Главная страница
Навигация по странице:

  • 4-мавзу. ФОНОЛОГИЯ Режа

  • 1-§. Ф онема, унинг дифференциал ва интеграл белгилари

  • 2-§. Фонологик оппозициялар (зидланишлар) ва к орреляция

  • Назорат учун савол ва топшириқлар

  • 1-§. Товушларнинг фарқловчи ва бирлаштирувчи белгилари

  • Топшириқ

  • 3-§. Фонема оттенкалари, уларнинг турлари

  • Оттенкалар таснифи.

  • фонетика. ФОНЕТИКА. М. Сапарниязова, Х.одирова, Ш. Наралиева озирги збек тили фонетикаси


    Скачать 0.98 Mb.
    НазваниеМ. Сапарниязова, Х.одирова, Ш. Наралиева озирги збек тили фонетикаси
    Анкорфонетика
    Дата13.09.2022
    Размер0.98 Mb.
    Формат файлаdocx
    Имя файлаФОНЕТИКА.docx
    ТипДокументы
    #674874
    страница5 из 28
    1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   28

    Назорат учун савол ва топшириқлар


    1. Товушлар қандай товушларга бўлинади?

    2. Нутқ товушларининг қандай уч томони бор?

    3. Қандай компонентлар физик-аккустик омиллар саналади?

    4. Товуш баландлиги қандай ўлчов бирлиги билан ўлчанади?

    5. Товуш кучи қандай ўлчов бирлиги билан ўлчанади?

    6. Товуш чўзиқлиги неча хил бўлади?

    7. Нутқ товушларининг биологик асосини қандай турларга бўлиш умкин?

    8. Нутқ аъзолари аппаратини санаб беринг.

    9. Оғиз бўшлиғидаги аъзоларнинг қайси бири товуш учун фаол аъзолар ҳисобланади?


    4-мавзу. ФОНОЛОГИЯ
    Режа:


    1. Фонема, унинг дифференциал ва интеграл белгилари

    2. Фонологик оппозициялар (зидланишлар) ва корреляция


    Таянч тушунчалар: Фонема, фонемаларнинг дифференсиал белгилари, фонемаларнинг интеграл белгилари, бир ўлчовли оппозиция, кўп ўлчовли оппозиция, пропорционал оппозициялар, «приватив» оппозиция, градуал (поғонали) оппозиция
    1-§. Фонема, унинг дифференциал ва интеграл белгилари
    Фонема сўзлар, морфемалар ва грамматик шаклларнинг товуш қобиғини фарқлаш орқали уларнинг маъноларини тафовутлаш вазифасини бажарадиган энг кичик сегмент бирлиқдир. Масалан, ор сўзи таркибида иккита сегмент бирлик («о» ва «р» фонемалари) бор, зор, озор, бозор сўзлари таркибида эса уларнинг сони кўпроқ: 3 та («зор»да), 4 та («озор»да) ва 5 та («бозор»да) каби. Бу ҳолат юқоридаги сўзларнинг товуш қобиғини (фонетик қиёфасини) ва маъносини фарқлаш имконини бермоқда. Бундай ҳолни «-ман» ва «-сан» морфемаларида, бораман ва борасан каби грамматик шаклларда ҳам кўрамиз: уларда фонемалар миқдори ортмаса-да, фонема турлари ўзгармоқда («-ман»да «м» фонемаси, «-сан»да эса «с» фонемаси қўлланган), натижада морфема ва сўз шаклларининг товуш қобиғи ва маънолари фарқланмоқда.

