янги илмий ижод. Мундарижа ув материаллар
Скачать 289.6 Kb.
|
Илмийликнинг физик идеали. Экспериментал тадқиқотлар гуркираб ривожланиши билан фанни таҳлил қилувчи мутафаккирлар ўртасида “мутлақ” ва “зарурий” билимни фақат математика соҳасидагина эмас, балки физика соҳасида ҳам ҳосил қилиш мумкин, тажрибага асосланган фанларда илмий ҳақиқат илдизлари кўпроқ мужассамлашган, деган қараш пайдо бўлди16. Ж.Беркли, Д.Юмдан бошлаб то позитивизмгача бўлган ғарб олимлари математикани конвенциал, аналитик ўқув предмети, шартли белгилар йиғиндиси, физикага оид назарияларни ривожлантириш воситаси, деб талқин этдилар ва бу билан математикани фан статусидан маҳрум этдилар. Ҳозирги замон неопозитивистлари математика фан эмас, балки фан тили, деб ҳисоблайдилар. Илмийликнинг физик идеали сифатида дастлаб механикага, кейин физикага эталон(андоза) сифатида қарала бошланди. Кимё фанида Бертло, биологияда Шлейден, табииётшуносликда Гельмгольц илмийликнинг физик идеалига таяндилар. Гуманитар соҳаларда ҳам илмийликнинг физик идеалига алоҳида эътибор берила бошлади. Масалан, Бокль тарихнифан даражасига кўтаришга бўлган интилишларини ифодалаб, “тарих Бэкони” бўлмоқчи эканини айтган эди. XIX аср филологи В.Шерер: “Чиройли фикрлар, доно сўзлар, умумий иборалар энди бизга ёрдам бермайди. Бизга конкрет тадқиқотлар зарур, бу тадқиқотларда пухта, ишончли билиб олинган ҳодисалар уларни дунёга келтирган фаол кучлардан иборат бўлсин. Биз бу стилни табииётшуносликдан олдик. Табииётшунослик триумфатор(ғалаба нашидасини сурувчи) сифатида бизнинг барчамиз мансуб бўлган ғолиблар извошини олға тортиб боряпти,”17- деб ёзган эди. Илмийликнинг физик идеалини қабул қилган социал-гуманитар фанлар XVII асрдан то ХХ асргача “социал механика”, “социал физика”, “социал инженерия” яратишга уриндилар. Америкалик социологлар Г.Ландберг, О.Ларсен: “Биз социологияга табиий фан сифатида қарар эканмиз, инсоннинг ижтимоий хулқ-атворини худди биолог асалари уясини ёки организмнинг тузилиши ва функциясини объектив руҳда тадқиқ этгани сингари ўрганамиз”, - деб ёздилар. ХХ асрга келиб, илмийликнинг физик идеали неопозитивизмнинг физикализм доктринасида ўз ифодасини топди. Универсал фан ғоясининг тарафдорлари психология ва социал-гуманитар билимларни физик атамалар тилига кўчиришни таклиф қилдилар. Позитивистлар ҳар қандай эмпирик мазмунни физик атамалар тилида ифодалаш мумкин, деб ҳисобладилар. Масалан, ўлчаш, кузатиш, эксперимнгт илмий билишнинг барча соҳаларида физика тили билан ифодаланади, яна бунинг устига юқоридаги процедуралар физик асбоблар орқали амалга оширилади. Бироқ физикализм доктринасини ҳаётга татбиқ этишда жиддий қийинчиликлар юз берди, шунинг учун ҳам унинг тарафдорлари кейинчалик ундан воз кеча бошладилар. Масалан, электромагнит, атом ва бошқа ҳодисаларни ифодалаш учун механика тилининг етарли эмаслини аён бўлди. Лекин шунга қарамасдан илмийликнинг физик идеали неопозитивистлар (Карл Поппер) томонидан ижодий ривожлантирилди. Улар назарий концепциялар илмийлигининг ягона асоси – бу, назарияларни эмпирик текшириб кўриш имконининг мавжудлиги, фактларга таяниш, верификация ва фальсификация (илмий назарияни инкор этиш, танқид қилиш имконининг мавжудлиги) ғояларини илгари сурдилар. А.М.