янги илмий ижод. Мундарижа ув материаллар
Скачать 289.6 Kb.
|
9-мавзу: Экспериментнинг илмий ижоддаги ўрни Режа: 1. “Эксперимент” тушунчаси. 2. Эксперимент турлари. 3. Илмий экспериментни ташкил этиш усуллари Таянч тушунчалар: эксперимент, тадқиқот объекти, ишчи гипотеза, экспериментал вазият,реал эксперимент, идеал эксперимент. Эксперимент эмпирик билишнинг умумилмий методи бўлиб, илмий фактлар йиғиш, уларни қайта ишлаш ва англаш учун хизмат қилади. Тадқиқотчининг лабораториядаги, ўрганилаётган объектнинг эксперимент методи устидаги ижодий фаолияти ҳодиса тўғрисидаги илмий фактлар, ҳақиқий билимлар, ишончли маълумотларни доимий тўлдириб боришнинг муҳим манбаидир. “Эксперимент” лотинча txperimentym сўзидан олинган бўлиб, “тажриба”, “синаш” маъноларини англатади. Экспермент илмий билиш усули сифатида назорат қилинадиган ва бошқариладиган шароитларда ўрганиладиган предмет ва ҳодисаларни синовдан ўтказишдир. Тадқиқотчи экспермент ўтказар экан, ўрганиладиган ҳодисани “соф” ҳолда ажратиш, тўғри информация олишга халақит бериши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун бутун билими ва маҳоратини ишга солади. Тадқиқотчи қатъий илмий эксперментни ўтказишдан олдин қуйидаги ижодий ишларни амалга оширади: - эксперментнинг бутун бориши, уни ўтказиши, якунланиши эксперимент дастурида ўз ифодасини топиши лозим; - эксперимент ўтказиладиган махсус установкалар, намуналар, зарур техник воситалар тайёрланади; - эксперимент ўтказиш шарт-шароитлари аниқланади; - эксперимент ўтказишда асос бўлиши мумкин бўлган илмий гипотезалар, назариялар танланади; - тадқиқот объекти танланади; - экспермент ўтказишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омиллар бартараф этилади ёки уларнинг салбий таъсири мумкин қадар камайтирилади. Эксперимент ўтказишнинг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳар бир босқичига ижодий ёндашиш, топқирлик, собитқадамлик, ўз кучига ишониш талаб этилади. Илмий эксперимент натижалари илмий тахмин (гипотеза), гумон ва илмий назария ҳақиқийлигининг мезони ҳисобланади. Биз яшаб турган ҳозирги информацион асрда фаннинг табииётшунослик, техник, гуманитар ва социал соҳаларида эксперимент усулидан фойдаланиш тобора кенг ёйиляпти ва тобора кўпроқ объектларни қамраб оляпти. Ҳозирги пайтда илмий тадқиқот институтлари, лабораторияларида кўпооқ тадқиқотчилар гуруҳи ўз куч ва имкониятларини бирлаштириб, илмий экспериментлар ўтказмоқдалар. Экспериментнинг тўла-тўкис ва самарали бўлиши учун қуйидагилар талаб этилади: - экспериментатор ёки тадқиқотчилар гуруҳининг мавжудлиги; - зарур жиҳозлар билан таъминланган илмий лаборатория; - ўрганилаётган объектни лабораторияга жойлаштирилиши (баъзан табиат лаборатория вазифасини бажариши мумкин); - эксперимент натижаларини қайд этувчи асбоб-ускуналар, ўлчов аппаратларининг мавжуд бўлиши; - тадқиқотчининг ҳиссий ва прационал имкониятларини кучайтирувчи кўмакчи техник ускуналарнинг бўлиши. Тадқиқотчи – экспериментал вазият ижодкоридир. У эксперимент мақсадини белгилайди, ўзи эксперимент ўтказади ва унинг натижаларини баҳолайди. Ҳозиргача илмий экспериментлар ўтказишнинг стандарт асбоб-ускуналари, қатъий