янги илмий ижод. Мундарижа ув материаллар
Скачать 289.6 Kb.
|
11-мавзу: Илмий тадқиқот турлари. Режа: 1. Илмий тадқиқот турлари. 2. Диссертация материалларини тўплаш ва системалаштириш усуллари. 3. Реферат тайёрлашга қўйиладиган талаблар. Таянч тушунчалар: илмий тадқиқот, экспериментга асосланаувчи тадқиқотлар, методик тадқиқотлар, баён этувчи тадқиқотлар, тарихий-биографик тадқиқотлар, аралаш типдаги тадқиқотлар. Танланган диссертация мавзуси ва тадқиқот методига боғлиқ равишда илмий асарнинг тури белгиланади. Айрим илмий ишларда эксперимент, баъзиларида объектни қиёсий ўрганиш, бошқаларида тавсифлаш, ҳисоблаш-анализ қилиш фактик маълумотлар тўплаш учун асос бўлади. Кўпинча тадқиқотчи битта ишда фактлар тўплашнинг бир неча туридан фойдаланади. Ҳар бир тадқиқотдаги энг асосий вазифа-тадқиқотчининг ўзи тўплаган илмий нуқтаи назаридан янги материаллари, уларни умумлаштириши, яна муҳими- фактларни анализ қилиши, тушунтириши, хулоса ва таклифлар беришидир. Баъзилар тадқиқотчи-олимни мураккаб ва оригинал бино қураётган архитектор-қурувчига ўхшатадилар. У эҳтиёткорлик ва зийраклик билан ўзи қурадиган бино учун зарур “қурилиш материаллари” –ғоя ва фактларни тўплайди. Агар қурилиш материаллари ортиб қолса –бунинг ёмон томони йўқ. Муҳими, асосий ва зарур маълумотлар етарли даражада бўлиши керак. Тўпланган барча материалларни тўлалигича диссертацияга киритиш шарт эмас. Диссертацияни расмийлаштиришда(ёзиб тугатишда) энг керакли, энг муҳим материалларни танлаш мақсадга мувофиқдир. Энг аввало, ўз кузатишларингизни қатъий ҳисобга олиш ва мунтазам равишда ёзиб боришга одатланиш зарурдир. Ҳар куни қадам бақадам тадқиқотнинг бориши, ютуқ ва омадсизликларни, қўлланаётган усулларнинг хусусиятларини белгилаш зарур. Диссертациянинг ҳар бир боби ва параграфлари бўйича алоҳида папка юритиб, тўпланган маълумотларни тегишли папкага солиб бориш, махсус дафтар юритиш лозим. Тадқиқотчининг кундалик иш дафтари шунчаки қоралама эмас, балки у кўпинча ҳали ишланмаган диссертациянинг бўлажак бўлим ва боблари ёки монография учун қимматли илмий фактлар бўлиши ва ана шу боисдан ҳам сўзлар тўлиқ, аниқ, мазмунли қилиб ёзилиши зарур. Баъзан зарурият туғилса, бу материаллар расмий оппонентга, илмий кенгаш аъзоларига далил сифатида кўрсатилиши мумкин. Шу сабабли қоралама илмий материаллар, кундалик дафтарлар илмий архивга топширилгунга қадар эҳтиёт қилиб сақланиши керак. Зеро, муҳим илмий хулосалар ана шу дафтарларда акс этган материаллар асосида қилинган бўлиб, тадқиқотчининг кўп йиллик меҳнати маҳсули ҳисобланади. Режалаштирилган тадқиқот ниҳоясига етишдан олдин олинган илмий натижаларни таҳлил қилиш ва дастлабки илмий хулосаларни қоғозга тушириш тавсия этилади. Албатта, бунинг учун етарлича материал бўлиши зарур. Ана шу маълумотлар бўлғуси диссертациянинг макети бўлиб, унинг асосида тадқиқотчи илмий доклад ва илмий мақолалар тайёрлаши, мутахассислар билан уни муҳокама қилиши мумкин. Тадқиқотни амалга ошириш натижасида эришилган илмий ва амалий жиҳатдан қимматли бўлган ишингиздаги янги, оригинал янгиликларни алоҳида ажратиш муҳимдир. Ўз илмий изланишларининг дастлабки натижаларини қўлга киритган тадқиқотчи мутахассисларнинг танқидий мулоҳазаларига нисбатан холис (объектив)ва эътиборли бўлиши керак. Бу тавсиялар сизга алмисоқдан қолган эски гаплар, хулосалар бўлиб туюлган тақдирда ҳам уларни улоқтириб ташламанг. Сиз буюк табииётшунос, академик И.