Мостапенко физиканинг бошқа фанлар учун аҳамияти тўғрисида шундай деб ёзади: “Фанлар тизимида физиканинг алоҳида роли шу билан белгиланадики, физик билиш методологияси бошқа барча табиий ва ижтимоий фанлар учун илмий қатъийлик ва ишончлилик эталони бўлиб хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам физика табиатнинг фундаментал қонунларини ўрганади, у аллақачон нафақат эмпирик, балки назарий методга эга бўлган илмий билишнинг энг ривожланган соҳаси сифатида қарор топди. Бунчалар ривожланган назарий билиш методига эга бўлмаган фанлар физикага бундай методларнинг манбаи сифатида таянадилар. Бунддан ташқари, таъкидлаш жоизки, ҳар қандай фандаги билиш методологияси моҳиятан ягонадир. Шунинг учун ҳам умумий аҳамиятга эга бўлган илмий методология энг ривожланган фан таъсирида, ҳозирги пайтда физика таъсирида шаклланади”18. Л.Б.Баженов физиканинг фундаментал аҳамиятини лингвистик, методологик ва онтологик аспектда таҳлил қилар экан, физиканинг юксак даражада ривожланганлиги, математикалашганлигига алоҳида урғу берди. Юксак даражадаги илмийлик физикада нималарда намоён бўлади? Тадқиқотчилар физик назарияларнинг мантиқий структурасига, уларни текшириш усуллари ва процедураларига, изоҳлашдаги ўзига хосликка ва олдиндан башорат қилишга, математикалашганлик даражасига ва ҳ.о.ларга алоҳида эътибор беряптилар. Илмийликнинг физик стандарти қуйидагилардан иборат: 1. Илмийликнинг бу типида эмпирик асос марказий ўрин эгаллайди. Агар илмийликнинг математик типида ҳар қандай аксиомага йўл қўйиш мумкин бўлса, физик аксиома фактуал характер касб этади. 2. Физика хулосалари ўзгариши, математик формулалардан фарқли равишда мантиқан физика қонунларининг бузилишига йўл қўйиш мумкин. 3. Физикада билим структурасига гипотетик-дедуктив билим сифатида қаралади, билимнинг ўзи эса эҳтимолли характерга эгадир. 4. Бу ерда илмий гипотеза янги факт ва ҳодисаларни олддиндан кўришга имкон берадиган прогностик кучи билан алоҳида аҳамият касб этади. Илмийликнинг физик стандарти ҳозирги замон фанининг ғурури бўлган кўплаб илмий назарияларни яратишда ўзининг юксак даражадаги эвристик аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Бироқ илмийлик физик стандартининг биологик билимларга қўллаш қатор эътирозларга сабаб бўла бошлади. Масалан, машҳур биолог Е.Геккел XIX асрдаёқ: “Гарчи барча фанлар учун аниқ, математик асослаш принцип жиҳатдан таъсирчан метод бўлиб қолаётган бўлса ҳам, уни биологик билимларнинг кенг соҳаси учун қўллашнинг имкони йўқ. Бу ерда аниқ математик-физик метод ўрнига тарихий, социал-фалсафий метод қўлланади”, - деб ёзган эди. Лекин бундай қараш ўзини оқламади. Ҳозирги пайтда биологик объектларни ўрганишда физикавий-кимёвий, математик, кибернетик ва ҳ.о. аниқ методлар муваффақиятли қўлланяпти. Бироқ шунга қарамай қатор тадқиқотчилар таъкидлаганидек, вақтлар ўтиб, биология ривожланди, унинг муаммолари тобора мураккаблашди, натижада бу муаммоларни ўрганиш учун математик, физикавий ва кимёвий методлар кутилган ижобий натижани бера олмаслиги аён бўла бошлади. Назарий биологияни яратиш йўлида икки хил қараш вужудга келди: бир томондан, назарий биологияни яратиш учун биология физик идеалга яқинроқ туриши лозим, деган ғоя илгари сурилса, иккинчи томондан, биологик объектларнинг ўзига хослигини, унинг системали уюшганлигини, улар тарихий ривожланиш маҳсули эканлигини кўрсатувчи сифат жиҳатдан янги биологик назариялар яратилиши керак, деган ғоя илгари сурила бошлади. Назарий биологиянинг қандай бўлишини келажак кўрсатади. Бироқ ҳозирги пайтда физик мезонларни биологик билимга қатъий татбиқ этиш салбий оқибатларни келтириб чиқаряпти. Назарий объект қандай тавсифланса, унинг келажагини ҳам шундай башорат қилиш мумкин, деган қараш ҳам биологларнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда. Э.