фонетика. ФОНЕТИКА. М. Сапарниязова, Х.одирова, Ш. Наралиева озирги збек тили фонетикаси
Скачать 0.98 Mb.
|
Назорат учун савол ва топшириқлар 1.Фонетиканинг предмети ва вазифалари нимадан иборат? 2.Фонетик бирликларга нималар киради? 3.Сегмент бирликларни тавсифланг. 4.Устсегмент бирликлар қандай хусусиятларга эга? 5. Фонетиканинг қандай турлари мавжуд? 6. Тавсифий фонетиканинг бошқа турлардан фарқини айтиб беринг. 7. Товуш типи деганда нимани тушунасиз? 8. Фонетика ва грамматика муносабати ҳақида гапиринг. 9. Фонетиканинг орфоэпия ва орфография билан муносабати қандай? 3-мавзу. НУТҚ ТОВУШЛАРИНИНГ аспектлари Режа: Нутқ товушларининг уч томони Физик-акустик аспект Aнатомик-физиологик аспект Эшитиб ҳис этиш аспекти (перцептив аспект) Лингвистик-функционал аспект Таянч тушунчалар: табиий товушлар, инсон товушлари, талаффуз (физиологик) белгиси, физиология, акустик томон, физика фани, вазифавий белги, лингвистик белги, товушнинг баландлиги, товушнинг кучи, товуш тембри, товуш чўзиқлиги, нафас аппарати, бўғиз бўшлиғи, ҳалқум, оғиз бўшлиғи, бурун бўшлиғи, фаол аъзолар, нофаол аъзолар 1-§. Нутқ товушларининг уч томони Товушлар табиий ва инсон товушларига бўлинади. Табиатдаги инсондан ташқарида пайдо бўлган барча товушлар табиий товушлар саналади. Табиий товушлардан инсон товушларининг фарқи шундаки, у инсон нутқ аъзолари ҳаракати ёрдамида маълум мақсадда кетма-кет талаффуз қилинади. Бу эса ҳар қандай нутқ товушининг уч томони мавжуд эканлигидан далолат беради. Биринчидан, нутқ товушлари инсоннинг нутқ аъзолари ҳаракати натижасида майдонга келади. Нутқ товушларининг бу томони унинг талаффуз (физиологик) белгиси ҳисобланади ва у физиология фани билан узвий боғлиқликда ўрганилади. Нутқ аппарати ўпка, бўғиз, товуш пайчалари, оғиз бўшлиғи, танглай, тил, лаб, бурун, тиш каби аъзоларни ўз ичига олади. Иккинчидан, ҳар қандай товуш ҳавонинг тебраниши натижасида ҳосил бўлади. Шунинг учун уларнинг ҳаммаси маълум сифат белгисига: баландлик, куч (ёки тезлик), миқдор (ёки узунлик) ва тембр белгиларига эга бўлади. Товушларнинг бу томони акустик томон дейилади ва у физика фани билан алоқада ўрганилади. Учинчидан, нутқ товушлари маълум мақсадда талаффуз этилади. Товушларнинг кетма-кет талаффуз қилинишидан маълум ахборот узатилади. Демак, товушлар маъноли бирликлар таркибида уларни моддий томондан шакллантириш ва маъносини бир-биридан фарқлаш вазифасини бажаради. Масалан, соли билан шоли сўзлари биринчи товушлари билан, сот билан соч сўзлари охирги товушлари билан, сот билан сут сўзлари ўртасидаги товушлари билан фарқланади. Товушларнинг бундай белгилари вазифавий белгиси саналади ва у фақат инсон товушларигагина хос белги ҳисобланади. Демак, юқорида саналган белгилардан биринчиси табиий товушларга ҳам, инсон товушларига ҳам хос белги бўлса, иккинчи ва учинчи белгилар фақат инсон товушларигагина хосдир. Шундай қилиб, нутқ товушларининг уч томони мавжуд: а) акустик; б)талаффуз (физиология); д) вазифавий томонлари. Ҳар қайси нутқ товушини тавсиф қилишда ана шу уч томон эътиборга