йўл-йўриқлари йўқ. Бинобарин, эксперимент усулининг ўзи ижодий жараёндир. Ҳозирги пайтда тадқиқотчи-мутахассисларнинг ижодий фаоллиги мураккаб экспериментал установкалар яратишга қаратилмоқда. Илмий экспериментда иштирок этмай туриб, тадқиқот объектига ижодий ёндашиш малакасини эгаллаб бўлмайди. Илмий эксперимент тадқиқотчидан эксперимент натижаларини баҳолашда интеллектуал етуклик, беғаразлик, холислик, ноёб ва қимматбаҳо экспериментал асбоб-ускуналар билан маданий мулоқотда бўлишни талаб этяпти. Шу боисдан ҳам тадқиқотчи эксперимент ўтказишга киришишдан олдин режалаштирилаётган эксперимент қўйилган саволларга жавоб бера оладими, ишончли илмий хулосалар чиқаришга имкон берадими, сингари саволлар устида жиддий фикр юритиши лозим. Эксперимент ўтказишга киришаётган тадқиқотчи олдида қуйидаги ижодий вазифалар туради: - экспериментни режлаштиришда кузатиш ва ўлчашнинг аниқ натижалари қўйилган мақсадга мувофиқ бўлиши эътиборга олиниши керак; - эксперимент чоғида мунтазам равишда хато ва камчиликларга йўл қўйилиши мумкинлигини ҳисобга олиш ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим; - эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш ва тўғри илмий хулосалар чиқариш; - тажриба натижаларини аниқ баҳолаш; - қайта ишланган эксперимент натижаларини қисқа ва кўргазмали (жадвал, график, схема) шаклида баён этиш. Биз экспериментал ижод билан шуғулланар эканмиз, ўрганилаётган ҳодисадаги энг муҳим ҳисобланган ғояни ажратамиз. Кейин уларни умумлаштириш асосида ишчи гипотезани яратамиз, ишчи гипотеза эса у ёки бу илмий хулосага олиб келади. Олинган хулосани яна бир марта эксперимент орқали синовдан ўтказиш учун тартибсиз ва мураккаб олам (табиат, жамият)нинг соддалашган “соф” моделини яратишимиз лозим. Тадқиқотчининг ижодий қобилияти эксперимент ўтказиш учун ана шундай аниқ, камчиликлар ва илмий хатолардан ҳоли вазият яратишда яққол кўзга ташланади.Худди шу ерда эксперментатор-тадқиқотчининг истеъдоди, сезгирлиги, интуицияси, хотираси, илмий салоҳияти ва ҳаётий тажрибаси қўл келади. Экспериментлар кўпинча инсон ҳаёти учун хавфли бўлган вазиятларда ўтказилади, бу эса тадқиқотчидан жасорат, мардлик ва фидойиликни талаб этади. Фае тарихидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, француз олимлари Мария Кюри ва Пьер Кюри радиоактивликни ўрганишда ўз ҳаётларини жиддий хавф остида қолдириб, илмий эксперимент ўтказганлар. Жуда кўплаб рус врачлари медицинанинг янги препаратлари (дори-дармонлар) яратганларидан сўнг унинг қандай самара беришини аввало ўзларида синаб кўрганлар. Билимдонлик ва профессионал маҳорат билан ўтказилган илмий эксперментлар тадқиқот объектининг яширин, ички хосса ва хусусиятларини очиш, ҳодисани анализ қилишдан моҳиятни билишга ўтиш имконини беради. Одатда илмий эксперимент бир неча марта такрорланади, бу эса эксперимент маълумотларини ишончли талқин қилиш учун керакли статистикани танлаш имконини беради. Агар эксперимент бир неча серияларининг натижаси бир-бирига мос келмаса ёки бир-бирига яқин келмаса, бундай тафовутнинг сабабини аниқлашга тўғри келади. Агар бунга эксперимент установкаси сабаб бўлаётган бўлса, уни албатта бартараф этиш