янги илмий ижод. Мундарижа ув материаллар
Скачать 289.6 Kb.
|
Ижод психологияси конкрет ҳодиса сифатидаги ижоднинг турли томонларини қамраб олган йиғма тушунча эмас, балки унинг томонларидан бирини ўрганувчи билим соҳасидир. Ижод моҳиятини ўрганишга комплекс ёндашиш унинг умумий табиатини ўрганишни талаб этади, бу эса, шубҳасиз, психологик тадқиқот доирасидан ташқарига чиқади. Лекин шунга қарамай, унинг табиатини билиш илмий ижод психологияси учунпринципиал аҳамият касб этади. Чунки илмий ижод психологияси ижоднинг психик табиати билан бирга тадқиқот объекти(ижодкор шахс)нинг ўзига хос хуусиятларини белгилайди. Тадқиқот объекти билан ижодий фаолият мезонлари тўғрисидаги масала кейинги йиллардаалоҳида аҳамият касб этяпти. Шу билан бирга ижодий фаолият билан ноижодий фаолият ўртасидаги кўпчилик томонидан эътироф этилган қатъий объектив мезонларнинг мавжуд эмаслиги янги тадқиқот вазифаларини белгилашга халақит беряпти. Шу сабабли ўтмиш мутафаккирларининг ижод табиатини билиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига қасқача назар ташлайлик. Ўтмишда яратилган асарлар учун ижод муаммосига яхлит ёндашиш хос бўлиб, ижоднинг умумий табиатини шарҳлашга ҳаракат қилинган. Мах, Потебня сингари олимларнинг қарашларини бир томонда қолдирсак-да, уларда ижод табиатини тушуниш Коинотнибошқарувчи қонунлар табиатнинг умумий эволюцияси тўғрисидаги тасаввурлар биланбоғлиқлигини кўрамиз. Ижод табиатини бундай тушуниш Лезин асарларида ўз ифодасини топди. Энгельмейер учун инсон ижоди – ҳаётнинг ривожланиши, эскиликдан янгиликка ҳаракатланиш босқичларидан биридир. Инсон ижоди ўзи билан бирга табиат ижодини давом эттиради. У ҳам, бу ҳам бир-биридан узилмаган ҳолда ягона қаторни ташкил этади. Агар Энгельмейер ижод соҳасини жонли табиат билан чеклаган бўлса, унинг издоши Блох бу сферани жонсиз табиатга ҳам ёйди: у ижодни олам эволюциясининг асоси деб ҳисоблади. Бироқ кейинроқ ижод табиатига бўлган қарашлар кескин ўзгарди. Рубинштейннинг “Умумий психология асослари” китобида ижодга қуйидаги илмий таъриф берилди: “Ижод – бу, инсоннинг янги моддий ва маънавий қадриятлар яратадиган,ижтимоий аҳамиятга молик бўлган фаолиятидир”. Бу таърифга кўра ижод инсон психик фаолиятининг бир шаклидир. Бу таъриф етарли ва тўлиқ эмаслигига қарамасдан фанимизда мустаҳкам ўрин эгаллади. Агар ижод психик фаолият сифатида тушунилар экан, у ҳолда нима учун бу фаолият маҳсули унинг мезони бўлиши керак? Ахир, ҳайвонлар томонидан муаммонинг ҳал этилиши, болалар ижоди тўғрисида ҳам гапирамиз-ку! Шубҳасиз, ҳар қандай инсон томонидан “бошқотирма”ни ҳал этишда ижод яққол намоён бўлади.Лекин бу актларнинг биронтаси ижтимоий аҳамиятга эга эмас. Фан ва техника тарихида тўпланган жуда кўп фактлар одамларнинг ноёб ижодий тафаккур ютуқлари узоқ вақтгача ижтимоий аҳамият касб этмаганлигидан гувоҳлик беради. Лекин фаолиятнинг ана шу даврида унинг яратувчилари ижодкор бўлмаган, деб бўлмайди. Кўп ҳолатларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлиш мезони ижодий актларда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Масалан, расман тан олинмаган кашфиёт ва янгиликларда психология нуқтаи назаридан ижод акти яққол кўзга ташланиб турса-да, социал планда янгилик эмаслиги равшандир. Бинобарин, у ёки бу сферада ижодий акт имкониятини белгилайдиган социал ўзаро муносабатларнинг психологик сабабларидан бошқа яна қандайдир қўшимча сабаблар ҳам мавжуд