олинади. Масалан, “к” товуши тил ўртасининг юқори танглайга тегиши ва ўпкадан чиқаётган ҳавонинг бу тўсиқдан портлаб чиқиши натижасида ҳосил бўлади. Бу товушнинг нутқ аъзоларининг қайерида ва қандай йўл билан ҳосил бўлиши талаффуз (физиологик) томони саналади. Унинг соф шовқиндан иборат эканлиги, жарангсизлиги акустик белгиси, “к” нинг “г” дан ва бошқа товушлардан фарқланиши эса вазифавий белгиси ҳисобланади. Тилшунослик фани учун вазифавий томони муҳим саналади. Шунинг учун вазифавий белги лингвистик белги деб ҳам юритилади. 2-§. Физик-акустик аспект Экспериментал фонетиканинг бу аспекти фонетик бирликларнинг физик табиатини тадқиқ қилади. Фонетик бирликларнинг физик табиатига товушнинг баландлиги, кучи, тембри, чўзиқлиги киради. Товушнинг овоз, шовқин, қўшимча (ёрдамчи) тон каби компонентлари ҳам физик-акустик омиллар саналади. Товушнинг баландлиги – товушнинг ун пайчалари тебраниши частотасига боғлиқ сифати. Маълум вақт ўлчовида (масалан, бир секундда) ун пайчаларининг тебраниш миқдори қанча кўп бўлса, товуш шунча баланд бўлади ёки, аксинча, шу вақт ўлчови ҳисобида ун пайчалари қанча кам (сийрак) тебранса, товуш шунча паст чиқади. Тебранаётган жисмнинг, масалан, ун пайчаларининг тинч ҳолатдаги нуқтадан икки (қарама-қарши) томонга бир марта бориб келиши битта тўла тебраниш саналади, ана шу битта тўла тебраниш бир герц ҳисобланади, демак, баланд овозда герцлар миқдори кўп (тебраниш зич), паст овозда эса герцлар миқдори кам (тебраниш сийрак) бўлади. Инсоннинг эшитиш қобилияти 16 герцдан 20000 герцгачадир: 16 герц эшитишнинг энг қуйи поғонаси, 20000 герц эса эшитишнинг энг юқори поғонаси ҳисобланади. 16 герцдан кам частотали тебраниш инфратовуш, 20000 герцдан ортиқ частотали тебраниш эса ултратовуш саналади. Инсон оддий сўзлашувда 100 герцдан 400 герцгача баландликдаги товушни қўллайди. Инсоннинг энг паст товуши бас (у 40 герцга тенг), энг баланд товуши эса сопранодир (у 170 герцга тенг). Нутқда товушнинг баланд-паст тарзда тўлқинланиши мелодикани юзага келтиради, мелодика эса гапнинг ифода мақсадига ёки эмоционалликка кўра турларини белгилашда, синтагмаларни, кириш сўз ёки киритма гапларни ифодалашда муҳим восита саналади. Шуни алоҳида-алоҳида таъкидлаш керакки, тебраниш частотаси нутқда бошқа акустик воситалар (урғу, интонация, темр, темп кабилар) билан муносабатга киришиб, мураккаб товушни ҳосил қилиши ҳам мумкин, бундай мураккаб товушлардан эса турли экспрессив-стилистик мақсадларда, айниқса, шеърий мисралардаги товуш товланишларини таркиб топтиришда фойдаланилади. Товушнинг кучи (интенсивлиги) – 1 см² майдондан 1 секундда ўтадиган энергия миқдори. Бундай энергия миқдорининг кўп ёки оз бўлиши тебраниш амплитудасининг (кенглигининг) катта ёки кичиклигига боғлиқдир; тебраниш амплитудасининг катта бўлиши унга берилаётган зарба даражасига, масалан, ўпкадан келаётган ҳаво оқими кучига боғлиқ. Масалан, зарб урғусини (динамик урғуни) юзага келтиришда ҳаво зарби кучли бўлади. Демак, товуш кучининг нутқдаги аҳамияти кўпроқ зарб урғусини ифодалашда намоён бўлади. Товуш кучи одатда децибел билан ўлчанади. Масалан, соатнинг чиқиллаши – 20 дб, пичирлаш – 40 дб, ярим овоз билан гапириш – 60 дб, баланд овоз билан гапириш – 0 дб, симфоник оркестр овози – 100 дан 110 децибелгача бўлади. 