нутқий характеристикасининг образли ва таъсирчан бўлишини таъмилаш учун муҳим воситалар бўлиб хизмат қилган. 4. Сўзлашув услуби. Бу услубнинг икки кўриниши мавжуд: а) адабий сўзлашув услуби. Бу услубда яратилган нутқда сўз танлаш, гап тузиш анча эркин бўлади, инверсия ҳолатлари ҳам учраб туради. аммо адабий тил меъёрларидан четга чиқилмайди; б) жонли сўзлашув услуби.Бу услубга асосланган нутқда ҳам эркинлик сақланади, аммо унда адабий сўзлашув услубидан фарқли равишда қуйидагиларга ҳам ўрин берилади: а)салбий баҳо семаси бор бўлган, камситиш ёки ҳақорат маъноли сўзларга: энди тушуниб олгандирсан, ошқовоқ?(…). ‘ пандавақи, агар оғзингдан яна бир марта шунақа гап чиқса, тилингни суғуриб оламан, тушундингми? (…).Бомж экансан-ку. Ипирисқи, йўқол бу ердан (…); б) варваризм, экзотизмларга: приказ қилсангиз, далш кетамиз(…). Маскировка, ока, бир соатдан кейин кўчага чиқади, вообше танимайсиз (…); в) сўз, грамматик формалар, сўз бирикмалари таркибидаги айрим товушлар (баъзан бир неча товуш ёки бўғин) тушиб қолади: обор (олиб бор), айтвор (айтиб юбор), пасқам (пастқам), болла (болалар), машу (мана шу) каби.Баъзи товушларнинг ўз таркибидаги ўрни алмашади: турпоқ (тупроқ), терват (тебрат), тўрғамоқ (тўғрамоқ); бир товуш ўрнида бошқа товуш қўлланади: кегин (кейин), шойи(шоҳи), сўнгак (суяк), кўйнак (кўйлак), қалмоқ (қармоқ); сўз бошида, ўртасида ёки охирида товуш орттирилади: ўрис (рус), ишкоп (шкаф), тирактир (трактор), танка (танк); сўз таркибидаги баъзи унлилар чўзилади: ҳозир – ҳо:зир, катта- ка:тта, айта қол – айта қо:л, жоним- жо:нимкаби; ундошлар қаватланади: маза- мазза, яша-яшша(бунда сўз урғусининг ўрни ўзгаради: мазá –мáзза, яшá –йáшша каби); г) киши номлари ёки айрим сўз ва сўз бирикмаларини қисқартириб талаффуз қилиш ҳоллари ҳам учрайди: Дилр (Дилором), Гули (Гулнора), Муқад(Муқаддас), Дилфуз(Дилфуза), кил (килограмм), автомат (телефон-автомат), маршрутка (маршрутли такси) каби; д) грамматик конструктив жиҳатдан қараганда жонли сўзлашув усулидаги нутқ кўпроқ диалогик характерда бўлиши, содда гапларнинг, айниқса, тўлиқсиз ва бир составли гапларнинг фаол қўлланиши билан ажралиб туради: Бошланди (“Мажлис бошланди”), Ана такси (“Ана, такси келяпти”), Хўш? (“Энди нима қилдик?”) каби, Қўшма, мураккаб гаплар нисбатан кам қўлланади, қўшма гап компонентлари кўпинча боғловчисиз бирикади: Кечикдим: автобус бузилиб қолди.(Бу гапнинг тўлиқ шакли: Ишга кечикдим, чунки йўлда автобус бузилиб қолди) каби; е) феълнинг –б(-иб) аффиксли равишдош шакли ҳамда –ган аффиксли сифатдош шакли эдитўлиқсиз феъли билан бирга келганда, ундаги аффикслар–увди, -овди, -ганди шаклларида қўлланади: айтувди (айтиб эди), борувди (бориб эди), ёзувди (ёзиб эди); айтганди (айтган эди), борганди (борган эди), ёзганди (ёзган эди) каби; ж) ҳурмат, камситиш, кесатиқ маъноларини ифодалаш учун хизмат қилувчи –жон, -хон, -лар, -ча, -лоқ қўшимчаларига ҳам кенг ўрин берилади: акажон, Лолахон, дадамла(дадамлар), ойимла (ойимлар), йигитча, қизалоқ каби. Эслатма: Жонли сўзлашув услубига асосланган нутқда, баъзан, новербал воситалар (имо-ишора, кўз, қўл ва бош ҳаракатлари) ҳам ёрдамчи воситалар сифатида иштирок этади. Жонли сўзлашув услуби кўпрпқ оғзаки нутққа хосдир, аммо унинг баъзи кўринишлари, элементлари ёзма нутқда, масалан, ўзаро яқин дугоналар, сирдош дўстларнинг бир-бирига ёзган хусусий хатларида ҳам учрайди. 