лозим. Агар ўрганилаётган объектнинг хоссалари тўғрисидаги билим ва тасаввурларимиз етарли бўлмаса, дастлабки асос, гипотеза ва илмий назарияни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Ҳар икки ҳолатда ҳам илмий ижод учун кенг йўл очилади. Эксперимент ўтказиш чоғида тадқиқотчининг бутун эътибори ва кучи ҳақиқатга эришишга, илмий фактлар тўплашга имкон берадиган метод, усул, ёндашиш, дастлабки концепцияни танлашга қаратилади. Бу вазифаларни ҳал этиш масалага ижодий ёндашишни талаб этади. Физика, кимё, биология сингари кўплаб фанлардаги буюк илмий кашфиётлар оригинал ташкил этилган илмий экспериментларга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган. Майкельсон ва Морли томонидан 1881-1887 йиллари ўтказилган ёруғликнинг аниқ тезлигини аниқлашга доир илмий экспериментлар турли йўналишларга кенг ёйилиб, ХХ аср бошларида Альберт Эйнштейн томонидан махсус нисбийлик назариясининг кашф этилишига олиб келди. Г.Мендель ХIX асрнинг 60-йилларида нўхат уруғи устида эксперимент ўтказиб, ирсиятнинг асосий генетик қонунларини кашф этди. Оламнинг ҳозирги илмий манзараси моҳиятан мустаҳкам экспериментал асосга эгадир. Эксперментаторнинг ижодий қобилияти оламга қарашда эмас, балки уни кўришдадир. Табиат ўз сирларини инсонга очмайди. Инсон фақат сабр-тоқат, чидам, матонат билан табиат устидан эксперментлар ўтказиб, ҳақиқий илмий билимлар ҳосил қилади, борлиқ сирларини билишга тобора яқинлашади. Бу йўлда хато ва камчиликларнинг бўлиши муқаррар, аммо биз фақат экспериментлар орқалигина ҳақиқатни била оламиз: бошқа йўл йўқ. Ўтказилган кўплаб экспериментлардаги аниқлик ҳайратланарли даражада муҳимдир. Улар бизнинг назарий билимларимизни текшириш имконини беради. Агар эксперимент натижалари билан илмий тасаввурларимиз ўртасида тафовут вужудга келса, бу янги илмий назария ва кашфиётларга олиб келади. Машҳур инглиз файласуфи Карл Поппер(1902-1994) ўзининг илмий билимларнинг ўсиб бориш концепциясида айни экспериментал методга юксак баҳо берди: тажриба ва хатоларнинг экспериментал методи инсон учун ҳақиқатга бориш йўлини очади. Бинобарин, илмий билишдаги эксперимент инсон ижодий фаолиятининг, унинг қобилиятлари ва билимининг моддий ифодасидир. Эксперимент турлари Илмий экспериментнинг ҳар қандай кўриниши тадқиқотчининг ўрганилаётган объектга ижодий, фаол ва аниқ мақсад билан аралашувидир. Тадқиқотчи объектни олдиндан кўзланган махсус шароитга қўйиб эксперимент ўтказар экан, тадқиқот объектининг табиий шароитда кузатиб бўлмайдиган янги хосса ва хусусиятларини намоён этишга мажбур қилади. Тадқиқотчи эксперимент йўналишини ўзгартирар экан, кузатидаётган хоссаларнинг ўзгариш тенденциясини аниқлайди, объектнинг турли вазиятлардаги хатти-ҳаракатини тавсифловчи фактлар йиғади. Ҳар бир конкрет эксперимент муайян илмий муаммони ҳал этиш учун ўтказилади. Экспериментлар қандай шароитда ўтказилиши ва ўз олдига қўйган мақсадига кўра: натурал ва фикрий, реал ва идеал, параллел ва изчил, кўпмарта ўтказиладиган ва модал экспериментларга бўлинади. Реал, натурал экспериментларга машҳур рус физиологи И.П. Павловнинг тадқиқотлари мисол бўла олади.