Майрнинг таъкидлашича, физиклардан келиб чиққан бу ғояни бирон бир биолог айтишга журъат этмайди19. Дарҳақиқат, ноёб ҳодисаларнинг жонли оламида классик механика қонунларига ўхшаш умумий қонунни очиш мутлақо мумкин эмас. Лекин шунга қарамай, биология физик стандартга яқинлашиши, эволюция назариясининг экология билан синтезлашуви натижасида физика билан тенглашишига умид боғлаш мумкин. Ҳозирги пайтда биологик билимларга илмийликнинг физик идеалини қўллаш қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Чунончи, биологиянинг илмийлигини, хусусан, эволюция назариясини келажак билан боғлаш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳолбуки, эволюция назарияси соф биологик назариядир. Машҳур рус биофизиги С.Э.Шнолнинг таъкидлашича, “Фақат биологик ҳодисалар (жараёнлар, объектлар) озми-кўпми узоқ давом этган, табиий танланиш натижасида рўй берган эволюциянинг маҳсулидир. Фақат биоллогик ҳодисаларга нисбтангина табиий танланиш нуқтаи назаридан уларнинг мукаммаллиги, уларнинг биологик прогрессивлик даражаси сингари умумий мезонни қўллаш мумкин. Худди шу маънода ўтмиш замонларнинг концентрантлари бўлган биологик объектлар табиий танланиш натижасида ҳосил қилинган физикавий-кимёвий механизмлар орқали амал қилади. Шундай қилиб, эволюция назариясигина биологиянинг ўз назариясидир”20. Илмийликнинг гуматар идеали. XIX асрда гуманитар фанларнинг, айниқса, тарих фанининг ривожланиши социал-гуманитар билишнинг илмийлик мезони мустақил методологик қимматга эга, деган қарашнинг шаклланишига олиб келди. Унинг асосини рационализм ташкил этди. XIX аср буғ ва элект асригина эмас, “историзм асри” деб ҳам аталди. Ғарб олимлари “историзм асри” деганда фақат конкрет –тарихий билиш даражасинигина эмас, балки историзмнинг фалсафий,методологик аҳамиятини англаш даражасини ҳам назарда тутдилар. Машҳур инглиз тарихчиси Р.Ж.Коллингвуд ана шу жараёнларни қайд этар экан, шундай деб ёзган эди: “Ҳақиқатан ҳам XVII аср билан таққослаганда ҳозирги тафаккурнинг янги элементи тарихнинг юксалишидир.Худди ўн еттинчи ва ўн саккизинчи аср материалистлари физиканинг ўз соҳасида эришган ютуқларига таяниб, бутун реаллик физик реалликдан иборат эканлигини исботлаганлари сингари бугунги кунда тарих фанининг ютуқлари айрим олимларни унинг методларини барча билиш муаммоларига татбиқ этиш мумкин, бошқача қилиб айтганда, бутун реаллик тарихий характерга эга, деган хулосага олиб келди”21. Гуманитар идеал тарафдори бўлган А. Бергсон “ҳаёт тўғрисидаги фан”лар қаторига фақат биологияни эмас, балки социал-гуманитар фанларни ҳам киритди. Аслида илмий билишнинг ўзига хос соҳасини асослашнинг ёмон томони йўқ. Агар илмий фаолият мақтовдан иборат бўлмай, танқидий ёндашишдан иборат бўлса, бундай фаолият фаннинг муҳим методологик вазифаси ҳисобланади. “Тарихийлик” ва “тушунувчан” социология йўналишида