фонетика. ФОНЕТИКА. М. Сапарниязова, Х.одирова, Ш. Наралиева озирги збек тили фонетикаси
Скачать 0.98 Mb.
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ УНИВЕРСИТЕТИ ҚОЗОҒИСТОН ТАЪЛИМ ВА ФАН ВАЗИРЛИГИ ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИ М. Сапарниязова, Х.Қодирова, Ш.Наралиева ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК ТИЛИ ФОНЕТИКАСИ (6В – 01706 Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш ихтисослиги учун ўқув қўлланма) Шимкент - 2022 Аннотация Мазкур ўқув қўлланма Қозоғистон таълим вазирлиги Жанубий Қозоғистон педагогика университети 6В – 01706 Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш ихтисослиги учун мўлжалланган. Қўлланма ҳозирги ўзбек тилининг фонетика ва фонология, графика, орфография, орфоэпия бўлимлари ҳақида маълумотларни ўз ичига олган. Фаннинг ҳар бир бўлими бўйича амалий машғулотлар тизими, мустақил ишлар учун услубий кўрсатмалар, глоссарий, шунингдек, кенг ҳажмда тестлар мажмуи ҳам берилган. Қўлланмадан талабалар, магистрантлар, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ҳам фойдаланишлари мумкин. Масъул муҳаррир: С.Х.Муҳамедова, ф.ф.д., проф., Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили адабиёти университети, факультет декани
Мазкур ўқув қўлланмаси Жанубий Қозоғистон педагогика университети услубий кенгашнинг 2022 йил 22 июндаги __ сонли қарори билан нашрга тавсия этилган. © Жанубий Қозоғистон педагогика университети 1-мавзу: ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ Режа: 1.Туркий тиллар ва ўзбек тили 2. Ўзбек тилининг тарихий тараққиёт босқичлари 3. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг оғзаки ва ёзма шакллари 4. Ҳозирги ўзбек адабий тили тараққиётини белгиловчи омиллар 5. Ҳозирги ўзбек тилининг функционал стиллари (вазифавий услублари) 6. "Ҳозирги ўзбек адабий тили" курсининг бўлимлари 1-§. Туркий тиллар ва ўзбек тили Ҳозирги вақтда ер юзи аҳолиси 3000 дан ортиқ тилда гаплашади. Бу тилларнинг ривожланиш даражаси ва жамиятда тутган ўрни, уларда гаплашувчиларнинг сони турличадир. 100-200 кишидан ташкил топган қабиланинг тили ҳам, юз миллионли халқ гапирадиган тил ҳам алоҳида тил ҳисобланади. Бир-бирига яқин, умумий жиҳатлари кўп бўлган тиллар қариндош, бир-биридан узоқ, умумий жиҳатлари бўлмаган тиллар эса қариндош бўлмаган тиллар ҳисобланади. Масалан, ўзбек, қирғиз, қозоқ, татар, уйғур, бошқирд, озарбайжон, қорачой-болқар каби тиллар қариндош тиллар саналади. Қариндош кишилар бир аждоддан тарқалгани каби, қариндош тиллар ҳам бир бобо тилдан келиб чиққандир. Шунинг учун ҳам дунё тиллари қариндошлигига кўра тил оилаларига бўлинади. Тил оилаларининг номлари бобо тил номи билан юритилади. Масалан, славян тиллари оиласи, герман тиллари оиласи, роман тиллари оиласи, эроний тиллар оиласи, сомий тиллари оиласи, туркий тиллар оиласи ва бошқалар. Ўзбек тили дунё тиллари тизимида Олтой тилларининг туркий тиллар оиласига мансуб. Олтой тиллар оиласига кирувчи туркий тиллар гуруҳи 24 та тилни ўз ичига олади. Бу оилада 5 та туркий, мўғул, манжур, япон, корейс каби тил гуруҳлари мавжуд.Бу тил оилаларининг ҳар қайсиси ўз ичида яна кичик гуруҳларга бўлинади. Хусусан, туркий тиллар гуруҳи қипчоқ тиллари гуруҳи, ўғуз тиллари гуруҳи, қорлуқ тиллари гуруҳига бўлинади. Ўзбек ва уйғур тиллари қорлуқ гуруҳига; қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, татар, бошқирд, хакас, ёқут, чуваш каби тиллар қипчоқ гуруҳига; озарбайжон, туркман, усмонли турк тиллари эса ўғуз гуруҳига киради. Ўзбек тили туркий тилларнинг қорлуқ гуруҳига мансубдир. Бугунги кунда ўзбек тилида 50 000 000 га яқин кишилар сўзлашадилар. Улар, асосан, Ўзбекистон, Жанубий Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистонда истиқомат қилишади. Туркий тиллар оиласида 30 га яқин тил бор. Бу тилда сўзлашувчилар, асосан, Осиё, шунингдек, Европа, Америка, Австралия минтақаларида истиқомат қилишади.Туркий тиллар оиласига қуйидаги тиллар киради: ўзбек, уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, туркман, гагауз, қрим-татар, қорачой-болқар, қўмиқ, нўғай, татар, бошқирд, олтой, шор, хакас, тува, ёқут, чуваш ва бошқалар. Туркий тиллар агглютинатив тиллар саналади. Агглютинатив тиллар қуйидаги хусусиятлари билан флектив тиллардан ажралиб туради: 1) бу тилларда ҳар қандай грамматик маъно алоҳида қўшимча ёрдамида ифодаланади. Қўшимчалар асосан ўзакдан кейин қўшилади. Нечта грамматик маъно бўлса, уларни ифодаловчи шунча грамматик шакл қўлланилади. Масалан: лицей + дош + лар + им + га; ёз-ма-сай-ди-м; 2) грамматик шаклларнинг чегараси бир-биридан аниқ ажралиб туради; 3) грамматик маънонинг кўпайиши билан, сўзнинг грамматик шакллари ҳам чапдан ўнгга қараб чўзилиб боради; 4) грамматик қўшимчаларнинг қўшилиши асос қисмнинг фонетик тузилишини ўзгартирмайди. 2-§.Ўзбек тилининг тарихий тараққиёт босқичлари Ўзбек сўзи этноним (халқ номи) сифатида қадимдан қўлланиб келган. Ўзбек атамаси тарихда илк бор VI асрда Рашидиддиннинг «Мўғуллар тарихи» асарида атоқли от маъносида тилга олинади. Жалолиддин Мангубердининг қўшин бошлиқларидан бири Ўзбектой деб аталган. Ўзбек деган сўзнинг «ўзига бек», «отлиқ қўшин», «содда», «тўғри», «инсофли», «сахий», «одамохун», «дилтортар», «суюкли» каби маънолари ҳам мавжуд. Ўзбек атамасининг унга қадар ишлатилган турк, сарт, чиғатой сингари атамаларга нисбатан тилимизда барқарор бўлиб қолиши Шайбонийхон бошчилигидаги ўзбек уруғларининг Марказий Осиёда ўтроқлашуви, ҳокимиятни ўз қўлларига олиши билан боғлиқ. Ўзбек тилининг такомиллашувида Атоий, Саккокий, Лутфий сингари ўнлаб, юзлаб сўз усталари хизмат қилган бўлсалар, Мавлоно Алишер Навоий унинг обрўйини дунёга танитди. Навоий даври ва Навоийгача бўлган даврда ўзбек тили турк лафзи, туркий тил номи билан юритилган. ХVI асрдан ўзбек уруғларининг номи бутун халқнинг номига айланиб кетди. Шунингдек, ўзбек тили мўғуллар босқинидан сўнг шу ерга эгалик қилган Чиғатой номи билан, рус босқини даврида эса руслар томонидан сарт тили номи билан ҳам юритилган. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг бир қатор тарихий илдизлари бор: а) энг қадимги туркий тил (VII асргача бўлган давр); б) қадимги туркий тил (VII-XI асрлар); в) эски туркий тил (XI-XIII асрлар); г) эски ўзбек адабий тили (XIV-XIX асрлар); д) янги ўзбек адабий тили (XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг бошлари). Ўзбек тили ана шу тарихий илдизлардан ўсиб чиқиб, ХХ асрнинг 30-йилларида ҳозирги ўзбек адабий тил шаклига кирган1. Туркологияда ва ўзбек тилшунослигида ўзбек тили тарихини бошқачароқ даврлаштириш ҳолатлари ҳам учрайди. Ўзбек тилининг тарихий тараққиёт босқичларини кўздан кечириш қадимги туркий тилдан ҳозирги ўзбек тилигача бўлган лисоний тараққиёт динамикасини кузатиш имконини беради. Қадимги туркий тил. Ҳозирги барча туркий тиллар (ўзбек, уйғур, қирғиз, қозоқ, туркман, озарбайжон, усмонли турк, татар, хакас, ёқут ва бошқ.) учун қадимги туркий тил умумий тил – асос тил, яъни бобо тил саналади. Ҳозирги туркий тилларнинг шаклланиш тарихини кўпчилик олимлар бир неча даврларга бўладилар. 1. Олтой даври. 2. Энг қадимги турк даври. 3. Қадимги турк даври. 4. Ўрта турк даври (ҳозирги барча туркий халқлар ва улар тилларининг шаклланиши ҳамда ривожланиши даври) ва бошқалар. Мутахассисларнинг фикрича, туркий тиллар қадимда мўғил ва тунгус-манжур тиллари билан биргаликда битта оилани ташкил этган ва бу тил олтой тили деб аталган. Кейинчалик олтой тили тармоқланиб кетган. Афсуски, бу даврдан хабар берувчи ёзма ёдгорликлар бизгача етиб келмаган, лекин қадимги туркий тил даврига оид бир қанча ёзма манбаларга эгамиз. Ўрхун-Энасой, уйғур (қисман моний), суғд ёзувлари шулар жумласидандир. Мазкур ёзувлар ҳозирги туркий тилларнинг барчаси учун умумий саналади. Энасой ҳамда Ўрхун дарёлари ҳавзаларидан топилганлиги учун улар Ўрхун-энасой ёзувлари деб атала бошланди. Ҳозирда уларнинг 700 га яқин намуналари фанга маълум. Эски туркий тил. Эрамизнинг ХI асрларидан бошлаб қорлуқ қабила иттифоқи кучая бошлади ва қорахонийлар сулоласи ҳукмронлигидаги ўзларининг давлатларини ташкил этди. Қорахонийлар Сирдарё ҳавзалари ҳамда сомонийларга қарашли бўлган Бухоро ва Самарқандларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қорахонийлар давлати майда уйғур қабилаларини ҳамда Сирдарё ва Амударё оралиғидаги турк-эрон аҳолиси яшайдиган маданий ерларни ўзига бўйсундирган ҳолда Х аср охирларида ислом динини қабул қилиб, Марказий Осиёнинг энг маданий турк давлатига айланди. Қорахонийлар томонидан икки ривожланган маданий марказнинг шарқда уйғур маданиятининг ва ғарбда, Марказий Осиёда, турк-эрон маданиятининг бирлаштирилиши унинг ёзма маданиятида ҳам ўз ифодасини топди. Қорахонийлар даврининг энг асосий адабий ва лингвистик ёдгорликларидан бири Маҳмуд Кошғарийнинг «Девон-у луғотит турк» номли қомусий асаридир. Бу асар туркий тилларнинг ўша даврдаги фонетикаси, лекцикаси, грамматикаси, диалектал хусусиятлари ҳақида тўла маълумот берувчи қимматли манбадир. Шу билан бирга, туркий халқларнинг халқ оғзаки ижоди намуналарини акс эттирган йирик бадиий асардир. Маҳмуд Кошғарий тилшунослик тарихида илк бор барча туркий тилларнинг бир неча гуруҳларини таснифлаб, улар ўртасидаги умумий ва фарқли жиҳатларни аниқлаган ҳолда қиёсий-тарихий тилшунослик деб номланувчи тилшунослик йўналишига асос солди. Қорахонийлар даврининг иккинчи йирик ёзма ёдгорлиги бу - Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Бахт келтирувчи билим») асаридир. Бу асар йирик бадиий-тарбиявий асар бўлиб, туркий адабиёт тарихида жуда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асарлари шу