бўлади. Айтиш мумкинки, ижоднинг турли сфералари мавжуд. Ижоднинг психологик сфераси фақат социал сферада ижод имконияти мавжудлигини кўрсатади. Бу имкониятларнинг воқеликка айланиши социал муносабатларнинг қатор ўзига хос шарт-шароитларигабоғлиқдир. Ижодни инсон психик фаолиятидан иборат қилиб қўйиш ҳам ярамайди. Бундай қараш ижодни олам ривожланишининг умумий жараёнидан ажратиб қўяди, инсон ижодий фаолияти манбалари ва шарт-шароитини тушунишга имкон бермайди, ижодий акт генезисини таҳлил қилиш йўлларини беркитиб қўяди ва бу билан ижоднинг етакчи, энг умумий хусусиятларини ажратиш, унинг хилма-хил шаклларини очиш, умумий ва ўзига хос механизмларини кўрсатишга халақит беради. Шу билан бирга ижод – ҳаддан ташқари хилма-хил тушунчадир. Ҳатто кундалик ҳаётда ижод тушунчаси инсон ҳаётидаги алоҳида муҳим ҳодисани ифода этади. У поэзияда тиним нималигини билмайдиган ижодкор номи билан аталади. Ижод фақат метафора, поэтик ўхшатиш, антроморфизм ҳайқриғими?! Ёки табиатда ва инсон қўлида ҳақиқатан ҳам вужудга келадиган, ўз сабаб ва оқибатига эга бўлган қандайдир умумийликми?! Одамларнинг фанга қадар мавжуд бўлган фантастик дунёқараши табиатда ва одамлар томонидан яратиладиган нарсаларнинг сабабларини бир-биридан кескин фарқ қилган: табиат яратадиган янгиликларга ғайритабиий руҳнинг бевосита намоён бўлиши деб, кейинги ҳолатда ана шу руҳ томонидан инъом этилган ва сараланган инсон фаолиятининг маҳсули сифатида қаралган: ижодкор инсон учун ғайритабиий ҳис-туйғу хос бўлиб, гений(ижодкор) қисқа вақт ичида қилган кашфиётни оддий одамлар бутун умри давомида ҳам қила олмайдилар. Фалсафий дунёқарашгина ижоднинг ғайритабиий куч ва инсон фаолияти маҳсули эканлигининг туб сабабларини тушунишга имкон берди. Умуман олганда, ижод маҳсули моддий реаллик ўзаро таъсирининг натижасидир. Шу ўринда ижодни фақат инсон фаолиятининг маҳсули дейиш тўғрими? “Табиат ижоди” тушунчасини мазмун ва маънодан бегона дейиш хатодир. Табиат ижоди ва инсон ижоди умумий генетик асосга эга бўлган ижоднинг турли соҳалари, холос. Бу ҳолда ижод жонсиз табиатга ҳам хос эканлигини эътироф этишга тўғри келади. Демак, инсон ва жамият пайдо бўлгунига қадар ҳам жонсиз табиат ижод қилган. Ижод – материя ривожланиши ва унинг янги шакллари пайдо бўлишининг зарур шартидир. Уларнинг шаклланиши билан ижод шакллари ҳам ўзгарган. Инсон ижоди - ана шу ижод шаклларидан биридир. Ижоднинг табиати, инсон ижодий фаолиятининг мезонлари тўғрисидаги масала ғоят мураккаб, кенгмиқёсли ва махсус ўрганишни талаб этадиган масала бўлиб, унинг ҳозирги ҳолатини қисқача кўриб чиқиш тафаккурнинг алоҳидаликдан умумийликка томон сакрашини талаб этади. Шу ўринда ижод самарали ривожланишмеханизми сифатида намоён бўлади, деган илмий гипотеза эътиборга лойиқдир. Бундай гипотеза ижодга инсон фаолиятининг шаклларидан бири сифатида қарашдан воз кечишни талаб этади. Бу ҳолда ижод жараёнини таҳлил қилиш ривожланиш ҳодисаларини анализ қилишни тақозо этади: ижодни қуйидан юксакликка томон ҳаракатланиш бор жойдан излашга тўғри келади. Ижод диалектикасини тушуниш тараққиёт диалектикасини тушунишни тақозо этади. Шу ўринда Б.