уръони карим
Скачать 1.49 Mb.
|
Изоҳ:Ривоят қилишларича, Фиръавн денгизга ғарқ қилиниб, Мусо алайҳиссалом бани Исроил қавми билан эсон-омон денгиздан ўтиб олган кун муҳаррам ойининг ўнинчиси ашура куни эди. Шунинг учун улар ўша куни шукрона рўза тутишни одат қилганлар. (Яна) айтди: «Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?!» (Эй бани Исроил), сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, аёлларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эслангиз. Бу ишларда (яъни бу азоб ва нажотда) Парвардигорингиз тарафидан улуғ имтиҳон бордир. Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгилаган) вақти комил қирқ кеча бўлди (яъни Аллоҳ Тур тоғида Мусога шунча муддат танҳо ибодат қилишни буюрди. Аллоҳ таъолога муножот қилиш учун кетар экан) Мусо акаси Ҳорунга деди: «Қавмим устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар улар ёмон амал қилсалар) тузатгин. Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашмагин». Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен мени (бу дунёда) ҳаргиз кўра олмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (мен кўринганимда) ўрнашган жойидан тура олса, сен ҳам мени кўражаксан». Қачоки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо хушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: «Пок Парвардигор, (ноўрин савол сўрашдан) ўзингга тавба қилдим. Энди мен (сенинг нақадар буюк зот эканингга) иймон келтирувчиларнинг аввали-пешқадамиман» (Аллоҳ) айтди: «Эй, Мусо, ҳақиқатан мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни (яъни пайғамбарликни) олгин ва шукр қилгувчилардан булгин!» Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани – панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлагин ҳамда қавмингни у панд насиҳатларнинг энг гўзалларини олишга буюргин», (дедик). Энди мен сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини (яъни улар охират диёрида топадиган оқибатларни) кўрсатурман. Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри йўлни кўрсалар, уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни ўз оят-мўжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман). Бунга сабаб улар бизнинг оятларимизни ёлғон деганлари ва у оятлардан ғофил бўлиб олганлдаридир. Бизнинг оятларимизни ва охиратдаги мулоқот (қиёмат)ни ёлғон деган кимсаларнинг қилган амаллари бехуда кетар. Улар фақат ўзларининг амаллари (яъни куфру исёнлари) сабабли жазоланурлар. Мусонинг қавми ундан кейин (яъни у Тур тоғига Аллоҳга муножат қилиш учун кетганидан кейин) ўзларининг безак-буюмларидан овоз чиқарадиган бир бузоқ – шаклни (ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) – ахир улар ўша (бузоқ) ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?! – улар ўшани (ибодат қилиш учун) ушлаб, (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар. Қачонки қўлга тушишгач (яъни бизоқ худо эмаслигини билишиб, хафсалалари совугач) ва ўзларининг йўлдан озганликларини билишгач, айтдилар: «Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва (бу гуноҳимизни) мағфират қилмаса, албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз». Қачонки Мусо қавмига (уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва хафа ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолгувчи (халифа) бўлдингизлар. Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?», деб, (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳларини ташлаб юборди ва акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг боласи – биродарим, бу қавм мени ҳўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин». (Мусо) деди: «Парвардигорим, мени ва биродаримни ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни ўз раҳматингга дохил қилгайсан, ўзин раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан!» Шубҳасиз, бузоқни («Худо» қилиб) ушлаб олган кимсаларга Парвардигорлари тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз. Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва иймон келтирган кишилар учун эса албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилгувчи, меҳрибондир. Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳларни (ердан) олди – унда: Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлур, деб битилган эди. Мусо бизнинг белгилаган вақтимиз(га – ҳузуримизга олиб келиш) учун ўз қавмидан (бузоққа сиғинмаган) етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: «Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам илгари (яъни улар бузоққа сиғинаётган пайтларида) ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу (яъни уларнинг бузоққа сиғинишлари) фақатгина ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адшштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку! Ўзинг Ҳожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла. Ўзинг мағфират қигувчиларнинг энг яхшисидирсан. 156-157. Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин. Ўзингга тавба қилдик». (Аллоҳ) айтди: «Азобимни ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзиладиган ҳолда топишадиган – элчимизга (Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларини кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй инсонлар, албатта мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман. У шундай зотки, самовот ва ер унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва унинг элчисига – Аллоҳга ва унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз – шояд ҳидоят топурсиз». Мусонинг қавми орасида шундай жамоат ҳам борки, улар ҳақ (сўз) билан (одамларни) тўғри йўлга бошларлар ва ҳақ (ҳукмлар) билан адолат қилурлар. Уларни (яъни Мусо қавмини) жамоа-жамоа қилиб, ўн икки уруғ, авлодга бўлиб юбордик ва қавми Мусодан сув сўраган пайтида унга: «Асоинг билан тошни ургин!»