П.Павловнинг ёш олимларга қилган маърузасини унутманг: “Ўз билимларингиздаги камчиликларни яширишга асло уринманг. Мағрурланишга асло йўл қўйманг. Ўша туфайли сиз қилиниши лозим бўлганида қаршилик кўрсатасиз, ўша туфайли фойдали маслаҳат ва дўстона ёрдамдан воз кечасиз, ўша туфайли сиз объективлик меъёрини йўқотасиз”29. Тадқиқотчи илмий изланишлар жараёнида риск (таваккал) қилиш ҳуқуқига эгадир. Илм ҳосил қилиш, тажриба орттириш хатоларсиз, қабул қилинган метод ёки режалардан четга чиқишларсиз бўлмайди. Ўз-ўзингизни танқид қилишни ўрганинг ҳамкасблврингиз олдида йўл қўйган хатоларингизга иқрор бўлинг. Хатоларни таҳлил этиш уларни яна такрорлшдан сақлайди ва сизни янги билимлар билан қуроллантиради. Хатони ёлғон фан дейиш ярамайди. Ёлғон фан-фан ривожига ҳалақит берадиган, калондимоғлик, қайсарлик, ўз хатоларингни тан олмасликдир. Эксперимент( лотинча “expimentum”- тажриба, синаб кўриш) –аниқ ҳисобга олинадиган шароитларда атайин келтириб чиқарилган ҳодисани кузатиш илмий асосга қўйилган тажриба бўлиб ҳар сафар ана шу шароит такрорланганда ана шу ҳодисани қайтадан яратишга ва уни бошқаришга имкон берадиган илмий фактлар ҳосил қилиш усулидир. Илмий тадқиқотда эксперимент воқеликни билиш ва ўзгартиришнинг асосий усули ҳисобланади. Одатдаги пассив кузатишдан фарқли равишда эксперимент тадқиқотчининг ўрганилаётган объектга фаол таъсир кўрсатишига имкон беради ва шу хусусияти билан оддий кузатишдан фарқланади. Шу жиҳати билан эксперимент инсоннинг қулай ишлаб чиқарувчи амалий фаолиятининг муҳим шарти ҳисобланади. Лабаратория эксперименти ва ишлаб чиқариш эксперименти бир-биридан фарқланади. Ижтимоий ҳаёт соҳасида социал экспериментдан фойдаланилади. Шунингдек, табиий ва сунъий экспериментлар бир-биридан фарқланади. Табиий эксперимент психологияда кишиларнинг ишлаб чиқариш, таълим ва турмуш шароитидаги психик жараёнларини ўрганишда қўлланилади. Сунъий эксперимент жуда кўп фанларда кенг қўлланилади. Сунъий экспериментнинг характерли хусусияти шундаки, бутунликнинг бирон бир қисмини ўлчаш миқдорий ва сифатий жиҳатдан баҳолаш имконига эга бўлиш учун бошқа қисмидан ажратилган ҳолда ўрганишдир. Бундай сунъий эксперимент воқеликни қўпол равишдабузиш, ўлик ҳолга келтириш билан баробардир.Масалан, ҳаво муҳитининг метеоролик шарт-шароитларини ўрганишда тадқиқотчи вақтнинг муайян кесимида ҳаво температурасини, намлигини, ҳаракати кўрсаткичини ўрганиши мумкин, ҳолбуки, атмосфера муҳитининг бу ва бошқа физик хоссалари ягона объект ва жараённинг айрим томонларидир.