    Фонемаларнинг дифференциал белгилари уларни бир-биридан фарқлаш учун хизмат қиладиган аломатларидир. Масалан, «к» ундоши ўзининг жарангсизлиги билан жарангли «г» дан ажралиб туради, демак, «к»нинг жарангсизлиги, «г»нинг эса жаранглилиги бу икки фонеманинг дифференсиал (фарқланадиган) белгилари саналади. Дифференциал белгилар фонемаларнинг фонологик хусусиятини белгилайди – сўзнинг фонетик қобиғи ва шу орқали унинг маъносини фарқлаш учун хизмат қилади: кул ва гул сўзларининг маънолари айни шу икки фонеманинг дифференциал белгилари (бирининг жарангсиз, иккинчисининг эса жарангли эканлиги) туфайли фарқланмоқда. Дифференциал белгилар фақат жаранглилик ва жарангсизлик жиҳатидангина эмас, балки фонемалар артикуляциясига боғлиқ ҳолда таркиб топиши ҳам мумкин: «б» - лаб-лаб ундоши, «д» - тил олди (дентал) ундоши. Aртикуляция ўрнидаги бу тафовутлар бор ва дор сўзларининг фонетик қиёфасини ва маъноларини фарқламоқда; «қ» - портловчи, «х» - сирғалувчи. Aртикуляция усулидаги бу тафовутлар қол ва хол сўзларининг товуш таркиби ва маъноларини фарқлаш учун хизмат қилмоқда.

    Фонемаларнинг интеграл белгилари уларнинг ўзаро фарқланмайдиган аломатларидир. Масалан, «к» ва «г» ундошларининг ҳар иккаласи портловчи, ҳар иккаласи саёз тил орқа фонемалардир. Демак, бу икки фонема артикуляция усули ва артикуляция ўрнига кўра фарқланмайди.

    Фонемаларнинг интеграл (фарқланмайдиган) белгилари фонологик аҳамиятга эга эмас, аммо фонологик корреляция турларини белгилашда бу белгиларнинг ўзига хос ўрни бор.
    2-§. Фонологик оппозициялар (зидланишлар) ва корреляция
    Фонологик оппозиция ва корреляциялар. Фонологик оппозиция икки фонеманинг битта фарқланиш белгиси асосида ўзаро зидланиш ҳосил қилишидир. Масалан, «у» (лабланган) ва «и» (лабланмаган) унлилари лабланиш-лабланмаслик белгиси асосида бир оппозицияга бирлашади: у-и каби. Aйни шу белгига (лабланиш-лабланмаслик зидланишига) асосланган ў-е, о-а оппозициялари ҳам бор. Демак, Ҳозирги ўзбек адабий тилида лабланиш-лабланмаслик белгиси асосида шаклланган учта оппозиция битта коррелляцияга бирлашади: [у-и], [ў-е], [о-а] каби.

    Ҳозирги ўзбек адабий тилида унлилар тилнинг уч даражали кўтарилиши асосида ҳам оппозиция ва корреляция ҳосил қилади: и (юқори тор) – е (ўрта кенг) – а (қуйи кенг) – и-е-а корреляцияси; у (юқори тор) – ў (ўрта кенг) – о (қуйи кенг) – у-ў-о корреляцияси каби. Бу корреляцияларнинг барчаси бирлашиб, ҳозирги ўзбек адабий тилининг вокализм системасини юзага келтиради. Демак, оппозиция (зидланиш) фонологик системанинг қуйи босқичи, корреляция эса шу системанинг юқори босқичи ҳисобланади.

    Ҳозирги ўзбек адабий тилининг консонантизми (ундошлар системаси) таркибида қуйидаги бирлик оппозициялар борлиги адабиётларда қайд этилган.

    1.Талаффузда иштирок этувчи асосий нутқ аъзоси ва тўсиқнинг ҳосил бўлиш ўрнига кўра:

    а) лабиал – тил олди (дентал, алвеоляр) ундошлар оппозицияси: [п-т], [б-д], [м-н], [ф-с], [в-з], [ф-ш], [в-л], [в-р];

    б) лабиал – тил ўрта ундошлари оппозицияси: [ф-й], [в-й];

    в) лабиал-тил орқа ундошлари оппозицияси: [п-к], [б-г], [ф-х], [в-ғ];

    г) лабиал – бўғиз ундошлари оппозицияси: [ф-ҳ], [в-ҳ];

    д) тил олди- тил орқа ундошлари оппозициялари: [т-к], [т-қ], [д-г], [с-х], [з-ғ], [н-нг];

    е) тил олди – бўғиз ундошлари оппозициялари: [с-ҳ], [з-ҳ], [ш-ҳ], [ж-ҳ], [ч-ҳ], [ж-ҳ];