130 децибелдан ортиқ кучдаги товуш қулоққа оғриқ беради, инсонни нохуш қилади. Товуш тембри – товушнинг асосий тон ва ёрдамчи тонлар (обертон, парсиал тонлар) қўшилмасидан таркиб топадиган сифати. Товуш тембрини ифодаловчи ва унинг бошқа товушлар тембридан фарқини кўрсатувчи частоталар формантлар дейилади. Товуш формантлари махсус экспериментал аппарат-спектограф ёрдамида аниқланади. Товуш тембрининг турли хил формантларга эга бўлишида бўғиз бўшлиғи, ҳалқум, оғиз бўшлиғи ва бурун бўшлиғи махсус резонаторлик (акустик фильтрлик) вазифасини бажаради: бундай бўшлиқларнинг турли шаклга кириши, ҳажми, ундаги аъзоларнинг ҳаракати-ҳолати товушнинг бўёқдорлигини (сифат белгиларини) ўзгартириб туради, шу тариқа фонемаларнинг ўзаро фарқланиши таъминланади. Одатда, товуш тембри унли фонемаларда муҳим рол ўйнайди: ҳамма унли фонемаларда овоз бор, аммо улар бир-биридан тембри билан фарқ қилади. Aйни пайтда, товуш тембри айрим ундошларни, масалан, сонантларни фарқлашда ҳам қатнашади. Булардан ташқари, тембр нутқнинг суперсегмент бирлиги, овоз товланишлари тарзида ҳам намоён бўлади: қувноқ тембр, маюс тембр каби. Тембрнинг бу турлари нутқнинг экспресссив-эмоционал хусусиятларини таъминлайди. Товуш чўзиқлиги – тебранишнинг оз ёки кўп вақт давом этиши. Товуш чўзиқлиги икки хил бўлади: а) фонологик чўзиқлик (бирламчи чўзиқлик). Бундай чўзиқлик, одатда, маъно ажратиш учун хизмат қилади. Масалан, туркман тилида «йилқи» маъносидаги «от» сўзи билан «исм» маъносидаги «от» сўзининг маънолари шу сўзлар таркибидаги «о» унлисининг чўзиқлик даражаси билан фарқланади; от (ад – “йилқи”); о:т (а:д “исм”) каби; б) фонетик чўзиқлик (иккиламчи чўзиқлик) – соф физик-акустик факторга асосланган (фонологик вазифа бажармайдиган) чўзиқлик. Масалан, урғули бўғиндаги унли бир оз чўзилади, аммо у сўз маъносини фарқлаш учун хизмат қилмайди (атлас ва атлас каби айрим ҳолатлар бундан мустасно). Шунингдек, имон сўзи бошидаги «и» чўзиқроқ талаффуз этилганидан, унда бир «й» орттирилади ёки шаҳар, заҳар сўзларида «ҳ»нинг тушиб қолиши натижасида икки «а» ёнма-ён келиб, бир чўзиқ «а» тарзида талаффуз қилинади (ша:ар, за:ар каби), аммо бу ҳолат сўз маъноларини ўзгартирмайди. Изоҳ: Нутқ товушларининг баландлиги, кучи (интенсивлиги) ва тембри уларнинг сифат белгилари саналади, товушнинг чўзиқлиги эса миқдор белгиси ҳисобланади. 3-§. Aнатомик-физиологик аспект Фонетиканинг бу аспекти фонетик бирликларнинг биологик асосини – инсон организмидаги айрим аъзоларнинг нутқ товушларини ҳосил қилишдаги ролини, уларнинг тузилиши ва фаолиятини ўрганади. Нутқ товушларининг биологик асосини қуйидаги турларга бўлиш мумкин: 1) нутқ аъзоларининг анатомияси; 2) нутқ аъзоларининг физиологияси; 3) нутқ аъзоларининг ижро кечими. 