Бу тебраниш, шовқин, радиация омилларини ўрганишга ҳам тўла тегишлидир. Биз реал воқеликни ўрганиш жараёнида ўлчаш ишлари давом этаётган қандайдир вақт ичида кузатилаётган объект ўз ҳаракати, ривожланиши ва ўзгаришидан шартли равишда тўхтаб қолишига йўл қўямиз. Бундай эксперимент ҳодисаларнинг нозик ва сирли ҳусусиятларини ўрганиш, унинг моҳиятига чуқурроқ кириб боришимизга имкон беради. Ёш тадқтқотчи диссертация мавзуини энг аввало эксперимент, тажрибада синаб кўриш йўли билан ҳал қилинадиган масалаларга эътибор бериши керак. Худди ана шундай ишлар табииётшуносликда, техник биологик, медицина ва қишлоқ хўжалиги фанларида қимматли натижалар бериши мумкин. Диссертант(тадқиқотчи) экспериментал тадқиқотни ташкил этар экан, муайян илмий гипотезага амал қилиши, иш ғоясини пухта ўйлаши, ҳодисалар моҳиятини тушунишга интилиши ва нима учун? деган саволга жавоб бериши керак. Агар тадқиқотчи нимани излашни, қаердан излашни ва қандай излашни билмаса, бу ишдан ҳеч қандай маъно кутиб бўлмайди. Экспериментал диссертацион тадқиқотларни бажаришнинг методик вариантлари ниҳоятда хилма хил, фанда қабул қилинган инсон тажрибалари, махсус усуллари, кузатишлар ҳазинаси ниҳоятда улкандир. Экспериментал тадқитқот вақтида, баъзан диссертант ўз ишлари билан банд бўлиб, тажрибаларнинг бориши устидан назоратни йўқотиши ва хато хулоса чмқариши мумкин: тасодифий натижани кутилган натижа сифатида эълон қилиши мумкин. Бундай шошма-шошарлик билан чиқарилган хулосани илмий раҳбар билан муҳокама қилингандан сўнг тадқиқот тўғри йўлга солиниши мумкин.Баъзан янги иш бошлаган тадқиқотчилар эксперимент ўтказишдан олдин кузатишни қийинлаштирадиган жиддий муаммоларга дуч келишлари мумкин. Бундай ҳолатларда осон йўлни ва тажриба ўтказиш учун қулай шароит бўлишини кутиб ўтирманг. Кўпинча тадқиқотчи ғоят қийин, оғир ва нотинч вазиятларда ўз олдига қўйган вазифани ҳал этиши-табиат сирларини очиши мумкин. Жаҳонга машҳур олимларнинг энг ибратли фазилати ўзини фанга тўла бағишлашидир. Агар вазият инсон устида эксперимент ўтказишни талаб этса, ёрқин инсонпарварлик майлларидан келиб чиқиб, ўзлари устида эксперимент ўтказганлар. Бунга рус фани тарихидан бир неча мисоллар келтириш мумкин. Рус врачи С.С.Андрееевский 1788 йили ўзига сибир ярасини юқтириб, бу хасталикнинг инфексион характерга эга эканлигини ва у ҳайвондан инсонга ўтиши мумкинлигини исботлади. Одессалик врач П.Н.Минх ўзига қайталанма тиф(терлама) касаллиги билан оғриётган бемор қонини қуйиб, оғир хасталикка учради. Бироқ ана шу хатарли тажриба орқали Обермейер спирохета(касаллик тарқатувчи спирал шаклидаги бактерия)си ичидан ҳам қайталанувчи тиф(терлама)нинг қўзғовчиси эканлигини исботлади. Бундай мисолларни жахон фани тарихидан кўплаб келтириш мумкин. Метод (юнонча metodos- тадқиқот йўли, усули) –фалсафада объектив оламни билиш усули, маъносини англатади. Методология термини эса 1) оламни илмий билиш тўғрисидаги таълимот; 2) воқеликни тадқиқ этиш усуллари мажмуаси деган маънони англатади. Методика деганда эса бирон бир тадқиқотни, шунингдек, ўқитишни изчил ва самарали амалга ошириш усуллари системаси тушунилади. Ҳар қандай фанда методик характердаги тадқиқотлар ғоят қимматли ҳисобланса-да, диссертация мавзуи сифатидаги тадқиқотлар жуда кам учрайди. Шу ўринда академик И.