    2.Aртикуляция усули ва тўсиқнинг қандай ҳосил бўлишига кўра:

    а) портловчи-сирғалувчи ундошлар оппозицияси: [п-ф], [б-в], [т-с], [д-з], [т-ш], [д-ж], [к-х], [г-ғ], [қ-х], [к-ҳ], [г-ҳ];

    б) портловчи-аффрикаталар оппозицияси: [т-ч], [д-ж];

    в) сирғалувчи-аффрикаталар оппозицияси [ш-ч], [ж-ж];

    г) портловчи-бурун сонанти оппозицияси: [б-м], [д-н], [г-н];

    д) сирғалувчи-сонантлар оппозицияси: [з-л], [ж-р];

    е) шовқинли сонант – бурун сонанти оппозицияси: [в-м], [л-н], [р-н];

    ж) ён сонант – титроқ сонант оппозицияси: [л-р].

    3.Жарангсиз-жаранглилик белгиларига кўра: [п-б], [т-д], [с-з], [ф-в], [к-г], [ш-ж], [ч-дж], [х-ғ].

    Бу тизимдаги жаранглиларнинг барчаси маркерли қаторни (шовқинга овоз қўшилганлиги учун), жарангсиз ундошлар эса маркерсиз қаторни (фақат шовқиндан иборат бўлганлиги учун) ҳосил қилади. Ун пайчалари иштирокига кўра жарангли ундошлар қаторига кирувчи м, н, н, л, р, й сонантлари юқоридаги корреляцияга кирмайди, чунки уларнинг жарангсиз жуфтлари йўқ.

    Шуни ҳам таъкидлаш керакки, корреляцияларда оппозициялар миқдорининг икки ва ундан ортиқ бўлиши шарт. Битта оппозициядан корреляция таркиб топмайди. Масалан, Ҳозирги ўзбек адабий тилидаги Л ва Р сонантлари ён сонант (л) ва титроқ сонант (р) оппозициясини ҳосил қилади, аммо ўзбек адабий тилининг фонологик тизимида ён сонант-титроқ сонант зидланишига асосланган бошқа оппозициялар йўқ, шунинг учун л-р зидланиши яккаланган оппозиция ҳисобланиб, коррелляция ҳосил қилмайди.

    Aйрим изоҳлар: фонологик оппозициялар ўз ички хусусиятларига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

    а) бир ўлчовли оппозиция. Бунда фарқланиш белгиси фақат шу оппозициянинг икки аъзосига хос бўлиб, бу системанинг бошқа аъзосида учрамайди. Масалан, жарангли-жарангсиз белгилари асосида таркиб топган корреляциядаги т-д оппозицияси бир ўлчовлидир, чунки бу икки фонемадаги «тил олди» ва «портловчи» белгилари шу системадаги бошқа оппозицияларга хос эмас;

    б) кўп ўлчовли оппозиция. Бунда бир оппозициядаги белгилар шу системадаги бошқа оппозицияларда ҳам учрайди. Масалан, жарангли-жарангсиз белгилари асосида таркиб топган оппозицияларда «портлаш» ва «жаранглилик» белгилари бир неча оппозиция вакилига хос бўлиши мумкин; б (портловчи, жарангли) – д (портловчи, жарангли) – г (портловчи, жарангли) каби;

    в) пропорционал оппозициялар. Бунда бир система ичидаги барча оппозицияларнинг аъзолари ўртасидаги алоқалар ўзаро ўхшаш бўлади. Масалан, ўзбек тилидаги п-б оппозициясидаги жарангсиз-жаранглилик белгилари шу системадаги т-д, к-г, с-з, ш-ж, ч-ж, ф-в, х-ғ оппозицияларига ҳам хос;

    г) «приватив» оппозиция. Бундай оппозицияларнинг бир аъзосида бўлган белги шу оппозициянинг иккинчи аъзосида бўлмайди: б-п оппозициясида «б»даги жаранглилик белгиси»п»да йўқ; т-д, к-г оппозицияларида ҳам шундай;

    д) градуал (поғонали) оппозиция. Бундай оппозициянинг аъзолари ўртасига бошқа (учинчи) фонемани киритиш мумкин бўлади. Масалан, ўзбек тилидаги п (лаб-лаб) – к (саёз тил орқа) ундошлари оппозицияси орасига т ундошини (учинчи аъзони) киритиш мумкин, чунки у ҳам портловчи, жарангсиз бўлиб, артикуляция орнига кўра п (лабиал) ва к (саёз тил орқа) қаторининг ўртасида жойлашади: п-т-к каби. Бундай ҳолатни б-д-г системасида ҳам кўрамиз.