М. Кедровнинг илмий кашфиётга диалектик сакраш сифатида қараш лозим, деган қоидаси эътиборга лойиқдир. Демак, илмий ижод самарали ривожланиш механизмининг намоён бўлиш шаклидир. Бироқ бу механизм табиати ҳозиргача махсус ўрганилган эмас. Ижод жараёнига оид дастлабки маълумотлар олишнинг кенг ёйилган усули ижодкорнинг ўз-ўзини кузатишидир. Лезиннинг фикрича, ҳар бир одам ўз ижод жараёнини кузата олади. Бироқ унинг эътироф этишича, бу йўл билан ижод жараёни тўғрисида тўлиқ маълумот олиб ҳам бўлмайди. Шу ўринда ҳақиқий ижодкорлар – машҳур шахсларнинг оддий одамларга нисбатан ўзининг ғоят сезгирлиги, таъсирчанлиги билан ажралиб турган олимлар, ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, музикачиларнинг “эътирофлари”га кўпроқ эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Кўп муаллифларнинг фикрича, ижодкорларнинг ўзлари ҳақида берган маълумотлари бундай мулоҳаза учун муҳим манбадир. Лекин Грузенбергнинг фикрича, аксинча, ижод жараёнини онгли ўз-ўзини кузатиш орқали билиб бўлмайди. Шу сабабли ижод жараёни тўғрисидаги дастлабки маълумотларни автобиографияларда, мемуар ва бошқа асарларда ифодаланган “эътироф”лардан олиш мумкин.Ана шу позиция тадқиқотчиларни адабиёт, санъат, фан, техника тарихига оид ижод жараёнини ўзида ифода этувчи воқеалар ҳақида маълумотлар тўплашга ундади. Ижодий жараён тўғрисида дастлабки маълумот тўплашнинг бу усулини самарасиз деб бўлмайди. Аниқроғи, бу усул ижодни тадқиқ этишнинг ривожланишидаги зарур босқич бўлди. Лекин бир-бирини такрорловчи маълумотлар кўпайиб боргани сайин бу усулнинг чекланганлиги ҳам аён бўлди. Ижод жараёни тўғрисида дастлабки маълумотлар олиш субъектив манбаларининг ишончсизлиги ижод жараёнини тадқиқ этишга тест усулини қўллашни тақозо этди. Нечаевнинг “Техник ижодкорлик психологияси”, Дьяков, Петровский, Рудикнинг “Шахмат ўйинлари психологияси” китобларида фойдаланилган тестларнинг афзалликлари ва камчиликларига тўхталиб ўтирмаган ҳолда улар ижод жараёни структурасини билишга асло имкон бермаганлигини таъкидлаймиз. Бу тестлар фаолиятнинг умумий натижасини акс эттирган, холос. Мазкур тестлар ижод жараёни писхологиясини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Умуман тест тадқиқотлари ўрганилаётган индивиддаги қобилиятнинг қай даражада намоён бўлишини, унинг миқдорий характеристикасини аниқлашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди. Тестлар маълум маънода ижод жараёни психологияси вазифаларига жавоб берса ҳам, ижод жараёни психологиясини ўрганишга эмас, балки ижодкор шахсининг қобилиятлари комплексини ўрганишга қаратилгандир. Ижодий жараён психологик механизмларини билиш тест тадқиқотлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга моликдир, чунки ижодкор шахсининг психологик параметрлари 9ўлчовлари) назарий схемасини ишлаб чиқиш ижод жараёнининг психологик механизмлари тўғрисидаги тасаввурлар билан узвий боғлиқдир. Ўтган асрнинг 20-йилларида ижод жараёни психологияси тўғрисида дастлабки маълумотлар йиғиш йўлидаги уринишлар давом этмай тўхтаб қолди. 30-йилларда ўз-ўзини кузатиш ижод жараёни психологияси тўғрисида дастлабки маълумот йиғишнинг ягона усули ҳисобланди. Буни Якобсон томонидан фойдаланилган “ижодий биография”, “методик ташкил этилган суҳбат” усулларида кўриш мумкин. Якобсоннинг фикрича, ихтирочилар ижод жараёнида ўз-ўзларини кузатмайдилар.