5. Бадиий услуб. Бу услубда бадиий асар тили ва бадиий нутқ шакллантирилади. Изоҳ: Адабий тил билан функционал услублар ўртасидаги муносабатлар қуйидагича: расмий иш услуби, илмий услуб, публитсистик услубнинг айрим кўринишлари (информатив ва агитатсион функсияларни бажарувчи кўринишлари) адабий тил меъёрларига таянади, демак, адабий тилга зид қўйилмайди; сўзлашув услубининг “а” кўриниши ҳам шундай: унда сўз танлаш, гап тузишда эркинлик сезилиб турса-да, адабий тил меъёрларига хилоф бўлган бирликлар ва элементлардан фойдаланилмайди; сўзлашув услубининг “б” кўринишида эса нутқнинг махсус тайёргарликсиз шакллантирилиши, эркин муомалага асосланиши билан бирга, адабий тил меъёрларидан чретга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилади (мавзунинг жонли сўзкашув услубига оид қисмига қаранг). Адабий тилга муносабат жиҳатидан бадиий услуб алоҳида баҳоланилади: у, одатда, бадиий асар тилини белгилайди, бадиий асар тилида эса адабий тил меъёрларидан четга чиқиш ҳоллари ҳам учраб туради: образ ва персонажлар нутқини типиклаштириш зарурати шуни тақозо қилади. Қуйидаги мисолларга эътибор берайлик: 1. Асадбек молодес! Висший класс!- деди у.-Аниқ топибди. Энди у билан хазиллашиб бўлмайди. (Т.М.). 2.У қизиғар машинасини Қорақамишга қараб учирди... (Т.М.) 3. Акамулло, акамулло, сизни йўқлошопти, идорага йўқлошопти. -Нима гап? -Ҳожар аяни бачаси саҳрода боркан экан... Бўронда қолган экан...Қайтиб келмопти... Сўғин Хўжаназар аконинг духтори бўронга қолип ўлипти... -Ҳошим югурганича чиқиб кетди. Маҳмуда билан Моҳидил бир-бирига ҳайрон қараб қолишди!(Ж.А.) 4. Шўрим қурсин, болам. Товни урса талқон қиладиган улларим туриб, мени талаб ташлашаяпти,-деди кампир ўзи билан олиб келган таёққа таяниб. (Н.Исмоилов.) Биринчи мисолдаги нутқий парчада грамматик-синтактик варваризм ("Асадбек молодес!", "Висший класс"), иккинчи гапда вулгаризм ("қизи‘ар"), учинчи мисолдаги диалогда эса ўзбек-тожик икки тиллилиги таъсирида б‘лган ўзбек шеваларининг с‘злари ("акамулло" "бача", "духтор", сўғин" каби лексик диалектизмлар), шу шевага хос грамматик формалар ("йўқлошопти", "келмопти" каби грамматик диалектизмлар), ака с‘зининг ак шаклидаги диалектал кўриниши (лексик-фонетик диалектизм) қўлланган. Бундай диалектизмлар (тов, улларим) тўртинчи гапда ҳам бор. Улар адабий тил меъёрига хилоф равишда бадиий услуб талабларидан келиб чиқиб бадиий матнга киритилган, натижада бадиий асарнинг ‘оявий-эстетик жиҳатларини таъсирли, ишонарли қилиб ифодалашга эришилган. 6-§. "Ҳозирги ўзбек адабий тили" курсининг бўлимлари 1.Фонетика ва фонология. Бу бўлимларда ҳозирги ўзбек адабий тилининг фонетик-фонологик сатҳига оид тизимлар (вокализм, консонантизм), сегмент ва суперсегмент бирликлар (фонема, бўғин, урғу, интонатсия, фраза, такт), просодик элементлар (темп, тембр, ритм, мелодика, пауза ва б.лар), уларнинг тил ва нутқдаги роли ҳақида фикр юритилади. 2.Графика ва орфография. Бу бўлимларда ҳозирги ўзбек адабий тилининг ёзув тизимлари (кириллча ва лотинча ўзбек ёзувлари), уларнинг асосий компонентлари ва белгилари, орфография принциплари ва қоидалари хусусида баҳс юритилади. 3.Орфоэпия. Бу бўлимда ўзбек тилининг тўғри (адабий) талаффуз меъёрлари, уларни белгиловчи омиллар ҳақида маълумот берилади. 4.Лексикология ва фразеология. Бу бўлимларда ўзбек тилининг луғат бойлиги, унинг ривожланиш қонуниятлари, луғавий бирликларнинг қатламланиши, турлари, лексик-семантик ва тематик гуруҳлари, лексема ва фраземаларнинг семантик таркиби, қўлланиш хусусиятлари ўрганилади. 