деб ваҳий юбордик. Бас, (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди – ҳамма одамлар ўз сувларини билдилар. Уларга (саҳрода) булутни соябон қилдик ва устларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: «Сизларни баҳраманд қилган пок нарсаларимиздан енглар», (дедик). Улар (берган неъматларимизга ношукр бўлишлари билан) бизга жабр қилмадилар, балки ўзларига жабр қилгувчи бўлдилар. Уларга: «Мана шу қишлоқни (Байтул-Муқаддасни) маскан тутингиз ва ундан хоҳлаган жойингизда таомланингиз ҳамда «Кечиргин» деб шаҳарга дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз! (Шунда) гуноҳларингизни мағфират қилурмиз, чиройли амал қилгувчиларга эса (марҳаматимизни) зиёда қилурмиз», деган пайтимизни эсланг! Ўшанда улардан золим бўлган кимсалар ўзларига айтилган («Кечиргин») сўзини бутунлай бошқа бир сўзга алмаштирдилар. (Шундан кейин) биз уларга золим бўлганлари сабабли осмондан азоб юбордик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида – шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни ман қилинганига қарамасдан шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг! Ўшанда шанбалик қилган (яъни балиқ овламаган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбалик қилмаган кунларида (яъни шанбадан бошқа кунларда) эса келмас эди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз. Изоҳ:Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишларича, бу воқеа Довуд алайҳиссалом замонларидан бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб, сув юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан фойдаланган иблис яҳудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида саёз ҳовузлар ковлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша ҳовузлардан уттиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Аллоҳ таъолонинг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда фосиқ-итоатсиз кимсаларни Аллоҳ ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам ишора бордир. Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: Бир тоифа юқорида айтилган шанба кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарадиган, учинчи тоифа эса ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундан қайтармайдиганлар эди. Қуйидаги оятда мана шу учинчи ва иккинчи тоифа ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб зикр этилади. Ўшанда улардан бир жамоат: «Не сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (Охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар!» деганларида, улар (яъни иккинчи тоифадаги одамлар) айтдилар: «Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)». Бас, қачон улар (яъни итоатсиз кишилар) ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганлуридан кейин уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик. Ўшанда Парвардигорингиз албатта уларнинг устига Қиёмат кунигача ёмон азоб билан азоблайдиган зотларни юборишини билдирган эди. Шубҳасиз, Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўъминларни эса) мағфират қилувчи, меҳрибондир. Биз уларни (яҳудийларни) бутун ер юзига жамоа-жамоа қилиб бўлиб юбордик. Уларнинг ораларида яхшилари (иймонга келганлари) ҳам, ундай эмаслари (иймонсизлари) ҳам бордир. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонликлар (Балолар) билан синаб кўрдик. Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган бир авлод келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар мағфират қилинурмиз», дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан китобда (Тавротда) Аллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди? Ундаги оятларни ўқиб- ўрганган эдилар-ку! Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?! (уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта биз ўзларини тузатгувчи кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмагаймиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Тур) тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё бир соябондек (кўтариб туриб) улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган ҳолларида: «Биз сищларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва ундаги оятларни ёдда тутингиз. Шояд тақводор бўлсаларингиз?» деган пайтимизни эсланг. Парвардигорингиз одам болаларининг белларидан (яъни пушти камаридан то қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан сен Парвардигоримизсан. Бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг. (Сизлардан бундай гувоҳлик – аҳду паймон олишимиз) қиёмат кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир. Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан?» демасликларингиз учундир. Изоҳ:Халқ орасида машхур бўлган «алмисоқ, алмисоқдан қолган», деган ибораларнинг асл мазмуни юқоридаги икки оятда мазкур бўлди. Қуръон бизга уқтиришича, Аллоҳ таъоло ўз қудрати билан одам алайҳиссаломнинг белидан ундан тарқайдиган барча зурриётларни чиқариб, уларга ўзининг мўъжизаларини кўрсатгач, «Айтинглар-чи, мен сизларнинг роббингиз эмасманми?» деганида, улар «Парвардигоро, ўзинг барчамизнинг роббимизсан. Бизлар бунга гувоҳ бўлдик», деб Аллоҳга аҳду паймон, яъни «мисоқ» берган эканлар. Шунинг учун ислом уламолари «Кимда-ким кофир бўлса, ёки динидан қайтса, ўзининг Аллоҳ таъолога берган мисоқидан қайтган бўлади», дейдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Ҳар бир туғилган бола тоза ҳолда – исломда туғилади, кейин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилиб бузуқ тарибя беришади» деган ҳадисларининг мазмуни юқоридаги оятлар мазмунига ҳамоҳангдир. Шояд улар (куфрларидан) қайтсалар, деб биз оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг – у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. Агар Биз хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун Сиз бу қиссаларни сўйланг. Изоҳ:Ушбу икки оят гарчи Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир яҳудий «олим» ҳақида нозил бўлган эса-да, бу оятларнинг ҳукми билган илмига амал қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган «уламолар»нинг барчасига тааллуқлидир. Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат – илмсизликдир. Аллоҳ таъоло бундай «олим»ларни доим таъмагирлик билан тилини осилтириб, думини ликиллатиб турадиган итга тенглаштиради. Яратган барча мусулмонларга мана шундай «итларнинг» ёмонлигидан паноҳ берсин. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли (топган оқибати) нақадар ёмон бўлди ва улар фақат ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ана ўша ҳидоят топгувчидир. У Зот кимни йўлдан оздирса, ана ўшалар зиён кўргувчидирлар. Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир. Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар. Биз яратган зотлар орасида шундай жамоат ҳам борки, улар ҳақ (сўз) билан (одамларни) Тўғри Йўлга бошларлар ва ҳақ (ҳукмлар) билан адолат қилурлар Оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса Биз ўзлари билмай қоладиган тарафдан секин-аста (ҳалокатга) олиб борурмиз. (Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўюрман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир. Улар ҳамроҳларида (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломда) ҳеч қандай жунун йўқлигини ўйламайдиларми?! У фақат (Аллоҳнинг азобидан) ошкора огоҳлантирувчи зотдир. Ахир улар самовот ва ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга ишонадилар-а?! Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Аллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан соат (яъни Қиёмат) қачон воқеъ бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти- соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли бир ишдир). У сизларга фақат тўсатдан – кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «(Қиёмат соати қачон қоим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар». Айтинг: «Мен ўзимга ҳам бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман. Магар Аллоҳ хоҳлаган ишгина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон ёмонлик – зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос». (Аллоҳ) шундай зотдирки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором- осойиш топсин, деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. (Одам) унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил-пок (ҳомила) билан юклик бўлиб, ўша (юк) билан юрди. Бас, қачонки оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари – Аллоҳга дуо қилдилар: «Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз» Энди (Аллоҳ) уларга солиҳ (фарзанд) ато этганидан кейин, унга (унинг) ўзи ато этган нарсада (яъни болага ном қўйишда) ширк келтира бошладилар. Бас, Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир. Изоҳ:Ривоят қилишларича, Ҳавво фарзанд кўрганида, Иблик келиб уни йўлдан оздириб, боласига Абдулҳарс, яъни ҳарс – ернинг бандаси деб ном қўйди. Аллоҳдан ўзгага бандалик қилиш жоиз бўлмагани учун Қуръон Ҳаввонинг бу қилмишини ширк, деб атайди. Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Аллоҳга) шерик қиладиларми?! Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто ўзига-ўзи ёрдам қила олмайдиган (нарсаларни Аллоҳга шерик қиладиларми?!) (Эй мушриклар), агар сизлар уларни (яъни бутларни) ҳидоятга чақирсангизлар, сизларга эргашмайдилар (яъни улар жонсиздирлар). Сизлар учун уларни чақиришингиз ёки сукут қииб туришингиз баробардир (яъни барибир улар жавоб бера олмайдилар). Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизларнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларни чақиринглар, улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?! Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики, тутсалар, ё кўзлари бормики, кўрсалар, ёҳуд қулоқлари бормики, эшитсалар?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизлар (Аллоҳга) шерик деб билган ўша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла найрангингизни қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманглар, натижаси ҳечдир). Зотан, менинг (ёрдам берувчи ва сақловчи) эгам шу китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур. Ундан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар сизларга ёрдам қилишга қодир эмаслар ва улар ўзларига ҳам ёрдам қила олмаслар. Агар сизлар уларни ҳидоятга чорласангиз, эшитмайдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар ўзлари кўрмаган ҳолларида сизга «боқиб» турганларини кўрурсиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг! Агар сизни шайтон томонидан бўлган васваса йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта у эшитгувчи, билгувчидир. Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар-да, бас (Тўғри йўлни) кўра бошлайдилар. (Шайтонларнинг) дўстлари эса йўлдан оздиришда уларга (шайтонларга) ёрдам берадилар, сўнг (бу иғволарини) тўхтатмайдилар. Уларга бирон оят келтирмаган вақтингизда улар: «Ўзинг тўқий қолмайсанми?»- дейишади. Айтинг: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагина эргашурман. Бу (Қуръон) иймон келтирадиган қавм учун Парвардигорингиз томонидан кўрсатма, ҳидоят ва раҳматдир. Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз – шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни дилдан) эрта-ю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг! Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) унга ибодат қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва унгагина сажда қиладилар». Изоҳ:Қуръонда бир неча сураларда сажда оятлари мавжуд бўлиб, мазкур суранинг сўнгги ояти ўша сажда оятларининг аввалгисидир. Бундай оят ўқилганда, ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади. |