янги илмий ижод. Мундарижа ув материаллар
Скачать 289.6 Kb.
|
Илмий назария илмий ижоднинг фундаменти бўлиб, воқеликдаги муайян объектнинг хосса ва хусусиятларини системалаштиради, умумлаштиради, изоҳлайди ва яна бунинг устига ҳодисаларнинг ҳозиргача номаълум бўлган янги хоссаларини олдиндан башорат қилади. Илмий назария орқали илмий материал системалаштирилади, координация ва субординация қилинади. Ҳар қандай илмий назариянинг ядросини унинг қонунлари, принциплари ва гипотезалари ташкил этади. Ана шу ядрода фактларни изоҳлаш ва олдиндан айтишнинг ижодий потенциали мужассамлашгандир. Ч.Дарвиннинг эволюция назарияси, И.П.Павловнинг олий нерв фаолияти назарияси, Карл Маркснинг қўшимча қиймат назарияси, Эмиль Дюркгеймнинг социологизм назарияси, А.Эйнштейннинг нисбийлик назарияси сингари ғоят чуқур илмий назариялар ҳозирги замон фани ижодий тафаккурининг маҳсули бўлиб, ҳам катта илмий фактларга, ҳам кенг илмий умумлашма ва ғояларга таянади. Ҳозирги замон фанининг назарий фундаментини ташкил этадиган кўплаб ижодий, сермаҳсул илмий ғояларни даниялик машҳур физик Нильс Бор “ақлга сиғмайдиган” ғоялар деб атади. Тадқиқотчи-олимнинг илмий жасорати илмий тафаккурда мустаҳкам қарор топган стереотипларни матонат билан синдириши, эскирган назарияларни бартараф этиши, ўрганилаётган ҳодисанинг ичига чуқур кириб боришида яққол намоён бўлади. Маълумки, Евклиднинг элементар геометрия назарияси фан тарихида чуқур мазмунли илмий назария яратиш йўлидаги биринчи самарали уриниш бўлган. Бу назария аксиомаларнинг қатъий, мантиқан нозид системаси устига қурилган эди(аксиома – мазкур назарияда бошланғич қоидаларни исботсиз қабул қилиш). Кейинчалик жуда кўплаб буюк математиклар ўз ижодида геометирия яратишнинг аксиоматик усулидан фойдаландилар (қўлланиладиган тушунча кўпроқ барқарорликка эга бўлган, уларнинг ўзгариши ва ривожланишидан абстракциялашиш мумкин бўлган фанларда аксиоматик назария кенг қўлланилади). Ҳаракатдаги илмий назария, бу – илмий ижоднинг янги илмий маълумотни янада бойитишнинг таъсирчан ва самарали усулидир. Илмий билишдаги метод айни вақтда ҳам билиш усули, ҳам назария кўринишида тўпланган билимларнинг рўёбга чиқишидир. Илмий фактлар, илмий назария ва илмий метод шаклига кўра бир-биридан фарқланса ҳам улар мазмунан бир-бири билан мосдир: объект қандай бўлса, уни шундайлигича ҳаққоний акс эттиришни ўз олдларига мақсад қилиб қўядилар. Ҳозирги замон фанида тадқиқот объекти ўзининг барча алоқа ва муносабатлари билан ҳар томонлама ривожланишда, яхлит система сифатида ўрганилади. Шу сабабли ҳам тадқиқот объектига ёндашиш системали, комплекс характер касб этади. Бинобарин, фақат методлар, назариялар, қонун ва гипотеза яхлит система сифатида билиш объектини тўлароқ тавсифлашга қодирдир. Илмий билимлар ҳосил қилишнинг олий шакли бўлган илмий назария учун қарама-қарши тенденция – системалилик ва элементлик хосдир. Ўсиб борувчи илмнинг интеграл, яхлит, динамик системаси сифатида фандаги илмий назария ташқи оламнинг ҳодиса ва предметлари, уларнинг ички структураси ва қонуниятлари тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Назария фактлар ўртасидаги сабабий алоқадорликни очиб беради, илмий қонунларни шакллантиради, реал қонуниятларни кашф этади. Мавжуд илмий назариялар, парадигмалар ва тадқиқот дастурлари ўрнига анча мазмундор, чуқур ғоя ва назариялар келган вақтда фанда туб ўзгариш – революция рўй беради. Илмий назария – илмий билишнинг энг ривожланган, етук ва мукаммал шакли бўлиб, воқеликни тўла ва чуқур акс эттиради.