    Хулоса:

    а) фонемалар тил механизмида муҳим ижтимоий аҳамиятга ега бўлган мустақил бирликлардир: улар сўз ва морфемаларнинг товуш қобиғини (ифода планини) фарқлаш билан бирга, шу сўз ёки морфемаларнинг маъноларини фарқлаш вазифасини ҳам бажаради;

    б) фонемаларда дифференсиал (фарқланадиган) ва интеграл (фарқланмайдиган) белгилар мавжуд бўлиб, улардан биринчиси (дифференсиал белги) фонологик жиҳатдан релевант белги, иккинчиси (интеграл белги) эса фонологик жиҳатдан норелевант белги ҳисобланади;

    в) икки фонеманинг қарама-қарши қўйилаётган дифференсиал белгилари шу фонемаларни битта оппозицияга бирлаштиради, бир фарқланиш белгисига асосланган икки ва ундан ортиқ оппозициялар эса корреляцияларга уюшади. Демак, оппозициялардаги фарқловчи белгилар корреляцияда бирлаштирувчи белгига айланади;

    г) корреляциялар ўз навбатида бир-бири билан уланиб, бир бутун тизимни-фонологик системани ҳосил қилади.

    Еслатма: тилнинг фонологик тизимида корреляция ҳодисаси борлигини аниқлаган олимлардан бири (эҳтимол, биринчи) бизнинг юртдошимиз Aбу Aли ибн Сино бўлган. У ўзининг фонетикага доир бир рисоласида «дол» «то»га қандай муносабатда бўлса, «зод» «син»га шундай муносабатда бўлади», – деган эди. Қиёс қилинг: «дол» жарангли «д» – «то» жарангсиз» т, «зод» жарангли з – «син» жарангсиз с. Бунда жарангли ва жарангсизлик белгилари асосида д-т, з-с оппозициялари бир корреляцияга уюшаётганлиги назарда тутилганлиги шубҳасиз.
    Назорат учун савол ва топшириқлар


    1. Фонема нима?

    2. Фонемаларнинг дифференциал белгилари деганда нимани тушунасиз?

    3. Фонеманинг интеграл белгилари ҳақида гапириб беринг.

    4. Талаффузда иштирок этувчи асосий нутқ аъзоси ва тўсиқнинг ҳосил бўлиш ўрнига кўра қандай ундошлар оппозицияси фарқланади?

    5. Aртикуляция усули ва тўсиқнинг қандай ҳосил бўлишига кўра ундошлар оппозицияси ҳақида гапириб беринг.


    5-мавзу. ФОНЕМА
    Режа:


    1. Товушларнинг фарқловчи ва бирлаштирувчи белгилари

    2. Товуш ва фонема

    3. Фонема оттенкалари, уларнинг турлари

    4. Транскрипция ва унинг турлари


    Таянч тушунчалар: фарқловчи белгилар, бирлаштирувчи белгилар, тил олдиликбелгилари, порт­лов­чиликбелгилари, жарангсизлик белгилари, жаранглилик белгилари, товуш, фонема, тил бирлиги, мажбурий оттенкалар, комбинатор оттенкалар, позицион оттенкалар, индивидуал оттенкалар, факултатив оттенкалар, фонетик транскрипция, фонематик транскрипция (фонологик транскрипция)

    1-§. Товушларнинг фарқловчи ва бирлаштирувчи белгилари
    Фонология учун фақат бир товушни иккинчи товушга таққос­ланганда уларни бир-биридан фарқлаш учун хизмат қиладиган белги­ларигина аҳамиятли бўлади.