Ижод жараёнининг муҳим моментлари уларнинг хотирасидан кўтарилади. Уларнинг онгида фақат натижагина қолади. Ана шу ҳолатлар ўтган ҳодисани қайтадан тиклашга имкон бермайди. Бунинг устига ижод ниҳоятда инжиқлик билан рўй беради, тафаккурнинг кескин сакраши, мантиқий изчилликдаги узилишлар, кутилмаган қарорлар қабул қилиш ҳолатида рўй беради. Бу эса ижод жараёнини ўрганишни ғоят қийинлаштиради. Лекин Якобсон ўз салафларининг қарашларига зид равишда хатти-ҳаракатни англаб бўлмаслиги, ўз-ўзини кузатиб бўлмаслиги тўғрисидаги қарашларни кескин рад этди ва ихтирочи амалга оширган барча ишлар (операциялар) унинг хотирасида сақланиб қолади, бироқ у ижодга бутун вужуди билан берилиши оқибатида унутилиши ва ўзидан кейин оқ доғ қолдириши мумкин, деб ҳисоблади. Биз кўрдикки, ижод жараёни тўғрисида дастлабки маълумотлар олиш усуллари тўғрисидаги дастлабки тасаввурлар эволюцияси ўза даврдаги ижод жараёнига умумий ёндашиш эволюциясига қатъий мос бўлган. Инсон психик фаолиятидаги онгсиз жараёнлар мавжулигини инкор этиш ўз-ўзини кузатиш усулини олдинги қаторга чиқарган ва муаммонинг мураккаблиги тўғрисидаги тасаввурни жўнлаштирган. Муаммо ҳал этилмаган, “методик ташкил этилган суҳмат” усулидан эса тўлиқ фойдаланилмаган. Б.М.Кедров таъкидлаганидек, тарихий-илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кашфиётнинг реал йўли унинг муаллифидан четга яширинади. Бу ерда рўй берадиган парадоксал вазият шундан иборатки, олимлар ўзлари амалга оширган кашфиётнинг конкрет ривожланиш йўлини эслай олмайдилар. Шу боисдан ҳам бевосита олимлар билан ижод психологияси бўйича тадқиқот олиб борадиган психологлар архив материаллари билан ишлайдиган тарихчиларга қараганда жуда оз маълумот оладилар. Муаллифлар ва гувоҳлар хотирасида ижод жараёнининг бутунлай бошқача тасвирланиши ҳам рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.Шу сабабли олимларнинг ижод жараёни тўғрисидаги субъектив кўрсатмалари объектив маълумотлар билан тўлдирилиши зарур. Олим ўзига ижод жараёнининг айрим, узилиб қолган моментлари ҳақидагина ҳисобот беради. Психолог ижод жараёнини ўрганишда илмий кашфиёт қилган олим айнан нимани унутиши мумкинлигини аниқлаши, кашфиёт жараёнининг ҳақиқий кечиши ёки эҳтимол тутилишини билиши зарур. Ижод жараёни психологиясини ўрганишда ўз-ўзини кузатиш усулининг имкониятлари Леонтьев томонидан экспериментал-психологик позициядан танқид қилинди. Илмий ижод психологияси соҳасидаги кейинги тадқиққотлар ижодий тафаккур инсон ижодий жараёни муаммоси билан боғлиқ эканлиги аён бўлди. Ижод жараёнини тадқиқ этиш аввал бошданоқ ижод бочқичлари (акт, этап, фаза, момент)ни ажратишни талаб этди. Бундай босқичлар комплекси бадиий ижодга хос эканлиги Лезин томонидан қайд этилди. У бадиий ижод босқичлари сифатида: меҳнат, онгсиз иш, илҳомни кўрсатди. Ижодий жараён босқичлари Энгельмейер асарларида ҳам муҳим ўрин эгаллади. Унинг кўрсатишича, ихтирочининг иш жараёнини: истак, билим ва иқтидорга ажратиш мумкин. Блох ана шу ғояни техник ва илмий ижодкорликка татбиқ этиб, қуйидаги уч актни кўрсатди: 1)ғоянинг (гипотеза, ният)туғилиши, 2) унинг шаклланиши, 3) ҳаётга татбиқ этилиши. Илмий ижод босқичларини ўрганар экан, Левинсон-Лессинг, унинг уч элементини кўрсатди: 1) кузатиш ва эксперимент воситасида фактлар тўплаш, 2) ғоянинг хаёлда вужудга келиши; 3) ғояни текшириш ва ривожлантириш. Хорижий олимлар ҳам илмий ижоднинг шунга ўхшаш босқичларини ажратиб кўрсатдилар. Биринчи босқич. Онгли иш – тайёргарлик кўриш. Бу – янги ғоянинг интуитив равишда туғилиши учун замин яратади. Иккинчи босқич. Ғоянинг пишиб етилиши – муаммо устида онгсиз ишлаш, йўналтирувчи ғоянинг инкубация ҳолати. Учинчи босқич. Онгсиз ҳолатдан онгли фаолиятга ўтиш – илҳом билан ишлаш босқичи. Онг соҳасида дастлаб гипотеза