Бу – билимларнинг қатъий. Мантиқан нозид системасидир, унда айни шу вақтда билимлар ҳақиқийлиги(ишончлилиги)нинг энг юқори босқичига эришилади. Илмий назарияларнинг ривожланиши, илмий назария ва парадигмаларнинг алмашиниши ижтимоий амалиёт талаблари билан узвий боғлиқ бўлиб, у ёки бу илмий назарияга социал буюртманинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан шартлангандир. Назарий тадқиқотларнинг мақсади – тажрибавий маълуимотлар ўртасида алоқа ўрнатиш, борлиқнинг моҳияти ва структурасини яна ҳам чуқурроқ билиш, илмий ижоднинг янги истиболлари, йўналишлари ва йўлларини очишдир. Илмий назариянинг асосий элементлари: а) эмпирик-назарий асос, б) матиқий ва категориал аппарат(тушунчалар), в) чиқариладиган хулосалардир. Илмий назариянинг тўлалиги, чуқурлиги ва ҳақиқийлиги илмий тадқиқотда у бажарадиган тушунтириш (изоҳлаш) ва олдиндан башорат қилиш функциялари орқали текширилади. Назария бирон бир ҳодисани тушунтирар (изоҳлар) экан, ўтмишга, мавжуд фактик билимга мурожаат қилади. Назария башорат қилар экан, илмий прогнозлаш ролини бажара бориб, келажакка мурожаат қилади. Илмий назариянинг оламни билишдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: - илмий билимларни системалаштиради ва изоҳлайди; - мавжуд билимларни кенгайтиради, чуқурлаштиради ва уларга аниқлик киритади; - янги илмий фактларни башорат қилади; - илмий билимнинг ишончлилигини оширади; - фандаги эмпирик ва назарий билимларни синтезлайди; - амалиётга, реал ҳаётга мурожаат қилади. Илмий билимларни системалаштириш илмий назария яратишнинг энг муҳим, зарур босқичидир. Илмий билимларни системалаштириш босқичида ишчи гипотеза, қоралама фактлар қайта ишланади, мавжуд фактик билимлар сараланади, кейин эса мавжуд фактларни системага солиш учун кўпинча чала, хато уринишлар қилинади. Лекин назария пишиб, етилиб боргани сайин ана шу бирламчи структура таҳрир қилинади, унга аниқлик киритилади. Илмий назария яратишда илмий билимларни системалаштиришнинг муҳим томони тасвирлаш бўлиб, у изоҳлаш(тушунтириш) учун дастлабки материал бўлиб хизмат қилади. Илмий назария яратишда тасвирлаш усулидан фойдаланиш кўпроқ биология, геология, география, социология, тилшунослик сингари фанларда кўп қўлланади. Кейинги босқич изоҳлаш(тушунтириш), яъни фактлар, қонунлар ўртасидаги алоқаларни, умумлаштирувчи ғояларни очиб бериш, илмий назария объектининг мавжудлиги ва ўзгаришининг ички ва ташқи сабабларини кўрсатишдир. Изоҳлашда фан фактлари илмий назариянинг асосий қоидалари бўлган аксиома ва фундаментал ғоядан мантиқан келтириб чиқарилади. Кўпинча тушунтириш (изоҳлаш) илмий назариянинг асосий вазифаси ҳисобланади. Илмий билимларни системалаштириш, уларни изоҳлаш илмий ижод жараёнини бошқариш, назорат қилиш ва йўналтириш учун қулай имконият яратади. Тадқиқотчи илмий назарияга эга бўлганидан кейингина истиқболда қандай эмпирик маълумотларни излаш ва қандай шароитда уларни тўплаш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Сўнг илмий билимни кенгайтириш, чуқурлаштириш