    Бизнинг билиш фаолиятимизнинг асосини қиёслаш ташкил этади. Билиш жараёнимизда янги билаётган нарсамизни олдин билган нарсага қиёслай­миз, зидлаймиз ва улар ўртасидаги ўхшаш ва фарқли томонларни топишга ҳара­кат қиламиз. Шунинг учун билиш фаолиятида зидлашларнинг аҳамияти катта.

    Зидланаётган икки бирликни бир-биридан фарқлаш учун хизмат қиладиган белгилар фарқловчи белгилар, уларнинг ҳар иккисида такрорланадиган, иккиси учун ҳам умумий бўлган белгилар бирлаштирувчи белгилар саналади.

    Масалан, т ва д товушларини олайлик. Биринчи товуш тил олдилик, порт­лов­чилик, жарангсизлик белгиларига, иккинчиси эса тил олдилик, портловчилик, жаранглилик белгиларига эга. Бу икки товушнинг юқоридаги белгиларини бир-бирига қиёсласак, дастлабки икки белги (тил олдилик, портловчилик белгилари), ҳар икки­сида такрорланади. Учинчи белги (жарангли-жарангсизлик белгиси) билан эса улар бир-биридан фарқланади. Шунга кўра, биринчи ва иккинчи белгилар улар ўрта­сидаги бирлаштирувчи белгилар, учинчи белги эса фарқловчи белги ҳисоб­ланади.

    Топшириқ: «в-ф», «г-к», «з-с», «б-п» товушлари ўртасидаги ўхшаш ва фарқли томонларини топинг.
    2-§. Товуш ва фонема
    Тилшунослик фанида товуш ва фонема тушунчалари бир-биридан фарқ­ланади. Бу фарқланиш фан учун жуда муҳим бўлган хусусийлик ва уму­мийлик муносабатини акс эттиради. Биз бевосита кузатишда хусусийликларни сезги аъзоларимиз билан ҳис этамиз. Бир хусусийликни бошқа хусусийликка солиштирамиз. Солиштирилаётган хусусийликлар ўртасида қандай ўхшаш ва фарқли томонлар мавжуд эканлигини аниқлаймиз. Ўхшаш жиҳатлари асосида ҳар қайси хусусийликни маълум умумийликка — синфга бирлаштирамиз.

    Худди шунингдек, биз нутқий жараёнда бевосита товушларни эшитамиз. Масалан, и товушини олайлик. У, аввало, ҳар бир шахснинг ўзига хос талаф­фузини ўзида намоён қилади. Шу билан бирга, сўзларнинг таркибида ёндош товушлар таъсирига берилади. Хуллас, нутқ жараёнида хилма-хил кўринишга эга бўлади. Шун­дай бўлишига қарамасдан, уларнинг ҳаммасида такрорланадиган умумий жиҳатлар бор. У ҳам бўлса, торлик белгиси ва лабланмаганлик белгиси. Шу белгилари билан а га, о га, и га, у га зидланади. Ана шу бирлаштирувчи белги­лар маълум хусусийликни умумийликларга бирлаштиришга ёрдам беради. Умумийлик сўзловчи ва тингловчилар хотирасида мавжуд бўлади. Шунинг учун ҳам бу умумийлик турлича талаффуз қилинишига қарамасдан, сўз­ловчи ва тингловчилар ўртасида бир хил тушунишга олиб келади.

    Нутқ жараёнида реал талаффуз қилинган, қулоғимиз билан эшитган энг кичик ва бошқа майда бўлакка бўлинмайдиган нутқ парчаси товуш саналади.

    Бевосита кузатишда бир нечта товушлар орқали талаффуз қилинув­чи сўз ва унинг маъноли бирликларини шакллантириш ва фарқлаш вази­фасини бажаришга хосланган, кетма-кетлик жиҳатдан бошқа май­да бў­лакка бўлинмайдиган энг кичик тил бирлиги фонемадир.