ҳолида янгилик, кашфиёт рўй беради. Тўртинчи босқич. Онгли иш – ғоянинг ривожланиши ва текширилиши (апробация қилиш). Мамлакатимиз олимлари илмий ижоднинг шунга ўхшаш қуйидаги фаза ва хусусий босқичларини кўрсатадилар: - муаммони англаш – муаммонинг вужудга келиши, мавжуд фактларни тушуниш ва масаланинг қўйилиши; - муаммонинг ҳал этилиши: гипотезани ишлаб чиқиш; принципларни очиш (аниқлаш, муаммони ҳал этишга бўлган мулоҳазаларни ишлаб чиқиш); - қабул қилинган қарорни текшириш. Илмий ижод босқичларининг ана шу шкаласини ҳар қандай билиш вазифаларига татбиқ этиш мумкин. Юқорида тавсифланган фаза ва босқичларни у ёки бу муаммони ҳал этиш учун индивидуал миқёсдагина эмас, балки ижтимоий билиш миқёсида ҳам муваффақиятли қўллаш мумкин. Билиш жараёнининг юқорида кўриб чиқилган босқичлари моҳиятан билиш вазифаларини ҳал этиш босқичларидир. Билиш вазифалари тафаккур вазифалари билан айний эмас. Ҳозиргача мавжуд бўлиб келган тафаккур психологияси кўп ҳолларда муаммони кўриб чиқиш ва масалани қўйиш, принципларни очиш ва ҳал этиш йўлларини топиш фактларини қайд этди; фаолиятнинг ягона умумий мақсади билан боғлиқ бўлган билиш вазифаларининг кетма-кет келадиган бўғинларига мантиқий тавсиф берди. 5-мавзу: Фанда илмийлик мезонлари Режа: 1. Илмийлик нима? Фанда илмийлик мезонлари. 2. Илмийликнинг математик идеали. 3. Илмийликнинг физик идеали. 4. Ижтимоий-гуманитар фанларда илмийлик мезони. 5. Методологик плюрализм. 6. Илмийликнинг франкфурт мактаби концепцияси Таянч тушунчалар:илмий билим, илмийлик мезони, математикада илмийлик, физикада илмийлик, ижтимоий-гуманитар фанларда илмийлик, методологик плюрализм, герменевтика. Фанларнинг яхлит бирлиги, шунингдек, оламнинг яхлитлиги асло уларнинг бирхиллигини англатмайди. Илмийликнинг ўзига хос алоҳида типларининг мавжудлиги фанда акс этадиган объектив воқеликнинг хилма хил шакллари эҳтиёжларини қондиради. Бу эса илмийлик структурасида ўз ифодасини мавжудлигидан далолат беради. Зеро, фан кўпфункцияли феномен бўлиб, ҳозирги маданиятнинг ғоят хилма хил эҳтиёжларини- ҳам моддий, ҳам маънавий топади. Бинобарин, илмийликнинг математик, физик, социал – гуманитар типлари бир-биридан фарқланади. Илмийликнинг математик стандарти доирасида илмий ижод асосан мантиқий билишга; илмийликнинг табиий-илмий стандарти эса амалиёт учун самарали натижалар олишга, социал-гуманитар стандарт эса социал-тарихий объектнинг қадриятли установкаси манфаатларига мос муҳим натижалар олишга йўналтирилади. Илмийликнинг математик идеали. Даставвал амалий қоидалар тўплами сифатида вужудга келган математика қадимги Юнонистонда абстракт дедуктив фан сифатида тан олинди. Унинг мантиқий исботлаш усули илмий тадқиқот ваназариянинг аҳамиятини белгиловчи усул бўлиб қолди. Кўпчиликфан тарихчилари ҳақиқий табииётшунослик XV асрнинг 2-ярмидан бошланди, деб ҳисоблайдилар6. Антик фалсафада демаркация муаммоси илмни ҳиссий идрокка асосланувчи мулоҳазадан ажратишга уринишдан бошланди. Оламдаги ҳар қандай мулоҳаза ўзгарувчан ва ўткинчидир, фақат ақлгина энг уумий ва зарурий характерга эга бўлган ишончли илмни бериши мумкин, деган фикр Парменид ва Платон асарларида илгари сурилди. Аристотель бу ҳақда: “Билим предмети ва билим мулоҳаза предмети ва мулоҳазадан фарқланади, зеро, билим умумийликка йўналган бўлиб, зарурият(қоидалар)га асослангандир. Зарурият, бу– бошқача бўла олмайдиган нарсадир. Кўпчилик нарсалар мавжуд бўлса-да бироқ бошқача бўлиши ҳам мумкин”7. Платон ва Аристотель математика ва физиканинг етарли ишончли илм бўла олиш талабларига жавоб беришини баҳолашда турлича қарашларни илгари сурдилар. Платоннинг фикрича, фақат математик билим, ўлчов муносабатлари тўғрисидаги билимгина энг ишончли билимдир; физика ва космогония ҳақиқийфан мақомига даъво қила олмайди. Чунки улар етарли ишончли билимҳосил қила олмайдилар. Физика ва космогояда “ҳақиқатга ўхшаш афсоналар билан кифояланишгатўғри келади. Платон “Тимей” асарида шундай деб ёзди: “Ўзгармас, барқарор ва фарқланадиган предмет тўғрисидаги сўз ҳам ўзгармас ва барқарор бўлиши керак. Бироқ фақат бирламчи образни қайтадан яратадиган ва ўзида ҳақиқий образга ўхшаш нарсани намоён этувчи ҳақида ҳақиқатга ўхшаш нарса дейиш мумкин, холос. Ахир, борлиқ туғилишга тегишли бўлгани сингари ҳақиқат ҳам эътиқодга тегишлидир. Шунинг учун ҳам, Сократ, агар биз Худо, коинотнинг туғилиши сингари жуда кўп масалаларни кўриб чиқишда тўла аниқлик ва нозидликка эриша олмасак, бунга ажабланма. Балки аксинча, бизнинг муҳокамаларимиз бошқаларга қараганда кўпроқ ҳақиқатга ўхшаш бўлса, бундан қувонишимиз керак ва доимо ёдда тутишимиз зарур: муҳокама қилувчи мен ҳам, ҳукм чиқарувчи Сиз ҳам, шунчаки одамлармиз, шу боисдан ҳам бундай масалаларда кўп нарсани талаб қилмай, ҳақиқатга ўхшаш мифлар билан кифояланишимизга тўғри келади”8. Бу масалада Аристотель бошқача ғояни илгари сурди. Унинг фикрича, ҳақиқий билим, яъни том маънодаги фан фақат физик объектларда – ҳаракатланувчи ва ўзгарувчи нарсаларга нисбатангина бўлиши мумкин. Аристотелнинг фикрича, баъзи жиҳатларига кўра физика математикага нисбатан фундаментал(асосли)роқ фандир.Агар математика ўзидан ташқаридаги предметлар билан иш кўрса, яъни математика эмпирик объектлардан мавҳумлашиш маҳсули бўлса, физика эмпирик объетларнинг ўзи билан иш кўради, яъни моҳият билан, ўз ичида мавжуд бўлган нарса билан иш кўради (шунда ҳам ҳар қандай моҳият билан эмас, балки табиий моҳият билан иш кўради). Шу боисдан ҳам физика онтологик жиҳатдан математикага қараганда бирламчидир. Зеро, билишнинг мақсади моҳиятни англашдир. Аристотелнинг фикрича, ишончли билим олиш учун олимлар, биринчидан, “бирламчи ибтидо”, яъни умуий принциплар учун йўл очадиган мимезис (эслаш ёки аён бўлиш) орқали; иккинчидан, мантиқий далиллаш ва бирламчи ибтидодан топилган қоида ва натижалардан дедуктив хулосалар чиқаришдан фойдаланадилар – фанни барпо этиш йўли ана шудир. Илмийликнинг Аристотель томонидан илгари сурилган мантиқий – норматив стандартини қуйидагича ифодалаш мумкин: фан муайян соҳага тегишли бўлган гапларнинг изчиллигидир. Шундай изчилликдаги барча гапларни икки катта гуруҳга бўлиш мумкин: 1) асосий, бошланғич гаплар; 2) уларнинг натижаси бўлган гаплар. Ана шу гап таркибига кирувчи тушунчалар қуйидаги қатъий талабларга жавоб бериши керак. Биринчидан, улар аниқ-равшан бўлиши, бевосита тушунилиши керак. Шу боисдан ҳам илк (бошланғич) тушунчалар таърифланмайди, гаплар эса исботланмайди. Иккинчидан, улар етарлича бўлиши,чиқариладиган тушунчаларни конструкция қилиш фақат операцияни амалга ошириш ва оқибат (хулоса)ни чиқариш учун мантиқ қоидаларининг зарурлиги маъносида етарли бўлиши ; учинчидан, дастлабки гаплар учун зарурият бўлиши лозим. Бу ерда илмийликнинг қиммати қабул қилинаётган асос ва бирламчи принципларнинг мантиқан изчил бўлишидир. Илмийликнинг мазкур идеали учун тажрибага мурожаат