шаклланган илмийликнинг гуманитар идеалига хос қуйидаги муҳим белгиларни кўрсатиш мумкин: 1) илмий билимларни шакллантириш, илмий тадқиқот усуллари ва йўлларини аниқлаш ва унинг натижаларини баҳолашда субъект фаоллиги мутлақлаштирилди(маълумки, субъект фаоллиги муайян аспектларда математик ва физик идеал тарафдорлари томонидан ҳам эътироф этилади. Билувчи субъектларнинг иштирокисиз ҳеч қандай билишни тасаввур этиб бўлмайди); 6-мавзу: Ижодий меҳнат самарадорлигининг зарур шартлари Режа: 1. Илмий тадқиқотни оқилона ташкил этиш. 2. Илмий тадқиқотда дам олиш ва овқатланиш маданияти. 3. Илмий тадқиқот учун мавзу танлаш. 4. Илмий тадқиқотни режалаштириш. 5. Мустақил библиографик ишлар методикаси. Таянч тушунчалар:ижодий меҳнат,тадқиқот объекти, хотира, оний хотира, узоқ муддатли хотира, такрорлаш,илмий тадқиқот мавзуси,библиография. Улуғ аждодларимиз янги илмий билимлар ҳосил килиш машаққатини игна билан қудуқ қазишга ўхшатганлар. Бироқ ана шу машаққатни завқли машғулотга айлантириш ҳам мумкин. Бунинг учун илмий тадқиқотга аста секин, босқичма-босқич, бир хил маромда ва системали равишда киришиш лозим. Бунда меҳнат ва дам олиш вақти-вақти билан алмаштириб туриши, масалан, бир соат ақлий мехнатдан сўнг ярим соат очиқ ҳавода сайр қилиш, мусиқа тинглаш,ёки спорть билан жисмоний меҳнат билан шуғуллуниш мақсадга мувофиқдир. Кўпчилик олимлар ақлий фаолиятининг самарадорлиги эрталабдан тушгача бўлган вақтга боғлиқлиги кузатилган. Сўнг куннинг иккинчи ярмида ижодий меҳнат қилишга бўлган иштиёқ ва қобилият аста-секин сўниб боради.Инглизларда кечқурун икки соат ишлагандан эрталаб бир соат ишлаган яхшироқ, деган мақол бор. Шу сабабли оғир назарий ишларни куннинг биринчи ярмига режалаштирган маъқул. Агар тадқиқотчи системали изчил ва жиддий ишлашни билмаса, унинг ишдан толиқиши рўй бериши мумкин. Кишилар ишни тўғри ташкил этишни, самарали ишлашни билмаганлиги учун ҳам тезда чарчаб қоладилар, ижодий ишлашдан безиб қоладилар. Одамларкўп ишлаганидан эмас, балки ишни окилона ва туғри ташкил этишни билмаганликлари туфайли ҳолдан тоядилар. Илмий татқиқот кишилардан диққатни татқиқот объектига тўла қаратишни талаб этади. Бу анча оғир ва машаққатли жараён бўлиб, турли кишиларда диққатни тезда бир жойга йиғиш ва ишга киришиб кетиш учун улардан кўп вакт талаб этилмайди (3-5 минут етади). Бошқалар учун эса ярим соатдан кўпроқ вақт талаб этилади. Хар куни ёки ҳафтанинг охирида бажарилган иш натижаларини якунлаш ютуқ ва камчиликларни бажарилган иш сифатини анализ қилиш, яъни ўз-ўзини назорат қилиш мақсадга мувофиқдир. Ижодий ишда узок узилишларга йўл қўйиб бўлмайди. Бу иш суръати ва самарадорлигига жиддий путур етказади. Вақтнитўғри тақсимлаш ва қадрлашни ўрганиш зарур.Иккинчи даражали номаъқул ишларга кўп вақтни ажратиш ижодий меҳнат қилишга бўлган имкониятларни камайтиради. Ижодий меҳнатнинг самарадорлиги олимнинг шаклланишига тадқиқотчининг собитқадамлиги,ҳалол ва меҳнатсеварлигига, ўз-ўзини бошқара олишига, камтарлиги, самимийлигига бевосита боғликдир(фаннинг ижодкор шахсни камол топтиришдаги ўрнива роли алоҳида бобда кўриб чиқилади). Ижодий меҳнат самарадорлигининг иккинчи муҳим шарти-хотиранинг мустаҳкамлигидир. Яхши ва эркин хотиранинг инсон ҳаётидаги, айникса, олимлар ҳаётидаги аҳамияти жуда каттадир. Хотира ақл ҳазинасидир. Илмий ижод олимдан кўп фактлар, тушунчалар ва тадқиқот усулларини хотирада жуда тез ва аниқ тиклашни талаб этади.