    Масалан, тош-том сўзларини ш ва м фарқлайди. Демак, ш ва м алоҳида-алоҳида фонемалардир. Ёки тош-теш зидлигида о ва э; тош-қош зидлигида т ва қ маънони фарқлаш учун хизмат қилади, шунинг учун улар ҳам мустақил фонемалар саналади.

    Кўринадики, бир фонема бир неча товушлар орқали рўёбга чиқади. Фонемалар икки ва ундан ортиқ маъноли бирликларни бир-бирига зидлаш орқали аниқланади.

    Фонемалар сўзларнинг таркибида муайян тартибда келиб, уларни моддий томондан шакллантиради. Бунда сўз таркибидаги фонемаларнинг жойлашиш тартиби катта рол ўйнайди.

    Сут, тус, уст сўзларининг товуш томони учта бир хил товушларнинг турлича кетма-кет жойлашувидан ташкил топган. Гарчи юқоридаги сўзларнинг товуш таркиби бир хил бўлса ҳам, лекин улар турли тартибда жойлашиб учта сўзнинг ифода томонини ҳосил қилади.

    Кўринадики, сўзларнинг моддий томони учун унинг нечта фонема­дан ташкил топганигина эмас, балки уларнинг қандай тартибда жойлашуви ҳам катта аҳамиятга эга.
    3-§. Фонема оттенкалари, уларнинг турлари
    Фонема оттенкалари – фонемаларнинг талаффуздаги реал кўринишларидир. (Л.В.Шчерба). Чунончи, «а» фонемаси олд қатор унлидир. Бу белги «а» фонемаси учун типик ҳисобланади, бироқ шу типик белги қарам сўзида орқа қатор унли оттенкасига айланади. Демак, а фонемаси қарам сўзида (қ билан ёндош қўлланганда) орқа қатор унли тарзида, карам сўзида (к билан ёндош қўлланганда) эса олд қатор унли тарзида талаффуз қилинади. Бу икки хил талаффуз а фонемасининг сўз таркибидаги реал кўринишлари – оттенкалари ҳисобланади. Оттенкалар физик-акустик ва артикуляцион жиҳатдан ўзаро фарқланса-да, бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди, чунки шу икки оттенканинг фонологик функцияси битта (уларнинг иккаласи битта а фонемасининг вазифасини бажаради). Демак, фонема билан унинг оттенкалари ўртасида умумийлик ва хусусийлик муносабатлари бор.2

    Фонема оттенкаларидан бирининг орнида иккинчисини қўллаб бўлмайди, бунга шу оттенкани шакллантирган фонетик позиция йўл қўймайди. Масалан, кўл сўзида фақат олд қатор “ө”, қўл сўзида эса фақат орқа қатор о қўлланади. Бир фонеманинг турли позициядаги кўринишлари оттенкалари фонема қаторини ҳосил қилади. Масалан, у фонемаси кул сўзида олд катор у тарзида, қул сўзида эса орқа қатор у тарзида талаффуз этилади, шунга кўра у, у қаторини юзага келтиради.

    Фонема оттенкалари тушунчасига Л.В.Шчерба асос солган. Бу тушунча ва атама С.Петербург (собиқ Ленинград) фонетистлари мактаби вакиллари томонидан кўпроқ қўлланади.

    Оттенкалар таснифи. Оттенкалар тилшуносликда мажбурий, индивидуал ва факултатив турларга ажратилади.

    1.Мажбурий оттенкалар фонеманинг сўз таркибидаги ёки нутқ оқимидаги фонетик қуршов таъсирида ёки маълум фонетик позиция талаби билан ўзгарган кўринишларидир. Улар ўз навбатида комбинатор оттенкалар ва позицион оттенкаларга бўлинади:

    а) комбинатор оттенкалар сўз таркибидаги товушларнинг бир-бирига таъсири натижасида юзага келади. Масалан, жарангли «з» фонемаси мазкур сўзи таркибида жарангсиз к ундоши таъсирига учрайди ва жарангсиз «с» тарзида (маскур деб) талаффуз қилинади