ва унга аниқлик киритиш бошланади. Илмий назария яратиш мавжуд билимларни шунчаки координация қилиш эмас, балки мавжуд назария яратилгунига қадар фанда мустаҳкам ўрин эгаллаган билимдан янги билимларни мантиқан келтириб чиқаришни, ниҳоят, тадқиқот объекти тўғрисидаги мавжуд тасаввурларни чуқурлаштириш ва унга аниқлик киритишни тақозо этади. Илмий назариянинг ижодий яратувчан қиммати янги илмий фактларни олдиндан башорат қилишда намоён бўлади. Табиатда илгари кузатилмаган жуда кўп ҳодисалар (масалан, кимёвий элементлар) дастлаб илмий назариялар томонидан башорат қилинган. Масалан, Д.К.Максвеллнинг электродинамика назарияси электромагнит тўлқинлари мавжудлигини башорат қилди, кейинроқ Г.Герц буни эксперимент йўли билан кашф этди. Машҳур рус химиги Д.И.Меделеев ўзининг элементлар даврий системаси назариясида қатор номаълум кимёвий элементлар мавжудлигини башорат қилди. Кимё фанининг кейинги тараққиёти ана шу кимёвий элементларни эксперимент орқали кашф этди. Демак, янгиликларни олдиндан кўриш илмий назарияларнинг муҳим вазифасидир.Шундай қилиб, илмий назария эмпирик ва назарий билимларнинг шунчаки арифметик йиғиндиси эмас, балки илмий фактлар, гипотезалар, қонунларнинг интеграл бутунлигидир. Илмий изланишлар олиб бориш тадқиқотчидан аъло даражадаги пухта тайёргарлик, сабот-матонат, ўзига ишонч ва жасорат кўрсатишни талаб этади. Чунки тадқиқотчининг ўз олдига қўйган вазифаларини юз фоиз муваффақиятли ҳал этишига ҳеч ким кафолат бермайди. Илмий сўқмоқлардан олға томон интилиш ҳар доим тадқиқотчидан риск (таваккал қилиш)ни талаб этади. Ҳақиқатга боришнинг теп-текис, равон ва осон йўли бўлмаган. Бу йўлни ҳар бир тадқиқотчи мустаҳкам иродаси, сабот-матонати орқали босиб ўтади ва ҳақиқатга эришади.Баъзан илмий изланишларни эришиб бўлмайдиган фантазия деб ҳисоблайдилар, лекин ижодий фантазия катта фаннинг зарур хоссаси ҳисобланади. Яъни илмий изланишлар йирик илмий муаммоларни ҳал этишнинг, ижодий ҳал этишнинг зарур шартидир. “Мен нимани орзу қиламан, - деб ёзган эди 1948 йили туғма юрак хасталигини муваффақиятли операция қилган хирург А.И.Бакулев. – Мен бизнинг хирургларимиз мутлақо хаста бўлган юракни янгиси билан алмаштира оладиган кунгача яшашни ҳоҳлайман. Буни ушалмайдиган хом хаёл деб ўйламанг. Агар мен гапни бундан ўн йил илгари айтган бўлганимда, сиз мени хаёлпараст деб аташингиз мумкин эди. Бироқ ҳозир аҳвол бутунлай бошқача; мен шундайлигига ва яқин келажакда шундай бўлишига чуқур ишонаман”23. Диалектика нарса ва ҳодисалар моҳиятини билиш учун конкрет ва абстракт билимни татбиқ этишни талаб қилади. Предметларнинг кўпқиррали, муҳим белгиларини аниқ акс эттирадиган конкрет билим абстракт билимдан устун туради. Академик В.Д.Кузнецов таъкидлаганидек, докторлик диссертацияси гўё фақат ижобий натижаларни мужассамлаштиради, деган қараш ҳатодир. Агар диссертация изланиш характерига эга бўлиб, салбий натижага эга бўлганида ҳам фан учун муҳимдир24. Академик И.П.Павловнинг илмий гипотезаларга бўлган муносабати ҳақида проф. П.К.