қилинмайди. Аристотель томонидан илгари сурилган илмийликнинг ана шу идеали Европада икки асрдан ортиқроқ давр мобайнида эталон (андоза) бўлиб хизмат қилди. Илмийликнинг бу талаблари фақат математикадагина эмас, балки физика, назарий механика, астрономия соҳаларига ҳам татбиқ этилди. Илмийликнинг математик идеали ўрта асрлар сўнгида машҳур инглиз мутафаккири Роберрт Бэкон, итальян мутафаккири Леонардо до Винчи томонидан ривожлантирилди. “Агар математик фанлардан биронтасига таяниш, математика билан алоқа ўрнатиш имкони мавжуд бўлмаса, фанларга ҳеч қандай ишонч йўқ”, - деб ёзган эди Леонардо до Винчи9. Уйғониш даври ва Янги замонда математик билишга ҳар қандай билишнинг идеали сифатида қаралди.. Ҳатто математик билиш илоҳий донишмандлик даражасига кўтарилди. Янги замон рационализмининг асосчиси Рене Декарт илмийлик мезони тўғрисида шундай деб ёзди: “Ишончли билимга икки интеллектуал акт – интуиция ва дедукция орқали эришиш мумкин, уларда математик тафаккур ҳаракатларига ўхшаш ҳолатни пайқаш қийин эмас. Арифметика ва геометрия бошқа барча фанларга қараганда ғоят ишончлидир. Уларнинг предмети тушунарли ва оддий, улар тажриба шубҳа остига олиши мумкин бўлган ҳеч қандай тахминга муҳтож эмас. Бироқ улар тўлалигича мулоҳаза юритиш йўли билан изчил хулоса чиқаришга асосланади”. Лекин Р. Декарт бундан фақат арифметика ва геометрияни ўрганиш керак экан, деган хулоса чиқармасликка, балки бу номатематик объектларни билиш билан шуғулланувчи фанлар учун стандарт эканлигини алоҳида таъкидлади. Р.Декарт “Ақлнинг раҳбарлик қилиши учун қоидалар” асарида “универсал математика” дастурини асослар экан, билишнинг барча соҳалари учун методолгик бирлик ва ҳатто ўхшашлик хос, деган хулосага келди.Унинг таъкидлашича, инсоний билиш қандай предметга нисбатан қўлланмасин, у ҳамиша бир хилдир: худди қуёш ёритадиган предметлар хилма хил бўлишига қарамасдан қуёш нури ягона бўлгани сингари. Декартнинг фикрича, ақлнинг табиий нури спонтан тарзда математикада тўла рўёбга чиқди.Шу боисдан ҳам Р.Декарт ўзининг математик стандартини шакллантиришда асосан математикага таянди, лекин уни билишнинг ҳамма соҳаларига нисбатан қўллаш зарур, деб ҳисоблади. “Бу ҳақда чуқур ўйлаб кўрадиган ҳар қандай одам, ниҳоят, тартиб ёки меъёр (улар сон, фигура, юлдузлар, товушлар бўлишидан қатъи назар)ни ўрганадиган фанларгина математика соҳасига тегишли эканлигини тушуниб етади. Шундай қилиб, тартиб ва меъёрга тегишли бўлган барча нарсаларни тушунтирувчи қандайдир умумий фан бўлиши керак ва бу фан умумий математика номи билан аталиши лозим”10. Шундан кейин бутун фанни улкан дедуктив система сифатида тушуниш имконияти вужудгакелди. Декартнинг фикрича, ишончли билимнинг барча объектлари ягона мантиқий системани ташкил этади: ундаги ҳар бир алоҳида бўғин бошқа бўғин туфали ҳақиқийдир. Шу туфайли у бутун қатор учун бошланғич нуқта ёки асос бўлиши мумкин11. Лейбниц ижодига кучли таъсир кўрсатган XVII аср рационалисти Э.Вейгель реалликни бутун “табиий софлиги” билан ўрганадиган геометрияни “соф фан” яратиш учун энг яхши восита деб ҳисоблади. Кейинчалик Лейбниц янги табииётшуносликда математиканинг мужассамлашганлигини кўрди ва математиканинг бошқа соҳаларга ҳам ёйилишини орзу қилди. Машҳур немис файласуфи Иммануэль Кантпанматематизм тенденциясини ижодий ривожлантирди. Лекин математик стандарт фалсафага татбиқ этилмаслиги керак, деган позицияда турди. Унинг фикрича, системали характерга эга бўлган ҳар қандай билимни илмий билим ҳисоблаш мумкин. И.