П.Павловнинг қуйидаги сўзларини эслаш ўринлидир: “Метод –энг биринчи, асосий нарсадир. Тадқиқотнинг бутун тақдири, жиддийлиги, хатти-ҳаракат усулига боғлиқдир. Метод ўз қўлида тадқиқот тақдирини ушлаб туради”30. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳар қандай ишда уни амалга ошириш усули белгиланган вазифани муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шартидир. Методология масалаларига бағишланган тадқиқотлар диссертантдан ишнинг методик масалаларига алоҳида диққат билан қарашни талаб этади. Методика масалаларига бағишланган баъзи тадқиқотлар саноат ёки қишлоқ хўжалик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқаришнингкенг ёйилган ва муҳим усулларини тубдан яхшилашни, яна бир тадқиқотлар фойдали қазилмаларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш усулларини, учинчи бир тадқиқотлар эса таълим ва тарбия усулларини янада яхшилашни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўяди. Баъзан тадқиқотчилар тадқиқотни номлашда ўзлари ўрганаётган методнинг моҳиятини алоҳида таъкидлайдилар. Масалан: “Маданий донли экинлар табиатини ўзгартиришнинг янги йўллари” ва ҳ.о. Шуни унутмаслик керакки, хар бир илмий кашфиёт –бу, қандайдир олимнинг махсус ютуғи эмас, балки ана шу кашфиёт учун йўл очган кўплаб салафлар меҳнатининг маҳсулидир. Маълумки, Максвелл ўзидан олдинги яшаб, ижод қилган Ампернинг электродинамика қонунлари асосида электротехниканинг уч қонунини кашф этди. Ампер эса Эстреднинг электротехника соҳасидаги яна ҳам қадимий кашфиётиги асосланган эди. Методика масалаларига бағишланган тадқиқотларнинг характерли белгиси сифатида қуидагиларни кўрсатиш мумкин: 1) конкрет метод ва методикани объектив баҳолаш; 2) мазкур методнинг янги муҳим хусусиятларини унинг фойдасига очиб бериш; 3) конкрет соҳадаги ҳозирги методлар билан таққослаганда жиддий афзалликка эга бўлган метод ва методикани ишлаб чиқиш; 4) тавсия этилаётган принципиал жиҳатдан янги методик ечимнинг тарихий ворислиги; 5) тақдим этилаётган янги такомиллашган методика самарали эканлигини иқтисодий жиҳатдан асослаш. Тадқиқотнинг баён этиш усули жуда кўплаб фалсафий, математик ва социал фанларда, шунингдек, геология, медицина, астрономия, биология фанларида қўлланилади. Бу – ана шу фанлар томонидан ўрганиладиган объектлар, жараёнлар ва ҳодисаларнинг ўзига хослиги, мураккаблиги, эксперимент ўтказишнинг имкони йўқлиги билан изоҳланади. Баён этувчи тадқиқот учун айниқса, қуйидаги белгилар характерли: 1. Объектив мавжуд бўлган, бироқ ҳали ўрганилмаган илмий бирламчи манбалардаги фактлар, ҳодисалар, эпизод, деталларни ҳужжатлар асосида аниқ баён этиш(тавсифлаш). 