Анохин шундай деб ёзган эди: “Агар ишчи(илмий) гипотеза фактик материалга мос келмаса, Павлов исталган вақтда бундай гипотезадан воз кечиш жасоратига эга эди. Шуниси ҳайратланарли эдики, у бирон дақиқа ҳам тугалланмаган ишчи гипотезасиз ишлай олмасди. Худди бир таянч нуқтасини йўқотган альпинист бошқаси билан алмаштиргани сингари Павлов ҳам ишчи гипотеза яроқсизлигини сезса, дарҳол сўнгги фактларга мос янги гипотезани яратар эди”25. Америка Қўшма Штатларидаги саноат корхоналарида янгиликлар излашга қаратилган тадқиқотларга алоҳида эътибор берилади. Завод лабараторияларида махсус “фикрловчи инженерлар” бўлиб, улар ҳатто тасдиқланмаган режа асосида изланишлар олиб борадилар. Мамлакатимиз илмий муассасаларида илмий изланишлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, агар илмий изланишлар режа асосида замонавий ускуналар ёрдамида ташкил этилса, ижобий натижа бериши мумкин. Янгиликлар излашга қаратилган тадқиқотлар битта тадқиқотчи томонидан диссертация шаклида бажарилиши ҳам мумкин. Янгиликлар топишга қаратилган тадқиқот ниҳоясига етгач, сиз фан учун муҳим бўлган янги фактлар олишингиз, ҳодисаларнинг янги қонуниятларини аниқлашингиз мумкин. Бироқ ўз хулосаларингизни дарҳол чоп этишга шошилманг! Сиз ўзингиз бир неча марта уларни текшириб кўринг, мутахассислар билан бу олинган натижаларни муҳокама қилинг.Приципиал жиҳатдан янги бўлган илмий натижалар (кашфиёт, ихтиро)ни ҳимоя қилиш уни тегишли шаклда расмийлаштиришни талаб этади, буни унутмаслик зарур. Агар шубҳаларга ўрин қолмаса, янги илмий ғояни дадил илгари суринг ва уларни ҳаётга татбиқ этинг.Бироқ фан тарихида шошма-шошарлик билан эълон қилинган “илмий янгилик” сифатида шов-шув қилинган тадқиқотлар объектив текшириш вақтида сохта бўлиб чиққанлиги ва муаллифлар аянчли аҳволга тушганлигини унутманг.Илмий изланишлар ва илмий янгиликларни топиш вақтида қатъий исботлаш ва объектив текширишга бўйсунмайдиган янги факт ва қоидалар топилиши мумкин. Англашиладики, янги илмий натижалар мутлақ тўғри деб қабул қилинмаслиги керак. Бундай гипотеза ёки назария амалиётда тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши керак.Ҳар қандай илмий натижа ҳам илмий кашфиёт ёки ихтиро ҳисобланавермайди. Бундай атамалар таърифи “Кашфиётлар, ихтиролар ва рационализаторлар таклифлари” тўғрисидаги Низомда берилган. “Кашфиёт” атамаси моддий оламнинг илгари номаълум бўлган объектив қонуниятлари, хосса ва хусусиятларининг очиб бериши”ни англатади. Кашфиёт муаллиф(лар)имахсус диплом олиш ҳуқуқига эгадир. (Бу қоида қазилмалар, географик, археологик, шунингдек, ижтимоий фанлар соҳасидаги кашфиётларга тегишли эмас). “Ихтиро” атамаси “муҳим янгилиги билан ажралиб турадиган ва ижобий натижа берадиган халқ хўжалиги, маданият, соғлиқни сақлаш ва мамлакат мудофаасидаги вазифаларни техник ҳал этиш”ни билдиради. Ихтиро муаллифи, ҳудди кашфиёт муаллифи сингари қонун томонидан ҳимояланади. Унинг муаллифи патент ёки муаллифлик гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эгадир. 8-мавзу: Илмий тадқиқотда гипотезанинг ўрни ва роли Режа: 1. Илмий гипотеза – илмий тадқиқотнинг зарур шарти. 2. Илмий гипотеза шакллари. 