Хотиранинг ўта сирли ва муҳим хусусияти шундаки у олинган тажрибани сақлаш ва тафаккур орқали предмет образини қайтадан тиклаш(эслаш) қобилиятига эгадир. Эсда сақлаш ва қайтадан яратиш жараёни ўзининг тезкорлиги ва ҳаракатчанлиги билан ажралиб туради. Хотира шахснинг индивидуал хусусиятлари билан бевосита боғлиқдир. Шахснинг ғоявий йўналиши стратегик мақсад ва интилишлари унинг ўз касбига, оила аъзоларига, жамиятга, якин кишиларига бўлган муносабатини белгилайди; бунда хотира кучли хотира— инсон руҳияти соғломлигининг намоён бўлишигина эмас, балки доимий тажриба ва машқнинг ижобий самараси ҳамдир. Хотиранинг бир неча турлари бир-биридан фарқланади. Жумладан: оний хотира;қисқа муддатли хотира; узоқ муддатли хотира. Оний хотира мазмунини субъект томонидан айни шу вакт(айтайлик, 45 дакика) ичида қабул қилинган барча маълумотни ташкил этади. Инсон ақли шахснинг стратегик мақсадва ниятларига мувофик оний хотирадаги маълумотларни қисқа муддатли ва узоқ муддатли хотира учун саралайди. Агар талаба мазкур фан учун олаётган билимларини фақат баҳо олиш учун эгаллаётган бўлса мақсадга эришганидан сўнг бу маълумотлар унутилади. Агар у ёки бу фаннинг ўзининг маънавий камолоти, касбини чуқур эгаллаш максадида эгалласа,бу маълумотлар узоқ вақт ва хатто бутун умри давомида хотирасидан ўчмайди. Хотираси ёмонлигидан шикоят киладиган, хотираси паришон кишилар ишига, вазифаси ва бурчига масъулиятсиз бўлганлиги учун доимо таъна ва маломатга учрайдилар; ҳолбуки, улар ўз хотираларини тарбиялаш,хотирасини мустахкамлаш ҳақида ўйламайдилар.Ғоявий йуналиш аниқ мақсаднинг йўқлиги хотирада муайян камчиликларни келтириб чиқаради. Ўзига нисбатан талабчан, иродали, собитқадам кишилар муттасил равишда ўз хотираларини мустаҳкамлайдилар. Бунинг учун куйидаги усуллардан фойдаланадилар: 1. Такрорлаш. Халқимизда “Такрорлаш– билимнинг онаси” деган нақл бор. Олинган маълумотни жуда кўп марта такрорлаш натижасида у шахснинг ўз мулкига айланади. Шайх Саъдий таъбири билан айтганда инсон ўз билимларини қанча сарфласа, шунча кўпаяди. Чунки ҳар сафар билимларини сарфлаш учун уни хотирлар экан билимлари шунча мустаҳкамланади ва янги билимлар ҳосил килишда доя бўлиб хизмат қилади. 2. Хорижий тиллардаги мазмунан тушунарсиз, диний оятлар, шеър ва қўшиқларни ёд олиш. Қўшиқларнинг оҳанги, шеърларнинг эса қофияси уни ёд олишда мухим ролъ ўйнайди: ҳофиз ўзи ижро этган қўшиқни шеър килиб айтганда қийналади. Диний оятларни ёд олищда унинг муқаддас эканлиги, иймон-эътиқоднинг собитлиги мухим аҳамият касб этади. 3. Касбни севиш. Ўз касбини севган ўқитувчи, врач, санъаткор, сиёсий арбоб ўз соҳасига оид маълумотларни чуқур билишга ва хотирасини муттасил чархлаб туришга кучли эҳтиёж сезади. Кучли хотирага эга бўлмай туриб, бирон-бир соҳада, айникса, илмий ижодда муваффакиятга умид боғлаб бўлмайди. Шу боисдан хам тариҳда ўчмас из қолдирган буюк шахслар ўзларининг феноменал хотирага эга эканлиги учун ҳам ўлмас асарлар яратиш имконига эга бўлганлар. Шу ўринда кўп нарсани билиш ва хотирада сақлаш эмас, балки соҳа учун зарур ва керакли маълумотларни билиш ва хотирада сақлашни бир биридан фарқлаш ёш тадқиқотчилар учун, айниқса, муҳимдир. Айниқса