У ҳайвонларда шартли рефлекс механизмини очишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Овқат келтиришдан олдин итларнинг қўнғироқ овозига қандай реакция беришини кузатди. Параллел экспериметларга айни бир вақтда космик станция бортида ва Ер шароитида бир хил объект (ўсимлик, ҳайвон, инсон) устида ўтказилган тажрибалар мисол бўлиши мумкин. Мазкур тажрибалар натижасини қиёсий ўрганиш космодаги шароит (вазнсизлик, радиациянинг кўтарилиши, вакуум, температуранинг кескин тушиб кетиши) тадқиқот объектининг хулқ-атвори ва хусусиятларига таъсирини ўрганиш имконини берди. Модал экспериментларнинг алоҳида кўриниши фикрий, идеал экспериментлардир. Фикрий эксперимент методи математика, табииётшуносликда, техник, иқтисодий, гуманитар фанларда кенг қўлланади. У фикрий экспериментал вазиятлар(аналоглар, реал эксперимент моделлари)ни ўрганишнинг ўзига хос умумилмий методи ҳисобланади. Фикрий экспериментнинг мақсади тадқиқ этилаётган объектнинг янги хосса ва томонларини очишдир. Бундай турдаги экспериментларда тадқиқотчининг тасаввури, фантазияси жуда муҳим роль ўйнайди. Улар экспериментал лаборатория шароитида яратиб бўлмайдиган идеал шароитларни ижодий яратишга имкон беради. Экспериментларнинг муҳим эпистемологик хусусияти унинг инсоннинг ҳам ижодий-амалий, ҳам билиш фаолиятига тегишли эканлигидир. Ҳозирги пайтда эксперимент методи социология, иқтисодий тадқиқотларда кенг қўлланмоқда, ҳам билиш методи, ҳам мураккаб динамик социал-иқтисодий системаларни оптималлаштириш методи сифатида намоён бўлмоқда. Фаннинг ҳам эмпирик, ҳам назарий даражасида қўлга киритиладиган фактлар илмий билиш ва ижодда ишончли билимлар ҳосил қилишга имкон беради. Билиш – объектининг томонлари ва хоссалари тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассамлаштирган илмий фактлар йиғиш фан ривожи учун муҳим, аммо шунинг ўзи етарли эмасдир. Билимларни системалаштириш, тасвирлаш, тушуниш ва илмий фактларни талқин этиш зарур. 10-мавзу: Илмий тадқиқотда моделлаштириш. Илмий тадқиқот логикаси. Режа: 1. Моделлаштириш – янги илмий билимлар ҳосил қилиш усули. 2. Моделлаштириш турлари. 3. Идеал моделллаштириш. 4. Илмий тадқиқот логикаси. Таянч тушунчалар:моделлаштириш, моддий модель, идеал модель, аналогия(ўхшатиш), муаммо, илмий муаммо,илмий тадқиқот логикаси. Оламни билиш жараёнини осонлаштириш учун фан ривожланишининг илк босқичлариданоқ турлича моделлар қўлланилган. Илмий тадқиқотда моделлаштириш усулидан Анаксимандр, Демокрит, Эпикур, ўрта аср олимлари – Коперник, Галилей, Ибн Сино, Беруний ва бошқалар самарали фойдаланганлар. Моделлаштириш Ватанимиз буюк олимларининг ижодий фаолиятида жуда муҳим роль ўйнаган. Ҳозирги пайтда илмий моделларни шартли равишда икки турга ажратадилар: 1. Моддий (физик, ашёвий, ҳаракатчан) модел; 2. Идеал (мантиқий, логик математик тасаввурдаги) модел. Моделлар маълум маънода реал воқеликнинг инъикоси ҳисобланади. Маълумки, ҳар қандай моддий модел даставвал инсон миясида вужудга келадиган идеал модел билан узвий боғлангандир, кейин эса металл, ёғоч, пластмасса ва бошқа материаллар орқали яратилади. Ҳозирги замон биологик кузатишларда кенг қўлланиладиган турли ҳайвонлар(масалан: бақа, маймун, ит ва х.