    б) позицион оттенкалар ундош фонемаларнинг сўз охирида келган, унли фонемаларнинг урғули ёки урғусиз, очиқ ёки ёпиқ бўғинларда қўлланган кўринишларидир. Масалан, жарангли «б» ва «д» фонемалари сўз охирида жарангсиз «п» ва «т» тарзида талаффуз қилинади: тартиб > тартип, омад > омат каби. Бундаги «п» ва «т» товушлари жарангли б ва д фонемаларининг позицион оттенкалари саналади, и унлиси билан сўзида қисқа ва кучсиз (урғусиз бўғинда бўлганлиги учун), ўрик сўзида кучлироқ (урғули бўғинда бўлганлиги учун), бир сўзида тор (тўла ёпиқ бўғинда бўлганлиги учун), энди сўзида эса бир оз кенгайган ҳолатда – энде шаклида (сўз охиридаги очиқ бўғинда бўлганлиги учун) талаффуз этилади. Бу кўринишларнинг барчаси битта и фонемасининг турли позицион оттенкалари ҳисобланади

    в) фонема оттенкаларининг юзага келишида баъзан комбинотор ва позицион омиллар бирга қатнашади, натижада фонеманинг комбинатор-позицион оттенкаси (аралаш кўриниши) шаклланади. Масалан олд қатор и фонемаси қилич сўзининг биринчи бўғинида қ нинг таъсирига дуч келиб, ў га мойил талаффуз этилади (комбинатор оттенка), айни пайтда урғусиз бўғинда бўлганлиги учун бу фонема кучсизланади (позицион оттенка). Фонемаларнинг комбинатор ва позицион оттенкалари тилшуносликда шу фонемаларнинг аллофонлари деб ҳам юритилади.

    Ҳар бир фонема нутқ оқимида ўзининг юқоридаги оттенкаларидан бири шаклида намоён бўлади, бундай оттенкалар ичида биттаси шу фонема учун типик бўлади – кам ўзгаради ёки бутунлай ўзгармайди: фонемаларнинг кучли позициядаги кўринишлари бунга мисол бўлади.

    Масалан, дарахт сўзи бошида ёки бодом сўзи ўртасида қўлланган д фонемасининг акустик-артикуляцион белгилари шу фонеманинг алоҳида (нутқдан ташқарида) олинган белгиларидан деярли фарқ қилмайди. Фонеманинг бундай кўриниши шу фонеманинг асосий оттенкаси ёки фонема қаторидаги доминанта деб қаралади. Қолган барча кўринишлар эса асосий бўлмаган (нотипик) оттенкалар саналади. Нотипик оттенкалар фонетик қуршовдаги товушларга кўпроқ даражада қарам бўлади.

    г) мажбурий оттенкаларнинг адабий сўзлашувга ва жонли сўзлашувга хосланган услубий оттенкалари ҳам учрайди кўйлак (л – адабий сўзлашувга хос) > кўйнак (н – жонли сўзлашувга хос), қармоқ (р – адабий сўзлашувга хос) > қалмоқ (л – жонли сўзлашувга хос) каби.

    Фонемаларнинг услубий оттенкаларидан услубий (стилистик) мақсадларда фойдаланилади. Сўзловчи ва тингловчининг хотирасида, одатда, фонеманинг асосий оттенкаси орнашиб қолган бўлади, шу боис инсон нутқ оқимида фонеманинг ўзгарган оттенкаси қўлланганлигини сезмайди, уни асосий оттенка сифатида қабул қилади: фонеманинг лингвистик-функционал (фонологик) хусусияти шуни тақозо этади. Масалан, туб ва туп сўзлари охиридаги б ва п фонемалари бир хил талаффуз этилади, тул (л) ва туғ (ғ) каби, аммо инсон бу икки сўзнинг маъноларини фарқлашда қийналмайди, чунки туб сўзининг охиридаги фонеманинг аслида п эмас, б эканлиги унинг хотирасида мустаҳкам ўрнашиб қолган. Демак, фонемаларнинг тил ва нутқдаги танитувчи функциялари реализациясида уларнинг физик-акустик белгилари эмас, лингвистик-функционал белгилари муҳим рол ўйнайди. Буларни ўрганиш фонологиянинг вазифаси ҳисобланади.
    1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   28


    написать администратору сайта