даврнинг энг буюк адабий дурдоналаридир. Қорахонийлар даври адабий тили ҳозирги Марказий Осиёдаги барча туркий тилларнинг шаклланиши ва ривожланиши учун асос бўлган тил саналади ва шунинг учун бу давр тили кўпчилик туркийшунослар томонидан эски туркий тил деб юритилади. Эски туркий тил эски ўзбек тилининг шаклланиши ва ривожида муҳим ўрин тутган. Эски ўзбек адабий тили. Қорахонийлар даври адабий тили ўзбек тилининг шаклланиши учун ҳам асос бўлди. Бу даврдаги икки адабий тил анъанаси шарқий (қорлуқ-уйғур) адабий тили ва ғарбий (қипчоқ-ўғуз) адабий тили ўзбек тилининг шаклланишида хизмат қилди. Хусусан, ғарбий тил анъанасида ёзилган Қул Алининг «Қиссайи Юсуф» достони (1239-йил) ҳамда шарқий тил анъанасида ёзилган Рабғузийнинг «Қиссаси Рабғузий» (1309—1310) асарлари ўзбек адабий тилининг шаклланган даврини ифода этувчи бадиий асарлардир. А. Боровковнинг эътироф этишича, «Тафсир» (ХIII аср) тили эски ўзбек тилининг ёрқин намунасидир. «Ўғузнома», «Тафсир» (Қуръоннинг сўзма-сўз таржимаси, изоҳлар, шарҳлар, тушунтиришлар), Қутбнинг «Хусрав ва Ширин», Сайфи Саройининг «Гулистон», Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асарлари эски ўзбек тилида яратилган дастлабки намуналардир. Араб, форс-тожик тилларга хос бўлган фонетик, лекcик ва грамматик хусусиятлар эски ўзбек тилига кўплаб ўзлашди. Бу даврда ўзбек қабилалари бошқа қабилаларга нисбатан сиёсий ҳаётда етакчиликни ўз қўлларига ола бошладилар. Эски туркий тилдан ажралиб то ҳозирги ўзбек тилининг шаклланишигача (ХХ аср бошларигача) бўлган ўзбек тили эски ўзбек тили деб номланади. Демак, эски ўзбек тили ХII—ХIII асрдан то ХХ асрнинг бошларигача бўлган ўзбек тили тарихини ўз ичига олади ва жуда катта ёзма манбаларни ўзида мужассам этади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Турди Фароғий, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Муҳаммад Аминхўжа Муқимийларнинг эски ўзбек тилини янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда хизматлари катта. Айниқса, бу борада Алишер Навоий улкан ишлар қилди. У ўзбек тилини хазина деб билди. Бу хазинани илонлар ва тиканлар ўраб турганлигини таъкидлади. Навоий эски ўзбек адабий тилини ана шу «илон»лардан ва «тикан»лардан тозалаб берди. Эски ўзбек адабий тили ҳозирги ўзбек адабий тилининг вужудга келишида муҳим босқич саналади. Ҳозирги ўзбек адабий тили. Ҳозирги ўзбек адабий тили ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб шаклланган. Ҳозирги ўзбек адабий тили ўзбек миллий тилнинг юқори босқичи, фонетик-фонологик, лексик-семантик ва грамматик жиҳатдан меъёрлаштирилган, сайқал берилган қисмидир. У миллий тилга зид қўйилмайди, ундан бошқа тизим ҳам эмас, балки шу миллий тилнинг тартибга солинган бош кўриниши, холос. Адабий тилдан диалект, шева, жаргон ва арголарни фарқлаш керак. Диалект – умумхалқ тилининг маълум этник гуруҳга мансуб кўриниши: қипчоқ диалекти, ўғуз диалекти ва қарлуқ-чигил-уйғур диалекти. Шева – маҳаллий диалектнинг фонетик, лексик, грамматик умумийликка эга бўлган, бир ёки бир неча қишлоқни ўз ичига олувчи кичик бир қисми, гуруҳи. Диалект ва шевалар адабий тилнинг шаклланишида иштирок этади, аммо адабий тилдан қуйидаги белгилари билан фарқланади: а)адабий тил миллатнинг барча вакиллари учун умумийдир, диалект ва шеваларэса миллат таркибидаги ээтник гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида бўлади, бир-биридан фонетик, лексик ва грамматик жиҳатдан фарқланади; б) адабий тилнингёзма шакли мавжуд: у маълум меъёрларга бўйсундирилган ёзув системасига (адабий-орфограик ёзувга) асосланади. Диалект ва шевалар учун эса алоҳида адабий-орфографик ёзув йўқ; с) адабий тилнинг қўлланиши ҳудудий жиҳатдан чегараланмайди, диалект ва шеваларнинг қўлланиши эса бу жиҳатдан чегаралангандир; д) адабий тилда давлат ишлари- халқ таълими, матбуот, радио-телевидение, илм-фан, маъмурий-идоравий ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилади; қонун, фармон ва қарорлар шу тилда эълон қилинади. Диалект ва шевалар эса бу функцияда қўлланмайди Тарихан таркиб топган, қатъий меъёрларга бўйсунувчи, сўзлашувчиларнинг қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар барчаси учун умумий бўлган тил адабий тил саналади. Адабий тил ҳар қандай тилнинг олий шакли саналади ва луғат таркибининг бойлиги, грамматик қурилишининг тартибга солинганлиги, қатъий меъёрларга амал қилиши, услубнинг ривожланганлиги билан характерланади. Ўзбек адабий тили миллий тилнинг бир қисми бўлиб фонетик, лекcик, грамматик жиҳатдан сайқаллаштирилган, меъёрлаштирилган тилдир. 3-§. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг оғзаки ва ёзма шакллари Ҳозирги ўзбек адабий тилининг оғзаки ва ёзма шакллари бор, шу икки шакл воситасида у халққа хизмат қилади. Адабий тилнинг ёзма шакли адабий тилнинг орфографик, пунктуацион, стилистик қонун-қоиларига амал қилувчи график шаклидир. Ёзма шаклда нутқ бўлаклари, абзацлар, гаплар, уларнинг тартиби турли тиниш белгилари воситасида ажратиб кўрсатилади. Ёзма адабий тил қоидалари тил тараққиётининг кейинги босқичларида жорий қилинган бўлиб, адабий тилнинг аниқ меъёрлаштирилган шаклидир. Адабий тилнинг оғзаки шакли тўғри талаффуз меъёрларига, эшитиш орқали идрок қилишга таянади. Бу шаклнинг моддий-материал асосини фонетик бирликлар (нутқ товушлари, урғу, оҳанг, мелодика, пауза, тембр, ритм, темп) ташкил этади; оғзаки шакл энг қадимий шакл бўлиб, унинг тарихий илдизлари халқ оғзаки ижоди намуналарида - достонлар, қўшиқлар, мақоллар, ҳикматли сўзлар, топишмоқлар, эртаклар негизида ривожланиб, оғиздан-оғизга ўтиб келган, шу жараёнда унинг ҳозирги миллий адабий тилга хос ягона талаффуз меъёрлари шаклланган. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг оғзаки шакли кўпроқ адабий сўзлашув услубида намоён бўлади, унинг фаолиятида имо-ишора, нутқ вазияти каби новербал воситалар ҳам муҳим рол ўйнайди; Ёзма адабий тилнинг пайдо бўлиши маълум бир халқ ёзувининг, ёзма адабиётининг, маълум анъаналарга эга маданиятнинг мавжудлиги билан боғлиқдир. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг ёзма шакли, аввало, ёзув системасига ҳамда шу система бирликларини (графемаларни, орфограммаларни) кўриш ва ўқишга асосланади. Ёзув системаси, маълумки, графика, орфография ва пунктуация каби компонентлардан таркиб топади, демак, унинг моддий-материал асосини оптик-график воситалар ташкил қилади. Адабий тилнинг ёзма шакли фаолиятида илмий услуб, расмий услуб, оммабоп (публицистик) услуб қолипларига хосланиш хусусиятлари борлиги ҳам кўзга ташланади. 