3. Илмий гипотеза ва амалиёт. Таянч тушунчалар:илмий гипотеза,тахмин, гумон,илмий ижод, илмий ғоя, хусуий гипотезалар, умумий гипотезалар, энг умумий гипотезалар, амалиёт. Гипотеза – ҳақиқатни ижодий излаш, янги билимлар ҳосил қилишнинг навбатдаги шакли бўлиб, илмий тадқиқот жараёнида илгари сурилади. У ҳақиқатни билиш йўлидаги дастлабки тахмин , ҳали етарлича тадқиқ этилмаган, мантиқий ва эмпирик асосларигина очилган, аммо исботланмаган илмий билимдир. Гипотеза илмий ижодда олдиндан кўриш ва амалиётни узвий боғловчи роль ўйнайди, объект ичидаги мавжуд алоқа ва ўзаро муносабатлар ҳамда билишнинг турли объектлари тўғрисидаги илмий асосланган фараз ҳисобланади. Гипотеза – бу, ҳали ҳақиқат эмас, балки тахмин қилинаётган, эҳтимол тутилаётган, реал мумкин бўлган ва кутилаётган янги илмий билимдир. Бу билимнинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлаш илмий ижоднинг асосий вазифасидир. Мавжуд илмий билимларнинг умумашмаси сифатида вужудга келган гипотеза илмий ижод жараёнига фаол таъсир кўрсатади: хаёл, тасаввур, интуицияни қўзғайди, ҳаракатга келтиради, тадқиқотчининг ҳушёрлигини оширади. Тадқиқотчини янги илмий ғояларга олиб боради. Гипотезани исботлаш йўлида аргумент(далил)лар излаш мавжуд билимларни кенгайтиради ва чуқурлаштиради. Тадқиқотчини янги илмий ғояларни илгари суришга ва асослашга ундайди. Дастлабки илмий фараз хдди узоқдан чарақлаган нур сингари тадқиқотчи тафаккурида интуитив характерга эга бўлади, баъзан худди мўъжиза сингари рўй беради. Илмий ижоднинг вазифаси гипотезанинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлаш, илмий гипотезани илмий анализ ва изланишга татбиқ этиш мумкинлигини асослашдир. Бинобарин, гипотеза ўзида билимнинг ўз-ўзидан ривожланиши учун эвристик потенциални мужассамлаштиради. Гарчи гипотеза тахминлари эҳтимолли характерга эга бўлса-да, гипотезанинг ўзи гўё тадқиқот жараёнидан илгарилаб кетади, тадқиқотчи эса уни исботлаш учун янги илмий фактлар излайди, тажрибалар ўтказади, кузатади, фаннинг ўз соҳаси ва яқин соҳаларидаги билиш натижаларини таҳлил қилади. Гипотеза худди қор уюмлари сингари ўзининг фан структурасида яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ўсиб боради. Тадқиқотчи ўзининг илмий ижодий лабораториясида гипотеза ўзининг тўлиқ мазмуни билан бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда унинг бирон бир қисми ишончли илмий билимга айланади, дегвн умид билан илмий гипотезани илгари суради. Жорж Стюарт Милль ўзининг “Логика системаси” асарида шундай деб ёзган эди: “Афтидан, илмий гипотеза мавжудлигининг шарти шундан иборатки, у ҳар доим гипотезалигича қолишга маҳкум этилмаслиги, балки кузатилаётган фактлар билан қиёслаб, ё исботланиши, ёки рад этилиши керак”26. Синчковлик билан ташкил этилган эксперимент илмий гипотезадан ишончли илмий назарияга ўтиш имконини беради, яъни верификация қилади ёки унинг ҳақиқий эмаслигини кўрсатади, яъни гипотезани фальсификация қилади. Бинобарин, тажриба, эксперимент фаннинг ҳақиқий фактлари ҳақиқатга ўхшаш гипотеза билан ишончли илмий назария ўртасида демаркацион чизиқ тортиш вазифасини ўтайди. Илмий билишда гипотезаларни тасдиқлаш ёки рад этишнинг мезонлари қуйидагича: - гипотезанинг асосий мазмуни бўлган илмий ғояни реал предмет ва ҳодисаларда топиш; - дедукция йўли билан ҳақиқий билим, хулосаларни гипотезанинг ўзидан келтириб чиқариш; - бу хулоса ва натижаларни воқеликдаги реал аҳвол билан таққослаш; - гипотезани амалиёт, тажриба, вақт орқали ё тасдиқлаш, ёки рад этиш; - Гипотезани текшириш унинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини исботлашни англатади. Биринчи ҳолатда