2. Фактлар, ғоялар моҳиятини ўзаро алоқадарлик, ўзаро таъсирда очиб бериш ва уларнинг ривожланиш қонунларини кўрсатиш; 3 Фактик материалларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва муайян хулосалар чиқариш. Баён этувчи тадқиқотнинг бундай хусусиятлари тавсифловчи илмий асарлар учун ҳам бошқа турдаги илмий ишлар учун ҳам хос бўлиб, баён этиш бошқа тадқиқотлар учун таркибий қисм сифатида киради. Баён этиш усули фақат илмий тадқиқотлардагина эмас, балки бадиий адабиёт ва публицистикада ҳам кенг қўлланилади. “Фактларнинг аччиқ ҳақиқати”, кузатиш жараёнида олинган материалларни хужжат асосида ёритиш илмий ижодий жараённинг зарур шарти ҳисобланади. Бадиий асарлардаги баён этиш усули эса бадиийлик (ўхшатиш, муболаға, типиклаштириш, бадиий тўқима ва ҳ.о.)ни талаб этади. Баён этувчи тадқиқотда объектив мавжуд бўлган, бироқ тўла билиб олинмаган, амалиёт учун ҳали кашф қилинмаган бирламчи манбаалар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Манбаалар ниҳоятда хилма-хил бўлиб, унга индивидуал ёндашишни, унинг муҳимлигини, ишончлилигини ҳар томонлама баҳолашни талаб этади. Бу ҳақда буюк фрацуз мутафаккири Вольтер: “Ҳамма нарса ҳам тавсифлашга лойиқ бўлавермайди”, -деб ёзган эди. Образли қиёслаш усулини қўллар экан, илмий фактлар материалларнинг юза қисмида мавжуд бўлмайди, балки худди олтин заррачалари улкан саҳро чанглари ичида яширингани сингари материалларнинг остида яширинган бўлади. Академик В.И.Вернадскийнинг таъкидлашича, “Аниқ, илмий асосланган факт моҳиятан ҳар доим унинг устига қурилган, уни изоҳловчи назарияга қараганда кўпроқ нарса беради. У бўлғуси назариялар учун ҳам тўғридир ва у назарияларнинг тарихий алмашинувида ҳам ўзгармас бўлиб қолади”31. Бироқ фактлар уларни қандай ёритишига қараб, ўз қиёфасини ўзгартириши мумкин. Конкрет-социологик тадқиқотларда кузатишни макон ва замоннинг айни ҳозирги шароитларида олиб бориш лозим. Тадқиқотчилар фақат йирик ҳодисаларни анализ қилиш ва умумлаштириш билан чекланмайдилар. Ўрганилаётган муаммо учун муайян ролъ ўйнайдиган алоҳида фактларни синчиклаб ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш зарурдир. Социал ва социологик муаммоларни татқиқ этиш устида ишлаётган тадқиқотчилар кўпинча математик моделлаштиришнинг статистик усуллари билан бир қаторда оптимал ҳисоб-китоб усулидан ҳам фойдаланадилар. Шундай хулосага келиш мумкин: бирламчи манбаларни танлаш оддий иш эмас, балки худди тадқиқотнинг ўзи сингари ижодий жараёндир. Тадқиқтчи ўзи учун зарур бўлган бирламчи материалларни излашда уларни архив ва кутубхоналардан топа олмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда тадқиқотчи воқеа ва ҳодисалар тўғрисидаги турли уйдирмаларни айтишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши зарур. Илмий тадқиқотни баён этиш усулининг зарур белгиси –фақат фактларни баён этишгина эмас,балки нарсалар моҳиятини , уларнинг сифатий намоён бўлишини очиб беришдир. Материалларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларни шакл ва мазмунига кўра қиёсий ўрганиш, ҳодисаларни умумлаштириш ва