фаннинг янгидан-янги соҳалари пайдо бўлаётган, мутахассислардан соҳа бўйича пухта билим, кўникма ва малака талаб қилинаётган ҳозирги информация асрида қомусий билимдонликка интилиш тадқиқотчи учун фазилат эмас , балки жиддий нуқсон эканлигини англаш, ҳамма адабиётларни эмас, балки соҳага оид адабиётларни танлаб, саралаб ўрганиш муҳимдир. Фаннинг аниқ бир соҳасига ўзини бағишламай туриб, илмий иижодда жиддий ютуқларга умид боғлаб бўлмайди. Фаннинг бирон соҳасига ихтисослашиш тадқиқотчини фаннинг фалсафий-методологик муаммо ва масалаларини билишдан озод қилмайди. Зеро, умумийликни билмай туриб, алоҳидаликнинг моҳиятига етиб бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, бугунги тадқиқотчи олдида ўз хотирасини кераксиз, номаълум маълумотлардан озод қилиш, ўз соҳасига оид билимларни кўпроқ эгаллаш муаммоси пайдо бўлди: кераксиз ва ҳатто зарарли информациялар ҳуружидан ҳимоянинг биз яшабтурган даврнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолди. (Буюк аждодларимиз: Абу Райҳон Беруний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбекнинг нақадар кучли хотирага эга эканликларини тасдиқловчи тарихий манбалар бизгача етиб келган. Бизга яқин замондош бўлган академик Юнус Ражабий кўп асрлик тарихга эга бўлган “Шашмақом”ни тўла ёд билган ва шу туфайли бу маънавий меросни нотага кўчирган феноменал хотира соҳиби бўланлигини ҳикоя қиладилар). Хотирада мустаҳкам сақлашнинг яна бир усули сўзни(тушунча,атама) қалам билан ёзишдир. Бу эса сўзнинг шакли ва маъносини хотирада сақлашни осонлаштиради. Айниқса, янги танишган кишиларнинг исмини ёзиб олиб, исмнинг маъносини билиш-хотирада мустаҳкам сақлашга имкон беради. Хотирани ортиқча маълумотлардан озод қилиш учун: - Исм ва фамилияларнинг алифбо бўйича рўйхати; - Соҳага оид предметли луғат; - Муҳим воқеалар картотекаси; - Кундалик дафтар; - Ён дафтарча тутадилар. Машҳур олимлар хатто ухлаётганларида ҳам ёнларида қоғоз ва қаламни сақлашга ва қимматли фикр ва ғояларни қайд этишга алоҳида эътибор берганлар. Самарали ижодий меҳнат кўп жиҳатдан иш кабинетининг шовқиндан ҳоли, озода ва шинам бўлишига ҳам боғлиқдир. Хонада нормал намлик ва иссиқлик нормал 18-20С атрофида бўлиши ва елвизак(сквозняк)ка йўл қўймаслик зарурдир. Иш сифати ва унумдорлиги тадқиқотчининг иш жойи ва кайфиятига боғлиқдир. Тадқиқотчи бошқа юмушлар билан чалғимаслиги, диққатини тадқиқот предметига қарата олиши, ўтириб ишлаши учун қулай стул ва иш столига эга бўлиши зарур. Қуёшнинг ярқираган нури ва яшил ранг инсон кўзини тез толиқтиради. Айни вақтда кескин контраст ранглар (қора, оқ, қизил) қўриш аъзоларини тез чарчатади, сарғич, яшил, сутранг каби аралаш ранглар кўриш қобилиятини яхшилайди. Теварак-атрофдаги майсалар ва дарахт баргларининг яшил ранги кўриш аъзоларига ижобий таъсир қилиши аниқланган.Ҳаддан ташқари хира ва ҳаддан ташқари ёруғ хонада китоб ўқишдан қочинг! Кўзойнак танлашда адбатта окулист врач билан маслаҳатлашинг.Ҳеч қачон тасодифий кўзойнаклардан фойдаланманг. Кўзойнакни нотўғри танлаш кўз оғриғини келтириб чиқаради. Кўздан ёш оқишига сабаб бўлиши мумкин.Кўзнинг кўриш қобилиятини бир хилда сақлаш учун кўзойнак билан ишлашда ҳар бир соатдан сўнг кўзга 5-10 минут дам беринг. Дам олиш вақтларида ётиб китоб ўқиш тафсия этилмайди: бу зарарли одат ҳисобланади. |