4-§. Ҳозирги ўзбек адабий тили тараққиётини белгиловчи омиллар Ҳозирги ўзбек адабий тили тараққиётини белгиловчи омиллар икки хилдир: 1. Лингвистик (лисоний) омиллар. Буларга муайян тилнинг структуравий ва системавий хусусиятлари - фонемалар тизими, луғат бойлиги, морфема типлари, сўз ясаш моделлари, грамматик қурилиши, лексик, грамматик бирликларнинг семантик ва функционал хусусиятлари, улар ўртасидаги алоқа ва муносабатларни белгиловчи қоида-қонуниятлар киради. Адабий тил тараққиёти, биринчи навбатда, ана шуларга таянади. 2. Экстралингвистик (нолисоний) омиллар. Буларга тилдан ташқарида мавжуд бўлган факторлар киради: ижтимоий тузум формалари, тарихий жараёнлар, халқлар ва миллатлар ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий алоқалар, илм-фан ривожи, ишлаб чиқариш ва техника тараққиёти, ижтимоий тафаккур, инсон руҳияти, ҳис-туйғулари, тил ва ёзувга оид қонун ва фармонлар шулар жумласидандир. Масалан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва маънавий ҳаётида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди: бозор иқтисодига босқичма-босқич ўтиш жараёни бошланди, миллий қадриятларга эътибор кучайди, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг янги шакллари юзага келди. Буларнинг барчаси ўзбек тили лексикасига ҳам таъсир ўтказди: собиқ иттифоқдаги давлат тузумига хос айрим тушунча номлари (партком, райком, обком, совхоз, область каби сўзлар) истеъмолдан чиқиб, ўзбек тили луғат бойлигининг тарихий қатламига ўтиб қолди, уларнинг ўрнида ҳозирги мустақил Ўзбекистон ҳаёти тақозо қилган янги сўз ва атамалар (коллеж, лицей, гимназия, лицензия, рейтинг, тест, маркетинг, минимаркет, инвестиция кабилар) пайдо бўлди, ҳоким, ҳокимият, вилоят, туман каби лексемаларнинг мазмун мундарижасида ҳозирги тузум тушунчаларига мос равишда янгиланиш юз берди, натижада бундай сўзлар эски қатламдан замонавий қатламга ўтиб қолди. Келтирилган маълумотлардан шу нарса англашиладики, миллий тилнинг, шу жумладан, миллий адабий тилнинг тараққиётида лисоний ва нолисоний омиллар бирга қатнашади, уларнинг бири иккинчисига шароит яратади, ҳар иккаласи бир бутун механизм сифатида хизмат қилади; тил ва жамият, тил ва онг, тил ва тафаккур муносабатлари шуни тақозо қилади. Адабий тил икки манба асосида бойийди: ички манба ташқи манба. Ички манба асосида тилнинг бойишига: а) шева - диалектал сўзларни фаоллаштириш: менгзамоқ (Хоразм) «ўхшатмоқ», «тенглаштирмоқ», «қиёсламоқ» маъносида; б)ўзбек тили сўз ясаш имкониятлари асосида янги сўзларни ясаш усуллари киради: гулчи, китобхон, куюнчак, ўйингоҳ, ўтхўр, қўлқоп; c) илгари қўлланилиб, кейин истеъмолдан чиқиб кетган сўзлардан янги тушунчаларни ифодалаш учун фойдаланиш: вазир, ҳоким, вилоят, ширкат, ноиб, туман каби; Ташқи манба (имконият) асосида тилнинг бойиши деганда қардош бўлмаган тиллардан сўзларнинг ўзлашиши ва истеъмолга кириши назарда тутилади: факулътет, коллеж, стол, стул, менежер, брокер ва ҳ.к. Тил жамият тараққиёти билан биргаликда ривожланиб боради. Тилда энг кўп ўзгариш тилнинг лекcиксатҳида, яъни лекcикологияда юз беради. |