5.Лексикография. Бу бўлимда луғатчилик, луғат типлари ва турлари, луғатларнинг тузилиш принциплари, луғат мақолаларининг схемалари, луғатларнинг амалий аҳамияти хусусида баҳс юритилади. 6.Морфемика. Бу бўлимда сўз ёки сўзнинг грамматик шакллари таркибидаги маъноли қисмлар – морфемалар хусусида, морфемаларнинг функционал-семантик, структуравий ва позицион тавсифи ҳақида маълумот берилади. 7.Сўз ясалиши. Бу бўлимда ўзбек тилининг сўз ясаш усуллари, уларнинг сўз туркумлари бўйича тавсифи, тарихий ва ҳозирги сўз ясалиши каби масалалар ёритилади. 8.Морфология. Бу бўлим грамматиканинг бир қисми бўлиб, унда грамматик маъно ва грамматик шакллар, шулар орасидаги алоқадорлик асосида юзага келган грамматик категориялар, сўзларни туркумларга бирлаштириш принциплари, ҳар бир сўз туркумининг маъно турлари, морфологик белгилари, гапдаги функционал характеристикаси ҳақида фикр юритилади. 9.Синтаксис. Бу бўлим грамматиканинг иккинчи қисми бўлиб, унда сўз бирикмалари ва гап турлари, сўзларнинг грамматик муносабатга киришиш йўллари ўрганилади. 10.Пунктуация. Бу бўлимда ёзув системасининг учинчи компоненти(биринчи компоненти--графика, иккинчи компоненти-орфография) хусусида маълумот берилади. У синтаксис билан параллел равишда ўрганилади, чунки тиниш белгиларининг қўлланиши, асосан, гап ичида ва нутқда намоён бўлади. Назорат учун савол ва топшириқлар Ҳозирги ўзбек адабий тилининг қандай тарихий илдизлари бўлган? Бундай тарихий илдизлар ва жараёнлардан хабардор бўлишнинг амалий аҳамияти нимада? Ҳозирги ўзбек адабий тилининг диалектал асослари ҳақида қандай фикрлар бор? Ўзбек тили шевалари қандай лаҳжаларга бирлашади? Нима учун адабий тил миллий тилнинг олий формаси саналади? Белгилари қайсилар? Миллий тилнинг ўзига хослиги нимага асосланади? Тилнинг ривожланиш босқичларини айтинг. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг диалектал асослари ҳақида гапиринг. Диалектларнинг ўзига хос жиҳатларини биласизми? Aдабий тилнинг оғзаки ва ёзма шакллари қандай фарқланади? "Ҳозирги ўзбек адабий тили" курсининг қандай бўлимлари бор? 2-мавзу: ФОНЕТИКА ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ Режа: Фонетиканинг объекти, мақсади, вазифалари Фонетик бирликларнинг турлари Фонетиканинг тадқиқот мақсадига кўра турлари Фонетиканинг бошқа соҳалар билан алоқаси Таянч тушунчалар: фонетика, нутқий фаолият, тил ва нутқ, лингвистик сатҳ, умумий фонетика, тарихий фонетика, сегмент бирликлар, устсегмент бирликлар, нутқ товушлари, бўғин, урғу, оҳанг (интонация), қиёсий фонетика, тавсифий фонетика, экспериментал фонетика, тил бўлимлари. . 1-§. Фонетиканинг объекти, мақсади, вазифалари Инсон нутқи гаплардан, гап сўзлардан, сўз товушлардан ташкил топади. Фонетика (грекча — фоне — товуш) тилшуносликнинг бир бўлими бўлиб, тилнинг товуш тизимини, нутқ товушларини ўрганади. Фонетикада нутқ товушлари 4 томондан ўрганилади: 1) нутқ органларининг нутқ товушларини талаффуз қилишдаги харакати, яъни артикуляцияси ўрганилади; 2) товушлар қандай физик тебранишлар натижаси эканлиги, яъни акустик томони ҳисобга олинади; 3) нутқ товушлари бўғин, урғу, ва оҳангнинг эшитувчи томонидан англаб ҳис этилиши текширилади; 4) нутқ товушларининг тилдаги сўзлар, фразалар ва гапларни бир-биридан фарқлаш учун хизмат қилиши, яъни фонологик томони ўрганилади. Фонетикани ўрганишнинг назарий ва амалий