о.) тирик моделлар ҳисобланади. Биологик қонуниятларни ўрганишда моделлаштиришнинг аҳамиятига ортиқча баҳо бериш хатодир, чунки моделлар мураккаб ҳаётий жараёнларни ўрганишда кўмакчи восита ҳисобланади, холос. Агар илмий тадқиқотда қўлланиладиган моделлаштириш қандайдир объектни шунчаки сунъий равишда яратиб , унинг ички, яширин хоссаларини билишга имкон берсагина ўзини оқлайди. Ҳозирги замон табииётшунослигида ўхшатиш назарияси - аналогия кенг қўлланилмоқда, бу эса турли моделлар яратиш имконини бермоқда. Моделлар яратишда унинг ўрганилаётган система билан барча даражаларда тўла мос бўлишига интилишнинг кераги йўқ, бошқача қилиб айтганда, бундай қурилмалар том маънода модел бўлолмайди. Модел ва моделлаштирилаётган объект ўртасидаги муносабат айният муносабати эмас, балки ўхшатиш(аналогия) муносабатидир. Бунда аналогиянинг барча даражалари эмас, балки асосан структура даражасидаги аналогия рўёбга чиқади. Илмий тадқиқотда физик моделларни муваффақиятли қўлланилишига қуйидаги мисолларни келтириш мумкин: Итальян хирурги ва табииётшуноси Даниэл Петруччи инсон эмбрионини сунъий шароитда ўстирмоқчи ва ҳомиланинг ривожланиш жараёнини кузатмоқчи бўлди. Олим организмнинг озиқланиши учун кўплаб мосламалар яратиб, ойна камера-“биологик бешик”ка жойлаштирди ва ҳомиланинг ўсиш жараёнини кузата бошлади. Ҳомиладор аёлнинг қон плазмаси ҳомиланинг озиқланиш манбаи бўлиб хизмат қилди. Киноаппарат туғилиш ва ўсишнинг барча босқичларини суратга олиб, мунтазам равишда ҳомиланинг ўсиш жараёнини кузатди. Плёнкада биринчи ҳужайранинг пайдо бўлиши, инсон танасининг асосий аъзоларининг шаклланиши акс этди27.Бироқ Петруччининг кузатишлари эмбрион ривожланишининг 59-кунигача давом этди: тадқиқот Ватиканнинг қатъий талаби билан тўхтатилди, унда католик черкови диний асослари емирилишини кўрдилар. Ҳозирги замон фанида идеал ёки логик моделлаштириш кенг қўлланилмоқда. Уни баъзан информацион моделлаштириш ҳам дейилмоқда. Моделлаштиришнинг бу тури ҳақида академик В.М.Глушков шундай деб ёзди: “Инсон миясига динамик информацион моделлаштиришнинг универсал инструменти(воситаси) сифатида қараш мумкин. Бу ерда универсаллик мияга қандайдир муайян динамик информацион моделнигина эмас, балки ихтиёрий моделни яратиш имкони мавжудлигини англатади. Миянинг бундай универсаллигида инсоннинг теварак-атрофдаги объектив оламни билишга бўлган чексиз қобилияти мужассамлашгандир”28. Мантиқий моделлаштириш фикран эксперимент ўтказиш билан, яъни тасаввур қилинадиган турлича шароитларда объектнинг турлича харакатланиш вариантлари тўғрисида мантиқий мулоҳаза юритиш билан боғлиқдир. Бунда турли тил системалардан, шартли белги, схема, расм, чизма, оддий материал ва ҳ.о.