1. Нутқ аъзоларининг анатомияси дейилганда шу аъзоларнинг шакли, тузилиши, орни назарда тутилади. Бундай аъзолар қуйидаги аппаратларга бирлашади: а) нафас аппарати – ўпка, бронхлар, трахея, диафрагма, кўкрак қафаси. Бу аппарат аъзолари товуш ҳосил қилиш учун зарур бўлган ҳаво оқимини бошқа аъзоларга етказиб беради, шу маънода ҳаво манбаи саналади; б) бўғиз бўшлиғи – трахеянинг юқори (кенгайган) қисми. Унда ун пайчалари, узуксимон, қалқонсимон, чўмичсимон, понасимон, шохсимон тоғайлар мавжуд. Бу аппаратдаги энг фаол аъзолар ун пайчаларидир: ун (овоз) пайчалари тинч ҳолатда турганда, уларнинг оралиғи очиқ бўлади, натижада нафас аппаратидан келаётган ҳаво оқими шу оралиқдаги пайчаларни тебратмай ўтади. Бундай вазиятда овоз ҳосил бўлмайди; овоз пайчалари тортилган (таранглашган) да, улар орасидаги очиқ бўшлиқ юмуқ ҳолатга келади, натижада ҳаво оқимининг йўли тўсилади, ҳаво оқими таранглашган ун пайчаларига урилиб, уни тебратади. Бундай тебраниш овозни (асосий тонни) юзага келтиради. Шунинг учун бўғиз бўшлиғи овоз манбаи ҳисобланади. Овоз эса унли товушларни, жарангли ва сонор ундошларни шакллантиришда физик компонент сифатида қатнашади. овоз пайчалари бўшроқ тортилган ҳолатда шу пайчалар орасида торроқ бўшлиқ юзага келади, ҳаво оқими шу бўшлиқдан сирғалиб, ишқаланиб отаъди, аммо ун пайчаларини тебратмайди., натижада шовқин ҳосил бўлади, бу шовқин пичирлаб ёки шивирлаб гапирганда қўлланади; в) ҳалқум – бўғиздан юқорироқда жойлашган бўшлиқ. У уч қисмдан иборат: пастки қисми ҳиқилдоқ(бўғиз)га туташган ўрни; ўрта қисми – ҳалқумнинг оғзи. Бу қисм оғиз бўшлиғи томонга очилган бўлади; юқори қисми – бурун бўшлиғига ва ешитиш пайларига бириккан (туташган) қисми; г) оғиз бўшлиғи – тил, кичик тил, тишлар, лаблар, лунжлар, қаттиқ ва юмшоқ танглай, тил ости мускулидан иборат аппарат. У орқа томонидаги томоқ орқали ҳалқумга туташади; д) бурун бўшлиғи – қўшимча тон манбаи. У юмшоқ танглай охиридаги кичик тилнинг қуйи томон ҳаракат қилиши натижасида резонаторга айланади: ҳаво оқимининг бир қисми бурун бўшлиғидан ўтиб, қўшимча тонларни юзага келтиради. Ўзбек тилининг м, н, нг ундошлари шу аппарат иштирокида юзага келади. Фаол аъзолар: лаблар; тилнинг олд қисми; тилнинг ўрта қисми; тилнинг орқа қисми; тил ўзаги; кичик тил; юмшоқ танглай; ҳалқумнинг орқа қисми. Нофаол аъзолар: олд томондаги юқори тишларнинг учи; олд томондаги юқори тишларнинг орқа қисми; қаттиқ танглайнинг олд қисми; танглайнинг ўрта қисми; юмшоқ танглайнинг олд қисми; юмшоқ танглайнинг орқа қисми. 2. Нутқ аъзоларининг физиологияси дейилганда шу аъзоларнинг ҳаётий кечимлари, муҳит билан бўладиган муносабатлари назарда тутилади. Бундай кечим бош мия қобиғининг чўзинчоқ мия қисмида жойлашган марказий нерв системаси томонидан бошқарилади. Бу система махсус функцияларни бажарадиган нерв ҳужайралари тўпламидан иборатдир. Унинг брок маркази деб номланувчи тури нутқнинг юзага чиқишида қатнашадиган мушакларни ҳаракатга келтирадиган нерв маркази ҳисобланади. Эшитув маркази номли тури эса эшитиш аъзоларидан келадиган таъсирни идрок этадиган нерв маркази саналади. Бу марказ фаолиятини ўрганиш фонетиканинг перцептив (эшитиб ҳис этиш) аспекти деб ҳам қаралади. Демак, тил воситасида амалга ошириладиган нутқий алоқа бевосита шу марказлар иштирокида юз беради. 