аҳамияти бор. Тилнинг талаффуз аломатлари назарий жиҳатдан ўрганилади. Фонетика амалиётда кенг қўлланилади. Тилнинг товуш таркибини яхши ўрганишда, орфография масалаларини тўғри ҳал қилишда ёзуви бўлмаган халқнинг ёзувини яратишда, эски ёзувдан янги ёзувга ўтишда, чет эл тилларини ўрганишда, тили чучук болаларнинг тилини тузатишда ва бошқа соҳаларда фонетиканинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Фонетиканинг қуйидаги турлари мавжуд: - вазифасига кўра: умумий ва хусусий фонетика. Умумий фонетика дунё тилларига тегишли бўлган умумий фонетик қонуниятларни ўрганади. Хусусий фонетика эса бирор конкрет тилга хос бўлган товушлар системасини ўрганади; - мақсадига кўра: назарий фонетика, амалий фонетика, экспериментал фонетика. Назарий фонетика маълум бир тилнинг товуш хусусиятларини назарий жиҳатдан тасниф этади. Aмалий фонетика эса муайян тилнинг фонетик, орфоэпик меъёрларини ўрганади. Осциллограф, кимограф сингари алоҳида аппаратлар билан (ёрдамчи) нутқ товушлари бўғин, урғу ва оҳангдаги артикуляцион-акустик хусусиятларини ўрганиш экспериментал фонетиканинг асосий вазифасидир. Фонетика ўз текшириш объектининг даврга муносабати нуқтаи назаридан 2 хил бўлади: тасвирий (синхрон) фонетика ва тарихий (диахрон) фонетика. Тасвирий фонетика муайян конкрет тил товуш таркибининг ҳозирги даврдаги аҳволини ўрганади. Тарихий фонетика бирор конкрет тилдаги нутқ товушларининг тарихий тараққиётини, қандай ўзгаришларга учраганини ва бу ўзгаришларнинг сабабларини текширади. Нутқнинг фонетик қисмларини ўрганишига қараб фонетика икки турга бўлинади: сегмантал фонетика ва суперсегментал фонетика. Нутқ товушлари ҳосил бўлиши ва унинг хусусиятларини ўрганувчи фонетика сегментал (сегмент – нутқ бўлаги) фонетика дейилади. Нутқ товушларидан катта бўлган фонетик бирликлар: бўғин, сўз ва фразаларни ўрганувчи фонетикага эса суперсегментал фонетика дейилади ёки просодика дейилади. Фонетика — тилнинг товуш бирликларини ўрганувчи тилшунослик бўлими. Тилшуносликнинг фонетика бўлими тилнинг товуш томонини – нутқ товушларини ўрганувчи бўлимдир. Фонетикада тилдаги товушлар, уларнинг пайдо бўлиши ва турлари, нутқ органлари, уларнинг товуш ҳосил қилишдаги ҳаракат ҳолати, нутқ аппарати, нутқ товушларининг акустик ва артикуляцион хусусиятлари, нутқ жараёнида содир бўладиган турли хил фонетик ҳодисалар, нутқнинг фонетик бўлиниши, товушларининг коммуникатив роли ҳамда просодика каби ҳодисалар ўрганилади. Мазкур фаннинг объекти тилнинг товуш материяси саналади. Бу материя нутқ товушлари, бўғин, урғу, оҳанг (интонация) каби бирликларни ҳамда уларнинг просодик элементларини (темп, тембр,мелодика, овоз, тон, қўшимча тон, шовқин ва ҳоказоларни) ўз ичига олади. Фонетика умумий тил тизимининг қуйи даражаси бўлиб, бутун тизим билан узвий боғлиқдир, чунки тилнинг асосий бирликлари – сўзлар, морфемалар, иборалар, юқори даражаларни ифодаловчи жумлалар – белгилар. Дарҳақиқат, семантик томондан – ифодаланган (маъноси) билан бир қаторда, уларнинг барчасида сезгилар учун очиқ бўлган моддий томон – билдирувчи (товушлар ва уларнинг бирикмалари) мавжуд. Сифатловчи билан сифатланмиш ўртасида шартли (табиий эмас) боғланиш мавжуд. Демак, орзу сўзи моддий ифодага эга – бу тўрт товуш бирикмасидан иборат бўлиб, “тасаввур билан яратилган, ақлий тасаввур қилинган нарса” маъносини ифодалашга хизмат қилади. Фонетиканинг предмети тилнинг моддий (товуш) томонидир. |