дан фойдаланиш мумкин. Фикрий экспримент моддий моделдаги физик экспериментнинг олдини олиши, тажрибаларининг энг юқори сифатда бўлишига имкон яратиши мумкин. Моделлаштириш методи аналогия методи билан узвий боғланган. Аналогия методи кибернетикада кенг қўлланилмоқда. Кейинги йилларда кибернетика модели табииётшунослик билан бир қаторда жамиятшуносликда ҳам қўлланилмоқда. Ғарб социологиясида, жумладан, АҚШ социологиясида математик метод – социометрия муваффақиятли қўлланиляпти. Илмий тадқиқот логикаси. Илмий тадқиқот ишларининг умумий методик масалалари доирасида илмий тадқиқот логикасининг предметини ташкил этувчи асосий категориялар ва унинг йўналиши ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Унинг назарий ва амалий аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Илмий тадқиқот логикаси фақат диалектик логиканигина эмас, балки формал логиканинг ҳам эътиборини тортяпти. Илмий тадқиқот логикасининг асосий йўналишлари нималардан иборат? Бу ерда билиш жараёни реал воқеликни билишда янги натижалар олиш мақсадида махсус воситалар билан қуролланган уюшган илмий тадқиқот сифатида намоён бўлади. Илмий тадқиқот логикасининг предмети кенг масалаларни ўрганиш ҳисобланади. Уларнинг айримлари қуйидагилар: 1. Асосий категориялар моҳиятини, яъни илмий факт, илмий муаммо, система, назария моҳиятини, шунингдек, тадқиқот жараёнини акс эттирувчи гипотеза, идея(ғоя), илмий концепция, принцип, интуиция, изланиш, моделлаштириш ва ҳ. о. моҳияти ва мазмунини аниқлаш; 2. Тадқиқот конкрет методининг уч сифатий томонини – ишончлилиги, аниқлиги, янгилигини, шунингдек, унинг динамик харакатчанлик хоссаларини, тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамиятини янгича очиб беришга хизмат қиладиган методларни, илмий методнинг изланувчанлик характерини очиб бериш; 3. Кузатишнинг изчиллигини, эксперимент босқичларининг ўзаро боғлиқлигини анализ қилиш, фактлар тўплаш, уларни тавсифлаш ва ўрганиш, фактларни эгаллаш ва уларни амалиётга татбиқ этиш; 4. Умумий ёки хусусий муаммоларни, мавзуларни қўйиш соҳасидаги ижодий тадқиқот жараёнининг муайян системасини кўриб чиқиш, кейин эса янги илмий натижалар олиш методикасини танлаш; Уларни системалаштириш ва умумийлаштириш, хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш алоҳида ўрин тутади. 5. Коллектив ижодий илмий ишларнинг шакли, методлари ва ўзаро боғлиқлигини мантиқий таҳлил қилиш. Коллектив ташкил этувчи гуруҳ лаборатория, институт, конструкторлик бюроси, олимлар ва ишлаб чиқариш мутахассисларининг бирлашмаси сифатида фаолият кўрсатади. Илмий тадқиқот логикаси масалаларини системали равишда кўриб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўймаган ҳолда (бу алоҳида тадқиқотни тақозо этади) мантиқий назариянинг асосий категориялари моҳиятини очиб берадиган бир неча мисоллар келтириш билан чекланамиз. “Муаммо” тушунчаси нимани англатади? Илмий муаммо нима? Юнонча “problema”сўзидан олинган бўлиб, “топшириқ, вазифа” маъносини англатади. Илмий муаммо – ечимини кутаётган қандайдир йирик масалани ўрганиш ва ҳал этиш учун бир неча муҳим вазифаларни режалаштиришни англатади. Муаммо тушунчаси катта миқёсдаги асосан назарий ва амалий ҳарактерга эга бўлган вазифаларни белгилайди. Кенг планда илгари суриладиган муаммо тушунчаси билан бир қаторда унинг таркибига кирувчи хусусий муаммолар ҳам фарқланади. Илмий тематиканинг кенг комплексидан анча конкрет вазифаларни ажратиб олиш кўп фанларга хос қимматли методик усул ҳисобланади. Шу билан бир қаторда ҳар қандай муаммони тадқиқ этишга умумийлик ва алоҳидаликнинг бирлиги сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. |