3. Нутқ аъзоларининг ижро кечими – нутқ аъзоларининг нутқ товушларини ҳосил қилишдаги иштироки (ҳаракати ва ҳолати). Бундай кечим, юқорида айтиб ўтилганидек, нутқ аъзоларининг физиологияси билан боғлиқдир. Одатда, нутқ аъзоларининг ҳаракати ва ҳолати артикуляцияни шакллантиради. Aртикуляция эса ҳар бир миллат вакилларида психологик ва физиологик кўникмаларга таянади. Бу ҳолат ўша миллат тилининг артикуляция базаси ҳисобланади. Шунинг учун бир миллат вакилида бошқа миллат тилига хос артикуляция базаси (психологик ва физиологик кўникмалар) бўлмаслиги мумкин. Демак, тиллар бир-биридан артикуляция базаларидаги баъзи белгилари билан ўзаро фарқ қилади. ҳар қандай нутқ товушининг артикуляцияси уч босқичдан таркиб топади: биринчи босқич – экскурсия (ҳозирланиш); иккинчи босқич – тўхтам (иш ҳолати); учинчи босқичрекурсия (талаффузнинг қайтиши). Нутқ жараёнида бу босқичларнинг чегараси мавҳумлашади: одатда, бир товушнинг артикуляцияси ниҳоясига етмай, иккинчи товуш экскурсияси бошланади, натижада товушлар бир-бирига динамик равишда уланиб, улар орасидаги талаффуз чегаралари сезилмас ҳолга келади. Бундай чегараларни ёзувда (ҳарфлар мисолида) аниқ сезиш мумкин. Изоҳ: 1) нафас аппарати товуш ҳосил қилиш учун керак бўлган ҳаво оқимини етказиб беради; 2) бўғиз (ҳиқилдоқ) овоз ҳосил қилади; қ) ҳалқум, оғиз бўшлиғи товушни шакллантиради; 4) бурун бўшлиғи қўшимча тон беради. 4-§. Эшитиб ҳис этиш аспекти (перцептив аспект) Фонетиканинг бу аспекти фонетик бирликларнинг эшитиш аъзоларига таъсирини ҳис этиш орқали сўзнинг маъносини ёхуд гап ва нутқ мазмунини идрок қилиш қонуниятларини ўрганади. Маълумки, инсон ташқи дунёни ўзининг сезги аъзолари орқали ҳис этади: кўради, эшитади, сезади. Фонетик бирликлар ҳам моддий-материал ҳодиса сифатида инсоннинг эшитиш аъзоларига таъсир қилади, аммо бу таъсир шунчаки моддий ҳодисанинг таъсиригина эмас, балки фонетик сўзнинг (маънога эга бўлган форманинг) ёхуд гапнинг таъсири бўлади. Шунинг учун, ҳар қандай сўзни, сўз шаклини ёки гапни эшитганимизда, онгимизда шу бирликларнинг маъноси ёки мазмуни, аниқроғи, маъно ёки мазмун образи гавдаланади. Бундай ҳис этиш, идрок қилишсиз тилнинг бирорта функцияси (номинатив функция, коммуникатив функция, эмотив функция ва ҳоказолар) амалга оширилмайди. Перцептив фонетиканинг асосий вазифаси – она тилида сўзлашувчиларнинг нутқни идрок этиш жараёнида товуш бирликларининг акустик хусусиятларини тан олиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини ўрганишдир. Идрок деганда тингловчи нутқнинг семантик томонига, контекстга таяниш имкониятидан маҳрум бўлган ва фақат акустик маълумотлардан – товуш ёки товушнинг қандайдир фазаси каби сегментлардан келиб чиқадиган вазиятни, асосан, экспериментал-лабораторияни тушунамиз. Рус тилида сўзлашувчилар фонема тилига қараганда кўпроқ товуш бирликларини ажратиб турадилар. Шундай қилиб, улапда 6 унли эмас (унли фонемалар сонига кўра) эмас, балки қаттиқ ёки юмшоқ ундошларга яқин бўлганлиги сабабли 18 та – комбинаториал аллофонлар тан олинади. Шу билан бирга, ундошдан унлига ўтиш турининг акустик хусусиятлари аниқланади, улар товуш бирликларини аниқлаш учун фойдалидир. Маълум бўлишича, барча аллофоник хусусиятлар идентификация қилиш учун бир хил даражада фойдали эмас. Перцептив фонетика нисбатан ёш фан, аммо унинг илмий истиқболлари ва амалий фойдаланиш учун катта имкониятлари шубҳасиздир. 