исботлаш, иккинчи ҳолатда эса рад этиш ҳақида сўз боради. Илмий ижод, илмий изланиш мавжуд гипотетик билимнинг воқеликка мос екелишини текширишга қаратилган бўлиб, бу ерда парадоксал вазият вужудга келиши, фаннинг айни бир соҳасидаги турли фактлар қарама-қарши гипотезаларни тасдиқлаши мумкин. Тадқиқотчининг гипотезалардан илмий ижоднинг самарали воситаси сифатида фойдаланиши ўрганилаётган ҳодиса моҳиятининг чуқур эканлигидан гувоҳлик беради. Гипотеза эвристик билиш ролини бажариши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: 1) у мавжуд билим ва фактларга зид бўлмаслиги; 2) уни текшириш имконияти албатта мавжуд бўлиши; 3)ниҳоятда оддий бўлиши; 4) илмий билимлар кенг соҳасига бемалол тақдим этиладиган бўлиши зарур. Бунинг учун: - гипотеза конкрет маъно ва мазмунга эга бўлиши; - ишончли билим ва илмий ҳақиқатга зид бўлмаслиги; - соф мулоҳаза характерига эга бўлмаслиги ва тажрибада текшириб кўриш имконига эга бўлиши; - келажакни олдиндан кўриш, асослаш қобилиятига эга бўлиши; - илмий дунёқараш принципларига мос бўлиши; - илмий ижод механизмида фаол ишлаши, полкаларда чанг босиб ётмаслиги керак. Агар илмий ижодда янги, Нильс Бортаъбири билан айтганда, “ақлга сиғмайдиган” гипотезалар илгари сурилмаса, бу – фаннинг турғунликка маҳкумлигини, илмий билимлар ривожланишдан тўхтаганлигини кўрсатади. Аксинча, илмий билиш оламида яшаб қолиш учун бир-бири билан рақобатлашувчи гипотезалар кураши мавжуд бўлса, бу – ҳақиқий илмий ижоднинг мавжудлигидан, илмий билимларнинг гуркираб ривожланаётганлигидан гувоҳлик беради. Бир-бири билан рақобатлашувчи илмий гипотезаларни ижодий анализ қилиш, қиёслаш муҳим методологик хулосаларга олиб келади. Дарҳақиқат, бизнинг билишимиз учун, нарсалар табиати учун қарама-қаршиликлар хосдир, яъни билиш ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам статик эмас, балки динамик, ўз-ўзидан ривожланувчи ҳодисадир. Илмий ижодда чуқур ва мазмундор илмий гипотезалар илмий билимлар ўсишининг ҳақиқий фундаменти, фанда истиқболни олдиндан кўриш, илмий қонуниятларни очиш ва илмий назария яратишнинг асоси ҳисобланади. Гипотезалар эвристик билишда бир-биридан қуйидагича фарқланади: 1. Гипотезалар мазмунига кўра: а) хусусий, б) умумий, в) энг умумий гипотезалар; 2. Объектни акс эттириш даражасига кўра: а) микрообъектлар тўғрисидаги; б) макроолам ҳодисалари тўғрисидаги; в) мегаобъектлар тўғрисидаги гипотезалар; 3. Вақт омилига кўра: а) ўтмиш тўғрисидаги, б) ҳозирги ҳодисалар тўғрисидаги, в) бўлғуси ҳодисалар тўғрисидаги гипотезалар. 4. Объект моҳиятига кириб бориш даражасига кўра: а) тасвирловчи, б) изоҳловчи, в) системали гипотезалар. 5. Ҳодисаларни ифодалаш усулига кўра: а) мазмунли, б) формаллашган, в) модал гипотезалар; 6. Ижодий жараёндаги ролига кўра: а) гумон-гипотезалар,б) ишчи гипотезалар, в) конструктив гипотезалар. Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкин: гипотеза, бу – ўзида янги билимни мужассамлантирган, илмий билим эришган даража томонидан белгиланадиган, аммо ҳали амалиётда тасдиқланмаган тахминий билимдир. Илмий ижодда гипотеза билмасликдан билишга, тўлиқсиз билишдан тўлиқ билишга, фактларни тадқиқ этишдан мавжуд объектнинг ички мантиғини билишга, бир илмий назариядан анча юқори даражадаги илмий назарияга ўтиш шаклидир. |