уларнинг қонунятларини аниқлаш ана шунга имкон беради. Фактик материалларни анализ қилиш ва қайта ишлашнинг турли усуллари факт ва ҳодисалар моҳиятини очишга кўмаклашади. Айрим ҳолларда аналогия (ўхшатиш) методини, бошқа ҳолларда қиёслаш , учинчи ҳолатда янги назарий позициядан ёндашиш ҳодисалар моҳиятини билишда муҳим аҳамият касб этади. Аналогия усули ҳодиса ёки воқеаларнинг бирон бир белги ёки муносабатларга кўра ўхшаш эканлигини аниқлаш имконини беради. Фактларни анализ қилишнинг бу тури ҳам ишончли, ҳам тўғри, ҳатто ёлғон хулосаларга олиб келиши мукинлигини унутмаслик зарур. Бутун гап аналогиянинг қанчалик ҳақиқий эканлигидадир: у ҳақиқий бўлсагина хулосалар ҳам исботланган бўлиши ва илмий факт аҳамиятига эга бўлиши мумкин. Тадқиқотчи илгари сураётган ҳар бир қоида яхши асосланиши керак. Ана шу талаб кўпинча ёш тадқиқотчилар томонидан унутилади. Илмий мақола ва диссертацияларда кўпинча муаллифнинг “Бизнинг тадқиқотимиз кўрсатишича”, “Биз шуни аниқладикки”, “Шу нарса аниқки...”сингари каби ибораларни учратиш мумкин, лекин ана шу иборалардан кейин китобхон зарур фактик материални, муаллифнинг илмий далилларини топа олмайди. Натижада тадқиқотчи илгари сураётган қоидаларнинг исботланмаганлиги, қуруқ гап эканлиги тўғрисида салбий таассурот ҳосил бўлади. Фактик материални умумлаштириш – турли фактларни шунчаки санаш ва системалаштириш эмас, балки илмий анализ қилишнинг конкретликдан мавҳумликка ва яна ҳам юксак назарий даражада конкретликка ўтишнинг энг муҳим ва самарали усулларидан биридир. Воқеликни билиш жараёнида фактик материаллар тўплашнинг муайян босқичида уларни умумлаштириш обектив танқид элагидан ўтказиш, ўзингиз олган илмий натижаларни қатъий ва адолатли баҳолаш жуда муҳимдир. Илмий анализ ва синтезнинг бу усули тафтиш қилиш, илгари сурилган гипотеза, илмий назария принципиал янги илмий фактларга мос келмаган ҳолатларда уларни қайтадан кўриб чиқиш кўринишида ҳам татбиқ этилади.Ҳар бир тадқиқотчи илмий материалларни умумлаштиришни ўрганиши керак. Академик С.И.Вавилов шундай деб ёзган эди: “Ҳозиргина “Ёруғликнинг микроструктураси” китобини ўқиб тугатдим, унда ўзимнинг ва ҳамкасбларимнинг жуда кўп ишларини бирлаштирдим ва янгича қайта кўриб чиқдим. Бу одамлар ва ўзим учун фойдали. Бу ерда вақт синовидан ўтган энг асосий қоидалар ажратиб кўрсатилди”32. Баён этиш характерига эа бўлган илмий материалларни умумлаштириш, албатта, қисқа ёки кенг хулоса билан якунланиши керак.Уларда янги илмий материалларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий таклифлар бериш, мазкур муаммо бўйича кейинги тадқиқотларда амалга ошириши зарур бўлган вазифаларнинг кўрсатилиши айниқса муҳимдир. Тарихий-биографик тадқиқотлар баён этувчи тадқиқот таркибига киради. Ўзининг мазмунига кўра,тарихий-биографик тадқиқотларнинг қуйидаги турлари бир биридан фарқланади. 