5-§. Лингвистик-функционал аспект Фонетиканинг бу аспекти фонетик бирликларнинг тил механизмидаги ролини, демак, тилнинг ижтимоий моҳиятини белгилашдаги ахамиятини ўрганади. Тилшуносликда фонетиканинг бу аспекти фонология деб аталади. Фонология – тилшуносликнинг бир бўлими бўлиб, у тилнинг товуш материяси тараққиётини ва шу материянинг фонологик системага уюшиш қонуниятларини ҳамда тилдаги вазифаларини тадқиқ қилади. Бу соҳанинг ўзига хос жиҳати шунда-ки, у ўз объектини семиотик аспектда (белгилар тизими сифатида) ўрганади. Тилшуносликда фонологиянинг фан сифатидаги мақоми хусусида икки хил фикр мавжуд. Биринчи фикрга кўра, фонология фонетиканинг ўзи эмас, чунки фонетика нутқ товушларини, фонология эса тил товушларини ўрганади: нутқ товушлари ҳақидаги таълимот (фонетика) акниқ физик ҳодисаларни, тил товушлари ҳақидаги таълимот (фонология) эса шу товушларнинг лисоний-вазифавий хусусиятларини тадқиқ қилади, шунга кўра уларнинг тадқиқот методлари ҳам ҳар хил: фонетика табиий фанларнинг тадқиқот методларига, фонология эса лингвистик тадқиқот методларига асосланади. Иккинчи фикрга кўра, фонологияни фонетикадан ажратиб бўлмайди, чунки муайян тининг фонемалар тизимини, бу тизимдаги ҳар бир фонеманинг “семантизациялашган” (фонологизациялашган) белгиларини шу тилнинг конкрет талаффуз хусусиятларини ўрганмасдан тадқиқ қилиб бўлмайди. Демак, фонология аслида фонетиканинг ўзи, фақат унинг юқори босқичи, холос. Бинобарин, фонолог бир вақтнинг ўзида фонетист бўлмай иложи йўқ, айни вақтда фонетист ҳам доимо (шу жумладан, фонология пайдо бўлган давргача ҳам) маълум даражада фонолог бўлган, чунки у умуман товушни эмас, балки тил товушларини ўрганган. Маълумки, фонетикада товуш ва бўғин сегмент бирликлар, урғу ва интанация (оҳанг) эса суперсегмент бирликлар тарзида тавсифланади. Фонологияда бу бирликлар лисоний-вазифавий хусусият тақозоси билан фонема (товуш), силлабема (бўғин), аксентема (урғу) ва интонема (интонация, оҳанг) деб номланади. Фонологиянинг ўзи эса сегментал фонология ва суперсегментал фонология каби турга ажратилади. Сегментал фонологиянинг асосий предмети фонемадир, шунга кўра у фонематика, фонемика номлари билан ҳам аталади. Сумерсегментал фонологиянинг предмети эса силабема, аксентема ва интонемадир, шунга кўра у просодика деб ҳам юритилади. Фонологиянинг хулосалари фонетиканинг физик-аккустик, анотомик-физиологик ва персептив аспектларида тўпланган тажриба ва маълумотларга асосланади. Бу ҳол ҳам фонология билан аккустик фонетика, артикуляцион фонетика ва персептик фонетика ўртасида узвий алоқа борлигидан далолат беради. |