Кант асл маънодаги фан билан кўчма маънодаги фанни бир-биридан фарқлашни таклиф қилди. Фаннинг асоси эмпирик эмас, балки “соф априор” (тажрибагача мавжуд) характерга эга бўлсагина том маънодаги фан вужудга кела олади.Бундай соф априор билим математика ва фалсафадагина рўёбга чиқиши мумкин. Табиат ҳодисаларини математик билишнинг фалсафий билишдан афзаллиги(устунлиги) шундаки, у билиш объектини априор идрокда конструкция қилишга имкон беради. И.Кантнинг таъкидлашича, табиат тўғрисидаги ҳар қандай хусусий таълимотда математика қай даражада мавжуд эканлигига қараб, том маънодаги фанни топиш мумкин12. Математик стандарт тўғрисидаги қарашлар асрлар давомида ўзгармай қолмади, балки унга аниқлик киритилди ва янада ривожлантирилди. Унинг муҳим белгилари қуйидагилардан иборат бўлди: 1) мантиқий аниқ-равшанлик, 2) қатъий дедуктив характер, 3) асосдан мантиқий хулосалар чиқариш йўли билан натижалар олиш, 4) нозидликни қарор топтириш билан илмийликни аниқлаш, 5) хулосаларнинг аксиомада ўз ифодасини топган асосларга мувофиқлиги.Шубҳасиз, юқоридаги мезонлар математиканинг ўзига хос хусусиятини акс эттиради, лекин бу мезонлар математик билиш учун муҳим ҳисобланса-да, барча фанлар учун умумий мезон бўлишни даъво қила олмайди.Шу боисдан ҳам кейинчалик қатор олимлар математик стандартнинг умумий характерини инкор эта бошладилар. Улар, бир томондан, математик идеални табииётшуносликда, “тажрибага” асосланувчи фанларда қўллаб бўлмаслигини, иккинчи томондан, унинг мезонлари етарли даражада эвристик(янгилик яратувчан)эмаслигини далил сифатида кўрсатдилар. Шу ўринда Р. Файнманнинг математик стандартга бўлган муносабатини мисол тариқасида келтириш жоиздир. У физик ҳамкасбларига мурожаат қилиб шундай деган эди: “... Математик мавҳум исботларни тайёрлайди, реал оламга айрим аксиомалар тўпламини қўллаб, сиз улардан фойдаланишингиз мумкин, физик эса ўз фраза(ибора)ларининг аҳамиятини унутмаслиги керак. Сиз физикада сўз билан реал олам ўртасидаги алоқани тушунишингиз зарур. Қандайдир хулосага келгач, сиз уларни она тилингизга ва табиат тилига – сиз эксперимент ўтказадиган мис кубиклар ва шиша шарикларга кўчиришингиз зарур”13. XIX-ХХ асрга келиб, математик метод муҳим аҳамият касб эта бошлади: математика билиш натижаларини ҳисоблаш ва ифодалаш воситаси бўлибгина қолмай, эксперимент материалларини назарий умумлаштириш усулларини ҳам таклиф эта бошлади. Неокантчилар фаннинг моҳияти унинг мантиқий структурасида намоён бўлади, деб ҳисобладилар ва бунга далил сифатида математикани кўрсатдилар. Б.Б.Блонскийнинг таъкидлашича, “математика фандир, худди билувчи инсон ақли ягона бўлгани сингари математика ягона фандир. Барча алоҳида фанлар моҳиятан математика билан боғлиқ бўлгани учун ҳам у ҳақиқий фандир, яъни воқеликнинг турли томонларини илмий билишга қаратилган ақл билан боғлиқ бўлгани учун ҳақиқий фандир. Математика билан камолга эришган махсус фанлар ўртасида тафовут йўқ. Ҳар қандай фанда математика мавжуд бўлгани учун фандир”14. Илмийликнинг математик идеали ҳозирги замон Ғарб олимларининг асарларида ҳамон ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Канадалик олим М. Бунгенинг фикрича, “Соф математика учун аҳамиятли бўлган нарсаларнинг барчаси физикадан тортиб, социал фанлар орқали фалсафагача ҳар қандай аксиоматик қўллаш жиҳатдан аҳамиятлидир15. |