1. Илмий биография; 2. Дунёқараш ва ижод тўғрисидаги тадқиқотлар; 3. Ўз замонасининг ғоявий ҳаётида муҳим роль ўйнаган кишиларнинг тарихий хизматлари тўғрисидаги тадқиқотлар; 4. Мамлакат фани, техникаси, маданияти ва олимларининг буюк хизматлари тўғрисидаги тадқиқотлар. Илмий биография қайсидир машҳур инсон ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни хронологик изчилликда объектив баён этадиган тадқиқот бўлиб, унинг,маиший, ижтимоий, маданий ҳаёт шароитлари факти ёритилади; унинг маънавий, ғоявий, ижодий биографияси чуқур шарҳланади. “Илмий биография” тушунчаси тадқиқотчининг ўрганилаётган шахснинг ҳаётига доир фактлар, ҳодиса, воқеаларни дунёқараш ва фалсафий нуқтаи назардан тўғри, ҳаққоний тасвирлашни англатади. Илмий биография учун автобиографик маълумотлар, кундаликлар, мактублар, нутқи, замондошларининг хотиралари, илмий ва бошқаасарлари мавзу учун муҳим манбаалар ҳисобланади. Кўпинча тарихий-биографик диссертацияларда машҳур кишиларнинг дунёқараши ва ижоди масалалари тадқиқот марказида туради ва мавзунинг асосини ташкил этади. М.С.Шагиняннинг буюк шоир ва революционер Тарас Григорьевич Шевченко тўғрисидаги докторлик диссертацияси тарихий-биографик тадқиқотга мисол бўла олади. Бунда муаллиф қуйидаги муҳим масалаларни ёритишга ҳаракат қилади. 1) кобзар поэтикаси; 2) драматургия, музика, тасвирий санъат; 3) проза; 4) эстетика; 5) муҳаббат; 6) Орол экспедицияси; 7) Т.Г.Шевченко ва “Искра” ҳафталиги; 8) Т.Г.Шевченко ва Н.Т.Чернишевский. М.С. Шагиняннинг Т. Шевченконинг “жонли образи” ни яхшироқ очиш учун қўллаган усуллари кўпқиррали ва ғоят таъсирчандир. Муаллиф шоир ҳаётининг турли даврларида яратилган асарларини қиёсий ўрганишда хронологик параллел усулдан фойдаланади; шоир асарларидаги автобиографик методларни қиёслайди (буни Шевченко илмий биографияси учун “улкан хазина” деб тавсифлайди); шоир томонидан воқеликнинг идрок этилиши ва шоирнинг ўз-ўзини анализ қилиши тўғрисидаги материаллар “санъат табиатини идрок этишдан қандай туғилганлиги” тадқиқ этилган; мавзуга оид библиографик изланишлар ва бошқалар чуқур таҳлил этилган.Илмий методик нуқтаи назардан мазкур асар фақат адабиётшунослар учунгина эмас, балки бошқа мутахассислар учун ҳам катта назарий ва амалий аҳамият касб этади. Аралаш типдаги тадқиқотлар. Бундай типдаги илмий асарлар фаннинг барча соҳаларида кўп учрайди. Илмий ишларнинг бундай шакли универсалхарактерга эга бўлиб, тадқиқот вазифаларидан келиб чиқиб, тадқиқотнингбир неча турларини қўллашга имкон беради. Аралаш типдаги тадқиқотларда муаммонинг ўрганилиш ҳолати батафсил ёритилади, мавзуга оид илмий манбаалар танқидий кўриб чиқилади. Бундай тадқиқотларда Ватанимиз олимлари эришган ютуқлар, уларнинг ижодидаги гуманистик йўналишга оид материаллар ғоят қимматли ҳисобланади. Бундай типдаги тадқиқотнинг кириш қисми баён этиш сифатида бажарилади, муаллифга фан ютуқларини умумлаштириш имконини беради. Тадқиқотнинг асосий қисми муаллиф томонидан олинган оригинал экспериментал материалларни таҳлил қилишга бағишланади. Унда соф методик масалаларни ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор берилади. |